Аннотация: Статья знакомит с Национальной библиотекой Катара, расположенной в  столице арабского государства в городе Доха. Деятельность многофункциональной библиотеки основана на использовании самых современных технологий в библиотечном деле. А также, на собрании ценных коллекций и документов,  связанных с историей и территорией государства Катар.

Қатар Миллий кутубхонаси директори Тан Хуисм Осиё ва Океания Миллий кутубхоналар директорларининг 29-йиғилиши ва унинг доирасида ташкил қилинадиган конференциясига таклиф хатига кўра Қатарга хизмат сафари ташкил этилди. 

Маълумот учун: Қатар Арабистон ярим оролининг шимоли-шарқий қисмида Қатар ярим оролида жойлашган. Эрамиздан аввалги 3 – 2 минг йилликда илк аҳоли манзилгоҳлари пайдо бўлган. Пойтахти Доҳа шаҳри. Мутлақ монархия. Конституцияси 2003 йил 29 апрелда қабул қилинган. Давлат ва ижроия ҳокимияти раҳбари – Амир. Ҳудуди 11 минг 586 квадрат километр. Мустақиллик куни 3 сентябрь 1971 йил (Буюк Британиядан). Давлат дини-ислом. Расмий тили – араб тили. Аҳолисининг асосий қисми (40%) араблар, Покистон (18%), Ҳиндистон (18%), Эрон (10%)ва бошқалар.

Қатар кутубхоналари ўтган асрнинг 50-йилларида мамлакатда биринчи оммавий китоб фондларини сақлаш бошланганда юзага келган. 1962 йилда мамлакатда бошланган ушбу ҳаракатлар Дар-ул-кутуб, араб тилида «Китоблар уйи»га бирлашиб, Доҳа оммавий кутубхонасига асос солган. 

Доҳа шаҳрида жойлашган Қатар Миллий кутубхонаси «Таълим шаҳарчаси»да қад ростлаган. Ушбу майдонда бир нечта университет, кутубхона, музей, таълим вазирлиги каби муассасалар жойлашган бўлиб, Миллий кутубхона биноси 45 минг метр квадратни ташкил этади ва 3 қисмга бўлинган. Жумладан: Миллий кутубхонада Қатар тарихи ва ҳудудига оид ҳужжатлар, архив материаллари, Университет ва тадқиқотлар кутубхонаси таълим йўналишидаги ресурсларни ва Оммавий кутубхона маҳаллий ҳамжамиятга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Бундай бўлиниш тасодифан эмас, чунки кутубхона рамзий маънода мамлакатнинг ўтмиш ва бугунини ифодалайди.

Қатар таълим, фан ва ижтимоий ривожланиш фонди (Qatar Foundation) раиси Шейх Моза бинт Насир жаноби олияларининг таъ-
кидлашича: «Лойиҳа концепцияси, бой меросни билиш ва келажак Қатарини қуришда ҳамда инсон капиталини намойиш этишда кутубхона муҳим ролни ўйнайди, чунки Қатар ўз иқтисодини билимга асосланган ҳолда қуради. Бунга эришиш учун эса мамлакатга замонавий, кўп функционал миллий кутубхона зарур».

Машҳур голландиялик архитектор Рем Колхаснинг архитектура шедеври ҳисобланмиш Миллий кутубхонанинг ички қисми ўқув зал ва китоб сақлаш учун ягона катта хона – амфитеатр каби лойиҳалаштирилган. Чўлнинг ўртасига қўнган Номаълум учувчи обьектни эслатувчи бу футуристик бинонинг ихчам чизиқлари Колхаснинг ўзига хос услубидир. Бинонинг икки тарафи салгина кўтарилган бўлиб, икки қанотни шакллантиради ва у букилгани учун ромб кўринишга эса фасадни намоён қилади. Икки тарафнинг ҳам шиша ойналар билан таъминлангани, табиий ёруғликдан самарали фойдаланилгани, бу эса, бугунги кун кутубхоналарини лойиҳалашда муҳимлигини кўрсатади.  

