Менинг ҳаётимда кутубхона…
– Куз. Охири тутзорларга бориб улашадиган пахтазорлар узра мезон учиб юрарди. Кўчамиздаги олтин барг дарахтларни эсласам, оғзига бол томган одамдек тамшанаман. Айтганча, суҳбатни бунақа бошламоқчи эмасдим. Бироқ кутубхонани биринчи бор болалигим ўтган қишлоқда эшитганман. Гапни ўша воқеадан бошласам тўғри бўлади, деб ўйладим. Ота-онам мактабда ўқитувчи эди. Уларни кунора пахта теришга юборар, катта синф ўқувчилари ҳам ўша далада жавлон урарди. Ўқувчиларга-ку вақтни чоғ ўтказишнинг бир йўли эди у пахта терими, бироқ зиёли сифатида ота-онам ич-ичидан эзилишини, кечга бориб киртайиб қолган кўзлари сотиб қўярди.
Пахта мавсуми ҳам якунига етиб қолганди. Қор ёғмаса ҳисоб эмас, терим тугамайди. Ёрдамга келган талабалар мактабимизда жон сақларди. Ўша кунларнинг бирида, мактабдан қайтган онамнинг кўзлари шишиб кетган. Йиғлаган бўлса керак. Бу пайтда биз укам билан ҳовлида қанақадир қизиқ машғулот билан банд эдик. Бир марта бош кўтариб қарадик холос. Онамдаги биринчи ўзгариш қучоғидаги муқовасиз қалин китоб эди, кейингиси эса кўзёшнинг асорати.
Ана-мана дегунча тушлик таом тайёр бўлиб, биз ҳам юз-қўлимизни наридан бери ювиб, дастурхон бошига қўндик. Бу ажойиб кунлар эди. Камдан-кам кимдир таомга етиб келолмасди. Бугун эса оила жамулжам. Отам онамнинг маҳзунлигини сезди, кўз қири билан уни кузатди. Бироқ бир сўз демади. Олдига келтирилган косадаги шўрвага икки марта нон бўктириб еди. Охири сабри тамом бўлди. Нима гаплигини суриштирди. Онам ҳам тўлиб турган экан пиқиллаб йиғлаб юборди. Ҳали мактаб эшигини кўрмаган икки фарзанд ҳайрон эдик.
Онамнинг айтишича, алифбо ўзгарганини важ қилиб, мактаб маъмурияти кутубхонадаги китобларни ҳовлига чиқариб ташлабди. Онам таърифлаган китоб уюмини ўзимча тасаввур қилдим. Уни қишлоқнинг тевасига менгзадим. Шўрлик онам не кўз билан кўрсинки, мактабни бошпана қилган талабалар ўша китобларни ёқиб чой қайнатиб, овқат пишираётганмиш. Онам томоғида қолиб кетган ниманидир ютиб юборолмасди. Аммо гап бошлагандан буён уни ютиб юборишга уринарди.
Боя олиб келган китобини отамга узатди-да «Булгаков. Уста ва Маргарита» деди оғир хўрсиниб. Ўша китоб тевадан олганини айтди. Отам математик. Унга бу китоб зиғирча қизиқ эмасди. Бироқ онамни хафа қилгиси келмади. Авайлабгина узатди. Онам китобни қайтариб олар экан «Қўлёзмалар ёнмайди!» деб иҳради. Буни Булгаков бобо айтган экан.
Агар аҳволимиз шундай давом этса, деганди ўшанда онам. Бу миллатни китобнинг уволи тутади. Келажакда олий маълумот олиб, халқнинг фарзандига илм улашадиган зиёлилар китоб ёқиб чой қайнатаётган экан, демак шўримизга шўрва тўкилибди…
Ўйламанг, бу шоир ва воқеаларни тўқиб-бичиб ташлаяпти деб. Мен ҳам ўшанда ҳайрон қолганман. Ўтган йили сигиримиз ўлди, онам йиғлади – бу фожиа. Бу йил отамнинг битта-ю битта велосипедини ўғри урди, онам қарғади – бу фожиа. Лекин китоб бизнинг мулкимиз эмас, демак бу фожиа эмас дегандим ўшанда ўзимча.
