Annotation: This article describes the foundation of the Ichan-Kala State Museum Reserve in Khiva in 1920 and the activities of the museum, its staff, exhibitions and events over the past 100 years.

 The Khiva museum- was opened on April 27, 1920 in Arzkhana (reception hall) of Kunya-Ark in the presence of the participants of the 1st Kurultay (Congress) of national representatives. It was called the People's Museum. The number of visitors increased day by day. In addition to the exposition itself, introductory lectures were held there and thematic exhibitions were organized on certain dates. Until 1924, the descendants of Allakuli Khan lived in the huge Tash-Khauli palace built in 1831–1839 in the inner fortress of Khiva. Considering it their own possession, they began to sell the property of the palace. The government members, having learnt about this, moved the Khiva museum from Kunya-Ark to Tash-Khauli and included it in the list of state property.13 In August of the same year, the Khiva Museum was supplied with the necessary exhibition equipment delivered from Moscow. 285 unique pieces were exhibited in the imported showcases..

В статье рассказывается о Государственном музее-заповеднике «Ичан Калъа» в Хиве, его деятельности за последние 100 лет. Хивинской музей открыт 27 апреля 1920 года в помещениях арзханы (приемной) Куня-Арка при участии делегатов I Курултая (съезда) всенародных представителей. Тогда он назывался народным музеем. Как описывает по источникам автор, изо дня в день росло число посетителей. Помимо организации са-мой экспозиции, проводились ознакомительные лекции, организовывались тематические выставки к определенным датам. В исторических документах отмечается, что до 1924 года потомки правителя Аллакулихана жили в огромном дворце Ташхаули, построенном в 1831–1839 годы во внутренней крепости города Хивы. Считая своей собственностью, они постепенно стали распродавать имущество дворца. Члены правительства, узнав об этом, перенесли хивинский музей из Куня-Арка во дворец Таш-Хаули и включили его в перечень государственного имущества. В августе того же года Хивинский музей был оснащен доставленными из Москвы специальными витринами, на которых впоследствии выставлялись 285 уникальных экспонатов...

Key words: Khiva, Ichan-Kala, museum, reserve, exposition, fund documents, tourist.

Ўзбекистоннинг энг кўҳна музейларидан бири бўлган «Ичан қалъа» давлат музей-қўриқхонаси ҳудудида 58 та мангуликка дахлдор тарихий меъморий обидалар бор. Бу қадимий музей-шаҳарда ҳозирги вақтда 360 хонадон сақланиб қолган ва уларда 2750 аҳоли истиқомат қилади. «Ичан қалъа» тарихий меъморий давлат музей-қўриқхонасининг 19 та доимий экспозициясида Хоразмнинг қадимдан бугунги кунгача бўлган тарихи акс эттирилган.

Ўтган минг йилликлар даврида хиваликлар ўзига хос миллий маданиятини яратиб, ушбу моддий ёдгорликлар кўринишидаги меросни кейинги авлодларга қолдириш йўлларини ҳам топишган. Бунинг учун ҳукмдорлар саройлари ва ибодатхоналар ўз даврининг маданият намуналарини тўплайдиган, сақлайдиган ва келажакка хизмат қиладиган даргоҳга айлантирилган. Ҳаттоки Абулғози Баҳодирхон ўз даври (1645–1663)да антиқа буюмларни тўплаган ва аҳолига намойиш қилган. Халқ орасида бу жой «Ажойибхона» деб юритилади.

Урф-одат ва қоидалардан келиб чиқиб, Хоразм ҳукмдорларининг хазина ва бойликлари саройнинг тўрт жойида сақланган:

1. Хоннинг хос хонаси – олмос, гавҳар қа-далган тожи, қимматбаҳо тақинчоқлар, ноёб қурол-ёроғлар.

2. Зарбхона – хонликда чиқарилган тилла, кумуш ва мис пуллар, пул босадиган қолиплар.

3. Кўринишхона - йўлакдаги айвонда хонга совға қилинган нодир қурол-яроғлар, кутубхонада қўлёзмалар, ички хазинада турли даврларда зарб қилинган тилла, кумуш пуллар, бошқа давлатларда чиқарилган тангалар, хон муҳрлари, ёмбилар, ёрлиқлар, фармонлар, чет эллар билан олиб борилган ёзишма мактублар.

4. Анжомхона – турли сарпо ва тўнлар, мукофот, ҳадялар учун махсус ясалган қимматбаҳо қурол-яроғлар ва ҳ.к.

