This article highlights the knowledge, skills, and qualifications that every modern librarian should acquire. The results of research on the requirements for librarians in foreign countries and analysis of surveys conducted among librarian specialists of information-library centers in the Republic of Karakalpakstan, regions, and districts (cities) are also presented. The survey included  both general and specific questions related to librarianship, gathered their recommendations on the development of library sphere and offered solutions to problems as well.

В данной статье рассмотрены такие понятия как:  знания, навыки и умения, которыми  на сегодняшний день должен обладать специалист информационно-библиотечной отрасли.  Это требования современности. А также показаны результаты исследований, которые проводились  с библиотекарями за рубежом и анализ опросов, проведенных среди специалистов информационно-библиотечных центров Республики Каракалпакстан, областей, районов (городов). Опрос включал помимо общих вопросов,  вопросы по сфере библиотечного дела. В  ходе  анализа  опроса выявлены рекомендации специалистов  по развитию сферы, а также предлагали пути решения проблем.

Калит сўзлар: замонавий кутубхоначи, компьютер саводхонлиги, илмий-таълимий базалар, автоматлаштирилган ахборот-кутубхона тизимлари, ахборот-кутубхона марказлари

Ҳаётимизга замонавий технологияларнинг кириб келиши, барча соҳаларга ижобий ўзгаришлар олиб келаётгани бугун ҳеч биримизга янгилик эмас. Тизимларнинг автоматлашган тарзда ишлаши натижасида меҳнат кучи тежалиши, иш сифати ва миқдори ошишига эришилди. Аммо ушбу технологиялар инсонлар томонидан ўйлаб топилган эканлиги ва инсон омилисиз бу қурилмалар ўз-ўзидан ишлаб қолмасликларини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз. Шуни эътиборга олиш керакки, ҳали ўз-ўзини бошқара оладиган, ишни лойиҳалаштириб, мустақил амалиётларни амалга оширувчи техникалар яратиб улгурилганича йўқ. Технологиялар ривожланиб бориши, ушбу қурилмаларни самарали ишлаши ва юқори кўрсаткичларда фойдаланишни таъминлаб бера оладиган мутахассисларни тайёрлашни ҳам талаб этади.

Ахборот-коммуникация технологиялари  кутубхоначилик соҳасини ҳам четлаб ўтмай, кутубхона ўз истеъмолчиларига анъанавий фаолият билан биргаликда замонавий интерактив хизматларни ҳам тақдим этишига туртки берди.

Натижада, бу XXI асрга мос билим, малака ва кўникмаларга эга кутубхона мутахассисларига бўлган эҳтиёжни ошишига сабаб бўлди. Дастлаб, фақат анъанавий ресурс ва хизматлардан иборат кутубхоналар, бугун турли муҳокама ва фикр алмашиш имкониятини берувчи жўшқин масканларга айланиб, ўзида бугунги кун китобхони эҳтиёжига мос хизматларни жамлаб бормоқда. Ҳар қандай ташкилотнинг муваффақият ёки муваффақиятсизлиги кўп жиҳатдан унда фаолият олиб борувчи ходимлар салоҳиятига боғлиқ. Бу эса кутубхоначилик истиқболида замонавий кутубхоначининг ўрни қай даражада юқори эканлигини яққол кўрсатиб беради. Замонавий кутубхоначи аслида қандай бўлиши керак ва унинг вазифалари дастлабки кутубхоначилик фаолиятдан қандай фарқ қилади?

Замонавий кутубхона мутахассиси фойдаланувчилар эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, кутубхона фондидаги минглаб объектларни бошқариб, фойдаланувчилар маълумотларини таҳлил қилади ҳамда корхоналар, етказиб берувчилар, маҳаллий ташкилотлар ва ўз тармоғидаги бошқа кутубхоналар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўяди [1].

Дуглас округи кутубхоналари директори Ларуэ кутубхонанинг энг кучли бойлиги унинг профессионал ходимлари эканлигига қатъий ишонади. Унинг сўзларига кўра, кутубхоначилар ҳаётни ўзгартириш ва жамият қуриш қудратига эга, аммо бунинг учун улар ўз иш столларини ташлаб, биноларини тарк этишлари ва жамиятга қандай кучли воситага эга эканликларини кўрсата билишлари керак [2].

