Abstract: In this article, in the 20-30s of the 20th century, cultural and educational institutions in Uzbekistan became centers of political and ideological education of the Bolsheviks, and the existing problems in it are analyzed based on historical sources. In addition, first, it discussed the problems of building libraries and red tea houses in different cities and villages of the republic, providing them with books and necessary equipment.

 

Keywords: libraries, red teahouses, cultural institutions, Soviets, ideology, idea, Bolsheviks, reading room, People’s Commissariat of Education, fund, books.

 

Аннотация: В  статье дана информация о том, что в 20-30 годы ХХ века культурно-просветительские учреждения Узбекистана стали центрами политического и идеологического воспитания большевиков, а существующие проблемы анализируются на основе исторических источников. Также обсуждались проблемы строительства библиотек и «красных чайхан» в разных городах и сёлах республики, обеспечения их книгами и необходимым оборудованием.

 

Ключевые слова: библиотеки, красные чайханы, учреждения культуры, Советы, идеология, идея, большевики, читальня, Наркомпрос, фонд, книги.

 

Аннотация: Мазкур мақолада ХХ асрнинг 20-30 йилларида Ўзбекистондаги мадний-маърифий муассасаларнинг большевикларнинг сиёсий-ғоявий тарбия ўчоқларига айлантирилиши, ундаги мавжуд муаммолар тарихий манбалар асосида таҳлил этилган. Шунингдек, унда, энг аввало, кутубхоналар ва қизил чойхоналар ташкил этилиб республиканинг турли шаҳар ва қишлоқларида қуриш, китоблар ва керакли жиҳозлар билан таъминлаш муаммолари кўриб чиқилган.

 

Калит сўзлар: кутубхоналар, қизил чойхоналар, маданий муассасалар, шўролар, мафкура, ғоя, большевиклар, қироатхона, маориф халқ комиссарлиги, фонд, китоблар.

 

 

Коммунистик мафкуранинг кенг миқёсда ёйиш режаларини амалга оширишда большевиклар раҳбарияти муайян тарзда оммавий маданий-маърифий ва сиёсий тарбиявий ишлар олиб боришга муҳим аҳамият берган. Ана шу мақсадда биринчи навбатда «инқилобдан олдинги» маданий-маърифий ташкилотларни, айниқса, диний муассасалар билан боғлиқ бўлган «маданий ўчоқлари»ни умумийлаштириш ҳаракатлари кенг тус олди. Шу билан бирга, ўзига хос шўро маданий-маърифий муассасалари – клублар, халқ ва ишчилар уйлари, қироатхоналар, қизил чойхоналар, қизил ўтовлар ва ҳоказоларни ташкил этиш юзасидан кенг миқёсда ишлар олиб борилган. Қисқа муддат ичида советлар Ўзбекистонда 177 та социалистик кутубхона, 97 та клуб, 76 та қизил чойхона, 172 та қироатхона ва бошқа муассасалар барпо этган1.

Республика маориф халқ комиссарлиги 1932 йил «1933–1937 йилларда республика кутубхона муассасалари тармоғини ривожлантириш режаси»ни ишлаб чиққан2. Унда шаҳар ва қишлоқ жойларида кутубхоналар барпо этиш назарда тутилган ва 1938 йилга келиб уларнинг сонини 2,5 баравар, қишлоқ жойларда уч баравар кўпайтириш белгиланган3. Маориф халқ комиссарлиги ҳузурида махсус кутубхоначилик бўлими ташкил этилиб, унинг саъй-ҳаракатлари туфайли 1938 йилга келиб ҳар уч қишлоқ кенгашида иккитадан доимий кутубхона ташкил этишга киришилган. Туманлардаги оммавий кутубхоналарда катта кўчма китоб фондлари тузилиб, улардан ҳар бири, ўрта ҳисобда, 93 та аҳоли пунктига хизмат кўрсатган. Энг кўп кутубхона Тошкент шаҳрида бўлиб, бу ерда 283 та кутубхона, 53 та қироатхона, 249 та кўчма кутубхона 3 млн. нусха китоб фондига эга эди4.

Кутубхоналар республика кутубхоналар коллектори орқали китоблар билан режали таъминланадиган бўлган ва 1935 йилда қишлоқ ва туман кутубхоналари кенг жамоатчилик ёрдамида 115 минг нусха ҳар хил адабиётлар олган. Корхоналар ва колхоз совхозларда ҳам кўчма кутубхоналар ташкил этилиб, ишчиларнинг китоб ўқишга жалб этиш йўллари жорий этилган5.

