Annotation: The history of Turkestan, its rich cultural and spiritual life, our rich heritage were studied with great interest not only by local scientists, but also by scientists of the former regime, which eventually formed in our country. One of these scientists is academician Bartold Vasily Vladimirovich (1869-1930) - an orientalist, turkologist, Islamic scholar, one of the founders of the Russian school of oriental studies. V.V. Bartold graduated from the Faculty of Oriental Languages of St. Petersburg University in 1891 and began working here. As a result of his many years of research, in 1900 he defended his thesis entitled «Turkestan in the era of the Mongol conquest» and received the title of historian of the East. The article points out that V.V. Bartold was a scientist who achieved great practical and scientific results in the study of Turkestan.
Аннотация: История Туркестана, его богатая культурная и духовная жизнь, наше богатое наследие с большим интересом изучались не только местными учеными, но и учеными прежнего режима, который со временем сформировался в нашей стране. Одним из таких ученых является академик Бартольд Василий Владимирович (1869-1930) - востоковед, тюрколог, исламовед, один из основателей русской школы востоковедения. В. В. Бартольд окончил факультет восточных языков Петербургского университета в 1891 г. и начал здесь работать. В результате своих многолетних исследований в 1900 году он защитил диссертацию под названием «Туркестан в эпоху монгольского завоевания» и получил звание историка Востока. В статье указывается, что В. Бартольд - ученый, добившийся больших практических и научных результатов в изучении Туркестана.
Калит сўзлар: Туркистон Оммавий кутубхонаси, Бартольд Василий Владимирович, Туркистон ўлкаси, Россия Фанлар академияси, тарих, шахсий кутубхона, қўлёзма асарлар, саёҳат, тадқиқот.
Юртимиз тарихига назар ташланса, жаҳон цивилизацияси бешикларидан бири, Турон, Мовароуннаҳр, Чигатой улуси, Туркистон деб турли асрларда турфа номлар билан аталган. Ўтмиш манбаларини ўқиб ўрганар эканмиз Туркистон тарихи, унинг маданий-маънавий ҳаёти нақадар бой меросимизни нафақат маҳаллий олиму фузалолар балки замон зайли билан юртимизда шаклланган собиқ тузум олимлари ҳам катта қизиқиш билан ўрганиб, ҳаттоки унга умрларини бахшида қилганлар. Шундай олимлардан бири Академик Бартольд Василий Владимирович (1869-1930) - шарқшунос, турколог, исломшунос, рус шарқшунослик мактабининг асосчиларидан биридир.
В.В.Бартольд 1891 йил Петербург университетининг Шарқ тиллари факультетини тамомлаб, шу ерда ишлай бошлаган. Узоқ йиллик изланишлари натижаси ўлароқ 1900 йил «Туркистон мўғуллар истилоси даврида» («Туркестан в эпоху монгольского нашествия») номли диссертациясини ҳимоя қилиб, Шарқ тарихи фанлари унвонини олган.

Бундан ташқари, В.В.Бартольд республикамизда, хусусан унинг пойтахти Тошкентда илмий, илмий-педагогик ва ўлкашунослик муассасаларини таъсис этиш ва уларнинг фаолиятини ривожлантириш ишига ҳам муносиб ҳисса қўшди.
В.Бартольд Туркистон ўлкасини ўрганишда катта амалий натижаларга эришган олимдир. Ўзининг Туркистон ўлкасига уюштирган дастлабки (1893) илмий сафариданоқ ўлкадаги шарқ қўлёзмалари, халқлар тарихи ва маданиятига оид кўплаб манбалар тўплайди ва нашр этади. Шунингдек, ўлкадаги «Туркистон археология ҳаваскорлари тўгараги» ташкилотчиларидан бири ва Туркистон халқ университетининг фахрий аъзоси бўлган. Ўрта Осиё тарихи ва маданиятига оид 320 дан ортиқ нашрлар муаллифи хамдир.
В.В.Бартольд ҳаёти ва илмий фаолиятини катта бир даври Туркистон, хусусан Ўзбекистон ва Тошкент билан боғлиқ. У фақат 1893-1928 йиллар орасида Тошкентга етти марта келиб кетди ва унинг ҳар бир сафари, катта, кўп ҳолларда ечимини кутиб ётган илмий ва илмий-ташкилий масалалар билан боғлиқ эди.
