Annotation: During the reign of the Timurid dynasty, Turan, along with its political and military power, achieved high development in science, literature, and art. At the same time, this was a time of development in economic life, especially handicrafts and the urban economy reached their peak. In this regard, the important policies of the Timurid dynasty, in particular, Amir Timur and Shohrukh Mirza, regarding handicrafts, are of particular importance. These rulers acted based on the conditions of the time in implementing their policies. This study analyzes the policies of Amir Timur and Shohrukh Mirza regarding handicrafts, based on primary sources. In particular, the policy of craftsmanship was analyzed based on the work “Introduction” by the famous historian Ibn Khaldun, who was a contemporary of Amir Temur, had the honor of meeting him and talking to him several times during his campaign to Syria in 1401, and earned Amir Temur’s respect and attention, and the work “Nasoikh-i Shohruhii” by Jalaluddin Muhammad Qaini, who served for many еars as a muhtasib during the reign of Shahrukh Mirza.

 

Keywords: Amir Temur, Shahrukh Mirza, Ibn Khaldun, Jalaluddin Qaini, Politics, Turan, Crafts.

 

Аннотация: Темурийлар сулоласи ҳукмронлиги чоғида Турон сиёсий-ҳарбий қудрати билан бир қаторда илм-фан, адабиёт ва санъатда ҳам юксак тараққиётга эришди. Шу билан бирга бу вақт иқтисодий ҳаётнинг ҳам тараққиётга эришган даври бўлиб, айниқса, ҳунармандчилик ва шаҳар иқтисодиёти ўзининг юксак чўққисига кўтарилган эди. Бунда Темурийлар сулоласи, хусусан, Амир Темур ва Шоҳрух Мирзонинг ҳунармандчилик борасида олиб борган муҳим сиёсатлари алоҳида аҳамиятга эга. Бу ҳукумдорлар ўз сиёсатларини юритишда замон шартларидан келиб чиққан ҳолда ҳаракат қилганлар. Бу тадқиқотда бирламчи манбаларга суянган ҳолда Амир Темур ва Шоҳрух Мирзонинг ҳунармандчилик борасида олиб борилган сиёсатлари таҳлил қилинади. Хусусан, Амир Темур билан замондош бўлган, унинг 1401 йил Шомга юриши вақтида у билан учрашиб, бир неча бор суҳбат қуришга мушарраф бўлган ва Амир Темурни ҳурмат-эътиборини қозонган машҳур тарихчи ибн Халдуннинг “Муқаддима” асари ва Шоҳрух Мирзо даврида муҳтасиблик лавозимида узоқ йиллар давомида фаолият юритган Жалолиддин Муҳаммад Қоинийнинг “Насоих-и Шоҳрухий” деб номланган асари асосида ҳунарманчилик сиёсати таҳлил қилинди.

 

Калит сўзлар: Амир Темур, Шоҳрух Мирзо, ибн Халдун, Жололиддин Қоиний, Сиёсат, Турон, Ҳунармандчилик.

 

Аннотатция: В период правления династии Тимуридов Туран, наряду с его политической и военной мощью, достиг большого прогресса в науке, литературе и искусстве. В то же время это было время развития экономической жизни, особенно ремёсел, и городская экономика достигла своего расцвета. В этой связи особое значение имеет политика династии Тимуридов, в частности, Амира Темура и Шахруха Мирзы, в отношении ремёсел. Эти правители действовали, исходя из условий того времени, проводя свою политику. В данном исследовании анализируется политика Амира Темура и Шахруха Мирзы в отношении ремёсел на основе первоисточников. В частности, политика ремесленничества была проанализирована на основе труда «Мукаддима» Ибн Халдуна, известного историка, современника Амира Темура, встречавшегося с ним во время его похода на Шам в 1401 году, имевшего честь несколько бесед с ним и заслужившего уважение Амира Темура, и труда «Насоих-и Шахрухий» Джалалуддина Мухаммада Каини, долгие годы занимавшего пост мухтасиба во время правления Шахруха Мирзы.