Ўзбекистонда оммавий кутубхоналарнинг ривожланиши ва улардаги китоблар сони қуйидаги жадвалда намоён бўлган эди6. (жадвал 1)

Мазкур жадвалдан маълум бўладики, гарчи кутубхоналар сони йил сайин ўсиб борган бўлса ҳам, уларнинг аксарияти мосланмаган бино ва хоналарда жойлаштирилган, китоб фонди ниҳоятда камбағал бўлиб, китобхонларнинг эҳтиёжларини қондира олмайдиган даражада бўлган. Умуман ҳисоб-китобларга қараганда, республикада ўша даврда ҳар 100 аҳолига 34 та китоб тўғри келган. Бунинг устига кутубхона ишлари айниқса, қишлоқда тўғри йўлга қўйилмаган, кутубхоначилар эса махсус маълумотга эга эмас эди. Бу ҳол аҳолига кутубхона хизмати кўрсатишни жиддий яхшилашни талаб қилар эди.

Бу пайтда 1870 йилда ташкил этилган Ўзбекистон Давлат халқ кутубхонаси рес-
публиканинг марказий кутубхонаси бўлиб, унга кейинроқ Алишер Навоий номи берилган. Бу ерда кутубхона ишининг нисбатан мақбул даражада ташкил этилганлиги, унинг кутубхоначилик ишини юритиш масалалари юзасидан услубий материаллар билан етарли таъминланганлиги, мазкур кутубхона жамоасининг амалий ёрдами кўп жиҳатдан, туман ва қатор идоравий кутубхоналарда ишни муваффақиятли яхши йўлга қўйишга ёрдам берган. Бироқ, бу марказий кутубхона ҳам мустабид тузум шароитида ўз фондини китоб билан зарур даражада тўлдира олмаган, унинг фаолиятида муайян камчиликлар кузатилган. Жумладан, унинг бўлимлари иш жараёнида

бир-биридан ажралиб қолиб, режали иш олиб бормаган, китоб фонди библиографияси ва китобхон талаби етарли ўрганилмас, кўплаб буюртмалар бажарилмай қоларди. Кутубхонанинг болалар филиали ёпиб қўйилган, унда молиявий ва моддий қийинчиликлар ҳам мавжуд эди.

1937 йил 27 мартда Ўзбекистон ҳукумати қабул қилган «Республикада кутубхоначилик иши тўғрисида»ги қарорда кутубхона ишини яхшилаш, кутубхоначилар савиясини ошириш чора-тадбирлари белгилаб берилган7.

Шундан кейин, иккита республика, бешта вилоят ва ўнлаб туман кутубхоналари ташкил этилиб, кутубхонашунослик ҳамда библиография бўйича республика услубий кабинети ва кутубхоначилик техникуми очилган. Термиз, Қарши ва Урганчда вилоят кутубхоналари учун янги бинолар барпо этилган8. Айни вақтда мавжуд кичик кутубхоналар бир-бирига қўшиб, йириклаштирилиб яхши биноларга жойлаштирилган ва натижада, 1940 йилда Ўзбекистонда 1792 та оммавий кутубхона ишлаб турган, улардаги китоб ва журналлар сони 25553 минг нусхани ташкил этган. Мазкур кутубхоналарнинг 1295 таси қишлоқ жойларда бўлиб, улардаги китоб фонди 974 минг нусхадан иборат бўлган9. 1940 йилда республиканинг қишлоқ жойларида 3813 та қизил чойхона ва 300 га яқин қироатхона мавжуд бўлган10.

Бу вақтда йил сайин мактаблардаги кутубхоналар ҳам кўпайиб борган ва 1938–39 ўқув йили бошларида Ўзбекистон мактабларида 1845 та кутубхона бор бўлиб, улардан 672 таси бошланғич мактабларда, 919 таси етти йиллик ва 254 таси тўлиқ ўрта мактаб-
лар ҳузурида иш олиб борган11. Уларнинг барчасида жами бир миллион нусхага яқин китоб захираси мавжуд эди.

Гарчи, статистика маълумотлари республикадаги кутубхоначилик ишининг муваффақиятларидан далолат берса ҳам, ўша вақтдаги 6,4 миллиондан ортиқ республика аҳолисининг кутубхона хизмати билан тўла ва сифатли таъминланган деб бўлмайди. Чунки, аксарият, айниқса, қишлоқ жойларида кутубхоналар талабларга жавоб бермаган. Уларнинг бинолари мослашмаган, моддий базаси етарли эмас, китоб фондларида зарур китоблар ҳамиша топилавермас, кутубхоначилик мутухассислигига эга ходимлар ниҳоятда оз, бунинг устига меҳнатига жуда кам ҳақ тўланган.

Бироқ, шунга қарамай, кутубхоналар иложи борича кўпроқ маданий-оммавий тадбирлар ўтказишга ҳаракат қилган. Масалан, Бухоро вилоятининг Вобкент, Фарғона вилоятининг Марғилон, Андижон ва Тошкент вилоятининг Чиноз туманларидаги кутубхоначилар сиёсий-ғоявий тарбияга оид суҳбатлар ўтказишар, маъруза кечалари, ўқувчилар конференциялари уюштиришар, кўчма кутубхоналар ташкил этиб, туман марказларидаги қизил чойхоналарга хизмат кўрсатишар, қироатхоналар ташкил этишда қишлоқ кенгашларига ёрдам беришар эди12.

