Abstract. In this article, the Central Asian Scientific Society, the Turkestan Agricultural Society, the Scientific and Medical Society of Turkestan Local History, the Russian Geographical Society, the libraries established in schools, gymnasiums, colleges and teachers’ seminaries, and the formation of their book collections, which were established in Turkestan at the end of the 19th century and the beginning of the 20th century, are discussed in this article. , the state of preservation of eastern manuscript books, funding, activities of famous bibliographers who worked were analyzed. Also, information is provided about the attitudes of the local population of Turkestan to books and reading books.
Key words: scientific society, manuscript, book, library, reader, bibliography, library catalog, book fund, universal ten classification, biobibliography, publishing work, periodical press.
Аннотация. В данной статье Среднеазиатское научное общество, Туркестанское земледельческое общество, Научно-медицинское общество Туркестанского краеведения, Русское географическое общество, библиотеки, созданные при школах, гимназиях, училищах и учительских семинариях, и формирование их книжного В статье рассматриваются коллекции, которые были созданы в Туркестане в конце 19-начале 20 века, анализируются состояние сохранности восточных рукописных книг, финансирование, деятельность известных библиографов, работавших. Также приводятся сведения об отношении местного населения Туркестана к книгам и чтению книг.
Ключевые слова: научное общество, рукопись, книга, библиотека, читатель, библиография, библиотечный каталог, книжный фонд, универсальная десятичная классификация, биобиблиография, издательская деятельность, периодическая печать.
Аннотация. Мазкур мақолада XIX аср охири–XX аср бошларида Туркистон ўлкасида ташкил қилинган Ўрта Осиё илмий жамияти, Туркистон қишлоқ хўжалиги жамияти, Туркистон ўлкашунослигининг илмий ва тиббиёт жамияти, Россия география жамияти, мактаблар, гимназиялар, коллежлар ва ўқитувчилар семинарияларида ташкил қилинган кутубхоналари, уларнинг китоб фондларини шаклланиши, шарқ қўлёзма китобларининг сақланиш холати, маблағ билан таъминланиши, фаолият олиб борган машхур библиографлар фаолияти таҳлил қилинган. Шунингдек, Туркистон ўлкаси маҳаллий аҳоли вакилларининг китобга, китоб мутолаасига бўлган муносабатлари тўғрисида маълумотлар берилади.
Калит сўзлар: илмий жамият, қўлёзма, китоб, кутубхона, китобхон, библиография, кутубхона каталоги, китоб фонди, универсал ўнлик классификацияси, биобиблиография, ноширлик иши, даврий матбуот.
Ўрта Осиё хонликлари Россия империяси ҳарбийлари томонидан босиб олингандан сўнг Туркистон генерал-губернаторлигига асос солинган. Ўлка тарихини ўрганишнинг энг долзарб вазифаларидан бири бу қатор илмий жамиятларни ташкил этиш масаласи бўлган. Туркистон ўлкасида XIX аср охири–XX аср бошларида илмий жамият кутубхоналари алоҳида ўрин тутган.
Туркистон илмий жамиятлари қисқа фурсат ичида ўлкани ўрганишда марказий ўринни эгаллай бошлади. Жамият кутубхоналари асосан аъзолардан олинган илмий мазмундаги китоблардан ташкил топган бўлиб, бу китоблар орқали одамлар маҳаллий аҳоли маданияти, урф-одатлари ва анъаналари, шунингдек, маданий ютуқ намуналаридан баҳраманд этишга ҳисса қўшди. Ушбу жамият фаолиятида таниқли шарқшунос олимлар П.П.Семенов-Тяншанский, А.И.Краснов, геологлар И.В.Мушкетов, Г.Д.Романовский, зоолог ва зоогеограф Н.А.Северцев, ботаник А.П.Родченко, энтомолог В.Ф.Ошанин, шарқшунос В.В.Бартольд, В.А.Жуковский, Н.И.Веселовский ва бошқалар қатнашди[1, Б. 30].
