This article provides an overview of sociological research on young people enrolled in higher education institutions, and emphasizes the importance of information literacy in the formation of information-sharing culture among young people in Uzbekistan.

В данной статье приведен обзор социологических исследований среди молодых людей, учащихся в высших учебных заведениях, и подчеркивается важность информационной грамотности в формировании культуры обмена информацией среди молодежи в Узбекистане.

Бугунги кунда ўсиб келаётган ёш авлоднинг ахборот маданиятини шакллантириш кечиктириб бўлмайдиган масалалардан бири ҳисобланади. Жамиятни ахборотлаштириш жараёнининг ўзи, кўпинча, соф технологик жараён сифатида баҳоланишига қарамай, мазмун-моҳиятига кўра чуқур ижтимоий жараён ҳам ҳисобланади. Чунки ахборотлаштириш жамиятнинг бир шаклдан бошқа, ижтимоий тараққиётнинг янада юқорироқ даражасига эга бўлган шаклига ўтишни англатади ҳамда жамиятнинг истиқболдаги хусусиятларини белгилаб беради.

Ҳар қандай жараённинг яхши ва ёмон томонлари бўлганидек, жамиятни ахборотлаштиришнинг ҳам ижобий ҳамда салбий жиҳатлари мавжуд. Хусусан, ахборотлаштириш ва истиқболли ахборот технологиялари ишлаб чиқариш самарадорлигини ҳамда меҳнат тежамкорлигини оширишни, илмий билимлар ва илғор технологиялар жамиятда жадал тарқалишини, жамият интеллектуаллашуви умумий даражасини оширишни таъминлаши каби ижобий томонлар билан бир қаторда ахборот макони учун кураш ва инсонга ахборот-психологик таъсир кўрсатишнинг авж олиши каби алоҳида хавфни ҳам юзага келтиради.

Ҳозирги кунда шахс ахборот психологик хавфсизликни таъминланганлик даражасини социологик ўрганиш, янги концепциялар билан бойитиш бугунги ижтимоий тараққиёт босқичи учун ўта муҳим вазифа ҳисобланади. Демак, ҳозирда ҳар бир ахборот чегара билмаслик хусусиятига эга экан, онги ва дунёқараши шаклланаётган ёш авлоднинг маънавий олами дахлсизлигини асраш кўпчиликни ўйлантириши даркор. Интернетни чеклаб қўйиш ёки ахборот олишни таъқиқлаш билан муаммо ҳал бўлмайди.

Маълумки, ҳозирги замон ёшларининг ҳаётий тушунча ва тасаввурларини, асосан, интернет шакллантирмоқда. Бу эса таълим-тарбия муассасаларининг иш фаолиятини қийинлаштириб қўймоқда. Ахборотнинг катта оқими шароитида инсон ўзини эркин ҳис эта олиши учун ахборот маданиятига эга бўлиши керак. Бу ўринда ахборот маданияти дейилганда таълим, илмий билиш ва фаолиятнинг бошқа турлари давомида юзага келадиган ахборотга бўлган эҳтиёжларни қондиришга қа-ратилган билимлар, ўқув ва кўникмаларнинг тизимлаштирилган йиғиндиси тушунилади. Шунинг учун ҳам мазкур муаммо фақатгина маълум бир давлат чегараларидан чиқиб, глобал характерга эга бўлди.

Ахборотни танлаш ва ундан унумли, тўғри фойдаланиш эса инсоннинг онг даражаси билан боғлиқ. Онг даражаси билим даражасига, билим даражаси эса, ўз навбатида, борлиқдаги воқеа-ҳодисалар мазмун-моҳияти билан мутаносиб бўлиши даркор. Шунинг учун, биринчи навбатда, ахборот олаётган киши уни мутлақлаштирмасдан, ўз шуури даражасида таҳлил қилиб, сўнг қабул қилиши лозим.

Замонавий жамиятнинг фарқли белгиларидан бири – бу ўсиб келаётган ёш авлодни теварак атрофда бўлаётган ўзгаришларга доимий мослаштириб бориш ҳисобланади. Цивилизациянинг ривожланишида унинг асл моҳиятини олдин қандай бўлганлиги билан таққослаймиз. Унинг ўзига хослик белгилари узлуксизлик, шиддатлилик, глобал характерлиликдир. Ахборотлаштириш асрида ахборот хуружининг авж олиши, айниқса, ёшларда ахборот олиш маданияти, ўқиш маданиятини шакллантиришни тақозо этади. 

