Аннотация: Данная статья состоит из интересных фактов, связанных с библиотекой, ее структурой, составом, коллекциями книг, газет и журналов, их поступлением в фонд учреждения, который содержится в Бухарском государственном музее-заповеднике. Библиотека, которая изначально была создана как одно из подразделений музея с фондом рукописей и документов, подвергается критике в статье за негативное влияние этой ситуации на экспонаты музея. Библиотека музея состоит из богатой коллекции, общее количество ее книг превышает 5 тысяч экземпляров, к каким областям науки они относятся, в какой период собирались, также есть информация о передвижных выставках книг. Также будут проанализированы связанные с музеем журналы из библиотеки музея и содержащиеся в них научные статьи

 

Ключевые слова: Бухарский музей, коллекция, рукопись, востоковедение, научное собрание, выставка.

 

Аннотация: Ушбу мақола Бухоро давлат музей-қўриқхонаси таркибида мавжуд бўлган Кутубхона, унинг тузилиши, таркиби, китоб, газета ва журнал коллекциялари, уларнинг муассаса фондига қабул қилиниши билан боғлиқ қизиқарли фактлардан иборат. Дастлаб ташкил этилган кутубхона музейнинг қўлёзмалар фонди билан таркибан битта бўлиб, ушбу ҳолатнинг музей экспонатларига кўрсатган салбий таъсири танқид остига олинади. Музей кутубхонаси бой коллекциядан иборат бўлиб, китобларининг умумий сони 5 минг нусхадан ошади, уларнинг қайси фан соҳаларига тегишлилиги, қайси даврда йиғилган, китобларнинг сайёр кўргазмалари ҳақида ҳам маълумот берилади. Шунингдек, музей кутубхонасидан ўрин олган даврий матбуот, музей билан боғлиқ журналлар ва улардаги илмий мақолалар таҳлил қилинади.

 

Калит сўзлар: Бухоро музейи, коллекция, китоб, журнал, илмий йиғув, кўргазма, “Советский музей”, 

 

Abstract: This article consists of interesting facts related to the library, its structure, composition, collections of books, newspapers and magazines, their admission to the fund of the institution, which is contained in the Bukhara State Museum-Reserve. The library, which was originally created as one of the museum’s divisions with a collection of manuscripts and documents, is criticized in the article for the negative impact of this situation on the museum’s exhibits. The museum’s library consists of a rich collection, the total number of its books exceeds 5 thousand copies, which fields of science they belong to, during which period they were collected, and there is also information about traveling book exhibitions. The journals related to the museum from the museum library and the scientific articles contained in them will also be analyzed.

 

Key words: Bukhara Museum, collection, collection, manuscript, Oriental studies, scientific collection, exhibition

 

Бухорода дастлабки музей 1922 йил 8 ноябрда очилган бўлса-да, унга тайёргарлик жараёни нисбатан олдинроқ бошланган ва ўша даврдаги ҳукумат томонидан қадимги қўлёзмалар ва китоблар, ҳужжатларни сақлаб қолиш бўйича чоралар қўлланила бошланган. Музейнинг дастлабки фаолияти 1924 йилга келиб вақтинча тугатилган ва 1927 йилда қайта ташкил этилган. ХХ асрнинг 30 йилларигача бўлган давр оралиғида музей ашёлари унчалик кўп бўлмаган ва улар йилдан йилга секин-асталик билан кўпая борган.

Музейда фаолият юритган кўплаб илмий ходимлар музей фондини бойитишга ҳаракат қилишган. Бунинг учун музей томонидан махсус экспедициялар ташкил қилинган, шунингдек, илмий-йиғув, харид, ҳадя қилиш ҳисобига ҳам музей коллекциялари тўлдирилиб борилган. Музейда кутубхона айнан қайси санадан очилганлиги номаълум, архив ҳужжатларида бундай маълумотга дуч келмадик, аммо 1929 йилда Бухородаги музей таркибида кутубхона ҳам фаолият юритган. Бундай хулосага келишимизнинг асосий сабаби, Боту томонидан музейга йўлланган хатда музей экспонатларини кириб кўриш ва улар учун пуллик хизмат кўрсатиш унчалик ҳам яхши самара бермаслигини ёзади1. Унинг сўзларига қараганда, бу нафақат кутубхона ва музейга ташриф буюрувчиларнинг сифатига, балки уларнинг сони (айниқса камайиши)га жиддий таъсир кўрсатган.

