Автор статьи пишет о больших изменениях в истории нашей страны начала прошлого века, которые оказали большое влияние на интеллигенцию и на различные аспекты жизни общества. Когда речь идет о развитии Туркестанского края, стоит упомянуть об активном участии и деятельности джадидов, о том, как они стремились вывести общество из нищеты к процветанию, как другие развитые страны. Одним из предприимчивых лиц того времени был Обиджон Махмудов. Он, благодаря своему новаторскому стремлению, в 1914 году покупает полиграфическое оборудование в России и устанавливает его в городе Коканде. И в этом же году, 3 апреля издаётся одна из первых ласточек в Ферганской долине, газета под названием «Садои Фаргона», которая в переводе означает «Голос Ферганы». Всего в течение года было издано 123 номера газеты. Она была разделена на несколько рубрик, которые освещали новости в Туркестанском крае, а так-же в зарубежных странах.
Худди алоҳида шахслар каби миллат ҳам ойнага эҳтиёж сезади. Зеро, ўзидаги қабоҳату латофатни фақат ойнадагина кўриб тузатиш имконига эга бўлади. Инсон болаларини ғафлат уйқусидан уйғотмоқ учун кучли даъват керак бўлгани сингари, миллатни жаҳолат гирдобидан халос этмоқ учун ҳам жонбахш садо зарур бўлади. Ўтган аср аввалида матбуот ана шундай ойна ва садо вазифасини ўтади. Жа-дид матбуоти нашрлари орасида, бу жиҳатдан, «Садои Фарғона»нинг тутган ўрни алоҳида.
Ўтган аср бошларида ўлкамиз тарихида улкан ўзгаришлар бўлди. Жамиятнинг турли жабҳаларида зиёли кишиларимиз таъсири яққол сезилди. Туркистон тараққийпарварлари фаолияти ҳақида гапирилганда жадидлар фаолиятини алоҳида таъкидлаш мақсадга мувофиқ. Улар жамиятни қолоқликдан олиб чиқиш, бошқа мамлакатлар сингари тараққий этиши учун ҳаракат қилишди.
Мустамлака шароитида ҳам ишбилармон, тадбиркор, Ватан ва миллат фидойиси бўлган кишилар етишиб чиқдилар. Халқ фаровонлигининг ошиши, мамлакатда ободончилик ишларининг амалга оширилиши, маориф ва маданият соҳасидаги ютуқларда ўлкада фаолият юритган бойларнинг таъсири бор, албатта. Ана шундай саҳоватли, ҳозирги давр тили билан айтганда тараққийпарвар тадбиркорлардан бири Фарғона диёридан етишиб чиққан Обиджон Маҳмудовдир. У Туркистоннинг йирик сармоядорларидан эди. Обиджон Маҳмудовнинг таваллуд санаси манбаларда турлича кўрсатилган. Давлат ва жамият бошқарув академияси томонидан нашр этилган «Унутилмас сиймолар» альбом-буклетида, шунингдек, Фарғона водийси газеталарида чоп этилган мақолаларда Обиджон Маҳмудовнинг туғилган санаси 1858 йил, деб қайд этилган. Аммо Обиджон Маҳмудовнинг 1926 йил 7 апрель куни ҳибсга олиниши муносабати билан тўлдирилган анкетада унинг туғилган санаси 1871 йил, деб кўрсатилган. «Ўзбекистон Миллий энциклопедияси»нинг О.Маҳмудовга бағишланган мақоласига ҳам худди шу сана асос қилиб олинган. 1928 йили ички ва болалар касалликлари бўйича доктор Г.Х.Шахарович имзолаган маълумотномада ҳам: «Дана сия гр-ну Махмудову Абиджану, 71 года, в том...» сўзлари ёзилганки, бу унинг 1871 йили дунёга келганини тасдиқловчи яна бир ҳужжатдир.
