Инсонни доим қизиқишлари бошқа-риб келади. Менинг тарихга бўлган қизиқишим ҳаётимни қайсидир маънода бошқариб келган деб айта оламан. Умрим тарихни ўрганиш, унинг замиридаги сир-синоатларни халққа етказиш мақсадида ўтди. Бу ўтган умримдан доим фахрланиб келаман ва сира ачинмайман. Ўз соҳамда академик бўлганим учун эмас, олдимга қўйган мақсадларимга эришганим учун!
Мен Наманган вилояти, Норин туманининг сўлим Учтепа қишлоғида туғилиб ўсганман. У дамлар туманда мактаблар кам, уч-тўрт қишлоқ болалари бир жойга қатнаб ўқирди. Мен ҳам тўққизинчи синфгача ўзимизнинг қишлоқ мактабида, сўнг ўнинчи синфни Норинкапа қишлоғида тугатдим. Айнан мана шу мактабга ўтганим, менинг ҳаётимда катта ўзгариш ясади. Адабийроқ қилиб гапирадиган бўлсак, ҳаёт йўлимни бошқа йўлга «буриб» юборди. Бу мактабга асли Тошкентлик бўлган Дўстмуҳаммедов деган домла директор бўлиб келган, у қишлоқдаги ягона тарих ўқитувчиси эди. У биринчи дарсига кириши билан тарих ҳақидаги шу пайтгача ибтидоий фикрларимни ўзгартириб юборди. У ҳар гапирганда бутун синф сув қўйгандай жим бўлар, барча унинг қизиқарли тарихий ҳикояларига қулоқ тутарди. Устоз бўйдор, салобатли, очиқ кўнгилли инсон эди. Унинг ўз касбига бўлган муҳаббатини кўриб менинг тарих фанига қизиқишим ошиб кетди ва ўз олдимга тарихчи бўламан, деган катта мақсадни қўйдим. Шу маҳалгача мен кимё ўқитувчиси бўлишни хоҳлардим, шунинг учун кимё дарсларида фаол қатнашар, ҳатто қабристонлардаги бош чаноқларни ўрганишда фан ўқитувчисига ёрдам ҳам берардим. Аммо тарих ўқитувчисининг сеҳри ва тарбияси мени, умуман, бошқа соҳага буриб юборди. Бир ўқитувчининг таъсири бола тарбиясида қанчалик муҳим эканлигини шундан ҳам билсак бўлади. Ўша пайтлар ўқитувчи касбининг нуфузи жуда баланд эди. Агар бирор хонадонга ўқитувчидан совчи келибди деса, ўша уй эгалари хурсанд бўлишарди. Чунки ўқитувчи касбига шарафли ва савобли иш, деб қарашарди. Ҳозир эса савдогар ёки банкирларга шундай муносабатда бўлишлари мумкин.
Бир куни тарихчи устозим менга тўсатдан бир савол бериб қолди: – «Айтчи, Аҳмадали, нега сенинг қишлоғингни Учтепа деб атайди?» Мен бу саволдан каловланиб қолдим, ростан нега? Бу саволнинг жавобини билмасдим. Шунинг учун бироз бошимни эгиб, кўз остидан устозга қарадим-да: – «Узр устоз, нима учун қишлоқ Учтепа деб номланганини билмайман», дедим. Устоз мен кутгандай уришмади, аммо менга бошқа саволлар бера бошлади. Мен ҳам пайдар-пай саволларга жавоб бера бошладим. Устозим жавобларимдан қишлоғимни номини тушунтириб берди: – «Сизларнинг қишлоқ булоғи билан машҳур экан. Демак, бу ерга шифобахш сув туфайли одамлар келиб ўрнашган. Сув бор жойда ҳаёт бўлади. Шунинг учун ота-боболарингиз бу ерга келиб яшаб қолишган. Булоқнинг олдида бир тепа бор экан, қишлоқ адоғида яна бир тепа бўлса, булоқнинг кун ботиш томонида яна бир тепа бор деяпсиз, демак, қишлоқда учта тепа бор. Шунинг учун қишлоқ Учтепа деб номланган. Аҳмадали, одам ўз қишлоғининг келиб чиқиши тарихини билиб олиши керак. Агар инсон ўзининг тарихини билмаса, у одам ҳисобланмайди. У бир ҳайвондай гап», деб ҳеч қачон эсимдан чиқмайдиган ўгитни бердилар. Шу гаплардан сўнг мен тарих нақадар муҳим соҳа эканлигини, у ўзлигимизни таъмин этиб туришини англаб етдим.
