Annotation: This article provides information about the activities of the National Archives of the Republic of Uzbekistan, the large-scale work carried out in them today, the development of archival work and achievements, improving the quality of service for researchers, a description of documents stored in the National Archives and their significance, as well as the study of the history of our State in the archives documents and reflection of important information in the coverage of information, the activities of rulers, kushbegs, judges and other officials who lived in our country in the past and the work they did, various decrees and labels of rulers, documents on gifted property, information was provided on the issues of embassy relations of the khanate and the emirate with foreign countries, international recognition of particularly valuable and unique archival documents stored in the National Archives and inclusion in the «Memory of the World» program.

 

Key words: National archives, national archival fund, archival document, storage unit, particularly valuable and unique archival document, researcher, history of statehood, ruler, kushbegs, ghazis, khanate and emirate, founding document, label, use of documents, World Memory.

 

Аннотация: Мазкур мақолада Ўзбекистон Республикасида Миллий архивлар фаолияти, бугунги кунда уларда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, архив ишини ривожлантириш ва эришилаётган ютуқлар, тадқиқотчиларга хизматлар кўрсатиш сифатини яхшилаш, Миллий архивларда сақланаётган ҳужжатлар тавсифи ва уларнинг аҳамияти, архив ҳужжатларида Давлатчилигимиз тарихини ўрганиш ва ёритишда муҳим аҳамият касб этадиган маълумотларнинг акс этиши, Юртимизда ўтмишда яшаб ўтган ҳукмдор, қушбеги, қози ва бошқа мансабдорларнинг фаолияти ҳамда уларнинг амалга оширган ишлари, ҳукмдорларнинг турли фармон ва ёрлиқлари, вақф қилинган мол-мулк бўйича ҳужжатлар, хонлик ва амирликнинг хорижий мамлакатлар билан олиб борган элчилик алоқалари, Миллий архивлар сақловидаги алоҳида қимматли ва ноёб архив ҳужжатларини халқаро эътироф этилиши ҳамда «Жаҳон хотираси» дастурига киртилиши масалалари бўйича маълумотлар берилган.

 

Калит сўзлар: Миллий архивлар, миллий архив фонди, архив ҳужжати, сақлов бирлиги, алоҳида қимматли ва ноёб архив ҳужжати, тадқиқотчи, Давлатчилик тарихи, ҳукмдор, қушбеги, қози, хонлик ва амирлик, вақф ҳужжати, ёрлиқ, ҳужжатлардан фойдаланиш, Жаҳон хотираси.

 

Аннотация: В данной статье представлена информация о деятельности Национальных архивов Республики Узбекистан, широкомасштабная работа, проводимая в них сегодня, развитие архивного дела и достижения, повышение качества обслуживания исследователей, описание документов, хранящихся в Национальном архиве и их значение, а также изучение истории нашей государственности в архивных документах и отражение важных в освещении сведений, деятельности правителей, кушбегов, судей и других должностных лиц, проживавших в нашей стране в прошлом и проделанную ими работу, различные указы и ярлыки правителей, документы о дарственном имуществе, даны сведения по вопросам посольских связей ханства и эмирата с зарубежными странами, международное признание особо ценных и уникальных архивных документов, хранящихся в Национальном архиве и включение в программу «Память Мира».

Ключевые слова: Национальные архивы, национальный архивный фонд, архивный документ, единица хранения, особо ценный и уникальный архивный документ, исследователь, история государственности, правитель, кушбеги, газы, ханство и эмират, учредительный документ, этикетка, использование документов, Всемирная память.

 

Давлатчилик тарихимизни ўрганмай, билмай туриб, янгича яшаш, ҳаёт тарзимизни ўзгартириш, замонга ҳамнафас ва буюк аждодларимизга мос авлодни тарбиялашимиз мушкул масаладир. Шу боисдан, бугунги кунда Архивга ва ундаги сақланаётган давлатчилик тарихимизни ўзида акс этган архив ҳужжатларига эътибор йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ушбу қимматли архив ҳужжатларини кўз қорачиғидек асраш, келгуси авлодларга уларни бекаму кўст етказиш бўйича соҳада кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.