Ушбу жамиятлардан биринчиси Ўрта Осиё илмий жамияти вилоятларда жамоат музейларини ташкил қилиш, русча-ўзбекча ва ўзбекча-русча луғатларни, шунингдек, ўзбек ва тожик тилларида дарсликларни нашр этишда фаол қатнашган. Жамият йиғилишларида кутубхона масаласи бир неча бор муҳокама қилинди. Йиғилиш якунларида Тошкент оммавий кутубхонаси жамғармаларига китобларни жамлаш, илмий жамиятлар билан интеграция қилиш каби масалалар кўриб чиқилган.
1891 йил ўрталарида Россия техник жамиятининг Туркистон филиали ташкил этилди[2, Б. 760]. Унинг ташаббуси билан Туркистонда биринчи техник кутубхона ташкил этилишига эришилди. Кутубхона асосан обуна ва хайрия маблағлари ҳисобидан барпо этилган бўлиб, кутубхонада 1896 йил 1 январга қадар 235 нусхадан иборат китоблар ва техник нашрлар мавжуд бўлган бўлса, 1897 йил 31 декабрда кутубхонада 400 нусхадан ортиқ илмий ва техник билимларни тарғиб қилувчи китоблар мавжуд эди. Ҳатто бу китобларнинг маълум бир қисмини Тошкент оммавий кутубхонасига совға қилинган[3, Б. 14].
1894 йилда Туркистон қишлоқ хўжалиги жамияти сифатида қайта ташкил этилган Россия боғдорчилик жамиятининг Туркистон бўлими ҳам ўз кутубхонасига эга эди. Ушбу жамият маҳаллий қишлоқ ҳўжалиги ишлаб чиқаришини ривожлантириш ва такомиллаштиришга катта ҳисса қўшди. У замонавий агротехника билимлари ва дехқончилик усулларини тарғиб қилиб, пахтачилик, боғдорчилик, асаларичилик ва бошқа соҳалар бўйича энг янги адабиётларни тарқатди. Мазкур жамият кутубхонаси Тошкент тажриба плантацияси биносида жойлашган. Кутубхона ҳар йили янги нашрлар билан тўлдирилиб борган, бу эса жамият аъзолари билан бир қаторда бошқа шахсларнинг ҳам фойдаланишига имкон яратди.
Туркистон ўлкашунослигининг илмий ва тиббиёт жамияти кўп йиллик самарали меҳнатлари билан Ўрта Осиё халқлари ҳаётида сезиларли из қолдирди. Улар орасида энг эътиборлиси Фарғона тиббиёт жамияти ва кейинчалик Туркистон тиббиёт жамияти деб номланган Туркиситон шифокорлари жамияти, шунингдек, Туркистон ўлкасининг шифокорлари ва табиатшунослари жамияти ва бошқалар бўлиб, уларнинг барчаси жамоат ишларида фаол иштирок этишди. Соғлиқни сақлаш, маҳаллий аҳолига бепул тиббий ёрдам кўрсатиш, маҳаллий халқ орасида тиббий билимларни оммалаштириш каби ишларда фаол қатнашди ва ҳатто ушбу жамият аъзолари томонидан махсус тиббий кутубхоналар ташкил этилган[3, Б. 21].
Туркистондаги биринчи илмий тиббиёт жамиятлардан бири Фарғона тиббиёт жамияти (1892–1910)[5, Б. 182] ҳисобланиб, ташкил топ-ган илк кунлариданоқ ўзининг илмий кутубхонасига эга эди. Кутубхонада 1904 йил бошида 1155 нусха китоб, рисола, шунингдек бир неча йиллар давомида 40 дан ортиқ рус ва хорижий тиббиёт журналлари ва газеталари тўпланган. Жамият кутубхонасининг ўқув хонаси шифокорларнинг илмий билимларининг мустаҳкамланишда, малакаларини оширилишда муҳим рол ўйнади ва ўлкада соғлиқни сақлаш таълимини яхшилашга ҳисса қўшди. Дастлаб кутубхона ва ўқув хонаси Ҳарбий йиғин биносида, 1897 йилдан Марғилон ҳарбий госпиталида жойлашган.
1899 йилда Тошкентда Туркистон шифокорлари жамияти ташкил қилиниб, у ҳам кўп-лаб тиббий ва табиий, тарихий китобларга эга кутубхонасини ташкил қилди. Турли жамиятлар ва институтлардан келтирилган китоблар, рисолаларнинг, кўпайиши натижасида, кутубхона қисқа вақт ичида ўлкадаги энг йирик тиббий кутубхонага айланди.