Муҳаммад Раҳимхон (1806–1825) қабулхонасида бўлган элчининг ёзишича, «Дарвозадан кўринишхонагача бўлган йўл учта ҳовлидан ўтади. Сарой дарвозаси ёнидаги биринчи ҳовлида элчилар хон қабулини кутганлар, усти ёпиқ узун иккинчи айвонда лафетга ўр-натилган еттита тўп ва ҳар қандай офицер ҳавасини келтирадиган қимматбаҳо қуроллар илиб қўйилган, учинчисида эса хон девони (кенгаши)нинг йиғилишлари ўтказилган ва ниҳоят, даҳлиздан сўнг кўринишхонанинг энг катта ҳовлиси жойлашган».

Муҳаммад Раҳимхон II ўз яқинлари билан, 1889 й.

Россия империяси ХIХ аср иккинчи ярмида Ўрта Осиёни босиб олишга жўнатган ҳарбий қўшин сафига махсус шарқшунос олимларни ҳам киритган бўлиб, уларнинг вазифаси қадимги осори-атиқаларни тўплаш бўлган. Жумладан, Хоразмга 1873 йилдаги юриши давомида қўшин таркибида қатнашган шарқ-шунос олим А.Л.Кун (1840-1888)га Петербург кутубхонаси ва музейлари учун илмий аҳами-ятга молик ҳамма нарсаларни синчиклаб текшириш ҳамда тўплаш топширилган.

Шу даврда ўз ишларининг фидойилари бўлган олим, ўлкашунос, шифокорлар маҳаллий аҳоли вакиллари билан биргаликда бутун Ўрта Осиёда европача тамойилдаги музейлар тўпламлари, қўлёзмаларни йиғиш, оммавий кутубхоналарни ташкил этиш ишларини бошлайди. Таниқли рус олимлари ўлкада илмий тадқиқот ишлари олиб боради, бир неча бор археологик, этнографик, географик ва бошқа экспедициялар уюштиради. Ўрта Осиё халқлари амалий санъати, ҳунармандчилиги намуналари жамланиб, кўргазмалар ташкил этилади. Жумладан, рус тадқиқотчиси Н. И. Веселовский раҳбарлик қилган археологик комиссия аъзолари Амударё бўлим бошлиғига мурожаат қилиб, Хива хонлигидаги қадимий ёдгорликларни йиғиш ва сақлаш ишига эътибор беришни тавсия этади. Ушбу тавсия тўғри деб топилиб, 1896 йил 18 январда Амударё бўлим бошлиғи Хоразм хонига қуйидаги мазмунда мактуб ёзади: «Туркистон мамлакатидоғи ҳар турли нарсаларни сақлайтурғон кишилар ўзларининг ишларини равшан муайян қилибдурлар. Мазкурларнинг муддаолари бурунғи замонлардан қолғон ҳар турлик иморат ва ҳар турлик нарсаларни барҳам бермай сақламоқдур. Ушбуни жаноби олийга маълум қилиб, ўтиниб тилайманким, мамлакатингиздоғи фуқораларингизга буюруб, бурунғи замонлардан қолғон ҳар турлик ажносларни барҳам ўлмослиғиға амр этсангиз».

Муҳаммад Раҳимхон II бу ҳақда махсус фармонлар чиқаради. Жумладан, 1898 йил 12 апрелда Кўҳна Урганч, Хўжайли, Қўнғирот ҳокимларига: «Қадимдан қолғон ёдгор нимарсаларни йўқ қилмасунлар, ҳар бир тариқа кўҳна жой ва қалъа ва иморатлар бўлса, не тариқа бино бўлғонларини ва кўҳна тилла ва танга ва фуллар бўлса борлаб топиб мунда юборсун», деб буйруқ беради.

Хоразм хонлигида ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалик ва ҳунармандчилик маҳсулотлари, осори-атиқалар ҳамда архитектура ёдгорликлари фотосуратлари Бутунроссия ва жаҳон кўргазмаларида намойиш этилади. Жумладан, 1890 йилда Тошкентда, 1895 йилда Нижний Новгородда Бутунроссия кўргазмаси, 1900 йилда Парижда, 1904 йилда Миссури штати (АҚШ)нинг Сент-Луис шаҳрида бўлиб ўтган халқаро ярмаркаларга Хивадан 16 соҳа бўйича ҳар биридан учтадан ҳунармандчилик намуналари юборилган.