Мустақиллик йилларида архивга эътибор тубдан ўзгариб, янги бинолар ва сақловхоналар қурилди ҳамда улар малакали мутахассислар билан таъминлаб борилди. Архивларда ҳужжатларни сақлашнинг ва улардан фойдаланишнинг янги усуллари, жумладан, электрон вариантларини қўллаш учун ҳам қатор амалий ишлар қилинди. Ўтган давр мобайнида архив иши ва иш юритиш соҳасида зарур инфратузилма яратилди, архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишда ижобий натижаларга эришилди ҳамда муайян интеллектуал ва технологик салоҳият шакллантирилди. Миллий архив фонди Ўзбекистон халқининг моддий ва маънавий ҳаётини акс эттирган, тарихий, илмий ва маданий аҳамиятга эга бўлган архив ҳужжатлари билан бойитилди.

Республика архивларини бошқарув органи – «Ўзархив» агентлиги тизимида фаолият юритиб келган 3 та Марказий давлат архивлари бугунги кунда Ўзбекистон миллий архивларига айлантирилди (20.09.2019 йил, ПФ-5834-сон Фармон) ҳамда уларнинг иш фаолияти янада такомиллаштирилди.

1990 йилларда республикадаги давлат архивларида ҳужжатларнинг умумий сони 5,4 миллион сақлов бирлигида бўлган бўлса, ҳозирда давлат архивларида жами 16 миллиондан зиёд, шундан 9 миллиондан ортиқ сақлов бирлигида миллий архив фонди ҳужжатлари сақланади. Ушбу ҳужжатларнинг турига кўра: 12 миллиондан ортиқ қоғоз асосидаги, 21 мингдан зиёд киноҳужжатлар, 380 мингдан ортиқ сурат ҳужжатлар ва 16 мингдан зиёд овозли ҳужжатлар ташкил этади.

Сақланаётган тарихий ҳужжатлар орасидан «Вақф ҳужжатлари коллекцияси» (IX асрдан – ХХ аср бошигача – 1394 та), «Хива хонлари канцелярияси ҳужжатлари» (XVII аср бошидан – ХХ аср бошигача), «Бухоро амирлиги ҳужжатлари» (XIV аср бошидан – ХХ аср бошигача), «Қўқон хонлиги» (XVIII аср бошидан – XIX аср охиригача) архив ҳужжатлари алоҳида қимматли ҳужжатлар сирасига киради. Хусусан, вақф ҳужжатлари коллекциясидаги (1394 та) архив ҳужжатлари ҳатто шакли нуқтаи назаридан ҳам алоҳида аҳамият касб этади ва уларнинг узунлиги 20 сантиметрдан 82 метргача ўлчовни ташкил этади.

Марказий Осиёда ягона бўлган ва ноёб ҳужжатлар сақланиб келинаётган Ўзбекис-
тон Миллий архиви – ўтмиш тарихимизни ўзида акс этган қимматли манбаларини ўзида мужассам этибгина қолмай, балки ҳозирда уни кенг оммага ёритилишида ҳам катта аҳамият касб этиб бормоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон Миллий архивида 4 мингдан зиёд фондлар сақланиб, уларни 200 дан ортиғини фуқароларнинг шахсий фондлари ташкил этади. Умумий ҳисобда архивда 2 миллионга яқин сақлов бирлигида ҳужжатлар сақланиб, улардан 500 мингга яқин сақлов бирлигидаги ҳужжатлар алоҳида қимматли ҳисобланади. Мазкур ҳужжатларда Ўзбекистон тарихининг турли даврларига оид масалалар ёритилган бўлиб, уларнинг орасида ўта қимматли аҳамиятга эга бўлган вақф ҳужжатлари ҳам мавжуд. Ушбу вақф ҳужжатларида қайд этилган маълумотларнинг энг қадимийси IX асрга оиддир.

Ўзбекистон Миллий архивида сақланаётган ноёб ҳужжатлар сарасидан «Хива хони девонхонаси» ҳужжатлари архив фонди 2017 йилда ЮНЕСКО халқаро ташкилотининг «Жаҳон хотираси» дастурига киритилди. Ушбу Дастур1 доирасида дунёда ноёб ҳужжатли меросга эга бўлган архивларни аниқлаш ва махсус рўйхатга киритиш амалиёти жорий қилинган. Мазкур рўйхатга Ўзбекистон Миллий архивининг қимматли ҳужжатларини ҳам киритилишига муваффақ бўлинди.