Нигериялик ахборот-коммуникация технологиялари бўйича мухбир Ихемуэмҳе соҳага ўзининг катта ҳиссасини қўшишни истаган ҳар бир кутубхоначи, ахборот-коммуникация технологиялари инфраструктураси ва ривожланиб келаётган технологияларни тушуниш ва улардан самарали фойдалана олиш малакасига эга бўлиши керак деб ҳисоблайди [3].

Кутубхона соҳаси вакили Танаваде эса бугунги кун кутубхоначисини гўёки ўз махсулоти ва хизматларини  мижозларига сотувчи маҳоратли маркетологга қиёслайди [4].

Замонавий кутубхоначи портретини яратиш ва бугунги кун кутубхоначиси қандай малака ва кўникмаларга эга бўлиши керак эканлигини аниқлаш мақсадида тадқиқот ўтказилди. Тадқиқотда АҚШ, Буюк Британия, Канада ва Австралия давлатларининг ҳар биридан 50 та, жами 200 та кутубхоначиликга оид иш эълонлари танлаб олинди.(1-жадвал)

1-жадвал

2-жадвал

Тадқиқот натижалари қуйидагиларни кўрсатди:

- маълумки, кутубхоначилик соҳасида олинган таълим  ва соҳадаги иш тажрибаси, барча кутубхоначилар учун энг керакли талаб бўлиб, ушбу тадқиқотда ҳам бу ўз исботини топди ва энг юқори кўрсаткични (82 %) эгаллади.

- 60 % дан ортиқ рекламаларда эса, замонавий кутубхоначи учун мулоқот кўникмаси муҳим талаб эканлиги кўрсатилди.

- ташкилотчилик қобилияти – кутубхона ва унинг бўлимларини бошқариш ва лойиҳаларни ташкил этишда, ҳар бир бугунги кун кутубхоначиси учун энг керакли жиҳатлардан бири сифатида урғу бериб ўтилди.

- шунингдек, ўз устида ишлаш, бошқарув қобилияти, танқидий фикрлаш, муаммоларга тез ечим топа олиш ва шахсий сифатлар ҳам, керакли қобилиятлар дея таъкидлаб ўтилди.

- дастурлаш тилларини билиш, тармоқ билан ишлаш, веб-саҳифаларни яратиш ва маълумотлар базасидан самарали фойдалана олиш ва шу каби ахборот-коммуникация технологияларини билиш, айнан анъанавий кутубхоначини замонавий кутубхоначига айлантира оладиган қобилият эканлиги исталган тадқиқот натижаларида ўз исботини топади.

Шунингдек, Коми Республикаси Болалар Миллий кутубхонасининг 104 нафар мутахассислари ўртасида сўровнома ташкил этилди. Сўровномада қатнашувчилардан бугунги кун ва келажак кутубхона мутахассисларига керак бўлган сифатларни жамлаган замонавий кутубхоначига таъриф берилиши сўралди.                                                                                   

Юқорида келтирилган тақдиқот натижалари ва мутахассисларнинг таърифларига асосан, ХХI аср кутубхоначиси учун энг муҳим жиҳат – амалиётдаги янги қобилиятларга мослаша олиш ва керакли вақтда янги малакаларни эгаллашда, ўзида мотивация топа олиш деб кўрсатишимиз мумкин  [5].

Бундай малакаларга эга бўлиш, албатта, соҳада таълим жараёнига кўп миқдорда боғлиқдир. Шунинг учун ривожланган давлатларда кутубхоначилик соҳасида фаолият юритувчи ходимларнинг таълим олишига алоҳида эътибор қаратилади.

Хусусан, АҚШда  кутубхоначилар ўз иш фаолиятини одатда Америка кутубхоналар ассосиацияси томонидан аккредитация қилинган магистрлик даражасидан бошлайди. Таьлим жараёнида кутубхоначилар, ахборот технологиялари каби умумий мавзулар, шунингдек, кутубхона бошқаруви, фондни ривожлантириш, фойдаланувчилар билан мулоқот қилиш ҳамда уларни жалб қилиш каби соҳага оид мавзуларни ўз ичига олган яхлит билим базасини эгаллайдилар [1].

