В данной статье рассматривается книга «Тарикат ул-хилаф фил-фикх» («Пути разногласий, споров в ханафитском фикхе») Алауддина Усманди Самарканди и её единственная копия которая хранится в фонде рукописей библиотеки «Дор ул-кутубил мисрийя» (Каир, Египет) под номером (Р: 217). Книга была написана в 1273 году и состоит из 185 листов. В книге говорится о ханафитской юриспруденции, в частности разногласия между ханафитскими учёными по различным вопросам шариата.

Алоуддин Самарқандий ҳамиша навқирон ва кўҳна Самарқанднинг кўзга кўринган забардаст фақиҳи ва мутакаллим олимларидан бири бўлиб, тўлиқ исми – Абул-фатҳ Алоуддин Муҳаммад ибн Абдулҳамид ибн Умар ибн Ҳасан ибн Ҳусайн Усмандий Самарқандийдир.

Аллома қатор исломий илмларда, айниқса, фиқҳ, ҳадис ва калом илми, шунингдек, турли мазҳаблар ўртасидаги зиддиятларни ўрганадиган махсус соҳа ҳисобланган илму-хилоф бўйича етук олим ҳисобланган. Мазкур соҳалардаги илм аҳллари орасида бўладиган баҳс ва мунозараларда ўзининг чуқур билими ва фавқулодда салоҳияти билан ажралиб турган. Шунинг учун ҳам, у илм аҳли орасида «Ал-ало ул-олам» («Оламнинг устуни»), «Ал-ало» («Устун»), «Ал-ало ус-Самарқандий», «Алоуддин» («Диннинг устуни») каби шарафли номлар билан машҳур бўлган.

Бизнинг тадқиқот объектимиз «Тариқат ул-хилоф фил-фиқҳи байнал аимматил ас-лаф» («Ўтган алломалар ўртасида фиқҳ илмидаги ихтилофлар») асарининг ягона қўлёзма нусхаси Қоҳирадаги «Дор ул-кутубил мисрийя» қўлёзмалар фондида Қ: 217 рақами остида сақланиб қолган (Қуллаҳ кутубхонаси, Қоҳира).

Бу асарда аллома фиқҳ илмида фаолият кўрсатган кўплаб олимларнинг қарашлари ва фикр мулоҳазаларидаги ихтилофларни баён қилган. Ушбу асар мисрлик олим Муҳаммад Закий Абдулбар томонидан тадқиқ этилиб, 1990 йилда Қоҳирада нашр этилган. 1992 йилда эса Шайх Али Муҳаммад Муъавваз ва Шайх Одил Аҳмад Абдулмавжуд каби олимлар томонидан тадқиқ қилиниб, Ливан (Байрут)да нашр этилган.

Таниқли немис шарқшуноси Карл Броккельман эса мазкур асар ҳақида «Муҳаммад ибн Абдулҳамид ал Усмандий 1 боб 463 са-ҳифадан иборат» номи остида қуйидагиларни ёзган:

«Тариқат ул-хилоф байнал аиммати». Имом Алоуддин Муҳаммад ибн Абдулҳамид ибнил Ҳасан ибнил Ҳусайн, ал-Алоу-с-Самарқандий номи билан машҳур 552 ҳижрийда вафот этган. Оддий қалам билан бир жилдда ёзилган нусха. Асар ҳижрий 773 йилда 185 варақда (Қ: 217) ёзиб бўлинган. Ҳанафий фиқҳига оид» (No. 441, 10. S. 111/ 1221).

Муаллиф (Алоуддин Усмандий)нинг ўзи «Усул ул-фиқҳ» номли китобида қуйидагиларни ёзади: «Ана ундан сўнг мен «Тариқат ул-хилоф»ни ёзиб ундаги масалалар ичига усул ул-фиқҳ бобидан керак бўладиган миқдорини қисқача ва тежамкорлик йўли билан киргизиб кетган эдим…».

Аллома шунингдек, «Мухталафур ривоя» асарида қуйидагиларни зикр қилган: «Ана ундан сўнг мен «Мухталафур ривоя» масалаларини ёзиб, ҳар бир имомнинг ихтилофларини айрим устозларимиз солган тартибга асосан алоҳида боб қилиб келтиришни қасд қилдим. Лекин улар китобнинг барчасини битта боб қилиб келтирганлар. Мен эса барча бобларни ҳар бир китобда келтириб ўтаман. Ҳар бир масала хусусида етарли ва ҳужжат бўладиган даражада бир фойдани зикр қилиб ўтаман».