 

Ключевые слова: Амир Темур, Шахрух Мирза, Ибн Халдун, Джалалуддин Кайни, Политика, Туран, Ремесла.

 

 

Темурийлар сулоласининг ҳунармандчиликни ривожлантириш йўлидаги сиёсати

Темурийлар сулоласи ҳунармандчиликни ривожлантиришни давлат сиёсати даражасига кўтарган. Ҳунармандчиликни ривож топишида давлат ва ҳукмдорларнинг ўрни ҳал қилувчи кучга эга ҳисобланади. Чунки жамиятда энг катта ва энг таъсирли бозор давлат ҳисобланади. Агар давлат ва унинг аъзолари бир ҳунарга эътибор берсалар, ўша ҳунар тез ривожланади ва кенг тарқалади. Аксинча, агар фақат оддий одамлар бир ҳунарга қизиқсалар, у умумий ва кенг қамровли даражада ривожланмайди, бозори ҳам унча кучли бўлмайди. Демак, ҳунарларнинг гуллаб-яшнаши, уларни бозоргир бўлиши нафақат халқнинг талабига, балки давлатнинг қўллаб-қувватлашига ҳам боғлиқдир [1:726].

Темурийлар сулоласи ҳунармандчиликни ривожлантириш учун бир қанча сиёсий қарорлар қабул қилдилар. Бу сиёсий қарорлардан бири Амир Темур ҳарбий юриш-лар натижасида эгалланган ҳудудлардан уста-ҳунармандларни оилалари билан пойтахт Самарқандга тўплаган ва уларга алоҳида шарт-шароитлар яратиб берган [2:20, 54, 242; 3:166, 215, 306]. Амир Темур Туроннинг пойтахти қилиб Самарқанд шаҳрини танлади ва бу шаҳарни дунёнинг марказига айлантиришга ҳаракат қилди. Турон минтақаси ҳар соҳада дунёнинг маркази бўла олиш учун катта шаҳарлар қуриш, йирик бозорлар ва бу бозорларни тўлдирадиган ҳунармандчилик маҳсулотлари бўлиши керак эди. Лекин бу ишни амалга ошириш учун унинг олдида жуда катта муаммо бор эди. Бу муаммо уста-ҳунармандларнинг етишмаслиги эди. Турон ҳудудида асрлар давомида етишиб чиққан ва бой илмий меъросига эга бўлган уста ҳунармандлар мўғуллар босқини даврида ё ваҳшийларча ўлдирилган ёки бўлмаса улар билан олиб кетилган. Бу сўзимизнинг далили сифатида қуйидаги маълумотларни келтиришимиз мумкин: Аловуддин Отамалик Жувайний Чингизхон бошчилигидаги мўғуллар Самарқандга кирганларида, шаҳарни ер билан яксон қилиб, у ердан ўттиз минг ҳунармандни олиб кетганлигини айтиб ўтади [4:147]. Яна мўғуллар Хоразмдан юз мингдан ортиқ малакали уста-ҳунармандни кўчирган [4:150-151]. Бундан ташқари Жувайний мўғуллар Ўтрор, Банокат, Ҳирот, Марв ва Балх каби шаҳарлардан ҳам жуда тажрибали уста-ҳунармадларни асир қилиб олиб кетганлигини айтиб ўтган [4:122, 126, 157, 172, 173]. Жувайний томонидан санаб ўтилган бу рақамлар мўғул босқини давридаги қирғиндан омон қолган ҳунармандлар эди. Мўғуллар билан бўлган жангларда камида яна шунча ҳунарманд вафот этган бўлиши мумкин. Бундан хулоса қилишимиз мумкинки, мўғул босқинидан олдин Туронда асрлар давомида шаклланиб келган Турон ҳунармандчилик анъанаси бор эди ва бу жуда юксак савияда эди. Шуни таъкидлаб ўтишимиз лозимки, Туронда шаклланган юксак даражадаги ҳунармандчилик эллик ёки отмиш йилда шаклланган эмас эди. Бу бир неча юз йилликлар давомида шаклланган. Мўғул босқинидан сўнг бу ҳолат аянчли аҳволга тушиб қолди.