Обиджон Маҳмудов ишбилармон саноатчи, тадбиркор инсон эди. У 1906 йил Қўқон шаҳрида ташкил топган савдо-саноат биржа жамиятининг аъзоси бўлган. У ўзининг тижорат ишлари билан Россиянинг марказий ҳудудлари, Волгабўйи ва Кавказда бир неча бор бўлади. У ерлардаги ижтимоий-сиёсий ҳаёт, кишиларнинг турмуш тарзи, маданияти, қарашлари билан танишади. У миллий сармояни тежаш, миллатнинг равнақига хизмат қиладиган иқтисодий-маданий, маърифий соҳаларни вужудга келтириш, замонавий асосга қурилган ҳунармандчиликни ривожлантириш каби масалаларга асосий эътиборни қаратади. Шу мақсадларни амалга оширишга бутун куч ва ғайратини сарф этади. Тадбиркорлик ишлари кундан-кунга гуркираб бораётган Обиджон Маҳмудов Россиядан тегишли босма дастгоҳларини сотиб олиб, Қўқонда босмахона ташкил қилади ҳамда 1914 йил 3 апрелдан эътиборан Фарғона водийсидаги биринчи миллий нашр – «Садои Фарғона» газетасини чиқара бошлайди (панжшанба 22 жумодил-аввал 1332, 1914 йил 3 апрель пайшанба). Бу улуғ тарихий воқеа эди. Бокуда чиқкан «Янги иқбол» газетасидаги мақолаларнинг бирида Чўлпон «Са-дои Фарғона» ҳақида шундай деб хабар берган: «...1914 йил сана апрел ойи биз, туркистонликлар, учун бир «миллий байрам» дейинилмаға лойиқ бир ой эди. Чунки, апрелнинг 2 ёки 3-инда Ҳўқанд тужжорларин-дан муҳтарам Обиджон афанди Махмудоф ҳиммати ила «Садои Фарғона» исминда ҳафтада 2 дафъа нашр қилинур бир ғазита чиқа бошлади. Бутун Туркистон бу ғазитани буюк бир шодлиқ ва суюнч ила қорши олдилар». Бу ўринда яна бир маълумотни келтириб ўтишни жоиз деб биламиз. Чўлпоннинг 1914 йили нашр этилган «Дўхтур Муҳаммадёр» ҳикоясининг бош қаҳрамонига прототип сифатида Обиджон Маҳмудов тасвирлаган.
Газетанинг биринчи сони эсдалик тариқасида шоҳи матоларга чоп этилган. Ушбу қимматли манба бугунги кунда ҳам Қўқон маданияти тарихи давлат музейида сақланмоқда (Қўқон маданияти тарихи давлат музейида 1914 йилда тадбиркор Обиджон Маҳмудов илк бор ташкил этган босмахонада Ашурали Зоҳирий муҳаррирлигида чоп этилган «Садои Фарғона» газетаси сақланаётир. Газета Марғилон шаҳрида махсус нафис ипакдан тўқилган оқ, ҳарир шоҳига босилган биринчи сонидир. Қимматбаҳо экспонат орадан 114 йил ўтган бўлса-да, ёрқинлигини йўқотмаган. «Садои Фарғона»нинг шу кунгача сақланиб қолган сонларини варақлар экансиз, XX аср бошидаги сиёсий, ижтимоий, ахлоқий муҳит ва зиёлилар маънавияти, нуқтаи назари ҳақида тасаввурга эга бўласиз. Газетанинг илк сони тарихчи олимларнинг таъкидлашича, 100 та оқ шоҳи мато ва 1500–1700 та қоғозга босиб тарқатилган.).
Ушбу газета таъсисчилари барчани майдонга чорлаб баралла: «Дардимиз бир, касалимиз ҳам бир, даво ва дармонимиз ҳам бирдир. Бас ондоғ бўлса, эй ҳимматлик биродарлар! Чиқинглар майдонға, ёзайлук, ўқуйлук. Чунки дардларимизнинг давои шифоси ёлғиз ўқумоқ ва ёзмоқдур. Такрор дейманки, биродарлар! Ёзайлук! Ўқуйлук!», – дея ватандошларини илм олишга, бошқаларга ҳам маърифат тарқатишга даъват этади. Чунки зиёлиларимиз миллат тараққий этиши учун биринчи чора нимада эканлигини ўз вақтида англаб етганлар ва бошқаларни ҳам бир мақсад ва маслак йўлида бирлаштиришга интилганлар.
«Садои Фарғона» газетасининг 2-сонида О.Маҳмудовнинг «Газета надур, на учун лозим?» сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Бу мақола орқали муаллиф ватандошлари онгида газета тушунчаси ҳақида етарлича маълумотлар бериб ўтган: «Биз, туркистонликлар учун энг аввал ғазетанинг нима эканлигини билмоқ нечукки, ҳар нарсани яхшилаб тушунмагунча, албатта, унга яхши кўз билан қарамас. Биз ҳам ибтидои бир ҳолатдалигимиз учун ҳануз не эканлигини англаб етганимиз йўқ. Бунинг учун ғазетанинг нима эканлигини бир оз тушунтирмоқға бошладик. Ғазета бутун дунёдаги маданий миллатларнинг тирикчилик йўллари, оламдаги даражалари ва ҳам олам инсониятининг тараққий олиси учун лозим бўлғон саъй ва ҳаракатлари тўғрисида бир-бирлари билан ... афкор (маслаҳатлашмоқ, кенгашмоқ) учун лозим бўлғон бир воситадур. Маълумдурки, одамизод бошқа ҳайвонлардин ёлғиз нутқлари (сўзлашмоқлари, ақл ва заковатлари билан айрилгандурлар, нечукки бошқа ҳайвонлар ҳам одамларға ўхшаш юрурлар, ичурлар, ухларлар, туғилур ва туғдирурлар, фақат сўзлашмоқ шарофати аларда йўқдур ва ҳам одамларнинг вақтлари ҳар қанча оз бўлса ҳам ақл ва заковати воқеламоқдадурлар. Одамизод ақлига келган ҳар бир ишни ўз бошича ва ёки ҳамжинслари бирла вужудға чиқармоқға қодирдур...) Агар бутун миллатга фоидалик бир нарса бўлса аввали замон, бутун ер юзида бўлғон миллатларининг ҳар бирини олдига бориб келсинму? Ажабо! Бу мумкинму? Асло мумкин эмас. Бас, ул ҳолда ўшал одамнинг ақлиға келган фоидалик ва зарур бўлғон фикридан фойдаланмоқдан маҳрум қолдирмоқ дурустму? Ва ёки бир илож қилиб ўшал фикрини бутун миллатиға билдирурмоқи керак-му? Албатта, билдирмоқ керак. Бинобарин бу ишнинг энг биринчи чораси: ғазета воситаси билан билдирмоқликдур ».
