Abstract. This article analyzes the socio-pedagogical and psychological factors involved in increasing students’ interest in reading in secondary schools. The current material and technical condition of school libraries, the level of collection provision, and existing problems are critically examined. The main part of the article highlights innovative methods for filling the gap of missing literature in libraries, the use of digital technologies, the implementation of the «electronic library» system, the establishment of cooperation with district information-library centers, and modern strategies for providing methodical assistance to students.

 

Keywords: reading culture, school library, digitalization, QR-code technologies, audiobooks, motivation, pedagogical technologies, information-resource center.

 

Аннотация. Ушбу мақолада умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини орттиришнинг ижтимоий-педагогик ва психологик омиллари таҳлил қилинган. Мактаб кутубхоналарининг ҳозирги моддий-техник ҳолати, фонд билан таъминланганлик даражаси ва мавжуд муаммолар танқидий ўрганилган. Мақоланинг асосий қисмида кутубхоналарда мавжуд бўлмаган адабиётлар ўрнини тўлдиришнинг инновацион усуллари, рақамли технологиялардан фойдаланиш, «электрон кутубхона»  тизимини жорий этиш, туман ахборот-кутубхона марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ўқувчиларга методик ёрдам кўрсатишнинг замонавий стратегиялари кўрсатиб ўтилган.

 

Калит сўзлар: китобхонлик маданияти, мактаб кутубхонаси, рақамлаштириш, QR-код технологиялари, аудиокитоблар, мотивация, педагогик технологиялар, ахборот-ресурс маркази.

 

Аннотация. В данной статье анализируются социально-педагогические и психологические факторы повышения интереса учащихся к чтению в общеобразовательных школах. Критически изучены современное материально-техническое состояние школьных библиотек, уровень обеспеченности фондами и существующие проблемы. В основной части статьи освещены инновационные способы восполнения отсутствующей в библиотеках литературы, использование цифровых технологий, внедрение системы «электронная библиотека», налаживание сотрудничества с районными информационно-библиотечными центрами и современные стратегии оказания методической помощи учащимся.

 

Ключевые слова: культура чтения, школьная библиотека, цифровизация, технологии QR-кода, аудиокниги, мотивация, педагогические технологии, информационно-ресурсный центр.

 

 XXI аср – цивилизация тарихида глобал ахборотлашув ва рақамли технологияларнинг жадал интеграциялашуви даври сифатида тавсифланади. Бугунги кунда инсоният тафаккури ва дунёқараши мисли кўрилмаган тезликда трансформация (ўзгариш ва янгиланиш)га учрамоқда. Ахборот оқимининг бевосита ва узлуксизлиги ижтимоий онг структурасини ўзгартириб, айниқса, «рақамли авлод» (Digital Natives) деб аталмиш ёшларнинг билим олиш парадигмаларига тубдан таъсир кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикасида таълим тизимини ривожлантириш стратегияси ва концептуал асосларида белгиланганидек, жамиятнинг эртанги куни бевосита ёш авлоднинг интеллектуал салоҳияти ва маънавий етуклигига боғлиқ. Бу жараёнда китоб – билимларни тизимлаштирувчи, танқидий фикрлашни шакллантирувчи ва маданий кодларни авлоддан-авлодга узатувчи асосий восита бўлиб қолмоқда. Китобхонлик шунчаки ахборот тўплаш эмас, балки шахснинг руҳий ва интеллектуал камолотини таъминловчи фундаментал жараёндир.

Ахборот парадокси ва «клипли фикрлаш» хавфи бугунги куннинг энг катта муаммоларидан биридир. Ахборот олиш имкониятларининг кенгайиши ва глобал тармоқнинг қулайлиги мутаносиб равишда чуқур билим олишга хизмат қилмаяпти. Аксинча, ахборотнинг ҳаддан ташқари кўплиги (information overload) ёшлар орасида «клипли фикрлаш» (clip thinking) феноменини келтириб чиқармоқда. Бунда инсон маълумотни тезкор, лекин юзаки қабул қилади, воқеа-ҳодисалар ўртасидаги мантиқий занжирни англаш ва тизимли таҳлил қилиш қобилияти эса заифлашади. Ахборотнинг кўплиги билимнинг сифатини кафолатламайди, ҳақиқий билим фақат чуқур мулоҳаза ва мантиқий синтез орқали шаклланади.