Шу ўринда Туронда Ануштегинийлар сулоласи ҳукумронлиги чоғидан Темурийлар сулоласи ҳукумронлиги чоғигача, яъни мўғул босқинчилари ҳукумронлик қилган даврда ҳунармандчиликнинг оғир ва тушкин ҳолга тушиб қолишининг бир қанча сабаблари бор эди. Ҳунармадчиликни пасайишига ва охир-оқибат йўқ бўлиб кетишига олиб келадиган сабаблар сифатида шаҳарларнинг таназзулга учраши, аҳоли сонинг озайиши, умумий фаровонликни пасайиши ва одамларнинг ҳашаматдан қайтиши каби сабаблар билан боғлиқ [1:726]. Мўғул босқинидан сўнг Туронда мана шу ҳолатларнинг барчаси содир бўлган. Бундан ташқари ибн Халдун юқорида санаб ўтган сабабларни суғориб, озиқлантириб турадиган энг бош сабаб сифатида кўчманчилар, яъни чўл ва саҳро ҳаётига чуқур боғланган кишилар шаҳар маданиятига хос бўлган ҳунармандчилик ва маданий соҳалардан мутлоқ йироқликларини айтиб, улар босиб олган юртларда ҳунарлар ривожланмаслигини таъкидлаб ўтган [1:726, 727]. Мўғуллар ҳам кўчманчи дашт ҳаётида яшаганликлари учун Турондаги юксак маданий ҳаётнинг нима эканлигини ҳатто англамаганлар. Шу сабабдан Туронда мўғул босқини чоғида ҳунармандчилик оғир ҳолга тушиб қолди. Бу дегани Туронда ҳунармадчилик тамоман йўқ бўлиб кетди дегани эмас. Инсон яшаши учун зарур бўлган ҳунармандчилик турлари сақланиб қолган, албатта.