«Хива хони девонхонаси» архив фонди Ўзбекистон Миллий архиви сақловига дастлаб 1948 йилда қабул қилинган. Ушбу фонд таркибидаги ҳужжатлар 1874–1917 йилларни ўз ичига қамраб олган. 1936 йилда шарқшунос П.Иванов Ленинград (ҳозирда Санкт-Петербург)даги М.Е.Салтиков-Шчедрин номидаги Давлат оммавий кутубхонасида (аввалги Россия императори кутубхонаси) Хива хонлари архивини тасодифан топиб олган2. 1962 йилда Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивига М.Е.Салтиков-Шчедрин номидаги Давлат оммавий кутубхонасидан (собиқ Император оммавий кутубхонаси, ҳозирда Россия Миллий кутубхонаси) Хива хонлари архив ҳужжатлари қайтариб берилган. Архив фонди таркибида жами
1268 та йиғмажилд сақланиб, уларнинг даврий чегараси XVII асрдан – 1920 йилга қадар даврни қамраб олади.

«Хива хони девонхонаси» архив фондида Хива хони Абулғозий Муҳаммад Аминхоннинг (1858 йил) мансабга тайинлаш ҳақидаги ёрлиғи, шунингдек, хонликда фуқароларни рўйхатга олиш ва қайд этиш дафтари каби ҳужжатлар ўрин олган. (1-расм)

Шунингдек, мазкур фонддаги ҳужжатлар орасида хонлик ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик, ўзаро ҳамкорлик ҳамда элчилик алоқалари акс этган архив ҳужжатлари алоҳида аҳамият касб этади. Жумладан, Хива хонлиги билан Англия ўртасида элчилар алмашинуви, дўстлик муносабатида юборилган қимматбаҳо совғалар (21 дона қимматбаҳо ашёлар) номлари қайд этилган ноёб ҳужжатлар мавжуд. (2-расм)

Шундай тарихий аҳамиятга эга бўлган «Хива хонлиги девонхонаси архив ҳужжатлари» фонди 2017 йилнинг 24-27 октябрь кунлари ЮНЕСКОнинг «Жаҳон хотираси» дастури халқаро рўйхатига киритилиб, 30 октябрь куни халқаро миқёсдаги сертификат топширилди.

2023 йил 10-24 май кунлари Париж шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Ижроия кенгашининг 216-йиғилишида, Ўзбекистон Миллий архивида сақланаётган «Бухоро амири қўшбегиси маҳкамаси»3 деб номланган И-126-рақамли архив фонди рўйхатга олинди.

Бугунги кунда мазкур фондда жами 9441 та йиғмажилд бўлиб, 2 та архив рўйхатига киритилган. Ҳужжатларнинг даврий чегараси 1718–1920 йилларни ўз ичига қамраб олади. Уларнинг ичида Бухоро амирлигининг ташқи сиёсати, коммуникация ва логистика, ҳарбий иш, паспорт тизими, фуқароларни ҳуқуқларини муҳофаза қилиш масалалари, маъмурий-ҳудудий тузилиши, соғлиқни сақлаш, тиббиёт ва санъатга оид ҳужжатлар сақланади.

Бухоро амирлиги Қушбегиси девонхонаси турли номлар билан юритилган. Ёзма манбаларга кўра, 1930 йилларда Бухоро Аркидан топилган ҳужжатлар тўплами тарихчилар орасида «Қушбеги архиви» деб аталган. Лекин 1942 йилда Тошкентга келтирилгач, «Бухоро амири Абдулаҳадхон қушбеги», кейин «Бухоро амирлиги қушбегиси», 1956 йилдан бошлаб эса «Бухоро амирлиги қушбегиси девонхонаси» деб атала бошланган. 1938 йилда Бухоро амирлиги қушбеги девонхонаси архивининг бир қисм ҳужжатлари Қори Аҳмад Муҳаммедов ва Иброҳим Халиловлар томонидан тузилган рўйхатлар билан Тошкентдаги архивга юборилади, қолган қисми Бухоро ўлкашунослик ва тарих музейида сақловда қолади.

Ўзбекистон Миллий архивида сақланаётган «Бухоро амирлиги қушбеги девонхонаси» архив фонди ҳужжатлари тўплами Ўрта Осиё ҳукмдорларининг осиё тилларида (араб, форс, чиғатой, рус ва туркий) тўпланган ҳужжатли мероси сақланадиган йирик архивлардан бири ҳисобланади. Ушбу архив ҳужжатлари тўплами Ўрта Осиё халқларининг ўзига хос мероси бўлиб, мусулмон Шарқига оид сақланиб қолинган энг катта ҳужжатлар тўплами ҳисобланади.

