Автор этой статьи в 1914–1915 годах был предпринимателем в Тукинстанское стране, в частности в Ферганской долине. Махмудов дал информацию о газете «Садой Фергана», которую он основал, и об показани в ней литературных материалов. В данной статье Исмаил Гаспринский, опубликованной на страницах «газеты», и просветители Туркестана, в частности Степной человек Ашурали Захири, Ризоуддин Фахриддин, Бейбудий, А. Кадирий, Авлани, Х.Х. Ниязи, дают сведения о отношениях (заполненных Ходжамеровым). Смерть Гаспринского глубоко опечалила просветителей Туркестана. Поэтому на страницах газет нашей страны, особенно на страницах газеты «Садой Фергана», издававшейся в сентябре-октябре 1914 года, были опубликованы марши создателей газеты

Қарийб 70 йил давом этган мустабид даврда номлари қораланган, юрт учун жон фидо қилган миллатпарвар аждодлар ҳамда аср бошларида сиёсий ҳаракат даражасига кўтарилган миллий уйғониш ғояларининг йўлбошчилари ҳисобланмиш жадидлар фаолияти бугунги кунда кенг ўрганила бошланди. Беҳбудий, Чўлпон, Абдулла Авлоний, Убайдулла Асадуллахўжаев, Мунаввар Қори Абдурашидхонов ва бошқаларнинг фаолияти, асарлари таълим муассасаларида ўрганила бошланди.

Ўзбек зиёлилари, маърифатпарварлари ҳақида сўз юритар эканмиз, бевосита уларга устоз мақомида турувчи Исмоил Гаспринский ва унинг «Таржимон» газетаси ҳақида сўз юритиб ўтмоғликни жоиз деб биламиз. Исмоил Гаспринскийнинг номи нафақат Кавказ ёҳуд Волга бўйидагина эмас, балки Ўрта Осиёда ҳам маълум ва машҳур. У туркий халқларнинг маданий тараққиётига катта ва бебаҳо ҳисса қўшган сиймолардан биридир.

Буюк тараққийпарвар Исмоилбек Гаспринский адиб, педагог, муҳаррир, сиёсатшунос ва мунаққид сифатида ўзидан бой мерос қолдирди. Энг муҳими, унинг фаолияти янги мактаб, янги авлод ва янги жамият ғояларига бағишланди.

Исмоил Гаспринский ўз саъй-ҳаракатлари орқали туркий халқларни тараққиёт сари чорлайди. Ана шундай эзгу мақсадлар йўлида 1881 йил 21 майда «Тонгъуч» номли мажмуа дунё юзини кўрди. Кейинчалик «Шеъф», «Нашриёти Исломиа» номли мажмуалари нашр этилди. Аммо бу нашрлар доимий суратда чиқарилмас эди. Шу сабаб Гаспринский мунтазам ҳафталик газета таъсис этиш қарорига келди. Шундай холис ният ила бутун туркий ва мусулмон оламининг халқларига янгидан кўз очмоққа, уйғонмоққа ёрдам этган, билим дунёсида йўлчи юлдуз бўлган «Таржимон» майдонга келди. 1883–1914 йиллар мобайнида 31 йил Гаспринский ўзининг олий мақсадларини фаоллик билан ҳаётга татбиқ этиб келди.

У яшаган XIX аср охири – XX аср бошларида Қрим билан Туркистонни ўзаро боғловчи нафақат ҳаво йўли, балки темирйўл ҳам бўлмаган. Қримдан, масалан, Самарқанд ёки Бухорога келиш учун аввал темирйўл орқали Москвага бориш ва у ердан Туркистоннинг бу кўҳна шаҳарларига етиб келиш мумкин эди. Шундай мураккабликларга қарамай, Исмоил Гаспринский асос солган «Таржимон» газетаси, у ишлаб чиққан «усули савтия» мактаби ғояси XIX асрнинг ўрталарида минглаб километр йўлни босиб, Туркистонга ҳам кириб келди. Шу вақтдан бошлаб қрим-татар халқининг доҳийси Исмоил Гаспринскийнинг номи Туркистон ҳудудларида яшовчи халқлар, айниқса, шу халқларнинг Мунаввар қори Абдурашидхонов, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Чўлпон сингари зиёлилари учуп азиз ва қадрдон бўлиб қолди.1