Ривожланган давлатларнинг кўп қисмида кутубхоначилардан бажарадиган мажбуриятига кўра бакалавр ва магистратура даражалари талаб этилади.  Шунингдек, кутубхона ассосиациялари томонидан сертификатлар тақдим этувчи кутубхонашунослик ўқув курслари ташкил этилади.

Мисол учун, 2012 йил Америка кутубхоналар ассосиацияси томонидан АҚШ ва Канадада 63 та ўқув курслари  тақдим этилган бўлса, 2014 йил Буюк Британияда 16 та институт томонидан аккредитацияланган ўқув дастурлар таклиф этилди. Шимолий Америкада кутубхоначилар асосан магистрлик даражасини эгаллайдилар ва бу уларга оммавий, академик, мактаб кутубхоналарининг медиа марказлари ва махсус кутубхоналарда ишлаш имконини беради.

Данияда кутубхоначи бўлиш учун биринчи қадам 3 йиллик бакалавр даражаси бўлса, Германияда эса институт ва университет кутубхоналарида ишлаш учун дастлабки қадам, Phd илмий даражаси ҳисобланади.

Сўнгги йилларда юртимизда ҳам кутубхоначилик соҳаси ва уни ривожлантиришга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан алоҳида эътибор қаратила бошланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 июндаги «Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги  ПҚ-4354-сон қарори соҳага замонавий атмосферани олиб келишига туртки берди [7].

Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган кутубхоначи ходимлар ҳақида янада тўлиқ маълумотга эга бўлиш ва  «Замонавий кутубхоначи портретини яратиш» мақсадида Миллий кутубхонанинг  «Ҳудудий ахборот кутубхона марказларини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш хизмати» томонидан 2021 йил декабр ойида сўровнома ўтказилди. Сўровномада 200та вилоят, туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказларининг 1405 нафар мутахассислари иштирок этди.(1-диаграмма)

1-диаграмма

Сўровномада қатнашганларнинг 14% и олий маълумотли айнан кутубхона соҳасида таълим олган кутубхоначилар бўлса, 63% вилоят, туман (шаҳар) ахборот-кутубхона мутахассислари  ўрта махсус кутубхоначиларни ташкил этади.  Натижалардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, фаол ишлаб келаётган ва иш тажрибасига эга ўрта махсус кутубхоначилари учун олий ўқув юртларида қўшимча квоталар, шунингдек, ишдан ажралмаган ҳолда махсус сиртқи ва кечки таълим жараёнини ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Айнан соҳага тегишли ахборот-кутубхона тизимлари ичида энг юқори кўрсаткич UzNel  тизими сифатида кўрсатилган, аммо сўровномада берилган тизимларнинг ҳеч биридан фойдаланмайдиган кутубхоначилар ҳам борлигини кўриш мумкин. Бунга ахборот- коммуникация технологиялари бўйича билим даражасининг паст эканлиги ёки кутубхоначиларнинг катта қисми олий маълумотга эга бўлмаган ходимлардан иборат эканлиги сабаб бўлиши мумкин.

Компьютер саводхонлик бўйича ўз билимларини баҳоловчиларнинг энг катта қисми ўрта даражада (79%) билишини таъкидлаган бўлиб, афсуски кам кўрсаткичларда (1,5%) бўлса ҳам мутлақо компьютер саводхонлигига эга бўлмаган ходимлар ҳам кутубхоналарда фаолият олиб бораётганини кўришимиз мумкин. Қолган мутахассислар (19,5%)  ўз саводхонлигини аъло даражада деб баҳолашган.

Соҳадан ташқари бўлган дастурларни билиш бўйича белгиланган жавоблар, Microsoft Office дастурларини билиш даражаси энг юқори (95%) эканлигини кўрсатди. Бундан ташқари, кам миқдорда бўлса ҳам замонавий дастурлар (Fotoshop дастурлари, Corel Draw, 3D MAX)да ишлай олувчи ходимлар ҳам кутубхоначилар орасида бор эканлигини,  ижобий натижа сифатида кўрсатишимиз мумкин.

