В статье представлена информация о подготовке к празднованию юбилеев двух Великих узбекских поэтов Алишера Навои и Захириддина Мухаммада Бобура. Оба поэта жили в одно время и являются соратниками поэзии. Алишеру Навои исполнилось сорок лет и он написал свою известную поэму «Хамсу», в это время родился Бобур. Поэтому Бобур всегда считал Алишера Навои своим наставником.
В статье прослеживается творческое влияние Алишера Навои на Бабура на основе сопоставления двух газелей поэтов, посвященных весне.

Ҳар йили феврал ойи яқинлашар экан, зиёли элимиз сўз санъатининг икки бемисл сиймоси – Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд кунларини нишонлаш тараддудига тушади. Феврал ўзбек адабиёти учун баайни мавлуд кунларидир, зеро 9 феврал Алишер Навоий таваллуд топган сана бўлса, орадан беш кун ўтгач, 14 февралда Бобур туғилганини нишонлаймиз. Шунинг учун ҳам, феврал ойини интиқлик билан кутамиз, бутун мамлакатимизда, ўзбеклар яшайдиган бошқа юртларда бу кунлар байрамга айланиб кетади, илмий анжуманлар, симпозиумлар, адабий кечалар ўтказилади, Ўзбекистоннинг чет эллардаги элчихоналарию дипломатик ваколатхоналарида ҳам ажнабий фан, маданият ва адабиёт вакиллари иштирокида бу икки сиймо таваллуди нишонланади, уюштирилган маданий тадбирларда улар жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссанинг янги-янги қирралари кашф этилади.

Бобур дунёга келганида Алишер Навоий роса қирқ икки ёшга кирган, ижодий камолоти ҳам ҳадди аълосига етган палла эди. Айнан Бобур туғилган 1483 йили Навоий ўзбек адабиётининг энг буюк ҳужжати бўлмиш «Хамса»ни ёзишга қўл урдики, бунда ҳам ғайришуурий бир ҳикмат бордай. Бобурнинг эса шоирлик истеъдоди подшоҳлик ва саркардалик қобилияти билан деярли бир вақтда нишона берган, у жуда эрта – ҳали бир мучал ёшига тўлиб-тўлмай Андижон тахтига чиққан бўлса, худди ўша кезларда дастлабки ғазалларини ёзиб, олис Ҳиротга, Алишер Навоий назарига ҳавола этган.

Алишер Навоий пиру устозларга ҳам, ҳам-аср ижод аҳлига ҳам, адабиёт ва санъат даргоҳига энди кириб келаётган ёш авлод вакилларига ҳам бирдай эътибор берганини, бирон соҳада бадиий истеъдоди «йилт» этиб учқун чиқарган одамларга меҳр-мурувват кўрсатиб, бағрига олганини яхши биламиз. Навоий ҳар бир ижодкорнинг асарини синчиклаб ўрганган. Умрининг охирги йилларида ёзган «Мажолисун нафоис» мажмуасида ҳатто биргина байт билан танилган шоирларни ҳам тилга олиб, унинг ҳақида нимаики билса, ёзиб қолдирган, шу орқали ана шу ижодкорнинг тарихдан ўзига муносиб жой эгаллашига, унутилиб кетмаслигига ҳаракат қилган.