Олим Тошкентга дастлаб 1893-1894 йилларда, яъни ўзининг Туркистонга қилган биринчи илмий сафари Россия Фанлар академияси ва Санкт-Петербург университети шарқ тиллари факультетининг йўлланмаси билан келган эди. Ушбу сафардан кузатилган мақсад, олимнинг ўз сўзлари билан айтадиган бўлсак, «Ўлканинг ўтмиш тарихига оид мавжуд ёзма ахборотларга қўшимча тарзида ўша ерларда қадимда истиқомат қилган халқнинг маълумотлари асосида тарихий обидалар қолдиқлари ҳақидаги маълумотларни тўплаш ва имкони борича қадимий шаҳарлар ва қалъаларнинг қолдиқларини тавсиф этиш»дан иборат бўлган. В.В.Бартольд Туркистонда биринчи илмий-ўлкашунослик тўгараги – «Туркистонлик ҳаваскор археологларнинг тўгараги»ни таъсис этишда фаол иштирок этди. Бу илмий тўгарак 1895 йилнинг 11 декабридан ўз фаолиятини бош-лаб, 1917 йилга қадар ишлаб турди. В.В.Бартольд бу ва бошқа тўгаракларнинг ишига, умуман илмий ишга маҳаллий кадрларни жалб этиш, уларнинг билим ва тажрибаларидан фойдаланишга ҳам алоҳида эътибор берди.
1902 йилда В.В.Бартольд яна Тошкентга келди. Ўзи сўзларига кўра, бу сафар у Санкт-Петербург университети шарқ тиллари факультетининг топшириғига биноан келган. Факультет раҳбарияти олимнинг олдига «маҳаллий билимдон одамлар билан илмий алоқа боғлаш, бу алоқаларни кенгайтириш, Туркистон ўлкасида жамоат муассасалари ҳамда махаллий аҳоли қўлидаги қўлёзма асарлар, шунингдек вилоят бошқармаларида сақланиб турган вақфномалар билан танишиш» вазифасини қўйган. Бундан ташқари В.В.Бартольд Туркистонда Осиё музейи ўша йиллардаги директори академик К.Г.Зелеман (1894-1916) нинг илтимосига кўра музей кутубхонаси учун қўлёзма асарлар сотиб олиш билан ҳам машғул бўлган. В.В.Бартольд мазкур сафари вақтида Тошкентда бир қанча жамоат муассасалари ва шахсий кутубхоналар билан танишиш шарафига муваффақ бўлди. Туркистон халқ кутубхонаси (Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси)да тўпланган махсус қўлёзма асарлар коллекцияси билан яқиндан танишди. Ўша пайтда бу коллекция 281 жилддан иборат эди, холос. Бартольд ўзининг илмий ҳисоботида шу асарлардан иккитасига: Ғиёсиддин Алининг жаҳонгир Амир Темурнинг 1398-1399 йилларда Ҳиндистонга уюштирган босқинчилик юриши тарихини ўз ичига олган «Рўзнома-йи ғазавот-и Ҳиндистон» (1399-1403 йиллар орасида ёзилган) ҳамда хоразмлик муаррих Ўтамиш ҳожи қаламига мансуб бўлган «Чингизнома» асари (XVI аср бошида битилган)га алоҳида тўхталиб ўтган.
Олим ўша йили тошкентлик бир неча китобсеварлар: генерал Жўрабек (1840-1906), Муҳиддин қози, Саид Боқихон қози, тужжор Мирза Абдулла Исамуҳамедов, шунингдек ўша пайтда Пискентда истиқомат қилиб турган кошғарлик Бекқулибекнинг шахсий кутубхоналарида сақланаётган қўлёзма асарларни ҳам бориб кўрди. В.В.Бартольд танишган кутубхоналар орасида айниқса генерал Жўрабек Қаландарбек ўғлининг шахсий кутубхонаси бойлиги билан бошқалардан тамоман ажралиб турган. Генерал Жўрабекнинг кутубхонасида Рашидиддиннинг «Жомеъ ут-таворих» («Солномалар мажмуаси»), Шамсуддин Муҳаммад Шаҳридузийнинг «Тарих-и ҳукамо» («Донишмандларнинг таржимаи ҳоли») китоби, XVII асрда ўтган ўрта осиёлик қомусий олим Маҳмуд ибн Валининг «Баҳр ул-асрор» («Сирлар денгизи») каби ўта қимматли асарлар бор эди. Шунинг учун ҳам генерал Жўрабекнинг коллекцияси Тошкентдан қайтганидан кейин ҳам академик Бартольднинг диққат-эътиборини ўзига жалб этиб, ҳатто «Жўрабекка тегишли қулёзмалар йиғиндиси» номли асар яратган. Ундаги «Жомеъ ут-таворих» асарини «Ўрта асрда на Осиёдаги, на Европадаги бирор халқда учрамайдиган улкан тарих қомуси» деб баҳолаган.