Аҳолининг илмий салоҳиятини оширишда ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганиш ва  илмий-таълимий базалардан фойдаланиш самарали натижаларни беради.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан вилоят Ахборот-кутубхона марказларига EBSCO, Proquest ва Web of Science каби илмий жиҳатдан даражаси юқори бўлган хорижий базалардан фойдаланиш ҳуқуқлари тақдим этиб келинмоқда.(3-жадвал)

Хорижий илмий-таълимий базаларидан фойдаланиш кўрсаткичини ошириш, кутубхона мутахассислари томонидан олиб борилаётган тарғибот ишларига узвий боғлиқ бўлиб, аввало кутубхоначилардан бу базаларга доир назарий ва амалий билимларни яхши эгаллашни талаб этади. (2-диаграмма)

Жамоавий Обуна ташкил этилган EBSCO (16%), Web of Science (4%) va Proquest (6%) базаларида қолган базаларга нисбатан фойдаланиш фоизи юқори, аммо  69% мутахассисларнинг бундай базалардан мутлақо фойдаланмаётган эканлиги бу соҳада амалга оширилаётган ишлар кўламини янада кенгайтириб боришни тақазо қилмоқда. Вилоят, туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказлари кутубхоначилари учун базалардан фойдаланиш бўйича йўриқномалар, видео дарслар ва ўқув курсларини ташкил этиш мақсадга мувофиқ.

Илмий  мақолалар  чоп этилишининг сони кам эканлиги, шунингдек, 83,5 фоиз ходимлар мутлақо соҳада мақола ёзмаганлигининг сабаби, юқорида келтирилган базалардан фойдаланиш кўрсаткичи пастлиги натижасида ҳам бўлиши мумкин.

Сўровнома вилоят, туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказларида фаолият олиб борувчи ходимларни танқидий баҳолаш мақсадида эмас, балки уларда мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларга назарий ва амалий кўмак кўрсатиш ҳамда айнан қайси йўналишларни ривожлантиришга урғу бериш кераклигини аниқлаш мақсадида ўтказилди. Албатта, баъзи кўрсаткичларнинг паст эканлиги кутубхоначиларнинг билим даражаси ҳақида салбий фикрлашга сабаб бўлмайди. Моддий техник базанинг етарли эмаслиги, кўп кутубхона бинолари бошқа муассасалар биноси балансидан фойдаланиб келаётгани ва мослашмаган эканлиги ҳамда зарур шароитларнинг яратилмаган эканлиги юқоридаги натижаларни келиб чиқишига олиб келаётган бўлиши мумкин.

Юқоридаги сўровнома ва тадқиқот натижаларига асосланиб, бугунги кун талабига мос кутубхоначи ходимларни тайёрлаш учун қуйидаги ишларни амалга ошириш мумкин.

1. Ахборот-кутубхона марказлари ходимлари малакасини оширишда ўқув курс, семинар-тренингларни офлайн ҳамда онлайн тарзда ташкил этиш. 

Биринчидан, иш тажрибасига эга бўлмаган ходимларни кутубхона фаолияти билан таништириш учун хизматлараро таништирув курсларини йилда икки маротаба йўлга қўйиш.

Иккинчидан, соҳада бўлаётган янгиликлар ва замонавий билимлар билан таништириш, шунингдек, соҳа фаолиятида керак бўлувчи замонавий дастурларни ўргатувчи курсларга ўқитиш.

Шунингдек, чет эл тажрибларидан ва илмий-таълимий базалардан фойдаланишда, тил билиш кўрсаткичи ниҳоятда муҳим омил эканлигини инобатга олган ҳолда, чет тилларини ўрганишлари учун уларга кўмаклашиш, ходимларнинг билим даражасини сезиларли даражада ошишига хизмат қилади. Офлайн курслар билан бир қаторда онлайн кўринишдаги курсларни ташкил этилиши, бир вақтнинг ўзида кўплаб соҳа ходимларини бир ерда жамлаш имкониятини яратиб, айниқса чекка ҳудудларда жойлашган кутубхоналарда ишлаётган ходимларнинг, курсларда қатнашиш кўрсаткичини оширишда катта ёрдам беради.

Бундан ташқари, ишга олиш жараёнида хизмат вазифасидан келиб чиқиб қўйилган талабларга,  ишга олинаётган ходимларнинг қанчалик муносиб эканлиги ҳам синовдан ўтказилишига алоҳида эътибор қаратилиши лозим. 

