Аннотация: Маҳмуд Қошғарий туркшунос, тарихчи олим бўлиб, у туркий халқлар тарихи ҳақида маълумот берадиган ўлмас асар “Девону луғатит турк”ни ХI асрда ёзиб, авлодларга мерос қолдирган. Асар ҳозирги туркий халқлар тарихини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади. ХI асрда туркийлар яшаган ҳудудлар, уларнинг машғулоти, ҳарбий қудрати юксалган давр эди. айнан бу даврда ҳукмронлик қилган Қорахонийлар сулоласи тарихига оид бўлган маълумотлар кам бўлиб, борлари ҳам Ғазнавийлар сулоласи ёки кейинги даврда ёзилган манбалардан иборат бўлган. “Девону луғатит турк” асари эса қорахонийлар сулоласи даврида ёзилган бўлиб, муаллиф ўзи гувоҳ бўлган воқеаларни баён қилади. Бу эса асарнинг қийматини янада оширади. Унда келтирилган иборалар, урф-одатлар айни вақтда барча туркий халқлар ҳаётида учрайди. Бу эса асарни туркий халқларнинг ягона илдиз, умумий тарихга эга эканлигидан далолат беради.

 

Калит сўзлар: Маҳмуд Қошғарий, “Девону луғотит турк”, туркий халқлар, қорахонийлар, дунё харитаси, Абу Бакр ад-Дамашқий, Диёрбакир.

 

Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғотит турк» асаридан бошқа яна бир асари «Жавоҳирун-наҳв фи луғотит турк» («Туркий тилларнинг наҳв (синтаксис) дурдоналари, қоидалари») ёзилган бўлиб, лекин бу кунгача етиб келмаган1. Маҳмуд Қошғарийнинг ҳаёти ҳақида маълумотлар кам бўлиб, унинг шахси ҳақида асарида келтирилган маълумотларга таянамиз. Унинг ижтимоий келиб чиқиши ўша вақтларда Туркистон минтақасида ҳукмронлик қилаётган Қорахонийлар сулоласига бориб тақалади. Бобоси Ҳусайн, отаси Муҳаммад бўлиб Қорахонийлар даврида Барсған шаҳрида ҳокимлик қилишган2. Маҳмуд ҳам Барсғанда туғилган бўлиши мумкин3. Кейинчалик йирик маданий марказлардан бири бўлган Қошғарга кўчиб келишган. Унинг туғилган вақти ҳам аниқ эмас. Лекин 1072–1074-йилларда асар ёзилган вақтда унинг ёши 60 ёшдан ошганлигини тахмин қилиб, у 1008–1009-йилларда туғилган деган қарашларни бир гуруҳ олимлар таъкидлайдилар4. Асарда берилган ахборотлар, билдирилган фикрларга таяниб, унинг ёши ўша замонда тахминан олтмиш ва олтмиш беш ёшлар атрофида бўлиши эҳтимолига урғу беришади. Шуниси аниқки, муаллиф ХI асрда яшаган ва айнан ўша асрда вафот этган.

Маҳмуд Қошғарийни дунёга машҳур қилган «Девону луғотит турк» қайерда ёзилгани тўғрисида айрим фикрлар бор. Бир гуруҳ тадқиқотчилар бу асарни Бағдодда ёзилган деса5 бошқа олимлар эса бу асарни ёзиш учун йиллар вақт кетади. Асар ёзилишини Қошғарда бошланиб Бағдодда тугалланганини таъкидлашади6. Мана шу иккинчи қараш ҳақиқатга яқинроқдир. Бу асар шу қадар катта ҳажмли, чуқур мазмунли ва қимматбаҳо асарки, унинг икки – уч йил ичида ёзилган бўлиши эҳтимолдан узоқ. Манба Бағдод шаҳрида эмас, балки Туркистонда ёзила бошлаган бўлиши керак. Гап шундаки, «Девон» камида бир неча ўн йиллар мобайнида тайёрланиб, шундан кейингина ёзила бошлаган. Уни ёзиш учун Маҳмуд жуда узоқ вақт тадқиқот олиб борган.