Ўрта мактабни тугатиб, Тошкентдаги дорилфунуннинг Шарқшунослик факультетига ўқишга топширдим, аммо талаба бўлолмадим. Аммо шу тўплаган баҳоларим билан мени юридик факультетга қабул қилишди. Мен шунга ҳам хурсанд бўлиб, ўқишни бошлаб юбордим. Икки ойча таълим олгач, ота-онамни соғиниб Наманганга йўл олдим. Менинг келажакда судя, прокурор бўлишимни эшитиб яқинларим хурсанд бўлишини кутгандим, аммо ундай бўлмади. Онам менинг келажакда одамларни тергов қиладиган, суд қиладиган касб эгаси бўлишимни истамади. Чунки тоғам, яъни онамнинг укаси қандайдир ишларга алоқадор бўлгани учун судга тортилиб, қамалган, бундан онам қаттиқ азият чекканди. Тоғам минг қилса ҳам ўзининг жигари, шунинг учун унга қамоқ ҳукмини ўқиган судялар, прокурорлар инсонларга жабр берувчи бўлиб кўринган бўлса керак-да, шунинг учун менинг ўқишимни давом эттиришимга қўйишмади. Онам мени хафа, норози бўлиб турганимни кўриб бошимдан силаганча: «Сен одамларга яхшилик, нур берадиган соҳани танла, аммо зинҳор одамларни суд қилиб, уларга жабр берадиган касбни танлашингга йўл қўймайман, менинг ўғлим ундай одам бўлмайди», дедилар. Шундан кейин мен ўқишга қайтиб бормадим.
Кейинги йили эса Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Тарих факультетига ўқишга кирдим. Орзуларим кўп, тиришиб ўқишга, келажакда яхши, онам айтганидай бировларга нур таратадиган педагок бўлишга ҳаракат қиламан. Мен ҳам яхши ўқитувчи бўлиб, шогирдлар тарбиялагим келади. Ўша йилнинг ўзида бизга археология фанидан Яҳё Ғуломов дарс бера бошлади. Домла биринчи дарсидаёқ бизни маҳлиё қилиб қўйди. У маърузани шу қадар қизиқарли қилиб ўтардики, биз беихтиёр ибтидоий одамларнинг яшаш ҳолатларини кўз олдимизга келтирар ва қадим тош асрларга хаёлий саёҳат қилгандай бўлардик. Устознинг илк сўзлари ҳамон қулоғимдан кетмайди, домла ўзларини таништира туриб шундай деганди: «Мен сизларга энг қадимги тарих ҳақида ҳикоя қилувчи археология фанидан дарс бераман. Бу фан қадимги ёдгорликларни ўрганиб, уларни қазиб олиб, таҳлил қилиб манбалар йиғади. Манбалар асосида тарих тикланади. Манбаларга асосланган тарихгина ҳақиқий тарих бўлади». Шундай қилиб домла ўзининг бор-йўғи ўн олти соат дарсида ҳаммани археолог қилиб қўйди.
Ўқишни тугатиб Наманганга, ўз қишлоғимга қайтдим. Мен қишлоғимизга биринчи олий маълумотли тарихчи бўлиб бордим. Бутун қишлоқ, мактаб аҳли жуда хурсанд бўлди. Орзу ва ниятлар билан мактабда дарс ўта бошладим. Аммо қувончим узоқ чўзилмади. Пахта мавсуми бошланди, «Ҳамма нарса пахта учун» дея қизил шиорлар барча жойга осиб ташланди. Менга учинчи синф ўқувчиларини беришди. «Уларга пахта тердирасан ва бирор нарса бўлса жавоб берасан», деб тайинлашди. Биз пахта даласига кетдик. Улар 26 нафар, ҳали жуда кичкина болалар эди. Пахта даласига отландигу, ўйлайман, бу гўдаклар қандай пахта териши мумкин, ахир бўйи ғўзапоядан калта бўлса, шу ҳам инсофданми?
