Аннотация: Ушбу мақолада ёшларни салбий ғоялар таъсиридан ҳимоя қилишда китобнинг ўрни жуда муҳимлиги келтириб ўтилган. Шахсни китобхон этиб тарбиялашда ўқитувчи-мураббийларнинг изланувчанлиги, зукколиги, таълим жараёнида янги лойиҳалардан фойдаланиши мақсадга мувофиқлиги келтирилган бўлиб, ўқиган бадиий асаридаги салбий ва ижобий образларни таҳлил қилиш орқали ҳам ўқувчиларда мутолаага қизиқиш уйғониши табиий ҳол эканлиги баён этилган.
Калит сўзлар: ғоявий-мафкуравий иммунитет, оммавий маданият, мафкуравий таҳдид, мутолаaдаги мезонлар, ахборотларни саралаш.
Аннотация: В этой статье подчеркивается важность книги в защите молодежи от влияния негативных идей. Пытливость педагогов-тренеров в воспитании человека как читателя,изобретательность, целесообразность использования новых проектов в образовательном процессе, утверждается, что у учеников естественно заинтересоваться чтением через анализ негативных и позитивных образов в прочитанном литературном произведении.
Abstract: This article highlights the importance of the book in protecting young people from the influence of negative ideas. In educating a person to be a reader, the inquisitiveness, ingenuity of teachers-coaches, the expediency of using new projects in the educational process are mentioned, and it is stated that it is natural for students to become interested in reading through the analysis of negative and positive images in the read works of art.
XXI аср – ахборот технологиялари асрида кўплаб ривожланган мамлакатлар ёшлари орасида «оммавий маданият»нинг янги усуллари юзага келиб, хабар шаклида жадаллик билан кенг тарқалмоқда. Ушбу ҳолат ўқувчи-ёшларнинг дунёқарашида салбий муаммолар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда, – дейди психологлар.
Мамлакатимизда ана шундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш, ёшларимизни турли ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, улар орасида китобхонлик маданиятини шакллантириш, мутолаага меҳр уйғотиш – алоҳида ўрин олган. Ўқувчи-ёшларнинг бадиий, илмий, тарихий адабиётларни ўқишга бўлган қизиқишларини шакллантириш борасида қуйидаги фикрларни келтириш лозим: Ҳозирги пайтда ҳаммамизнинг олдимизга жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган масала, яъни китобхонликни кенг тарғиб қилиш ва ёшларимизнинг китобга бўлган муҳаббатини, уларнинг маънавий иммунитетини янада оширишга қаратилган ишларимизни янги босқичга олиб чиқиш вазифаси турибди, албатта. Ҳақиқатан ҳам, ёшларда китобхонлик маданиятини шакллантириш, бадиий, илмий, тарихий асарларни қайта-қайта ўқиш, таҳлил қилишга бўлган қизиқишларини ошириш орқали уларда турли ёт ғояларга нисбатан мафкуравий иммунитет ҳосил қилиш лозим бўлади. Бунинг учун китобхонлик тарғиботини, авваламбор, тўғри ташкил қилиш, тарғибот жараёнида китобхоннинг қизиқишлари ўрганилиши лозим. Агар биз китобхоннинг руҳиятига мос китобни топишида ёрдам берсак – китобхонлар сафи янада кенгайиши тайин.
Китобнинг инсон ҳаёти, кишилик жамияти, маънавий тараққиётидаги беқиёс ўрни қадимдан барчамизга маълум. У орқали дунёни таниш, илм олиш билан бирга гўзалликка муҳаббат уйғотиш, ундан завқланиш, ёвузликдан нафратланиш туйғусини шакллантиради. Китоб ўқувчида дунёни англаб олишда кўмак бериш билан бир қаторда унинг илмий дунёқарашини шакллантиради, ижобий хислатларни таркиб топтиради, ҳаёт ва турмуш зиддиятларини қандай қилиб ечиш йўлларини ўргатади. Ушбу хислатларни эгаллаган ҳар қандай ўқувчида маънавият шаклланиб боради.
