Автор пишет о библиографической деятельности Абу Райхон Беруни. Великий ученый из Хорезма является автором около 152 фундаментальных трудов по истории, географии, филологии, астрономии, математике, геодезии, минералогии, фармакологии, геологии и другим областям науки. Библиографические произведения, унаследованные от Беруни, значительны с точки зрения хронологической и территориальным, охватом. Труды Беруни дают богатый материал, позволяющий хронологу составить представление о тех системах летосчисления, которыми пользовались люди в разные эпохи и в различных странах.
Абу Райҳон Берунийнинг илмий фаолияти фан тараққиётида бутун бир даврни ташкил этади. У илмий қизиқишлари доирасининг кенглиги ва чуқурлигига, мавҳум билимдонликдан қочиб, моддий маданият соҳасида ҳам, маънавий маданият соҳасида ҳам, инсониятнинг реал ҳаёти билан бевосита боғлиқ бўлган масалаларга қизиққан. Машҳур шарқшунос олим, академикИгнатий Крачковский алломанинг юксак илмий салоҳиятини «унинг қизиққан илм соҳаларидан кўра қизиқмаган соҳаларини санаб ўтиш осондир» (И.Ю. Крачковский. Избранные сочинения. Т.4.-С.247) деб баҳолаган эди.
Унинг илмий мероси қомусий аҳамият касб этади. Абу Райҳон Беруний ўз илмий ишларининг рўйхатини тузади. Бунда 1035 йилгача ёзилган китоблари ва рисолалари 113 тага етгани кўрсатилган. Кейинги ёзган асарларини ҳам қўшсак, у қолдирган илмий мерос 152 та китоб ва рисоладан иборат. Олимнинг асарлари мавзу жиҳатдан турли-туман. Кўпчилик асарлари эса ўз замонасида ўзига хос бир энциклопедия ҳисобланган.
Асарларининг 70 таси фалакиёт, 20 таси риёзиёт, 12 таси география ва геодезия, 3 таси маъданшунослик, 4 таси харитаграфия, 3 таси иқлимшунослик бири физика, бири доришунослик, 15 таси тарих ва этнография, 4 таси фалсафа, 18 таси адабиёт ва бошқа фанларга оиддир. Абу Райҳон Беруний турли тиллардан бир қанча илмий ва адабий асарларни таржима ҳам қилган.
Шу ўринда Беруний библиограф сифатида ҳам фаолият юритган серқирра аллома эканлигини айтишимиз мумкин. У ўз илмий ишларини библиографиясини тузган ва замондошларига қулай бўлиши учун асарлари рўйхатини ва дастлабки маълумотлар тақдим этган.
Беруний ўз асарлари рўйхатини тузгандан кейин яна иккита муҳим китобини ёзган. Булардан бири «Минералогия»дир. Бу рисола ўз замонаси учун Марказий Осиё ва Яқин Шарқ, ҳатто Европада ҳам минералогия соҳасида энг яхши, тенги йўқ асар ҳисобланади. Беруний бу асарни ёзишда узоқ вақт материаллар тўплайди. Қимматбаҳо тошларни қазиб олиш ва улар билан савдо қилиш маркази ҳисобланган Ҳиндистон ва Афғонистонда яшаш у учун ушбу асарни ёзишда муҳим ўрин тутган. Беруний бу асарда ҳам назарий ҳам амалий масалаларини ёритиб ўтади. «Минералогия» асарида ҳар бир қимматбаҳо тош ёки металлни тавсифлаш жараёнида араб классик шоирларининг ўша қимматбаҳо тош ва металл ҳақида ёзилган шеърларидан парчалар ҳам келтиради. Бу икки асарда «Минералогия», ва «Сайдана» («Фармакогнозия»)да шеърлар кўп келтирилган. «Минералогия»да 30 дан зиёд қимматбаҳо тош ва минералларнинг номи, уларнинг кимёвий ва физик хоссаларини аниқлаш, эритиб синаш, деярли барча қимматбаҳо тош ва турли маъданлар, уларнинг қотишмалари ҳақида илмий маълумотлар берилган. Берунийнинг бу асарида минераллар ва маъданларнинг ўз давридаги нарх-навоси, баъзиларининг шифобахшлик хусусиятлари, нодир тош ва металлар билан боғлиқ айрим қизиқарли этнографик маълумотларни баён этганки, булар мазкур китобнинг муҳим тарихий манба сифатидаги аҳамиятини янада оширади.