Гаспринский умрининг сўнгги кунларида фарзандларини чорлаб, уларга васият қилган. У «Таржимон» газетасини давомли чиқишини, фарзандлари ушбу газетада фаолият юритишини хоҳлашини билдирган. Гаспринский вафот этган 1914 йили Туркистон ўлкасида «Садои Туркистон» ва «Садои Фарғона» газеталари нашр этила бошлади. Бу газеталарни «Таржимон»нинг авлодлари десак тўғри бўлади. Исмоил Гаспринскийнинг маърифатпарварлик ғоялари ва орзулари Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Қодирий, Ҳамза, Фитрат ва Чўлпон сингари ўзбек жадидларининг асарлари орқали бутун Туркистон бўйлаб ёйилди.

У бир неча бор Туркистон ўлкаси, хусусан, Самарқанд, Бухоро, Тошкентга ташриф буюрди. Ташриф давомида у Туркистон ҳаёти-ни «Таржимон»да изчил ёритиб борди. Туркистон ва Бухоро шароитида амалга оширилиши зарур бўлган ислоҳотлар ҳақида фикр юритди.

Исмоилбек Гаспрали замонамизда анчадан бери куртак очиб келаётган ниҳолнинг бўй чўзишига туртки бўлди, миллатдошларимизни ҳаракатга келтирган кучнинг майдонга чиқишига бир омил бўлди. Гаспринский ва жадид зиёлиларимизнинг қарашлари ватандошларимиз онгида ижтимоий фикр уйғотиш, уни шакллантириш, маълум мақсадга йўналтиришга хизмат қилди.

Исмоил Гаспринский ғоялари билан танишиб, у чоп эттирадиган «Таржимон»ни ўқиб, ғафлат дунёсини тарк этган зиёлиларимиз ҳам ўз навбатида, бу буюк зот қарашларини давом эттирган. Туркистонлик зиёлиларимиздан Беҳбудий, Чўлпон, Авлоний, Убайдулла Асадуллахўжаев, Мунаввар Қори Абдурашидхонов ва бошқалар бевосита Исмоил Гаспринский билан ҳамфикр, маслакдош бўлганлар. Улар орасидаги алоқаларни ўзаро мактуб ёзишмалардан ҳам кўришимиз мумкин.

Матбуотнинг энг катта ютуқларидан бири ёш истеъдодларни халққа танитиш бўлса, иккинчиси, янги адабий танқиднинг шакллантирилиши воситасида миллий адабиётнинг вазифалари, тамойиллари, назариясини қайта кўриб чиқиш ва ишлаш бўлди. Янги адабиётни текшириш учун янги назарияларнинг зарурлиги адабий танқиднинг шаклланишига олиб келди. Шу жараёнлар натижаси бўлмиш Абдулҳамид Чўлпоннинг «Адабиёт надур?» мақоласи аҳамиятлидир. «Таржимон» газетасининг 1913 йил 27 ноябрда чиққан 261-сонида Сулаймонзода Абдулҳамид Юнусов имзоси остида Чўлпоннинг Исмоил Гаспринскийга йўллаган мактуби чоп этилган. Чўлпоннинг Исмоил Гаспринскийга мактуб йўллашининг боиси шундаки, ХХ асрнинг10-йилларида адабиёт икки оқимга ажралади: янги адабиёт ва қадим адабиёт. Қадим адабиёт тарафдорлари янги адабиётни таъқиб қилиш йўлидан борди.