Орадан йиллар ўтди. Биз ҳам элга қўшилиб, ризқ қидириб, катта шаҳарларда суягимиз қотди. Лекин ўша воқеа ҳар сафар ёдимга тушса, сигиримиз ўлгани-ю отамнинг велосипедини ўғри ургани битиб кетадиган яра эканини, китобларни ёққанимиз эса ҳақиқий фожиа эканини англадим.
Биз XXI асрга бўм-бўш китоб жавонлар билан қадам қўйдик!
Шеъриятга муҳаббатингиз қачондан бошланган?
Шеърият – бу ҳар бир руҳ чўмилган дарё!
Ўйлайманки, бу дунёга келган ҳар бир одам умрида бир марта бўлса ҳам шеър ёзган. Бу хоҳ болаликда, хоҳ йигитликда, хоҳ кексаликда бўлсин, ҳаммаси бир нарса, яъни руҳнинг ингроғи. Мактабда биринчи марта шеърга ўхшаш ниманидир қоралаганимда, синфдошларим кулган эди ва мен ҳам билмасдимки, бу менинг қисматим эканини.
Ўн тўққиз ёшимда қишлоқдан чиқиб кетаётганимда бир дафтар шеърим бор эди. Аммо ҳали ҳам ўйинқароқ эдим. Йигирма уч ёшимда ҳаёт мени батамом ҳолдан тойдириб бўлганди. Уят бўлса ҳам, ўзимни осиш ҳақида ўйлаганман. Ҳа, мен билан бутун дунё рақобат қиларди, назаримда. Ҳамма жуда қаттиқ кўнгил эди. Раҳм-шафқат туйғуси ер юзидан супуриб ташланган деб ўйлардим уйқусиз кечаларда. Охир-оқибат Ориповнинг таъбири билан айтганда, «Мен шоирман, истасангиз шу!» дейишдан бошқа йўлим қолмади. Чала қобил фарзанд бўлгандан кўра, тўла қонли телба бўлишни афзал кўрдим. Ўзига таваккал қилдим, ҳамма нарсани четга суриб, қўлим бўш қолди дегунча шеърий тажрибалар қилардим, шоирларнинг услубини солиштириб, йўналишлар хоссасини ўрганардим. Ўзимча кўздан панага бекиниб Ал Кимё билан шуғулланардим, яъни сўз устида тажриба ўтказардим.
Худо сийлади. Аввал уй олиш, кун кўришга тиш тирноғим билан тиришган бўлсам. Энди ўша вазифани Яратганнинг ўзи беминнат бажарарди. Ҳаммасини ғойибидан етказарди. Мен эса мамиз берилган йўрғадек Олий мақсад сари борардим.
Ўшандай кунларнинг бирида, мактабга чиққан қизимнинг саводи чиқа бошлади. Ҳарфларни ҳарфларга қўшиб сўз ясай бошлади. Ва менга мактуб ёзди. Унда «Бизнинг уйимизда адабиёт ҳаммадан улуғ, бувимдан ҳам, бобомдан ҳам, дадамдан ҳам, аямдан ҳам…» деб ёзилган эди.
Шоир қачон ва қаерда ижод қилишнинг аҳамияти нечоғлик муҳим?
Муҳит деган гап бор. Масалан, мен қиш-лоқда маза қилиб яшашим, тоза ҳавога ўпкамни тўлдиришим, ота-онамнинг нафақасига ҳам шерик бўлишим мумкин эди. Аммо у ердаги муҳит, яъни турмуш тарзи мен санаб ўтган нарсалардангина иборат. Сиз ҳеч қачон қишлоқда туриб, амалдаги сиёсат, адабиётда юз бераётган эврилишлар ҳақида тўғри фикр юритолмайсиз ва бу керак ҳам эмас. Атрофингиздаги кўпчилик қайси мавзуда гаплашар экан, сиз ҳам ўша мавзуда жўяли сўз айтишингиз керак. 2017 йил давомида мен уларга яна эл бўламанмикан деган қайғуда яшадим. Аксига олиб ҳеч ўхшамади…
Тошкентга кетишга қарор қилдим. Аниқроғи Исломжон Қўчқоров бу қарорни қабул қилишга туртки берди. Болалар ижодиёт саройида тасвирий санъатдан дарс берардим. Жамоамиз яхши. Айниқса мактаб директори жуда самимий одам. Унинг ёнига бўшаш ҳақидаги аризамни кўтариб кирганимда бунга яна бир бор амин бўлдим. Аризамни қабул қилмади. Аксинча менга икки ойлик таътил бериб, омад тилади.