Ҳунарлар икки турга бўлинади: содда ҳунарлар ва мураккаб ҳунарлар. Содда ҳунарлар бу инсон ҳаёти учун зарур бўлган ҳунарлар. Мураккаб ҳунарлар бу ҳашамат, дабдаба ва нозикликни талаб қиладиган ҳунарлардир [1:722]. Мураккаб ҳунарларга наққошлик, заргарлик, хаттотлик ва китоб кўчириш каби нафосат ва маданий қадриятларга хизмат қиладиган ҳунарлар киради [1:726]. Мўғул босқинидан сўнг мана шу мураккаб ҳунарлар йўқ бўлиш хавфига йўлиқди. Аслини олганда ҳунармандчилик сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан барқарор бўлган муҳитда ривож топади. Мўғул босқинидан олдин, Ануштегинийлар сулоласи ва ундан олдинги ўзбек сулолалари даврида ҳунармандчилик жуда тараққий этган эди. Лекин мўғуллар бутун шаҳарларни вайрон қилиб, ҳунармандчилик марказларининг кулини кўкка совурдилар. Бу вазиятда ҳунармандлар оғир ҳолатга тушиб қолдилар ва баъзилари юртни ташлаб кетишга мажбур бўлдилар. Ҳунарлар фақат уларга эҳтиёж ва талаб кучли бўлса ривожланади. Шаҳар иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан заифлашиб, фаровонлик камайганда, одамлар фақат зарур тирикчилик билан чекланади, ҳунармандлар эса тирикчилик тополмай бошқа жойларга кетадилар ёки шогирд қолдирмай вафот этадилар. Натижада, ҳатто нақшчилик, заргарлик, котиблик ва китоб кўчириш каби фаровон ҳаётга оид бўлган ҳунарлар аста-секин бутунлай йўқолади [1:726]. Туронда ҳам мўғул босқинидан сўнг мана шу ҳолат юзага келган эди. Буни жуда яхши англаб етган Амир Темур замон шартларидан келиб чиққан ҳолда Самарқандни дунёнинг ҳар жиҳатда пойтахти бўлиши, илмий ва маданий марказига айлантиришни ўз олдига мақсад қилган эди. У эгаллаган ҳудудлардаги ҳунармандлар, олимлар, меъморлар ва бошқа мутахассисларни оилалари билан бирга Самарқандга кўчириб келтирган [5:183]. Амир Темурнинг бу кўчириш сиёсатини ибн Халдуннинг қуйидаги фикрлари билан изоҳлаш мумкин: “шаҳарлар фақатгина ишчиларнинг кўплиги ва уларнинг ўзаро ҳамкорликда ишлаши натижасида барпо этилади. Яъни, бир жойда катта миқдорда меҳнаткашлар жам бўлмасдан туриб, катта шаҳарларни қуришнинг иложи йўқ. Агар бир давлат жуда катта бўлиб ва унинг ҳудуди кенг бўлса, бу давлат ичидаги турли вилоятлардан ишчилар бир жойга тўпланади. Улар биргаликда йирик бинолар, иншоотлар, шаҳарлар барпо этади” [1:632]. Ибн Халдуннинг бу фикрларидан Амир Темур нега кўчириш сиёсатини амалга оширганлигини яққол асл моҳиятини кўришимиз мумкин бўлади. Амир Темур Шомни эгаллаган вақтда, ибн Арабшоҳ таъбири билан айтганда “Темур Дамашқдан фазилат эгаларини, турли ҳунар аҳлларини, моҳир косиблар, тўқувчи, тикувчи, сангтарош, дурадгор, темир қалпоқ ясовчи, отбоқарлар, чодир ясовчилар, наққошлар, ёй ясовчилар, лочиндорлар – бир сўз билан айтганда қандай ҳунар аҳли бўлса бирга олиб кетди” [2:253]. “Темур қандай ҳунар ва касб бўлмасин, агар унда бирор фазилат ва шарофат бўлса, шу касб эгаларига ғоята меҳр қўйган эди” [2:398]. Арабшоҳнинг бу маълумотларини Темурийлар тарихчиси Шарофиддин Али Яздий ўзининг “Зафарнома” асарида ҳам тасдиқлаб, Амир Темурнинг юришлари ҳақида баҳс юритар экан, ўзи эгаллаган турли ҳудудлардан уста-ҳунармандларни оилалари билан Самарқандга кўчириб олиб келганлиги тўғрисида ёзади. Яздий Амир Темурнинг ҳунармадларни оилалари билан кўчирганлиги алоҳида урғулашидан шуни хулоса қилишимиз мумкинки, ўрта асрларда ҳунармандчилик асосан оилаларда отадан болага, онадан қизга ўтган. Амир Темур эса буни жуда яхши билар эди. Бундан ташқари, бу ҳунармадларда ўзларининг техник ускуналари ҳам бўлган. Бу техник ускуналар орқали маълум иш жараёнларини енгиллаштиришган ва тезлаштиришган. Бу фикрларимизни ибн Халдун ҳам тасдиқлаб, шундай дейди: “Қурилишда техник воситалар ҳам катта ёрдам беради. Чунки бу каби техник ускуналар инсон кучини бир неча баробарга оширади. Оддий инсон кучи билан кўтариб бўлмайдиган ёки кўчиришнинг имкони йўқ бўлган оғир юклар шундай ускуналар ёрдамида осонлик билан кўтарилади” [1:632]. Шу боис бизнинг фикримизча, Амир Темур ҳунармандларни нафақат оилалари билан, балки, ҳунарманд-
чиликда ишлатиладиган техник ускуналари билан кўчириб, ўз мамлакатида уларга катта-катта имкониятлар яратиб берган.