Чўлпон ҳам икки ўт ичида қолади. У янги адабиёт намуналари берилаётган газеталарни ўқий деса, мутаассиб дин пешволарининг тазйиқига дуч келади, ўқимай деса, қадим адабиётдан газеталардаги янги фикрларни топа олмайди. Бундан боши қотган Чўлпон унга хат йўллайди, бу хат «Таржимон» газетасида ҳам босилиб чиқади.2 Хатда қуйидаги сатрларни ўқиймиз:

«Муҳтарам устозимиз Исмоилбек жаноблари! Андижоннинг баъзи буюклари менга деюрлар: «Сен «Шалола», «Турк юрди», «Шаҳбал», «Таржимон», «Вақт» ва «Иқбол» ўқиюрсен, на учун «Мирзо Бедил» ва «Хўжа Ҳофиз» лари ўқимаюрсен?» Бу савола жавоб ўлмоқ узра сўйламая бир шай бўламадим. Агар жавоб вори эса «Таржимон»да дарж эдилмасини қатқат рижо эдийўрим. Агар жавоб йўқ эса «бу янги адабиёти» сува, оташа отуб, вақтим ўлдиқча «Мирзо Бедил» ила «Хўжа Ҳофиз»и мутолаадан айрилмажағим.

Сулаймонзода Абдулҳамид Юнусов».

Бу хатга Исмоил Гаспринскийнинг жавоб хатида қуйида сатрларни кўришимиз мумкин:

«Ай баним қаро ёзили шогирдим, санго ва сизлара ажилан жавоб веражагис... «Мирзо Бедил» Ҳиндистоннинг Шайх Саъдийсидир. Ёздиғи тамсиллара вердиги насиҳатлар ҳақиқатан гўзал ва нофеъ шайлардир. Хўжа Ҳофиз иса маълум...

Бунлари бир, икки, беш дафаъ ўқингиз!

Бунлардан янги ва ёки эски адабиёта қаршу бир сатр кўрсангиз банго хабар эдинг... Адабиёт сиза:

– Жоҳил ўлингиз, демаз.

– Сафил ўлингиз, демаз.

– Олама кулинч ўлингиз, демаз.

– Дунё севар киши ўлингиз, демаз.

– Соир инсонлара нисбатан ҳайвон қолингиз, демаз.

Адабиёт отса ёнмаз, сува ботмаз. Локин ёндиронлари ёндирир, ботиронлари ботирар; сува дагил, чўмира, балчиқа ботирир!.. »3 И.Гаспринский Чўлпоннинг ушбу мактубини «ажойиб бир мактуб», муаллифни эса «даҳа гўзал» сўйлайдиган, дея таърифлаган. Бу ёзувлар Чўлпон учун «мукофот» эди.

И.Гаспринскийнинг жавобидан сўнг Чўлпон адабиёт ҳақида анча мукаммал тасаввурга эга бўлади ва бундан замондошларини ҳам хабардор қилиш мақсадида «Садои Туркистон» газетасининг 1914 йил 4 июнь сонида «Адабиёт надур?» мақоласини эълон қилади ва «адабиёт яшаса, миллат яшар» деган тўхтамга келади. Адабиёт миллатни фикрлашга, ўзи ҳақида ўйлашга ундайдиган, келажакка умид уйғотувчи кучли бир қурол эканлигига ишонч ҳосил қилади.

Чўлпон ўз асарлари орқали Гаспринский қарашларини давом эттирган, ўқувчиларга етказиб берган. Буни «Кеча ва кундуз» романидаги Мирёқуб билан жадид Шарафиддин Хўжаев ўртасида бўлиб ўтган суҳбат орқали ҳам кўришимиз мумкин: «...«Таржимон» нима дейди? «Таржимон» – жадид газеталарнинг отаси Исмоил бобойнинг газетаси. Энг эски газет... «Тилда, фикрда, ишда бирлик!» дейди, яъни биз мусулмонлар, турк халқлари, бир фикрда бўлайлик, бир иш қилайлик, дейди. Мундан яхши нима бор?.. Жадидлардан қўрқманг. Миллатни билинг, танинг, унга хизмат қилинг. Шу билан сиз ҳам жадидсиз. Номингиз миллий тарих бетларига ёзилади».