Интерьерда асосан оч жигарранг мармар ишлатилган бўлиб, ундан пол, устунлар, китоб жавонлари учун фойдаланилган. Бинонинг ўзаро бир-бири билан (3 қисми) ичи таянчсиз кўприк билан боғланган бўлиб, уларда ме-
диа-хоналар, ишлаш учун жойлар ва катта маъруза зали жойлашган. Бинонинг археологик жиҳатдан қудуқсимон услубдаги пастки қавати (6 метр) манускриптлар, мусулмон олами маданияти ва тарихига оид қимматбаҳо ашёларни сақлашга ажратилган.

Кутубхона 2018 йил 16 апрель куни расман очилган. Кутубхонага кириш эшиклари катта бино учун кичкинадек гўё, бироқ бунга кутубхоначилар шундай таъриф берди: «Кутубхонамизга ташриф буюрган ҳар қандай инсон учун кичкина туйнук орқали билимлар уммонига йўл очиқ. Ичкарига кирар экансиз жудаям катта, очиқ майдон ва унда юз минглаб китоблар ярусларга, яъни юқорига қараб бироз кўтарилган поғоналардаги жавонларга кўзингиз тушади. Бу эса мутолаа, таълим орқали сизнинг қалбингиз ва онгингиз янада юксалади!». Сеҳрли манзара тўғрими, чунки Сизни тўрт тарафингиздан ҳам китоблар ўз исканжасига олади.  Қайси тарафга биринчи қадам босишни ўйлаб қоласан...

Қатар фуқароси ёхуд Қатарда яшаш ҳуқуқига эга фуқаролар текинга кутубхона рўйхатидан ўтиш имконига эга. Рўйхатдан ўтмасдан ҳам кутубхонадан фойдаланиш мумкин. Бунда у фақатгина очиқ фонддан фойдалана олади. Аммо очиқ фондда бой кутубхонанинг барча манбалари жойлашмаган, китоб сақлаш бўлимидаги манбалардан фойдаланиш учун эса албатта кутубхона рўйхатидан ўтиш талаб этилади.

Кутубхона фондларида 1 миллиондан зиёд нашрлар ва 500 мингдан зиёд электрон ресурлар мавжуд. Барча нашрлар RFID меткалари билан таъминланган. Китобхон ўзига керакли нашрни жавонлардан олиб бемалол мутолаа қилиш мумкин. Уларни олиш ва қайтариш эса жавонларга ўрнатилган махсус аппаратлар орқали амалга оширилади. Шу ерда айтиш жоизки, кутубхоначиликда қўлланиладиган энг замонавий технологиялар ёрдамида китоб-
ларга буюртма бериш, жавонлардан бемалол ўзларини қизиқтирган нашрларни олиш, ҳатто аппарат орқали қайтариш мумкин. Бироқ, қайтарилган адабиётларни китоб жавонларига тўғри қайтарилиши ва жойлашишида кутубхоначи иштирок этади, яъни инсон омилисиз бу ишларни бажариб бўлмайди. Сақлаш бўлимларидан буюртма қилинган нашрлар 7-12 дақиқа оралиғида китобхонга етказилади.

Кутубхонада якка ва гуруҳли ишлаш учун, тадқиқот ва ўрганиш учун бир қанча жойлар ташкил этилган. Жумладан:

Энг замонавий технологиялар ва дастурий таъминот билан жиҳозланган 16 компьютерлар ёрдамида бошқариладиган станцияларидан иборат ёрдамчи технология хонаси

Ёшлар учун махсус майдон

686 квадрат метр майдонга эга Болалар кутубхонаси

4 хонали Инновация станцияси

2 та машғулот хонаси

Компьютер лабораторияси

8 та гуруҳли дарслар учун хоналар

28 та якка ўқув корпуслари

3 та медиа кўриш хонаси

26 та катта интерактив экран ва 465 та компьютер

Ёритиш, LED дисплей, динамиклар ва овоз ўтказмайдиган пардалар билан жиҳозланган 200 ўринли махсус тадбирлар учун майдон

1000 ўринли 12 та аудитория

Ресторан ва кафе

Кутубхонада фойдаланувчилар учун турли қўшимча имкониятлар: 3D принтер, тикув машинаси, турли ўйинларни ўйнаш учун мониторлар билан таъминланган лабораториялар ҳам ишлаб турибди.