Ўша йили унинг Туркистон халқ кутубхонасининг фаолияти, айниқса қўлёзмалар фондининг аҳволини яхшилаш масалаларига бағишланган «Туркистон халқ кутубхонаси ҳақида бир-икки оғиз сўз» («Туркистанские ведомости», 1902, 54-сон) деган мақоласи ҳам чоп этилди.
Шу билан бирга олим ҳар сафар Туркистонга сафари чоғида «Император Фанлар Академияси хабарлари» («Известия Императорской Академии наук») да унинг ҳисоботлари нашр этилган. Мана шундай ҳисоботларни ўрганиш натижасида Туркистон Оммавий кутубхонаси ҳақида хам маълумотларни кўришимиз мумкин. 1916 йил 21 сентябрда чоп этилган «Туркистон ўлкасига саёҳат» номли ҳисоботи бунга мисол бўла олади.
«Жорий йилнинг баҳорида мен Туркистон ўлкасига саёҳат қилдим. Саёҳатим боиси: айрим тарихий қўлёзма ва тошбосма асарларни ўрганиш ва танишиш мақсадида бўлса, яна бири илмий изланишлар учун алоқаларни янада такомиллаштириш мақсадим эди.
Энг аввало эътиборимни тортган, ҳамда асосий муаммолардан саналмиш Туркистон Оммавий кутубхонаси ва унинг қошидаги музейдир. Афсуски 24- июлда мен Бакудан Петроград шахрига юборган буюмларим ичида Туркистон Оммавий кутубхонаси учун ёзилган ҳужжатларим етиб бормаганлиги сабабли аниқ далилий рўйхатим йўқ.
Туркистон Оммавий кутубхонаси ва унинг қошидаги музей жуда хам ачинарли ахволда эканини кўриш мумкин. Кутубхона на карточкали, на алфавит каталогига эга эмас. Эски босма каталогда китоблар ўзбошимчалик билан бўлимларга ажратилган.
Илгари, мен 1902 ва 1904 йилларда гувоҳи бўлганимдек, Император Олий Ҳазратлари Буюк герцсог Николай Константинов томонидан тақдим этилган бошқа китоблардан алоҳида махсус кутубхона сақланган бўлиб, унда асосан инглиз илмий адабиётларининг Ҳиндистон ҳақидаги асарлари мавжуд эди.
Ҳозирда бу китоблар бошқа китоблар билан аралашиб кетган. Марҳум Н.О.Петровский кутубхонаси ҳам худди шундай тақдирга дуч келди. Кўриниб турибдики, Туркистон халқ кутубхонаси ҳаётида китоб сақланиши таъминланмаган давр бўлган.

30 май куни Тошкентга келганимда А.А. Семенов қўлёзмалари билан бирга Боқижонбойга тегишли ноёб қўлёзмалари билан ҳам танишдим. Ушбу тарихий манбалар ичида халигача ягона нусха ҳисобланмиш XVIII асрда Шох Маҳмуд Чурос томонидан тузилган «Тарих»ига оид қўлёзма ҳам бор эди. Қўлёзма эгаси асарни суратга олиш учун Петроградга олиб кетишимга рухсат берди. Айни вақтда мазкур суратлар Осиё Музейига жойлаштирилди».
Қўшимча тарзда айтиш мумкинки қўлёзмалар ҳақида маълумот берар экан олим, туземчилар томонидан йиғиб олинган кўлёзмалар ҳақида батафсил тўхталиб ўтган. Бу даврда бозорларда асл тошбосма, кўлёзма асарлар авваллари арзон, кейинчалик жуда катта пулга сотилаётгани ҳақида ҳам ёзган.
В.В.Бартольд ўша йили Тошкентда эълон қилган яна бир мақоласида Туркистон халқ кутубхонаси ва музей ишларини тартибга келтиришнинг аниқ чора тадбирларини кўрсатиб берди.
Яна шуни ҳам айтиш керакки, узоқ ўтмишдан қолган ёдгорликларни тўплаш, авайлаб сақлаш ва қунт билан ўрганиш масаласи хам олимнинг хамма вақт диққат марказида турар эди.
В.В.Бартольднинг 1920 йил август-декабрь ойларидаги Туркистонга сафари (Россия Фанлар академиясининг йўлланмаси билан) олдига қўйилган вазифаларнинг мураккаблиги ва долзарблиги билан унинг бошқа сафарлари ичида алоҳида ўрин тутади. Василий Владимирович бу сафар ҳам Туркистон халқ кутубхонасининг иши билан бевосита танишиб, унинг фаолиятини янада яхшилашга ёрдам бериши, жамоат ташкилотлари хамда айрим шахслар қўлида сақланаётган қўлёзма асарлар, шунингдек тарихий обидаларни кўздан кечириб чиқиши, уларни сақлаш хусусида олимлар ва кутубхона ходимларига тавсиялар бериши керак эди. Олим бу ишларни ҳам ўзига хос қунт ва эътибор билан амалга оширди.