Аллома асарининг мазмуни ва унинг аҳамияти ҳақида Муҳаммад Закий Абдулбарр қуйидаги маълумотларни келтиради: «Биз бугун нашр қилиш устида турган китоб – «Тариқат ул-хилоф байнал аимма» асари бўлиб, бизда унинг фақатгина бир дона нусхаси мавжуд. Лекин, бизнингча, у ишончли нусхадир. Бу асарнинг муқоваси ҳамда унинг энг охирги саҳифаларида намоён бўлиб турибди.

Алломанинг мазкур асари ўз замонида ва кейинчалик ҳам машҳур бўлиб, вақт ўтиши билан ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган, ҳатто авлоддан-авлодга қўлма-қўл ўтиб сақланиб келинган.

Асарнинг ёзилиши тарихи ҳақида аллома ўзининг «Усул ул-фиқҳ» асари муқаддимасида қуйидаги маълумотларни келтирган: Мен «Тариқат ул-хилоф»ни жамлаб, ундаги масалалар орасига усул ул-фиқҳ қоидаларидан эҳтиёж туғиладиган миқдорини ихчам ва тежамкорлик йўли билан киргизиб кетган эдим. Кейинроқ баъзи бир қадрдон дўстларим бу билан қониқмадилар ва мендан бу борада алоҳида бир китоб жам қилишимни, унда усул ул-фиқҳнинг барча бобларини келтириб, ҳар бир боб устида шунга ўхшаш ишлар борасида одат бўлган услубда етарлича сўз юритишимни сўрадилар».

Демак, муаллифнинг ўзи юқоридаги ибораларида айтиб ўтганидек, ушбу «Тариқат ул-хилоф» асари «Усул ул-фиқҳ»дан олдин ёзилган.

Асарни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларни мулоҳаза қилишимиз мумкин:

– асарда кўпроқ «Абу Ҳанифанинг фиқҳи» билан «Шофиъийнинг фиқҳи» ўртасидаги 200 дан зиёд ихтилофли масалалар қиёсланади ва бу нарса ҳанафийларнинг китобларида ҳам кўп кузатилади. Асарнинг баъзи ўринларида Абу Ҳанифа билан унинг икки шогирди (Имом Муҳаммад ва Имом Зуфар) ўртасидаги ихтилофли масалаларнинг ҳам таққосланган жойлари мавжуд;

– асар барча «Китоб» (аллома асар ичидаги ҳар битта бобни китоб деб номлаган)да – бизга аён бўлишича, – ўзи катта хилоф ўрни деб билган айрим масалаларни кўтаради ва «Китоб»нинг ичида келган барча масалалар ҳақида тўлиқ гапирмайди. Мисол учун, «Намоз китоби»да намозга тегишли барча масалалар фиқҳ китобларида келганидек, тўлиғича келтирилмайди;

– асар ёзилиш услуби жиҳатидан бошдан-охирига қадар битта йўлдан юради. У ҳам бўлса – муаллиф биринчи «масала»нинг ҳукмини келтиради. Унинг ортидан эса кўпроқ унга мухолиф бўлган ҳукмини зикр қилади. Бунда у кўпроқ «унинг наздида» деган сўзни ишлатади. Бизга аён бўлгани шуки, муаллиф ана шу сўзи билан «Шофиъий»ни назарда тутиб гапиради.

Иккинчидан, ўша «ҳукмдаги важҳ»ни баён қилади.

Учинчидан, ўша важҳни «Биз бундай деганимизнинг сабаби шуки…», деган сўзи билан изоҳлаб беради.

Тўртинчидан, мунозара ёки суҳбатни «Агар…. дейилса, биз айтамизки….» кўринишида мухолифнинг сўзидан бошлаб келтиради.

Бешинчидан, унга «Жавоб: Аммо…га келсак, биз…. деб жавоб берамиз», деган сарлавҳа билан мухолифга раддия беради. Бу хилоф ҳанафийларнинг ўзлари орасида ҳам учраб турганининг гувоҳи бўламиз. Бунга мисол 1\49 даги 57 рақамли масаладир.

Муаллиф шундай зикр қилади:

«2\141 саҳифа, 164-масала борасидаги мунозара ва бунга Шофиъий раҳимаҳуллоҳдан нақл қилинган икки сўзнинг бири ҳам қўшилади».

Умуман олганда, алломанинг ҳаёти ва у қолдирган бой илмий-маънавий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва келажак авлодга етказиш тадқиқотчилар олдида турган муҳим ва бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади.