Annotation: This article provides a comprehensive analysis of the state of library work in Turkestan during the period of the First World War. It examines the cultural, social, and educational functions of libraries, highlighting their role in preserving reading culture, disseminating knowledge, and supporting the informational needs of the population despite wartime restrictions. The study explores issues related to the preservation of book collections, the accessibility of literature, shortages in qualified personnel, financial limitations, and administrative constraints that shaped library operations. It further discusses the activities of public libraries, school and institutional libraries, as well as specialized and departmental collections, emphasizing their varying responsibilities and audiences. Attention is given to the impact of wartime conditions on library infrastructure, book supply, catalog development, and general readership trends. Based on historical documents and archival materials, the article concludes that libraries in Turkestan maintained significant cultural and educational influence even under severe wartime pressures. Their contribution to sustaining literacy, education, and public enlightenment remained essential to the social fabric of the region during this turbulent era.
Keywords: Turkestan, military libraries, personal libraries, public libraries, library catalog, World War I, culture, enlightenment, reading culture, archive, archival documents, archival collection.
Аннотация. Ушбу мақолада Биринчи жаҳон уруши даврида Туркистон ўлкасининг ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётида кутубхона ишларининг тутган ўрни ҳар томонлама таҳлил қилинади. Уруш шароитида мавжуд китоб фондларининг сақланиши, улардан фойдаланиш имкониятлари, аҳоли ўртасида китобхонлик маданиятининг сақланиб қолиши ва ривожланиш тенденциялари ёритилади. Шу билан бирга, кутубхоналардаги кадрлар етишмовчилиги, молиявий қийинчиликлар, санитар-гигиеник шарт-шароитлар, аҳоли учун ахборот таъминотида юзага келган муаммолар ҳам таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар кўриб чиқилади. Мақолада Туркистондаги жамоат кутубхоналари, ўқув муассасалари қошидаги кутубхоналар, оммавий ва ихтисослашган кутубхоналар фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари тарихий манбалар асосида ёритилган. Шунингдек, уруш даври кутубхоначилик ишларига қандай таъсир кўрсатгани, ахборот оқимининг чекланиши, китоблар етишмовчилиги ва мафкуравий назоратнинг кучайиши жараёнлари ҳам алоҳида ўрганилган. Таҳлиллар Туркистон жамиятида кутубхоналарнинг ўқув-тарбиявий ва маърифий аҳамияти юқори бўлганини кўрсатади.
Калит сўзлар. Туркистон, ҳарбий кутубхоналар, шахсий кутубхоналар, оммавий кутубхоналар, кутубхона каталоги, Биринчи жаҳон уруши, маданият, маърифат, китобхонлик, архив, архив ҳужжатлари, архив фонди.
Аннотация. В данной статье всесторонне анализируется состояние библиотечного дела в Туркестане в период Первой мировой войны. Особое внимание уделяется роли библиотек в социально-экономической и культурной жизни региона, их месту в распространении знаний, поддержании культурной идентичности и удовлетворении информационных потребностей населения в условиях военного времени. Рассматриваются проблемы сохранности книжных фондов, доступности литературы, материально-технических ресурсов, кадрового обеспечения, а также влияние нехватки средств и ужесточения административного контроля. Помимо этого, анализируются особенности деятельности общественных, учебных, специализированных и ведомственных библиотек, их работа с различными категориями читателей. В статье также исследуется, как военные события повлияли на библиотечную инфраструктуру, книгообмен, комплектование фондов и чтение среди населения. На основе исторических источников и архивных материалов автор делает вывод о том, что, несмотря на объективные қiyinchiliklar, библиотеки Туркестана сохранили своё культурно-просветительское значение и сыграли важную роль в поддержании образовательного процесса в регионе.
Ключевые слова. Туркестан, военные библиотеки, личные библиотеки, публичные библиотеки, библиотечный каталог, Первая мировая война, культура, просвещение, книголюбие (книжная культура), архив, архивные документы, архивный фонд.