Мазкур ҳужжатларга назар солар эканмиз, қимматли ҳужжатлар орасида XVIII–XX аср бошларида ҳукмронлик қилган Бухоронинг хон ва амирлари Убайдуллахон, Абулфайзхон ва Муҳаммад Раҳимхоннинг ёрлиқ ва фармонлари акс этган ҳужжатларни ҳам кўришимиз мумкин. (3-расм)

Барча ҳужжатлар асл ва ҳақиқийдир. Ҳужжатларнинг аксарияти Бухоро амирлари (амир Музаффар, Абдулаҳад ва охирги амир Олимхон), шунингдек, махсус ваколатли амалдорлар (қози, шайхул-ислом, муфтийлар, беклар, қоровуллар, муҳрлар билан тасдиқланган) томонидан имзоланган.

Шундай қимматли манба сифатида XVIII–XX аср бошларида ҳукмронлик қилган Бухоро амирларининг унвонлари акс эттирилган мавжуд ҳужжатлар ҳам алоҳида аҳамият касб этиб, ушбу унвонлар уларнинг фаолияти давомида олиб борган сиёсати ва эришган ютуқларини ўзида акс этади. (4-расм)

Шунингдек, Шарқ хатжилдлари (лифофа), яъни Бухоро амирлиги мансабдор шахсларининг вилоят ҳокимларига юборган ёзишмалари хатжилдларидан намуналар келтирилганки, ўша вақтда ҳудудларга вазифаларни юбориш ва бу бўйича амалга оширилган ишларни билиб боришда муҳим саналган. Хатжилд устида қабул қилувчининг номи ва ушбу номани жўнатувчининг шахсий муҳри босилган. Бундан маълумки, амирлик топшириқлари ишончли тарзда жойлардаги бошқарув вакилларига алоҳида тартибда етказилган.

Алоҳида қимматли ҳужжатлар ичида Саййид Амир Олим Муҳаммад Баходирхоннинг 1912 йил Бухоро шаҳри Болои Хавз регистони учун қилган вақф ҳужжати ҳам ўзига хос маълумотларни акс этган. (5-расм)

Шу билан бирга, Бухоро амири Саййид Олимхоннинг Самарқанд вилояти бошқармаси маслаҳатчиси В.Л.Вяткинга Самарқандаги Мирзо Улуғбек расадхонасини қайта топиб реставрация қилганлиги муносабати билан «Саййид Амир Олим Мухаммад Баҳодирхоннинг 2-даражали олтин нишони» билан тақдирлаш тўғрисидаги 1913 йил 44-сон фармони алоҳида аҳамиятлидир.

XVIII аср бошидан ХХ аср бошларигача бўлган даврдаги Бухоро амирлиги тарихини, маданият ва савдо-сотиқни, шунингдек, хорижий давлатлар билан алоқаларни, Марказий Осиё билан хорижий давлатлар ва унга алоқадор минтақавий жараёнларни ўрганишда ушбу архив ҳужжатлари муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур ҳужжатларда Тожикистон, Ҳиндистон, қисман Афғонистон ҳудудида содир бўлган тарихий воқеалар акс эттирилган. Шунингдек, уларда Бухоро амирлигининг Россия, Англия, Туркия, Ҳиндистон, Эрон, Афғонистон, Япония, Америка, Хива ва Қўқон хонликлари билан боғлиқ минтақавий жараёнлар ва дипломатик алоқалари ҳақида батафсил маълумотлар келтирилган.

Архив ҳужжатларида Бухоро амирларининг манғитлар сулоласи ва амирликда хизмат қилган амалдорлар ҳақида ҳам маълумотлар бор. Ушбу ҳужжатлар асосида генеалогик (шажаравий) тадқиқотлар олиб бориш мумкин. Шунингдек, ҳужжатларда Бухоро амирлигидаги сиёсий-ижтимоий тараққиёт, аҳоли ҳаётига таъсир кўрсатган давлат бошқаруви тизими, иқтисодий шароитларнинг ривожланиши, жамият тараққиётининг бориши, савдо-сотиқ, ирригация тизими ва бошқалар ўз аксини топган.