Мени олдинда қандай оғир вазифа кутаётганидан бехабар эдим. Сафархалтам тайёр. Фақат уйдагиларнинг кетишимдан хабари йўқ. Уйғонсам ҳамма иш-ишига кетиб бўлган. Ота-онамга қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўраган бўлдим. Аслида улар билан хайрлашаётган эдим. Пойтахтга кетадиган машинага ўтиргач, рафиқамга телефон қилиб, ундан ҳам хабар олган киши бўлдим, кўнглим бўшаб кетди. Тарки одат қилиб кечирим ҳам сўраб юбордим. Тағин ўзимни тутиб олиб, сир бой бермай телефонни ўчирдим. Янги сим картани жойладим. Хаёлан ёзиб қолдирган хатимни қайта ўқиб кўрдим-у, кўнглим анча таскин топди.
Янги сим карта – янги ҳаёт эди. Мен ўзимга ўхшаган телба-тескари одамларнинг муҳити томон ошиқдим. Мени ўша дамда қувонтирган нарса, улар ҳеч бўлмаса мол ҳақида икки соат вайсамайди дердим. Тағин худбинча пичирлардим «Тошкент, кутиб ол, катта шоир келяпти!» деб.
Шоирнинг ўз халқи, миллати олдидаги бурчларини нималарда кўрасиз?
Одамларга кўз-кўз қилаётган виждонингдан кўра ички, яширин виждонинг бўлмас экан, дунёни қойиллатиб қўйсанг ҳам, китоб ортилган эшакнинг ҳолидан нарига ўтолмайсан. Миллат ёки халқ, Ватан деган саволларга жавоб изларканман, мудом мендан икки-уч авлод нарида юз берган воқеа кўзимнинг олдида жонланаверади. Аввал ўшани айтиб берсам:
Бизнинг оилада авлоддан-авлодга мерос бўлган васият бор. Бу бобомнинг аламли васияти. Уч авлод наридаги ҳофиз Жуман бобом ўзига тўқ кишилардан бўлиб, соз чалиб, қўшиқ куйлаган. Унинг мухлиси кўп бўлган, бозордан қайтган атрофдаги ҳамқишлоқлар бобом ҳовлисидаги басавлат беш чинорнинг остига қўниб, бошларини чайқаб-чайқаб ашула тинглаган. Сўнг Миёнқол оролида вабо тарқаган. Уч қиз ва бир ўғилдан иборат оиладан фақат бобом – Эшонқул сағир омон қолган. Отаси ўлими олидан унга “уйни ташлаб кетма!» деб васият қилган. Ўн ёшидан сағир қолган бобом очарчилик замонини шўрпешоналарча қарши олган. Эшакни миниб, елкасига қурол осиб, дала-даштдан терган ўтинини нонвойга нонга алмашиб кун кўра бошлаган.

Орада колхоз ташкил этилиб, тақдирга тан берган бобом, далада тер тўкаркан, ўриснинг мақтовига учган раис, Жуман ҳофизнинг сағирига қамчи тушириб қолади. Шунда тақдирнинг қамчиларидан тўйиб кетган бобом қамчини шартта ушлаб, ўзига тортади-да, раисни отдан тушириб олади.
Сўнг кўзидан қалқиб турган денгизни чайқатмай, ғазаб билан «Сен мени сағир билиб қамчи урдинг, мен болаларимни одам этиб тарбиялайман, ўқитаман, олим қиламан ва улар сенинг авлодингга қамчи солиб ўтади!» дейди. Ва бу васиятдан менинг фарзандларим ҳам бохабар.
Гоҳида бобомга теккан қамчининг оғриғи менинг елкамга кўчиб, ҳаётга қасд қиламан. Борлигимни исботлашга киришаман. Ҳаётимни қайта бошлайман.
