Abstract. This article examines the formation and development of historical science in Uzbekistan during the 20th and early 21st centuries. It presents a specific periodization of this development, highlights key research directions, themes, and scholarly issues, and describes major monographic works on various stages of Uzbekistan’s history, from antiquity and the Middle Ages to the modern era. The article also provides a brief thematic and bibliographic review of historians’ efforts to prepare and publish the works of luminaries of medieval science in Uzbekistan over different periods of the last 120 years, with a particular focus on the last three decades. Furthermore, it outlines fundamental multi-volume publications on the history of Uzbekistan. In-depth research on statehood and civilization in the Turan region, archaeology, source studies and historiography, ethnic history and ethnogenesis, ethnology, anthropology and ethnography, the history of the national liberation movement, the Jadid movement, and the political repressions carried out against these movements from the mid-19th to the mid-20th centuries.
Keywords: history, historiography, source studies, social crisis, stages of development of historical science, fundamental historical research, statehood, history of civilization and culture, ethnic groups, ethnology, ethnography, history of the Middle Ages and the modern era, achievements and prospects of historical science.
Хозирги пайтда ўзбек халқи бошидан кечираётган тарихий даврнинг ўзига хослиги шундаки, у бир ярим минг йил давом этган бозор иқтисодиётигача ёки осиёча (ёки шарқона) ишлаб чиқариш ва жамият аъзолари ўртасида моддий бойликларни тақсимлаш усули ва уларга мос ишлаб чиқариш муносабатлардан кейин, ўрта асрларнинг феодал-истибдодий тартиблари ва ўрта аср ҳаёт тарзидан кейин, жаҳонда аллақачон кундалик ҳаётга кириб келган, бироқ Ўзбекистон учун янгилик бўлган капиталистик иқтисодиётнинг ривожланиш шарт-шароитларига қадам қўяр экан, шартли равишда «ахборотлаштириш жамияти» деб аталмиш янги цивилизацияга ўтишни амалга оширмоқда. Бу ҳолат рус чоризми ва совет тоталитаризми давридаги мустамлакачилик сиёсати, шунингдек, мустақилликнинг дастлабки ўн йилликларида ҳам яққол кузатилди. Натижада жамиятда ёппасига ишсизлик, озиқ-овқат танқислиги, тизимли коррупция ва доимий инфляция юзага келди. Бундан ташқари, халқнинг одатланган алифбо ҳамда миллий тил орфографиясидан маҳрум этилиши таълим ва билимларнинг қадрсизланишига олиб келди.
Бундай оғир шароитда, айниқса, ўрта ва олий мактабларда тажрибали ўқитувчилар, фан ва ишлаб чиқаришда эса малакали кадрлар етишмаслиги яққол сезилди. Хулоса қилиб айтганда, ушбу ялпи иқтисодий-ижтимоий инқироз даврида халқ ижтимоий-сиёсий, моддий ва маънавий жиҳатдан ўрнини тўлдириб бўлмайдиган улкан йўқотишларни бошидан кечирди.
Ҳукумат томонидан узлуксиз олиб борилган ва ўтмиш совет ҳаётининг ажралмас таркибий қисмига айланган асоссиз сиёсий қатағонлар жамият аъзолари ўртасида қўрқув уйғотар эди. Ўзбекистон ва Россияда, шунингдек, Европа мамлакатлари ва АҚШда чоп этилган публицистик, илмий ва бадиий асарларда бу масала батафсил ёритиб берилган. 1918–1953 йиллардаги давлат сиёсати ва совет ҳокимиятининг бошқача фикрловчиларга қарши кураши, моҳиятан, «социалистик ғоялар»ни амалга ошириш методларига қарши чиққан кучларни йўқотишга қаратилган эди. Бундан кўзланган асосий мақсад — миллатнинг воқеликни ҳамда мамлакатда содир бўлаётган жараёнларни танқидий баҳолай оладиган, тоталитар жамият моделини батамом рад этувчи илғор ва эркин фикрловчи қатламини ижтимоий-сиёсий ҳамда маданий ҳаётдан бутунлай сиқиб чиқариш эди. Ҳокимиятни қонунга хилоф эгаллаб олган коммунистлар томонидан «синфий курашнинг ўткирлашуви», «динга қарши муросасиз кураш», «кишилар онгидаги ўтмиш сарқитларига карши кураш» каби сохта шиорлар остида ўз халқига қарши мунтазам олиб борган шафқатсизларча қувғинлари ва оммавий сиёсий қатағонлари одамлар онгида жазо органларига нисбатан неча-неча ўн йилларга етадиган даҳшат уруғини қадаб кетди. Мамлакатни оммавий қўрқув ҳолатига солди, эркин фикрни фалажлаб қўйди, тотал чақимчилик, ҳукуматга ва бир-бирига ишончсизлик руҳини сингдирди, ўзаро фикр алмашиш ва ўз истагини эркин билдириш, ҳадиксиз мулоқот қилиш имкониятини янчиб ташлади, пировардида бу билан фуқаролик жамиятига хос барча белгиларнинг ривожланиши куртак пайтидаёқ йўққа чиқарилди.