2. Фидокор ходимларни муносиб рағбатлантириш орқали уларга мотивация бериш. Соҳада ютуққа эришиб келаётганларни муносиб тақдирлаш нафақат уларнинг иш сифатини оширишларига, балки қолган ходимларнинг ҳам ўз устида ишлашлари учун туртки беради. Жонкуяр, узоқ йиллик тажрибага эга бўлган ҳамда ёш бўлишига қарамай соҳага ўзининг янгича дунёқараши ва замонавий билимлари билан ҳисса қўшиб келаётган ёш кадрларни оммавий-ахборот воситалари, газета ва журналларда намуна сифатида кўрсатилиши, хорижий хизмат сафарлари, халқаро конференцияларда иштирок этишлари учун моддий ва маънаваний кўмаклар берилиши соҳа ходимларининг ўз ишларидан мамнунлик даражасини ошишига сабаб бўлади.

3. Ҳамкор ташкилотлар ва ҳокимликлар томонидан бериладиган ёрдамлар кўламини ошириш. Масалан, чет эл мамлакатларида кутубхоналар фандрайзинг (fund- фонд, raising - ошириш, тўплаш, йиғиш) дан ҳамкорларни жалб этишда фойдаланишади. Бу орқали кутубхонага инвесторлар жалб қилиниб, давлат ажратган маблағлардан ташқари қўшимча моддий кўмаклар олиниши орқали кутубхона фаолияти ривожлантирилади. Ўзбекистонда ҳам ушбу амалиётни қўллаш, яъни кутубхонани бошқа ташкилотлар билан хуcусий шерикчиликда ишлашини йўлга қўйиш кутубхона соҳасида фаолият олиб бораётган ходимлар учун кутубхоналарда зарур шарт-шароитлар яратишга моддий кўмак беради.

Юқорида келтирилган таклифларнинг амалдаги натижаси юртимизда фаолият олиб бораётган кутубхона ходимларининг келажакда энг малакали, бугунги кунга мос замонавий кутубхоначиларга айланишлари учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Фойдаланилган адабиётлар

1. Aмерика кутубхона ва кутубхоначилари ҳақида маълумот берувчи сайт: https://medium.com/everylibrary

2. LaRue, H in Galston, C, Huber, E.K, Johnson, K & Long, A (2012). Community reference: making libraries indispensable in a new way.

3. Ikhemuemhe, G (2005) in Iwhiwhu et al.

4. Tanawade, M. S. (2011). Effective Interpersonal Skills for Library management. Indian Streams Research Journal. Vol 1, (1)February

5. Gerolimos, M. and Konsta, R. (2008), «Librarians’ skills and qualifications in a modern informational environment», Library Management, Vol. 29 No. 8/9, pp. 691-699.

6. Библиотекарь новой формации: по результатам библиотечного исследования / сост. М.Н. Залесская – Сыктывкар: Национальная детская библиотека Республики Коми им. С.Я. Маршака, 2018.- 9 с.

7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7-июндаги «Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги ПҚ-4354-сон қарори

8. Moghaddam, A.R.I (2009). Managing digital libraries in the light of staff and users: an approach. International Journal of Information Science and Management. Vol, 7, no. 1 January/June.

9. Bawden, David & Vilar, Polona & Zabukovec, Vlasta. (2005). Education and training for digital librarians: A Slovenia/UK comparison. Aslib Proceedings. 57. 85-98. 10.1108/00012530510579084.

10. Ramzan, M. (2004). Does level of knowledge impact librarians’ attitude towards Information Technology (IT) applications? 2nd International CALIBER- 2004, New Delhi, 11-13 February.

11. Кузнецова, Т. Я. «Вызовы нового времени и кадровая ситуация в библиотечном деле: возможные пути решения кадровых проблем отрасли». Доклады на XII Ежегодной сессии Конференции РБА Брянск, 14-19 мая 2007 г.

12. Сукиасян, Э.Р. Библиотечная профессия и кадровый менеджмент: избранные статьи /Э. Р. Сукиасян.-Санкт-Петербург, 2011.- 425 с.

13. Кузнецова, Т. Я. «Вызовы нового времени и кадровая ситуация в библиотечном деле: возможные пути решения кадровых проблем отрасли». Доклады на ХИИ Ежегодной сессии Конференции РБА Брянск, 14-19 мая 2007 г.