Аммо ажабки, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг номи Алишер Навоий асарларида уч-рамайди. Ҳолбуки, Бобурнинг шаҳодат беришича, Алишер Навоий Бобурни ғойибона бил-ган, унга мактуб ҳам юборган: «бир навбат менга китобати ҳам келиб эди. Мен ҳам бир китобат юбориб эдим, орқасида турки байт айтиб, битиб йибориб эдим, жавоб келгунча тафриқа ва ғавғо бўлди». Бобурнинг Навоийга юборган ғазаллари ёш подшоҳнинг энг қуд-ратли темурий салтанат маликушуаросига мактуби эмас, балки навжувон шоирнинг туркий сўз шаҳаншоҳига шогирдларча юкуниб, минг андишалар ичида унинг назарига тушиш, илтифотига сазовор бўлиш умидидаги мактуби бўлган. Аммо тарихнинг каж рафтори шундай бўлдики, қай бир сабаблар туфайли Навоий асарларида ёш шоир Бобур эсга олинмайди. Эҳтимол, бу ҳол Бобур каби шаҳзода шоирлар кўп бўлгани сабаблидир ёки кекса шоир бошқа бировни эмас, айнан Бобурни тилга олишни фаромуш қилгандир. Ҳолбуки, Алишер Навоий вафотидан сўнг бошқа бирон шоир эмас, санъати, адабиёти ва маданияти билан ном чиқарган ўша Ҳиротдаги Навоийнинг юзлаб шогирд ва муҳиблари эмас, айнан олис Мовароуннаҳрдан минг ташвишлар билан от чоптириб етиб борган Бобур Навоийдан қолган табаррук қаламни ўз қўлига олди, туркий сўз яловбардорининг илгидан тушган байроқни боши узра кўтарди, адабиётимиз бўстони бир лаҳза ҳам ҳувиллаб қолмади.

Минг йиллик миллий маданиятимиз яғмогари бўлган босқинчи Шайбонийхонга қарши кучларни бирлаштириш ниятида Хуросон пойтахти Ҳирот шаҳрига келгач, Бобур даставвал Навоийни эсга олди, айнан Навоийнинг ҳовлисида истиқомат қилди, шундай таҳликали бир дамларда, жуда оз фурсат ичида Алишер Навоий ижоди билан тўлиқ танишиб, шоир ижодига ҳанузгача ҳеч ким бера олмаган таърифни битди: «То туркий тил била шеър айтибдурлар, ҳеч ким онча кўб ва хўб айтқон эрмас...».

Бобурку, бу таърифни Алишер Навоий вафотидан беш йил ўтиб-ўтмай, боз, беш-олти асрлик мустақил тарихга эга ўтмиш шеъриятимизни кўзда тутиб айтган эди, аммо орадан беш аср ва яна беш-олти йил ўтди ҳамки, Бобурнинг каромат янглиғ бу сўзлари ҳануз устувор – ҳеч бир туркий халқ ичидан Навоийдай буюк шоир ўшандан кейин ҳам етишиб чиқмади ва тобора аён бўлиб бормоқдаки, чиқиши даргумон ҳам экан...

Аммо шунга қарамай, ҳазрат Алишер Навоийнинг издоши ва халафи бўлмиш Бобурнинг оламга машҳур «Вақоеъ» («Бобурнома») мемуарини, бу асарнинг дунёвий мавқеини ёдда тутган ҳолда, мумтоз адабиётимизнинг Навоий «Хамса»сидан кейинги иккинчи энг улуғ асари, дейишга журъат этамиз. Бу асар туркий тилдаги дастлабки йирик наср намунаси бўлибгина қолмай, бутун Шарқ оламидаги дастлабки реалистик бадиий асар ҳам ҳисобланади ва шу жиҳати билан ҳам у Бобур номини нафақат Шарққа, балки бутун дунёга танитди.

Шунинг учун ҳам, феврал ойини – бу икки муаззам ижодкор таваллуд топган муборак кунларни – «адабиётимизнинг мавлуд ойи» деб атасак, унчалик хато кетмаса керак.

Алишер Навоий сингари ўзидан улкан бадиий мерос қолдирган шоирлар дунё адабиёти тарихида бармоқ билан санарли даражада оз. Боягина эслаб ўтганимиз «Хамса» ва «Хазойинул маоний» билан бирга «Лисонут тайр» достони, «Девони Фоний» яна бошқа ўнлаб диний-маърифий, илмий ва тарихий мемуарлар йигирма жилдлик асарлар тўпламини ташкил этганининг ўзи ҳам Навоийнинг нақадар кўламли ижодкор бўлганини кўрсатади.