Замонавий ёшларнинг қизиқишлари визуал ва мультимедиа контентларига йўналтирилаётгани сабабли, анъанавий китоб ўқишга бўлган эҳтиёж пасайиш тенденциясини кўрсатмоқда. Гаджетлар таклиф этаётган «тайёр ечимлар» ва «енгил кўнгилочар контент» китоб мутолааси талаб қиладиган интеллектуал меҳнат ва диққат концентрациясига тўсиқ бўлмоқда. Натижада, ёшларнинг луғат бойлиги чекланиши, мустақил фикр баён этишдаги қийинчиликлар ва креатив фикрлашнинг пасайиши кузатилмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ахборотлашган жамиятда китобхонлик маданиятини қайта тиклаш – стратегик аҳамиятга эга вазифалардан биридир. Бу жараён фақатгина анъанавий усулларга қайтиш эмас, балки рақамли имкониятлардан китоб тарғиботида унумли фойдаланиш, таълим тизимида таҳлилий ва танқидий ўқиш кўникмаларини ривожлантириш, китобни замонавий ёшлар учун муваффақият ва нуфуз белгисига айлантириш каби вазифаларни қамраб олиши лозим.

Зеро, глобал рақобат кучайган асрда фақат ахборотга эга бўлган эмас, балки ўша ахборотни китоб орқали ва асосланган теран мантиқ асосида таҳлил қила оладиган авлодгина ғолиб бўлади.

Мактаб кутубхоналари таълим муассасасининг «юраги» ҳисобланади. Лекин кўплаб мактабларда бу «юрак» тўлиқ қувват билан ишламаяпти. Фондларнинг етишмаслиги, замонавий бадиий адабиётларнинг тақчиллиги ва кутубхона муҳитининг ўқувчи талабларига жавоб бермаслиги жиддий педагогик муаммодир. Ушбу мақоланинг мақсади – мактаб кутубхоналарини замон талабларига мослаштириш, мавжуд бўлмаган китоблар ўрнини тўлдиришнинг муқобил вариантларини таклиф қилиш ва ўқувчиларда мутолаа маданиятини шакллантиришнинг илмий-методик асосларини ёритишдан иборат.

Мавзуни чуқур ўрганиш жараёнида мактаб кутубхоналари фаолиятига тўсқинлик қилаётган бир нечта тизимли муаммолар аниқланди:

1.   Моддий-техник база ва фонд муаммоси.

Кўплаб мактаб кутубхоналарининг китоб фонднинг асосий қисмини дарсликлар ташкил этади, бадиий адабиётлар улуши эса нисбатан кам. Мавжуд бадиий китобларнинг аксарияти жисмонан эскирган ва «Альфа авлод» вакилларининг қизиқишларига мос келмайди. Тўғрисини айтадиган бўлсак, XIX-XX аср асарларини тасаввур қилиш ҳозирги ёшлар учун мураккаблик туғдираётгани сабабли, улар асар мазмунини сунъий интеллект воситалари орқали қисқача ўқиб қўя қолишмоқда. (Ҳамма ёшлар ҳам бундай эмас). Болалар ранг-баранг, сифатли қоғозда чоп этилган, замонавий мавзуларни (фантастика, шахсий ривожланиш, технологиялар) ёритувчи китобларни излашмоқда, аммо мактаб кутубхонасидан уларни топа олмайдилар.

2.   Кутубхона муҳити ва жозибадорлиги.

Кўп ҳолларда кутубхоналар зерикарли ва дим хона сифатида қолмоқда. Замонавий ўқувчи эса интерактивликни, эркинликни ва қулайликни хоҳлайди. Юмшоқ мебеллар, етарли ёруғлик ва техник жиҳозларнинг йўқлиги ўқувчини кутубхонадан узоқлаштирмоқда.

3.   Кадрлар салоҳияти.

Бугунги таълим муҳитида кутубхоначи шахси фақатгина фондни назорат қилувчи техник ходим эмас, балки «билимлар бошқарувчиси» (Knowledge Manager) бўлиши талаб этилади. Бироқ амалиётда кузатилаётган қатор муаммолар ушбу соҳанинг ривожланишига тўсқинлик қилмоқда.