Жамиятлар кутубхоналари ичида энг катта ишни 1895 йилда ташкил этилган Россия география жамиятининг Туркистон бўлими[6, Б. 315-119] амалга оширган. Жамият кутубхонаси фондлари таркибида фойдали адабиётлар тўпланган бўлиб, бу адабиётлар Туркистонни географик ўрганишга, Орол денгизи тўғрисида маълумотлар олишга, тошлар ва табиатдаги мавжуд баъзи ҳолатларни ўрганишга асос солган. Кутубхонанинг бир қисми Оренбургдаги Россия география жамиятининг бўлимидан кўчирилган китоблар билан кенгайтирилган эди. Бу ерда Туркистон ҳақидаги адабиётлар тўпланган бўлиб, баъзи китоблар кутубхона аъзоларининг хайр-эҳсонлари ва шахсий кутубхоналарнинг совға қилишлари натижасида кўпайиб борган. Кутубхонага фойдаланувчилар томонидан 1897 йилда 90 нусха қимматли нашрлар, 1903 йилда яна 193 та, 1905 йилда 246 та, 1906 йилда 534 та китоб совға қилинган. Унинг фонди 20 йил ичида, яни 1915 йилда 6 минг нусхани ташкил қилган. Кутубхона ҳаётида П.П.Семенов-Тянь-Шанский, Д.Н.Анучин, В.В.Бартольд, Л.С.Берг, В.А.Обручев, Б.А.Федченко ва бошқалар жуда катта из қолдиришди. 1901 йилда Н.А.Бендерский китобларни алифбо ва системали каталогини ишлаб чиқди. Унинг ўқув хонаси 1916 йилда март ойида очилади[7, Б. 79].
Кутубхона иши тарихида 1901 йилда Тошкентда очилган Пушкин жамияти фаолияти ҳам самарали бўлган. У кенг маъаний-маърифий ишларни олиб борган: мактаблар ва курслар очиш, китобар ва рисолаларни нашр этиш, кутубхоналар ва уларнинг ўқув хоналарини очиш билан шуғулланган.
1911 йил февраль ойида жамият ўзининг бепул ўқув хонасини очди. Кутубхона учун китоблар хайрия ва шахсий нашрларни сотиб олиш йўли билан тўпланди. Пушкин жамиятининг очилишини мамнуният билан кутиб олган шаҳарнинг зиёлилари кутубхона фондини яратишда ёрдам беришди. Хусусан, аёллар гимназиясининг раҳбари Л.Ф.Броиздро томонидан 254 жилд, археология ҳаваскорлари тўгарагининг фаол аъзоси Б.Каллаур 74 номдаги китобларни совға қилди. Шундай қилиб 1912 йил 1 октябргача кутубхонада 2800 жилд китоб йиғилган. Яна кутубхонага 25 дан ортиқ маҳаллий нашрлар бепул ёки арзонлаштирилган нархларда етказиб берилган. Бу вақтда кутубхонанинг бепул ўқув хонаси ишлаётганди. Бу бўлим Л.Н.Толстой номи билан очилган бўлиб, 1911 йилда мазкур ўқув хонасига 8545 нафар китобхон ташриф буюрган. Бу ўртача ойига 700 китобхон демакдир.
1912 йилда кутубхонанинг китоблар рўйхати тузилиб, каталоглаштирилган, энди китобларни уйда ўқишга ҳам рухсат берилган. Бу вақтда кутубхона учун давлат маблағи ажратилмади, кутубхона ўз харажатларини ўзи қоплаши керак эди. Шу мақсадда кутубхона ходимлари турли хил маданий-маърифий тадбирлар ўтказишга мажбур бўлди (оммавий маърузалар, адабий кечалар ва семинарлар, концертлар ҳамда спектакллар). Бундан тушадиган даромад кутубхонанинг моддий аҳволини яхшилашга ва китобларни яхши сақлаш учун ишлатилган, аммо улар етарли эмаслигидан, уйга пул эвазига китоб беришга мажбур бўлишган.