Муаллиф бу ҳақида асарида шундай деган: «Мен турклар, туркманлар, ўғузлар, чигиллар, яғмолар, қирғизларнинг шаҳарларини, қишлоқ ва яйловларини кўп йиллар кезиб чиқдим, луғатларини тўпладим, турли хил сўз хусусиятларини ўрганиб, аниқлаб чиқдим. «Мен бу ишларни тил билмаганим учун эмас, балки бу тиллардаги ҳар бир кичик фарқларни ҳам аниқлаш учун қилдим... Уларга шунча диққат қилдимки, турклар, туркманлар, ўғузлар, чигиллар, яғмолар ва қирғиз қабилаларининг тиллари бутунлай дилимга жо бўлди. Уларни ҳар томонлама пухта, бир асосда тартибга солдим»7.

Маҳмуд Қошғарий 1072 йилда «Девон»га доир барча материалларни тўплаб, жам қилиб, умумлаштирган, бутун вақтини шунга сарфлаган, асарни 1074 йилда ёзиб тугатган, бир неча бор таҳрир қилиб, сўнгра 1077 йилда Халифа Муқтога8 тақдим этган9.

«Девону луғотит турк», номидан ва араб тили қонун-қоидаларига кўра тартибга солинганидан ҳам тушунилиши мумкинки, аслида арабларга турк тилини ўргатиш учун ёзилган асардир10. Бироқ унинг ёзилишини шундай биргина сабабга боғлаш тўғри эмас. Чунки Маҳмуд Қошғарий бу вазифани бажарар экан, туркий тил ва араб тилини қиёслаш, тўғрироғи, тадқиқ қилиш билан бирга турк тили ва маданияти ҳақида ҳам кенг ва кўп қиррали маълумотлар берган. Шу тариқа у турк ва турк маданиятининг ўша даврдаги дунёдаги туркийларнинг ўрнини кўрсатишга ҳаракат қилган. Бу фикрга бироз ойдинлик киритиш учун аввало ўша даврдаги турк дунёси билан ислом ва араб дунёси ўртасидаги ўзаро алоқаларга назар ташлаш мақсадга мувофиқ бўлади.

ХI аср Турк дунёси Хитой чегараларидан Византия чегараларигача чўзилган кенгликда эди. Осиёнинг у бурчагидан бу бурчагигача бўлган ҳудудларни қамраб олган. Маҳмуд Қошғарий бу ҳақида шундай дейди: Худо давлат қуёшини турклар бурчида яратди. Фалакни ҳам шулар мулкига мослаб айлантирди. Уларни турк деб атади, мулкка эга қилди, уларни замонамизнинг хоқонлари қилиб кўтарди. Замон аҳлининг ихтиёр жиловини шулар қўлига топширди. Халққа бош қилди, буларни тўғри йўлга юришга қодир қилдилар. Буларга қарашли кишиларни ғолиб қилди, уларга қарашли кишилар мақсадларига етиб, бебошлар ҳалокатидан қутулди11.

Бу кенг ҳудуднинг шарқий қисми Қорахонийлар, ғарбий қисми Салжуқийлар, жанубий қисми эса Ғазнавийлар сулоласи қўлида эди. Бу сиёсий чегаралар ичида қорахоний ғазнавий ва салжуқий турклардан ташқари, турли лаҳжа ва шеваларда сўзлашувчи турли қабилалар: ўғуз, туркман, туркий, қарлуқ, яғмо, туҳси, чигил, қирғиз, қипчоқ, ўғроқ, чаруқ, сувар, булғор ва бошқалар ҳам мавжуд эди. Шундай қилиб, ХI асрнинг иккинчи ярмида турклар ҳудуди ва ҳукмронлиги бир томондан Византия чегаралари ва Аббосий халифаси истиқомат қилган Ироқнинг Бағдод шаҳригача етиб борди. Бошқа томондан, турклар буддизм ва манихейликдан воз кечиб, ислом динини қабул қилганликлари сабабли, энди улар ислом цивилизацияси майдонига кириб келди. Қолаверса, ана шу янги цивилизация туфайли фан ва маданият тили сифатида араб тили ҳам Туркис-
тонда ҳукмронлик учун кураш олиб борди. Туркистон вилоятлари, Бухоро, Самарқанд, Қошғар каби турк шаҳарлари ислом маданиятининг муҳим марказларига айланди. Турк мамлакатларида туркий ваъзлардан ташқари араб ва форс тилларида ҳам асарлар ёзилган. Шу даражага етдики, турк маданияти ва ислом маданияти, турк тили ва араб тили бир-бирини енгиш учун кураш олиб борди. Маҳмуд Қошғарий ҳам турк ва араб тилини пойгадаги бир аравага қўшилган икки тулпор деб таърифлайди12. Бу жиҳатдан ислом-араб дунёси туркларни билиш ва уларнинг тилини ўрганиш зарурлигини ҳис қилди.