Янги Ўзбекистонда китобхонлик маданиятининг жамият маънавий ҳаётида тутган ўрни ва ролини янги босқичга кўтариш масаласига жиддий эътибор берилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев “мутолаа дастури орқали ёш китобхонларни ҳам 1,5 миллион нафарга етказиш чоралари кўрилмоқда, 2020 – 2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури қабул қилинди, Маърифат карвони лойиҳаси доирасида 4 миллиондан ортиқ китоб ёшларга бепул етказиб берилди. Мунтазам ўтказиб келинаётган Ёш китобхон, Китобхон оила каби республика танловларининг иштирокчилари сони 4 миллион нафардан ошди” деб [1. – Б. 237], айтиб ўтган.
ХХ аср бошларида юз берган Биринчи жаҳон уруши (1914–1918 йй.) инсоният тарихидаги энг йирик сиёсий, ҳарбий ва ижтимоий силжишларга сабаб бўлган воқеалардан биридир. Бу уруш бутун дунё мамлакатларининг сиёсий тузилмаси, иқтисодий ҳаёти, ижтимоий-синфий муносабатлари билан бир қаторда маданий-маърифий соҳаларига ҳам чуқур таъсир кўрсатди. Россия империяси таркибида бўлган Туркистон ўлкаси ҳам бу жараёнлардан четда қолмади.
Мазкур даврда Туркистоннинг маданий ҳаёти ҳали эндигина шаклланаётган бўлиб, маориф, матбуот, театр ва кутубхона иши янги ривожланиш босқичига қадам қўйган эди. Уруш йиллари бу соҳаларнинг, хусусан, кутубхона ишининг тараққиётида мураккаб, аммо тарихий аҳамиятга эга бўлган босқични ташкил этди. Молиявий танқислик, сиёсий беқарорлик ва маърифий ҳаракатларнинг кучайиши кутубхоналарнинг фаолиятига ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Шунга қарамай, кутубхоналар жамият ҳаётида ўз ўрнини йўқотмади, балки янги шароитларга мослашган ҳолда маърифат, ахборот ва сиёсий тарғибот марказларига айланди.
Биринчи жаҳон уруши бошланиши билан Россия империясининг барча иқтисодий ва моддий ресурслари фронт эҳтиёжларига сафарбар қилинган. Бу эса империянинг чекка ўлкаларида, жумладан, Туркистонда ҳам маданий-маърифий муассасалар фаолиятига сезиларли даражада таъсир кўрсатди. Кутубхоналар фаолиятини молиялаштириш камайди, янги бинолар қурилиши ва мавжудларини таъмирлаш ишлари тўхтатилди, китоб фондларини янгилаш учун маблағлар қисқарган.
Кўплаб кутубхона ходимларининг фронтга сафарбар қилиниши натижасида малакали кадрлар танқислиги юзага келди. Шунга қарамай, Туркистон шаҳарларидаги асосий жамоат ва ўқув кутубхоналари ўз фаолиятини давом эттирди. Бу даврда кутубхоналар нафақат билим манбаи, балки сиёсий ахборот тарқатувчи ва маънавий таянч марказига айланган.
Уруш шароитида Туркистон кутубхоналари Россия ҳукумати томонидан олиб борилган сиёсий ва мафкуравий сиёсатни аҳолига етказишда муҳим восита сифатида ишлатилган. Давлат томонидан чиқарилган фармонлар, манифестлар, фронтдан келаётган ҳарбий хабарлар ва расмий газеталар айнан кутубхоналар орқали аҳолига тарқатилган.
Биринчи жаҳон уруши арафасида ва унинг таъсири остида Туркистонда жамоат кутубхоналари фаолияти янги босқичга кўтарилди. Туркистон оммавий кутубхонасининг фаолияти сезиларли даражада жонланди. Аҳолининг илм-маърифатга, матбуотга ва замонавий билимларга бўлган қизиқиши ортгани сабабли кутубхонага қатнашувчилар сони ҳам кескин ошган.
