Маънавият сўзининг замирида маъно, моҳият тушунчалари ётади. Китоб ўқимоқчи бўлган одам ўзини маънога тўлдиради. Зиё билан йўлини ёритади. Шу маънода, китоб инсониятнинг энг юксак кашфиётларидан биридир. Дунёда ғилдирак ихтиро қилиниб, узоқ масофалар яқин бўлганидек, китоб баайни оламни бир-бирига қалбан яқинлаштирди. Дилларни бирлаштириб, ҳаётнинг, яшашнинг асл маъноси нелигини ифодалаб берди. Ахир, яхшилик дарахтини суғориб турадиган нарса ҳам китоб-ку! Мен ҳаётимни китобларсиз тасаввур қила олмайман.
Болаликдан китоб ўқийдиган оила муҳитида ўсиб-улғайганман. Ўша пайтларда кутубхонаси бўлган хонадонлар жуда кам эди. Борлари ҳам ночор. Мен бир токчага жой бўладиган китоблари бўлган Субиҳа холамнинг уйидан бери келмасдим. Кутубхонаси борлиги учун ҳам ўша уй менга сирли, қандайдир мўъжизали бўлиб кўринарди. Бу менинг кейинги ҳаётимга, ижодий ишларимга сезиларли таъсир ўтказган. Шунинг учун бу нодир яратиқларга қанча таҳсин айтсам кам.
Инсон китоб бор жойга, кутубхоналарга яқинлашган сайин улар онгида, юрагида ҳаёт нури равшанлашиб, фикрлари теранлашиб боради. Буни истаган пайтингизда ўз тажрибангизда синаб кўришингиз мумкин. Сиз, умуман кутмаган томондан ёруғлик келиб, қалбингизга мўралайди, маънавият томон йўл очади.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига биринчи марта келган пайтларим ҳамон ёдимда. Бу илиқ таассуротлар талабалик даврим билан ошуфта ҳолатда хотирамда сақланади. Чунки талабалигимнинг асосий вақти ушбу кутубхонада ўтган. Бу ерда бизга нотаниш бўлган кўплаб китобларни илк марта интиқиш билан қўлга олганмиз ва завқ билан ўқиб чиққанмиз. Кимдандир етук асар, дея эшитган китобларни шу маскандан излаб топиб, ҳайратла мутолаа қилганмиз. Бугунги кунга келиб, олтин ёшлигимнинг асосий қисми мазкур кутубхонада кечганидан сира афсусланмайман. Аксинча, бундан чексиз бахтиёрман!
Кутубхона – ҳақиқий маъно излаганлар учун хазина. У ерда неча-неча асрлардан бери, аждодларимизнинг қалб қўри, сабр ва машаққатли меҳнатларининг натижаси ўлароқ яратилган минглаб нодир китоблар сақланади. Уларни ўқисангиз, сизга дўст тутинади, тилга кириб жонланади. Бир вақтлар, юртимиз чоризм томонидан босиб олингач, рус зобитларига берилган катта бир топшириқ ҳам халқнинг нодир китобларини йиғиб олиб, император кутубхонаси учун олиб кетиш бўлган. Бунинг учун халқнинг энг севимли китоблари қўрқитиш, алдов, арзимаган чақаларга сотиб олиш эвазига қоплаб эшелонларга жойланиб, олиб кетилган. Лекин ота-боболаримиз ҳар қандай даврда ҳам жасорат кўрсата олган. Бугун юртимизда сақланаётган нодир китоблар шу жасорат тимсолининг намунаси. Уларнинг аксарияти мазкур кутубхонада алоҳида эътиборда сақланаётганлиги бизни хурсанд қилади, чунки бу китоблар миллатнинг ўзлигини таъминловчи ва асрий маънодан дарак берувчи ноёб қўлёзма-манбалардир.
