Information about the first 12 gates located in the territory of Tashkent, its construction, as well as the names of these gates are stated. In the history of the ancient and ancient city of Tashkent you can find a lot of information about the city gates. Sources say that the castle was built in the IX-X centuries in the market area in the city center. It is surrounded by defensive walls. Gates are installed on the defensive walls.
According to some sources, the number of ancient gates of Tashkent varied in different periods. For example, in the XVIII century there were 8 gates, and by the XIX century their number increased to 12. During this period, Tashkent was crossed by 8 main roads, which were the main trade routes. The city of Tashkent, a crossroads between East and West, sought to protect itself from external enemies. The defensive wall of the city had 12 gates (Takhtapul, Labzak, Kashgar, Kokand, Koymas, Beshyogoch, Kamalon, Samarkand, Kokcha, Chigatay, Sagbon, Karasaray) and two gates (i.e., a gate for 1 horseman). Of these, the gates of Labzak, Kashgar, Kokand, and Koymas were built on the eastern side of the part that was later annexed to the city, some of which were replaced. The names have also changed due to the relocation.
В истории древнего и современного Ташкента можно часто встретить сведения о городских воротах. Автор статьи, вновь возвращая читателя к древней истории, хроникально стремится рассказать о причинах появления первых ворот на территории нынешнего мегаполиса Узбекистана. Судя по источникам, в IХ-Х вв. на территории рынка в центре города была возведена крепость, которая по окружности была ограждена оборонительными стенами. Со временем город расширился и - таким образом - появилась вторая стена. Впоследствии в целях обеспечения защиты города от внешних вторжений была возведена третья стена с воротами. С ростом города его территория расширялась, на пересечении больших улиц строились очередные ворота. С учетом местности каждая получала свое название. Практически все они сегодня сохранились в устах населения Ташкента, хотя самих ворот как таковых, к сожалению, по различным причинам не удалось уберечь. По завершении статьи автор выдвигает мысль о необходимости восстановления хотя бы символики основных 12 ворот Ташкента, что, несомненно, сыграло бы определенную роль в обогащении туристического потенциала как столицы, так и всей республики в целом.
Калит сўзлар: Тошкент, тарихнавислар, типография, қабилалар, шаҳарнинг мудофаа де-вори, шаҳар дарвозалари, карвон, тўрт даҳа, дарвоза калитлари, мадраса ва масжид
Тошкент қулай географик ҳудудда, яъни Шарқ ва Ғарб мамлакатлари билан савдо-сотиқ йўли чорраҳасида жойлашганлиги туфайли бу ерга тинимсиз савдо карвонлари келиб турган. Бу эса шаҳарни етти иқлим билан туташган мамлакатга айлантирган.
Қадимий ва кўҳна Тошкент шаҳри тарихида шаҳар дарвозалари ҳақида маълумотларни кўплаб учратиш мумкин. Манбаларда айтилишича, IХ–Х асрларда шаҳар марказидаги бозор ҳудудида қалъа қурилган. Унинг атрофи мудофаа деворлари билан ўралган. Вақт ўтиши билан шаҳар кенгайиб иккинчи мудофаа девори қурилган. Ташқи душманлардан муҳофаза қилиш учун кейинчалик шаҳарнинг учинчи мудофаа девори қурилиб, дарвозалар ўрнатилган. Тошкент табиий равишда марказда жойлашган бозор атрофидан ҳар томонга кенгая борган. Шаҳар ўсган сари деворлар сурилиб, катта йўлларга туташган жойларда янги дарвозалар қурилган, шу тарзда уларнинг сони кўпайиб, айримларининг номи ҳам ўзгариб борган.

Азим Тошкент қадим замонлардан Ўрта Осиёдаги йирик маданият ўчоқларидан бири бўлиб келган. Ўлканинг иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаётида муҳим ўрин тутган. Шунга мос тарзда ўтмишдаги сайёҳлар, тарихнавислар диққатини ўзига жалб этган. Уларнинг асарларида шаҳар тарихининг ҳар хил даврларга оид соҳалари ўз аксини топган.