Академик В.В.Бартольд умрининг сўнгги йилларида кексайиб қолганлиги ва саломатлиги яхши эмаслигига қарамай, ҳамиша ва хамма вақт Туркистон ва Тошкентга интиларди. Лекин айрим сабабларга кўра, 1925 йилга қадар бунга имкон бўлмади. Ниҳоят, 1925 йилнинг март ойида Қадимий ёдгорликлар, санъат ва табиатни ўрганиш Ўрта Осий қўмитасининг таклифи билан олим яна Туркистонга отланди. «Агар шу йили хам Тошкентга бора олмайдиган бўлсам, - деб ёзган эди ўшанда у, - бу менинг учун афсусу надомат бўлур эди». В.В.Бартольд қадимий обидаларнинг сақланиши, олиб борилаётган ишларнинг кўлами билан яқиндан танишди. Шунинг билан бирга, олим бўш пайтларида Тошкентдаги жамоат ва шахсий кутубхоналарда бўлган қўлёзма асарлар билан танишишда давом этди, янги топилган тарихий асарлар ҳақида ўзининг фикр – мулоҳазаларини билдирди.
Олим ёшлигидан касалманд (унинг буйраги хаста эди) бўлган. Шунга қарамай, у илм-фан жабҳасида баракали меҳнат қилди ва ўзидан улкан илмий мерос қолдирди. Унинг асарлари, хоҳ ҳажм жиҳатдан катта бўлмасин, хоҳ кичик, ўзининг бой фактик материалга асосланганлиги, илмий жиҳатдан пухталиги ва юксак илмий савияси билан ажралиб туради. Лекин, шунга қарамай, манманлик каби ёмон хислатлар унга ёт эди. У ҳамма вақт ўзини камтарона тутарди, тез ва шошилиб меҳнат қиларди. Буни биз олимнинг 1891 йил куз кунларидан бирида устози В.Р.Розенга (1849-1908) ёзган мактубида яққол кўриш мумкин. У, ҳусусан, бундай деб ёзган эди: «Саломатлигим ҳозирча ўртача, лекин барибир, бир қарашдаёқ беморга ўхшайман. Ўйлашимча кўп умр кўрмасам керак. Шу сабабдан... Умримнинг қолган қисмида..., гарчанд асарларим талабалик чоғида ёзилган ишларга ўхшаш шунчаки материал бўлсада, кўпроқ иш қилишга ҳаракат қилишим керак».
Дарҳақикат у узоқ умр кўрмади, бор-йўғи 61 йил яшади, холос. Лекин фактик материалга бой, илмий жиҳатдан пухта асарлар яратдики, ҳар бир шарқшунос, тарихчи, ёинки ижтимоий фанлар кесимидаги тадқиқотчилар ундан баҳраманд бўлиб келмоқдалар.
В. В. Бартолднинг 1963-1977 йиллардаги барча асарлари изимлаштирилган ва тўққиз жилдда қайта нашр этилган бўлиб, улар бугунги кунда библиографик ноёб манбага айланган. Ҳозирда ушбу китоблар Россия Федерацияси Миллий Фанлар Академияси кутубхонасининг нодир фондида сақланади.
В.В.Бартольднинг Тошкент ва Ўзбекистоннинг узоқ ўтмиши тарихи устида қилган меҳнати нақадар катталигини ҳис қилиб, ундан ҳамиша миннатдор бўлишимиз ва келажак авлодга етказишимиз лозим.
Фойдаланилган адабиётлар
1. Ўзбекистоннинг янги тарихи (Биринчи китоб)Туркистон Чор Россияси Мустамлакачилиги даврида Тошкент ; «Шарқ» нашриёти 2000
2. Бартольд В.В. «Туркестан в эпоху монгольского наш ествия». Соч. Том.1, М., 1968.
3. В. В. Бартольд . История Туркестана (Конспект лекций), Ташкент, 1922. Общественные науки в Узбакистане 1969 Изд-ва .Фан» УзССР, г. Ташкент
4. Тарихдан сабоқлар Б.Ахмедов «Ўқитувчи» 1994
6. «Отчет о командировке в Туркестанский край летом 1916 года» В.В.Бартольд. Петербург - 1916.