Шу ўринда жаҳон маданияти тарихининг зўр билимдонларидан академик Конраднинг бир гапини эсга олиш ўринли. Конрад Навоийнинг «Садди Искандарий» достонидаги биргина детал – Искандарнинг вафоти олдидан яқинларига айтган васиятини ёдга олади: «Искандар вафот этади. Васиятига кўра, унинг жасадини дафн этиш учун севимли маскани – Мисрдаги Искандария шаҳрига тобутга солиб олиб кетадилар... Ва тобутдан унинг қўлини чиқариб қўйишади. Бу қўлда ҳеч нарса йўқ. Тобутдан чиқиб турган мана шу бўм-бўш қўл – ҳайратланарли даражада кучли бадиий образдир. Башарти Алишер бошқа ҳеч нарса ижод қилмай, биргина мана шу образни яратган бўлганида ҳам, биз кўз ўнгимизда даҳо шоир турганини англаган бўлар эдик», деб таъкидлаган эди аллома.

Диний бағрикенглик – ҳар кимга истаган эътиқодини бошқаларга тиқиштириш эркинлиги эмас. Унда юрт бузилади, мамлакат вайрон бўлади. Беш аср аввал буни Навоий яхши англаган ва бир лаҳза ҳам эл-юрт осойишталигини сақлаш борасида иккиланмаган. Султон Ҳусайн мирзо салтанат устига келгач, Хуросонда шиа мазҳабини давлат дини деб эълон қилиш ниятида эди, аммо Навоий қатъий туриб, уни бундан қайтаришга муваффақ бўлади: «Аввал тахт олғонда хаёли бор экандурким, дувоздаҳ имомни хутбада ўқутғай. Алишербек ва баъзилар манъ қилибтурлар. Сўнгралар худ жамиъ ишкучи суннат ва жамоат мазҳаби била мувофиқ эди», деб қайд қилади Бобур.

Шу биргина фактнинг ўзи ҳам миллатимиз тарихида Навоийнинг ўрни нақадар катта эканини кўрсатиш учун кифоя. Ҳолбуки, Алишер Навоий темурийлар салтанати инқирозини орқага суриш, бу улкан давлатнинг парчаланиб кетишига йўл қўймаслик, мамлакатни обод қилишни бутун ҳаётининг мазмунига айлантирган.

Навоийнинг эътирофича, худо берган истеъдоди шу қадар бўлганки, қандай фикрламасин, у тилидан шеър бўлиб дунёга келган, шу боис, шоирнинг ўзи, «Фирдавсий «Шоҳнома»ни ўттиз йилда ёзган эди, мен агар жаҳд қилсам, бундай асарни ўттиз ойда биткарар эдим», дейди. Дариғки, Алишер Навоий ҳаётининг асосий қисми мамлакат ташвишларини бартараф этиш – уни ташқи ва ички ёвлар қутқусидан асраш, подшоҳ билан яқинлигидан фойдаланиб, уни эзгу ишларга йўллаш учун саъй-ҳаракат қилиш, уруш ва низолар олдини олиш, муҳрдорлик, вазирлик, Астрободга ҳокимлик ва юртни ободонлаштириш – сон-саноқсиз бинойи хайрлар қуриш, аҳли дилларга ҳомийлик қилиш ва ҳоказоларга сарф бўлган. Шунга қарамай, шоир муаззам, улуғ бадиий мерос қолдиришга муваффақ бўлди.

Буни ҳаммадан яхшироқ англаган ва Оллоҳ инъом этган истеъдодни юксак қадрлаган одам ҳам яна Навоийнинг ўзи эди: «Умидим улдур ва хаёлимга андоқ келурким, – деб ёзади мутафаккир, – сўзум мартабаси авждин қуйи инмагай ва бу тартибим кавкабаси аъло даражадин ўзга ерни беганмагай...» Бу бениҳоя улуғ истак эди ва у нимаси биландир (балки услубан) Сулаймон алайҳис саломнинг Оллоҳдан «Ё тангрим, менга мендан кейин ҳеч кимга муяссар бўлмайдиган бир давлат ва салтанат бергил» деб қилган илтижосига ўхшайди. Ҳасти Сулаймон каби, ҳасти Навоийнинг бу астойдил тилаги ҳам ижобат бўлган экан: орадан неча юз йиллар ўтди, аммо Навоий сўзининг мартабаси ҳамон мислсиз юксакликда барқарор.