Республиканинг янгидан ташкил этилган барча олий ўқув юртларида фундаментал кутубхоналар, талаба ва илмий ходимлар учун ўқув заллари очилиб, фаолияти йўлга қўйилган. 1939–1940 йилларда республикадаги олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтларига қарашли 85 та махсус кутубхонада 2,6 млн. нусха китоб ва журнал бор эди13. Шунингдек, республиканинг маҳандис-техник ходимлари куч-ғайрати билан 40 дан ортиқ илмий-техникавий кутубхоналар ташкил этилган. 1933 йилда фанлар қўмитасининг асосий кутубхонаси, 1935 йилда республика соғлиқни сақлаш комиссарлиги илмий-тиббиёт кутубхонаси очилган. Шунингдек, тармоқ илмий-тадқиқот институлари саноат корхоналари ҳузурида ҳам кутубхоналар ташкил этилиб фаолиятлари йўлга қўйилган.

Республика давлат халқ кутубхонаси фондида Ўрта Осиё, шу жумладан, Ўзбекис-
тон халқлари ўтмишини ўрганиш учун бой ва ниҳоятда қимматли қўлёзмалар ҳамда адабий манбалар тўпланиб, унинг ҳузурида илмий ва махсус кутубхоналар ишини мувофиқлаштирувчи ассоциация ташкил этилган.

Мазкур ассоциция барча илмий кутубхоналарнинг маълумотнома ва илмий библиографик ишлар соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб, кутубхоналар ишини республикадаги ижтимоий-иқтисодий ва маданий ўзгаришларнинг долзарб вазифалари билан боғлаш, шунингдек, илмий кутубхоналарнинг ўзаро ёрдам кўрсатишини ташкил этиш борасида катта ишлар амалга оширган14.

Бироқ, маданий қурилиш соҳасидаги умумий иллатлар мазкур жабҳада ҳам намоён бўлиб, 1917 йил октябрь инқилобидан олдин ўтган кўпгина шоир ва ёзувчиларнинг, сталинча қатағон даврида таъқиб этилган ижодкорларнинг асарлари фондлардан чиқариб ташланган. Шунингдек, кутубхоналар томонидан амалга ошириладиган маданий-маърифий тадбирлар марксизм-ленинизмнинг ақидаларини мустаҳкамлашга қаратилган.

Сталинча маъмурият барча маданият муассасалари ва ижодий ташкилотлар устидан қаттиқ мафкуравий назорат ўрнатишга, партиянинг маънавий жараёнларга аралашувини мустаҳкамлашга муваффақ бўлган. Бунинг натижасида маданият сиёсат воситасига айланган ва жамиятнинг маънавий маданиятдаги ўрни иқтисодий ва мустамлакачилик мақсадларига мувофиқ равишда қатъий тартибга солинган.

Ўша йиллардаги совет маданий сиёсатининг умумий йўналиши миллий-маънавий ҳаётнинг тарихий асосларига путур етказишдан иборат бўлган. Маънавий соҳада синфийликни қарор топтириш мақсадида миллий маданият мазмуни жадаллик билан сунъийлаштириб борилиб, халқни унинг бой-маънавий меросидан ажратиб қўйиш жараёни авж олган. Инқилобдан олдин яратилган барча нарсаларни синфий жиҳатдан шубҳали деб ҳисоблаш йўли расман қарор топилган ва ҳатто, халқ достонларига қарши шафқатсиз кураш бошланган. Бунинг самараси ўлароқ, ўзбек халқ достони ҳисобланган «Алпомиш» реаксион асар сифатида эълон қилинган15.

Бу даврда маданият уйлари ва клубларнинг фаолияти ҳам ўзига хос ҳолатда бўлиб, бу муассасаларни асосан, аҳолини сиёсий-ғоявий ва тарбия ишларига кенг жалб этишга йўналтирилган. Аммо клубларнинг биноси ва моддий базаси қўйилган талабларга жавоб бермасди, клуб ходимларининг касб маҳорати ҳам саёз бўлган. Компартия бутун маданий-маърифий ва сиёсий-ғоявий тарбия ишларини ишлаб чиқариши масалалари билан, саводсизликни, чала саводликни тугатиш, ҳар хил ихтисосликдаги тўгараклар ташкил этиш, турли мавзуларда маъруза ва суҳбатлар ўтказиш, театр спектакллари кўрсатиш, кинофильмлар намойиш этиш ва бошқа тадбирлар билан боғлаб олиб боришни талаб қилган16. Республика клублари, маданият уйлари ўз вазифаларини ана шу директив кўрсатмалар асосида бажарган. Масалан, 1930 йил бошларига келиб республика миқёсида 235 та клуб бўлган бўлса, 1937 йилга келиб уларнинг сони 1089 тага, 1940 йилда эса 2859 тага етган17. Бу пайтда қишлоқ жойларда эса 8471 клуб мавжуд бўлган18. Лекин шуниси ачинарлики, ушбу клубларнинг аксарияти амалда фаолият юргизмаган. Масалан, Тошкент шаҳрида ишлаб турган клубларда онда-сонда фақат кинофильм намойиш этилар ва баъзан ёшларга ўйин кечалари («танса») ташкил қилиш билангина чекланган19.