Бу даврда тўпланган буюмлар Россияга юборилиши натижасида Хиванинг ўзида музей очилиши амалга оширилмаган. 1920 йил 2 февраль куни охирги Хива хони тахтдан ағдарилиб, янги тузилиши мўлжалланган ҳукуматнинг таъсис қурултойини ўтказишга тайёргарлик кўриш учун муваққат ҳукумат тузилади. 11 апрелда Хива муваққат инқилобий ҳукумати раиси Жуманиёз Султонмуродов ва РСФСР ҳукуматининг фавқулодда вакили иштирокида бўлиб ўтган қўшма йиғилишида «Хива халқининг ўтмиши ва ҳозирги пайтдаги маданиятига тааллуқли барча буюмларни, шунингдек золим хоннинг азоблаш қуролларини халққа кўрсатиш, уларни келгуси авлодлар учун ҳам сақлаб қолишни назарда тутиб, халқ музейи ташкил этилсин. Ўлка шўроларига тезликда керакли бўлган ҳар хил нарсаларни тўплаш ва бу музейни халқ вакилларининг сайловигача эски хон саройида очиш учун бутун чоралар кўрилсин», дейилган қарори қабул қилинди.

Янги тузилган Маориф маданият нозирлиги муваққат ҳукуматнинг бу қарорини иж-росига киришиб, 17 апрелда шундай буйруқ чиқаради:

«Қалъа шўроларининг маҳкамаларига 26 апрель 1920 йилда Хивада музей ва виставка очиладур. Шунга керакли нарсаларни тезлик бирла аҳолидан сўрашиб олиб, мазкур муддатдан икки кун аввал Хивага еткурмакларингиз зарур, керакли нарсаларни олинганида, соҳибини қўлига хат бериб олмоқларингиз лозимдурки, соҳиби қайтариб олмоқни хоҳлаган вақтда мазкур қўлига берган хат бирла ола биладур. Музей ва виставка учун керак бўлган нарсалар ушбу ошоқда ёзилган нарсалардур. Масалан: Кўҳна милтуқ ва қи-лич ва кўҳна китоблар ва кўҳна олтин, кумуш тангалар ва қадимги тош ва мис ва кумуш идишлар ва қадимги кийимлар ва ҳар хил хитой идишлари, хотин қизларнинг безаклари, дори асбобларидан қадимги чироқлар, бодя ва қулоқчоноқлар, кошинлар, тош лампалар ва ҳозирги яхши бодялар, қўшбоғлар ва самовар қумғонлар, Хивада тузатилган сулобчалар, яхши ғоли ва ғолича, қўлда ёзилган хушхат номалар, ўқ-ёй ва найза, темир ва кумуш ҳар хил чойнак, тунчалар ва асолар.

17 апрель 1920 йилда Хива маориф маданият нозири:

Мулла Бекчон Раҳмонберган ўғли».

Аҳолидан музейбоп буюмлар тўплашга киришган икки нафар кишининг қўлига берилган махсус мандатда шундай кўрсатилган эди:

Мандат. Ушбу мандат бериладур Эгамберди Ибодулла ўғли ва Абдулла Ҳусаин ўғилларига бу хусусдаким ушбу ашоқда одлари ёзилғон одамларнинг ёнларига бориб музей ва виставка учун лозим бўлган нимарсалар бор бўлса шуни ризолиқ билан олиб қўлларига берилган шаҳодатнома дафтарига мазкур олган нарсаларни ёзиб, нарса соҳибининг қўлига бермаклари учун деб 19 апрелда 1920 йилда Хива маориф маданият нозири: Мулла Бекчон Раҳмонберган ўғли.

Ҳужжатнинг пастки қисмида: «Музей ва выставка учун нарса сўраладиган 16 та одам-ларни исмлари тубандагичадур: 1. Отажон тўра, 2. Бобожон тўра, 3. Саййид Ғозибек, 4. Иноқ тўра, 5. Ибодулла тўра, 6. Абдуллабек, 7. Маҳмуджон чўлоқ, 8. Отаниёз девон, 9. Боғбек тўра, 10. Қушбеги, 11. Саййиджон охунд, 12. Ваис Эшон, 13.Муҳаммад Юсуф қори,   14. Мамат маҳрамни ўғиллари, 15. Ҳикматил-ло эшон, 16. Муҳаммад Ризо тўра».

Мулла Бекчон Раҳмонов 1920 й.
Хоразм республикаси маориф министри

 

Музей-кўргазма 1920 йил 27 апрель куни Бутунхоразм халқ вакиллари I Қурултойи қат-нашчиларининг иштирокида, эски хонлар қароргоҳи Кўҳна Арк биносининг Арзхонасида очилади. Унга «Халқ музейи» деб ном берилади. Халқ музейига келувчилар сони кун са-йин ортиб боради. У ерда турли мавзуларда суҳбатлар ўтказилар, вақти-вақти билан ай-рим саналарга бағишланган кўргазмалар ташкил қилинар эди.5 Бу даврда Халқ музейи ҳисобида 1200 та экспонат мавжуд бўлиб, секин-аста такомиллашиб бораётган фонднинг асосий қисмига айланади.