Муҳаммад Солиҳнинг форс тилида ёзилган «Тарихи жадидайи Тошканд» номли асари Тошкент шаҳрига бағишланган. Асар муаллифи XIX асрда Тошкентда яшаб ижод қилган. Шош шаҳри хақида араб тилида ёзилган бошқа бир қанча географик асарларда ҳам тилга олинган. Жумладан, IX–X асрларда яшаб ўтган олимлардан Истахрий ибн Хавкал, ал-Муқаддасий Шош шаҳри ҳақида ёзганда, унинг маркази деб Бинкет шаҳрини кўрсатганлар. Уларнинг таърифлашига кўра, Бинкет ҳозирги Хадра, Эски Жўва ва Чорсу оралиғида жойлашган. 983 йилда ёзилган «Ҳудуд ал-олам» («Оламнинг чегаралари») номли муаллифи номаълум асарда қуйидагилар келтирилган: «Чоч – катта вилоят, халқи жанговар, бой ва сахийдир. У ерда камон ва ўқ-ёй тайёрланади. Бинкет Чочнинг пойтахти ҳисобланади. Бу катта шаҳар айни вақтда подшоҳнинг қароргоҳидир».

Айрим манбаларда келтирилишича, Тошкентнинг қадимий дарвозалари турли даврларда сони турлича бўлган. Масалан, ХVIII асрда саккизта дарвоза бўлса, ХIХ асрга келиб 12 тага етган. Бу даврда Тошкентни асосий саккизта йўл кесиб ўтган бўлиб, улар асосий савдо йўллари ҳисобланган. Шарқ ва Ғарб ўртасидаги чорраҳа ҳисобланган Тошкент шаҳри ташқи душманлардан ўзини муҳофаза қилишга ҳаракат қилган. 1735 йилда Тошкентда бўлган ташрифчилардан бири «Шаҳар тўрт томондан ғиштли девор билан ўралган 32 та минорали дарвозалари бўлган. Деворни устида бемалол иккита отлиқ юра олган деб маълумот беради. Тошкент девори ҳақидаги манбаларда «ХVIII асрнинг охирларида шаҳар мудофаа деворининг баландлиги салкам 8 метр, тепа қисмининг кенглиги 2 метргача бўлган. Девор айланасининг узунлиги 18,2 км. шаҳарнинг умумий майдони эса 26,4кв. километрни ташкил этган», деган маълумотлар мавжуд.
Вақт ўтган сари шаҳар девори яроқсиз ҳолга келиб, қайта қуришни талаб қилгани боис ХIХ асрнинг ўрталарида Қўқон хонлиги даврида хоннинг Тошкентдаги ноиби Беклар-беги томонидан Тошкент мудофаа деворлари ва дарвозалари таъмирланади. Бу вақтда девор баландлиги 10 метрдан ошиб, юқори қисмида душманга ўқ отиш учун кўплаб шинаклар очилган бўлган. Шаҳар мудофаа деворининг 12 та дарвозаси (Тахтапул, Лабзак, Қашқар, Қўқон, Қўймас, Бешёғоч, Камолон, Самарқанд, Кўкча, Чиғатой, Сағбон, Қорасарой) ва иккита қофқаси (яъни битта отлиқ кириб чиқадиган эшиги) бўлган. Булардан Лабзак, Қашқар, Қўқон, Қўймас каби дарвозалар кейинчалик Шарқ томондан шаҳарга қўшиб олинган қисмига қурилган, айримларининг ўрни сурилган. Ўрни сурилиши муносабати билан номлари ҳам ўзгарган. Шаҳар дарво-залари қоронғи тушиши билан ёпилган ва эрталаб тонг саҳарда очилгунга қадар ҳеч ким шаҳарга киритилмаган, ҳеч ким шаҳардан чиқиб ҳам кетолмаган. Дарвозахоналар устида махсус қоровулхоналар ва дўмбиралар сақланадиган хоналар ҳам бўлган, хавф-хатар сезилганда, дўмбиралар чалиниб, халойиқ огоҳлантирилган.