Музейнинг 1934 йилги ҳисоботида кутубхона алоҳида кўрсатилган2. Ҳужжатда ёрдамчи кутубхона шаклида тилга олинган мазкур муассаса, Европа ва Осиё китоблари (Эҳтимол, шу давлатларда чоп қилинган китоблар)дан ташкил топган ва ундаги умумий инвентарь сони очиқланмаган. Худди шу давр-
да Кушбеги архиви ҳам ҳали Бухоро музейи балансида бўлганлигини кўрсатади3. Аммо бир оз кейинроқ музейда мавжуд бўлган барча қўлёзма ва тошбосма китоблар, янги нашр этилган китоблар, журнал ва бошқа ашёлар бир жойда сақланадиган бўлган. Асосий кутубхона қўлёзмалар фондидан ажралиб туриши учун уни асосан Шарқий (балки шарқ қўлёзмалари) кутубхонаси номи билан номлашган4.

1934 йил 27 ноябрда Амитров ва Мухтор Абдураҳманов орасида музей директорлигини қабул қилиш борасида тузилган далолатномада, ундан олдинги директор жавобгарлигида бўлган бир қанча буюмлар олди-бердиси амалга оширилган, музейнинг муҳридан ташқари, Илмий Кенгашнинг ҳужжатлари, Гончарова жавобгарлигидаги фонд ва экспозициядаги экспонатлар, Қушбеги архив ҳужжатлари ва музейнинг кутубхонаси шулар жумласидандир5.

Худди шу йили музейда фаолият юритган илмий ходим, мадрасани тамомлаган ва қўлёзмаларни ўқиш бўйича мутахассис Исмоил Садри Бухорода мавжуд бўлган турли хил ташкилот ва идораларнинг омборида мавжуд бўлган китобларни ўрганиш, кераклисини ажратиб олиш ва музей ёки кутубхоналар ихтиёрига ўтказиш мақсадида, махсус топшириқ билан экспедиция аъзолигига юборилади6. Унинг фаолияти натижасида нафақат Бухородаги, балки республиканинг музей ва кутубхона фондлари ноёб осори-атиқалар билан бойитилган. Унга ҳамроҳ сифатида музейдан директор Амитров ва давлат кутубхонасидан Гидоятовлар фаолият олиб боришган. Масаланинг яна бир томони борки, омборхонада мавжуд китобларнинг ҳаммаси ҳам комиссия томонидан қадрли деб топилмаган. Тарихий ашё сифатида қийматга эга бўлмаган буюмлар ўша ернинг ўзида қолдирилган. Масалан, «Ойдин» утилбаза омборхонасини кўздан кечириш натижасида мавжуд бўлган 122 та китобдан, фақатгина 8 таси тарихий аҳамиятга эга деб ҳисобланиб, пойтахт музейига узатилган бўлса, қолган китоблар диний мазмунда бўлганлиги сабали шу жойнинг ўзида қолдириб кетилган7. Қимматли китоблар сирасига «Куллиёти Мирза Бедил», «Дивани Арфа Ширази», «Баёз» ва бошқаларни киритиш мумкин.