Бу ерда Маҳмуд Қошғарий бу талабни қондириш учун арабларга турк тилини ўргатмоқчи бўлса, бошқа томондан турк тили араб билан тенглигини исботламоқчи эди. Бу ишни бажара туриб, турк маданиятининг бебаҳо хазинасини очиб берди. Бутун ислом оламида араб тили маданият тили сифатида ҳукмрон бўлган даврда Бағдодда ўз асарини ёзиб тугатгандан сўнг ўша давр халифаси Абул Қосим Абдуллоҳ Муқтога ўз асарини тақдим этар экан: «Уларнинг [туркларнинг] ўқларидан сақланмоқ учун уларнинг хатти-ҳаракатларини маҳкам тутмоқ ҳар бир ақлли кишига лойиқ ва. муносибдир. Буларга яқин бўлиш учун энг асосий йўл уларнинг тилларида сўзлашишдир, чунки улар бу тилда сўзлашувчиларга яхши қулоқ соладилар, ўзларини яқин тутадилар, уларга зарар бермайдилар. Ҳатто улар ўз паноҳида турган бошқаларнинг гуноҳини ҳам кечиб юборадилар13.

«Девону луғотит турк»да келтирилган маълумотларга қараганда асар ёзилишига сабаблари этиб қуйидагиларни келтиришимиз мумкин;

Биринчидан, ХI аср дунё сиёсий майдонида туркий халқлар катта саҳнага чиқиб келиши, 1055 йил халифалик маркази Бағдодни эгаллаши, 1071 йил Малазгирт жангида Византия устидан ғалаба қозониши уларнинг қандай куч эканлигини кўрсатди. Бундан ташқари кўплаб ҳукмдорлар туркларнинг жанговар салоҳиятидан ўз ҳокимиятини бошқаришда ҳам фойдаланганлар. Араб халифалиги қўшини қўмондонлари, ноиблари ҳам туркийлардан бўлган. Баъзида бу лашкарбошилар мустақил давлатларга ҳам асос солган. Мисрдаги Аббосийлар ноиби бўлган, кейинчалик алоҳида давлатга асос солган тўлунийлар, Сурия ва Мисрда ҳукмронлик қилган ихшидийлар сулоласи асосчиси Муҳаммад ибн Туғж, Салибчиларни Қуддусдан қувиб чиқарган айюбийлар сулоласининг асосчиси Айюбий Хазбоний, Миср мамлуклари, шимолий-ғарбий Эронда ҳукмронлик қилган мусофирийлар каби сулолалар ҳам туркий халқлардан келиб чиққан14. Шу сабабдан яқин шарқда яшаётган халқларда ўзлари устидан ҳукмронлик қилаётган туркийларни яхши тушуниш, яқинлашиш, яхши муносабатлар ўрнатиш учун уларнинг тили, маданиятини ўрганишни тақозо этган. Шуни ҳисобга олиш керакки, ХI асрда туркийлар ўзларига қарам бўлган халқларга нисбатан мустамлакачилик сиёсати олиб бормаган. Ўз маданияти, тилини зўрлик билан жорий қилмаган. Шунга қарамай одамларда турк тили ва маданиятини ўрганишга юқорида келтирилган жараён туфайли эҳтиёжи бор эди.

