This article examines the main trends in the development of library and information services in the rapidly developing XXI century. Changes are noted in the ways of creating, distributing, organizing and using information technologies and the use of digital repositories is expanding, which significantly reduces paper consumption. Means are created by which the reader's request is quickly satisfied in this, the automation of the reader's service plays a significant role. And also the article provides methodological advice for attracting the reader to the library. It is indicated that the use of the repository requires special knowledge, skills and skill. It is necessary to thoroughly develop processes for processing and preserving electronic resources, today both traditional and modern methods of serving in the library are used.

В данной статье рассмотрены основные тенденции развития информационно-библиотечных услуг в интенсивно развивающемся ХХI веке. Отмечается изменение способов создания, распространения, организации и использования информационных технологий, расширяется применение цифровых репозитариев, что значительно сокращает расход бумаги. Создаются средства, с помощью которых быстро удовлетворяется запрос читателя, в этом значительную роль играет автоматизация обслуживания. Также в статье даются методические советы для привлечения читателя в библиотеку. Подчеркивается, что использование репозитария требует специального знания, умение и навыков. Необходимо основательно разработать процессы обработки и сохранения электронных ресурсов. Сегодня одинаково пользуются и традиционными, и современными методами обслуживания в библиотеке.

Маънавий ўзгаришлар, электрон тўпламлар, ташқи ижрочилар, таъминотчилар, 
рақамли репозиторий, рақамли ресурслар, инновациялар, анъанавий хизматлар.

Маълумки, бир неча ўн йиллик давомида ахборот-кутубхона хизматларини амалга оширишда ташқи субъектларни жалб қилиш тенденцияси кузатилмоқда, яъни одатда кутубхоналарда асосий ҳисобланган кўп вазифалар ташқи ижрочилар томонидан амалга оширилмоқда. Жумладан, кўпчилик ривожланган мамлакатларда кутубхоналар китобларни таъминотчидан штрихли код, ёрлиқ ва киритиб қўйилган хавфсизлик тасмалари билан тайёр ҳолда сотиб олмоқда. Электрон тўпламлар кам ҳолларда бевосита кутубхоналар томонидан бошқарилмоқда.

Ташқи ижрочилар, таъминотчилар, одатда, кутубхона амалга ошириши зарур бўлган ўзлаштириш, сақлаш ва фойдаланувчиларга етказиш билан боғлиқ бўлган вазифаларни ҳам бажаришга ўтмоқда.

Хуллас, кутубхона ишининг кўп томонлари танлаш, қўлга киритиш, каталог тузиш, кутубхоналараро абонемент, сақлаш ва тизимлар тобора кенгроқ равишда кутубхонадан ташқарида таъминланмоқда.

Арзон технология ва тармоқли ҳисоблаш жараёнлари ахборот яратилиши, тарқатилиши, ташкил қилиниши ва фойдаланилиши йўлларини тубдан ўзгартириб юбормоқда. Кутубхоналар учун ушбу ҳодисалардан энг муҳими ахборотнинг марказлашган доирадан чиқиши ва унинг барқарор бўлмаган шаклларда сақланишидир. Кутубхоналарнинг вазифалари ахборот ресурсларини сақлаб бориш ва ундан марказлашган тартибда фойдаланиш имкониятини яратиш бўлганлиги туфайли технология ривожланиши жисмоний ахборотни сақлашдан кўра кўп ҳолларда бошқалар сақлаб бораётган электрон ахборотдан фойдаланиш имкониятини таъминлашдан иборат бўлиб боради.

Айниқса, рақамли репозиторий келажакда жуда қизиқарли ва муҳим роль ўйнайди. Локал жиҳатидан алоҳида кутубхонага тегишли бўлсада, репозиторийнинг ҳақиқий қиммати унинг юқори қимматга эга ресурслардан иборат тармоқнинг қисми бўлганлигидан келиб чиқади. Натижада, эгалик ва фойдаланувчиларга хизмат қилаётган салмоқли рақамли тўпламни яратсада, келажак авлод кутубхонаси бошқалар фойдаланаётган рақамли репозиторий, шунингдек бошқа ахборот манбалар билан ўзаро фойдаланишнинг юқори даражасига эришиши керак бўлади.