Ҳозирги кун мактаб кутубхоначиси ўз фаолиятида бир нечта мураккаб ролларни бажариши зарур:

- Ўқувчиларга маълумотни мустақил излаш ва саралаш методикасини ўргатиши, уларда мутолаа маданиятини шакллантириши лозим.

- Ҳар бир ёш гуруҳининг қизиқишлари ва руҳий ҳолатидан келиб чиқиб, индивидуал китоб танлашга кўмаклашиши керак.

- Библиограф илмий ва бадиий адабиётлар оқимида тўғри йўналиш бера олиши зарур.

- Ахборотни нафақат қоғоз шаклида, балки рақамли форматда ҳам бошқара олиши, электрон кутубхоналар билан ишлашни билиши лозим.

Муаммонинг энг долзарб жиҳати – рақамли компетенцияларнинг етишмаслигидир. Кутубхоначиларнинг кўпчилиги анъанавий иш юритиш услубларига ўрганиб қолгани сабабли QR-кодли китоблар, аудиокитоблар ва онлайн маълумотлар базалари билан ишлаш, ўқувчиларга интернетдаги «ахборот чиқиндилари» ичидан ишончли манбаларни ажратиб олишни ўргатиш, кутубхонанинг ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги ва виртуал кўргазмаларни ташкил этиш четда қолиб кетмоқда.

Афсуски, мактаб кутубхоналарида кўпинча соҳа мутахассиси бўлмаган ёки педагогик маълумотга эга бўлса-да, кутубхонашунослик асосларини билмайдиган, вазифасидан ташқари ишлар билан машғул ёхуд бунга мажбур бўлган ходимлар фаолият юритмоқда.

Бу эса кутубхона фақат дарслик тарқатиладиган «омборхона»га айланиб қолиши, кутубхоначи касбининг ижтимоий мақомини пасайиб кетиши, билим ва тажрибасиз, мутахассис бўлмаган ходим фондларни илмий таснифлаш ва китобхонлик тадбирларини замонавий руҳда ташкил этишда қийналишига олиб келади.

Айнан шу муаммони ҳал қилмасдан, барча трансформация ишламайди.

Ечим (жаҳон амалиётидан олинган, аммо бизга тўла мос):

Ҳозирги кунда кўплаб ташкилотлар автоматлаштирилган иш жараёнига ўтиб бормоқда (масалан, бухгалтерия – uzasbo дастури). Худди шундай мактаб кутубхоналарини ҳам бир тизимли дастур ишлаб чиқиб, фондни расмий назорат қилиш ва дарслик бериш, уларни ҳисобини юритишни йўлга қўйиш керак. Шунда бу жараённи 80% автоматик тизим бажаради. Ана ўшанда кутубхоначининг асосий вақти мактаб ўқувчилари билан бевосита ишлашга йўналтирилади.

Бугунги кунда дунёнинг 34 та мамлакатида (Буюк Британия, Германия, Жанубий Корея, БАА) Library Associates – ёки кутубхона ёрдамчилари модели жорий қилинган:

Бир соҳа мутахассиси ҳамма операцияларни (китобни таснифлаш, дарслик тарқатиш, фондни ҳисобга олиш) автоматик қилиб қўяди. Фақат биргина функция инсон томонидан бажарилади: китоб тўғрисида ҳаётга оид суҳбат қуриш ва ўқувчига индивидуал тавсия бериш.

Республикамиз мактаблари шароитида мактаб кутубхоначисининг иш вақтини 20% дан 70% гача «тирик мулоқот» томон ўзгартириш мумкин.

Бунга эришиш учун туман АКМлар тизими (Unicat) каби ZiyoNet, Mиллий кутубхона, «Ўқувчи кутубхонаси» лойиҳаларидан фойдаланган ҳолда фондни онлайн бошқаришни йўлга қўйиш лозим.