Шундай шароитда қуйидагича савол туғилади: инсонлар фикри устидан қаттиқ назорат олиб бориш тизимига эга бўлган тоталитар режим ҳукмронлик қилиб турган бир пайтда, ҳокимият қувғинлари муттасил келтириб чиқарган умумий қўрқув вазиятида коммунистик мафкура тазйиқидан озод ҳолдаги тарих фани қандай ривожланиши мумкин эди? Ўзбекистон тарихининг кўплаб мавзулари ва масалалари кўзга кўринмас тақиқ остида эди. Халқнинг ўрта асрларда иқтисодий, маданий, ижтимоий ва маърифий ривожланиш тарихининг ҳаққоний акс эттирилиши, этник тарихи, давлатчилик тарихи, миллий-озодлик ҳаракатлари масалалари ҳам шундай тақиқ остида эди. Тарихга оид тадқиқотлар йўлидаги чекловлар, халқ тарихи ҳодисаларига нисбатан бир томонлама жўн ёндашувлар ва кўп ҳолларда воқеаларга тўлиқ бўлмаган, нохолис баҳолар берилиши, айрим ҳолларда воқеа-ҳодисаларнинг ҳақиқий кечиши олдиндан белгилаб берилган вульгар-социологик схемаларга бўйсундирилиши, тарихни узлуксиз синфий курашлар ва ижтимоий тўқнашувлар жараёни сифатида шарҳлайдиган методология – буларнинг ҳаммаси тарихий тадқиқотларнинг ҳолати ва мазмунига таъсир кўрсатмай қолмас эди. Ҳатто энг қимматли ва фундаментал тадқиқотларда ҳам фактларни чуқур таҳлил қилиш ва умумлаштиришдан бирмунча ҳайиқиш туйғуси, ушбу тадқиқотлар бажарилаётган давр шароити акс этиб қолгани сезилади. Бундай шароитда қадимият, илк ўрта асрлар ва ўрта асрлар тарихига оид археологик ва манбашунослик тадқиқотлари, Ўзбекистоннинг совет ҳокимияти йилларидаги сиёсий тарихига оид ишлар камроқ хавф туғдирар эди, чунки бу ишларда ҳукмрон мафкура талабларига жавоб берадиган маддоҳона руҳ устунлик қилар, уларда умумлашмалар, чуқур таҳлил талаб қилинмас эди. Шунга мос равишда бундай ишларда баёний ва фактографик тадқиқот методларидан аналитик ва синтетик тадқиқот методларидан устунлик қилар эди. Бу эса чуқур умумлашмалар ва далиллар билан исботланган теран хулосаларни четлаб ўтиш имконини берар эди.
Ўзбекистонда тарих фанини даврлаштириш тарихи
ХХ асрда ва XXI аср бошида Ўзбекистонда тарих фани учта ривожланиш босқичидан ўтди. Биринчи босқич ХХ аср бошидан то 1950 йилларгача давом этди. Бу таниқли тарихчи ва шарқшунос олимлар ижодида Ўзбекистоннинг қадим ва ўрта асрлар тарихига оид фактларни ва манбаларни аста-секин тўплаб бориш ва асосий тарихий жараёнларни англаш даври бўлди. Асрнинг айнан дастлабки ўттиз йилида акад. В.В.Бартольднинг «Туркестан в эпоху монгольского нашествия», «История культурной жизни Туркес-
тана», «Культура мусульманства», «Ислам», «Мусульманский мир» номли фундаментал тадқиқотлари, шарқшунос олимлар А.А. Семенов, А.Ю.Якубовский, С.П.Толстов, Д.Н.Бернштам, археологлардан М.Е.Массон, В.А.Шишкин тадқиқотлари чоп этилди. 1920-1930 йилларда ўзбек халқи орасидан тарихчиларнинг замонавий тарихий тадқиқот методларини ўзлаштирган янги авлоди етишиб чиқди. Бу борада ХХ асрнинг 20-30 йилларида илмий доираларда кенг шуҳрат қозонган биринчи ўзбек тарихчи-олими Пўлат (Бўлат) Мажидович Солиевнинг (1882 – 1938) исмини келтириш лозим. Ўтган асрнинг 30 йилларида Я.Ғ.Ғуломов, Р.Н.Набиев, И.М.Мўминов, Х.Т.Зарифов, М.У.Аминов каби кейинчалик кенг танилган ўзбек олимлари П.М.Солиевнинг шогирдлари бўлганлар. Афсуски, ўзбек, умуман Туркистон (Ўрта Осиё)нинг Ўрта асрлар тарихи, янги ва энг янги давр тарихи илмий мактабларининг асосчиси 1938 йил 28 февралда, кўплаб етакчи олимлар қаторида қатағонга учраб, «халқ душмани» тамғаси билан отиб ташланди. Унинг ўзбек тилида ва қисман рус тилида босилиб чиққан ва бизгача сақланиб қолган асарлари ўзбек тарих фанининг олтин фондини ташкил қилади. Эски ўзбек, форс ва араб тилларидаги ўрта аср қўлёзма манбалари асосида яратилган асарлари эса ўз вақтида кутубхоналар фондидан чиқариб ташланди ва мафкуравий жиҳатдан зарарли асарлар сифатида йўқ қилинди (бу, албатта, ўша даврдаги коммунистик режимнинг совет-мустамлакачилик мафкураси нуқтаи назаридан чиқарилган ҳукми эди). Бизгача Пўлат Солиев асарлари нашрларининг жуда кам нусхалари етиб келди. Уларнинг орасида қуйидагиларни кўрсатиб ўтишимиз мумкин: «Ҳиндистон Анг-лия зулми остида» (1920 ва 1926), «Бухоро манғит сулоласи даврида» (1920 ва 1926), «Бухоро тарихи» (1923), «Ўрта Осиё тарихи. 1-қисм» (1926), «Ўзбекистон ва Тожикистон. Иқтисодий-географик очерк» (1926), «Ўрта Осиёда савдо капитали даври. 1-қисм» (1926), «Ўрта Осиёда исломнинг тарқалиши» (1928). 1929 йилда Пўлат Солиевнинг тарихий-илмий фаолиятининг маҳсули бўлган бош асари – «Ўзбекистон тарихи. XV аср – XIX асрнинг биринчи ярми» босмадан чиқди. Бундан ташқари, олимнинг қариндошлари ва яқин кишилари тақдим этган маълумотларга кўра, Пўлат Солиев ўзбек халқининг бутун тарихи давомида биринчи марта икки жилд-ли «Ўзбекистоннинг энг қадимги даврдан ҳозирги замонга қадар тарихи» номли умумлаштирувчи тадқиқот яратишни ният қилган. Олимнинг бу тадқиқоти у ҳибсга олинаётганида мусодара қилинган ва бутунлай йўқотиб юборилган деган тахминлар ҳам бор. Мусодара қилинган бошқа асарлари орасида «Ўзбек халқи тарихига доир материаллар» (30-35 босма табоқ ҳажмида), «Ўрта Осиёда савдо капитали даври. 2-қисм» (20 босма табақ ҳажмида), «Ўрта Осиё тарихи. 2-қисм» (10 босма табоқ ҳажмида) ҳамда Қуръоннинг ўзбек тилига изоҳли таржимасини кўрсатиб ўтиш лозим. Олимнинг номлари зикр этилган биронта асари ҳозирга қадар қайта нашр қилинган эмас.