Азал-азалдан кутубхоналар миллат кўзгуси, унинг ривожидаги муҳим маскан ҳисобланган. Бу фикрни кўп бора ўз мақолаларим орқали ҳам ўртага ташлаганман. Ҳар бир мамлакатнинг тараққиёти ўша мамлакатда нечта кутубхона борлиги ва энг муҳими, у ердаги китобхонларнинг сони билан ўлчаниши керак. Мен шуни аниқ биламанки, бугун Ўзбекистон Миллий кутубхонаси бунга ёрқин мисол бўлади. Чунки замонавий талаблар асосида янгидан бунёд бўлган мазкур кутубхонада ҳар куни минглаб ёшлар китоб ўқишмоқда, соғлом ахборотга эга бўлишмоқда.
Бу ўринда ёшларга янада эътиборни ошириш лозим. Чунки кекса авлод шаклланиб бўлган, китоб ўқишга қизиққани юз ёшда ҳам ахтариб китоб ўқийди, қизиқмагани-чи? Мажбурласангиз ҳам китоб ўқимайди. Лекин ёшларнинг китоб ўқиш кўникмасини шакллантирсак бўлади. Китобнинг сеҳри ва ундан оладиган хазинаси улкан эканлигини уларга билдира олишимиз керак. Бунда ота-оналарнинг ҳиссаси жуда катта бўлади.
Қадим бир турк достонида қизига ҳадеб насиҳат қилиб ўтирган онага, сен фақат қизингга насиҳат қилиб ўтираверма, ундан кўра, ўша ишни ўзинг қилсанг, қизинг қилади, дея танбеҳ берилади. Ёки бўлмаса, «Қуш уясида кўрганини қилади», «Онасини кўриб, қизини ол» каби мақолларнинг таг замирида ҳам ибратнинг ўрни, тарбиянинг аҳамияти, огоҳликка даъват қилиш каби қат-қат маънолар бор. Ёшлар тарбиясига оид жуда муҳим фалсафа бор. Бу ҳақда жонли мисол келтирсам: Фарзандларим ҳали мактабга чиқмаган пайтларда, иш столимда ўтирар эканман, бирон-бир мусиқани, дутор, танбур, най оҳангларини эшитиб, ишни бошлардим. Вақти келиб улар мактабга чиқиб, уйга вазифаларини тайёрлашга келганда, мендан радио олиб беришимни сўрашган. Чунки улар ўқиш мусиқа билан ҳамоҳанг бўлар экан, деб тушунишганда. Кўраяпсизми, фарзандларимиз бизларни қанчалик ўткир ва тиниқ кўзлар ила кузатишади. Айрим ота-оналар буни унутиб қўяётганлари ачинарли ҳол. Аввало, ота-оналар китоб ўқиб фарзандларига намуна бўлишлари керак. Китобдан олган ҳайратларини болалари билан ўртоқлашиши, бу ажиб қоғозлар мажмуи қандай таъсир ўтказа олиш кучига эга эканлигини болалар кўриши керак. Шу ўринда фарзандларнинг бурчи ҳақида гапириш ҳам ўринлидир. Шундай жигарбандлар борки, отаси қолдирган катта маънавий меросга беписанд. Унинг бой, шахсий кутубхонаси аллақачон омборхоналарга ташланган ёки шунчаки тарқатилган. Бир куни чиқиндихонада шундай манзарани кўриб, юрагим зирқираб кетди. Китобларни ушлаб кўрар эканман, унга муаллифлар томонидан ёзилган дастхатлардан бу китоблар кимнинг шахсий кутубхонасидан улоқтирилганлигини билдим. Унинг эгаси атоқли олимлардан бири эди. Ана, ноқобил фарзандларнинг аянчли қилмишига мисол. Ундан кўра, ўша китобларни кутубхоналарга берганида қанчадан-қанча инсонлар фойдаланган, ўша оилага раҳматлар ёғилган бўларди. Бу борада кутубхоналар ҳам огоҳ турмоғи, шундай китобларни сотиб олиб бўлса ҳам шахсий кутубхоналарни асраб қолиши зарур. Чунки чиқиндига ташланган китоблар орасида ноёб, қимматли, ҳали фанга маълум бўлмаган китоблар ҳам бўлиши мумкин эканлигини унутмайлик. Боя айтиб ўтганимиздек, бу китоблар бизнинг улкан бойлигимиздир.