2025 йилнинг август-сентябрь ойларида вилоят болалар кутубхонаси билан ҳамкорликда тумандаги 62 та мактаб кутубхонасининг китоб фонди, китобхонлар қамрови, китоб берилиши ва электрон адабиётлар мавжудлигини ўрганиш бўйича сўровнома ўтказилди. Натижалар қоғозда намунали кўринса-да, амалда айрим мактабларда китоб фонди қарийб икки баробар камлиги, электрон китоблар эса йўқ даражада эканлиги маълум бўлди. Шароитлар баъзи таълим муассасаларини ҳисобга олмаганда, умумий жиҳатдан қониқарли, бироқ мавжуд адабиётларнинг 70 фоизи ғоявий ва жисмоний жиҳатдан эскирган бўлиб, улар асосан кўп нусхали дарслик ҳамда ўқув қўлланмаларидан иборатдир.

Мактаб кутубхонаси – таълим муҳитининг «юрак зарби»дир. У шунчаки китоб сақланадиган жой эмас, балки билимлар генерацияси ва ижодкорлик майдонига айланиши лозим.

Бугунги кунда кутубхоначининг функционал вазифаларини тубдан ислоҳ қилиш давр талаби. У эндиликда фақат китоб берувчи техник ходим эмас, балки «Медиа-таълим маркази» менежери сифатида фаолият юритиши шарт. Бунинг учун соҳа кадрларини қайта тайёрлаш ва мактаб кутубхоналарини тўлиқ рақамлаштириш кечиктириб бўлмас вазифадир.

Финляндия, Япония ва Буюк Британия каби илғор таълим тизимига эга давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, кутубхоналарга ёндашув турлича бўлса-да, асосий мақсад ягона: мутолаага муҳаббат уйғотиш ва ахборот билан ишлаш кўникмаларини шакллантириш. Масалан, Финляндияда кутубхоначи юқори малакали медиа-мутахассис сифатида ўқитувчилар билан биргаликда дарсларни режалаштиради. Японияда эса мактаб кутубхонаси (Gakko Toshokan) нафақат билим манбаи, балки жавобгарликни ўргатувчи маскан бўлиб, уни бошқаришда ўқувчиларнинг ўзлари ҳам фаол иштирок этадилар. Улар китобларни рўйхатга олиш, янги адабиётларни жойлаштириш ва тенгдошларига китоб тавсия қилиш билан шуғулланишади.

Шунингдек, япон мактаб кутубхоналарида классик асарлар билан бир қаторда, болаларни мутолаага қизиқтиришнинг энг самарали йўли деб тан олинган таълимий ва тарихий «Манга» (комикс) китоблари ҳам кенг ўрин олган. Энг эътиборли жиҳати, япон мактабларида ҳар куни дарс бошланишидан олдин 10–15 дақиқалик «Сукут сақлаб ўқиш» (Asa-doku) вақти жорий этилган бўлиб, бу жараёнда ўқувчидан тортиб директоргача ҳамма бирдек китоб мутолаа қилади.

Британия мактабларида эса «World Book Day» (Бутунжаҳон китоб куни) кутубхонада катта байрам сифатида нишонланади. Ўқувчилар ва ўқитувчилар ўзларининг севимли китоб қаҳрамонлари либосларида мактабга келишади. Яна кўпгина Британия мактабларида «Library Prefects» (Кутубхона сардорлари) лавозими мавжуд. Бу лавозимни эгаллаш ўқувчи учун катта шараф ва резюме (CV) учун муҳим ютуқ ҳисобланади.

Марказий Осиё ичида Қозоғистон тажрибаси: «Жим китобхона» соатлари

Қозоғистонда 2024 йилда Нур-Султан шаҳридаги 10 та мактабда синфларда «Жим китобхона» соати жорий қилинди. Яъни синф хонанинг ўзида, дарсдан ташқари вақтда (тартиб 10-15 дақиқа) ҳар куни бир хил вақтда болалар жим ўтириб, ўзлари олиб келган ёки синфдаги кичик китобчаларни ўқишади. Бу синф кутубхонаси бўлиши мумкин, аммо ҳар ойда улар алмаштирилади.

Натижада 9 ой давомида бу тажриба қатнашган болаларнинг ўқиш тезлиги 21% га, тушуниш даражаси 33% га ошган. Энг муҳими, болалар бу соатни «мажбурият» эмас, балки «дам олиш» сифатида қабул қилган.