1913 йилда шаҳар ҳукумати мазкур кутубхонанинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида ғазнадан йилига 300 рубль сарфаш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу маблағ ўқув хонасини ошиб бораётган истиқболини таъминлашга етарли эмасди. Кутубхонага ташриф буюрувчилар сонининг ортиб бориши, ўқув хонасини кенгайтириш, янги адабиётлар билан тўлдириш ва ходимлар сонини кўпайтириш зарурлигини келтириб чиқарди. Шунга асосан кутубхона шаҳар бошқармасидан йиллик субсидияни оширишини сўради, аммо бу сўров рад этилди. Бу пайтда фойдаланувчиларнинг ижтимоий ва сиёсий мавзудаги нашрларга қизиқишлари ортиб борди ва 1916 йилда Пушкин жамияти шаҳар боғида ёзги кутубхонасини очди. Шу йили у ерга 12648 нафар китобхон ташриф буюрди, уларнинг орасида талабалар, ишчилар, мансабдар шахслар ва бошқалар бор эди.
Шундай қилиб, Пушкин жамиятидаги кутубхона ўқув хонаси барча китобхонлар учун энг қулай бўлган жой, аҳоли ўртасида кенг маърифат марказига айланиб борди. Кейинчалик мазкур кутубхона Тошкент оммавий кутубхонасига ўтказилди, аммо кейин яна мустақил оммавий кутубхона сифатида ажралиб чиқди.
XIX асрнинг охирида Туркистонда гимназиялар, ҳуқуқий мактаблар очилди ва маҳаллий тилни биладиган ўқитувчиларни тайёрлаш учун Туркистон ўқитувчилар таёрлаш семинарияси ташкил қилинди. Маҳаллий аҳоли болаларининг озгина қисми ҳам рус мактабларида таҳсил олиши учун рус тили мактаблари ҳам очилган.
Кутубхоналар тарихида таълим муассалари кутубхоналари ҳам алоҳида ўрин эгаллайди. Мактаблар, гимназиялар, коллежлар ва ўқитувчилар семинарияларида кутубхоналар ташкил этила бошланди, аммо уларнинг китоб фондлари жуда оз, чунки китоблар ва ўқув қўлланмаларни олиш қийин эди. Гарчи Тошкентда дарсликлар сотувчи китоб дўконлари мавжуд бўлса-да, ҳар доим ҳам ўқув муассасаларига китоблар ва ўқув қўлланмалар етказиб берилавермас, адабиётларнинг асосий қисми Россиядан келтирилган ва бу анча кўп ҳаражатни талаб қилган.
Тошкентда тўрт йиллик эркаклар гимназияси 1876 йил августда очилган. 1879–1880 ўқув йилининг бошида бошлаб олти синфлик мактабга, 1883 йилдан саккиз синфлик мактабга айлантирилади. Гимназия кутубхонаси фундаментал ва ўқув бўлимига бўлинган. Биринчи бўлимда 4294 номдаги 8651 нусха китоб, иккинчисида 1697 номдаги 1877 та китоб бор эди.
Туркистон ўқитувчилар семинариясининг 1894 йил биносида ҳам фундаментал кутубхона мавжуд бўлган. Мазкур кутубхонада бу вақтда 5059 номдаги 9006 нусха китоб сақланган.
Шунингдек, Еттисув ва Сирдарё вилоятларидаги мактаблар ҳам ўз кутубхоналарига эга бўлишган. Бироқ бу мактабларда китоб ва ўқув қўлланмаларни танлаш тасодифий бўлиб, ўқув дастурлари ва режаларига қатъий амал қилинмаган. 1879 йилда ташкил қилинган Тошкент шаҳар хотин-қизлар мактаби кутубхонасида 1887 йилда 700 номдаги 1000 нусха китоб бўлган бўлса, 1910 йилга келиб уларнинг миқдори 4000 нусхага етган[8, Б. 17-20.
Бу борада Тошкентдаги халқ таълими идораси қошидаги кичик педагогоик музей алоҳида аҳамиятга эга бўлган. Музей кутубхонасида дарсликлар ва қўлланмалар бўлими, илмий-педагогик ҳамда оммавий бўлим, даврий матбуот нашрлари бўлими ва болалар адабиёти бўлими (барча ёшдагилар учун), мавжуд эди. Кутубхонада янгиликлар бюроси ташкил этилиб, кўрсатилган бўлимлар учун библиография ва доимий равишда китоб янгиликлари кўргазмаси, шунингдек, ўқув зали ҳам мавжуд бўлган.