Гаспринский вафоти бошқа турк мусулмонлари сингари Туркистон жадидларини ҳам чуқур қайғуга солди. Буни унинг вафоти муносабати билан ёзилган марсиялар, мақолалардан ҳам кўришимиз мумкин. Исмоилбек Гаспринскийнинг вафоти муносабати билан Ҳамза «Марсия», «Явмул вафот», Тавалло «Марсияи устоди Исмоилбек жаноблари», Абдулла Авлоний

«Адиб Исмоилбек руҳина», Ашурали Зохирий «Марҳум Исмоилбек қандай ишлар қилган?» (1914) каби шеър ва мақолаларида ҳам унинг хизматлари улуғлаб ўтилди. Жумладан, Фарғона жадидчилик ҳаракатининг таниқли намоёндаларидан «Садои Фарғона» газетасининг муҳаррири Ашурали Зоҳирий Исмоилбекнинг вафоти муносабати билан «Садои Фарғона» газетасининг 1914 йил 14 сентябрь якшанба куни чиққан 59 сонида қайғуриб ёзган мақоласида шундай сўзлар бор: «...12 сентябрда олинган телеграммадан турк-татар дунёсининг устоди, мутафаккир ва доҳийси Исмоилбек Гаспрали жанобларининг вафоти хабарларини англадик, англадиғимиз баробарида ғамга ва қайғуга ботдик... Бундай қайғулик телеграмни олиб ўқуғоч ёруғ дунё кўзумузға қоронғу бўлди, чунки бул марҳум Исмоилбек афанди бутун Руссиядаги мусулмонларни бир ёруғ юлдузимиз эрдилар.

Матбуот оламинда қоронғу кечаларда чиққан ойи моҳтобимиз эрдилар. Хидовандо Карим жойларини жаннатда қилиб аҳли авлодларига сабри жамил ато қилсин. Омин».5

«Садои Фарғона» газетасининг навбатдаги сонида (№60) эса Ашурали Зоҳирийнинг «Марҳум Исмоилбек қандоғ ишлар қилган?» номли мақоласи эълон қилинган. Ушбу мақолада муаллиф Исмоилбек Гаспринский ҳақида қуйидаги маълумотларни ёзади: «Исмоилбек жанобларининг «Русия мусулмонлари» асари 30–40 саҳифадан иборат бўлса ҳам, Исмоилбек деганда ҳамма турк-татар бирдан Боқчасаройға қараб таъзим қилмоққа лойиқ ва сазовор этган хизматларини бундан 34 йил муқаддам (бутун турк-татар оламини қоронғулик ўраб олган вақтда) тузган проғраммаси, истиқболда тасаввур этган ишларининг лойиҳасидир. «Русия мусулмонлари» асарида турк ва татар миллати илм ва ҳунардан маҳрумдирлар. Агар шул кетишда давом этсалар, охири ютулиб мунқариз бўлурлар. Энди аларнинг бу заиф, бундоқ кейинга қолмоқларига сабаб нима? Турк-татар миллатини...бундан қутқармоқ учун нима қилмоқ лозим? деган саволлар бериб, бунга жавобан: «Бунинг бул заифимизға сабаб жаҳлимиз, Оврупо илму маърифатидан баҳрамандсизлигимиз, қонуни табииядан хабарсизлигимиздур.

Қутулмоқ учун ўқумоқлигимиз, Оврупо илму афкорини орамизға суқмоқлигимиз лозимдир...»6