1914 йилдан бошлаб китобхонлар уч тоифага ажратилиб, улар кутубхонадан фойдаланиш учун 5, 4 ва 2 рубл миқдорида гаров пули тўлайдиган тартиб жорий этилди. Ҳар куни 40 дан 80 нафаргача китобхон мунтазам равишда ўқув хонасига ташриф буюрган [2. – Б. 87.].
Биринчи жаҳон уруши йилларида халқнинг сиёсий, ижтимоий ва маданий ҳаётидаги кес-кин ўзгаришларга қарамай, кутубхоналар ўз фаолиятини тўхтатмади, аксинча, аҳолининг янгиликларга, дунёдаги сиёсий жараёнлар ва уруш хабарларига бўлган эҳтиёжи ортгани сабабли кутубхоналар янада фаол ишлай бошлаган. Масалан, 1916 йилда Туркистон жамоат кутубхонаси фондидан 1500 нафар китобхон фойдаланган, йил давомида эса умумий ташриф буюрувчилар сони 30 минг кишига яқинлашган. Кутубхонада 38 мингдан ортиқ номдаги асарлар ўқувчиларга фойдаланиш учун тақдим этилган [2. – Б. 89.].
Шундай қилиб, Биринчи жаҳон уруши йилларида Туркистон оммавий кутубхонаси аҳолининг маънавий-маърифий эҳтиёжларини қондиришда, янгиликлар ва билимларни етказишда, жамиятни ижтимоий-сиёсий ўзгаришларга тайёрлашда муҳим марказга айланган эди.
Бу даврда Туркистонда матбуот нашрларининг пайдо бўлиши ва кенг оммага тарқалиши кутубхоналарнинг фаолиятига янги мазмун берди. 1914–1918 йиллар оралиғида Туркистонда “Хуршид”, “Шуҳрат”, “Тужжор”, “Осиё”, “Самарқанд” каби газеталар нашр этила бошлади. Уларнинг саҳифаларида илм-маърифат, жамият тараққиёти, сиёсий воқеалар ва уруш оқибатлари ҳақида мақолалар эълон қилинар эди. Бу нашрларнинг майдонга келишида жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндалари – Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний каби зиёлилар муҳим роль ўйнаганлар [3. – Б. 40.].
Мазкур газеталарда чоп этилган мақолалар ва рисолалар кутубхоналар фондининг асосий қисмини ташкил этган. Айниқса, “Садои Туркистон” ва “Садои Фарғона” газеталарининг чоп этилиши кутубхоналар фаолиятига янги туртки берган. Улар орқали нафақат янгиликлар, балки халқни маърифатли қилишга қаратилган мақолалар, адабий асарлар, сиёсий таҳлиллар кутубхоналар орқали кенг оммага тарқатилган. Бу ҳолат кутубхоналарни ўз даврининг энг муҳим ахборот марказларига айлантирган.
Исҳоқхон Ибрат ва Тавалло каби ижодкорларнинг илҳом манбаи ҳам айнан шу газеталар билан боғлиқ бўлган. Уларнинг асарлари ва шеърлари кутубхоналар фондларида ўқувчилар томонидан катта қизиқиш билан ўқилган. Шу тариқа, матбуот ва кутубхона ўзаро чамбарчас боғланиб, халқнинг маънавий онгини юксалтиришга хизмат қилган.
Тошкентда “Садои Туркистон” газетаси чоп этилган кунлар ҳатто ижтимоий-маданий воқеага айланган: газета ходимлари ва мухлислари уни нашр этилган куни ҳомийлардан бирининг боғида йиғилиб, сайил ўтказиб байрам сифатида нишонлаганлар. Бу каби тадбирлар кутубхоналар фаолияти билан ҳам узвий алоқада бўлиб, янги сонлар кутубхона ўқув хоналарида ўқилиб, муҳокама қилинар, бу эса ўқувчиларнинг сиёсий ва маънавий савиясини оширишга хизмат қилган.