1936 йилги музей ҳисоботида музей кутубхонасига 45 дона китоб қабул қилинганлиги ҳақидаги маълумот учрайди. Музейда умумий фаолият юритаётган ходимлар сони бу пайтда 21 нафари ташкил қиларди8. Худди шу ҳужжатларда кутубхона (справочный отдел) деб аталган ҳамда алоҳида кутубхоначи лавозими музейда мавжуд бўлмаган. Мазкур кутубхона бир неча йиллар давомида турли лавозимларда ишлаган музей ходимларига қўшимча вазифа сифатида юклатилган. Масалан, 1936 йилнинг ўзида кутубхона учун масъул ходим сифатида архив ҳужжатида Абдурахмонов фамилияси учрайди. Баъзи ҳолларда унинг номи илмий кутубхона сифатида берилган. Музей кутубхонаси ҳам Кўкалдош мадрасасининг ўзида жойлашган бўлган9.

1941 йил сентябрь ойида музей раҳбариятида ўзгариш содир бўлган. Музей директори фонд, экспонатлар ва ҳужжатларни қабул қилиш жараёнида далолатнома тузилган бўлиб, унда кутубхонанинг аҳволи ҳам тилга олинади10. Умуман олганда, музейнинг иши қониқарсиз деб баҳоланган, экспозиция талабларига жавоб бермайди, оммавий жамоатчилик ишлари яхши ташкиллаштирилмаган ва кутубхонадаги китобларнинг 2/3 қисми эскирган ҳамда шарқ қўлёзмалари китобларининг сақланиш аҳволи қониқарли бўлмаган. 1941 йил давомида Илмий Кенгашнинг 4 та йиғилиши бўлиб ўтган. Мазкур йиғилишда «Алишер Навоийнинг 500 йиллиги» кўргазмасининг мавзули режаси тасдиқланган, шунингдек, кутубхона фаолияти 2 қисмдан иборат деб кўрсатилган: шарқий қўлёзмалар ва маълумот берувчи (справочная) кутубхона. Ҳужжатга кўра, хўжалик ишлари бўйича жавобгар шахсга ҳам шарқий қўлёзмалар юклатилган, қоидага кўра эса директор ўринбосари жавобгарлигида бўлиши талаб этилган. Кутубхонада мавжуд китоблар сони умумий ҳисобда 3382 тани ташкил қилиб, жумладан, 657 таси шарқий қўлёзмалардан иборат бўлган. Ёрдамчи кутубхона ҳақида кўп маълумот берилмаган.

II жаҳон уруши йилларида музейдаги кутубхона учун жавобгарлик Тарих бўлими мудири лавозимида ишлаган Тарас Федерович Гелах ва илмий ходим Плаканга юклатилган11. Музейдаги 2 та хонани шарқ қўлёзмалар кутубхонаси ва қўлёзма ҳужжатлар архиви учун махсус жиҳозлар билан жиҳозлаш масаласи ҳам кун тартибига қўйилган бўлиб, бу ишга масъул қилиб Фаязов (кейинчалик музей директори) тайинланган эди.

1944 йил 20 июнда тузилган далолатномадан маълум бўладики12, кутубхонада 1393 та китоб бўлиб, уларнинг 10 таси рўйхатда мавжуд, аммо кутубхонада бўлмаган. Бошқа бир ҳужжатда эса айнан шу йилда, кутубхона-
даги умумий китоблар сони 2300 тани ташкил қилган13. Шарқ қўлёзмалари Гелах жавобгарлигида бўлиб, кейинчалик уларни Плакан қабул қилган. Унинг сўзларига қараганда, музей кутубхонасидаги китоблар ва қўлёзма ҳужжатлар, экспонатлар бир жойда, ҳаммаси музейдаги ертўлада зах ерда сақланган. Бу эса китобларнинг ҳолатига сезиларли таъсир кўрсатган14.