«Миллатга, халқ ва жамоатга хизмат этувчилар эҳтимол ҳар вақт бўлиб келгандир, бири илм бирла хизмат этган бўлса, эҳтимолки иккинчилари моллари ва ақллари бирла ёрдам этгандирлар. Лекин Исмоилбекнинг хизмати барокотли ва жуда фойдали бўлди. Исмоилбек бу миллат учун хайрли ва назирсиз бир ходим эди».7 Бу сатрлар эгаси Ризоуддин Фахриддин ўз журнали «Шўро» (1914 йил, ноябрь сони)да Гаспринский фаолиятига чуқур назар ташлайди. Исмоилбек кўпинча: «Халқ бирла аралашувингиз шу равишда бўлсинки, ораларинда тургон вақтингизда улар сизни севсинлар ва айрилғондан сўнг сиз учун йиғласинлар», деган маъноли ҳикматларни айтиб юрар эди. Исмоилбекнинг вафоти бутун мусулмон-турк дунёси зиёлиларининг қалбини изтиробга солгани аниқ. Улар ўзларининг изҳори дили бўлмиш таъзиянома ва марсияларни барча матбуот саҳифаларида турли йўсинларда юзага чиқарганлар. Биттагина «Таржимон»нинг ўзини, унинг 1914 йил сентябрь охири ва октябрь-ноябрь ойларида чиққан сонларини варақлаган киши кўз ёшлари билан ёзилган ғамгин сатрларни ўқийдилар. Исмоилбекнинг елкадоши Ҳасан Сабрий Айвазов: «Эй устоз! Сен бир қуёш эдинг! Шарқда асрларча жаҳолат зулмати туфайли инқирозга маҳкум қолмиш турк-мусулмон қавмларини танвир (нурли қилиш) учун тулуъ этмиш (чиқмиш) бир қуёш эдинг», дея ёзди. «Таржимон»да чор атрофдан таъзия мактублари, таъзия телеграммалари ёғилади.

Газетанинг 1914 йил 4 сонида «Таъзия телеграфлари» рукнида Беҳбудий Самарқанддан ёзади: «Қадарингиза иштирок эдиёрим. Жаноби ҳақдан сабр ва таҳлил ниёз эдиёрим». «Ойна»да таъзия муносабати билан босилган «Исмоилбек ҳазратлари» деган мақоласида эса «ходимул миллат»га «Русия мусулмонлари ичинда мундайин бир зот йўқдир», деган сўзларни ёзади. «Таржимон»нинг 5 октябрь сонида қўқонлик бир гуруҳ муаллим ва ёшлар: «Садои Фарғона» идорасина севгили Исмоилбекнинг иртихолина доир чекилан хабар бизлари фавқулодда мунгдор этди. Ушбу зиёи олима жумла ила бизда ағлаёриз. Қўқанд генжлари ва муаллимлари марҳумнинг руҳина раҳмат, қолонлара сабр ва таҳмил таманно айлаярак жомеъда дуо этдилар», дея хабар бердилар. «Ойна» муҳаррирларидан Мирзошоҳ Ҳафизов ва Усмон Хўжанинг: «Эски Бухоро мусулмонлари нурландирижи Исмоилнинг вафотидан утру қадарларингиза иштирок эдиёриз», тарзидаги таъзияномаси газетанинг 12 октябрь сонида босилиб чиққан... Туркистон жадидлари матбуотида бу қайғули хабар акс-садосидан бир қатор марсиялар пайдо бўлди. Камий:

«Жумлаи ислом элиға раҳбару устоз эди, Барча шогирдонина эрди атодек меҳрибон», деб ёзди.8

Миллий романчилигимизни бошлаб берган улуғ адиб Абдулла Қодирий ҳам бошқа илғор ўзбек зиёлилари каби Гаспринский таълимотининг тарафдорларидан эди. А.Қодирий ўзининг «Жасорат айб эмас»9 деган мақоласида «Исмоилбекнинг қадрлари ва туз ҳақларини тўғри англамаган шарқ йигити орамизда бўлмасин, демак истайман. Уларнинг хизматларини тақдирламаганлар телбадир, бошқача бўлиши мумкин эмас», деб ёзган эди.