Иккинчидан, айрим тадқиқотчилар «Девону луғотит турк» арабларга турк тилини ўргатиш мақсадида ёзилган деган фикрни ўртага ташлайди15. Чунки асар туркча сўзларга араб тилида изоҳ берилган.

Х асрдан бошлаб мусулмон адабиётига форс тили кириб кела бошланган эди. Араб халифалиги таркибида яшаётган халқлар араб тили билан бирга форс тилида ҳам асарлар илмий тадқиқотлар олиб боришган. Туркий ҳукмдорлар саройида хизмат қилаётганлар ҳам, туркийлардан чиққан алломалар ҳам форс тилида асарлар ёза бошлаган. «Сиёсатнома» асари муаллифи Низомулмулк16, «Чор мақолаъ муаллифи Низому Арузий Самарқандий17, салжуқий султонлар хизматида бўлган бўлса, «Зайн ул-ахбор» муаллифи Гардизий18, «Тарихи Маъсудий» асари муаллифи Абуфазл Байҳақий19 ғазнавийлар саро-
йида ижод қилган. «Лубоб ул-албоб» «Жавому ул-ҳикоя» асарлари муаллифи Муҳаммад Авфий20 дастлаб қорахоний Иброҳим ибн Ҳусайн21 кейин эса Ҳиндистонга бориб Деҳлидаги туркий султонлари22 хизматида бўлган. Улар турк ҳукмдорлари ҳомийлиги остида бўлиб, асарларини форс тилида ёзган. Бундан хулоса қиладиган бўлсак, ўша вақтларда форс тили маданий жиҳатдан араб тили билан баробар бўлган.

Маҳмуд Қошғарий мана шундай муҳитда, араб ва форс тиллари маданият жиҳатдан юксалган даврда, туркий тилнинг кенг имкониятларини оламга билдирмоқчи бўлган. Асарни араб тилида ёзишига сабаб форс тили ҳудуди чегараланган бўлиб, асосан Ўрта шарқ, Туркистон ва Ҳиндистонда бу тилнинг имкониятлари катта эди. Ваҳоланки, туркийлар жуда кенг майдонни эгаллаганди. Шимолий Африкадаги султонлар ҳам ёлланма туркий аскарлардан фойдаланишган. Испанияда араблар ҳукмронлик қилиши, Ўрта ер денгизи савдо йўлида араблар фаол савдо қилиши натижасида овропаликлар, черков епископлари ва Рим папаларида улар билан мулоқат қилиш учун араб тилини ўрганишган. Европа қироллари, Византия императорлари турклар ҳақида маълумот олишда форс тилидан кўра араб тили анча қулай бўлган. Шуни англаб етган Маҳмуд Қошғарий асарини араб тилида ёзиб, туркийларни Европага танитмоқчи бўлган. Муаллиф шу тариқа асарини кенг ҳудудларда яшайдиган халқларга етказмоқчи бўлган.

Муаллиф асарини узоқ ҳудудларда яшайдиган халқлар учун етказмоқчи бўлган, лекин ўзи ҳам шу ҳудудлар Византия империяси, Европа ва Узоқ шарқ ҳақида маълумотларга эга бўлганми? Ушбу саволга жавоб топиш учун биз унинг асарида келтирилган маълумотларга қараймиз? Манбада кўплаб географик маълумотлар берилган. Унда биз Европа ҳақида айрим хабарларни кўришимиз мумкин. Мисол учун асарда берилган харитада Каспий денгизининг ғарбий ва шимолий томонларида, Сақобала деб славянларни, Варанг тарзда Болтиқ денгизи ва Скандинавия кўрсатилган. Яна алмажарлар яшайдиган ҳудуд ҳақида ҳам берилган бўлиб, буни баъзи тарихчилар венгерлар деб ҳисоблайди23. Чунки венгерлар ўзларини можорлар деб атаган. Хаританинг энг шимолидаги «совуқ ғалаба қилганидан одам яшамайди» деб ёзилган жой Европанинг шимоли ва Арктика қисмидир24. Харитада келтирилган ҳудудлар ҳозирги вақтда ҳам тўғри келади. Бу шундан далолат берадики, Маҳмуд Қошғарий олис Европа ҳақида тасаввурга эга бўлган. У бу ҳақидаги маълумотларни қайердан олганлиги номаълум.