Юқоридаги маълумотлардан кўриниб турибдики, кутубхоналар вилоятнинг деярли барча давлат ва таълим муассасалари ҳамда идораларида фаолият юритган. Улар ўқитувчилар ва талабалар ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлиб, талабалар кутубхоналарида ўқув қўлланмалардан ташқари ўқув дастурларида келтирилган бадиий адабиётлар ҳам мавжуд, бироқ уларда тарих, адабиёт, ва табиатшунослик дарсликлари етишмаслиги ачинарли ҳол эди. Бу эса талабаларнинг кескин норозиликларига сабаб бўлган. Бунга эса 1871 йил 30 июлда тасдиқланган «Правил содержания в порядке библиотек средних учебных заведений Туркестанского края» («Туркистон ўлкасининг ўрта таълим муассасалари кутубхоналаридан фойдаланиш тартиб-қоидалари») тўғрисидаги низом сабаб бўлди. Низомга кўра талабаларнинг ўқишлари устидан қатъий назорат ўрнатилди. Талабалар фақат битта китобни, шунингдек, синф раҳбари кўрсатган китобни олиб ўқиши мумкин эди. Уларнинг барчаси талабаларда норозилик кайфиятини уйғотди. Инқилоб йиллари (1905–1907) эркаклар ва аёллар гимназияларида, мактабларда ва ҳатто шаҳар мактабларида талабалар биргаликда норозиликлар уюштиришди. Талабаларнинг умумий мурожаатида кутубхоналарни ўзлари шакллантирган китоблар билан тўлдириш талаби бор эди. Шундай мурожаатлардан бири Самарқандда бўлган ва улар кутубхона ўқув хонасидан бепул фойдаланиш шартларини тақдим этганлар[9, Б. 20].
Келгусида талабалар томонидан ўқув юрти кутубхоналарининг кенгайтириш масаласи кўп марта кўтарилган. 1910 йил ўқитувчилар қурултойида барча мактаблар учун умумий бўлган ўқув адабиёт кутубхонасини ташкил этиш, уни янада қизиқарли ва керакли нашрлар билан кенгайтириш ва тўлдириш таклиф қилинди ва Тошкент шаҳар мактаб комиссияси ҳар бир мактаб учун ўқитувчилар кутубхоналарини ташкил этиш учун йилига 50 рубль ажратишини маъқул топгани ҳақида хабар берган[9, Б. 21]. Мактаб комиссияси, шунингдек, ўқитувчилар учун марказий кутубхона яратишни режалаштирган. Мактаб раҳбарларидан, уларнинг фикри сўралиб, бундай марказий кутубхоналар учун маъқул жойни биргаликда муҳокама қилиш сўралади. Бироқ бу масала муҳокамалигича қолиб кетади.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати
1. Труды государственной публичной библиотеки УзССР. Т. I. Юбилейный 1870–1935. – Ташкент: «Фан», 1935. – С. 30.
2. Яхонтова Н.В. Из истории научных библиотек дореволюционного Туркестана // Из истории книгоиздательского и библиотечного дела в Узбекистане. – Ташкент: «Фан», 1966. – С. 76.
3. Касимова А.Г. Библиотечное дело в Узбекистане. – Ташкент: «Узбекистан», 1968. – С. 14.
4. Лунин Б.В. Научные общества Туркестана и их прогрессивная деятельность. Конец XIX–начало XX вв. – Ташкент: Государственное изд-во УзССР, 1962. – С. 182.
5. Донцова З.Н. Туркестанской отдел русского географического общества в дореволюционнқй период: Дисс. кон. географ. наук. – Ташкент, 1951. – С. 315–319.
6. Яхонтова Н.В. Из истории научных библиотек дореволюционного Туркестана // Из истории книгоиздательского и библиотечного дела в Узбекистане. – Ташкент: «Фан», 1966. – С. 79.
7. Маматраимов Ҳ. Кутубхоналарнинг ўлкашунослик ресурслари: шакллантириш йўллари ва омиллари // Kutubxona.uz. – 2010. – №1. – Б. 17–20.
8. Касимова А.Г. История библиотечного дела в Узбекистане. – Ташкент: «Ўқитувчи», 1981, – С. 20.