Шу тарзда, Биринчи жаҳон уруши йилларида матбуот ва кутубхона бир-бирини тўлдирувчи икки муҳим маданий институт сифатида фаолият юритган. Газеталар янги ғоялар ва маълумотларни етказган бўлса, кутубхоналар уларни халқ онгига сингдирувчи ва кенг оммага етказувчи марказга айланди. Бу эса Туркистонда маърифатпарварлик ҳаракати, миллий уйғониш ва ижтимоий тафаккурнинг ривожида катта тарихий аҳамият касб этган.
Кутубхоналар ўқув хоналарида ташкил этилган тарғибот тадбирларида Россия империясининг урушдаги мақсадлари, ҳарбий ғалабалар ва империяга содиқлик ғоялари тарғиб қилинган. Шу билан бирга, у ерда ташкил этилган ўқиш кечалари ва муҳокама анжуманлари орқали аҳолининг сиёсий онгини оширишга уринишлар амалга оширилди. Бу ҳолат кутубхоналарни аввалгидан фарқли равишда фақат маданий-маърифий эмас, балки сиёсий институт сифатида ҳам шакллантирган.
Уруш йилларида Маҳмудхўжа Беҳбудий томонидан асос солинган “Кутубхонаи Беҳбудия” ҳам анча машҳур эди. “Кутубхонаи Беҳбудия” китоб фондининг асосий таркиби ва китоб дўкони китоб фондлари ҳақида энг муфассал маълумотларни Маҳмудхўжа Беҳбудий томонидан нашр этилган “Ойна” журнали саҳифаларидан билиб олиш мумкин. Айниқса, журнал сонларининг муқоваларида ва ички саҳифаларида мунтазам эълонлар берилиб, унда Беҳбудий китоб дўконида сотувга қўйилган асарлар рўйхати, уларнинг мазмуни ва муаллифлари ҳақида маълумотлар чоп этилиб борилган [3. – Б. 97.].
Бу эълонлар орқали нафақат дўконда мавжуд китоблар ҳақида, балки “Кутубхонаи Беҳбудия” фондида сақланаётган асарлар тўғрисида ҳам тасаввур ҳосил қилиш мумкин эди. Шу тариқа, “Ойна” журнали саҳифаларида мунтазам бериб борилган ушбу рўйхатлар Беҳбудий кутубхонасининг бой фонди, унинг илмий-маърифий йўналиши ва китобхонларга тақдим этилган адабиётлар доираси ҳақида муҳим манба сифатида хизмат қилган.
1913 йилда Туркистоннинг илғор зиёлилари – жадидлар ташаббуси билан Тошкентда “Турон” жамияти ташкил этилган. Бу жамият ўз фаолиятини маърифатпарварлик ва миллатни уйғотиш ғоялари асосида олиб борар, халқни илм-маърифатга чорлашни асосий мақсад қилиб қўйган эди. Жамият нафақат “Турон” газетаси орқали ижтимоий-сиёсий фикрни тарғиб қилган, балки маданий-маърифий ҳаётни ривожлантиришда ҳам муҳим қадамлар ташлади. Ана шундай эзгу ташаббуслардан бири сифатида жамият ҳузурида “Турон” сиёсий клуби ва “Турон” жамияти кутубхонаси ташкил этилган [3. – Б. 103.].
Мазкур кутубхона Тошкентнинг Чорсу майдонида қурилган, ўзига хос ўқув хонаси ва бой китоб фондига эга бўлган янги турдаги маданий-маърифий маскан эди. У жадидлар учун халқни саводли қилиш, миллий уйғониш ғояларини ёйиш ва замонавий билимларни тарғиб этишда асосий марказлардан бирига айланди. Бу кутубхона нафақат китоб мутолааси учун жой, балки маърифатпарвар зиёлилар, талабалар ва ёшлар учун учрашув, баҳс-мунозара ва илмий-маърифий тадбирлар ўтказиладиган майдон ҳам бўлиб хизмат қилди.
“Турон” кутубхонасининг ташкил этилишида жадидчилик ҳаракатининг таниқли намояндалари – Мунавварқори Абдурашидхонов, Убайдуллохўжа Асадуллохўжаев, Тошпўлатбек Норбўтабеков, Комилбек Норбеков, Абдулла Авлоний, Муҳаммадхон Подшохўжаев, Каттахўжа Бобохўжаев, Башруллохон Асадуллохўжаев, Низомиддин Асомидинхўжаев, Карим Норбеков, Охунжон Абдулраҳимов каби фидойи маърифатчилар фаол иштирок этганлар.