Бухоро музейи ташкил қилингандан кейинги ўтган даврда унинг фондидан бошқа ташкилот, корхона, музей ва кутубхоналарнинг ихтиёрига бир неча маротаба китобларни ўтказиб бериш холатлари кўплаб учрайди. Масалан, 1945 йилда тузилган махсус далолатномада, уларнинг тўлиқ номи, сони ва қайси муассаса ихтиёрига ўтказилганлиги баён қилинган. Тошкентдаги динга қарши кураш (антирелигиозный) музейига – 52 дона (1940 й.), Навоий номидаги Тошкент кутубхонасига – 14 дона (1943 й.),
Алишер Навоийга бағишланган Республика миқёсидаги кўргазма учун – 19 дона
(1940 й.)15 Бундай ҳолат шу билан якунланмаган. 1954 йилда Ўзбекистон ССР Маданият вазирлигининг буйруғи асосида Бухоро музейи кутубхонасидан Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий номидаги кутубхона ихтиёрига 1426 дона шарқ қўлёзмалари ва литографик китоблар ўтказиб берилди16. Ушбу китобларнинг аксарияти ХХ асрнинг 40 йилларида музей директор ўринбосарининг Москва ҳамда Петербург шаҳарларига уюштирилган экспедиция натижасида музейга қабул қилинган буюмлар эди17. Кейинги йилда 152 дона қўлёзма ва тошбосма китоблар музейдан вилоят кутубхонаси ихтиёрига ўтказиб берилган, ҳужжатлаштириш ишлари Ахмад Қосим-Зода томонидан амалга оширилган18.

1945 йилнинг иккинчи ярмида мавжуд кўргазмалар экспозициясини доимий бўлимларга айлантириш мақсадида уларни илмий тайёрлаш ишлари бошланди19. Бухоро тарихи библиографияси ва хронологияси манбаларини танлаш бўйича Ростислав Борисович Канскийнинг Самарқандга хизмат сафари уюштирилган ҳамда Умняков, Массон ва Садриддин Айний билан алоқалар ўрнатилган.

1947 йилда музей ходимлари томонидан бир қанча тадқиқотлар амалга оширилган. Музей директор ўринбосари Ростислав Борисович Канский томонидан «Бухоро тарихи» мавзули-концепция режаси ишлаб чиқилган ҳамда Марказий тарихий архив билан тузилган шартномага асосан, арабшунос олим Изамов томонидан Шарқ қўлёзмалари кутубхонасининг инвентаризацияси (1500 га яқин) якунланган. Бу пайтда музейнинг илмий архиви китоблар билан биргаликда сақланган. Аммо, бу Илмий архивнинг ҳужжатлари ҳозир музей архиви ва кутубхонасида мавжуд эмас. Худди шу йил ҳисоботида ёзилишича20 кўчирилган ёзувлардан бири СССР Фанлар Академиясининг Тарих ва Археология институтига юборилган, В.А.Шишкин томонидан «мозор Чашмаи Аюб» таржима қилинган,
И.Г.Бахтнинг «Бухарский танец» рисоласи ёзиб тугалланган. Музейда ўтказилган илмий кенгашда бир неча мавзулар муҳокама қилинган: Сухареванинг «Изучение истории Бухары по топографическим данным», Р.Б.Канскийнинг «Великий азербайджанский поэт Низами Ганджави» и «800-летие Москвы».

Илмий архивда 15 дан ортиқ қўлёзма (китоб эмас, айнан тадқиқотларнинг қўлёзмаси) мавжуд бўлиб, баъзан музейга экспонатларни ўрганиш учун ҳам мутахассислар таклиф қилинган. Масалан, тангалар ва нумизматик материаллар учун Давидович, чинни буюмлар коллекцияси учун Набров (аммо иқтисодий жиҳатдан молиялаштирилмагани учун бу иш амалга ошмаган), Сухарева эса матолар бўйича экспертиза ўтказган. Айни вақтда Ростислав Борисович томонидан кутубхонада тартиблаш ва библиографик ишлар бажарилган. Музей бу пайт Бухоро ҳукмдорларининг қароргоҳи – Арк қалъасига кўчирилган бўлиб, унда 2 та музей захирахонаси фаолият юритган. Археологик коллекция жиҳозланмаган хонада сақланган бўлса, фототека (фотосуратлар) маълумот излаш (Справочная) кутубхонаси таркибида сақланган ва бир неча коллекциялардан ташкил топган.

