Специализированный отдел библиотеки для слепых было организован в 1965 году на базе Бухарской областной библиотеки. В начале работы было всего 53 наименования книг для незрячих читателей, со временем фонд увеличился до 307 единиц спецкниг. Уже в 1971 году государством было уделено внимание людям с ограниченными возможностями и была открыта специальная библиотека для слепых в городе Бухаре.   После этого были открыты подразделения в шести региональных районных библиотеках. На сегодняшний день в областной библиотеке для слепых в общем фонде хранится 2809 экземпляров книг на шрифте Брайля, кроме этого имеются 2010 аудиокниг, 9 наименований периодических изданий. К сожалению, автор отмечает, что библиотека арендует здание средней школы г. Бухары, но надеется, что в перспективе будет построено новое современное здание для слепых пользователей.

Китоб ўқишдан тўхтаган одам фикрлашдан ҳам тўхтайди, деган эди донишмандлардан бири. Китоб мутолааси инсонни руҳан ва маънан улғайиши, тафаккур уфқларининг кенгайиши, жамиятда ўз муносиб ўрнини, ҳурмат ва эътиборини топишида муҳим ўрин тутади. Китоб – қалбига эзгулик ва ҳиммат мавж уриб турган ҳар бир одам учун дўст, доимий ҳамроҳ, бир умрли жавоҳирлар хазинасидир.

Китоб мутолааси инсон ақли ва фикрлаш қобилиятини ривожлантиради, хотирани мустаҳкамлайди. Вақтни мазмунли ва фойдали ўтказишда ҳам китобдек ишончли восита йўқ. Мавзу ва йўналиш жиҳатдан ранг-баранг, қизиқарли китобларни ўқиш, бадиий ҳам илмий-оммабоп китобларни мутолаа қилиш инсоннинг ҳаётга турли ракурсда қарашига имкон яратади. Китоб мутолааси билимни оширибгина қолмай, саломатликка ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Мутолаа, аввало, мия фаолиятини кучайтиради. Тадқиқотчилар мутолаанинг таъсир кучи жисмоний машқлардан кам эмаслигини таъкидлайди.

Етук бадиий асарларни тарғиб қилиш ёш авлодни комил инсон қилиб тарбиялаш ва унда юксак маънавий фазилатлар, пок инсоний туйғуларни шакллантиришда зиё масканларининг ўрни ниҳоятда юксакдир. Кўриш бўйича жисмоний жиҳатдан имконияти чекланган фуқаролар учун дунёқарашини, онгу тафаккурини маърифат ила нурафшон қилиб келаётган Бухоро вилоят кўзи ожизлар махсус кутубхонаси ана шундай муқаддас масканлар сирасига киради.

1965 йилнинг сентябр ойида Абу Али ибн Сино номидаги вилоят кутубхонаси қошида кўзи ожиз китобхонларга хизмат кўрсатувчи, Брайль ёзувидаги бўртма нуқтали адабиётлар тарғиботи билан шуғулланувчи бўлим ташкил этилди. Ўша пайтда бўлим жамғармасида 53 номда бўртма нуқтали адабиётлар мавжуд эди. Орадан бир оз фурсат ўтиб махсус адабиётлар сони 307 донага етди. Кўзи ожиз китобхонлар ўртасида бўртма нуқтали адабиётларни ўқишга бўлган талабнинг кўплиги ва кўриш бўйича имконияти чекланган ногиронлар маънавиятини янада юксалтиришга бўлган эътибори сабабли, 1971 йилда кўзи ожизлар учун алоҳида Бухоро шаҳар кўзи ожизлар кутубхонаси ташкил этилди ва унга рус ёзувчиси Николай Островский номи берилди. Шундан сўнг Бухоро вилоятининг Вобкент, Шофиркон, Ғиждувон, Қизилтепа, Навоий ва Навбаҳор туманларида ҳам бирин кетин кўзи ожизлар маънавиятини юксалтиришда камарбаста бўладиган зиё масканлари фаолият кўрсата бошлади.

2004 йилнинг 16 декабрида Бухоро шаҳар кўзи ожизлар кутубхонаси негизида Бухоро вилоят кўзи ожизлар махсус кутубхонаси ташкил этилди. 2005 йилнинг январидан бошлаб зиё масканида «Китобхонларга хизмат кўрсатиш», «Китобларни бутлаш ва уларга ишлов бериш», «Ахборот ва библиография» ҳамда «Болалар ва ўсмир-ёшлар билан ишлаш» бўлимлари китобхонларни ақлан ва маънан улғайишига хизмат қила бошлади.