Профессор П.М.Солиев ўз тадқиқотларида Ўрта Осиёнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида савдо капиталининг бош ўринда турганлиги тўғрисидаги кўп жиҳатдан тўғри ва мос концепция тарафдори сифатида намоён бўлади, унинг асарлари тарихий манбаларга нисбатан муаллифнинг танқидий муносабати, ўрта асрларда ва янги даврда халқ ҳаётининг, Ўзбекистоннинг сиёсий ва иқтисодий тарихи йўлининг объектив ёритилиши билан ажралиб туради. Профессор П.М.Солиевнинг илмий ва касбий фаолияти тарихчи-олим В.А.Германов томонидан унинг «Профессор Пулат Салиев и его время. Жизнь и трагедия основателя узбекской исторической школы» ( Т., Фан, 2002. – 64 саҳ.) тадқиқотида батафсил ёритиб берилган.
Тарих фани ривожининг биринчи босқичи 1947 ва 1950 йилларда тайёрланган ва чоп этилган икки жилдли «Ўзбекистон халқлари тарихи» номли фундаментал тадқиқотнинг чоп этилиши билан якунланди. Бу ўзбекларнинг ва Ўзбекистонда истиқомат қилган бошқа халқларнинг тарихий тақдирларини энг қадимги даврдан ХХ асрнинг 30 йилларигача изчил ёритиб берган дастлабки тажриба эди. Бу китоб республика тарихчиларининг янги авлоди томонидан Иккинчи жаҳон уруши пайтида эвакуацияга келиб, Тошкентда яшаб қолган Москва ва Ленинград (Санкт-Петербург) илмий марказларининг олимлари билан ҳамкорликда нашрга тайёрланди. Нашрнинг ўчмас илмий аҳамияти шундаки, унда шарқ қўлёзмаларида сақланаётган ўрта аср тарихчиларининг асарларидан олинган улкан фактик ва манбавий материал илмий муомалага биринчи марта киритилган эди. ХХ асрнинг 30-йилларида Тошкент ва Самарқанд университетлари қошида тарих факультетлари очилди ва уларда ёш тарихчи кадрлар тайёрлана бошлади. Фанлар академиясининг тарих институти Ўзбекистон тарихини ўрганиш бўйича олиб бориладиган тадқиқот ишларининг марказига айланди. Институт Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан биргаликда 1943 йилнинг ноябрь ойида ташкил қилинди. Институт таркибида дастлаб бешта бўлим амал қилар эди: 1)совет жамияти тарихи; 2)янги тарих; 3) қадимги ва ўрта асрлар тарихи,4) археология, 5) этнография.
Иккинчи босқич 1950 йилдан 1991 йилларгача давом этди. 1955-1957 йилларда Ўзбекистон тарихининг иккинчи нашри олам юзини кўрди, фақат у энди «Ўзбекистон ССР тарихи» деб аталган эди. Ушбу нашрда энг қадимги даврдан 1950 йилларгача даврни қамраган асосий тарихий воқеалар баён қилинган эди.
«Ўзбекистон ССР тарихи»нинг учинчи нашри 4 жилдда 1967-1968 йилларда чоп этилди. Айтиб ўтилган иккала нашр Фанлар академияси тарих институтининг олимлари Москва ва Ленинград олимлари билан биргаликда тайёрланди. Вақт муҳри иккала нашрга ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Тор синфий ёндашув талаблари, ҳақиқатни хаспўшлаш, сохта методологик қоидаларга қатъиян амал қилиш, илмий, тадқиқотчилик жасоратининг етишмаслиги олимларга тарихий жараённинг объектив, ҳаққоний, холис ёритиш чўққиларига кўтарилишга йўл қўймади.