«Миллатнинг равнақи эмас, яшаши учуноқ илм керак. Усиз ҳозирги шароитда тириклик мумкин эмас. Демак, уни эгаллаш лозим», деб бу йўлда жон куйдирган Авлонийнинг жуда кўп шеърлари ва мақолалари матбуотимиз саҳифаларини безаган, десак хато бўлмайди. Унинг асарларида ҳам Исмоилбек Гаспралининг қарашларини давом эттирилганини кўрамиз. Адибнинг Гаспринский вафотига бағишлаб ёзилган «Адиби шаҳир Исмоилбек руҳина» марсияси ҳам эътиборлидир. Авлоний ушбу марсиясида Гаспринскийни «миллатнинг бобоси», «буюк нуктадон» деб таърифлайди. Миллатнинг ҳолини тушунувчи таржимон эдингиз, «Ҳақ раҳматига лойиқу жаннат-макон эдинг», дея унинг вафотидан чуқур қайғуда эканлигини айтади.

Ҳ.Ҳ.Ниёзийнинг «Садои Фарғона» газетасида «Явмул вафот « мақоласи ва «Марсия»си ҳам берилган. Ушбу марсиясида муаллиф Гаспринский вафотидан чуқур қайғуда эканлигини ифодалаб, «ваҳ, қаро кун тушди қайдан», дея нола чекади ва «тир ёйдан, сайд жондан, сийна қалқондан жудо бўлди, ғунча гулдан, гул тикандан, сабза райҳондан айрилди» дейди.

16 ёшли талаба Чўлпоннинг Гаспринский вафотига бағишлаб ёзган марсияси ҳам аҳамиятлидир. Унда Чўлпон Гаспринскийни «бизи уйғотгучи устозимиз» дея таърифлаб, «миллатнинг порлоқ чироғи» ўчканлигидан оҳ чекади. Бу шеър Гаспринский вафотидан (1914 йил 11 сентябрь) бир неча кун ўтиб, «Садойи Фарғона» газетасида босилган.10

Шу ўринда адабиётдаги «таърих» жанри ҳақида тўхталиб ўтсам, Таърих – бирон-бир воқеа-ҳодиса содир бўлган санани абжад ҳарфлари воситасида ифодалашдир. Aтоқли шарқшунос Е.Е. Бертельс унга шундай таъриф берган: «Таърих – хронограмма бу – бирон-бир ҳодиса санасининг шеърий ифодасидир. Ҳирот аслзодалари давраларида бу ўйинга катта қизиқиш билан қараларди. Масжид, мадраса, карвонсарой, ҳовузларнинг қурилиш санасини белгилаш учун махсус сатрлар тўқилар ва биноларга чиройли қилиб ёзиб қўйиларди.11

Aраб, форс ва туркий халқлар мумтоз адабиётида бу жанр жуда машҳур бўлиб, ҳатто шоирлар ўртасида маҳорат мезонини ҳам англатган. Таърих ёзишнинг бир неча талаблари мавжуд. Aввало, зикр этилажак сана аниқ бўлиши лозим. Тарих санъати араб алифбосидаги ҳарфларга асосланиб яратилади, яъни тарих қилиб берилган сўз «абжад ҳисоби»да ҳисобланади. Араб алифбосидаги 28 та ҳарф орқали 1 дан 1000 гача бўлган сонларни ифодалаш мумкин. Тавалло Исмоилбек Гаспринский вафоти тарихини қуйидаги сўз орқали ифодалайди: «Таърихи фавти учун «маҳфур бобо» «зулжалол».

Биз юқоридаги мақола орқали Гаспринский ва ўлкамиз маърифатпарварларининг ўзаро алоқаларини «Садои Фарғона» газетаси саҳифаларидаги битиклар орқали кўрсатиб беришга ҳаракат қилдик. Ушбу газета саҳифаларида яна кўплаб ижодкорларнинг адабий қарашлари, ижод маҳсулларини кўришимиз мумкин. Шунинг учун ҳам «Садои Фарғона» газетаси ҳамиша адабиётшунослар диққат марказида туради, уни тадқиқ қилишдан чарчамайди. Энг қувонарли жиҳати шундаки, ушбу газетанинг деярли барча сонлари Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг Қўлёзмалар, нодир ва алоҳида қимматга эга нашрлар фондида сақланмоқда. 