Шоирнинг 525 йиллик юбилейининг Москвада ўтган тантанасида – Жаҳон адабиёти институтидаги маърузаси якунида академик Конрад азбаройи ҳаяжонланганидан, «Дунёга Алишер Навоийдек буюк шоирни берган ўзбек халқига тасаннолар бўлсин!» дея хитоб қилиб, ҳаяжонининг зўридан, йиғлаган кўйи, дастрўмолини юзига босиб, залдан чиқиб кетган эди. Ҳа, Навоийдай шоиримиз борлигидан ҳар қанча фахрлансак, халқимиз пешонасига шундай адибни ато этган тангрига ҳар қанча шукрона айтсак ҳам кам.

Тасодифми бу ёки тақдирми, Навоий таваллудининг яна бир йирик санаси – беш юзу эллик йиллиги элимизнинг мустақилликни қўлга киритишига тўғри келди. Шу боис 1991 йил Ўзбекистонда «Навоий йили» деб эълон қилинди. Бу бежиз эмас. Беш аср муқаддам бошқа биров эмас, айнан ҳазрат Алишер Навоий мустақил бир тил сифатида она тилимизнинг қаддини тиклаш, қадрини ўрнига қўйиш, уни қадимий бир элнинг худо берган бир тили сифатида эъзозлаш, уни ўзга тилларнинг тазйиқли таъсиридан озод қилиш, туркигўй ижодкорлар қалбида миллий ҳис туйғуларни уйғотиш учун кураш бошлаган эди. Орадан яна чорак аср ўтди.

«Алишербек назири йўқ киши эди... – деб баҳо беради Бобур. – Аҳли фазл ва аҳли ҳунарға Алишербекча мураббий ва муқаввий маълум эмаским, ҳаргиз пайдо бўлмиш бўлғай... Мунча бинойи хайрким ул қилди, кам киши мундоққа муваффақ бўлмиш бўлғай...».

Алишер Навоийнинг ана шу фазилатлари Бобурнинг ўзига ибрат бўлмаганида, у улуғ шоирнинг бу ҳислатларини таъкидламаган бўларди. Бобур ҳам Алишер Навоий каби, ҳамиша ва ҳамма ерда, айниқса, Ҳиндистонни ишғол этгач, ободончилик ва маърифатпарварликка астойдил бел боғлади, Агра ва Деҳли шаҳарларида улкан иморатлар тиклади, ўз атрофига ҳунар ва санъат аҳлини йиғди, уларга ҳомийлик қилди.

Алишер Навоий ижоди Бобур учун мактаб вазифасини ўтаган, Бобур Навоий асарларини ўқиб  ўрганган, шоир асарлари мавзуида, ўшалар руҳида асарлар битган:

Ғурбатта ғариб шодмон бўлмас эмиш,

Эл анга шафиқу меҳрубон бўлмас эмиш.

Олтун қафас ичра гар қизил гул бутса,

Булбулға тикандек ошён бўлмас эмиш.

(Алишер Навоий)

Ёд этмас эмиш кишини ғурбатта киши,

Шод этмас эмиш кўнгулни меҳнатта киши.

Кўнглум бу ғариблиқда шод ўлмади, оҳ,

Ғурбатта севинмас эмиш, албатта, киши.

(Бобур)

Яна бир мисол билан кифояланамиз:

Жондин сени кўп севармен, эй умри азиз,

Сондин сени кўп севармен, эй умри азиз.

Ҳар нечаки севмак ондин ортуқ бўлмас,

Ондин сени кўп севармен, эй умри азиз.

(Алишер Навоий)

Ким кўрубдур, эй кўнгул,

аҳли жаҳондин яхшилиғ?

Кимки ондин яхши йўқ,

кўз тутма ондин яхшилиғ.