Китобхонлар учун яна бир катта имконият бу – Қатар Рақамли кутубхонаси. 2014 йилда Qatar Digital Library (QDL) Қатар Рақамли кутубхонаси ишга тушган бўлиб, ушбу лойиҳа Британия кутубхонаси ҳамкорлигида амалга оширилади. Рақамли кутубхона лойиҳалари Qatar Foundation томонидан молиялаштирилади. Фонд стратегиясининг муҳим жиҳати – билимлар иқтисодини, шунингдек Қатар ва Форс кўрфази ҳудудларини тадқиқ этувчи инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлашдир. 

QDL нинг асосий вазифаси Британия кутубхонаси коллекциялари ва дунёдаги бошқа архивлардан турли тилларда Қатар тарихи ва маданий меросига оид ҳужжатларни излаб топиш, рақамлаштириш ва китобхонга тақдим этиш. QDL экспертлари томонидан 2017 йилдан нафақат Қатар, балки Форс кўрфазидаги барча ҳудудлар, шу жумладан, Арабистон ярим ороли, Эрон, Ироқ, Ҳиндистон, Туркия, Португалия, Франция, Россиядаги турли архивлардан Қатар маданий мероси, тарихига оид турфа қарашларни акс эттирувчи материалларни излаш, ҳамкорларни жалб қилиш устида ишлар олиб борилмоқда.

Бошқа кутубхоналар каби QDLда ҳам манбаларни рақамлаштириш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Бир кунда 2-2,5 минг саҳифа рақамлаштирилади. Ҳозиргача 14,5 миллиондан зиёд саҳифа китоблар, қўлёзмалар, хариталар, вақтли матбуот нашрлари, фотосуратлар рақамлаштирилган. Рақамлаштирилган ҳужжатларнинг метамаълумотлари яратилади. Метамаълумотларни яратиш архивларни рақамлаштириш жараёнидаги энг кўп вақтни талаб этади. Рақамлаштирилган ва метамаълумотлари яратилган ресурслардан ҳеч қандай тўсиқларсиз фойдаланиши мумкин бўлиб, бунинг учун интернетга кириш талаб этилади.

Қатар Рақамли кутубхонасининг ишлаш принциплари эса оддий: кутубхонадаги барча ҳужжатлардан текинга фойдаланиш яратилганлигида. Бу катта имконият. Тасаввур қилинг, агар керакли ҳужжатни Сиз жисмонан ташриф буюриб, каталоглардан излашингизга қанча вақт ва маблағ кетади. Британия кутубхонаси коллекцияларини ўрганиш учун Лондонга саёҳат ҳар қандай тадқиқотчи чўнтагига торлик қилиши табиий.

2014 йилдан 2022 йилгача QDL га 2,5 миллион ташрифлар амалга оширилган ва 18 миллиондан зиёд саҳифа кўрилган. Айта оламанки, QDL – Қатар ва Форс кўрфази мамлакатларига оид тарихий тадқиқотларни амалга оширишда катта ютуқларни қўлга киритди. Рақамли кутубхона тадқиқотчиларни ҳудудни ўрганишга бўлган қарашларни, услубларни ўзгартира олди ва бу билан, янада кўпроқ олимларни ушбу масалани тадқиқ этишга жалб қилиб келмоқда.