1950 йилга келиб музей томонидан 12 мавзуда стационар ва кўчма кўргазма ташкил қилинган, бу пайтда 10 мингдан ортиқ экспонат ва доимий асосий коллекциялар сони 50 тани ташкил этарди21. Кутубхона балансида шарқ қўлёзмалар коллекцияси 1600 дан зиёд, тарихий қўлёзма ҳужжатлар – 1300 га яқин, илмий архивда эса 60 та Бухоро тарихининг маълум бир масалаларига бағишланган қўлёзма ва ёзув машинкасида терилган ҳужжатлар, музейда аввал ташкил қилинган кўргазмаларнинг материаллари (Мустафин – Табиат бўлими ва В.А.Шишкин Варахша шоҳлар саройининг қисқа таърифи) мавжуд бўлган.

Кейинги йилларда музей фаолиятида содир бўлган ўзгаришлар, кутубхона ишига ҳам ўз таъсирини кўрсатган. Ҳар йили музей кутубхонаси янги китоблар, даврий матбуот материаллари билан бойитиб борилган ва музей ходимлари бунга ўз ҳиссаларини қўшишган. 1976 йилда музейда китоблар кўргазмаси ташкил қилинган. Ушбу кўргазма музейнинг илмий кутубхонасида иш бошлаган. Бухоро ва унинг тарихи, шунингдек турли масалаларга бағишланган китоблар кўргазмадан ўрин олган: Д-Кавказскийнинг «По Средней Азии», Халфиннинг «Ўрта Осиё хонликлари», Тўхтаметовнинг «XIX аср охири – ХХ аср бошида Россиянинг Бухоро билан муносабатлари». Китобхонлар эътиборини тортган китоблар сирасига Ханыковнинг «Описание Бухарского ханства» ҳамда Халаминскийнинг «Афсоналар йўлидан» китобларини киритиш мумкин. Кўргазмада янги китоблар ҳам намойишга қўйилган. Худди шу йили «Фан» нашриётида чоп этилган Иброҳим Мўминов таҳрири остида «Бухоро тарихи» шаҳарнинг қадимги давридан тортиб ҳозиргача бўлган давр воқеаларини ўз ичига олади.

Ҳозирги кунда музейнинг кутубхонасида 5 мингдан зиёд китоблар ва бир неча ўнлаб жилдда даврий матбуот нашрлари мавжуд. Шарқ қўлёзмалари ва тарихий аҳамиятга эга бўлган тошбосма китоблар ва ҳужжатларга музейнинг экспонати мақоми берилган. Кутубхонада бир неча илмий китоблар ҳам мавжуд бўлиб, уларнинг аҳамияти йилдан йилга ошиб бормоқда. Музейнинг ўз соҳасига бевосита алоқадор бўлган «Советский музей» журналининг 30 дан ортиқ сонлари ХХ асрда собиқ иттифоқ даври музейлари ва уларнинг коллекциялари ҳақида маълумот беради. Мазкур журналда ўтган асрнинг 30 йилларда музейнинг директор ўринбосари Петр Евгеньевич Корнилов ҳам ўз мақолаларини чиқарган22, афсуски кутубхонада бу нашрлар мавжуд эмас. Шунингдек, музей кутубхонасида илмий нашрлардан бири саналган «Ўзбекистонда ижтимоий фанлар» журналининг ҳам кўп сонлари сақланади ва уларда музей ходимларининг бир неча мақолалари ўрин олган. Музейда илмий ходим сифатида иш бошлаган нумизмат олим Г.Н.Курбановнинг «Бухарскому краеведческому музею – 60 лет», «Печать-компас середины XIX века из Бухары», шу муаллифнинг Парастепанох билан ҳаммуаллифликда ёзилган «Новые поступления Бухарского музея» номли мақолалари музейнинг фаолияти, экспонатлари ва коллекциялари ҳақида ҳикоя қилади. Музейнинг 60 йиллик юбилейи билан боғлиқ қизиқарли фактлар илмий мақолалар ва архив ҳужжатларига таяниб ёзилган, шунингдек, музейга янги қабул қилинган экспонатлар ва уларнинг аҳамияти билан боғлиқ жиҳатлари ёритилган. Аксарият ҳолатларда музейнинг ўзида ёки кутубхоанада янги қабул қилинган экспонатлар ёки китоблардан иборат кўргазма ташкил қилинган ва янги тарихий аҳамиятга эга бўлган буюмлар ўша ернинг ўзида намойиш этилган. Халим Тўраев устози Баҳодир Казаковнинг «Документальные памятники Средней Азии» китобига ёзилган тақризи ҳам ўрин олган23. Мазкур китоб Ўрта Осиёда ҳужжатлар билан ишлаш борасида олиб борилган тадқиқотлардан бири бўлиб, унда музейда сақланаётган ҳужжатлар асосида тарихий ҳужжатларнинг тузилиши, таркибий қисмлари ва бошқа жиҳатларига эътибор берилган бўлиб, Ўрта Осиё, Эрон, Афғонистон тарихи билан боғлиқ маълумотлар илова қилинади.