Амир Темур томонидан амалга оширилган ҳунармандчилик борасидаги сиёсатлардан яна бири ҳунармандларни шаҳзодаларга бўлиб берган [3:306, 362; 6:187]. Бундан кўзланган мақсад шуки, ҳунармадлар оддийгина меҳнаткаш киши эмас, балки давлат учун қимматли бўлган иқтисодий тирик манба эди. Чунки улар қурол-яроғ, кийим-кечак, сопол буюмлар, ипак, олтин-кумушга ишлов бериш, қурилиш ва бошқа соҳаларда маҳсулот ишлаб чиқаришарди. Шу сабабли Амир Темур уларни шаҳзодалар хизматига бериб, уларни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаган бўлиши мумкин. Бундан ташқари Темурий шаҳзодалар ҳукумдор томонидан маълум ҳудудларга ҳоким қилиб тайинланган. Амир Темур томонидан ҳунармандларни шаҳзодаларга тақсимлаб бериш орқали ўша ҳудудларда янги-янги ҳунармандчилик марказларини вужудга келтириб, шаҳарнинг иқтисодий шароитини яхшилаш бўлган.

Темурийлар сулоласи томонидан амалга оширилган ҳунармандчилик борасидаги сиёсатлардан яна бири сулола вакиллари томонидан ташкил қилинган тўй ва базмларда ҳунармандлар ўзларининг ҳунарлари ва тайёрлаган маҳсулотлари билан қатнашиш-
лари керак эди [2:316; 3:246, 437; 6:173]. Бу фикримизга манбаларда далиллар кўп. Шулардан бири ибн Арабшоҳ Амир Темурни Самарқанднинг Конигил мавзейида ташкиллаштирган тўй маросимида барча ҳунар эгаларига ўз ҳунарларини намойиш этишга топшириқ берган [2:316]. Бундан ташқари Абдураззоқ Самарқандий ҳам Хитой ҳукумдори томонидан юборилган элчилар Ҳиротга етиб келганида, Шоҳрух Мирзо томонидан махсус фармон чиқарилганлиги, ушбу фармонга кўра, шаҳар ва бозорларни байрамона безаш, ҳунармандларнинг эса ўз санъат ва маҳоратини тўлиқ намоён этиб, устахона ва дўконларини чиройли кўринишга келтириш буюрилган [7:222]. Бу оддий ишлардан бири бўлиб кўриниши мумкин, аслида эса бундан кўзланган мақсад ҳунармандлар тайёрлаган маҳсулотларини тўй ва катта базмларда кўрсатиш орқали ўз маҳсулотларини реклама қилиш имкониятига эга бўлишган.