Биз глобаллашув даврида яшаяпмиз. Бунинг яхши томони бўлгани каби, кўплаб ёмон томонлари ҳам бор. Баъзи шу сўзни байроқ қилиб олган одамлар, халқларнинг ўзига хослигини йўқотмоқчи, уларни ҳеч қанақа қуролларсиз ўзлигидан айирмоқчи бўлишмоқда. Чунки шу иллат уруғини ўйлаб топаётган мамлакатларнинг ўз илдизлари йўқ. Юртимиз эса, инсоният тамаддунининг бешикларидан биридир. Улар тарқатмоқчи бўлаётган жаҳолат уруғига қарши энг кучли жангчи китобдир.
Адабиётга, шеъриятга ошно бўлган одам қалби тиниқлашиб, ҳайратлари ортиб боради. Чунки шеърият – кўнгил иши. Баъзи ёш шоирларнинг баландпарвоз шеърлари ҳақида ўйлаганда бир нарсани уларга айтишни жуда истардим. Баландпарвоз сўзлар санъатнинг майдон томошаларидагина, халқнинг кенг оммаси қатнашган байрамларигагина ярашади. Шеъриятга эмас. Ортиқча дабдаба-бозлик шеъриятдан таъсирланишимизга тўсиқ бўлади. Баландпарвоз шеър, ёзганларни баландга олиб чиқиб, ўша баландликдан уларни ерга улоқтириш билан баробар. Ҳақиқий ижодкор эса, инсониятнинг кўнгил кечинмаларини ўзига хос тасвирлашга ҳаракат қилади. Бундан маъно, мазмун қидиришга уринади. У ёзганлари ўқувчиларга маъқул келса, чексиз шодланади, кўнглида чексиз рағбат ҳиссини туяди.
Инсон ҳам табиатнинг бошқа яратиқларига жуда ўхшайди. Гул мисоли ялт-ялт очилиб, оламни ўз ифори билан безайди ва хазонга айланиш жараёнларини бошдан кечиради. Инсон бу табиат қонун-қоидаларидан қочиб қутула олмайди. У доим ҳаракатда, фикрлашда, лекин ҳар бир инсон меҳрга ташна, эътиборга лойиқ бўлишни истайди. Айниқса, ижодкорлар. Шу мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда, охирги пайтларда Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ёзувчи-шоирлар билан учрашувлар қилинаётганлиги, уларга катта эътибор берилаётганлиги жуда қувонарли ҳолат, чунки ўзлари севган адабиёт вакиллари билан учрашиш, кўнгил кечинмалари билан яқиндан танишиш китобхонлар учун қанчалик муҳим бўлса, ижодкорлар учун ҳам шунчалик катта аҳамиятга эга. Бир вақтлар ҳозирги эстрада хонандаларининг энг сарасига қанча одам кирса, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов билан бўлиб ўтадиган мушоираларга шунча одам кирарди. Бир кун келиб яна шундай манзараларни кўришга ишонаман, чунки миллат тараққиётини адабиётсиз тасаввур қилиш қийин. Боболаримиз энг улуғ нарса дея ибратни кўрсатадилар. Бу борада мазкур кутубхона олиб бораётган ишлар – катта бир ибрат. Бу маскан ибрат маскани ҳамдир.
Мен Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг кичик бир андозаси, яъни кутубхоначалар ҳар бир ўзбек хонадонида бўлишини истайман. Майли, токчада бўлса ҳам кутубхонаси бўлиши керак. Бу болаларимиз учун, келажагимиз учун жуда муҳим.
Жавлон Жовлиев ёзиб олди