Пахта даласига тушганда ҳам болаларни шунча терасан, деб зўрламадим, улар пахта даласи ичида ўйнаб юраверишди, улар ўрнига ўзим тердим. Ёшлигимдан пахтани чаққон терар, агар ҳаракат қилсам, шу 26 та бола терадиган пахтани битта ўзим теришга ҳам эришардим. Аммо ёмғир томчилаб турган кунларнинг бирида болаларни тутнинг панасига олиб чиқиб ўтирсам, вилоятнинг бир каттаси келиб қолди. У кела солиб, нега болаларга пахта тергизмай ўтирганимни сўради. Мен унга ёмғир ёғаётгани, болалар ҳеч қанча пахта термай шамоллаб қолишларини айтдим. У менинг кўзларимга қачондан бери қидириб юрган ашаддий жиноятчига тўсатдан дуч келган одамдай қараб, ўшқира кетди: «Сен ватанимиз сиёсатига қаршимисан? Унинг тақдирига бефарқмисан? Нима, чаноқдаги пахталар қолиб кетаверсинми?». Мен эса унинг гапига жавобан: «Тўғри, пахтанинг қолиб кетиши ёмон, аммо бу оппоқ пахтадан кўра мана бу йигирмата боланинг жони қимматли бўлса керак, ахир булар келажагамиз-ку!» деб жавоб бердим. Ўша маҳаллар вилоятнинг иккинчи одамининг гапини бу таҳлит қайтариш катта жиноят ҳисобланарди. Ўша куни бошимга калтак синиши ўйлаб болаларни олдимга солиб, уйга эртароқ қайтиб кетдик. Кутганим-дай, эртасига мени директорнинг хонасида роса дўппослашди. Саводсиздан олиб ва давлат мафкурасини тушунмасликда, бетга-чопарликда айблашди. Шунда мен уларга менга жазо беришнинг яхши йўли борлигини айтдим. Буни кечаси билан пишитиб, ўйлаб келгандим-да. «Қуруқ гаплар билан мажлис қилгандан кўра, менга пахта тердиринглар, шу менга жазо бўлади, сизларга, давлатга фойда бўлади. Шунда вилоятнинг каттаси ҳам ўзининг гапи ўтганидан хурсанд бўлади». Улар гапимдан ҳанг-манг бўлиб қолишди ва бирин-кетин савол бера бошлашди: «Сен нимага ишониб бунча катта кетаяпсан? Бир кунда қанча пахта терасан? Аввал ҳам пахта териб қойиллатган жойинг борми?». «Ҳа – дея жавоб бера бошладим мен уларга, – мен фақат ўз иродам, ўзимнинг қўлларимга ишонаман. Мен агар ғайрат қилиб ишласам, бир кунда 250 кг.дан кам пахта термайман. Агар пахта яхши бўлса, 300, 350, ҳатто 400 кг пахта теришим мумкин. Исбот эса талабалик йилларимда Шароф Рашидовнинг битта фахрий ёрлиғини ва қўлидаги соатини яхши пахта терганим учун олганман. Истасангиз уни олиб келиб кўрсатишим мумкин. Менга ишонинглар, ўзим ўша учинчи синфда ўқийдиган 26 та боладан кўпроқ пахта тераман. Бундан ташқари, сизларга яхши тарғиботчи вазифасини бажариб бераман», дедим. Улар бундан ҳайратда қолиб бироз туришди, кейин туман катталаридан бири мени машинага ўтқизиб, чекка бир колхознинг қолоқ бригадасига олиб кетди. Менга уч маҳал овқат, терган пахтамни олиб чиқиш учун бир ишчи белгиланди. Шундай қилиб мен пахта теришга тушиб кетдим. Биринчи куни 250, иккинчи кун 270 кг, учинчи кун 300 кг.га чиқардим. Тўртинчи кун далани журналистлар босиб кетди. Улар мен терган пахтани ҳисоблашар, мени суратга туширишарди. Мен эса кўпроқ, ғайрат қилиб теришга ҳаракат қилардим. Нима бўлса уларга ўзимнинг ҳақлигимни исботласам бўлди, дегандим. Ўша давр газеталарида «Олий маълумотли Аҳмадали Асқаров бугун мана шунча пахта терди, эртага бунча термоқчи» деган мақолалар чоп этиларди. Мен эса олий маълумотли бўлиб, қўлларим қонаб, чангга беланиб пахта териб юрганимдан, у ёқда ўқувчиларимнинг билимсиз қолаётганидан куйинар, ичим зил кетарди. Шундай қилиб бир ой пахта тердим. Охирида совға сифатида битта чарм этик совға қилишди. Шу этикни қўлтиқлаганча яна ўз ишимга, ўқувчиларим ёнига қайтдим.
