Ўқувчи китобхон бошқарувидаги кутубхона
Кейинги пайтда том маънода туну кун ходимларсиз ишлаётган бу кутубхона фойдаланувчилари тобора кўпайиб бормоқда. Пертти Лескела ҳам доимий мижозга айланиб улгурган. «Чунки кеч соатларда ёки эрта тонгда ишлаши, – дейди у,– мен учун жуда қулай. Хизматдан қайтаётиб, бемалол бир неча соатлаб мутолаа уммонига чўкиб кетаман ва вақт қандай ўтганини ҳам сезмайман. .. Ҳеч ким менга «вақтингиз тугади», «тушлик пайти бошланди» ёки «ёпиламиз» демайди...
Дарҳақиқат, халқ тилида «ички» ном олган ўзига хос кутубхоналар кейинги йилларда Финляндия бўйлаб тез суръатларда кўплаб очилди ва талаб ортган сари ушбу жараён бугунги кунда ҳам изчиллик билан давом этмоқда. Лойиҳа асосчилари эса бевосита китобхон бошқарувида бўлаётган бундай кутубхоналарнинг иш вақти узайтирилиши ташриф буюрувчиларнинг сони янада ошишига умид боғламоқда.

Доимий фойдаланувчилардан Пертти Лескела шаҳар марказидан бир неча ўн километр узоқликда жойлашган Лохтая Коккола кутубхонасига нафақат кечқурунлар, балки эрталаб соат саккизда ҳам келиб, кеча бошлаган янги ҳужжатли қисса давомидан бир соат яна баҳраманд бўлишга улгуради.
Яна бир бошқа доимий ўқувчилардан бири бу сафар ҳам кутубхона биносига яқинлашиши билан кўзи ўша, бирдай ёзувга тушди: «Кутубхона камида икки соатдан кейин очилади»... Касбкорига оид махсус журналнинг янги сони билан танишишга ошиқаётган ўқувчи бу ёзувларга эътибор ҳам бермасдан, электрон чиптасини эшик мурувватига қўйдида, «сим-cим» кодини терди. Шу заҳотиёқ шаффоф оғир эшик ҳудди эртаклардагидек «четга сурилди». Ник бемалол ичкарига кириб, ўзига яхши таниш журналлар жавони томон шаҳдам борди...

Нашрлар ўқув залида таниш чеҳралар кўп. Анча ёшларга бориб қолган бева аёл қидириб-қидириб, излаганини топдида, ўзи хуш кўрган табиий ёруғлик тушадиган қатордан ўрин эгаллади. Унинг чамаси олтмиш йиллик турмуш ўртоғи Диккенс бир ой аввал оламдан ўтган. Кутубхонага аввалари улар кунда-кунора бирга ташриф буюришарди ва ҳар сафар айнан шу ердаги курсиларга жойлашиб, узоқ мутолаа билан машғул бўлишарди... Бу ҳақда доимий китобхонлар яхши хабардор...
Тизим ҳар бир ўқув зали бўйича ташриф буюрувчиларни қайд этади ва кузатув камераси ҳам уларнинг ҳаракатланишларини электрон тасвирлай бошлайди. Албатта, Хема хоним савдо автомат ускунаси орқали китоб ва журнал олиши ёки уларни қайтариб бериши мумкин эди. Бироқ айни пайтда вақт тежаш масаласи Хема хоним учун муҳим эмас...
Ўзи бошқариладиган кутубхоналар мана қандай ишлайди! Ҳар бир китобхон бу ерда ходимлар иш фаолиятига мослашиб эмас, фақат ўзи учун қулай бўлган жадвалга риоя қилиб, вақтини истаганича китоблар дунёсида мазмунли сарфлаши мумкин.
Лохтаяда ўзини банд қилиш имкониятлари кутубхона вақтини 12-13 соатгача икки маротаба кўпайтиради. Бундан ташқари, дам олиш ва байрам кунлари шу ернинг ўзида зарур харидларни ҳам қилиш имкониятлари бор.

Сабаби яна ўша иқтисод қилиш масаласи бўлса керак...
Нима учун муниципалитетлар китобхон буюртмаси мутахассиснинг иштирокисиз қаноатлантирилишини истайди? Янги технология яна тежаш усулларини изламоқдами?
Лохтая янги кутубхонасининг ўзига хос фаолияти мижозлар орасида айнан шундай саволларни келтириб чиқарди. Кутубхона директори Кати Сальменнинг сўзларига кўра, ходимлар иш вазифаси борасида хавотирлар билдирилган.
- Ходимларга бундай ёндашув қўшимча хизмат ҳамда хизматни кенгайтириш учун жорий этилаётганини ва асло кўрсатилаётган хизмат сифатига салбий таъсир этмаслигини тушунтириб ўтишга ҳаракат қилдик, – деди таъкидлаб Кати Сальмен.
Коккола шаҳри кутубхонаси директори Сюзанн Форсберг ҳам штат бирлиги қисқартирилмаётганлигини тасдиқлар экан, қайтанга қўшимча ишларга ҳар доимгидек ходимлар кераклилигини, айниқса, китоб бўйича маслаҳат беришда мутахассисларга талаб тобора ортаётганини алоҳида таъкидлади.