Ҳар бир дарвоза ҳудуди, маҳаллий аҳолининг касби кори, қайси томонга йўналганлиги каби омиллар асосида номланган.
Масалан, Камолон дарвозаси Бешёғоч даҳасининг қадимий дарвозаларидан бири бўлиб, Бешёғоч ва Самарқанд дарвозалари оралиғида, Камолон маҳалласи ҳудудида ва маҳалла масъуллигида бўлган. Муҳаммад Солиҳ «Тарихи жадидайи Тошканд» асарида Камолон маҳалла сифатида тилга олинган, дарвоза эса Камондарон кўринишида ёзилган. Камондаронларнинг Бузуқ қабиласидан бир тоифасига мансублиги кўрсатиб ўтилган. Табиийки, маҳаллада яшаган бу тоифанинг асосий касбкорлари камон ва камон ўқи ясаш бўлган. Камондарон (камонгорон), яъни камонсозлар кейинчалик оғзаки тилимизга Камолон талаффузида етиб келган. Тарихдан маълумки, Тошкентда ясалган ўқ-ёйлар Шарқда «Камони Шоший» номи билан машҳур бўлган ва Шарқ адиблари бу ҳақида асарларида таърифланган.


12 дарвозанинг ҳаммаси катта йўл устида қурилган бўлиб, мустаҳкам, қаттиқ ёғоч – тоғ арчасидан ясалган, уст томонига нақшинкор безаклар берилган. Ҳар бир дарвозада жуфт ҳалқалар ва калитлар бўлган. Калитлар дарвозабонлар қўлида сақланган. Дарвозабонлар дарвозани тонгда очиб, қуёш ботганда беркитган. Дарвоза ёпилгандан сўнг уни очишга ҳеч кимнинг ҳаққи бўлмаган. Фақатгина шаҳар ҳокимининг ўта зарур фармойиши бўлгандагина дарвозани очишга рухсат берилган. Дарвозадан ичкарига кирганда, узун йўлак бўлиб, унинг икки томонида овқатланиш ва дам олиш учун ҳужралар жойлашган. Дарвозабонлар вақти-вақти билан алмашиб, навбатчилик қилган. Шаҳарнинг 12 дарвозаси ортида эса ҳаёт қизғин давом этган.
«Тарихи жадидайи Тошканд» асарида шаҳарнинг ўн икки дарвозаси, уни ўраган девор, шаҳарнинг тўрт даҳаси, маҳаллалар, шаҳардаги мадраса, масжид, ҳаммомлар, шаҳарни сув билан таъминлаб турувчи ариқлар, анҳорлар, кўприклар, деҳкончилик маҳсулотлари ва бошқа қатор масалалар юзасидан қизиқарли маълумотлар келтирилган.
Узоқ йўлдан чарчаб келган карвон шаҳар дарвозаси олдида тўхтаб, юкларини туширган ва шаҳарга кириш учун ҳужжатлаштириш ишларини олиб борган. Божхона солиғини олиш учун закотчи маҳсулот ҳажмидан келиб чиққан ҳолда ҳисоб юритган. Барча дарвозаларнинг ташқарига чиқиш ҳудудида қабристонлар бўлиб, уларнинг аксарияти ҳозирги кунгача сақланиб қолган.
Тошкент дарвозаларининг калитлари соф олтиндан қуйилган. Ҳар бир калитда тегишли дарвоза номи ва ясалган йили ёзилган. 1865 йил июнь ойида Тошкент Россия империяси томонидан босиб олингандан кейин 12 та дарвозанинг рамзий олтин калитлари ясалиб, рус генерал-губернатори Михаил Черняевга топширилади. Черняев эса калитларни Петербургдаги ҳарбий музейга топширади. Бу калитлар дарвозани очувчи ҳақиқий калитлардан анча кичик бўлган. Улар Петербургда 1917 йилгача Россия империяси, ундан кейин шўролар ҳукумати қарамоғида бўлган. 1933 йил 14 июнда Тошкент дарвозаларининг рамзий калитлари Ўзбекистонга қайтариб берилган. Ҳозирда бу калитларнинг ўн биттаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида сақланаётган бўлса, ўн иккинчиси Ўзбекистон Давлат тарих музейида кўргазмага қўйилган.
Тошкент дарвозалари ҳақида кўплаб маълумотларни топиш мумкин. Ҳар бир дарвозадан шаҳар маркази – бозорга элтувчи кўчалар, улардан эса кўплаб тор кўчалар тармоқланиб кетган бўлган. Бозор, хусусан Эски Жўва, бетараф жой ҳисобланиб, жанглар вақтида ҳам савдо-сотиқ давом этаверган. Кўчалар туташган чорраҳалар гузар деб юритилган. Гузарлар маҳаллалардаги марказ ва гавжум жой ҳисобланган. Гузарлар ёнатрофида баъзан сарҳовуз теварагида тол ёки сада қайрағочлар, супалар бўлиб, субҳидамдан атрофга сувлар сепилиб, супурилган…

Баҳор мавсумларида шаҳарнинг шимолий-ғарбий ва ғарбий дарвозалари орқали Даштиқипчоқ (Жанубий Қозоғистон) томон йўналган қадимги карвон йўлининг қарийб уч фарсаҳлик (18-21 км) масофадаги адирликларининг бир чети сариқ, иккинчи чети қизил лолазорлар билан бурканган. Бу лолазорлар қадимул айёмдан бери ҳар йили баҳор мавсумида тошкентликларнинг лола сайлига чиқиб, дам оладиган истироҳатгоҳи бўлган.
Тарихий маълумотларга кўра, XVIII аср охирида Тошкентда Шарқда камдан-кам учрайдиган бошқарув тизими қарор топган. Тадқиқотчилар унга «чорҳокимлик» деб ном берган. Ҳокимларнинг ҳар бири шаҳардаги тўртта даҳа – Себзор, Кўкча, Шайхонтоҳур ва Бешёғоч даҳаси вакили ҳисобланган.
Муҳаммад Солиҳнинг ёзишича, чор ҳокимлиги даврида Шайхонтоҳур даҳасида Юнусхўжа бинни Ҳидоятхўжа, Бешёғочда Дониёрхўжа, Кўкчада Исҳоқхўжа ва Себзорда Шоҳбек (Шербек)лар ҳокимлик қилган. Ҳар бир даҳада ўнлаб маҳалла, бир нечта масжид ва мадраса, ҳаммом ва бозорлар бўлган. Масалан, Себзор даҳаси қамровига 38 та маҳалла, учта мадраса ва ўнта масжид кирган. Себзорликлар асосан этикдўзлик, бўёқчилик ва бўзчилик билан кун кечирган. Бешёғоч даҳаси 32 маҳалладан иборат бўлиб, унда учта мадраса ва 68 та масжид бўлган. Бешёғоч даҳаси ўзининг боғу роғлари, эгарчи ҳунармандлари, «қизил иш» (отларнинг эгар остидаги ёпинғичи), сарпўш тикувчилари ва ғиштчилари билан машҳур бўлган. Шайхонтоҳур даҳасида 48 маҳалла, олтита масжид ва учта мадраса бўлиб, аҳолиси эгарчилик билан шуғулланган. Кўкча даҳасида 31 маҳалла, учта мадраса, 51 масжид жойлашган. Кўкчаликлар асосан кўнчилик ва этикдўзлик билан тирикчилик қилган.