Рақамли репозиторий рақамли ресурслар йиғиндиси бўлиб, материаллар аналог, масалан, қоғоз шаклидан ўгирилган ёки рақамли шаклда яратилган бўлиши мумкин. Ресурслар туридан қатъий назар, рақамли репозиторийнинг асосий вазифаларидан бири электрон ресурсларни сақлаш бўлиб, бундан ташқари, рақамли материалларнинг каталогини яратиш, индекслаш ва қидириб топиш тизимини тақдим этишдир.

Рақамли ресурсларни аниқлаш, қўлга киритиш, уларга ишлов бериш ва сақлаш анъанавий кутубхона материаллари билан ишлашдан фарқ қилади. Рақамли нашр усуллари такомиллашиб боргани сари кўпроқ хизматларни рақамли муҳитга ўтказиш амалда қулайлашиб бормоқда. Ресурсларга жисмоний ишлов беришнинг аҳамияти пасайиб, сақланаётган ресурсларнинг жойини аниқлаш ва уни мавжуд воситаларга ўтказиб олиш орқали фойдаланиш имкониятлари ошиб бормоқда. Яъни рақамли репозиторийнинг самарадорлиги шундан иборатки, кутубхонада фақат жисмоний ресурслар билан кўрсатилган хизматларга қараганда, янада бойроқ фонддан кенгроқ миқёсда фойдаланиш имкониятини яратади.

Репозиторийлар кутубхоналарга ноёб ресурсларни фойдаланувчиларга тақдим этиш имкониятини кенгайтиришдан ташқари, уларни қайтариб бериш зарурати йўқ, қулай ва жавонлардаги қимматли жойларни эгалламайди. Шунинг учун рақамли репозиторийлар ахборот-кутубхона хизматида тобора ортиб бораётган аҳамиятга эга бўлади. Бунда, шубҳасиз, тан олинадиган ҳолат шундан иборатки, кутубхоналарнинг келажакда ривожланишининг асоси илм-фан ва инновациялардир.

Кутубхоналар муайян ҳудудда ягона бўлган ахборотдан фойдаланиши мумкин бўлганлиги туфайли ахборотни бошқалар билан баҳам кўриш имконини берувчи усуллар билан таниш бўлиши зарур. Ахборотни бошқа муассасалар билан баҳам кўришни ўрганиш жараёнида кутубхоналар хоҳлаган масофадаги манбадан олинган ахборотни жамлашда имконияти кенгайиб, ошиб боради. Компьютерлар орқали узоқдан туриб кутубхонадан фойдаланувчилар сони ошиб боргани сари маълумот базаларидан, электрон китоблардан, рақамли репозиторийлардан ва веб-сайтлардан фойдаланиш ҳам ўсиб бораверади. Ахборот-кутубхона хизматидан фойдаланувчилар эҳтиёжини тўлароқ қондириш учун ресурслардан қайси бирида керакли ахборот сақланишини билмасдан туриб ҳам қидириш имконини берадиган воситаларни яратиш зарур бўлади. Бу бир томондан кутубхоналар аввал имкони бўлгандан юқорироқ даража ва сифатда хизмат кўрсатишга олиб борадиган ўзгаришларни англатади.

Кутубхоналарнинг анъанавий ҳисобланган хизматларининг давр талабларига жавоб берадиган йўналишларини сақлаш ва такомиллаштириш билан бирга янги анъаналар  инновацияларни қўллашни давом эттириш аҳамиятини ҳам тушуниб етиш муҳим. Чунки  ҳеч қандай тизим абадий эмас, энг яхши усул, восита яратилиб бўлинди деб ўйлаш мутлақо хато. Келажак авлод ҳозирги усуллар, воситалар ва билимларни янада такомиллаштириб боради.