Жадид мактаблари ҳузуридаги кутубхоналар орқали турли тиллардаги (турк, араб, форс, рус) илмий ва бадиий адабиётлар оммага тақдим этилди. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдурауф Фитрат каби зиёлилар кутубхона фаолиятини халқни саводсизликдан чиқариш, миллий онгни уйғотиш ва мустамлакачилик сиёсатининг моҳиятини англаш воситаси сифатида кўрдилар. Бу кутубхоналар уруш йилларида ҳам фаолиятини тўхтатмади, аксинча, халқни маърифатли қилиш ва сиёсий жараёнларга жалб этишда муҳим роль ўйнади.
Бу даврда Туркистон ўлкасида, хусусан, Тошкент шаҳрида маърифат ва китобхонликни ривожлантиришга қаратилган бир қатор нашриёт ва кутубхоначилик марказлари фаолият кўрсата бошлади. Пойтахтда “Мактаб”, “Маданият”, “Хайрия”, “Туркистон матбаачилик ширкати” ҳамда “Турон” каби ташкилотлар нафақат нашриёт ва матбаачилик ишлари билан шуғулланган, балки аҳолининг маърифий савиясини оширишга хизмат қилувчи кутубхоначилик фаолиятини ҳам йўлга қўйган эдилар.
Самарқанд шаҳрида ташкил этилган “Туркистон кутубхонаси” эса илм-маърифат марказларидан бирига айланган бўлиб, бу масканда китоб мутолааси, илмий-маърифий суҳбатлар ва маданий тадбирлар мунтазам ўтказилиб турилган.
Фарғона водийсининг йирик маданий ва адабий маркази бўлган Қўқон шаҳрида эса “Маърифат”, “Мадора” (Куч-қувват), “Ғайрат”, “Бирлик” каби китоб уйлари фаолият юритиб, нашриёт, китоб савдоси (китобфурушлик) ва кутубхоначилик соҳаларини бирлаштирган ҳолда кенг кўламли ишларни амалга оширганлар [4. – Б. 167.].
Шу тариқа, уруш даврида Тошкент, Самарқанд ва Қўқон шаҳарларида ташкил этилган ушбу китоб уйлари ва кутубхоналар жадидчилик ҳаракатининг маърифатпарварлик ғояларини ёйишда, халқни илм ва китобга ошно этишда, кутубхоначилик ишининг ривожланишида муҳим ўрин тутган.
Уруш даврида Туркистонда содир бўлган энг йирик сиёсий воқеа – 1916 йилги халқ қўзғолони кутубхоналар фаолиятига ҳам бевосита таъсир кўрсатди. Қўзғолон даврида кутубхоналар бир томондан ҳукумат сиёсатини тарғиб қилувчи марказ сифатида, бошқа томондан, зиёлилар томонидан мустамлакачилик сиёсатини танқид қилувчи муҳокама майдонига айланди.
Қўзғолон бостирилгач, чор маъмурияти кутубхоналар фаолиятини янада қаттиқроқ назорат остига олди. Айрим кутубхоналар ёпилди ёки фаолияти чеклаб қўйилди, лекин улар бутунлай йўқолиб кетмади ва қисқа муддатдан сўнг яна иш фаолиятини давом эттира бошладилар.
Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ХХ аср бошларида маърифат ва китобхонликни ривож-
лантириш йўлида фаолият олиб борган энг фидойи жадидлардан бири бўлган эди. У қисқа вақт ичида, яъни 1915 йилда “Ғайрат”, 1916 йилда эса “Бирлик” номли икки китоб уйига асос солган. Бу масканлар нафақат нашриёт сифатида, балки кутубхона ва ўқув хонаси (қироатхона) сифатида ҳам фаолият юритиб, халқ орасида илм-маърифатни ёйишда муҳим роль ўйнаган. Ҳамза ўз фаолиятини эслаб, 1917 йилда “Ҳуррият” журналида қуйидагича ёзади: “...1915 йили мен бир мажлис чақирдим. Унда биз аҳоли орасида китоб тарқатиш мақсадида Ғайрат номли кутубхона, қироатхона ва нашриёт уйини ташкил этишга қарор қилдик. Шу пайтгача мен китобларимни ўз пулимга чоп этиб келардим, улар ҳажман унча катта эмас эди. Энди эса ўзимнинг бошқа китобларимни мана шу китоб уйи номидан нашр этмоқчи бўлдим [8. – Б. 56.].”
Ҳамза Ҳакимзода асос солган “Ғайрат” ва “Бирлик” китоб уйлари Туркистонда жадидчилик ҳаракати мақсадларига мос тарз-да илм-маърифатни кенг тарғиб қилган, китоб нашри ва тарқатилиши билан бир қаторда, кутубхоначилик ишининг ривожланишига ҳам катта ҳисса қўшган маданий-маърифий марказларга айланди [4. – Б. 146].
1913–1914 йилларда “маҳаллий қўлёзма мажмуалари ҳақида маълумотлар” тўплаш мақсадида икки марта Туркистонда бўлган машҳур олим профессор Аҳмад Заки Валидий ХХ аср бошларида ҳозирги Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари, Фарғона водийси, Тошкент ва Бухоро каби ҳудудларда бой хусусий кутубхоналар мавжуд бўлганлиги ҳақида қимматли маълумотлар беради [8. – Б. 65.].
У ўзининг Фарғона водийсига қилган биринчи илмий саёҳати ҳақидаги ҳисоботида қўқонлик Юнусжон Дадамуҳамедов, Андижондаги Отабек, ўшлик Қудратулла Тоирбоев ва Фозилбек, Наманган, Марғилон ва бошқа жойлардаги айрим кишиларнинг хусусий китоб тўпламлари борлигини қайд этган. Айниқса, Намангандаги Хожа Эшон Лолареш кутубхонасида у туркий адабиётнинг энг буюк ёдгорликларидан бири – Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарининг ноёб қўлёзма нусхасини топганини алоҳида таъкидлайди.
Аҳмад Заки Валидий ўзининг иккинчи саёҳати давомида эса Бухоро, Қарши, Шаҳрисабз, Ғузор, Бойсун, Деҳқанобод, Сариосиё, Қоратоғ каби қатор шаҳар ва қишлоқларда бўлиб, бу ерларнинг бой маданий мероси, хусусий кутубхоналари ва уларнинг қўлёзма фондлари ҳақида батафсил маълумот тўплаган [4. – Б. 197].
Унинг бу кузатишлари шундан далолат берадики, ХХ аср бошларида Туркистоннинг турли ҳудудларида нодир асарлар ва илмий-адабий меросни сақлаган кўплаб хусусий кутубхоналар мавжуд бўлиб, улар минтақанинг маънавий ҳаётида муҳим роль ўйнаган.
Туронзамин адабиёти ва тарихини чуқур ўрганиш учун манба сифатида алоҳида аҳамиятга эга бўлган нодир кутубхоналардан бири – бу профессор Абдурауф Фитратнинг шахсий кутубхонасидир. Ўзининг ноёблиги, бой таркиби ва жуда камёб асарларнинг мавжудлиги билан бу кутубхона Ўрта Осиё маданий меросини ўрганишда беқиёс аҳамият касб этади.
Фитрат кутубхонасида юқори бадиий савияда кўчирилган қўлёзмалар орасида Сайфи Исфарангийнинг (XIII аср) девони, Дурбекнинг муъжаз суратлар билан безатилган “Юсуф ва Зулайҳо” достони, шунингдек, Жомийнинг тасвирли “Юсуф ва Зулайҳо” асари каби қимматли адабий мерос намуналарини учратиш мумкин [5. – Б. 45.].