Табиийки, тарихчи-олимларнинг фаолияти фундаментал нашрларни тайёрлаш ва нашр қилиш билан чекланмади. Ҳар йили ўнлаб тарихий мавзудаги диссертациялар ҳимоя қилинди, «Ўзбекистонда ижтимоий фанлар» илмий журналида проф. Б.В. Лунин тайёрлаган Ўзбекистон ва Ўрта Осиё тарихига оид ишларнинг йилма-йил босиб чиқариладиган библиографик рўйхати юзлаб номларни ўз ичига олган эди. Совет Иттифоқи парчаланиб кетиши олдидан Тарих институти таркибида юздан ортиқ илмий ходим фаолият кўрсатар эди. Бундан ташқари республиканинг олий таълим муассасаларида педагогик фаолият билан бирга илмий тадқиқотлар ҳам олиб борадиган икки юзга яқин тарихчи-олим ишлар эди. Бироқ Тарих институти структурасининг ўзиёқ унинг тадқиқот йўналишлари тўғрисида айтиб турибди. Унинг таркибида 80-йилларнинг охирида қуйидаги секторлар фаолият олиб борди: Ўзбекистонда феодализм тарихи (XVI асргача); сўнгги феодализм тарихи (XVI асрдан XIX аср ўрталаригача); XIX асрдан XX аср бошларигача Ўзбекистон тарихи; Ўзбекистонда Октябрь революцияси ва гражданлар уруши тарихи; Ўзбекистонда ишчи синфи тарихи; ЎзССР колхоз деҳқончилиги тарихи; Улуғ Ватан уруши тарихи; ЎзССР социалистик маданияти тарихи; совет Ўзбекистони халқларининг Совет Иттифоқи республикалари халқлари билан дўстлиги тарихи; Ўзбекистон шаҳарлари тарихи; тарихшунослик; Ўзбекистоннинг тарихий этнографияси; Ўзбекистоннинг совет давридаги этнографияси. Тарих институтининг ўша даврдаги асосий илмий йўналишлари ҳам ўз даврининг хусусиятлари ва талабларини акс эттиради, булар асосан: Ўзбекистоннинг энг қадимги даврдан ҳозирги пайтга қадар умумий ижтимоий ривожланиш қонуниятлари ва ўзига хос хусусиятларини ўрганиш, ишлаб чиқариш кучлари ва ишлаб чиқариш муносабатларининг, ишчилар синфи ва деҳқончиликнинг, совет интеллигенциясининг ривожланиш тарихини, Ўзбекистонда Улуғ Октябрь социалистик революцияси ва гражданлар уруши тарихини ёритиш, Коммунистик партиянинг ленинча миллий сиёсатининг амалга оширилиши, халқлар дўстлиги ва ўзбек халқининг қардош СССР халқлари билан биродарона ҳамкорлигининг ривожлантирилиши, Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги Ўзбекистон тарихи ва Ўзбекистон шаҳарларининг ривожланиши кабилар.
Тарих фани ривожланишидаги учинчи босқичи – янги мустақил Ўзбекистон Республикасининг юзага келиши ва ривожланиши даврига тўғри келади, яъни 1991 йил сентябрь ойидан то шу кунга қадар. Мустақилликнинг биринчи ўн йилликларида Совет тузумининг тикланиши эҳтимолидан, совет давридан кейинги фуқаролар урушининг бошланиши мумкинлигидан, коммунистлар ва КГБнинг катта авторитар аксилдемократик куч бўлган даврининг қайтиб келишидан, бошқача фикрлаш учун қувғинлар ва қатағонларнинг қайталанишидан хавфсирашлар ҳамда халқларнинг бир нечта авлодига сингиб кетган ҳукуматга нисбатан генетик қўрқув тарихчиларни ўтмиш йиллар тарихидаги эскирган баҳоларни, Ўзбекистон тарихининг ўрта асрларига нисбатан ҳам, янги тарихга нисбатан ҳам қайта кўриб чиқишдан ўзини тийиб туришга мажбур қилди. Бу ўринда 1994 йилда иккита китобда босилиб чиққан ҳамда олий таълим муассасаларининг ўқитувчилари ва талабаларига бағишланган «Ўзбекистон тарихи»нинг нашри эътиборга лойиқ. Бу нашрда 1968 йилда нашр қилинган 4 жилдли «Ўзбекистон ССР тарихи»нинг асосий ўринлари қисқача баён қилинади.
Бу ўринда тарих фанлари доктори, М.В. Ломоносов номидаги Москва давлат университети тарих факультетини битирувчиси, жаҳон тарихининг чуқур билимдони профессор Г.А.Ҳидоятовнинг совет даврининг тугаши олдидан рус (1991) ва ўзбек (1992) тилларида босилиб чиққан «Менинг жонажон тарихим» («Моя родная история») номли фундаментал тарихий тадқиқоти олдинги тадқиқотлар ва тарихчилар онгида қарор топган стереотипларга (қолипларга) қарши жаранглади. Тадқиқотда сўнгги уч минг йиллик тарихий давр (1917 йилдаги инқилобий воқеаларгача) қамраб олинган. Г.А.Ҳидоятовнинг ўз халқининг тарихига чуқур муҳаббат ва ҳурмат билан йўғрилган, ўзбек халқи ҳаётидаги тарихий жараёнлар ўзига хос англаб етилган ва шарҳланган, ушбу жараёнларга берилган баҳолар миллий тарихга оид аввалги фундаментал тадқиқотларнинг баҳоларидан кўп ҳолларда фарқланадиган монографияси шу пайтга қадар тарих фанида қарор топган бир қанча ёндашувларнинг нотўғри эканлигини очиб ташлади, тарихий шахслар фаолиятига, тарихий воқеаларнинг характери ва ҳаракатлантирувчи кучларига нисбатан янгича қарашларни белгилаб берди. Профессор Г.А.Ҳидоятов Тошкент давлат университети тарих факультетининг декани ва дарс берувчи профессори лавозимларида Ўзбекистонда тарих таълимини ривожлантириш йўлида катта ишларни амалга ошириш билан бирга, чуқур ватанпарварлик руҳи билан йўғрилган, илмий нуқтаи назардан ҳаққоний ва бекам-у кўст тадқиқот яратди. Унинг иши ўша пайтда тарих фанимизга янги руҳлантирувчи оқимни олиб кирди, унда янгича қарашлар ва ёндашувларни белгилаб берди. Профессор П.М.Солиевнинг дастлабки монографияси олам юзини кўргандан 62 йил ўтиб чоп этилган профессор Г.А.Ҳидоятовнинг монографияси замонавий ўзбек тарих мактаби асосчиси анъаналарининг муносиб давомчиси бўлди.