Хизматлар ҳамда иш соатларидаги ижобий ўзгаришлар
Ғарбий ва Ички Финляндиянинг Минтақавий давлат маъмурий агентлиги кутубхона хизмати катта инспектори Мика Мустиккамяки муниципалитетларда алоҳида офис-ваколатхоналар очилишида иқтисод масаласи муҳим омил бўлмаганини қайд этди.
- Авваламбор, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ҳамда иш вақтини узайтириш энг асосий истак бўлганди... - дейди қулайликларга урғу берган ҳолда М.Мустиккамяки. - Кутубхоналар асосан ёпиқ бўладиган вақтлар - кеч соатларда ва дам олиш кунлари ички мутолаа марказларида ҳаттоки харид қилиш имкониятлари бор.
Мустиккамяки ўз мулоҳазаларини Минтақавий давлат маъмурий агентлиги томонидан ўтказилган ва расмий эълон қилинган икки сўровномага асосланиб баён этди.
Маълум бўлишича, анкета сўровлари оралиғида ўз-ўзига хизмат кўрсатувчи кутубхоналар сони деярли тўрт баравар кўпайган. Иш соатлари бўйича кўрсаткичлар ҳам бунга яққол мисолдир. Агар 2015 йилда янги шаклда фаолият юритаётган кутубхоналар йилига 100 000 соатдан зиёд вақт давомида ишлаган бўлса, 2019 йилда ушбу рақам тахминан беш марта (500 000 соат)га ошган.
Мисол учун, Коккола маркази яқинидаги Коивухаа кутубхонаси филиали ёзда бир ой ёпиқ бўлади. Эндиликда кутубхона автоном ускуналар билан жиҳозланиши кутилмоқда, демак, яқин келажакда - ёз пайти бўладими ёки ходимлар таътилга чиққанда ҳам - кутубхона ўз фаолиятини мунтазам давом эттираверади.

Бепул иш соатлари... Яна қандай таклифлар бор?
Марказий Остроботниядаги Тохоламми муниципалитети кутубхонаси, эҳтимол, йил охирига қадар ўз бошқарувидаги офис сифатида фаолият кўрсатишни бошлайди.
Тохоламмида кутубхонага келиб-кетиш давомати (ўртача мамлакат бўйича олганда) аҳоли кўрсаткичига пропорционал. Шундай бўлсада, кутубхона директори Сату Киннари янги ёндашувдаги ислоҳотлар кутубхона ишига яхши таъсир кўрсатишига умид боғламоқда.
- Тохоламмида кечгача ёки дам олиш кунлари кутубхонада мазмунли хордиқ чиқаришга ошиққанлар, лекин ёпиқ бўлгани сабаб бундай имкониятдан баҳраманд бўла олмаётганларлар жуда кўп топилади, - дейди Сату Киннари. - Ўз-ўзига хизмат кўрсатаётган бошқа кутубхоналар тажрибасидан яхши хабардорман ва ишониб қоламанки, иш вақти узайтирилиши ҳам фойдаланувчилар, умуман меҳмонлар сонини янада оширади.

Айтиш жоизки, Лохтаядаги кутубхона филиали учун ўз-ўзига хизмат кўрсатиш даври сезиларли натижага эришиш, яъни узоқ йиллар давомида кутубхонадан фойдаланмаган мижозларни деярли икки ой ичида қайтариш имкониятини яратди.
Кутубхона директори Кати Сальмен фикрига қараганда эса, ҳаттоки кичик қишлоқда ҳам янги фойдаланувчилар қатори анча кенгайган. Чунончи, икки ой ичида қишлоқда истиқомат қилувчи аҳолининг юздан зиёди билан ўзини банд этиш бўйича меҳнат шартномаси тузилган.
Мижоз кутубхонага мустақил кириш имкониятига эга бўлсада, нима учун унда ўз-ўзини иш билан банд қилиш вақти тартибга солинмоқда? Лохтая кутубхонаси директори буни қуйидагича изоҳлайди: «Қиш мавсумида 24/7 вақт давомида очиқ бўлган иссиқхоналар тунги келувчиларни фақат ухлаб кетиш учун жалб этиши мумкин... Шунинг учун, масалан, Лохтая энди 21:00 гача ўзига хизмат кўрсатишни маъқул топди...»
Аслида ўз-ўзига хизмат кўрсатиш муассасалари бўлмайди. Мустақил кутубхоналар томонидан ўз мижозларларининг хоҳиш-истакларига жавобан шундай имкониятлар яратишга ҳаракат қилинган, яъни, жумладан, иш соатлари узайтирилишига эришилган.