Айни вақтда, шу ҳолатни ҳам таъкидлаш жоизки, клублардан кўра чойхоналар кўпроқ одамлар билан гавжум бўлган. Одатда чойхоналар шаҳарларда ҳам, қишлоқларда ҳам энг шинам, обод ва одамларнинг тўпланиши, дам олиши учун қулай жойларда қурилар эди. Бу аънанавий шарқона масканда асосан маҳаллий миллат вакиллари йиғилар ва клубларга қараганда кўпроқ одамлар тўпланган. Шунинг учун республика ҳукумати чойхоналарни кўпайтириш, уларнинг фаолиятини янада кучайтиришга эътибор қаратган. Уларни солиқлардан озод қилиш, турли жиҳозлар билан таъминлаш, плакатлар, газеталар, китоблар қизил бурчаклар ташкил этиш ишларини шўролар ўз зиммасига олган эди. 1930 йилда Ўзбекис-
тонда 514 та чойхнона бўлган бўлса, 1932 йилда уларнинг сони 1700 тага, шаҳарларда 280 та, қишлоқларда 1420 тага етган20.

Хулоса қилиб айтганда, юқоридаги ташкилий ишларнинг замирида, албатта, шўролар ҳукуматининг ҳар қандай шароит ва вазиятлардан ўзининг мафкурасини кенг тарғиб этишда унумли фойдаланиш манфаатлари ётган. Ушбу мақсадларда улар маданий муассасалар фаолиятидан ҳам унумли фойдаланишга интилган.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. КПСС о культуре, просвешении и науке. – М.: 1963. – С. 130.

2. Ўзбекистон мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги архиви,1-жамғарма, 120-руйхат, 6-иш, 7-9-варақлар.

3. Правда Востока, 1934, 18 декабрь.

4. Қизил Ўзбекистон, 1936, 23 май

5. Ўзбекистон миллий архиви, 1619-жамғарма, 2-руйхат, 13-иш, 17-варақ.

6. Минеев В.Н. Становление и развитие культурно-просветительной работы среди женщин Ўзбекистана (1918-1941 гг.) – Т.: Фан, 1990. – С.28-41.

7.Бердиев Ш.К. Культурно-просветительская работа в Узбекистане. – Т.: Фан, 1977. – С.42-44.

8. Ўзбекистон миллий архиви, 737-жамғарма, 1-руйхат, 2654-иш, 7-варақ.

9. Ўзбекистон миллий архиви, 58-жамғарма, 16-руйхат, 1679-иш, 2-варақ.

10. Народное хозяйство УзССР за 50 лет. Сб. стат. материалов. -Т., 1967, C.-226.

11. Ўзбекистон миллий архиви, 34-жамғарма, 5-руйхат, 17-иш, 40-41-варақлар.

12. Основные показатели выполнения народно-хозяйственного плана УзССР. – Т.: 1939. – С. 56.

13. Ўзбекистон миллий архиви, 58-жамғарма, 16-руйхат, 1679-иш, 34-варақ.

14. Ўзбекистон мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги архиви, маориф халқ комиссарлиги материаллари 76 а-иш 70-варақ.

15. Ўзбекистон мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги архиви, 6ф180-жамғарма, 42-иш, 87-варақ.

16. Тарих шоҳидлиги ва сабоқлари. Чоризм ва совет мустамлакачилиги даврида Ўзбекистон миллий бойликларининг ўзлаштирилиши. –Т.:«Шарқ» 2001. – б.92.

17. Постановление Х Пленума ВЦСПС, -М., 1940, Госполитиздат. – С. 3.

18. Ўзбекистон миллий архиви, 737-жамғарма, 1-руйхат, 923-иш, 24-варақ.

19. Ўзбекистон миллий архиви, 837-жамғарма, 9-руйхат, 676-иш, 25-варақ.

20. «Правда Востка», 1931 йил 21 январь.

21. Ўзбекистон миллий архиви, 837-жамғарма, 3-руйхат, 676-иш, 25-варақ.

ХХ асрнинг 20-йилларидаги Тошкент шаҳридаги «қизил чойхона»