Aннотация. Мақолада ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида Туркистон ҳудудида вужудга келган жадидчилик ҳаракати шароитида кутубхоначилик ишининг шаклланиши ва ривожланиши таҳлил қилинади. Жадид зиёлиларининг кутубхона ва китобхонлик маданиятига берган баҳоси, улар томонидан ташкил этилган жамоат ва мактаб қошидаги кутубхоналар, китоб нашри ҳамда матбуот орқали миллий онгни шакллантириш механизмлари илмий асосда ёритилади. Кутубхона жамият модернизацияси, маърифий ислоҳотлар ва миллий ўзликни англаш жараёнида стратегик ижтимоий институт сифатида талқин этилади. Тадқиқот жараёнида тарихий-компаратив, манбашунослик ва тизимли ёндашув методларидан фойдаланилган.

 

Калит сўзлар: жадидчилик, кутубхоначилик тарихи, жамоат кутубхоналари, маърифий ислоҳотлар, миллий онг, китобхонлик маданияти, Туркистон.

 

Aннотация. В статье анализируется формирование и развитие библиотечного дела в условиях джадидского движения в Туркестане конца XIX – начала XX вв. Рассматриваются отношение джадидских просветителей к библиотеке и культуре чтения, создание ими общественных и школьных библиотек, а также механизмы формирования национального самосознания через книгу и печать. Библиотека трактуется как стратегический социальный институт в процессах модернизации общества, просветительских реформ и осознания национальной идентичности. В исследовании использованы историко-сравнительный, источниковедческий и системный методы.

 

Ключевые слова: джадидизм, история библиотечного дела, общественные библиотеки, просветительские реформы, национальное самосознание, культура чтения, Туркестан.

 

Annotation. The article analyzes the emergence and development of librarianship within the Jadid movement in Turkestan at the turn of the 19th–20th centuries. It examines Jadid intellectuals’ attitudes towards libraries and reading culture, the establishment of public and school libraries, and the mechanisms of shaping national consciousness through books and periodicals. Libraries are interpreted as strategic social institutions in the processes of social modernization, educational reforms and the construction of national identity. The study employs historical-comparative, source-based and systemic approaches.

 

Key words: Jadidism, history of librarianship, public libraries, educational reforms, national consciousness, reading culture, Turkestan.

 

XIX аср охири – ХХ аср бошларида Туркистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида юз берган туб ўзгаришлар жараёнида жадидчилик ҳаракати маърифий ва маданий ҳодиса сифатида шаклланди. Жадидлар “халқни жаҳолатдан халос этиш”, “илм ва маърифатга юз тутиш”, “миллий ўзликни уйғотиш” ғояларини илгари сурар экан, бу мақсадга эришишда мактаб, матбуот ва кутубхонани ислоҳотларнинг таянч воситаси деб билдилар.

Мазкур мақоланинг долзарблиги шундаки, бугунги кунда Ўзбекистон кутубхоначилик тизими модернизацияси, рақамли кутубхоналар, ахборот-ресурс марказлари ривожи масалаларини ҳал этишда жадидлар томонидан яратилган маърифий кутубхоначилик анъаналарини тарихий-илмий нуқтаи назардан қайта кўриб чиқиш зарурати ортиб бормоқда. Миллий онг, тарихий хотира ва маънавий меросни тиклаш жараёнида жадид кутубхоначилигининг тутган ўрнини чуқур ўрганиш бугунги кун амалиёти учун ҳам методологик аҳамиятга эга.

Тадқиқотимиз мақсади – жадидлар даврида кутубхоначилик ишининг шаклланиши ва маърифий ислоҳотлар билан узвий боғлиқлигини ёритиш, кутубхоналарнинг миллий онг шаклланишидаги тарихий омил сифатида тутган ўрнини таҳлил қилишдир. Бунда тадқиқот объекти ўрнида, XIX аср бошларидаги Туркистон кутубхоначилик тизими талқин қилинган.

Жадид зиёлилари фаолиятида кутубхона ва китобхонлик маданиятининг маърифий, ижтимоий ва миллий функциялари эса тадқиқотимиз предметидир.