Мисол учун, Коккола шаҳар кутубхонаси шарҳида фойдаланувчилар бош кутубхонанинг иш соатларини кўпайтириш истагини билдиргани баён этилган. Кутубхона директори Сюзанн Форсберг қайд этишича, бу борада ҳеч имконият йўқ, чунки ходимлар сони муҳим аҳамият касб этади. Демакки, кутубхона якшанба кунларида ишлаши ҳозирча орзу бўлиб қолаверар экан-да ...
4000 квадрат метр майдонда жойлашган бош кутубхонада ўзига хизмат қилиш технологияси ўрнатилиши анча қимматга тушади. Бинога мустақил кириш учун код, ўқиш ускунаси, кузатув камераси, ҳаракатланиш сенсори, сканерлаш электрон қурилмаси талаб этилади. Шунингдек, кредит олиш ва қайтариш учун савдо автоматларини харид қилиш керак бўлади.
Ҳозирги кунда Коккола марказида фақат мутолаа зали мустақил ҳисобланади. Филиал кутубхоналарнинг ҳам ўз иш соатларига эга бўлиши режалаштирилмоқда. Бош кутубхона эса, буткул таъмирланишдан сўнг мустақил бўлиши кўзда тутилган.
Мутахассисларнинг таъкидлашига қараганда, кодланган эшик қулфлари ва кузатув камералари бир қаватли ва кенг хона ҳисобида ўрнатилиши энг осон усул экан. Бош инспектор Мика Мустиккамякининг фикрича, мамлакатдаги барча кутубхона муассасаларини мустақил иш фаолиятига йўналтириб бўлмайди... Фақат янада юксак технологиялар юзага келгандагина, бунга эришиш мумкин. Бундан ташқари, баъзи бинолар барибир меъморий нуқтаи назардан жуда мураккаб ҳисобланади.
Давлат томонидан муниципалитетлар ўз кутубхоналарини яратишда қўллаб-қувватланмоқда. Маблағлар таъмирлашга эмас, ислоҳот учун зарур бўлган асбоб-ускуналар харидига йўналтирилмоқда. Шу кунларга қадар янги шаклдаги кутубхона лойиҳаси учун грант миқдори 15 000 еврони ташкил этмоқда.
Дарвоқе, илк ўз хизматидаги кутубхоналар Финляндияда 2010-2011 йилларда очилган. Ҳозирда уларнинг сони 233 тани ташкил этмоқда. Ўзига хос шаклдаги бундай кутубхоналар яқин бир неча йиллар давомида яна 161 тага кўпайиши режалаштирилган.
Мушоҳадада фаол қатнашаётган мутахассислар фикрига эътибор берилса, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш кутубхонаси ходимлар етишмаслиги туфайли техник назоратни талаб қилиши, ҳақиқатан, муболағасиздир. Кутубхона сўровнома респондентларининг учдан бир қисми ўзини банд қилиш имконияти, назорат бўлса-да, вандализм ва тартибсизликларни юзага келтирганини билдирган. Муҳокамалар ҳамда вақтинчалик тақиқлар натижаси ўлароқ бундай ҳуқуқбузарликлар бироз қисқартирилишига эришилган. Энг кўп тартибсизликлар эса, асосан, Уусимаа, Пирканмаа ва Жануби-Ғарбий Финляндияда кузатилган.
Учрашув жойи – кутубхона
Яқинда қабул қилинган «Кутубхоналар тўғрисида»ги қонунда қайд этилишича, кутубхоналар фуқаролик жамияти ва демократияни қўллаб-қувватлаши керак.
Бош инспектор Мика Мансиккамакиянинг фикрича, қонун қайдлари кутубхона биноларидан фуқаролар ёки уюшмалар ўз фаолиятида фойдаланишини ҳам англатади.
– Кутубхоналар, – дейди у, – муниципалитетлар тасарруфидаги нотижорат муассасалари бўлиб, бу ерда ҳамённи очмаган ҳолда маданий хизматлардан баҳраманд ила мазмунли ҳордиқ чиқариш имкониятлари талай. Эндиликда кутубхонадан учрашув жойи сифатида янада кенгроқ фойдаланиш ҳақида ҳам ўйлаб кўриш керак...

…Лохтаялик Пертти Лескела кутубхонанинг айнан иш вақти узайтирилганлиги туфайли энг фаол мижоз сифатида мутахассислар наздида алоҳида қадрланади.
– Илгарилари ҳафта давомида иш вақти соат 19:00 гача эди, хизматдан қайтаётиб, севимли машғулотим махсус журналларни мутолаа қилиш у ёқда турсин, ҳаттоки кўздан кечиришга ҳам вақт етмасди, – дейди Пертти. – Ниҳоят таклифларимиз инобатга олинди. Ҳозир, агар кеч тўққизга қадар кутубхонага ташриф буюрсангиз, икки соат давомида қанча нарсага улгуриш мумкинлигини тасаввур қилиб кўринг-а!
Пертти Лескела тахлам журналлар жавонини кутубхонанинг энг қимматли хазинаси деб ҳисоблайди. Ҳа, қадрдон бўлиб қолган даргоҳга у ҳафтада ўч-тўрт марта ўзи режалаштирган вақт бўйича махсус журналларни ўқиш учун келади. Уйидан буюртма бериш имконияти ҳам бор унда, албатта, лекин барибир фаол китобхон марказдан бир неча ўн километр узоқда жойлашган мўъжаз Лохтаяга келиб-кетишни канда қилмайди. Зеро Пертти Лескела учун журналлар мутолааси ҳаёт мазмунига айланиб бўлган.