Мутахассисларнинг таъкидлашича,1 бугун ахборот шиддат билан янгиланиб, ҳажми ошиб бормоқда. Натижада, билимнинг ўсиш суръати илгарилаб кетмоқда. Америкалик муҳандис, математик ва биринчилардан бўлиб ахборот назариясини яратган олим Клод Шеннон ахборотни «ойдинлаштирилган мавҳумлик»2, – дея таърифлаган. Бунинг маъноси шундан иборатки, ахборотни қабул қилиб инсон янги билимлар билан танишади, илгари мавҳум бўлган нарсаларни англайди, саволларига жавоб топади. Бу тугамас ва доимий жараёндир.

Бугун компьютерлар, компьютер тармоқлари, улкан ҳажмдаги ахборот ресурсларидан оқилона фойдаланишда жамият ва инсон учун ахборот маданияти феноменининг глобал аҳамиятини англаш талаб этилади. Ахборот маданияти феноменининг пайдо бўлишининг асосий факторлари бу ахборотлаштириш асрига ўтишнинг универсал ижтимоий муҳим категориялари, яъни ахборот ҳажмининг ўсиши, жамиятни ахборотлаштириш, техника ва технологиянинг ривожланиши, ахборот жамиятининг шаклланиши кабилар. Ахборот олиш маданиятига эга бўлиш – бу ҳар бир инсон ўзлигини англашида ўз ўрни ва вазифасини билишида катта аҳамиятга эга бўлган фазилатларини кенг кўламда очиб беришдаги жараёндир.

Ахборотлашган жамиятда кишиларнинг, хусусан, ёшларнинг ахборот маданиятига, демакки, ахборот алмашинуви маданиятига эришувида ахборот саводхонлиги босқичи борлигини ҳам назардан қочирмаслик зарур. Ахборот саводхонлиги «Ахборотга бўлган эҳтиёжни ҳис қилиш, уни топиш, унга баҳо бериш ва ундан самарали тарзда фойдаланиш» учун керак бўладиган малакалар тўплами сифатида таърифланади.3

«Ахборот саводхонлиги» тушунчасини биринчи марта П.Зурковский ХХ асрнинг 70-йилларида иш ва кундалик ҳаётдаги муаммоларни ҳал қилишда ахборот ресурсларидан тўғри фойдалана олган инсонга нисбатан ишлатган. «Ахборот ресурсларини ўз ҳаёт фаолиятида тўғри татбиқ қила олган одамларни ахборий-саводхон деб аташ мумкин» дейди. Кейинги ўн йилликлар давомида ахборот саводхонлиги АҚШнинг кундалик ҳаётида, мактабда, иш жойларида энг фаол тушунчага айланди. Ушбу тушунча эволюциясига расмий асос АҚШ Президенти маъмуриятининг ахборот саводхонлиги тўғрисидаги ҳисоботи бўлди. Унга кўра «ахборий-саводхон инсон деб ахборотга талабни ҳис қилган, ахборотни қидириш, баҳолаш ва тўғри қўллай олишни билган шахсни аташ мумкин. Ҳозирги кунда оптимал қарор қила оладиган ва демократик жамиятда тўлиқ қатнаша оладиган ҳар қандай замонавий шахс ахборий-саводхон инсон бўлиши керак»5 дейилган.

Ахборот саводхонлиги бўйича хориж мамлакатларига назар солинса, АҚШ кутубхоналар уюшмасида ахборот саводхонлиги масаласига 1989 йилдан буён жиддий этибор қаратиб келинади. Бу йўлда АҚШ президенти ҳузурида махсус ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, «Ахборот саводхонлиги» атамаси айнан мана шу ишчи гуруҳ фаолияти натижасида пайдо бўлган. Бундан ташқари, гуруҳ ахборот саводхонлиги бўйича миллий форумнинг яратилишига сабаб бўлиб, у ўз ичига йигирма бештадан зиёд турли ташкилот ва муассасаларни бирлаштирган.