Бугунги кунда кутубхоналар фойдаланувчиларга бошқа муассасалардан тезроқ ва самаралироқ хизмат турларини кўрсатишга асосий эътибор қаратиш лозим. Хизматларнинг баъзи турларини автоматлаштириб бўлсада, лекин асосий қисмини замон талабига мослаштиришнинг иложи йўқ. Кутубхоналар кенг миқёсда ҳамкорлик ва ахборот ресурсларининг инсон томонидан баҳоланишини талаб қиладиган хизматларни бошқа таъминотчи муассасаларга нисбатан яхшироқ бажаради.

Бундан ташқари, кутубхоналар бошқа кутубхоналарда мавжуд бўлган манбаларни ва ресурсларни қаердан топиш мумкинлигини тез аниқлаш амалиётини ҳам ишлаб чиққан. Бу борада, мавжуд бўлмаган ҳолатларда фойдаланувчига зарур бўлган манбаларни кутубхоналараро абонемент тизими (КАТ) орқали тезда етказиб бериш имконияти яратилган.

Рақамли ахборотнинг аҳамияти ортиб борсада, ўтмишга оид улкан ахборот фақат қоғоз шаклида бўлиб, уни фақат кутубхоналардан топиш мумкин. Кутубхона каталогларининг камчилиги бўлсада, миллионлаб ягона нарсаларни ташкилий ҳолатга келтиришда самарали эканлиги исботини топган.

Кўп йиллар давомида йиғилган ва муайян тизимда тартиблаштирилган материаллар ва ресурслардан фойдаланишни максималлаштириш учун ҳамкорликда бажарилган чора-тадбирларга қўшимча равишда кутубхоналар муайян хизматларни кўпгина муассасаларга нисбатан яхшироқ таъминлаш имкониятларига эга. Фойдаланувчилар баъзан нима кераклигини билмаган ҳолатларда кутубхоначининг маслаҳати, қидирув воситси ёки таъминотчи маълумот базасидан анча кўпроқ фойда келтиради.

Кутубхоначи фойдаланувчига ёрдам берадиган маълумот ёки ахборот қайси бир таъминотчида бўлиши мумкинлигини билади ва ушбу маълумот ёки ахборотни қўлга киритишга ёрдам беради. Юқорида ҳақида билдирилган фикрларни умумлаштирган ҳолда, айтиш мумкинки, кутубхоналар келажакда ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган хизматларни бажаради.

Рақамли репозиторийлар тармоғи ҳам кенгайиб боргандагина қадри ошиб боради. Шунинг учун ҳам ушбу шароитда кутубхоналарнинг асосий вазифаси ахборотларни тўплаш, ундан фойдаланиш имкониятини яратиш, кутубхоналараро абономент хизматининг электрон маконини кенгайтиришдан иборатдир.

Хизматларни бирлаштириш, метамаълумот ва ахборотни баҳам кўриш технологияларини қўллаш ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш кутубхоналарга, фойдаланувчиларга яхшироқ, тезкорроқ хизмат кўрсатиш имконини бериш учун бошқа муассасалар иши ва ресурсларидан фойдаланишга йўл очади. Ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишнинг янги турлари бўйича ихтисослашув, эҳтиёжларнинг қондирилишида ҳамкорлар ва таъминотчилар билан алоқалар тизимини кенгайтириб бориш орқали келажакдаги аҳамиятини сақлаб қолиш билан бир пайтда кўплаб ахборот манбаларидан маълумот олиш имкониятида бугунги кунда кўпгина хизматлар йўналишини йўлга қўйиш мумкин.

Маълумки, фойдаланувчиларга барча турдаги ахборотлар керак, алоҳида олинган ҳар бир кутубхона эса улар истаган ресурсларнинг фақат бир қисмигагина тегишли бўлган ҳуқуқларга эга. Фойдаланувчилар қизиқтирган манбаларни минглаб репозиторийлардан қидириб топади деб ўйлаш ҳақиқатга тўғри келмайди. Кўпчилик фойдаланувчи  истаган нарсасини интернетдаги кам сонли қидирув тизимларидан бирини қўллаб топиши каби, кутубхона материалларини ҳам бир қидирув орқали топишни исташи эҳтимоли юқори. Яхши рақамли репозиторийлар фойдаланувчиларга керакли манбани бир пайтда кўплаб ахборот манбаларида қидириш имкониятини бериши керак.