«Девону луғотит турк»нинг бугунги кунгача сақланиб қолган ягона қўлёзма нусхаси Истанбулдаги Фотиҳдаги Турк қўлёзмалари муассасасига қарашли Миллат қўлёзма кутубхонасида, Али Амирий афанди бўлимида, 4189 рақамли фондда сақланади. Муаллиф ҳаёти ва асарнинг бошқа нусхалари борлиги ҳақида далиллар етарли эмас. Бироқ ХV асрда Мисрда яшаб ўтган Абу Муҳаммад Бадриддин Айний25нинг «Уқд ул-жамон фи тарихи аҳли уз-замон26» ва ХVII асрда Усмонлилар салтанатида ижод қилган Котиб Чалабий27нинг «Кашф уз-зунун»28 номли асарларида Маҳмуд Қошғарий ва унинг асари ҳақида айрим маълумотлар учрайди.

Бадриддин Айний «Девон»да келтирилган ўғуз қабилалари, турк шевалари каби маълумотлардан ўзининг асарини ёзишда фойдаланган29.

Котиб Чалабий томонидан 1650 йилда ёзилган «Каш уз-зунун» асарида эса муаллифнининг исми, асар тақдим этилган халифа, туркий талаффузларни ифодалашда араб алифбосининг имкониятлари каби маълумотлар берилган30. Ҳар икки тарихчи ҳам «Девон»нинг турли нусхаларидан фойдаланишган.

Бизгача етиб келган ягона нусхасини 1266 йилда Дамашқда Абу Бакр ад-Дамашқий кўчирган. Бошқа нусхалари аниқланмаган. «Девону луғотит турк»нинг бу ягона нусхаси 23,9х16,5 см ўлчамда қалин қоғоз бўлиб, сарғиш рангда, 319 варақдан иборат. Ҳар бир саҳифа ичидаги матн 17,5х11,5 ўлчамда бўлиб, 17 қатордан ташкил топган. Саҳифаларнинг баъзи бир жойларида турли хил ёзувлар бор. Бу эса асарни бошқа хаттотлар ҳам ишлаганидан далолат беради.

Намлик таъсирида саҳифаларнинг айрим жойлари емирилганлиги натижасида баъзи қисмларини ўқиб бўлмайдиган ҳолга келиб қолган, айрим саҳифалар эскирган, лекин ёзув одатда яхши сақланиб қолган. Асар Туркиянинг Диёрбакир ҳудудидан топилганидан сўнг усти қора тери билан қопланган.

«Девону луғотит турк» матнда уч хил; қора, қизил ва жигарранг сиёҳ мавжуд. Нусхани кўчирган хаттот қора ва қизил сиёҳдан фойдаланган. Жигарранг сиёҳни кўчирувчининг ёрдамчиларидан бири ишлатган бўлса керак. Чунки унинг ёзув услуби қора ва қизил рангда берилган матндан фарқ қилади.

Китобнинг илк саҳифасининг тепа қисмида асарнинг номи «Китоб девону луғотит турк» (کتاب دیوان لغات الترک) ундан сўнг муаллифнинг исми Маҳмуд ибн Ҳусайн ибн Муҳаммад Қош-
ғарий (محمود بن الحسین بن محمد الکاشغری) берилган31.

Асар тузилиши ҳақида муаллиф асарнинг бошида бериб ўтган. Асар махсус алифбо тартибида, ҳикматли сўзлар, қофияли тарзда, мақоллар, қўшиқлар, шеърлар билан мисоллар келтирилганини таъкидлайди.