Охирги бир неча йиллар мобайнида умумий ахборот саводхонлигини ривожлантириш лозимлиги жамиятимизда ёшлар билан ишлашнинг асосий тамойилларидан бири бўлиб келмоқда. Фикр юритиш ва ахборотни баҳолаш янги мазмундаги ахборот саводхонлигининг марказидан ўрин олган.

Ахборот саводхонлиги бўйича хорижий мамлакатларда стандартлар ишлаб чиқилган. Ушбу стандартларни 1998 йили Америка мактаб кутубхоналари уюшмаси ва Таълимий коммуникация воситалари ва технологиялари уюшмаси жорий этилган. Булар жумласига «Талабаларнинг таълим олишдаги ахборот саводхонлиги стандартлари»ни киритиш мумкин. Унда 12 йиллик таълим тизимида таҳсил олаётган ўқувчилар учун ўрнатилган ахборот саводхонлиги стандартлари белгилаб берилган. Мазкур стандартлар ўрнига «Ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш: мактаб кутубхоналари дастурлари учун йўриқномалар» деб номланган ҳужжат амалга киритилган бўлиб, унда кутубхонанинг технологиялар, амалий ўрганиш ва билим олиш даргоҳи сифатидаги аҳамиятига алоҳида урғу берилган.6

Америка Қўшма Штатларида қабул қилинган «ХХI аср талабаси учун стандартлар» деб номланган йўриқномада эса, талабалар малака, манба ва билим олиш воситаларини қуйидаги мақсадларга йўналтириши лозимлиги белгилган. Булар: маълумот излаш, танқидий ўйлаш, билим олиш, хулосалар ясаш, тегишли маълумотга асосланган ҳолда қарор қабул қилиш, билимни янги вазиятларга йўналтириш, янги билимларни яратиш, билим алмашиш ва шахсий камолот ҳамда эстетик жиҳатдан ўсишга интилишдир. Мазкур стандартлар олий таълим соҳасидаги ахборот саводхонлиги масалаларига бағишланган баҳс-мунозаларда ҳал қилувчи аҳамият касб этган.

Мазкур стандартлар ахборот саводхонлигига эга бўлган инсонни қуйидагича таърифлайди:

• керак бўлган ахборот кўламини белгилай оладиган;

• ахборот ва унинг манбаларини танқидий баҳолай оладиган ва сараланган ахборотни ўз билим базаси билан уйғунлаштира оладиган;

• ахборотдан фойдаланиш жараёни билан боғлиқ бўлган иқтисодий, ҳуқуқий ва ижтимоий масалаларни тушунадиган, шунингдек ахборотдан қонуний тарзда ҳамда ахлоқ меъёрлари доирасида фойдалана биладиган;

• маҳсулот ва жараёнга баҳо бера оладиган кишидир.

Шундай қилиб, «ахборот саводхонлиги» атамаси ишлатилганда кўплаб америкалик тадқиқотчилар ҳар қандай зиёли киши ахборотлашган жамиятда муваффақиятли фаолият юритиш учун фақат бир ёки бир неча кўникмалар эмас, балки катта билимлар комбинацияси ва мукаммал қобилиятларга эга бўлишни назарда тутишади.

Ахборот саводхонлигини мураккаб тушунча сифатида таърифлаган ҳолда, рус мутахассислари унинг таркибига ахборотларни қидириш (топиш), таҳлил қилиш, анъанавий муҳит(кутубхона, китоб)да ва янги, электрон муҳитда керакли маълумотларни олиш имкониятини киритганлар. Кўпгина рус мутахассислари ахборот саводхонлиги тушунчасини кенгроқ, яъни шахснинг ахборот маданиятининг бир қисми сифатида тавсифлашади. Шахснинг ахборот маданияти, ахборот саводхонлигидан ташқари, ўзига ахборот дунёқарашини, ахборот билимлари ва кўникмаларини эгаллаш зарурлигига ишончни, ахборотлашган жамиятда яшовчи шахс томонидан қандай мақсадларга эришиш лозимлигини англаш; маълумотлардан тўғри фойдаланиш учун масъулиятни ҳис этиш кабиларни ҳам қамраб олади.7