Бу қамчи аслида ўриснинг зуғуми эди. Буни менинг авлодим қиёматгача унутмасин!
Ҳа, миллат ҳам, халқ ҳам менинг бобом. Мен унинг васиятига хиёнат қилмаслигим керак. Мен ўз душманимга бош эгмаслигим, душманим товоғидан ҳазар қилишим шарт. Биз шоир деб, ёзувчи деб атаётган қавмнинг негизи ровийлардир. Биз тарихга хиёнат қилмай ровийлик қилсакгина ўз бурчимизни виждонан бажарган бўламиз!
Ижодингизга таъсир ўтказган шоирлар кимлар?
Еттинчи синфдалигимда Константин Паустовскийнинг «Олтин гул» асари қўлимга тушиб қолди. Уни мароқ билан ўқирдим. Тасаввур қилинг. Ёз тонглари. Қуёш машриқда уфқидан мўралайди. Ўрилган сомоннинг ўрнига молларини қўйиб юбориб, китобга боши билан шўнғиб кетган болакайни кўриб, ғаши келади-да, бошини банландроқ кўтаради. Тағин бола эътибор бермагач, бор бўй-басти билан унга нур соча бошлайди. Бола эса «ҳавода олтин зарралари бор» деган жумлани ўқиб, ўзини йўқотиб қўяди ҳамда ўпкасини тўлдириб нафас олади. Қараса кун қизиб кетяпти, қорни чамбарак молларнинг бошини буриб уйига равона бўлади. Ўша болакай мен эдим.
Орадан йиллар ўтди. Бир Ориповнинг этагини тутсак, бир Парфининг шайдоси бўлардик. Бир Воҳидовга тақлид қилиб, ғазал қораласак, бир Тилак Жўра билан қишлоқ манзараларини чизардик. Очиқ айтаман, Шавкат Раҳмонга меҳрим баланд!
Шавкат Раҳмоннинг шеърлари ҳам ўзига ўхшаган ўктам, тўғрисўз ва кескир. Биз тан олишимиз керак, ҳар бир ижодкорнинг бошида рўзғор ташвиши, жамият билан муроса ва шунга ўхшаш ич-ичингдан емирадиган майда маиший масалалар бор. Ўша дамларда ичикиб, шоиримнинг шу мисраларини пичирлайман:
Мен жангчи эмасдим,
мен шоир эдим,
ниҳоят шоирдан кўра зобитман,
ҳар нафас мусулмон миллатим дедим,
нафсига куйганлар келди оқибат.
Энди бошда келтирган мисолимга тўхталаман. Ҳа, ҳавода олтин зарралари бор… Нафақат ҳавода, ижодкорлар яратаётган асарларда ҳам бор бу зарралар. Шунақа кўпки, ўқиганинг сари ўзингни бой ҳис қиласан.
Яна бир гап, шоир бўлиш учун ёки таъсирланиш, чангланиш учун фақат шоирларни эмас, ёзувчиларнинг роман, қисса, ҳикоя, эссе, ҳатто кундаликларини ҳам ўқиш керак. Нон ёпиш учун буғдой экиш керакми? Нонни бир шеър деб оладиган бўлсак, роман далада олтин кўлдек чайқалиб турган буғдойзор-ку. Тоғай Муроднинг шоирдан нима фарқи бор? Унинг яратган асарларида туроқ бор десам ишонасизми? Мен ишонаман! Адабиётдан умиди бор одам ҳар бир эҳтимолига аввало ўзи ишониши лозим, кейин бошқаларни ишонтиради. Хуллас, мен санаб ўтган ижодкорларим ва ҳозир ёдимга келмаганларидан ўсиб чиққанимга ишонаман!
Сизга тенгдош шоирлар ижод кўламини нималарда кўрасиз?
Бизда яхши ижодий муҳит шаклланди. «Мустақиллик фарзандлари» деб аталадиган ижодкорларимиз фақат осмон-у фалак ёки гулзор ҳақида эмас, балки ўзини таҳлил этиш, аҳволига баҳо бериш ва аждодлари босиб ўтган йўлларни ҳам яхшигина шеърга, романга, қиссага айлантираётгани ҳар бир адабиёт аҳлини қувонтиради.