Зеро, китоб авлодлар занжирини мустаҳкамловчи маънавий меъросдир. У инсоният руҳига таъсир этиб, уларни маънавий-ахлоқий камолотга етаклайди. Адабиётшунос Сафо Матжонов айтиб ўтганидек, «Илмий асарлар ғафлат ва жаҳолатдан қутқарса, бадиий асарлар дағаллик ва разолатдан халос этади. Униси ҳам, буниси ҳам кишиларнинг маърифатли, бахт-саодатли бўлиши учун баб-баравар фойдали ва зарурдир».
Дарҳақиқат, китоб инсониятнинг маънавиятга ошно этади, унинг ақлини ривожлантириб, ҳис-туйғуларини юксалтиради. Қолаверса, юртимизда маҳаллаларга жуда кенг имкониятлар берилиб, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органи фаолиятига маҳалла мутасаддилари ва фуқароларнинг муносабатини тубдан ўзгартириш, маҳаллада кутубхоналар ташкил этиб, уларни ҳомийлар кўмагида янги адабиётлар билан бойитиш, аҳолининг дунё-
қарашини ва тафаккур доирасини кенгайтириш, бебаҳо бойликларимиз бўлган буюк мутафаккирларнинг дурдона асарларини ҳар бир хонадонга тарғиб қилишни – маҳаллада бош мезонга айлантиришдан иборат.
Компьютер асрида «ёшларимиз компьютерни яхши билишади, интернет тизимидан хоҳлаган ахборотини бир зумда олишади», – дея мақтаниб қоламиз. Аслида-чи, тўғри ахборот-технологиялари ривожланган асрда яшамоқдалар, хорижий давлатларда таълим олмоқдалар. Асосий билимларини интернет саҳифаларидан олишга ҳаракат қилмоқдалар. Лекин китобнинг ўрни бўлак.
Китобхонликни тарғиб қилишда ахборот-кутубхона марказлари (АКМ) фаолияти муҳим ҳисобланади. Навоий вилояти Нурота тумани ахборот-кутубхона марказида мавжуд китобхонларнинг 65% ни ёшлар ташкил этди. АКМда ёшларнинг бўш пайтларини мазмунли ўтказиш учун уларнинг қизиқишларини ўрганиш мақсадида сўровнома ўтказилди, сўровномада 73 нафар китобхон иштирок этди. Сўровнома натижалари таҳлили қуйдагича:

Сўровнома таҳлилига биноан энг юқори кўрсаткич, яъни ёшларнинг кўпчилиги бўш вақтини компьютердан фойдаланиши билан ўтказиши аниқ бўлди, бу жуда яхши натижа.
Муҳтарам Юртбошимиз томонидан илгари сурилган 5 та ташаббуснинг 3-чиси ёшларни ахборот технологияларига жалб этиш ва улардан кенг ҳамда самарали фойдаланиш бўлиб, ҳозирги ахборот технологиялар даврида ёшларимиз ундан тўғри мақсадда, унумли фойдаланишлари лозим. Аслида ахборот технологиялари – бу ахборотларни йиғиш, сақлаш, узатиш, қайта ишлаш усули ва воситалари мажмуи саналиб, ўқувчи-ёшларни ундан ўринли фойдаланиш маданияти ҳам таълим жараёнига боғлиқ масала. Ахборот технологиялари асрида ижтимоий тармоқлар сони ҳам чексиз. Мамлакатимиз тараққиётига рахна солаётган ҳар қандай ғоявий-мафкуравий қарашларнинг олдини олишда, ёшларнинг бўш вақтларини интернетда ўтказилаётганлигини ҳам кенг назорат қилиш асосий мақсадимиз. Сабаби компьютерда ўйин ўйнаб ўзи билмаган ҳолда ҳам ҳар хил ўйинларга кириб, чиқишга қийналиб қолган ўқувчи-ёшлар ҳам орамизда йўқ эмас, аслида.