Вақт ўтиб бориши билан бошқа кутубхоналар ва муассасалар алоҳида кутубхоналар эга бўлган ва фойдаланган ресурсларнинг ортиб бораётган қисмидан фойдаланади. Шундай қилиб, кутубхона фондини бошқариш манбаларга эгалик қилишга эмас, балки фойдаланиш имкониятига асосланган бўлади.

Ягона ва фойдали ахборот сақланаётган, яхши бошқарилаётган рақамли репозиторий кейинги авлод кутубхоналарининг ҳал қилувчи таркибий қисми бўлади. Интернет компьютер ҳисоблашни марказлаштиришдан чиқаргани каби, рақамли репозиторий кутубхона хизматларини марказлаштиришидан чиқаради.

Кўп ҳолатларда кутубхона, кутубхоналараро абонемент-воситачи вазифасини бажаради. Аммо асосий вазифаси турли-туман манбалардан метамаълумотни бирлаштириб, фойдаланувчига ёрдам берадиган тарзда қидириш, топиш ва фойдаланиш имкониятини яратишдан иборат.

Алоҳида кутубхоналарга қандай метамаълумот йиғиб олиниши ва қандай тақдим этилишини танлаш имконини бериб, фойдаланувчилар турли виртуал фондларни браузинг (интернет дастурига асосланган ҳолда уланиш) қилиб амалга ошириши мумкин. Барча ахборот таъминотчилари учун ҳамма метамаълумотни бир жойда сақлашнинг техникавий имкониятлари бўлсада, ташкилий муаммолар ва ноқулайликлар афзалликлардан ошиб кетадиган даражада салмоқлидир. Метамаълумотдан стандартларга мувофиқ баҳраманд бўлиш орқали кутубхоналар барча манбалардан фойдаланиши мумкин бўлиши учун маҳаллий эҳтиёжларга ва имкониятларга мос бўлган операцион муҳит ва дастурий таъминотдан фойдаланиш имониятини яратади.

Кейинги авлод моделида ахборот таъминотчилари сони жуда кўпайган ва хизмат кўрсатиш жойи фойдаланувчи тармоққа кириш имкониятига эга жойда таъминланиши мумкин. Бунинг маъноси шундан иборатки, фойдаланувчилар кутубхонага кирмайди ва кутубхоначилар фойдаланувчиларни кўрмайди. Интернет ҳеч қачон шахсан учрашмаган кишилар билан яқиндан алоқада бўлиш имкониятини яратиб берганидек, кутубхоначилар ҳам бутун жаҳонда сочилган ресурсларни бир жойда тўплашга ҳаракат қилиш ва кутубхонага ташриф буюрмасада, фойдаланувчиларга юқори даражада шахсийлаштирилган хизмат кўрсатишга ҳаракат қилади.

Рақамли репозиторийларнинг энг муҳим томони зарур ахборотлар электрон шаклда сақланганлигида эмас, балки ранг-баранг эҳтиёжларни қондиришга хизмат қиладиган, бой фондга эга бўлган кенг тармоқда муайян аҳамиятга эга бўлган ролни бажаришидадир.

Фойдаланувчиларга билимлар соҳасида маълумот ва ахборот излашни кўплаб репозиторийларда амалга ошириш учун махсус луғатлар талаб қилинади. Кутубхоналар учун кўплаб репозиторийлардан фойдаланишни бошқаришда зарур бўлган луғатларни аниқлаш амалга ошириш мумкин бўлган ишдир.