(Бобур)

Шу ўринда иккинчи мисолга бир оғиз тўхталсак. Унда Навоийнинг рубоийси билан Бобурнинг бир ғазали матлаи муқояса қилинади. Буларнинг шаклигина эмас, мазмуни ҳам бошқа-бошқа (севмоқ ва яхшиликнинг йўқлиги). Аммо гап улар ифодасидаги инжаликда. Бобур ғазалини талқин этган уламоларимиз ҳам, уни бошқа тилларга ўгирган мутаржимлар ҳам Навоийда мушаккал бўлган ва Бобур давом эттирган шу икки байтдаги ружу санъатини англамаганлари афсусланарли. Зеро, Навоий «... ҳар нимани севмоқ шу даражада бўлсаки, ундан ортиқ севиш мумкин бўлмаса, мен ўша энг юқори даражадагидан ҳам ортиқроқ севаман сени», деб муболаға қилса, Бобур ҳам худди шу ифода шаклини қўллаб, «жаҳон аҳли орасида шундай бир кимса бўлсаки, яхшиликда ҳеч ким унга ета олмайдиган бўлса, ана ўша одамдан ҳам яхшилик кутма» деган ҳасратли хулосани баён этган. Бобур асарларининг таржима ва талқинларида эса бу бадиий санъат ҳам, ундаги бетимсол маъно ҳам тамом чеккага чиқиб, «яхшилиги йўқ одамдан яхшилик кутмоқ жоиз эмас» қабилида жўн бир фикр ифода этилган, вассалом...

Таржима ва талқинлардаги мана шундай нуқсонлар боис, нуктадон шоир Бобур чет элларда асосан подшоҳ ва «Бобурнома» муаллифи сифатида машҳур. Ҳолбуки, у инсон ички кечинмалари энг дилбар ифода топган ғазал ва рубоийлари билан ҳам жаҳоннинг энг олд сўз санъаткорлари қаторидан ўрин олишга ҳақли.

Аждодларимиздан ўтиб келган сўз ва иборалар ҳам халқимиз сўз хазинасининг мулки, албатта. Ҳозирда луғавий истифодада қайта ўз ўрнини топаётган аксар тарихий сўз ва хилмахил истилоҳлар Лутфий, Навоий, Бобур, Машраб, Огаҳий ва бошқа алломалари-мизнинг асарларида нозик дид билан ишла-тилган ва мумтоз шеъриятимизнинг довруғини оширган.

Гарчи жуда кўп кўҳна сўз ва иборалар «эскирган» деб ҳисобланадиган бўлса ҳам, ҳали улар барҳаёт – муомаладан чиқмайди. Аксинча, янги-янги маънолар касб этиб, эврилиб, ёшариб боради. «Замонавий» авомга тушунарли бўлмаган калималарни тилдан чиқариш эмас, балки омма маърифатини уларни тушуниш даражасига кўтариш керак. Бунда изоҳлаш, тафсир, шарҳ, талқин мақсадга мувофиқ.

Бобурнинг пурмаъно ғазаллари, «Вақое» сингари олиймақом асарларининг хорижий тиллардаги мукаммал таржималарини барпо этиш учун аввало уларни теран тушуниш шарт. Ҳамонки чет эллик мутаржимлар ҳали-ҳозир кимдир сатрма-сатр эплаб-сеплаб берган тагламалар орқали шеърни таниб бўлмас даражага келтириб таржима қилишаётган экан, хорижий тилларни яхши биладиган, Алишер Навоий ва Бобур сингари даҳо шоирлар асарларининг қават-қават маъноларини, нозик сўз ўйинларини, хуллас, жами бадииятини теран тушунадиган бошқа мутаржимлар топиш ва улар таржималарининг юксак сифатли бўлиб чиқишига кўмаклашиш керак. Бунга эса ҳар йили феврал ойида бу икки улуғ шоир таваллудининг нишонланиши янги туртки беради, бу кунларда биз улар қаламидан чиққан асарларнинг янги-янги нашрлари билан танишамиз, улар терган бадиият инжуларининг порлоқ жилосидан кўзимиз яшнайди, улар ижодиётининг теранликларини йиллар оша тобора кўпроқ идрок эта бориб, уларга муносиброқ авлод бўлишга интиламиз.