Юқоридаги фикрларга яқин нуқтаи назар ўзбекистонлик олимлар ишларида ҳам мавжуд. Хусусан, социолог А.Умаров эътирофича, «Олдинги анъанавий жамиятларда, шунингдек индустриал жамиятда ҳам мутолаа маданияти ахборот маданиятига нисбатан устун мавқеда эди. Лекин постиндустриал жамиятнинг ҳосиласи бўлган ахборотлашган жамиятга ўтилиши билан ахборот жамият ва инсон ҳаётининг ҳамма соҳаларида асосий ресурсга айлангач, ахборот маданиятининг кўлами ва мавқеи ортгани аниқ бўлиб қолди. Энди ахборот маданияти тизим ясовчи категория мақомига кўтарилди, мутолаа маданияти эса шу тизимнинг ажралмас қисми сифатида жамият ва инсон ҳаётида ўрин тута бошлади».

Бугунги кунда ахборот маданиятини шакллантириш энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади, чунки, ахборот оқимининг жадал ўсиб бориши, тақдим этилаётган ахборотлар орасидан керакли, зарурий ва фойдалиларини ажратиб олиш мураккаб жараёндир. Бунинг учун ҳар бир шахс мустақил фикрга эга, дунёқараши кенг, ахборотлар уммонидан ўзи учун кераклигини ажратиб олиш салоҳиятига эга бўлиши лозим. Ахборот маданиятини шакллантиришнинг бир нечта босқичлари мавжуд бўлиб, улар орасида юқорида кўриб ўтганимиз «ахборот саводхонлиги»дан кейин энг муҳими бу кишиларнинг китобхонлик маданиятини юксалтиришдир.

Бугунги кунга келиб китобхонлик маданияти, мутолаа маданияти тушунчалари ахборот маданиятининг ажралмас қисми сифатида эътироф этилаётганини таъкидлаш керак. Давр талабини инобатга олган ҳолда, ахборот маданиятининг бир бўлаги бўлган китобхонлик маданиятини ҳам замонавий кўринишда тарғиб этиш мақсадга мувофиқдир.

Юқорида таъкидлангандек, ахборотлашган жамиятда кишиларнинг, хусусан, ёшларнинг ахборот маданиятига, яъни ахборот алмашинуви маданиятини шакллантириш муҳим масалалар сирасига киради. Шундан келиб чиқиб, «Ахборотлашган жамиятда ёшлар ўртасидаги ахборот алмашинуви маданиятининг шаклланиши» (олий ўқув юрти талабалари мисолида) номли ўтказилган социологик тадқиқотимизга тўхталиб ўтсак. Тадқиқотимизда жамиятимизнинг барча фан соҳалари бўйича 1215 нафар 18–33 ёш оралиғидаги талаба-ёшлар жалб қилиниб, улар тадқиқот жараёнида фаол иштирок этдилар. Ушбу сўровномани айримларига тўхталиб ўтсак:

Сўровда иштирок этган талаба-ёшлар, сўровномамизнинг биринчи саволига қуйидагича жавоб беришган. – «Ҳурматли респондент, айтингчи, сизнингча ахборот тушунчаси нимани англатади?» (1-инфографика)

Сўровнома қатнашчилари ахборотни англаши даражаси деярли позитив кўринишда эканлигинига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Шу ўринда бу омил кишиларнинг ахборотни тўла англаб олиб кейин қабул қилишига таъсир этади. Ахборот кишининг психоэмоционал ҳолатига жиддий таъсир этиши ҳеч кимга сир эмас, шунинг учун ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишда ўзига хос меъёрий қоидалар жамият модернизациялашуви баробарида доимо такомиллашиб бормоғи лозим. Шунингдек, ахборотдан гуруҳий тарзда фойдаланиш маданиятини янада янги шакллари пайдо бўлмоқда, бундай шароитда гуруҳдаги ички муҳит ва ундаги таъсир кучлар фаолияти таъсири бошқа гуруҳ аъзоларига ахборотни сингдирилиш воситаси сифатида ҳам қўлланиши мумкин. Юқоридаги жавоблардан хулоса қиладиган бўлсак, респондентларнинг ярми ўзаро ахборот алмашинув муҳитида яшаётганлигини тўла ҳис этишларини ва бу жараён, кўпинча, уларнинг психоэмоционал хусусиятлари билан боғлиқ эканлигини кўришимиз мумкин.

