Автор статьи пишет об участии в V Бакинской международной книжной выставке, которая проходит каждые два года, а также о международной научной конференции, организованной Национальной библиотекой Азербайджана «Новые призывы, новые идеи, новые требования для библиотек: Книги, чтение, инновации». Издательство Национальной библиотеки Узбекистана представило на выставочном стенде книги 50 наименований, которые были изданы за последние пять лет в полиграфии библиотеки.
Азал-азалдан одамлар фикрларини бошқаларга англатишда ёзувдан фойдаланиб келади. Ёзув ана шундай билим ва тушунчаларни келажак авлодларга етказиб беришда ҳам беқиёс роль ўйнайди. Китоб эса ёзув туфайли дунёга келган тенгсиз мўъжизадир. Унинг имкониятларидан янада самаралироқ фойдаланиш борасида халқаро китоб кўргазмаларининг ташкил этилиши алоҳида аҳамият касб этади. Зеро шу орқали дунё ноширлари фаолиятидаги муносабатларни изчил боғлаш, ўзаро тажриба алмашиш ва маданият тарғиботи амалга ошади.
Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида 2017 йилнинг 28-30 сентябрь кунлари ташкил этилган V Халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси ҳамда халқаро илмий конференциясида Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг вакили сифатида қатнашдим. Ушбу Халқаро китоб кўргазмаси Озарбайжон Маданият ишлари вазирлиги, Озарбайжон Халқаро туризм агентлиги ва Мирзофатали Охундов номидаги Озарбайжон Миллий кутубхонаси томонидан ташкил этилган бўлиб, у «Янги ташаббуслар, янги ғоялар ва кутубхоналар учун янги талаблар: китоб, мутолаа, инновация» мавзуси теварагида соҳа мутахассисларини ўзаро бирлаштирди. Боку шаҳридаги Халқаро китоб кўргазмаси эса ёпиқ спорт саройида ташкил этилган бўлиб, унда Озарбайжоннинг етмишга яқин нашриёт ҳамда ўттиздан ортиқ хорижий давлатларнинг нашриёт вакиллари иштирок этди. МДҲ давлатлари ҳамда хорижий мамлакатларнинг Миллий кутубхоналари фаол иштирок этишлари кўргазма нуфузини ҳар томонлама юксалтирди. Кўргазма стендларидан жой олган китоблар асосан тарих, маданият ва бадиий адабиёт йўналишидаги китоблардан ташкил топган. Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти библиографик кўрсаткичлар, монографиялар, кутубхоначиликка оид қўлланмалар, маънавий-маърифий адабиётлардан иборат 50 номдаги китобларни намойиш этди ҳамда хорижий ноширлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди.
Ушбу Халқаро кўргазма билан параллел равишда Мирозофатали Охундов номидаги Озарбайжон Миллий кутубхонасида иш бошлаган Халқаро илмий-амалий конференцияда 16 давлатдан ташриф буюрган Миллий кутубхона раҳбарлари ва мутахассислар қатнашди.
Илмий конференцияда ахборот-кутубхоначилик соҳасини такомиллаштириш борасидаги муаммолар ва уларнинг ечимларини топиш юзасидан қуйидаги масалалар бўйича маърузалар тингланди:
- кутубхоналар орқали жамиятни глобал ахборотлаштириш;
- замонавий мутолаа муаммосининг маданий-ижтимоий жиҳатлари;
- кутубхоналарда китоб тарғиб қилиш ва мутолаани оммавийлаштиришнинг асосий йўналишлари;
- фойдаланувчиларнинг ўқиш маданиятини шакллантиришда ахборот-коммуникация технологияларининг таъсири;
- кутубхонада инновацион жараёнлар ва янги усуллар;
- ижтимоий-маданий юксалиш шароитида кутубхона ходимларининг инновацион ижодий фаолияти;
- кутубхона жараёнларини автоматлаштириш ва янгича бошқарув;
- турли соҳаларда кутубхона фаолиятини инновацион шаклларда қўллаш;
- фойдаланувчилар учун кутубхона ва ахборот хизматларини ташкил этишда инновацияларнинг ўрни;
- Замонавий кутубхоналар фаолиятида ижодий ғоялар.
Аксарият тақдимотларда мутахассислар ўзлари фаолият юритадиган ахборот-кутубхона муассасаларида фойдаланувчилар учун қулай шароитлар яратиш, ахборот олиш сифатини оширишда ўзаро тажриба алмашиш яхши натижалар беришини таъкидлашди ва муҳокама жараёнида фикр-мулоҳазалар билан ўртоқлашди. «Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти фаолиятининг истиқболлари» мавзусида тақдимоти тингланди. Унда Миллий кутубхонанинг Қўлёзмалар, нодир ва алоҳида қимматли нашрлар хизматида манбаларни тадқиқ қилиш ҳақида фикр ва мулоҳазалар, Туркистон ўлкасидаги қадимги ёзувларни ўрганиш билан бирга, келажак авлод учун нодир манбаларни етказиш асосий вазифа этиб белгиланганлиги таъкидланди. Айни вақтда, «Навоий кутубхонаси хазинаси» номли рукн очилгани ана шундай қимматли асарларни ўзбек тилига таржима қилишга имкон беради.
Шунингдек, нашриёт-матбаа хизматининг устувор вазифаларидан бири – мутахассисларни жалб қилган ҳолда, Қўлёзмалар, нодир ва алоҳида қимматли нашрлар хизматида сақланаётган манбаларни ўрганиб, қайта нашрга тайёрлаш орқали уларни тарғиб қилишдир. Шу ўринда ЮНЕСКО дастури доирасида «Очиқ таълим ресурсларини ривожлантириш ва кутубхоналарнинг ҳужжатли меросларини сақлаб қолиш» мақсадида амалга оширилаётган лойиҳалар асосида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси манбалар хазинасида сақланаётган қўлёзмалардан ташкил топган 156 номдаги китоблар каталогининг I жилд коллекциясининг яратилиши соҳа мутахассисларига манбаларни тақдим этиш имкониятини берди. Нашриёт-матбаа хизматининг сўнгги нашрга тайёрлаган китобларининг эътиборли жиҳатларидан – нодир китоблар фондида сақланаётган, 1922 йилда босмадан чиққан, турколог олим П.А. Фалёвнинг Туркистон Шарқ институтида ўқиган маърузаларидан ташкил топган «Туркий халқларнинг сўз санъати ва лаҳжалари» рисоласи бўлиб, рус тилида чоп этилган ва ягона нусхада сақланиб қолган ушбу манба Зуҳриддин Исомиддинов томонидан ўзбек тилига таржима қилиниб, нашр этилишини таъкидлаб ўтиш лозим. Яна бир эътиборга сазовор нашр «Ўзбек ёзувининг XX аср тарихи» китоби бўлиб, унда 1918 –1929 йиллар орасида даврий нашрларда чоп этилган ёзув ислоҳотлари материаллари, газета мақолалари, алифбо ва имло лойиҳалари, конференция материаллари жамланган араб графикасида ёзилган материаллар ўқувчилар диққатига ҳавола этилган. Бу нашр тадқиқотчилар учун алоҳида аҳамиятга эгадир.
Хизматнинг келгусидаги республика ва халқаро миқёсдаги китоб кўргазмаларида иштирок этиш, чоп этилаётган китобларни кенг оммага тарғиб этиш, маданий меросимизни тиклаш ва шу орқали манбаларни авлоддан-авлодга етказиш бериш зиммамизда эканлигини билишимиз лозим.