Бугунги кунда юртимизда ёш авлодга таълим-тарбия бериш жараёнида замонавий билим ва касб-ҳунар сирларини пухта эгаллашлари учун барча шарт-шароитлар муҳайё бўлиши билан бир қаторда, уларни ҳар қандай мафкуравий таҳдид ва тажовузларга берилмайдиган, балки уларга қарши фаол кураша оладиган, мустақил фикрга эга бўлган, маънавиятли ва ишончли мақсадлар сари интиладиган инсонлар этиб тарбиялаш – энг устивор вазифалардан бири саналади. Бундай ишончли вазифаларни амалга оширишда, ёшларни юксак маънавиятли қилиб тарбиялашимизда ота-она, маҳалла, мактаб, АКМларнинг ҳамкорлиги жуда муҳим. Муҳтарам Юртбошимиз Ш.Мирзиёев томонидан: «Дунёдаги ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ, биринчи навбатда ўзининг интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир. Бундай енгилмас куч манбаи эса аввало инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти – китоб ва кутубхоналардадир», – дея бежизга айтилмаган.
Ўқувчи-ёшларга таълим-тарбия бериш жараёнида уларнинг қалби ва онгига умуминсоний қадриятлар билан маҳкам уйғунлашган ҳолда келажакка ишонч, она ватанга муҳаббат, инсонпарварлик ғоялари руҳида тарбиялаш, ростгўйлик, ҳалоллик, мардлик, олийжаноблик каби сифатлар орқали тарбиялаш, қолаверса, турли ёт ғоялар таъсиридан ҳимоялашда энг самарали йўл – бу кутубхоналардаги китоблардан самарали фойдаланиш, шу билан бирга уларнинг бўш пайтларини ҳам мазмунли ташкил этиш демакдир.
Шунинг учун ҳам таълимнинг етакчи вазифаларидан бири ўқувчиларда китоб ўқишга бўлган қизиқишни шакллантириш, ундаги воқеа ва ҳодисаларни таҳлил этишга ўргатишдир. Бунинг учун авваламбор, ҳар бир ўқитувчи қайси фандан дарс беришидан қатъий назар, ўқувчини китобга бўлган қизиқишини шакллантириш йўлларини, шарт-шароитларини билиши даркор. Илмий-оммабоп, тарихий, бадиий асарларни таҳлил қилиш қобилияти ўз-ўзидан ривожланмайди. Бунда таълим жараёнида ўқитувчининг изланувчанлиги, зукколиги, дарс жараёнида янги лойиҳа ва инновациялардан фойдаланилса мақсадга мувофиқ бўлади.
Дарс жараёни ва дарсдан кейинги машғулотлар давомида ўқитувчи ўқувчилар қалбида китобга меҳр уйғотиш, бадиий, тарихий, оммабоп асарларни севиб мутолаа қилишлари учун ўқувчиларнинг қуйидаги мезонларни аниқлаши ва шаклланишига алоҳида эътибор қаратиши лозим деб ўйлайман.
ўқувчилар қандай китобларни ўқишга қизиқиши ва тафаккур доирасининг қай даражада кенглиги;
ўқувчиларнинг теварак-атрофдагилар билан эркин мулоқотда бўла олиш кўникмаларини ривожлантиришга эътибор қаратиши;
ўзининг фикрини равон ҳамда эркин ифодалай олиш кўникмаси мавжудлигини;
қизиқишига мос асарларни ўқиб бўлгач, асар мазмуни ҳақида қисқача сўраб бориш орқали китобга қизиқиш кўникмасини ҳосил қилиш, ўқиган ҳикоя, эртак ва асарлари юзасидан кундалик тутиб, тўлдириб бориш кўникмасини;
ёзма нутқ белгиларига, шунингдек, матнни ифодали ўқишини ўргатиш ва бошқа мезонлар.