Темурийларни ҳунармандчилик борасида амалга оширган сиёсатларидан яна бири давлат томонидан ҳунарлар “ягона эгалик” асосида шахсларга берилган. Буни Шоҳрух Мирзо чоғида муҳтасиблик лавозимида ишлаган Жалолиддин Муҳаммад Қоиний ўзининг “Насойиҳ-и Шоҳрухий” асарида ҳар қандай ҳунар ёки касб бўлмасин бир кишига ижара тарзида берилганлиги ва бошқа бировга ўша ҳунар билан шуғулланишга йўл қўйилмаганлигини айтиб ўтади [8:208, 209]. Қоиний буни совун ишлаб чиқариш мисолида кўрсатиб, ўша дамда расмий совун ишлаб чиқарувчи ҳунармандлардан ташқарида сувун пишираётганларга катта солиқ солиб, уларни бу ҳунар билан шуғулланишига тўсқинлик қилинаётганлигини айтади ва бу ишлар шариъат қонунларига зид эканлигини билдиради [8:208]. Қоиний бу сиёсатлар натижасида халқ жуда қийин аҳволга тушиб қолаётганлигини айтиб, нархлар кўтарилиб кетаётганлигини ҳам таъкидлайди [8:208]. Бу маълумотларни таҳлил қиладиган бўлсак, Темурийларнинг “ягона эгалик” сиёсати, маълум бир ҳунарлар билан, давлат томонидан рухсат берилган маълум бир кишилар шуғулланиши тушунилади. Бунинг натижасида ҳунармандлар ишлаб чиқарган ҳунармандчилик маҳсулотларидан давлатга солиқ тўлаганлар ва маҳсулатларни эса халққа ўзлари истаган нархга сотганлар. Бу эса аҳолининг камбағал кишиларига жуда қийинчилик туғдирган. Бу ҳолатга бошқа томондан қарайдиган бўлсак, давлат томонидан ҳунарлар “ягона эгаллик” асосида маълум шахсларга берилиши Темурийлар сулоласи чоғида алоҳида ҳунармандчилик мактабларини вужудга келишига имкон яратиб берган. Мисол тариқасида келтирадиган бўлсак, давлат заргарлик ҳунари билан шуғулланишни ўзи тайинлаб олган кишиларга бериши орқали заргарлик ҳунармандчилик мактабларини яратади. Чунки маҳоратли ҳунарманд бўлиш жуда узоқ вақт талаб қилади. Ҳар қандай киши ҳам бу ишларни уддасидан чиқавермайди. Ҳунармандчилик мактабларини яратиш орқали маълум ҳунар соҳаларида истедодли шахслар тайёрланган. Ибн Арабшоҳ ҳам Амир Темур бир зиёфат уюштириб, унга турли табақаларга мансуб кишиларни таклиф қилганлиги ва у ерга ташриф буюрган ҳунармандларни ўз касбига оид устозлари атрофида ўтқизганлигини айтади [2:93]. Шундан ҳам хулоса қилишимиз мумкинки, Темурийлар даврида жуда катта ҳунармандчилик мактаблари яратилган.

Темурийларни ҳунармандчилик борасида амалга оширган сиёсатларидан яна бири ҳунармандларни уларнинг ҳунари юзасидан бир шаҳардан бошқа шаҳарга кўчиришдир [8:210]. Қоиний Ҳиротдан Самарқандга кўчирилаётган ҳунармадлар ҳақида сўз юритиб, Турон ҳукумдори Шоҳрух Мирзога бу иш ҳунармадлар учун зулум эканлигини айтиб, бу ишни бекор қилиш кераклигини илтимос қилади. Шундан сўнг Шоҳрух Мирзо ҳунарманд-
ларни кўчиришни бекор қилади [8:211]. Бу кўчириш сиёсатининг юқорида айтиб ўтилган кўчириш сиёсатидан фарқи шуки, юқоридаги кўчириш сиёсатида ҳарбий юришлар вақтида эгалланган ҳудудлардан ҳунармандлар кўчириб келтирилар эди. Ҳозир сўз юритаётганимиз кўчириш сиёсати эса, ички кўчириш сиёсати ҳисобланади, яъни давлат ҳудудидаги бир шаҳардан иккинчи шаҳарга кўчиришдир. Қоиний берган бу маълумотлардан яна шундай тўхтамга келишимиз мумкинки, Темурийлар даврида шаҳарлар маълум ҳунарларга ихтисослашган. Аслида бу ҳолат ўрта аср ҳунармадчилигига хос ҳолат бўлиб, ибн Халдун ҳам баъзи ҳунарлар баъзи шаҳарларга ихтисослашганлигини айтиб, ўша шаҳар аҳолиси ўзларига ихтисослашган ҳунарларидан тирикчилик қилишларини таъкидлаб ўтган [1:683].