Бизда буни қандай амалга ошириш мумкин:

Кутубхоначи ҳафтасига камида 2 марта 10-15 дақиқа «Синфда жим ўқиш» (Ўзбекча атама сифатида «Тинч мутолаа соати») ташкил қилади.

Бунга кутубхонанинг рақамли ёки қоғоз фондидан битта «ўткир туркум» – энг қисқа, энг қизиқарли сарлавҳали китоблар олиб келинади.

Мактабларда китобхонликка қизиқишни «мажбурлаш» эмас, балки «мотивация» орқали шакллантириш лозим. Бунинг учун, аввало, геймификация (ўйинлаштириш) усулини қўллаш мақсадга мувофиқ. Ўқувчилар табиатан мусобақалашишни яхши кўрадилар. Кутубхона фаолиятига ўйин элементларини киритиш яхши самара беради.

Масалан, «Фаол китобхон талони» лойиҳаси доирасида ҳар бир ўқувчига махсус талон очилиб, ўқилган ҳар бир китоб учун «виза» (муҳр) босиб борилади ва йил якунида энг кўп «саёҳат қилган» китобхонлар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.

Шунингдек, китоб сюжетлари асосидаги квест ўйинлари ҳам қизиқишни оширади ва болаларни китоб мазмуни билан танишишга ундайди. Тажриба сифатида 2024-йили китобхонларимиз орасида «Шерлок Холмс издошлари» номи билан ўтказдик. Туманнинг жамоат жойлари, кутубхона атрофи кўчаларига QR-кодли тасвирлар жойлаштирилиб, уларга топишмоқлар яширинган. Ушбу топишмоқлар орқали кутубхонага келиб жавоб олишлари мумкин бўлади. Ёшлар охири нима билан тугаркан, деб қизиққанидан ҳам босқичма босқич топишмоқларни топиб кутубхонага кириб келишади. Хуллас, ушбу квестимиз самара берганлиги сабабли ҳозиргача давом этади.

Мактаб кутубхонасини жонлантиришда «Тенгдош – тенгдошга» тамойили муҳим аҳамиятга эга.

- Бук-трейлерлар (Book-trailers): Ўқувчилар ўзлари ўқиган китоблари ҳақида 1-2 дақиқалик видеороликлар (TikTok ёки Instagram форматида) тайёрлаб, синф чатларида бўлишишади.

- «Китобхон лидерлар» клуби: Юқори синф ўқувчиларидан иборат тарғибот гуруҳини тузиш ва уларнинг кичик синфларга эртак ўқиб беришини йўлга қўйиш. Бу усуллар ҳам жуда яхши натижа беради.

Мактаб бюджети чекланган шароитда кутубхона фондини бойитиш ва ўқувчиларга етишмаётган маълумотларни тақдим этиш учун ноанъанавий ва рақамли ечимлардан фойдаланиш мумкин.

Китобнинг қоғоз шакли йўқми? Демак, унинг электрон шаклини тақдим этиш керак.

QR-кодли деворлар – мактаб коридорларида ёки кутубхона кириш қисмида катта баннерлар ташкил қилинади. Унда машҳур китобларнинг муқоваси ва остида QR-код тасвирланган бўлади. Ўқувчи смартфон орқали кодни сканерлаб, китобни ўзининг телефонига юклаб олади.

Моддий техник база – компьютерлар бўлса, мактаб маъмурияти ZiyoNET, Алишер Навоий номидаги миллий кутубхона ёки жаҳон электрон кутубхоналаридан очиқ фойдаланишдаги PDF, EPUB форматдаги китобларни саралаб, Google Drive ёки мактабнинг локал тармоғига жойлаштириши мумкин. Баъзи ўқувчилар (аудиаллар) маълумотни эшитиш орқали яхшироқ қабул қилади.

Шунингдек, кўзи ожиз ёки яхши кўра олмайдиган болалар учун аудиокитоблар ягона ечимдир. Кутубхонада «Аудио бурчак» ташкил қилиш. Эски компьютер ёки планшетга наушник улаб, унга мактаб дастуридаги бадиий асарларнинг аудио версияларини юклаб қўйиш мумкин. Ўзбекистонда бугунги кунда кўплаб профессионал студиялар томонидан ўқилган аудиокитоблар мавжуд.