Қатар Миллий кутубхонасининг яна бир эътиборга молик йўналиши – реставрация ва консервация бўлимининг фаолияти бўлди. Бўлим мутахассисларининг асосий вазифалари – араб дунёсига оид қўлёзмаларни сақлаш ва авлодлар фойдаланишларини таъминлаш мақсадида, қўлёзмаларнинг умрини узайтириш. Қатар ва Арабистон ярим оролида миллионлаб араб ва ислом қўлёзмалари мавжуд бўлиб, уларни сақлаш учун воситалар етарли эмас. Шунинг учун, кутубхона реставраторлари фақатгина кутубхонадаги қўлёзмаларни реставрация қилиш билан чекланиб қолмай, балки бошқаларни ўқитишни ҳам йўлга қўйган.

Нодир нашрлар фондида ҳаво ҳарорати ва намлигини мониторинг қилиш тизими яратилган ва у WI-FI орқали ишлайди. Монитор орқали фонд, кўргазмалар зали назорат қилиб борилади. Шунингдек, буюртма асосида вақтинча фойдаланишга берилган ҳужжатларнинг ҳолатини ҳам дунёнинг исталган бурчагидан компьютер ёки телефон ёрдамида назорат қилиш имконияти яратилган.

2022 йилдан Қатар Миллий кутубхонаси ҳудудда биринчилардан, оммавий равишда қоғознинг кислоталик даражасини нейтраллашни (таъсирини кесиш) бошлаган. Бу асосан, XIX асрга оид нашрлар фондига тааллуқли, чунки айнан шу ҳужжатлар юқори кислоталикка чалинган ҳисобланади.

Яна бир жиддий масалага тўхталсам. Кутубхона нодир нашрлар фонди экспертлари қадимий ҳужжатларни сақлашдан ташқари, ноёб нашрларни контрабандаси масаласига ҳам эътибор қаратишади. Китоблар бошқа санъат асарлари ва артефактларга нисбатан етарли даражада қонунчилик томонидан ҳимояга олинмаган. Қўлёзмалар бошқа археологик экспонатлар каби ҳажми жиҳатидан кичкина ва уларни махфий равишда четга олиб чиқиш осон. Кутубхона 3 йилдан бери Интерпол, халқаро божхона уюшмаси ва қатор экспертлар билан ҳамкорлик қилади. Ҳамкорликда ислом қўлёзмаларини ноқонуний четга чиқиб кетишга йўл қўймаслик бўйича дастур ишлаб чиқилган. Катта жамоа аукционлардаги сотувлар, ижтимоий тармоқлардаги, DarkNet «қора интернет» трафиги орқали олди-сотди жараёнларини кузатади.

Кутубхона коллекцияларини сақлаш ҳамда бебаҳо қўлёзма манбаларни ноқонуний йўл билан чиқиб кетишини олдини олишда бундай замонавий методлар, ташкил қилинадиган семинар ва тренинглар ёрдамида Қатар Миллий кутубхонаси адабий ва тарихий мерос хавфсизлигини таъминлашга ҳаракат қилмоқда.

Қатар Миллий кутубхонаси таълим олиш, илм-фанни ривожлантириш, мутолаани кенг тарғиб қилиш, инсон тафаккурини бойитиш, уни ҳар томонлама ривожлантириш учун мас-кан, шу билан бирга жамиятдаги турли муаммоларни ҳал қилишда иштирок этувчи ижтимоий ҳаёт маркази ҳамда қўшимча таълим олиш учун марказ (ҳозирда, кўпчилик кутубхонанинг айнан шу потенциалини муҳимлиги ва зарурлигини тушуниб етмаяпти) сифатида олиб бораётган кенг жабҳали фаолиятини Қатарнинг ТАРАҚҚИЁТИ учун сидқидилдан адо этаётганига гувоҳ бўлдим.

 

Фойдаланилган адабиётлар:

1.      Раҳматов Л. Дунё мамлакатлари: Австралиядан Ҳиндистонгача. –Тошкент: Yangi kitob, 2019. – 848 б.

2.            Интернет ҳаволаси https://www.youtube.com/watch?v=eB7jY5gPqSM