Архив ҳужжатлари матни амирлар, вазирлар ва бошқа мансабдор шахсларнинг ваколатларини акс эттирувчи, уларнинг ҳақиқийлигини тасдиқловчи асл имзолар, муҳрлар, сув белгилари ва бошқа белгилар билан ажралиб туради. Мазкур ноёб ҳужжатлар Бухоро амирлигининг расмий ҳужжатлари намунаси бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон Миллий архивида сақланаётган ушбу «Бухоро Амирлигининг Қушбеги девонхонаси» И-126-фонди (1718–1920 йиллар) «Жаҳон хотираси» дастурига киритилиб, халқаро реестрга киритилган 64 та янги ҳужжатли мерос объектлари рўйхатидан ўрин эгаллади.

Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архивида сақланаётган ҳужжатлар бугунга қадар «Жаҳон хотираси» лойиҳасига номзоднома сифатида киритилмаган эди, шу боисдан архив ҳужжатларини ЮНЕСКОнинг халқаро рўйхатига киритиш мақсадида тузилган Ишчи гуруҳи томонидан мавжуд фото ҳужжатларни саралаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон миллий қўмитаси (Ўзбекис-
тон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви, Ичан қалъа музейи, Абдулла Юсупов ҳамкорлигида) саъй-ҳаракатлари билан Ўзбек киноси ва фотографиясининг асосчиси Худойберган Девонов томонидан тасвирга туширилган «Хоразм воҳаси ижтимоий-маданий ҳаётига оид фотосуратлар тўплами» ЮНЕСКОнинг «Жаҳон хотираси» рўйхатига киритилди.
(6-расм)

Худойберган Девонов 1878 йил Хива шаҳрида Нурмуҳаммад Девон (мирза) оиласида дунё келган. Худойберган 12 ёшидан бошлаб отаси билан девонхонага қатнаб, хат-чизувда унга дастёрлик қилган. Араб ва форс тилларини мукаммал ўрганиб, Шарқ адабиёти классик ижодини қунт билан мутолаа қилган. Кейинчалик рус тилини ўрганиб, фотограф ва кинооператор ижодий йўлида Москва ва Петербургга (1907 йилда) борган. Саёҳати даврида катта тажриба тўплаб, зарур асбоб-анжомлар («Патҳе Фререс» кинокамераси, граммафон, стереоскоп) олиб Хивага қайтган.

 

Х.Девонов 1908 йил Хивада Ўрта Осиёдаги биринчи фото-кинолабараторияни ташкил этиб, шу вақтдан эътиборан фото ва кино ишлари билан мунтазам шуғуллана бош-
лаган. Унинг «Халқ сайллари» деб номланган биринчи кинолавҳаси ҳам шу йилларда суратга олинган. Х.Девоновнинг «Хоразмлик аёл», «Аёл портрети», «Темур Ғози тўранинг энагаси Саодат», «Ип йигирувчилар», «Ёғ сотувчилар», «Саҳрода ерўчоқ», «Хон овчиси» каби фотосуратлари мавжуд.

Худойберган Девоновнинг ўзининг суратлари, у олган фотосуратлар жамланган альбом, ҳаёти ва фаолиятига бағишланган «Қафасдаги қалдирғоч» фильми (2 қисмли) бугунги кунда Ўзбекистон кинофотфоно ҳужжатлари миллий архивида сақланмоқда. (7-расм)

«Худойберган Девоновнинг Хоразм оазиси суратлари тўплами»да биринчи ўзбек кинотасвирчиси Худойберган Девонов томонидан ХХ асрнинг бошларидан 40-йилларига қадар Хоразм воҳаси тарихи акс эттирилган бўлиб, у мазкур даврда рўй берган жараёнларнинг нодир визуал далили ҳисобланади.

Тўпламдан жой олган фотосуратларда акс эттирилган тарихий ҳодисалар, сиёсий тузумларнинг ўзгариши, этнографик ва ижтимоий хилма-хиллик, аҳолининг турмуш-тарзи ва иқтисодий фаолиятининг ўзига хослиги, моддий, маданий ва бадиий ижод намуналари Хоразм минтақаси тарихи ҳақидаги ишончли манба ҳисобланади.