Мақолада тарихий-тараққиёт, тарихий-компаратив, манбашунослик, тизимли-структуравий ва маданиятшунослик ёндашувлари қўлланилди; жадид матбуоти, архив ҳужжатлари, кутубхона фондларидаги нашрлар ва замонавий илмий тадқиқотлар таҳлил қилинди.

Жадидчилик ҳаракати ва маърифий парадигманинг ўзига хослиги. Жадидчилик ҳаракати мазмунан маърифатпарварлик, исломий ислоҳотчилик ва миллий уйғониш унсурларини ўзида мужассам этган бўлиб, унинг мафкуравий марказида илмга асосланган тараққиёт ғояси туради. Исмоил Ғаспирали, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори Aбдурашидхонов, Aбдулла Aвлоний, Aбдурауф Фитрат ва бошқа жадид зиёлилари: анъанавий мактаб ва мадрасаларда ўқитиш усулларини янгилаш; дунёвий фанларни диний таълим билан уйғунлаштириш; замонавий матбуот ва “усули жадид” мактаблари тармоғини кенгайтириш; китоб ва газета-журналлар орқали халқ тафаккурини уйғотиш каби вазифаларни олдиларига қўйган эдилар.

Жадидларнинг маърифий парадигмаси шуни кўрсатадики, улар учун кутубхона: Билим манбаи сифатида – жамият ва инсон ҳақидаги илмий тасаввурларни шакллантириш воситаси; Маънавий тарбия маскани сифатида – ахлоқий, диний ва фуқаролик қадриятларини тарғиб қилувчи майдон; Ижтимоий мулоқот майдони сифатида – зиёлилар, ўқитувчилар, талабалар ва кенг жамоатчилик учрашув жойи ўлароқ талқин этилган. Шу маънода жадидчилик кутубхонани оддий “китоб сақланадиган жой” эмас, балки маърифий-сиёсий платформа сифатида қабул қилади.

Жадидлар даврида кутубхоначилик тизимининг шаклланиши:

кутубхоналар турлари ва уларнинг ижтимоий вазифалари

Жадидлар фаолияти даврида Туркистонда қуйидаги турдаги кутубхоналар шаклланганини кўрамиз:

1.  Мактаб ва мадрасалар қошидаги кутубхоналар – янги усулдаги мактаблар, хусусий таълим муассасалари ҳузурида ташкил этилган кичик кутубхоналар ўқув-дарслик, дидактик ва тарбиявий-лисоний адабиётлар билан таъминланган бўлган.

2.  Жамоат кутубхоналари – маҳаллий аҳоли, савдогарлар, ҳунармандлар, шунинг-
дек, жадид зиёлилари маблағлари ҳисобидан ташкил этилиб, кенг китобхонлар оммаси учун мўлжалланган.

3.  Шахсий ва оилавий кутубхоналар – жадид зиёлиларининг уй-кутубхоналари (Беҳбудий, Aвлоний, Фитрат ва бошқалар) атрофида ёшлар ва ҳамфикрлар тўпланадиган маънавий муҳитни вужудга келтирган.

4.  Вақф кутубхоналари – масжид ва мадрасалар таркибида вақф маблағлари ҳисобига юритилган, аммо жадидлар таъсири остида уларнинг фонд таркиби ва ўқувчи доираси маълум даражада ўзгариб борган.

Мазкур кутубхоналар тармоқларини умумлаштирган ҳолда айтиш мумкинки, жадидчилик даврида “мактаб – матбаа – кутубхона – матбуот” занжири кўринишидаги яхлит маърифий тизим шакллана бошлаган.

Фонд сиёсати ва китоб танлаш тамойиллари. Жадид кутубхоналарининг фонд сиёсати анъанавий диний-фиқҳий адабиётлар билан бир қаторда: тарих, география, табиатшунослик, математика каби дунёвий фанларга оид асарлар; турк, татар, рус, турк-усмонли тилларидан таржима қилинган қўлланмалар; замонавий педагогика, психология, тилшунослик бўйича рисолалар; бадиий-адабий асарлар (шеърият, наср, драматургия) билан бойитилганини кўрсатади. Бу ҳолат кутубхона фондини кўп тармоқли билим манбаига айлантирган. Жадид зиёлилари фондни шакллантиришда қуйидаги тамойилларга амал қилганлар: илмий фойдалилик ва долзарблик; она тилида (туркий/ўзбекча) адабиётларни кўпайтириш; диний ва дунёвий билимлар ўртасида мувозанатни сақлаш; ёшлар учун оммабоп, тушунарли услубдаги асарларни танлаш.