1924 йилгача Хива шаҳрининг ичкари қалъасидаги 1831–1839 йилларда қурилган улкан Тошҳовли саройида Оллоқулихоннинг авлодлари яшаган. Улар ушбу саройни ўз мулки ҳисоблаб, жиҳозларни сота бошлаган. Бундан хабар топган ҳукумат аъзолари Хива музейини Кўҳна Аркдан Тошҳовли биносига кўчириб, саройни давлат мулки ҳисобига ўтказган. Ўша йилнинг августида Хива музейига Москвадан экспонатлар қўйиладиган жиҳозлар келтирилиб, 285 та ноёб буюмлар намойиш қилинган. Бу даврда «Халқ музейи» ҳисобида 1200 та музейбоп буюм мавжуд бўлиб, музейнинг фонди ҳам шакллана бошлаган. Музей ишчи ходимлари мудир ва қоровулдан иборат бўлиб, яна 4 нафар жамоатчи меҳнат фахрийси фаолият юритган.

Хоразмда 1920–1930 йиллар саводсизликни тугатиш, маданий революцияни амалга ошириш, босмачиларга қарши кураш, ички қарама-қаршиликка барҳам бериш йиллари бўлади. Ана шу мураккаб кураш йилларида музей Хоразмнинг чинакам маданий-оқартув маскани ва илмий муассасасига айланади.

Музей ходимлари. 1956 й.

1930 йил 1 декабрда Москвада бўлиб ўтган Биринчи музейлар съезди ўз олдига энг муҳим вазифаларни қўяди. Жумладан, турли йўналишдаги музейлар ишини янада яхшилаш, илмий мутахассис кадрлар билан таъминлаш, экспозицион ишлар аҳволини янада такомиллаштириш тадбирлари ишлаб чиқилади. 1931 йилдан бошлаб «Советский музей» журнали чиқа бошлади. Бу, ўз навбатида, чекка ўлкалардаги, жумладан Хоразм инқилоби тарихи музейи кадрлари малакасини оширишда ҳам катта қўлланма бўлиб хизмат қилди.

1934 йилда Хивага музей фаолиятини ўрганиш ва унга методик ёрдам кўрсатиш мақсадида музейшунос олимлардан М. Воеводский, А.Попов ва А.Треножкинлар келади. Улар музейни эстетик жиҳатдан қайта қуриш ва янги экспонатлар ҳисобига тўлдириш таклифини беради. 1935 йил 24 майдан бошлаб музей тузилмасини қайта ташкил қилиш ва ян-ги экспонатларни излаб топишга киришилади.

1939 йилда Нуруллабой саройида Инқилоб тарихи музейи ташкил этилган. Ўша йили Хивадаги иккита музей билан 36000 га яқин киши танишган, уларга 195 та экскурсия хизмати кўрсатилган. Бу даврга келиб музейларда давлат идораларида ишлаб, нафақага чиққан

Хоразм инқилоби қатнашчилари, яқин ўтмишда бўлиб ўтган воқеа-ҳодисаларни кўрган, бевосита иштирок этган фахрийлар жамоатчилик асосида ишлаб, уларнинг ҳиссаси ўлароқ ёш авлодга Хоразм тарихи, маданияти ва ижтимоий ҳаёти ҳақида ҳикоя қилиш анъанага айланади.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида музей жамоаси аҳоли ўртасида оммавий-сиёсий, маданий оқартув ишларини ривожлантириш, корхона, ташкилотлар ва муассасаларида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, фронт учун пул, озиқ-овқат, иссиқ кийим-кечаклар тўплашда фаоллик кўрсатган.

1960 йилда янги очилган Ўлкашунослик музейи ҳисобига Хивадаги музейлар сони учтага, экспонатлар 12 мингга етган. Уларда директор, илмий ишлар бўйича директор ўринбосари, фонд мудири, уч бўлим мудири, тўрт илмий ходим, ҳисобчи, боғбон, таъмирловчи-рассом, дурадгор, уч қоровул ва етти музей хизматчиси ишлаган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар кенгашининг 1967 йил 30 ноябрдаги 616 қарори билан Хива шаҳрининг қадимги қисми «Қўриқхона» деб эълон қилинган ва алоҳида маъмурияти бўлган. Вазирлар кенгашининг 1969 йил 21 июль 343 қарори билан Қўриқхона билан музей бирлаштирилиб, Хива «Ичан қалъа» давлат тарихий меъморий музей-қўриқхонаси ташкил қилинади. Бу, ўз навбатида, музейнинг келгусида катта илмий даргоҳга айлантирилиши учун замин яратади ва ходимлар зиммасига меъморий обидаларни сақлаш, таъмирлаш, янги музейлар очиш, аҳолида бўлган тарихий буюмларни тўплаш, илмий жиҳатдан ўрганиш, тарғиб қилиш ва келгуси авлодга ўз ҳолича етказиш каби масъулият юклатилади.

