Автор статьи рекомендует читателям библиотеки пользоваться электронными ресурсными базами, которые созданы в Национальной библиотеке Узбекистана. В нынешнее время получить мировую информацию через различные электронные сайты используется очень широко, особенно в сфере информационно-библиотечной деятельности. Учитывая эту потребность, поставлена цель перед специалистами, донести информацию для читателей оперативно, например, через вебсайт Press Reader, который имеет полно-текстовые базы периодических изданий, около 5000 газет и журналов более 100 государств, на 60 языках мира.
Сўнгги йиллар давомидаги техника ва технологиялар тараққиёти оммавий ахборот воситалари, ахборот манбалари ва ахборот етказиб берувчилари (кутубхоналар, архивлар, Интернет саҳифалари) фаолиятининг беқиёс кенгайишига олиб келиб, фуқароларга унинг улкан ҳажмидан фойдаланиш ва маълумот алмашиш имконини яратди. Шундай экан, ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш жараёнларини автоматлаштириш, замон талабига мос равишда кутубхона ишини ташкил этиш, қолаверса, барча ҳужжатларни электрон шаклга ўтказиш ва ундан масофадан туриб фойдаланиш имконини янада ривожлантириш учун кутубхонанинг дастурий таъминоти муҳим ҳисобланади. Республикамизда замон талабига мос равишда ахборот-кутубхона муассасалари фаолияти ривожланиб бормоқда.
Ҳозирги кунда бир қатор хорижий давлатларда ахборотларни интернет орқали олиш одатий ҳолга айланди. Аҳоли янгиликлардан хабардор бўлиши учун турли муассаса ва ташкилотларнинг сайтларига мурожаат қилади. Шу талаблардан келиб чиққан ҳолда, фойдаланувчиларга ахборотларни тез етказиб бериш мақсадида кундалик янгиликларни ўқиш учун вақтли нашрларнинг ўз ичига қамраб олган турли маълумот базалари яратилди. Жумладан:
- (РressDisplay) PressReader – 100 та давлат, 60 тилда, 5000 дан ортиқ газета ва журналларнинг тўлиқ матнли энг йирик базаси. PressReader тизими 2013 йил ишга тушрилган бўлиб, турли давлатларнинг 10 000 дан ортиқ кутубхоналарида мавжуд. Портал жаҳон миқёсидаги лицензияга эга янгиликларни Smart-Flow инновацион режимда тақдим этади ва Миллий кутубхонада ундан фойдаланиш имконияти яратилган;
- ePress (tregross.com) – Беларуссия матбуоти электрон маълумотлар базаси 2009 йилда ишга туширилган. ePress бу – Беларуссия газета ва журналларининг электрон архиви бўлиб, жуда кўп имкониятларга эга интерфейс, кенг қидирув тизимли, онлайн режимида ишлайди;
- «Украинанинг илмий вақтли матбуоти» (www.journals.uran.ua) Open Journal Systems (OJS) базасидаги умумдавлат технологик платформа, Украина матбуотини илмий вақтли нашрлар билан таъминлайди ва бошқалар.
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан ҳам Миллий контентни ривожлантириш, илмий-маърифий, ёшлар эҳтиёжларига мос замонавий ахборот-ресурсларини, мультимедиа маҳсулотларини кутубхона маълумотлар базаларини яратиш орқали диссертация ва авторефератлар китобхонларга тақдим этиб келмоқда. Жумладан, кутубхонанинг «Илмий ишлар базаси» (diss.natlib.uz) илм-маърифат дурдоналарини фойдаланувчиларга қулай тарзда интернет орқали тақдим этишни кўзда тутади.
«Нодир нашрлар ва қўлёзмалар» (nodir.natlib.uz) маълумотлар базаси эса кутубхонанинг мавжуд нодир нашрларидан фойдаланиш имконини беради. Булардан ташқари, фойдаланувчиларга қулай шароитлар яратиш мақсадида илм-фан, таълим, ахборот ва маданият соҳаси бўйича қизиқишларини тезкорлик билан қондиришга йўналтирилган талабларини электрон каталог орқали шунингдек, миллий ва хорижий электрон ресурслардан фойдаланишга рухсат бериш, адабиётларга буюртма бериш (ibs.natlib.uz) каби хизматлар ҳам тақдим этилган.
Кутубхонада 2016 йил Мустақил Ўзбекистоннинг 25 йиллигига яна бир интерактив хизмат вақтли матбуот нашрларини ўзида жамлаган «Миллий нашрларнинг электрон архиви» (press.natlib.uz) яратилди. Базанинг яратилишидан мақсад мавжуд вақтли нашрларни тизимлаштириш, мақолаларни излашни осонлаштириш, ретро нашрлардан фойдаланиш имкониятларини янада ривожлантиришдан иборат. Миллий нашрларнинг электрон архиви маълумотлар базасида вақтли матбуот нашрларининг тўлиқ матнларидан фойдаланиш имконияти яратилган. Ушбу маълумотлар базаси Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг расмий манбаси ҳисобланиб, фойдаланувчилар учун қулай қидирув тизими, вақтли матбуот нашрларида чоп этилган мақолалар, уларни қизиқтирган ахборотларни қисқа муддатда топиш имкониятини беради. Маълумотлар базасидан Республика миқёсида чоп этилган марказий нашрлар, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларнинг шаҳар ва туманларида мунтазам чоп этиб бориладиган вақтли матбуот нашрларини киритиш режалаштирилган. Маълумотлар базасининг хронологик қамровига 1935 йилдан бошлаб нашр қилинган вақтли матбуот нашрлари киритилиши режалаштирилган бўлиб, фойдаланувчилар талабини инобатга олган ҳолда, кўп сўраладиган газеталарни киритиш ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда.
Республикамизда ҳозирги кунда 700 га яқин номда газета ва 300 дан ортиқ номда журнал нашр қилинади.
Миллий нашрларнинг электрон архиви маълумотлар базасининг қидирив тизимида калит сўзлар, нашрнинг сони, номи, нашр этилган йили, санаси, мавзулар бўйича излаш имкони бор. Базада сиёсат, иқтисод, маданият, тарих, спорт, таълим, соғликни сақлаш, меъёрий ҳужжатлар каби мавзулар бўйича ҳам нашрлар ўрин олган. Мавзулар бўйича қидирилганда бир мавзудаги нашрлар алоҳида ажратилган ҳолда келиб чиқади. Улар ичида нашр жойи, яъни ҳудудлар бўйича газета ёки журналларни кўриш имконияти яратилган.
Маълумотлар базаси икки тилда ўзбек ва рус тилларида яратилган. Дастурда охирги қўшилганлар, кўп ўқилганлар ва статистика каби бир неча ёрдамчи саҳифалар ҳам мавжуд. Нашрларни ID номери, мақоми, номи, йили, теги, номери, мақолаларнинг матни орқали ҳам саралаш ва кўриш мумкин.
Миллий нашрларнинг электрон архиви маълумотлар базасида жамланган нашрларни тўлиқ электрон шакли билан бир қаторда, нашрларда мавжуд мақолалар тасвирланиб, китобхонлар мақола ҳақида дастлабки маълумотга эга бўлишлари учун қисқача аннотация ҳам берилади.
Ҳозириги кунга қадар Миллий нашрларнинг электрон архиви маълумотлар базасида 11 номдаги газетанинг 3 360 нусхадаги электрон шакли киритилган. Бундан ташқари, газетадаги муҳим ва долзарб мавзудаги мақолалар танлаб тасвирланган. Маълумотлар базаси доимий тўлдирилади ва бойитиб борилади.