Мен буларни номма-ном санашга истиҳола қиламан. Чунки биз ҳали ҳам йўлдамиз, ҳали ҳам имтиҳонларимиз бор. Бироқ ҳозирги имтиҳонлардан йигитлар ҳам, қизлар ҳам мардларча, борини борича ёзиб ўтяпти. Албатта, бунда ҳали саралашлардан ўтолмаганлар, турмуш ёки бошқа савдолар ютиб борган қалам эгалари ҳам бўлади. Муҳими, улар ёзмоқда, улар адабиётга беминнат хизмат қиляпти.
Бир нарсадан хафа бўламан. Агар Худо томонидан гўзал бир истеъдод берилган ижодкор. «Уйим йўқ», «маошим кам» ёки «бизни нега рағбатлантиришмаяпти?», деб айюҳаннос солса, ранжийман. Яратган ҳар бир бандасига лойиғини бериб қўйганини унутмаслик керак. Агар биз нолиётган бўлсак, бу «Тангри хато қилди» деган даҳриёна гап билан баробар.
Мен тенгқурларимдан ўтиниб сўраган
бўлардимки, жўралар, акалар, укалар,
сингиллар, опалар биз халқни ортимиздан эргаштирамиз деган даъво билан қалам
тебратяпмиз. Демак, биз уларга ҳар бир масалада ўрнак бўлишимиз шарт!
Яна бир гап, мен давраларда айтолмаслигим мумкин. Истиҳола қиларман. Аммо мен худди дунёнинг ташвиши бир ўзига қолгандек баҳслашаётган тенгқурларим билан фахрланаман. Сиз, айнан сиз мен дунёга келиб кўрган энг яхши одамларсиз!
Ижодий режалар қандай?
Ижодий тажрибаларни ўлгудай яхши кўраман. Қўл урмаган йўналишларимда ҳам ёзиб кўргим келади. Шунда ўзимни қаергача бора олишимни чамалайман. Илмим етмаётганини сезсам яна китоб ўқишга киришаман. Шулар энг катта ижодий режа. Бу бир умрлик режа. Ўлгунимча етади. Ижод – Бахт. Демак мен бу бахтни хоҳ назмда, хоҳ насрда бўлсин, кўпроқ ҳис қилишни хоҳлайман.

Энди бир оғиз кутубхона ҳақида изҳор:
Бундан бир неча йиллар илгари одамови бўлиб қолдим. Ҳеч кимни хушламасдим. Одамлардан безиб, ўз қобиғимга ўралиб яшашни истаб қолдим. Болалар театрида ишлардим. Ва ижара уйдан кўрпа-тўшагимни олиб, театр чердагига жойлашдим. Мен излаётган ёлғизлик фақат ўша ерда эди. Кун бўйи спектаклга мусиқа қўйиб, туни билан китоб ўқирдим. Нурли келажак, диплом, обрў-эътибор деган пачақ орзуларни четга суриб қўйиб, фақат китоб ўқирдим ва шеър ёзардим. Уни эшитадиган одам ҳам йўқ ҳисоб эди. Эшитганлар эса юпатишга тушарди. Буни жиним суймасди. Чунки мен ўзимни ҳеч қандай таҳқирлангандек ҳис қилмасдим.
Қиссадан ҳисса, ўша театр чердагида ўқилган китоблар энг яхши дўстларим экан. Улар пойтахтдаги энг катта кутубхонага бош-лаб келди. Ўшанда менга китоб бериб турган ғарибгина кутубхонадаги кутубхоначи қизни ҳам эслайман. Насиб қилиб, дуч келиб қолса пешонасидан ўпиб қўярдим.
Яна бир гап. Мен Бобурнинг мухлисиман. Ҳа, Темурий Бобурнинг. Нега ажабланасиз. Агар «Бобурнома»ни ўқимаган юртдошимни кўрсам мен ажабланаман. Бу дунёга келиб Бобурни танимай кетиш қанчалар ачинарли.
Суҳбатни ёзувчи
Жавлон Жовлиев тайёрлади