Аммо бу кутубхонани айниқса машҳур қилган воқеа шундан иборатки, унда Юсуф Хос Ҳожибнинг буюк асари – “Қутадғу билиг”нинг қўлёзма нусхаси сақланган. Мазкур қўлёзма 1913 йилда профессор Аҳмад Заки Валидий томонидан Намангандаги Муҳаммад Хожа Лолареш кутубхонасида топилган нусханинг айнан ўзи эканлиги аниқланган.
Бугунги кунга келиб, ушбу қўлёзма “Қутадғу билиг”нинг дунёда маълум бўлган учта қўлёзмасидан бири сифатида эътироф этилади ва улар орасида энг тўлиқ ва мукаммал нусха деб тан олинган. Шу боис, Фитратнинг шахсий кутубхонаси нафақат адабиёт ва тарихни ўрганишда, балки туркий маданий меросни сақлаш ва тадқиқ этишда ҳам бебаҳо манба ҳисобланади. Ҳозирги кунда ушбу қўлёзмалар Ўъзбекистон ФА Шарқшунослик институти томонидан сотиб олинганлиги маълум.
Туркистон ўлкасида ҳарбий қисмлар қошида ташкил этилган кутубхоналар ҳам маданий-маърифий ҳаётнинг муҳим бўғини сифатида фаолият юритган. Уруш даврининг мураккаб сиёсий-иқтисодий шароитларига қарамай, бу кутубхоналар аскарларнинг маънавий-руҳий ҳолатини кўтариш, уларни сиёсий ва ижтимоий воқеалардан хабардор қилиш, саводхонлик даражасини ошириш каби вазифаларни бажарган.
Ҳарбий қисмлар ҳузуридаги кутубхоналар одатда кичик ҳажмли бўлиб, улар асосан сиёсий, ҳарбий-амалий, тарихий ва бадиий адабиётлар билан таъминланган эди. Бу ерда аскарлар учун газета ва журналлар, ҳарбий хизматга оид қўлланмалар, Россия империяси сиёсатини тарғиб қилувчи рисолалар, шунингдек, дунёдаги уруш жараёнларини ёритувчи нашрлар мавжуд бўлган. Мутолаа жараёни кўпинча ҳарбий дам олиш вақтларида ташкил этилиб, у аскарларнинг вақтини мазмунли ўтказиш ва уларни руҳий жиҳатдан тайёрлашга хизмат қилган.
Бундан ташқари, айрим ҳарбий қисмлар қошидаги кутубхоналар ўз фаолиятини фақат мутолаа билан чеклаб қолмай, маърифий суҳбатлар, сиёсий-маърузалар ва саводхонлик дарсларини ҳам ташкил этган. Бу тадбирлар орқали аскарларга замонавий сиёсий воқеалар, Россия империясининг урушдаги позицияси, ҳамда уларнинг ҳарбий хизматдаги бурчлари ҳақида тушунчалар берилган.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, урушнинг оғир иқтисодий шароитлари, моддий таъминотдаги қийинчиликлар ва кўплаб аскарларнинг фронтга юборилгани сабабли ҳарбий кутубхоналар фаолияти айрим ҳолларда сустлашган. Аммо шунга қарамай, улар Туркистон ўлкасида саводхонликни ошириш, ҳарбийларнинг маънавий-маърифий ҳаётини бойитишда муҳим роль ўйнаган. Бу кутубхоналарнинг китоб фондлари одатда чекланган эди. Масалан, энг йирик ҳарбий кутубхона ҳисобланган 11-Туркистон мунтазам баталони кутубхонаси фондида атиги 1327 нусха китоб мавжуд бўлган. 17-Туркистон мунтазам баталони кутубхонасида эса бор-йўғи 116 номдаги адабиётлар тўпланганди [6. – Б. 73.].
Ҳарбий кутубхоналардан асосан офицерлар фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлиб, оддий аскарлар учун эса махсус ташкил этилган “китоб ва газета бурчаклари” орқали мутолаа имконияти яратилган. Бу бурчакларда кўпроқ сиёсий мазмундаги газеталар, ҳарбий хизматга оид рисолалар ва уруш жараёнларига доир нашрлар жойлаштирилган.