Ўқувчилар бадиий асар ёки шеърларни ўқиш жараёнида уларда бевосита ҳаяжон, ранг-баранг ҳис-туйғулар пайдо бўлиши бу албатта, табиий ҳол.
Ҳозирги давр ўқитувчиси ҳар томонлама интеллектуал салоҳиятли бўлиши талаб этилади. Ўқитувчи ўзи ўқиган бадиий асарини ўқувчиларга сўзлаб бериб, асардаги салбий ва ижобий образларни биргаликда таҳлил қилиш орқали ҳам ўқувчининг мутолаага қизиқишини уйғотиши мумкин.
Айниқса, ўқувчиларни ёшликдан китобга меҳрли қилиб тарбиялаш учун бошланғич синф ўқувчилари онгига тез-тез қуйидаги хислатларни сингдириш мақсадга мувофиқ:
халқ оғзаки ижоди намуналари: эртак, масал, ривоят, достонларда акс этган миллий ва умуминсониий қадриятлар, ҳамжиҳатлик, мардлик, тушунчалари акс эттирилган қаҳрамонлар қиёфаси орқали эзгу тушунчаларни сингдириш;
миллий эртак қаҳрамонлари орқали ҳалоллик, ростгўйлик, виждонлилик, меҳнатсеварлик, ўз сўзининг устидан чиқиш инсон кўрки эканлигини англатиш;
шахс маънавий камолотида миллий ғурур ва миллий ифтихор туйғуларини давлатимиз рамзлари мисолида тушунтиришдан иборат.
Юқори синф ўқувчиларига эса:
бадиий, тарихий асарларда акс этган миллий ва маънавий қадриятларнинг моҳиятини юксак инсоний фазилатлар, юртга муҳаббат, ватанга садоқат, унга дахлдорлик туйғуларини шакллантириш;
асар қаҳрамонларида мавжуд бўлган ижобий хислатлар: фидойилик, тинчликсеварлик тушунчаларининг умумий мазмуни, тафаккур озодлиги, онг ва шуурнинг тазйиқдан халос этилганлиги, ақлий заковат, руҳий маънавий салоҳият каби тушунчаларнинг мақсадга йўналтирилганлиги;
асардаги воқеаларни ўқувчи ҳаётидаги воқеликлар билан солиштириб, кундалик фаолиятида одоблилик, ростгўйлик, виждонлилик фазилатларини шакллантириш;
Ватанимизнинг истиқболи ва истиқлоли ҳақида қайғуриш, ўз халқининг қадр-қиммати, ор-номусини англаш ва уни ҳимоя қилиш, эзгу ниятлар оғушида меҳнат қилиб, ўз истеъдоди, бор имконияти, керак бўлса жонини юрт истиқболи, элига бахшида этиш;
ёшлар онгида турли зарарли оқимларга нисбатан «ғоявий иммунитет»ни шакллантириш;
ўқувчи-ёшларга китоб, илм ва тафаккур инсонлар қалбига нур, онгига зиё, хонадонига файз-барака келтирадиган буюк мўъжиза эканлигини англатиш;
мустақилликка хавф туғдирувчи ташқи омиллар: диний экстремизм, ақидапарастлик, ҳизб ут-таҳрир, миссионерлик каби иллатларнинг ғаразли мақсадларини ёшларга англатиш ва бундай таҳдидлардан огоҳ бўлишга ундаш;
инсоний фазилатларни ҳурмат қилиш, салбий хислатлардан нафратланиш кўникмаларини ҳосил қилиш.