Ўзбекистон миллий қўмитаси (Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси, Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви ҳамкорлигида) саъй-
ҳаракатлари билан «Туркистон альбоми» ЮНЕСКОнинг «Жаҳон хотираси» рўйхатига киритилди. Мазкур «Туркистон альбоми»нинг асл нусхаси бугунги кунда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида сақланмоқда.

Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архивида Туркистон ўлкаси номли 1898–1900 йиллар жамланган фотоальбом сақланади. Бу фотоальбомда Туркистон ўлкаси аҳолисининг кўринишлари, ҳаёти, турмуш тарзи, шаҳар кўринишлари акс эттирган фотоҳужжатлар мавжуд. (7-расм)

«Туркистон альбоми (1871–1872 йиллар)» илмий ва тарихий аҳамиятга эга нодир фотосуратлар ва рангли тасвирларни ўзида жамлаган. 10 жилддан иборат мазкур тўпламда тарихий, археологик, этнографик ва ҳунармандчилик бўлимлари мавжуд.

Ушбу альбомда Туркистон ўлкасидаги тарихий обидалар ва қадимий ёдгорликлар, аҳоли турмуш тарзи ва кундалик ҳаёти, саноат ва ҳунармандчилик, муҳим ҳарбий-сиёсий жараёнлар ва шахслар акс эттирилган.

2024 йил 6-10 май кунлари Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Осиё ва Тинч океани минтақаси бўйича «Жаҳон хотираси» қўмитаси (MOWCAP) 10-Ялпи мажлиси доирасида Ўзбекистон тарафидан ЮНЕСКОнинг «Жаҳон хотираси» дастури Осиё ва Тинч океани минтақаси рўйхатига киритиш учун таклиф этилган икки номзоднома – «Худойберган Девоновнинг Хоразм оазиси суратлари тўплами» ва «Туркистон альбоми» бир овоздан қабул қилинди ҳамда уни тасдиқловчи махсус сертификатлар 8 май куни «Ўзархив» агентлиги раҳбариятига топширилди. (8-расм)

Бугунги кунда Ўзбекистон Миллий архиви сақловидаги «Қўқон хонлиги тарихига оид ҳужжатлар» намунасини ЮНЕСКОнинг халқаро рўйхатига киритишга тайёрлаш мақсадида, архивнинг ишчи гуруҳи (М.Исакова, Н.Мирзаев, Т.Фоменко, М.Мирзаева, М.Шорахбарова, Ш.Абдурахимова) томонидан номзоднома талаблари ўрганиб чиқилиб, унга кўра архив фондида сақланаётган Қўқон хонлигига оид И-323-рақамли фонд «Вақф ҳужжатлари коллекцияси» ҳужжатларини номзодномага киритиш устида амалий ишлар олиб борилмоқда. (9-расм)

Қўқон хонлигининг қозиларга тегишли ҳужжатлари ва материаллари орасидан аниқланган муҳри алоҳида аҳамиятли, унинг ўртасида катта қилиб, «Имоми Аъзам» деган ном ёзилган. Худди шундай атрофидаги 10 та думалоқ шакл ёзувларида ҳам ушбу «Имоми Аъзам» деган ёзув такроран қайд этилган. Мазкур ҳужжат XIX асрга оид бўлиб, хонликда қозичилик ишлари шариат қонунчилиги асосида олиб борилганлиги, унда мазҳаблар йўналиши ҳам қайд этилганлиги билан аҳамиятли бўлиб, ушбу ҳужжатлар Қўқон хонлиги тарихини ёритишда муҳим саналади.

Шунингдек, кейинги ҳужжатда Қўқон хони Саййид Муҳаммад Худоёрхоннинг 1870 йил Андижон вилоятида жойлашган Салоҳиддин Махдум мадрасасига атаб вақф қилган ер-мулки ва уни тасарруфига оид фармони акс этган. Хонлар мадраса ва хонақоҳлар фаолиятини кенг олиб борилиши учун маълум миқдордаги ер-мулкни инъом этганлар, бундай мулклар умумлашмаси кейинчалик вақф мулкини ташкил этган. 

Юқорида келтирилган алоҳида қимматли ва ноёб ҳужжатлар, нафақат қадимийлиги, балки тузилиши (узунлиги ва кенглиги), асоси (тери, калка, қоғоз, ва бошқалар), шаклланиши (нақшинкорлиги, рангли тусларда берилганлиги) билан алоҳида қизиқиш уйғотади.