«Минералогия» асарида ҳар бир қиммат-баҳо тош ёки металлни тавсифлаш жараёнида араб классик шоирларининг ўша қиммат-баҳо тош ва металл ҳақида ёзган шеърларидан парчалар ҳам келтиради. Асарда шеърлари келтирилган 84 шоирнинг номи тилга олинган. Улар орасида исломдан олдин ўтган классик араб шоирларидан тортиб, то Базнада Беруний билан бир вақтда яшаган шоирларгача учрайди. Шеърлар, асосан, 1, 2, 3 ва 4 мисрадан иборат кичик парчаларда келтирилади.
Берунийнинг охирги асари – «Доривор ўсимликлар ҳақида китоб»ининг қўлёзмаси ХХ асрнинг 30 йилларида Туркияда топилади. Асар «Сайдана» номи билан машҳур, унда Беруний Шарқ, айниқса, Марказий Осиёда ўсадиган шифобахш ўсимликлар ҳақида маълумот беради. Доришуносликка оид асарларни умр бўйи йиққан Беруний ўз эсдаликларида қўйидаги иккита китоб ҳақида шундай дейди: «Менинг қўлимга бир вақтда иккита китоб тушди бириси «Ўтлар китоби» деб аталиб, унда ҳар бир ўтнинг расми бор эди. Бу расмнинг қаршисига унинг дориворлиги юнон ҳарфлари билан ёзилган. Иккинчи китоб VI асрда яшаган қадимги юнон табиби Орибасининг «Довалар китоби» эди. Бу китобда дориворлик ҳақида тўғри фикрларга ишончим комил бўлганидан уни араб ҳарфи билан кўчириб чиқдим».
Берунийнинг табобатда энг қийин бўлган доришунослик бўйича асари «Китоб ас-сай-дона – фи-т-тибб» («Табобатда доришунослик» – «Сайдана») деб номланган. У ўз асарида ҳар бир ўсимликнинг ўсиш жойларини, белгиларини, шифобахш хусусиятларини, биридан иккинчисини фарқини, бири ўрнига иккинчисини бериш мумкинлигини кўрсатади. Беруний «Сайдана» асарида доривор ўсимликларни номини алифбо тартибида жойлаштиради. Доривор ўсимликлар номини кўринишини, қаерларда ўсиши, қайси фаслда гуллаши ва ҳосил бериши, ўсимликнинг қайси оилага мансублиги ва қандай касалликларни даволашда қўлланиши ҳақида тўлиқ тавсиф беради. Берунийшунос олим, профессор Убайдулла Каримовнинг аниқлашича, Беруний «Сайдана» асарида дори моддаларининг номларини 31 та тил ва лаҳжада баён этади. Бу эса унинг жуда кўп тилларни билишини кўрсатади.
Шунингдек, у ҳар бир доривор ўсимликнинг араб, форс, рум, турк, ҳинд ва хоразм тилларида номланишини аниқ баён қилади. Бу билан Беруний доривор ўсимликларнинг луғатини ҳам мерос қилиб қолдирган. Бундан ташқари Беруний «Сайдана»да 65 та шоирнинг номини тилга олиб, шеърларидан мисралар келтирган. Асар ҳаммаси бўлиб 350 сатрни ўз ичига олган 141 та шеърий парча келтирилган.
Берунийнинг қадимги араб шеъриятига бунчалик кўп мурожаат қилиши тасодифий эмас, уларда исломгача бўлган давр ва исломнинг илк асрларидаги араблар ҳаёти ҳамда уларни ўраб олган муҳит ҳақида турли маълумотлар, шунингдек, турли ўсимлик ва ҳайвонларнинг номлари сақланган. Шунинг учун шеърий далиллар «Сайдана»да ҳар бир тавсиф қилинаётган модда номининг моҳиятини очишда қўшимча тасвирий восита бўлиб хизмат қилади. Шу билан бирга, улар у ёки бу сўз араб тилида қадимдан мавжудлигига гувоҳлик ҳам беради. Бу асар араб ўлкаси ҳақидаги қадимий маълумотлар берилган қомусий манба сифатида тақдим этилганини кўрамиз. Асар кўпгина илмий тадқиқотларда муҳим манба эканлиги билан ҳам аҳамиятлидир.
Берунийнинг юқоридаги икки асарини библиография соҳаси ва қомусий бебаҳо манба десак хато бўлмайди. Беруний барча фан соҳаларида самарали ижод қилган қомусий олим эди. Унинг илмий иш соҳасидаги ноёб қобилиятини кўпчилик замондошлари ва бошқа олимлар томонидан эътироф этилган. Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, Берунийнинг ёзиб қолдирган бир неча асарлари Ўрта Осиёда илк библиографик манбаларнинг ажойиб намунаси дейиш мумкин.