 

Кутубхоналар миллий онг шаклланишидаги тарихий омил сифатида

Тарихий харита миллий онгнинг шаклланишида муҳим асослардан бири ҳисобланади.

Жадид кутубхоналарида: туркий халқларнинг тарихига оид асарлар; мусулмон Шарқи тарихий манбалари; Марказий Осиё алломалари (Беруний, ибн Сино, Улуғбек ва бошқалар) меросига бағишланган рисолалар сақлангани ёш авлодга ўз тарихий илдизи, илмий анъаналарини англаш имконини берган. Натижада: “илмий меросимиз” ҳақидаги тасаввурлар, миллий ғурур ва ўзликни қадрлаш ҳисси, мустамлака мафкурасига нисбатан танқидий муносабат кучайган. Кутубхона шу тариқа миллий тарихни қайта ўқиш майдонига айланган.

Тил, матбуот ва китобхонлик маданияти. Жадидлар она тилида таълим ва матбуот масаласини миллий уйғонишнинг асосий шарти деб билдилар. Кутубхоналар фондида: туркий/ўзбек тилидаги дарсликлар ва адабий асарлар, жадид газеталар ва журналлари (масалан, “Тараққий”, “Садои Туркистон”, “Ойна” ва бошқалар), рус ва бошқа тиллардан таржима қилинган оммабоп асарлар мавжуд бўлиб, улар китобхонлик маданиятини янги босқичга олиб чиқди.

Туркистон жадидларининг раҳнамоси Маҳмудхўжа Беҳбудий асос солган ва муҳаррирлик қилган биринчи миллий, суратли, ҳафталик “Ойина” журнали маърифат ва маданият тарқатишда жуда катта хизмат қилди. Унда миллат ва унинг ҳақ-ҳуқуқи, тарихи ва тил-адабиёт масалалари, дунё аҳволига доир қизиқарли мақолалар, баҳслар бериб борилган. Айниқса, тил масаласи муҳаррирнинг ҳамиша диққат марказида турди.

Дунёдаги ҳар бир халқнинг тараққиёти мактаб билан бевосита боғлиқ эканлигини яхши англаган тараққийпарварлар ўз матбуотида маориф масаласига алоҳида эътибор билан қараганлар. Масалан, биргина “Садои Фарғона” газетасининг ўзида мавзуга доир 100 га яқин мақола ва хабарлар нашр этилди.

Улар биринчи ўринда ўлкадаги анъанавий  таълим тизимидаги мавжуд камчиликларни эътироф этган ҳолда анъанавий мактабларда ўқиган болаларнинг ўндан тўққиз фоизи саводсиз бўлиб қолаётганлигини қайд этади.Матбуотда мадрасалар ва мактаблар аҳволини тубдан ўзгартириш тадбирлари ҳам таклиф қилина бошланган эди.

Кутубхона ўқув залларида газета-журналлар билан танишиш, баҳс-мунозаралар ўтказиш, мутолаага доир кўрсатмалар бериш каби ишлар олиб борилган. Бу жараён тилни модернизация қилиш, янги илмий-техник терминологияни шакллантириш, саводхонликни ошириш билан бевосита боғлиқ бўлиб, миллий онгнинг бойишига хизмат қилади. Кутубхона фондидаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий мазмундаги асарлар, шунингдек, турли мусулмон ва жаҳон халқларининг тараққиётига доир рисолалар жадид китобхонида: жамиятдаги ижтимоий муносабатлар ҳақида танқидий фикрлаш, хусусан, фуқаролик масъулиятини ҳис қилиш, ижтимоий адолат, тараққиёт, эркинлик каби
тушунчаларни англаш каби сифатларни шакллантирган. Натижада кутубхоналар фу-
қаролик онгини тарбияловчи мактаб сифатида намоён бўлган.