Бинобарин, ёшларнинг маънавияти ва дунёқараши, мафкурасига ёт ғоялар таъсир этишининг олдини олишда қуйидаги мезонларни ёшлар онгига сингдирсак, олдимизга қўйган мақсад ва вазифаларга эришамиз:
Бадиий, тарихий асарларнинг ўқувчи томонидан ўқилиши фақат таълимий вазифаларнигина эмас, балки ўқувчи шахсини ривожлантириш, ёт ғоялар таъсиридан ҳимоялаш каби тарбиявий вазифаларни ҳам бажаради. Айниқса, ўсмир ёшдаги ўқувчиларда китоб ўқиш ва мутолаа қилишга қизиқишни шакллантириш жуда муҳим ҳисобланади. Чунки бу ёшдаги ўқувчилар ўзларини жуда эркин, тетик сеза бошлайди. Атрофидаги воқеа-ҳодисаларга қизиқиши ортиб боради. Улар кўпроқ ўзлари қизиққан машғулотни катталардан яширинча бажаришга ҳаракат қилади. Ёлғон сўзлаш, қилган айбини яшириш ва катталар олдида ўзини ақли расо қилиб кўрсатишга уринади. Бу ёшдаги ўқувчиларнинг бўш вақтини қандай ўтказаётгани, нималар билан машғул бўлишини ота-она, ўқитувчи, мураббий, кутубхоначи, маҳалла фаоллари назоратга олишлари лозим. Кейинги йилларда юқори синф ўсмир ёшдаги мактаб ўқувчиларининг бўш вақтлари кўпроқ телевизор кўриш, компьютер, интернет маълумотлари, ҳар хил кўнгилочар томошалар билан банд бўлмоқда. Бу ўсмир ёшдаги ўқувчиларнинг турли ёт ғояларни ўзлаштиришида ўз таъсирини кўрсатмоқда. Бундай салбий ҳолатларни олдини олишда мактабда турли маънавий тадбирларни ўтказиш самарали ҳисобланади. Масалан, ижодкор ва шоирлар билан ёки ўқувчилар қизиқиб ўқийдиган асар муаллифлари билан учрашувлар, ўқувчи-ёшлар ўртасида китобхонлик ва мушоира кечалари тез-тез ташкил этилса болада қизиқиш ҳосил бўлиши табиий ҳол.
Машҳур инглиз файласуфи Ф.Бекон: «Мутолаа инсонни билимдонлик сари,топқирлик сари етаклайди», деган эди. Дарҳақиқат, китоб – инсонларни камолот сари етакловчи муҳим маънавий хазина, у инсонга маънавий озуқа берибгина қолмай, тафаккурини теранлаштириб, ёт ғоялардан ҳимоя қилиб, соғлом мулоҳаза юритишга ундайди. Китоб бор уй ва маскандан зулмат чекинади, маърифат ва илм нури ёғилади, ақл-заковат ва тафаккур бойийди. Оламда яхши адабиёт мутолаа қилиш саодатидан ва фароғатидан яхшироқ роҳат йўқ аслида.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
Шавкат Мирзиёев. Миллий тикланишдан–миллий юксалиш сари. – Тошкент «Ўзбекистон» 2020 йил.
Шавкат Мирзиёев. Нияти улуғ халқнинг иши ҳам улуғ, ҳаёти ёруғ ва келажаги фаровон бўлади. – Тошкент «Ўзбекис-
тон» 2019 йил.
Шавкат Мирзиёев. Буюк келажагимизни мард ва олийжаноб халқимиз билан бирга қурамиз. – Тошкент «Ўзбекистон» 2017 йил.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 июндаги «Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги ПҚ-4354 сонли қарори.
Ўзбекистон Республикасининг «Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида»ги Қонуни.
В.Қўчқоров, О.Маҳмудов. Маънавият асослари. Тошкент «Янги йўл Полиграф сервис», 2017.
Абдураҳим Эркаев. Миллий ғоя ва маънавият. –Тошкент «Маънавият», 2002.
KUTUBXONA.UZ №4 (48) 2020. Axборот-кутубхона технологиялари Илмий-услубий журнали.
INFOLIB информационно-библиотечньй журнал. Ахборот-кутубхона журнали № 1 2022 ISSN 2181-8207. 10. INFOLIB информационно-библиотечньй журнал. Ахборот-кутубхона журнали № 4 2019 ISSN 2181-8207.