Кутубхонанинг 50 кишига мўлжалланган қироатхонаси ҳар доимо турли ёшдаги китобхонлар билан гавжум. Зиё масканида фойдаланувчиларнинг турли қатламлари учун тезкор ахборот олишнинг барча қулай шарт-шароитлари муҳайё қилинган. Кутубхона бўлимларидаги замонавий компьютерларда кўзи ожиз китобхонлар бемалол фойдалана оладиган «JAWS» дастури ўрнатилган.

Бугунги кунда кутубхона жамғармасида

2 800 дона бўртма нуқтали Брайль ёзувидаги, 2 010 дона аудиовизуал, 550 дона аудио дисклар, 5 200 дона ясси босмадаги адабиёт, 9 номдаги газета ва 9 номдаги журналлар ҳам муштарийлар ҳукмига ҳавола қилинган. Зиё масканидан 2 000 га яқин кўзи ожиз ва бошқа турдаги ногиронлар, ўқувчи-ёшлар баҳраманд бўлишмоқда. Шунингдек, вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси учта тумандаги махсус кутубхоналарга услубий марказ вазифасини ўтайди. Жумладан, Вобкент туман кўзи ожизлар кутубхонасининг жами адабиётлари сони 3 400 дона, китобхони 750 нафар, Шофиркон туман кўзи ожизлар кутубхонасининг жами адабиётлари сони 8 040 дона, китобхони

1 000 нафар, Ғиждувон туман кўзи ожизлар кутубхонасининг жами адабиётлари сони

8 900 дона, китобхони 1 750 нафарни ташкил этади. Туманларда фаолият кўрсатаётган зиё масканларида ҳам маданий-маърифий тадбирлар, таниқли инсонлар билан мулоқот ва учрашувлар, китобхонлар анжуманлари, мавзуий-мусиқали кечалар, кўрик-танловлар доимий равишда юқори савияда ўтказилиб келинади. Вилоятнинг 8 та туманида зиё масканининг кўчма кутубхоналари ҳам фаолият кўрсатиб келмоқда.

Кутубхонанинг қироатхонаси ҳамда китобхонларга хизмат кўрсатиш бўлимида ясси адабиётларни Word форматига ўгириш, Интернетдан керакли маълумотларни кўчириб олиш ишлари бажариб келинмоқда. Шунингдек, аввалги вақтларда кассеталар ҳамда магнит тасмаларида ёзилган гапирувчи китобларни компьютер хотирасига киритиб, аудио диск шаклида китобхонларга туҳфа этиш ишлари самарали тарзда олиб борилмоқда. Жонкуяр ва малакали мутахассисларнинг китобхонларга кўрсатаётган хизматлари мақтовга лойиқ. Шу боис бу ер доим китобхонлар билан гавжум.

Ўтган йили давлат томонидан берилган

15 350 000 сўмлик маблағ ҳисобига 960 дона ясси, бўртма ҳамда аудиовизуал турдаги махсус адабиётлар олинган бўлса, жорий йилда бу мақсадлар учун 19 млн сўмлик маблағ сарфлаш кўзда тутилган.

Шунингдек, кутубхона жамоаси турли ма-даний-маърифий тадбирларни ўтказиш орқали кўплаб китобга қизиқувчиларни зиё масканига жалб қилмоқда. Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан «Шодлик маликаси шоҳисан, аёл», Наврўз байрами муносабати билан «Салом, Наврўз, салом, навбаҳор», Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан «Мангуликка муҳрланган эҳтиром», Болаларни ҳимоя қилиш халқаро куни муносабати билан «Фарзандлар камоли – юрт истиқболи», Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти ташкил топганлигининг қутлуғ 85 йиллиги муносабати билан «Жамият кўзи ожизлар ҳаётида», «Жамият фидойилари» номли давра суҳбатлари ҳамда маърузалар, севимли нашримиз «Бир сафда» журналининг 60 йиллиги муносабати билан «Қалбимизнинг ёрқин кўзгуси» номли кўргазма, «Бизга ёққан рукнлар» номли давра суҳбатлари ва адабий кечалар каби турли тадбирлар китобхонларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Кутубхона жамоасини кўп йиллардан бери бир муаммо қийнаб келмоқда. У ҳам бўлса, кутубхона ўз тасарруфидаги бинога эга эмас. У Бухоро шаҳар 57 мактабгача таълим муассасаси биносида ижара асосида фаолият кўрсатаётганидадир. Биз умид қиламизки, Бухоро вилоят кўзи ожизлар махсус кутубхонаси яқин кунлар ичида ўз тасарруфидаги замонaвий бинога эга бўлади ва китобхонларга бунданда юксак, бунданда аъло даражада хизмат кўрсатади.