Тарихий ҳақиқатни илмий жиҳатдан холисона тиклаган янги авлод тарихчи-
олимларининг дастлабки ишлари қаторида Ф.Исҳоқовнинг «Туркистонда чоризмнинг миллий сиёсати. 1867-1917» (1997) ва Х.Зиёевнинг «Туркистонда Россия агрессияси ва ҳукмронлиги» (1998) номли монографияларини эслаб ўтиш лозим.
Ниҳоят, 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти қошидаги Давлат ва ижтимоий қурилиш академияси таркибида ташкил этилган Ўзбекистоннинг янги тарихи маркази олимлари томонидан яратилган серияли нашрнинг дастлабки учта китоби юзага келди. «Чор Россиясининг мустамлакачилик ҳукмронлиги даврида Ўзбекистон» номли биринчи китобда Қўқон ва Хива хонликларида, Бухоро амирлигида Россия босқини арафасида қарор топган ижтимоий-сиёсий вазият таҳлил қилинди, Туркистон халқларининг босқинчиларга қарши кураши ва Туркистон ерларининг босиб олиниш жараёнлари очиб берилди, Туркистоннинг иқтисодий-сиёсий ва маданий-маънавий жиҳатдан ўз мустамлакасига айлантириш истагида Чор ҳукумати олиб борган сиёсатнинг оқибатлари таҳлил қилинди, мустамлакачиликка қарши халқ қўзғолонлари ва ҳаракатлари, халқнинг ўз миллий давлатчилигини тиклаш учун олиб борган кураши, жадидлар ҳаракатининг ғоялари ва мазмуни ёритиб берилди.
Сериянинг иккинчи китоби «Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида» деб номланган бўлиб, 1917-1991 йиллар тарихини қамраб олган. Китобда Туркистонда эркинлик учун олиб борилган миллий озодлик ҳаракатини бўғишга қаратилган большевиклар сиёсатининг моҳияти, пролетар диктатураси ўрнатилганидан кейин ўрнатилган сохта миллий давлатчилик, большевиклар партиясининг мулкдорлар синфини йўқотиш ва ҳар бир кишида мулкдорлик туйғуларини таг-туби билан юлиб ташлаш борасида, асосланмаган сиёсий қатағонларни ташкил қилиш борасида, Туркистон ва Ўзбекистонни нефть, газ, олтин, уран, нодир металлар, ипак ва пахта каби хом ашё манбаига айлантириш борасида олиб борган фаолияти очиб берилган. Китобда яна сиёсий, иқтисодий, маданий-таълимий тарихнинг барча жабҳалари бўйича изчил таҳлил олиб борилади, СССР сиёсий марказининг мустамлакачилик моҳияти фош этилади ва коммунистлар томонидан ўрнатилган ҳукмронлик ва мафкура ҳалокатининг қонунийлиги очиб берилади.
Сериянинг «Ўзбекистон мустақил ривожланиш даврида» деб номланган учинчи китобида Ўзбекистонда 1991 йилдан 2000 йилгача давлатнинг ҳуқуқий мақомида, ижтимоий-маданий ва иқтисодий соҳаларда содир бўлган тарихий ўзгаришлар биринчи бор ёритиб берилди.
Нашр муаллифлари тарихий ҳақиқат, илмий холислик, ҳамма воқеалар таҳлилида, тарихий жараённинг ривожланишида ворисийликни кўрсатишда тарихийлик ва мунтазамликка риоя қилганлар. «Ўзбекистоннинг янги тарихи» серияли нашрнинг дастлабки учта китобининг чоп этилиши ўз тарихимизни илмий ўрганишга қаратилган фаолиятни мамлакат бўйича анча жонлантирди, ўнлаб пухта тарихий тадқиқотларнинг юзага келишига замин яратди.