Эътиборлиси шундаки, айрим ҳарбий кутубхоналар фақат ҳарбийлар билан чекланиб қолмасдан, оддий аҳоли вакиллари учун ҳам ўз эшикларини очган. Масалан, Биринчи жаҳон уруши йилларида Тошкентда 11 та, Самарқандда эса 9 та шундай ҳарбий кутубхона фаолият кўрсатган бўлиб, уларнинг 5 таси пуллик асосда хизмат кўрсатган [6. – Б. 66.].
Шу тариқа, ҳарбий қисмлар ҳузуридаги кутубхоналар китоб фонди жиҳатидан чекланган бўлса-да, улар ҳарбий хизматчиларнинг билим даражасини ошириш, сиёсий жараёнлар ҳақида хабардор қилиш ва уруш йилларидаги оғир шароитларда маънавий таянч бўлиш каби муҳим вазифаларни бажарган.
Уруш йиллари кутубхоналарнинг китоб фондлари мазмунида ҳам ўзгаришлар юз берди. Фондлар таркибида ҳарбий тарих, ватанпарварлик, Россия сиёсати ва империя мафкураси билан боғлиқ адабиётлар салмоғи ортди. Давлат томонидан юборилган брошюра ва рисолалар кутубхона фондларида алоҳида ўрин эгаллади.
Шу билан бирга, жадид зиёлилари томонидан олиб келинган диний, тарихий ва миллий уйғониш руҳидаги асарлар ҳам кутубхоналар фондларида ўқиладиган асарлар қаторига кирди. Бу ҳолат кутубхоналарни икки хил – ҳукумат мафкурасини тарғиб қилувчи ва миллий онгни оширувчи ахборот манбаларига айлантирди.
Биринчи жаҳон уруши йиллари Туркистонда кутубхона ишининг тарихида мураккаб, бироқ жуда муҳим давр бўлди. Молиявий ресурсларнинг қисқариши, сиёсий беқарорлик ва ижтимоий-синфий зиддиятлар кутубхоналар фаолиятига жиддий таъсир кўрсатди. Шунга қарамай, кутубхоналар ўз фаолиятини тўхтатмади, балки янги шароитларга мослашиб, жамият ҳаётида янада фаолроқ ўрин эгаллади.
Улар фақат билим манбаи эмас, балки сиёсий тарғибот, ахборот узатиш ва маънавий таянч марказларига айланди. Жадид зиёлиларининг фаолияти эса кутубхоналарни миллий уйғониш ҳаракатининг муҳим воситасига айлантирди. Уруш йилларида тўпланган бу тажриба кейинчалик совет даврида кутубхоначилик тизимининг шаклланишида, янги оммавий кутубхоналар ташкил этилишида ва уларнинг ижтимоий ҳаётдаги ролини кенгайтиришда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилди.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
1. Мирзиёев Ш.М Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон. –Т.: Ўзбекистон, 2024.
– 560 бет.
2. Абдуазизова Н.А. Туркистон матбуот тарихи (1870 – 1917). –Тошкент: Академия. 2000. – Б 238.
3. Абдулаҳадов Н., Жабборов С., Абдуллаев А. Фарғона азизлари тақдири. – Тошкент; Abu matbuot-konsalt, 2012. – 319 б.
4. Қосимова О., Ўзбекистонда кутубхоначилик иши тарихи. – Тошкент: 1992. – 197 б.
5. Олимжонов Х. Туркистонда кутубхона иши тарихи (1870-1917 йй.). т.ф.ф.д диссер., –Тошкент: 2022. – 147 б.
6. Охунжонов Э. Ватан кутубхонашунослиги тарихи. 1-қисм. – Т.: “Адолат”, 2004. – Б. 74.
7. Оҳунжанов Э. Кутубхонашунослик, архившунослик, китобшунослик: назарияси ва тарихи. – Тошкент: Таффаккур-Бўстони, 2011. – 520 б.
8. Хасанов Б. Миллий матбуотнинг икки дурдонаси. – Тошкент, 2015.
– 103 б.