Жадид кутубхоначилиги мероси

ва замонавий кутубхона тизими узвийлиги

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда кутубхоначилик тизимининг модернизацияси, ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс марказлари, электрон ва рақамли кутубхоналар, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, илмий ва олий таълим кутубхоналари фаолиятини такомиллаштириш жараёнида жадид меросига мурожаат қилиш муҳим илмий-назарий асослардан бири бўлиб бормоқда. Жадидлар томонидан шакллантирилган қуйидаги тамойиллар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини сақлаб қолмоқда: кутубхонани миллий маънавият маркази сифатида кўриш; она тилидаги адабиётлар улушини кенгайтириш; ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини тарғиб этиш; китобхон ва кутубхоначи ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш; замонавий ахборот технологияларини маърифий мақсадларга йўналтириш шулар жумласидандир.

Ҳозирги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, вилоят ва тизим кутубхоналари фаолиятида тарихий меросни сақлаш, рақамлаштириш ва оммалаштириш, “очиқ фонд” тизими, интерактив хизматлар, илмий-амалий лойиҳалар айнан жадидчилик даврида бошланган маърифий анъаналарни янги шароитда давом эттиришнинг ифодаси сифатида кўрилиши мумкин.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, жадидчилик ҳаракати шароитида кутубхоначилик тизими маърифий ислоҳотларнинг ажралмас қисми бўлиб шаклланди ва тараққий этди. Кутубхоналар мактаб, матбаа ва матбуот билан биргаликда ягона маърифий инфратузилмани ташкил этди.

1.  Жадид кутубхоналари фонд сиёсати, тил ва мазмун жиҳатидан анъанавий диний адабиётлар билан бир қаторда дунёвий фанлар, тарих, педагогика, бадиий адабиётлар, замонавий матбуот нашрлари билан бойитилгани уларни комплекс билим марказига айлантирди.

2.  Кутубхоналар миллий тарихий хотирани тиклаш, тил ва адабиётни ривожлантириш, фуқаролик ва ватанпарварлик онгини шакллантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилди. Миллий онгнинг асосий компонентлари – тарихий ўзлик, тил, маънавий қадриятлар, фуқаролик масъулияти айнан кутубхона муҳитида фаол равишда шаклланди.

3.  Бугунги Ўзбекистон кутубхоначилик тизими модернизацияси жараёнида жадид кутубхоначилиги меросини чуқур ўрганиш, унинг консептуал тамойилларини замонавий рақамли технологиялар билан уйғунлаштириш, айниқса, Миллий кутубхона фаолиятида илмий-тадқиқот йўналишларини ривожлантириш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

4.  Келгусида жадидлар томонидан ташкил этилган махсус кутубхоналар, уларнинг фонд таркиби, китобхонлар контингенти, ижтимоий-сиёсий таъсири бўйича алоҳида архив ва манбашунослик тадқиқотларини кенгайтириш, ушбу мавзуни Ўзбекистон кутубхоначилик тарихининг махсус бўлими сифатида чуқур ёритиш зарур.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Aвлоний A. Туркий гулистон ёхуд ахлоқ. – Тошкент.

2. Беҳбудий М. Танланган асарлар. – Тошкент.

3. Фитрат A. Миллатни саодатга етказадиган йўл. – Истанбул нашрлари бўйича.

4. Ғаспирали И. Таржимон газетаси материаллари.

5. Aлимова Д. Жадидчилик ҳаракати ва Туркистон жамияти. – Тошкент.

6. Рашидова Е. Ўзбекистонда кутубхоначилик тарихи. – Тошкент.

7. Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фондларидан жадид матбуоти нашрлари каталоги. – Тошкент.

8. Натионал Либрарй оф Узбекистан. Ҳисторй анд Cоллеcтионс оф тҳе Натионал Либрарй. – Ташкент.

9. Дадамирзо қори. Ҳозирги эски ва янги мактабларимиз ҳолидан // Садои Фарғона. – 1914. –  №20.