Бугунги кунда республика давлат архивлари ўқувхоналарида тадқиқотчилар ишини ташкил этиш бўйича йилига 6 минг нафарга яқин Ўзбекистон фуқаролари ҳамда 50 нафардан ортиқ (Россия Федерацияси, Қирғизистон ва Қозоғистон Республикалари, Чехия, Польша, Швеция, АҚШ, Германия) хорижий мамлакатлар фуқаролари архив ҳужжатлари асосида тадқиқотчилик ишларини олиб бормоқдалар, шунингдек уларга 55 мингдан ортиқ сақлов бирлигидаги ҳужжатлар фойдаланиш учун тақдим этилмоқда.

Архив ҳужжатлари асосида тарихга назар солар эканмиз, унда мамлакатимиз тарихида бўлиб ўтган воқеа-ҳодисалар, давлатчилик тузилиши, юрт бошқарувида ҳукмдорларнинг фаолияти, турли мансаб ва лавозимлар ҳамда уларнинг вазифалари, олиб борилган ислоҳотлар, халқимиз турмуш-тарзи, урф-одатлари ҳамда миллий анъаналари, савдо-сотиқ, қўшни ва хорижий мамлакатлар билан олиб борилган халқаро алоқаларга оид қимматли маълумотларга эга бўлинади. Бунда янада аҳамиятлиси шундаки, асар, адабиёт ва манбаларда муаллиф фикри нуқтаи назаридан маълумотга эга бўлинса, архив ҳужжати асосида эса инсон хаёлий гўёки ўша даврга саёҳат қилади, тарихий даврда яратилган, битилган қайд ва ёзувларга бевосита гувоҳ бўлади.

Миллий архивларимизда бугунга қадар сақланиб келинаётган алоҳида қимматли ва ноёб архив ҳужжатлари ҳамда уларнинг аҳамияти тўғрисидаги маълумотларни «Ўзархив» агентлигининг (https://www.archive.uz/) ва Миллий архивларнинг (https://www.nauz.uz/, https://www.ntmd.uz/, https://www.kinifotofono.uz/) веб-сайтлари ҳамда Агентликнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий каналлари (фейсбукда https://www.facebook.com/uzarxiv/, телеграмда t.me/uzarchive, инстаграмда https://www.instagram.com/uzarxiv/) орқали нафақат рес-
публикамиз, балки бутун жаҳон илмий оммасига кенг ёритиб борилмоқда.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 сентабрдаги «Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5834-сон Фармони (https://lex.uz/docs/4523373).

2. Ўзбекистон архив тизими 100 ёшда (1919-2019 йй.), «Наврўз нашриёти»,
–Т.: 2019, 144-б.

3. Ўзбекистон архивлари. Ахборот китоб-альбом. «Тасвир» нашриёти, «Колорпак» босмахонаси, –Т.: 2021, 496-б.

4. Йиллик статистик ҳисоботлар ва таҳлилий маълумотлар.

5. Ўзбекистон Миллий архиви сақловидаги И-126-рақамли фонд «Бухоро амири қўшбегиси маҳкамаси» ҳамда И-323-рақамли фонд «Вақф ҳужжатлари коллекцияси» архив ҳужжатлари.

6. Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви сақловидаги «Биринчи ўзбек фото ва кино тасвирчиси – Худойберган Девонов»нинг архив фонди ҳужжатлари.

7. Исакова М.С. Архиви – хранилиша фактов истории. / Народное слово, 18 апреля, 2001 г.

8. Иванов П.П. Архив хивинских ханов. // Записки ИВ АН СССР. Том VII. – Ленинград, 1939. – С. 9.

9. Ўзбекистон тарихи манбашунослиги масалалари. Масъул муҳаррир т.ф.д., проф. Д.Х.Зияева. –Т.: 2010.

10. Жумаев У. Ўрта Осиё ва Ўзбекистонда архив иши тарихи, Ўзбекистоннинг асосий архивлари. –Т.: 2010.

11. http://en.unesco.org/programme/mow. ЮНЕСКОнинг бутун жаҳон ҳужжатли меросини муҳофаза қилиш «Жаҳон хотираси» (Memory of the World) дастури.

12. «Ўзархив» агентлигининг (https://www.archive.uz/) ва Миллий архивларнинг (https://www.nauz.uz/, https://www.ntmd.uz/, https://www.kinifotofono.uz/) веб-сайтлари.