Ахборот-кутубхона фаолиятида ўз ўрнини сақлаб қолишдан ташқари ахборот билан таъминлаш тизимида янада юксакроқ мавқега эга бўлиш учун кутубхоналар рақамли репозиторий ва фойдаланувчиларнинг эҳтиёжларини қондириш мақсадида тарқалган ресурслардан фойдаланиш имконини берадиган бошқа хизматларни ривожлантириши зарур.

Бу йўналишда ўзгаришларни амалга ошириш учун кутубхоначилар бошқалар қарамоғидаги ресурслардан фойдаланиш имкониятларини таъминлашга кўпроқ ва ресурслар устидан жисмоний назоратни сақлаб қолишга камроқ эътибор бериши талаб қилинади. Кутубхоналар каталоглар тузиш ва кутубхоналараро абонемент мақсадлари учун йиғилган улкан ҳажмдаги маълумот ва ахборотни аниқлаш, излаган манбаларни топиш учун барчага зарур бўлган инфратузилмаларнинг ҳал қилувчи қисми бўлишда давом этади.

Бугунги кунда кутубхоналар яхшироқ хизматни арзонроқ таъминлаш учун каталог тузишни қандай баҳам кўраётган бўлсалар, худди шу тарзда улар рақамли репозиторийларда сақланаётган ресурслардан ҳам кенгроқ миқёсда фойдаланишлари керак бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, биринчидан, рақамли репозиторий электрон ресурсларга ишлов бериш ва фойдаланиш мақсадида улар сақлаб туриладиган виртуал макондир. Рақамли репозиторийдан фойдаланиш махсус билим ва кўникмаларни талаб қилади.

Иккинчидан, рақамли репозиторийлардаги ресурслар компьютерларни ишлатиб қўлга киритилади, уларга ишлов берилади, фойдаланишга олинади. Шунинг учун ҳам электрон ресурсларни аниқлаш, қўлга киритиш, уларга ишлов бериш ва сақлаб қўйиш жараёнлари пухта ишлаб чиқилиши лозим.

Учинчидан, бугунги кунда кутубхоначилар аста-секин тармоқли муҳитда фойдаланувчилар эҳтиёжларини қондириш муассасаларидан ресурсларга тўғридан-тўғри эгалик қилиш билан эмас, балки улардан фойдаланиш имкониятини бериш йўли билан ахборотга бўлган талабни бажариш принципига эътибор беришни талаб қилишини тушуниб етмоқда. Шундай бўлсада, аксарият кутубхона амалиёти ҳозиргача кутубхоналар фойдаланувчиларга керак бўлган барча материалларни жисмоний назорат қилиши керак деган моделга асосланади.

Тўртинчидан, кутубхона каталоги, асосан, алоҳида қидирув олиб бориладиган ахборот омбори бўлиб хизмат қилган. Бироқ кейинги йилларда керакли манбаларни топиш учун тобора кўпроқ кутубхоналар ва фойдаланувчилар йирик бирлашмалар даражасидаги каталоглар, Wоrld Cаt ёки метақидирув воситаларидан фойдалана бошлади. Ушбу амалиёт ресурсларни тўплаш ва ахборотларни бирлашган тарзда қидирув томон мойиллик борлигини аниқ кўрсатмоқда.

Бешинчидан, бугунги кунда кутубхона-ахборот хизмати кўрсатишда анъанавийлик ва замонавийлик ўртасида рақобат кетмоқда. Бунда шу нарсани назарда тутиш зарурки, ҳозиргача барча манбалар, ҳужжатлар, маълумотларнинг 90 фоизи қоғоз вариантларда мавжуд. Ҳар ҳолда улардан шахс ва жамият ривожланиши учун ижобий хусусиятга эга бўлган томонларига эътибор берган ҳолда фойдаланиш муҳимдир.

Фойдаланилган адабиётлар

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисидаги қарори.  2019 йил, 7 июнь.

2. Юлдашев И. Ж., Носиров Ў. Кутубхона-ахборот хизмати: назарияси ва амалиёти. –  Тошкент, 2020.

3. Голубева Н. Д. Информационно-методическая деятельность библиотек.-Краснодар. КГИК, 2017 г.