Бешёғоч даҳаси «Зангиота», «Чақар», «За-хариқ», «Камолон» маҳаллалари билан чегарадош бўлган, бир чеккаси Чақарариққа ёндошган. Ҳудудида Самарқанд дарвозаси жойлашган (номи шундан). Самарқандга бориладиган карвон йўли шу ердан бошланган. Маҳаллада 50 дан ортиқ хонадон яшаган. Кексаларнинг маълум қилишича, 1895 йилгача Самарқанд дарвозаси ички ҳудудида Тошкентга кирувчиларни назорат қилувчи ва ўлпон (бож) йиғувчилар яшаган. Аҳолиси асосан ўзбеклар бўлиб, ҳунармандчилик (кўнчилик, дурадгорлик, аравасозлик ва б.), деҳқончилик (Новза, Чўпонота, Қозиравот мавзеларида) билан шуғулланган. Маҳаллада мактаб, масжид, бозорча, баққоллик дўконлари бўлган (XX аср боши). Ёзувчи Абдулла Қодирий шу маҳаллада яшаб ижод қилган.
«Тарихи жадидайи Тошканд» китобида Тошкентнинг дастлабки 12 дарвозаси XIV аср охири ва XV аср бошларида ҳам мавжудлиги айтилган. Ўша вақтда ҳар бир дарвозани қўриқлаш маълум бир қабила вакилларига топширилганлиги учун шу қабилалар номлари билан аталган. Асарда даврга оид дарвозаларнинг тўла рўйхати берилиб, баъзиларининг номлари изоҳланган.
1. Қиёт дарвозаси – қиёт қабиласи номидан, қадимда Паркент дарвозаси кейинчалик Қўқон дарвозаси деб аталган.
2. Турклар дарвозаси – турк қабиласи номидан.
3. Ўзбек дарвозаси – ўзбек қабиласи номидан.
4. Тахтапул дарвозаси.
5. Қорасарой дарвозаси – қорасарой қабиласи номидан.
6. Чиғатой дарвозаси – Чингизхон авлодидан бўлмиш Чиғатой улуси номидан.
7. Сўъбониён (Сағбон) дарвозаси.
8. Кўкча дарвозаси – бу ҳам қабила номидандир.
9. Камондорон дарвозаси – камондоронлар бузуқ қабиласидан бир тоифага мансуб.
10. Кангли дарвозаси – бир қабиланинг номидан.
11. Бешёғоч дарвозаси – бу ҳам қабила номидан.
12. Қатағон дарвозаси – қатағон қабиласи номидан (вақтида бу дарвозанинг номи Қўймаскенагас бўлган экан).
Шаҳар дарвозалари сони ҳар доим ҳам 12 та бўлавермаган. Вақти-вақти билан у ёки бу дарвоза, зарур деб топилмаганда, вақтинча беркитилиб қўйилган. Шу сабабдан бўлса керак шаҳар дарвозаларининг сони турли даврларда ёзилган манбаларда турлича кўрсатилган. Миллер – 8 та, Поспелов – 6 та, Филипп Назаров – 12 та кўрсатиб ўтган. Фақат Миллер дарвозалар номини, шаҳарнинг қайси томонида жойлашганини айтиб ўтган: Самарқанд дарвоза – жануби-ғарбда, Бешёғоч ва Терсариқ дарвозалари – жанубда, Шайхон-тоҳур дарвозаси – шарқда, Тарсахон дарвозаси – шимоли-ғарбда, Капкан (Копқа) дарвозаси – шимолда, Точки (Кўкча) дарвозаси – ғарбда.