Музей-қўриқхона ташкил қилиниши ва ривожланишига Давлат мукофоти лауреати, халқ рассоми Абдулла Болтаев, адиб ва драматург Юнус Юсупов-Айёмий, журналистлар Мадамин Ёқубов, Анвар Исмогилов, Ю. Рўзметов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари Т.В.Середа, Собиржон Юсупов, Нурмат Шеровлар салмоқли ҳисса қўшади.

Музейнинг энг қадимги экспонатлари асосан хон саройидан олинган қурол-аслаҳалар, хон девонхонаси ҳужжатлари – ёрлиғ, вақфнома, қозихат ва ноёб қўлёзма асарлар бўлиб, ўзбек халқининг алоҳида ифтихоридир. «Ичан қалъа» давлат музей-қўриқхонасининг захирахонаси ичида қурол-аслаҳалар, археологик топилмалар, тангашунослик, эсдалик медаллари ва кўкрак нишонлари, кулолчилик ва кошинпазлик, мис ўймакорлиги, муҳрлар, ёғоч ва мармар ўймакорлиги буюмлари, заргарлик, чинни буюмлар, гиламлар, чолғу асбоблари, либослар, тўқимачилик буюмлари тўпламлари муносиб ўрин эгаллайди

1990 йил 12 декабрда Ичан қалъа ЮНЕСКОнинг маданий мерослар қўмитаси қарори билан жаҳон маданий мерослари рўйхатига киритилади. Давлатимиз томонидан музейлар фаолиятини яхшилаш, моддий-техник негизини мустаҳкамлаш, тарихий обидаларни таъмирлаш, янги замонавий музейлар ташкил қилиш ва йўлкўрсатгичлар, каталог, буклетлар нашр қилишга катта эътибор қаратилди. Бугунги кунда «Ичан қалъа» давлат музейқўриқхонаси Абу Райҳон Беруний номидаги ЎзРФА Шарқшунослик институти, Австрия Фанлар академияси Эроншунослик институти, Япониянинг Токио ва Киото университетлари музейлари ҳамда тарихчи олимлари, Санкт-Петербург шаҳридаги Россия ФАнинг Пётр Великий номидаги Антропология ва этнография (Кунсткамера) музейи, Венгриянинг ҳукумат аъзолари, олимлари билан ҳамкорликда «Вамбери изидан» лойиҳасида ҳамкорлик ишларини олиб бормоқда.

Бир аср бўлдики, Хива музейи ўлка табиати ва тарихининг ноёб буюмларини тўплаб, уларни авайлаб-асраш, жаҳоннинг турли бурчакларидан келаётган сайёҳларга намойиш қилиш, келгуси авлодга етказишдек масъулиятли ишни шараф билан бажариб келмоқда. «Ичан қалъа» музей-қўриқхонаси тарихи ва унинг хазинасида сақланаётган халқ амалий санъати намуналари жамланган альбом-каталог эса, шубҳасиз, ўзбек халқининг шуҳратини абадийлаштирган заҳматкаш устозларнинг қўли, ақли ва қобилияти билан бунёд этилган маданий бойлигимизни кенг жамоатчиликка етказишда хизмат қилади.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Бобожонов Д. Маърифатпарвар Феруз. Хуршид Даврон кутубхонаси интернет сайти, 29.07.2017

2. Жалилов О. Қўрғошин тахта. «Фан ва турмуш» журнали. 10/1986, б. 31.

3. Искандаров Р. Музейшаҳар. «Хива тонги» газетаси. 18.05. 1998.

4. Мухаммаджонова Г. Краткий паспорт музея. Хива, 1984, с. 5.

5. Худойберганов Ш. Нақшу нуқро шаҳри бу. «Иқтисодиёт таянчи» газетаси. 16.05. 2006.

6. Қурязова Д. Ўзбекистон музейлари ва уларнинг мустақиллик давридаги фаолияти. Тарих фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун диссертация. Т.: 2009, б. 17