Муаллиф асар фойдаланишда қулай бўлиши, керакли сўзларни осонлик билан топиш учун бир неча йил ишлаганини ёзади ва асарни 8 қисмга бўлади. Ҳар бўлимни отлар (исмлар) ва феъллар тарзида икки қисмга ажратиб отларни олдин, феълларни эса отлардан кейин қўйган. Тушунилиши осон бўлиши учун араб олими Ҳалил ибн Аҳмаднинг «Китоб ул-айн» номли асаридан фойдаланган32.

Биринчи қисм ҳамзали сўзлар билан бошланадиган бўлиб, булар алиф (ا), вов (و), ва ёй (ی) билан бошланадиган сўзлардир.

Иккинчи қисм солим бўлими бўлиб, унда алиф (ا), вов (و), ва ёй (ی) ҳеч қайси бири ишлатилмаган сўзлардан иборат.

Учинчи қисм эса Музоф деб номланиб, унда бир ҳарф икки марта такрорланади.

Тўртинчи бўлим Мисол деб аталиб, унда алиф (ا), вов (و), ва ёй (ی) ҳарфларидан бири сўзнинг бошида, ўртасида ёки охирида ишлатиладиган сўзлардир.

Бешинчи қисм эса уч ҳарфдан иборат бўлган сўзлар, яъни араб тилида мавжуд бўлган учта ундош товушдан иборат сўзлар.

Олтинчи қисм тўрт ҳарфдан иборат бўлган сўзлар, яъни араб тилида мавжуд бўлган тўртта ундош товушдан иборат сўзлар.

Еттинчи қисм ғунналилар бўлими деб унда бурун товушлари иштирок этган сўзлар ташкил қилади.

Саккизинчи қисм эса икки ундош қатор келган сўзлардир.

Муаллиф, шунингдек, ҳозирда фойдаланмайдиган туркийча сўзларни қўшмай мулоқотда бўлган атамаларни киритган.

Юқорида берилган изоҳларга қараганда, бу асар ўз давриниг қиймати йўқ асар бўлиб ХI асрда сиёсий, ижтимоий ва маданий ҳаётда туркларнинг ўрнини кўрсатади.

Хулоса. Асар бир жойда ёзилмаган бўлиб, у узоқ йиллар давомида турли жойларда ёзилган ва, Бағдод шаҳрида ниҳоясия етган. Маҳмуд Қошғарий «Девону луғотит турк»ни ёзиш сабаби, биринчидан юқорида айтиб ўтганимизда туркийлар Евроосиё минтақасида сиёсий куч сифатида майдонга келиши уларни ўрганишни тақозо этган. Бундан ташқари юқорида берилган маълумотлардан тушиниладики, яқин шарқ юқори қатлам вакилларида турклар билан алоқа қилишда турк тилини ўрганиш зарурати юзага келган. Аббосий халифалар туркийлар ҳақида кўп нарса биладиган Маҳмуд Қошғарийдан улар ҳақида маълумот берувчи китоб ёзишни сўраган. Маҳмуд 10-15 йиллар давомида ўзи тўплаган маълумотларидан жамлаб бу асар устидан салкам 4-5 йил давомида ишлаган ва 1077 йилда тугаллаган.

Шу билан бирга араб тилида ёзилиш сабаблари асарнинг кенг ҳудудларда яшаётган халқларга етказиш бўлган. Чунки араб цивилизацияси натижасида Европадаги Испаниядан тортиб узоқ шарққача бўган ҳудудлар араб тилини билган ва ижод қилган. Асар арабларга турк тилини ўргатишни ҳам мақсад қилинган. Чунки унда туркийча сўзларни араб тили грамматикаси асосида кетма-кетликда берилган.

Кўриб ўтилганидек, Маҳмуд Қошғарийнинг шоҳ асари бўйича ўнлаб илмий тадқиқотлар олиб борилган, у кўплаб тилларга таржима қилинган. Уларнинг илмий савияси қандай бўлганидан қатъи назар, бир нарса аён ва ўзгармасидир: «Девону луғатит турк» барча туркий халқларнинг илдизи қадим ва бир эканидан далолат беради.