Кутубхонага етишмаётган китобларни топишнинг энг самарали усули – жамоатчиликни ушбу жараёнга фаол жалб қилишдир. Хусусан, «Мактабимга китоб совға қиламан» акциясини янгича ёндашув асосида ташкил этиш лозим.

Масалан, мактабни тамомлаётган битирувчилар томонидан кутубхона фондига «Йилнинг энг сара асарлари» рўйхатидан биттадан янги китоб совға қилиш анъанасини жорий этиш мумкин. Бу нафақат кутубхона хазинасини бойитади, балки келажак авлодлар учун ўзига хос маънавий мерос қолдириш маданиятини шакллантиради.

Book Crossing (Китоб айланиши): Кутубхонада рўйхатга олинмайдиган «Эркин токча» ташкил қилиш. Ўқувчи уйидан ўқиб бўлган қизиқарли китобини олиб келади ва токчадан бошқасини олиб кетади. Бу жараён кутубхоначи назоратисиз, виждонлилик асосида ишлайди.

Агар мактаб кутубхонасида маълум бир илмий адабиёт ёки қомусий асар йўқ бўлса, туман ёки шаҳар марказий кутубхонаси билан ҳамкорлик меморандуми тузиш ҳам яхши самара беради. Китобхонларнинг талабларини қондириш мумкин. Кўчма кутубхона асосида келишиб (шартнома тузилиб), ҳар ойда бир марта туман марказий кутубхонасидан мактабга «кўчма китоблар кўргазмаси» олиб келинишини ташкил этиш.

Юқоридаги таҳлиллардан келиб чиқиб, мактаб кутубхоналари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қуйидаги илмий таклифлар илгари сурилади:

1.   Кутубхона мақомини ўзгартириш: Мактаб кутубхоналарини «Китоб сақлаш омбори» эмас, балки «Интеллектуал ривожланиш ва коворкинг маркази» деб қайта «номлаш» ва фаолиятини шунга мослаш.

2.   Фондни рақамлаштириш дастури: Ҳар бир мактаб ўзининг ички «Интранет» тармоғига эга бўлиши ва унда ўқув дастурига киритилмаган, лекин болалар учун қизиқ бўлган 1000 та энг сара асарларнинг электрон базасини яратиши ёки туман марказий кутубхоналари базасидан фойдаланишлари лозим.

3.   Лойиҳавий ёндашув: Фан ўқитувчилари дарс жараёнида дарслик билан чекланмасдан, мавзуга оид қўшимча манбаларни кутубхонадан излашга ёки электрон базага йўналтирилган топшириқлар бериши керак. Бу «мажбурий-ихтиёрий» қизиқишни уйғотади.

4.   Ота-оналар билан ишлаш: Оилада китобхонлик муҳити йўқ экан, мактабнинг ҳаракати самарасиз бўлиши мумкин. Шу сабабли, ота-оналар мажлисларида «Оилавий мутолаа соати» методикасини тарғиб қилиш лозим.

Хулоса қилиб айтганда, мактаб ўқувчиларини китоб ўқишга жалб қилиш – бу фақат адабиёт ўқитувчиси ёки кутубхоначининг иши эмас, балки бутун жамиятнинг вазифасидир. Кутубхонада китоб йўқлиги бугунги кунда баҳона бўла олмайди. Рақамли технологиялар, аудиокитоблар ва ижтимоий лойиҳалар орқали ҳар қандай мактаб кутубхонасини дунёдаги энг бой кутубхоналар билан боғлаш имконияти мавжуд. Асосий масала – болаларда китобга бўлган муҳаббатни «қизиқтириш» механизми орқали ёқиш ва уларга қулай муҳит яратиб беришдан иборатдир. Зеро, китобхон авлод Янги Ўзбекистоннинг пойдеворидир.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1.   Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги ПҚ-3271-сон қарори.

2.   Йўлдошев Ж.Ғ. Таълимда янги педагогик технологиялар. – Тошкент: Ўқитувчи, 2019.

3.    Асқарова М. Замонавий кутубхонашунослик асослари. – Тошкент: Тафаккур, 2020.

4.   Ifba.org (International Federation of Library Associations) – Мактаб кутубхоналари учун манифест.

5.   Интернет манбалари: www.ziyonet.uz, www.natlib.uz.