Тинчгина мактабда ишлаб юрувдим, мени туман партия қўмитасига ишга чақириб қолишди. Уйдагилар ҳам, бутун қишлоқ аҳли ҳам хурсанд бўлди. «Энди сен катта одам бўлиб кетасан», дейишди. Мен ҳам бундан ғурурланиб, ишга ўтишга рози бўлдим. Аммо бу ишга мени бирдан олишмас экан. Чунки мен ҳали партияга аъзо эмасдим, менга таклиф қилинган лавозимда ишлаш учун, албатта, партияга аъзо бўлиш керак экан. Шунинг учун мени олти ойлик ўқишга жўнатишди ва яна Тошкентга келиб тарғиботчилар тайёрлаш курсида ўқий бошладим. Бу ўқиш айнан бизнинг педагогика университетида бўлаётгани учун ҳамма ўқитувчилар таниш эди. Шунинг учун дарслар менга унча қизиқ туйилмади. Айрим ўқитувчилар менга дарсни топшириб, ўзлари бошқа ишлари билан овора бўлишарди. Шундай зерикарли ўтаётган кунларнинг бирида тасодифан трамвайда устоз Яҳё Ғуломовни кўриб қолдим. Домла билан дилдан сўрашиб кетдик. У аспирантурага топширмай кетиб қолганимга куйинди. Мен эса домлага қувлик қилиб, ўзимнинг партияга ўтаётганимни, келажакда катта амалдор бўлиб кетишимни айтиб мақтандим. Домла менга шунда қаҳрли қараб: – «Сенга аспирантурага йўлланма бергандик, сен қишлоғингга кетиб қолибсан, энди эса партияга кираман деябсан. Эсингни еб қўймадингни, бола?! Йиғиштир ҳавойи ниятларингни, сендан сиёсатчи чиқмайди, сендан олим чиқади» деди. Совет даврида бундай гапларни айтиш жасорат саналарди. Кейин домлам мени Тарих ва археолигия институтига олиб борди. Ўша маҳал Яҳё Ғуломов институтнинг директори экан. У илмий котибини чақириб: «Бу боланинг ҳужжатларини олиб қолинг, у аспирантурага кириши керак», деди. Шу-шу тақдир мени яна ўз ўзанига буриб юборди. Аспирантуранинг имтиҳонларини бешга топширдим. Кейин ўқишга қабул қилинганим ҳақида маълумотнома беришиб, ҳужжатларимни мактабдан олиб келиш учун қишлоғимга жўнатишди. Қишлоққа бориб ҳужжатларимни олаётганимда мени ҳарбий хизматга чақириб қолишди. Турли ҳарбий кўриклар бошланди. Ҳаммасидан ўтдим. Тасодифни қарангки, вилоят комиссариятининг бошлиғи менинг аспирантурага кирганимни эшитиб, ҳарбий хизматдан кўра, илм-фанга хизмат қилишимни хоҳлаб мени хизматдан олиб қолди. Мен ўқишга жўнадим.