– Айтингчи, Сиз ахборот-ресурс марказига (кутубхонага) аъзомисиз? деган саволга респондентларнинг 83% респондент – «ҳа, албатта», деб жавоб қайтарган бўлса, 17% респондент – «йўқ», деб жавоб қайтарган. Ушбу саволга тўлиқ қониқмаганлигимиз сабабли эксперт сўров ўтказилди. Чунки олий таълим муассасаларига 1 курсга қабул қилинган талабалар мажбурий ОТМ ахборот-ресурс марказларига аъзо қилиш орқали уларни рўйхатдан ўтказадилар. Бу хол эса 83% ёшлар ахборот-ресурс марказидан фойдаланади дегани эмас. Эксперт сўровида шу нарса маълум бўлдики, талаба-ёшларнинг 60% ахборот-ресурс марказидан фойдаланар эканлар.

Тадқиқотимиздан ўрин олган яна бир саволига «Агар кутубхонага аъзо бўлсангиз, нима мақсадда фойдаланасиз?» сўрови ўтказилди. (2-инфографика)

Респондентларимизнинг 35% респондент – ишончли ахборотларни олиш мақсадида ва 31% респондент – у ерда мен излаган маълумотларни ҳар доим топа олганлигим туфайли дея катта фоизларда ўзларини фикрларини билдирган. Жавобларидан кўриниб турибдики, олий таълим муассасаларимизнинг ахборот-ресурс марказларининг фонди яхши таъминланганлигидан далолат беради, бундан ташқари, талаба-ёшларнинг ишончли ахборотларни айнан ахборот-кутубхона муассасаларидан топиб ишлатишлари жуда аҳамиятли масаладир.

– Айтингчи, ахборот алмашинуви тезлашган бир пайтда, ахборотлар Сизнинг турмуш тарзингиз ва дунёқарашингизга таъсир кўрсатадими? сўрови ўтказилди. (3-инфографика)

– Айтингчи, Сиз қайси жаҳон ахборот ресурсларидан фойдаланасиз? 17% респондент – EBSCO, 61% респондент – eLibrary, 7% респондент – JSTOR, 7% респондент – ProQues, 4% респондент Emerald, 4% респондент – Springer, деб жавоб қайтарган.

Сўнгги йилларда жаҳон ахборот-ресурслари атамасидан кўп фойдаланилмоқда. Ушбу базалар жаҳоннинг етакчи компаниялари ва нашриётларининг илмий таълимий электрон ресурслари бўлиб, улар фан таълим, маданият тармоғида лицензияли ахборот ресурсларидан фойдаланилмоқда. Улар бизнес соҳаларини ривожлантиришда катта ҳисса қўшмоқда. Ушбу ахборот-ресурслари талабаёшларга илмий тадқиқот жараёнларини амалга оширишни қўллаб қувватлашда янги имкониятларни очиб беради.

Ҳозирги кунда замонавий таълимнинг ривожланиши ахборот технологияларини такомиллашиши билан эмас, балки илмий таълимий ахборотнинг янги манбалариниг мавжудлиги билан белгиланмоқда. Ёшларимизни билим олишларида, уларни илмий таълимий ресурлардан оқилона фойданалишларини ахборот алмашинувининг ижобий томонлари сарасига қўшишимиз мумкин.

Хулоса ўрнида биз томондан ўтказилган тадқиқот натижаси шуни кўрсатадики, жамият модернизациялашуви жараёнида мамлакат ёшлари ўртасидаги ахборот алмашинуви маданияти барқарор ривожланиш тенденциясини номоён этади. Ёшларимизда ахборот алмашиниш маданияти ҳамда ахборотдан унумли ва тизимли тарзда фойдаланиш ҳолатини босқичма-босқич социологик тадқиқ қилиш, муаммони ечишни самарали йўллари, воситаларини ишлаб чиқиш, таклиф ва тавсиялар бериш ҳаётий зарурат эканлигидан далолат беради.