«Таржимон», «Садойи Туркистон», «Садои Фарғона» каби газеталар ўз даври адабий муҳити ва адабий жараённинг шаклланиши ва ривожланишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган. Янги руҳдаги миллатни жаҳолатдан қутқарувчи асарларнинг ўз ўқувчисини топишга катта ёрдам берган. Туркистон жадидлари халқни маърифат сари чорлашган. Кишиларни қарамликдан мустақиллик сари етаклаган. Ватан мустақиллиги, халқ маънавияти йўлида, ҳаттоки, жонини ҳам фидо қилишган. Юқорида номлари зикр этилган жадидларимизнинг маърифатпарварлик ғояларини тарғиб этишда матбуот муҳим восита бўлиб хизмат қилган.

Исмоил Гаспринскийнинг маърифатпарварлик, ҳурлик ғоялари Туркистон ёшларини ҳам бефарқ қолдирмаган. Унинг Туркистон жадидлари билан ҳамнафас, якдил бўлганлигини юқоридаги мисоллардан ҳам кўрдик. Хуллас, Исмоил Гаспринскийнинг хизматлари ўз замонасида вафоти муносабати билан ва кейинчалик ҳам кўп бора эсга олинди. Зотан, Исмоилбек шунга муносиб чин бир фидоий инсон эди.

Фойдаланилган адабиётлар:

  • 1. Ашурали 3оҳирий. «Мархум Исмолбек қандай ишлар қилган? — «Садои Фарғона» газетаси, 1914 йил, 17 сентябрь.
  • 2. Жулқунбой. Жасорат – айб эмас. «Қизил байроқ» газетаси, 1922 йил, 1 июль, 191-сон, 2-3 бет.
  • 3. Каримов Б. «Даҳа гўзал»битиклар. Чўлпон ва Гаспринский.. «Гулистон» журнали. 2000 йил 3-сон, 60-61 бетлар.
  • 4. Каримов И.А. Тарихий хотирасиз келажак йўқ. Тарихчи олимлар ва журналистлар билан суҳбат. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. 7-жилд. Тошкент: «Ўзбекистон». 1999 йил.
  • 5. Ризоуддин Фахриддин. «Шўро» журнали, 1914 йил ноябрь.
  • 6. «Таржимон» газетаси. 1913 йил, 27 ноябр 261-сон.

1Каримов Н. Туркий дунё юлдузи. Исмоилбек Гаспринский ва Туркистон – Т.: «Шарқ», 2005, 8-9 б.
2 «Таржимон» газетаси.1913 йил, 27 ноябр, 261-сон
3 Каримов Б. «Даҳа гўзал»битиклар. Чўлпон ва Гаспринский.. «Гулистон» журнали. 2000 й. 3-сон, 60-61 бетлар.
4 Чўлпон. Асарлар. Уч жилдлик. II жилд. – Т., 1993. – 175-бет.
5 А. 3. Қайғулик телеграм. «Садои Фарғона» газетаси, 1914 йил, 14 сентябрь №59, 1-саҳифа
6 А. 3. «Мархум Исмоллбек қандай ишлар килган? – «Садои Фарғона» газетаси, 1914 йил, 17 сентябрь.
7 Ризоуддин Фахриддин. «Шўро» журнали, 1914 йил, ноябрь.
8 Б.Карим. «Исмоилбек хотираси», Янгиланиш соғинчи. – Т.: 2004. 71-72 бетлар.
9 Жулқунбой. Жасорат – айб эмас. «Қизил байроқ» газетаси, 1922 йил, 1 июль, 191-сон, 2-3 бет.
10Ҳамидий. Маорифпарвар бобомиз муҳтарам Исмоил Гаспринский ҳазратлари ҳақинда таъзия-номамиз». Садойи Фарғона» газетаси, 1914 йил, 24 сентябрь. №62).
11 Бертельс Е.Э. Навои и Джами, стр.40 .