Ўзбекистонда ҳозирги замон тарих
фанининг ҳолати
Бу ўринда мақсадимиз муайян китоблар мазмунини таҳлил қилишдан иборат эмас. Фақат тарих фани жадал ривожланиб борган асосий йўналишларнигина таъкидлаб ўтамиз. Аввалам бор, илгари фақат қўлёзмаларда маълум бўлган Ўрта асрлар ва янги давр олимларининг тарихий мазмундаги асарларини нашрга тайёрлангани ва чоп этилганини айтиб ўтиш лозим. Булар ал-Фарғоний (IX) «Зиж»и, Абу Райҳон Берунийнинг «Хронология», «Ҳиндистон», «Сайдана» (Тиббиётда фармакогнозия), «Қонуни Масъудий», «Минералогия» асарлари, Абу Али ибн Синонинг 10 жилдлик асарлари тўплами, Абу Мансур ас-Саолибийнинг (XI) IX-XI аср Бухоро шоирларига бағишланган «Йатимат уд-даҳр» тазкираси, Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома»си, Ўрта Осиё ҳукмдори, Амир Темурнинг набираси Муҳаммад Тарағай Улуғбекнинг «Тўрт улус тарихи» асари, «Зижи Кўрагоний» астрономик жадваллари, Муҳаммад Солиҳ Қорининг (ХIX асрнинг учинчи чораги) «Тарихи жадиди Тошканд» асари, фаолиятлари ХХ асрнинг бошида кечган Мунаввар Қори Абдурашидхонов, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Тавалло, Абдулҳамид Чўлпон ва кўплаб бошқа жадидларнинг асарларидир. Булар қаторида Туркистонда миллий-озодлик ҳаракатининг кечиши ва моҳиятини, жадидларнинг фидокорона фаолиятини қўлёзма манбалар асосида таҳлил қилиб берган нашрларни кўрсатиб ўтамиз: Д.А.Алимованинг «Историческое мировозрение джадидов и их проекция будущего Туркестана», «Феномен джадидизма» номли тадқиқотлари, Бегали Қосимовнинг «Миллий уйғониш: жасорат, маърифат, фидойилик» монографияси, ўтмиш тарихчиларининг фаолиятлари тўғрисидаги нашрлар (масалан, Д.Юсупованинг «Хондамирнинг ҳаёти ва асарлари китоби).
Ўзбекистоннинг қадимги ва илк ўрта асрлар тарихини ўрганилишига археологик тадқиқотлар улкан ҳисса қўшди. Жаҳон фанида эътироф этилган археолог академиклар А.А.Асқаров, Э.В. Ртвеладзе, Р.Х. Сулаймонов, А.С. Сагдуллаевларнинг кашфиёт ва илмий ютуқлари 40-60-йилларда археолог олимлар, академиклар М. Е. Массон, В.А. Шишкин, Я. Ғуломов, Г. А. Пугаченкова, С.П. Толстовлар томонидан асос солинган илмий анъаналарнинг муносиб давоми бўлди.
Манбашунослик ва тарихшуносликда: академик Б.Аҳмедовнинг «Ўзбекистон тарихига оид манбалар», академик Э.В.Ртвеладзенинг «Древние и раннесредневековые монеты историко-культурных областей Узбекистана» номли фундаментал ишлари, Д.А. Алимова таҳрири остида 2011 йилда чиқарилган «Очерки историографии Узбекистана в ХХ столетии» тадқиқоти, Шамсиддин Камолиддиннинг қадимги давр ва ўрта асрларда Ўзбекистон тарихи бўйича манбашунослик тадқиқотлар серияси. Бу олим томонидан сўнгги уч ўн йиллик давомида 44 номдаги монографик асарлар, 19 брошюра ва ўқув қўлланмалари, 285 илмий мақолалар эълон қилинди.
Ўзбекистон тарихи бўйича манбашунослик йўналишидаги материалларнинг ғоят қимматли қатламини хитой тарихшунослигига оид манбалар ташкил қилади. Бу борада хитойшунос Аблад (Абдулаҳад) Хўжаевнинг бир қанча монографик тадқиқотлари тарих фанида ўчмас из қолдириши шубҳасиз: 1. А.Ходжаев, Н.Каримова. Сведения китайских источников по истории государственности Центральной Азии (переводы и исследования) – Марказий Осиёда давлатчилик тарихига оид хитой манбаларининг маълумотлари (таржималар ва тадқиқотлар). – Т.: Фан, 2018. – 182 саҳ.; 2. А.Ходжаев. Великийшёлковый путь: связи и судьбы. – Буюк ипак йўли: алоқалар ва тақдирлар. Т.: Нав-руз, 2018 - 450 саҳ. 3. А.Ходжаев, Ш. Қулдашев, Ф. Джуманиязова. Марказий Осиё давлатчилик тарихига оид маълумотлар (Хитой манбалари асосида). Т.: Фан, 2018 – 185 cаҳ; 4. А.Ходжаев. Сведения древнекитайских источников по этнической истории Центральной Азии. – Марказий Осиёнинг этник тарихига оид қадимги хитой манбаларининг маълуотлари. Т.: Навруз, 2017 – 360 саҳ.; 5. А.Хўжаев, А.Айтбаев, Ш. Қўлдашев, Ф. Джуманиёзова. Марказий Осиё тарихи Хитой манбаларида. Тошкент, 2016. - 432 саҳ.; 6. Т.ф.д. Хўжаев Аблат (Абдулаҳад). Марказий Осиё халқлари тарихига оид маълумотлар (Қадимий ҳамда илк ўрта аср Хитой манбаларидан таржималар ва тадқиқотлар). – Т.: Навруз, 2015. – 332 саҳ.; 7. Аблат Хўжаев. Фарғона тарихига оид маълумотлар (қадимий ва илк Ўрта аср Хитой манбаларидан таржималар ва уларга шарҳлар). Т., 2013. – 312 саҳ.; 8. Аблат Ходжаев. Китайский фактор в Центральной Азии (история и современность) – Марказий Осиёда Хитой фактори. Т.: Фан, 2007.- 170 cаҳ.
Навбатдаги йўналиш – ўзбек халқининг этногенезига оид тадқиқотларга келсак, қуйидаги нашрларни кўрсатиб ўтиш кифоя: Карим Шониёзовнинг «Ўзбек халқининг шаклланиш тарихи» монографияси, Аҳмадали Асқаровнинг «Ўзбек халқининг келиб чиқиши тарихи» монографияси, Исо Жабборовнинг «Ўзбеклар: тарихий этнология» монографияси, «Узбеки» – «Ўзбеклар» монографияси, С.Абашин, Д.Алимова, З.Арифханов таҳрири остида ( М.: Наука, 2011. – 688 саҳ.).