Темурийлар сулоласининг ҳунармандчилик борасидаги сиёсатларидан яна бири ҳунармандчиликка оид солиқ сиёсатидир. Бу пайтда ҳунармандлардан қолонот ва муъанот деб номланган солиқ йиғиб олинган [8:213]. Қоиний бу солиқларни ҳунармандлардан олиш тўғри бўлмаслигини айтади. Унинг фикрича мол-мулк икки турга бўлинади: биринчиси зоҳирий мулк, яъни кўриниб турадиган мулк, масалан, чорва, ушр олинадиган ерлар ҳосиласи ёки хирож ерларидан тушадиган даромад. Иккинчиси ботиний мулк, яъни кўринмайдиган мулк. Юқорида санаб ўтилганларидан ташқари нарсалар. Биринчи турдаги мулклардан давлат солиқ йиғиб олиши мумкин. Лекин иккинчи турдаги нарсалардан солиқ олиб бўлмайди. Агар ҳунармандларни закот тўлайдиган чорваси бўлмаса, ушр солиғини тўлайдиган ери бўлмаса ва хирож тўлайдиган ер-майдони бўлмаса, ҳунармандларни ҳунарларидан солиқ олиш шариатга муофиқ эмасдир [8:204].

Тўхтам

Тўхтам сифатида айтиш мумкинки, Амир Темур ва Темурийлар мўғуллар босқини оқибатида издан чиққан иқтисодий ҳаётни тиклаш жараёнида, хусусан, ҳунармандчилик соҳасида муҳим бўлган сиёсатларни амалга оширди. Темурийларни бу сиёсатини очиб беришда араб манбаларининг аҳамияти жуда катта ҳисобланади. Ҳукумдорлар ўз сиёсатларини юритишда замон шартларидан келиб чиққан ҳолда ҳаракат қилганлар. Ҳунармандчилик борасида олиб борилган бу сиёсатлар натижасида жуда кўп ижобий ўзгаришлар бўлди, лекин баъзан салбий ҳолатлар ҳам юзага келганлигини ҳам айтиб ўтишимиз лозим. Бу сиёсатлар натижасида жуда катта ҳунармандлар жамоалари Туронга кўчириб келинди, ҳунармандлар ўзлари тайёрлаган маҳсулотни тўй ва базмларда намойиш қилиш имкониятига эга бўлдилар ва бунинг натижасида бозорлар кенгайди. Сулола томонидан ҳунарлар “ягона эгалик” асосида шахсларга берилди ва натижада Темурийлар сулоласи чоғида алоҳида ҳунармандчилик уюшмалари вужудга келди. Бу даврда ҳунармандлардан қолонот ва муъанот каби солиқлар олинган.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1.        ибн Ҳалдун. Мукаддиме. – Истанбул: Дергаҳ Яйинлари, 2022. – С. 1213.

2.        Ибн Арабшоҳ. Ажоиб ал-мақдур фи тарихи Таймур. – Тошкент: Фан, 2019. – Б. 513.

3.        Шерефüддин Али Езди. (2013). Зафернâме. – Истанбул: Селенге, 2013. – С. 512.

4.        Алааддин Ата Мелик Cüвейнî. (2013). Тариҳ-и cиҳан гüşа. – Анкара: Турк Тариҳ Курум, 2013. – С. 653.

5.        Ибн Қодий Шаба. (1997). Тарих ибн Қодий. – Дамашқ: Ал-маъҳад ал-Фронсий лид-диросат би-Дамашқ, 1997. 4-жилд – С. 767.

6.        Ҳондамир. (2013). Ҳабиб ус-сияр фи ахбори афроди башар. – Тошкент: Ўзбе-
кистон, 2013. – Б. 1271.

7.        Абдураззоқ Самарқандий. (2008). Матлаи Саъдайн ва Мажмуаи Баҳрайн. – 2-жилд 1- бўлим. –Тошкент: Ўзбекистон, 2008. – Б. 632.

8.        Жалол ибн Муҳаммад Қоиний. (2025). Насоих-и Шоҳрухий. –Теҳрон: Мерос Мактуб, 2025. –С. 496.