Ўқишни яна пахтадан бошладик. Ўша йили ёш аспирантларнинг ҳаммаси 23 декабргача пахта терди. Янги йилга яқин уйга қайтиб кел-дик. Келишимиз билан Яҳё Ғуломов ҳаммамизни олдига солиб Россиянинг турли жойларига ўқишга олиб кетди. Тўртта талабани Москвага, мен билан яна бир курсдошимни Петербургга олиб келди. У ерда домланинг ҳурмати жуда баланд экан. Яҳё Ғуломов келганини эшитган барча олимлар, домлага ҳурмат кўрсата бошлади. Уларнинг устозимга бўлган ҳурмат-иззатини кўриб яна бир бора археологияга бекор қадам қўймаганимни тушуниб етдим.
Тарих фанлари доктори, профессор, таниқли археолог Михаил Петрович Грязнов менга раҳбарлик қиладиган бўлди ва ўша куннинг ўзида менга ўрганиш учун мавзу ҳам танланди.
Илмий раҳбарим Грязнов ҳам жафокаш олим эди. Уйининг ичи тўла китоб бўлиб, қачон борсам, бўш жой топиш амримаҳол эди. Ҳамма жойга китоб қўйилганидан ўзи бир чеккада, хотини нариги чеккада ётишарди. Мен бу домла мисолида илм учун қанча фидойи бўлсанг, шу қадар юксалиш мумкин эканлигини англаганман.
Тарих ва археология фанига бағишлаган ҳаётим давомида бутун Ўрта Осиёни айланиб чиқдим. Яҳё Ғуломов бошлиқ экспедицияларнинг доимий иштирокчиси эдим. Кечинчалик устозимнинг кўпгина ишларини давом эттириш насиб қилди. Бундан ташқари, Орол денгизидан Қора денгизгача бўлган ҳудудларни ўрганиш, қазиш ишларини олиб бориш ва кўплаб кашфиётлар қилишга эришдим. Бронза даврига оид «Замонбобо» қадамжосини ўргандим. Бундан ташқари Зарафшон водийси бўйларидаги бронза даврига оид кўплаб қабристонлар, ер тўлалар ва қирқдан ортиқ қадимий манзилгоҳларни кашф қилдим. «Замонбобо» манзилгоҳи мени фан оламига машҳур қилди.
Бундан ташқари, Сурхондарё вилоятидаги Жарқўтон, Кучуктепа, Пишактепа, Мўллали, Кичиктепа каби йигирмадан ортиқ манзилгоҳларни тўлиқ ўрганиш ва уларни фан оламига олиб чиқиш менга насиб қилди. Сополлитепа қадамжоси эса бутун оламнинг ҳайратини бизнинг диёрга қаратди.
Сополлитепа манзилгоҳини ўрганиш орқали юртимизда шаҳар ва ўтроқ деҳқончилик маданияти тарихи бир ярим минг йилга қадимлаштирилди. Бундан тўрт минг йил олдин юртимизда ипак қурти боқилганлиги исбот этилди. Булар оламшумул янгиликлар эди.
Мен фаолиятим давомида уч нарсага амал қилишга ҳаракат қилдим. Шуларга ёшлар бугун ҳам амал қилса кам бўлмайди, деб ўйлайман. Биринчиси, ҳар қандай вазиятда ҳам адолат тарафида бўлиш, шунда ҳаммага ҳар қачон тик қарай оласиз. Иккинчиси, нафсни жиловлаш, жиловланмаган нафс инсонга бало олиб келишини кўп бора кўрдим. Учинчиси, меҳнат ва ўрганишдан қочмаслик. Барча зафарларим шунинг эвазига эришилди, деб ўйлайман. Агар сизда бу уч ҳислат бўлса, сизни ҳеч ким енга олмайди. Бунга Тарих гувоҳ... Мен сизларга адолатли ва мақсадли ҳаёт тилайман. Унутманг тарих келажакка гувоҳномадир!
Жавлон Жовлиев тайёрлади