Яна бир тарихий тадқиқотлар йўналиши ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида цивилизация ва давлатчилик тарихини ўрганишга бағишланган. Бу йўналишдаги дастлабки иш Э.В.Ртвеладзе, А.Х.Саидов ва Е.В.Абдуллаевлар муаллифлигидаги «Очерки по истории цивилизации древнего Узбекистана: государственность и право» («Қадимги Ўзбекистон цивилизацияси тарихига оид очерклар: давлатчилик ва ҳуқуқ») номли монографиянинг 2000 йилдаги нашри бўлди. 2001 йилда Тарих институти олимларининг биргаликда яратилган «Ўзбекистон давлатчилик тарихи очерклари» номли монографияси босилиб чиқди. 2008 йилда Э.В.Ртвеладзенинг «Цивилизация, государства, культуры Центральной Азии» («Марказий Осиё цивилизацияси давлатлари, маданияти») номли монографияси, 2009 йилда эса Д.А.Алимова ва Э.В.Ртвеладзе таҳрири остида мамлакатимиз олимларининг «Ўзбекистонда давлатчилик тарихи» номли фундаментал асарининг I жилди нашрдан чиқди.
20-50 йилларда республикада сиёсий қатағонлар тўғрисидаги тадқиқотлар сўнгги йилларнинг алоҳида йўналиши сифатида ажралиб чиқди. Бу йўналишнинг мазмунини совет ҳукумати томонидан олиб борилган қатағонлик сиёсатининг маданият, илм-фан, тарбия ва таълим соҳаларига кўрсатган салбий таъсирининг ижтимоий-сиёсий ва тарихий маданий баҳоси ва чуқур таҳлили ташкил қилди. В.А.Германовнинг «Историки Туркестана в условиях политического террора 20-30-х годов» - «20-30-йиллардаги сиёсий террор шароитида Туркистон тарихчилари» (Т.: Фан, 2000), Д.А.Алимова ва А.А. Головановнинг «Узбекистан в 1917-1990 годы: противоборство идей и идеологий» - «Ўзбекистон 1917-1990 йилларда: ғоялар ва мафкуралар қарама-қаршилиги» (Т.: Фан, 2002), Б.В.Хасановнинг «Национальная интеллигенция Узбекистана и исторические процессы 1917 - начала 1950-х годов» - «1917 йил - 1950 йилларнинг бошларида Ўзбекистоннинг миллий интеллигенцияси ва тарихий жараёнлар» (Т.: Фан, 2008), З.Р.Ишанходжаеванинг «Репрессивная политика советской власти и культура Узбекистана: трагедия выживания» - «Совет ҳокимиятининг репрессив сиёсати ва Ўзбекистон маданияти: тирик қолиш фожиаси» (Т.: Фан, 2011), тарих фанлари доктори Қаҳрамон Ражабовнинг барча совет йилларида Ўзбекистонда олиб борилган сиёсий реперссиялар тўғрисидаги бир қатор фундаментал тадқиқотлари айнан шу масалаларга бағишланди.
Бошқа мавзуларда яратилган муҳим ишлар қаторида ўзбек олимларининг қуйидаги тадқиқотларини кўрсатиб ўтишни жоиз деб ҳисоблаймиз: Б.Эшонов «Материалы по этнической истории тюркских народов Центральной Азии», «История древних городов Средней Азии»; Х.Бўриева «Историческая топонимия Ташкента»; Ш.Камолиддин «Происхождение Саманидов»; А.Аширов «Древние обряды и верования узбекского народа»; Ҳамид Зиёев «Султанат Темура Великого и его историческая судьба»; акад. Ю.Ф. Буряков. «Очерки по древней истории Средней Азии» ва «Современные методы археологии Узбекистана»; С. У.Каримова «Место ученых Средней Азии в развитии химии и фармакологической науки в IX-XI вв.»; Б.Абдухалимов. «Байт ал-Хикма и деятельность ученых Средней Азии в Багдаде»; тарихчи-олимларнинг 2-жилдлик «Узбекистон тарихи (1917-1991 йиллар)», «История Узбекистана (ХVI - первая пол.XIX вв.)», «Ўзбекистон тарихи: муаммолар ва ривожланиш истикболлари», «Центральная Азия в эпоху Средневековья и Нового времени. Общества. Культура. Источники», «История Узбекистана : эпоха Амира Тимура и тимуридов»; А.Маликов. «История Самарканда с древнейших времен до XIV в. Т.1.», Д.А.Алимованинг методологик характердаги «История как история», «История как наука», «Концепты истории Узбекистана: теория и гипотезы» асарлари.
Оралиқ натижалар ва истиқболлар
Шундай қилиб, сўнгги ўттиз йил давомида яратилган тарихга оид тадқиқотларнинг асосий натижалари нималардан иборат? Ушбу натижаларни якуний ҳисоб-китоб қилар эканмиз, бу даврнинг асосий ютуқлари қаторида қуйидагиларни келтиришимиз мумкин.
1. Ўзбекистон тарихига ёндашишда илгариги совет тоталитар стереотипларнинг (қолипларни) ва сохталаштирилган социологик схемаларнинг тарихчилар онгида енгиб ўтилганлиги.
2. Ўзбекистоннинг барча тарихий ривожланиш даврларини, уларга нисбатан нотўғри сохта илмий ёндашувларни илмий объективлик, тизимлилик, тарихийлик нуқтаи назаридан тарихий ҳақиқат йўлида туриб қайта баҳоланиши.