Музей кутубхонасида мавжуд бўлган бир қанча тўпламлар ўзида фундаментал маълумотларни жамлаганлиги билан қадрлидир. «Исторические записки», «Нумизматика и эпиграфика», Ўзбекистон Республикаси музейларининг каталоги, Бухоро музейининг «Из истории культурного наследия Бухары» кабилар бунга мисол бўлади. Шунингдек, мазкур муассаса археология фани бўйича етарли манбаларга бой саналиб, Ўрта Осиёда ўтказилган археологик қазишмалар, улар натижасида топилган артефактлар тафсилотлари ҳақида маълумот олиш мумкин.

Бухоро музейнинг кутубхонаси Ҳозирги кунда Арк вилоят ўлкашунослик музейи, 2-қаватли бинонинг 2 та хонасида жойлашган бўлиб, бу жой амирлик даврида Қушбеги ҳовлисига тўғри келган. Бугунги кунда кутубхона базавий жиҳатдан талаб даражасида эмас. Муассасанинг китобхонларни қабул қилиш бўйича ишлари етарли амалга оширилса-да, китоб ва журналларнинг электрон каталогини яратиш учун замонавий ускуналар мавжуд эмас. Тарихий қийматга эга бўлган китобларни хатловдан ўтказиш ва уларни комиссия иштирокида музейнинг Ҳужжатлар фондига қабул қилиш мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1.    Архив Бухарского музея за 1955. Пр. №64. от 31.06.1955. Л.25

2.    Бухоро давлат вилоят архиви, 1175-Ф, 1-рўйхат, 1-7-иш.

3.    Джураев Ш. Г. Сотрудник бухарского музея Ростислав Борисович Канский: К научной биографии //Музей. Памятник. Наследие. – 2022. – С. 57

4.    Джураев Ш.Г. «Из истории Бухарского музея. Формирование коллекции. К 100-летию Бухарского государственного музея-заповедника». // Музей, №10. 2022, -с.25

5.    Джураев Ш.Г. Из истории Бухарского музея: К 100-летию создания. // Музей. Памятник. Наследие. № 1 (11) / 2022. -с. 76-84.

6.    Джураев Ш.Г. Первая коллекция рукописей Бухарского музея. Материалы канцелярии Кушбеги эмира Бухарского // InfoLIB. 2023, № 4., С. 92-96

7.    Корнилов П.Е. Государственный Бухарский музей (итоги и перспективы работы) // Советский музей. -№ 4. – 1931. – С. 92–96

8.      Ревазов Н. Бухоро ҳақидаги китоблар кўргазмаси // Бухоро ҳақиқати, 1976 й. 24.04.

9.         Тураев Х. Казаков Б. Бухарские документы. // Общественные науки Узбекистана. 2003 г. №1-2. -с.93