«Садои Фарғона» газетаси тез фурсатда халқ орасида оммалашган, Туркистон аҳли, айниқса, водийликларнинг чексиз қувончларига сабаб бўлган. Буни газетанинг дастлаб-ки сонларида эълон қилинган табрик шеърлардан ҳам кўришимиз мумкин.
Газетанинг жами 123 та сони чиққан (1914 йил 3 апрель – 1915 йил 6 июнь). Ушбу газета 4 саҳифадан иборат бўлиб, юқорида таъкидлаганимиздек Обиджон Маҳмудовнинг Қўқон шаҳридаги босмахонасида Ашурали Зоҳирий муҳаррирлигида ҳафтада 3 маротаба чоп этилган. Газетада асосан қуйидаги рукнларни кўрамиз: «Идора хабарлари», «Идорага мактуб», «Идорадан жавоблар», «Эълонлар», «Хўқанд хабарлари», «Телеграф хабарлари», «Туркистон ва Фарғона хабарлари», «Дохили хабарлар», «Абёт», «Хорижи хабарлар»... Шунингдек газета саҳифаларида турли мавзулардан ҳикоя қилувчи мақолалар, фелъетонлар, рекламалар, бошқа ўлкалар ва ўзимизда нашр этилувчи газета ва журналларга обуна ҳақидаги эълонлар ҳам ўрин олган.
«Садои Фарғона» саҳифаларида Лайли, МА.Аҳмадзода(Фаразин), Мулло Абдуллоҳбек Мусобек хожи ўғли, Мулло Ҳошим Ҳайра-тий бин Муҳаммад Саҳиҳ Махдум, Мулла Ғулом Зафарий, Тавалло(Тўла Тошканди), Саид Аҳмад Васлий, Исҳоқжон Тўра Ибрат, Мирзожон Мирзо Аброр ўғли Камолоф, Нажмиддин Қори Самарқандий, Ш.М., Хамза Ҳакимзода Ниёзий, Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон каби шоирларнинг ижод маҳсули мунтазам бериб борилган. Ўқувчилар ўлка ижодкорлари, айниқса, водийлик ижодкорларнинг асарлари билан яқиндан танишишида «Садои Фарғона» газетаси муҳим восита бўлиб хизмат қилган.
Қувонарли жиҳати шундаки, ушбу газетанинг деярли барча сонлари Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг Қўлёзмалар, нодир ва алоҳида қимматга эга нашрлар фондида сақланиб келинмоқда.
Ушбу фонддан нафақат маҳаллий, балки Марказий Осиё мутахассислари ҳам фойдаланиб келишмоқда. Фондда сақланаётган юртимизда илк чоп этилган газета ва журналлар тадқиқотчилар томонидан қизиқиб ўрганилади. Ушбу фонддаги қимматли материалларнинг электрон нусхалари мавжудлиги фойдаланувчиларга тақдим этилиши манбаларни келгуси авлодларга ҳам етказиш, фой-даланиш жараёнида тадқиқотчиларга қулайликлар яратиш мақсадида амалга оширилган ҳайрли ишлардандир.
Фойдаланилган адабиётлар:
- Б.Каримов. Янгиланиш соғинчи.Т.: «Адабиёт жамғармаси». 2004
- Мақсад ва маслак.Садои Фарғона. -1914. 3 апрел №1.
- Туркистон мактуботи. Янги икбол. - 1915. - 24 ноябрь
- Ўтмишнинг ёрқин кўзгуси. https://-www.uza.uz/oz/society/tmishning-yer-in-k-z-gusi-11-09-2018