Жумладан, тарихчилардан Муҳаммад Со-лиҳ ўз даври учун дарвозалар рўйхатини бермаган. Лекин китобнинг XIX аср иккинчи ярми воқеалари баён этилган қисмида қуйидаги дарвоза номлари учрайди: Бешёғоч (Кангли), Хиёбон, Самарканд, Кўкча, Чиғатой, Сағбон, Қорасарой, Тешик-қофқа (Дарвишак-қофқа), Тахтапул, Ўзбек (Лабзак), Оққўрғон (Турк, Хитой), (Паркент, Қиёт), Қўймас (Қирилмос), Эски Шердор дарвозаси (бу номлар орасида бир дарвозанннг ҳар хил аталиши ёки маълум бир даврдагина мавжуд бўлиб, сўнг ўзгариб кетган дарвозалар номининг тилга олиниши ҳисобидан уларнинг умумий сони ортиб кетган). Худди ана шу давр учун тарихчи А.К.Гейнс шаҳар дарвозаларининг тула руйхатини тўрт даҳа бўйича ажратиб ёзган: 1. Лабзак, Тахтапул, Қорасарой; 2.Сағбон, Чиғатой, Кўкча; 3. Самарқанд, Камолон, Бешёғоч; 4. Қўймас, Қўқон, Қошқар.
А. К. Гейнс санаб ўтган дарвозалардан Тахтапул, Қорасарой, Сағбон, Чиғатой, Кўкча, Самарқанд, Бешёғоч, Қўқон дарвозалари Муҳаммад Солиҳ томонидан ҳам қайд этилган, булардан дастлабки бештаси XIV–XV асрлар даври учун берилган дарвозалар рўйхатида ҳам бор.
XIX асрнинг иккинчи ярмида шаҳар девори ва дарвозалари бирин-кетин бузила бориб, тез орада уларнинг изларини топиш мушкул бўлиб қолган. Сабаби бир томондан шаҳар майдонининг кенгайиб боришида бўлса, иккинчидан – бу девор ва дарвозаларни сақлашга ҳам эҳтиёж қолмаганлигида эди. Натижада улар ўз ҳолича ташлаб қўйилган. Масалан, XX аср бошларида А. И. Добросмислов шундай ёзади: «Эски Тошкентнинг девор ва дарвозаларининг кўп қисми нураб бўлган, қолганлари ҳам бузилиб тамом бўлмоқда».
Бироқ дарвозалар вайрон бўлгани билан шаҳарнинг дарвозалар жойлашган қисмлари номига айланиб, узоқ вақт сақланиб қолинмоқда. Жумладан, Бешёғоч, Камолон, Самарқанд дарвоза, Кўкча, Чиғатой дарвоза, Сағбон, Қорасарой, Тахтапул, Лабзак каби номларни кўрсатиш мумкин.
Бу маълумотлар шаҳар топографияси, топонимияси ва тарихини бошқа манбалар билан қиёсий ўрганиб ёритишда муҳим аҳамиятга эга. Дарвозаларнинг ўрнашиш ўринлари билан боғлиқ шаҳарнинг у ёки бу даврга оид турли дарвозаси ўзгариб борганлигини кузатиш шаҳар майдонининг асрлар давомида қанчалик кенгайиб борганлигидан ҳам дарак беради.
Даврлар ўтиши билан дарвозалари рамзий тарзда шаҳарлар ҳудуди марказларида сақланиб қолди. Афсуски, Тошкент шаҳар дарвозаларидан биронтаси ҳам сақланиб қолинмаган. Лекин уларнинг рамзий кўринишларини тиклаш ва шаҳар тарихи билан уйғунлашган ҳолда сайёҳлик объектига айлантирилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Добросмыслов А.Н. Ташкент в прошлом и настоящем. -Ташкент, 1912.
2. Маев Н.А. Азиатский Ташкент (Материалы для статистики Туркестанского края). Ежегодник. Под ред. Н.А.Маева, 1876
3. Муҳаммаджонов А. Қадимги Тошкент. Тарихий ва археологик лавҳалар. - Т., 1988
4. Муҳаммаджонов А. Қанғ – қадимги Тошкент ва тошкентликлар (тарихий лавҳалар). - Т., 2009,
5. А.Ўринбоев, О.Бўриев. «Тошкент Муҳаммад Солиҳ тавсифида» (ХIХ аср). - Т, «Фан».
6. «Тошкент» энциклопедияси, 2009.