3. Ўзбекистон тарихининг даврлаштирилишига жиддий ўзгаришлар киритилганлиги. Бунда Турон-Туркистон VIII асрда араб босқинчилигидан кейин «мусулмон маданий дунёси» деб аталмиш маданий оламига кириб боришдан олдин ривожланган қадимги ва илк ўрта асрлар тарихий даврига нисбатан «тангричилик маданий олами», «зардуштийлик маданий олами», «зардуштийлик-тангричилик маданий олами» каби ёндашувларнинг илмий муомалага киритилганлиги. 1258 йилда Халифалик мўғуллар томонидан тор-мор қилинганидан кейин, Турон-Туркистоннинг «Туркистон маданий оламига» сингиб кетгани ва XIV асрдан то XX аср бошларига қадар бу муҳитда шаклланиб ва ривожлангани, ниҳоят, 1920-1930 йилларга келиб сўниб боргани кўрсатиб берилди.
4. Ўзбекистон ФА Тарих институтининг олимлари томонидан Ўзбекистон тарихи бўйича бир қатор фундаментал умумлаштирувчи академик характердаги асарларнинг яратилиши.
5. Ўзбекистон тарихининг тарихшунослик ва манбашуносликка оид масалаларининг ўрганилганлиги ва бу масалаларда умумлаштирувчи монографик асарларнинг яратилганлиги.
6. Ўзбекистон давлатчилиги тарихи, Марказий Осиё халқлари цивилизацияси ва маданиятининг тарихи бўйича фундаментал тадқиқотларнинг яратилганлиги.
7. Археологик топилмалар ҳамда палеографик ва эпиграфик материалларни ўқиш асосида оромий графикасидан ажралиб чиққан қадимги ёзув тизимлардаги кўплаб ёдгорликларнинг забунликдан тикланганлиги ҳамда қадимда ва илк ўрта асрларда Марказий Осиё халқлари ёзув тарихининг (улар араб ёзувига ўткунига қадар ) тадқиқ қилинганлиги, авестошунослик фанида бир нечта ноёб монографик тадқиқотлар яратилиши – т.ф.д. , проф. М.М. Исхоқов.
8. Учта китобдан иборат «История информационной культуры Узбекистана» фундаментал тадқиқотнинг яратилиши ва чоп этилиши ( маллифи т.ф.д., проф. Э.А. Ахунджанов) : I китоб. «Письменная и книжная культура Узбекистана. Древность. Средние века» (2015), II китоб. «Книжно-информационная культура Узбекистана. Вторая половина XIX - начало XX вв.» (2018), III китоб «Книжно-информационная культура Узбекистана. Советский период. 1917-1991 гг.» (2022). Асарнинг биринчи ва иккинчи китоби ўзбек тилида хам Тошкент давлат шарқшунослик университети нашриётида талабалар учун кичик ададда чиқарилган.
9. Ўзбек халқи этнологияси, этногенези ва этник тарихи бўйича фундаментал тадқиқотларнинг яратилиши.
10. 1920-1950 йилларда қатағон қилинган ўзбек тарихчилари ва жамоат арбоблари исмларининг тикланиши ва асарларининг чоп этилиши.
11. Амир Темурнинг жаҳон тарихида, Марказий Осиё давлатлари тарихи ва маданиятида тутган ўрни борасида тарихий ҳақиқатнинг тикланиши.
12. Ўзбекистон тарихчиларининг тадқиқотларида давлат бошқарувидаги қатағонлик сиёсати ва авторитар-тоталитар бошқарув методларининг илм-фан, таълим, маданият, жамиятнинг ижтимоий ҳаётига бутун XX аср ва XXI аср бошларигача давр давомидаги оқибатлари ва таъсири тарихий ҳақиқат позициясидан туриб қайта кўриб чиқилганлиги.
13. Совет ҳокимиятининг ҳамма йилларида Ўзбекистонда сиёсий қатағонлар тўғрисида фундаментал тадқиқотлар сериясининг яратилганлиги.
14. Туркий халқлар тарихи, турк тилли халқларнинг жаҳон тарихидаги роли ва ўрни, уларнинг давлатчилиги, маданияти ва ижтимоий ривожланишига бағишланган тадқиқотларнинг жонланганлиги.
15. Туркистонда ислоҳотчилик ҳаракатлари қатнашчиларининг, айниқса, жадидчилик ҳаракатининг, Туркистон озодлиги йўлидаги қуролли миллий-озодлик ҳаракати бошчилари ва қаҳрамонлари асарларининг нашр қилиниб, илмий ва интеллектуал муомалага киритилганлиги.
16. ХХI асрнинг биринчи чорагида Ўзбекистоннинг етакчи тарихчи олимларидан Х.Зияев, Р.Г. Мукминова, Р.Ражабов, Э.В.Ртвеладзе, Д.А.Алимова, Р.Ҳ. Сулаймонов, К.Ражапов тадқиқотларининг нашр этилиши.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
1.Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Тарих институти нашрлари (1991-2015). Тошкент, «Adabiyot uchqunlari». 2016. – 294 бет.
2. Ахунова М.А., Лунин Б.В. История исторической науки в Узбекистане. Краткий очерк. Ташкент, ФАН, 1970.- 200с.
3. Алимова Д.А. Очерки историографии Узбекистана в ХХ столетии. Ташкент.- 2011.- 300с.
4. Ахунджанов Э.А. Книжно-информационная культура Узбекистана. Советский период: 1917-1991г.г. Ташкент, Изд-во Национальной библиотеки Узбекистана имени Алишера Навои. 2022.- 382с.(История информационной культуры Узбекистана. Книга III).
