Abstract. This paper examines the role and significance of the International Baccalaureate (IB) program within the context of the global transformation of modern education. The author provides a detailed analysis of the four-tiered IB structure (PYP, MYP, DP, and CP) along with its core academic pillars, including the Theory of Knowledge, CAS, and the Extended Essay. Drawing on global research the study demonstrates the high efficiency of IB programs regarding student academic performance, undergraduate retention rates, and admission success into the world’s TOP-100 universities. Special emphasis is placed on the development of authorized IB World Schools in Uzbekistan, such as Tashkent International School, Oxbridge International School, the British School of Tashkent, and Invento. Through the case study of Oxbridge International School, the paper reveals the synergetic effect of combining national state curriculum standards with international frameworks, fostering the successful integration of Uzbek youth into the global scientific and educational space.
Keywords: International Baccalaureate (IB), Diploma Programme, global education, educational transformation, critical thinking, academic performance, top-tier universities, “Oxbridge International School”, human capital.
Аннотация. Ушбу мақолада замонавий таълимнинг глобал трансформациясида Халқаро Бакалавриат (IB) дастурининг роли ва аҳамияти таҳлил қилинади. Муаллиф IB тизимининг тўрт босқичли тузилишини (PYP, MYP, DP, CP) ҳамда унинг Билиш назарияси, CAS ва диплом иши (кенгайтирилган эссе) каби асосий академик компонентларини атрофлича ёритиб беради. Халқаро статистик маълумотлар асосида, IB дастурларининг талабалар академик ўзлаштиришига, олий таълим муассасаларининг иккинчи курсида ўқишни давом эттириш кўрсаткичларига ҳамда битирувчиларнинг TOP-100 рўйхатидаги жаҳон университетларига муваффақиятли кириш имкониятларига қандай манфаатли таъсир кўрсатиши аниқ далиллар билан асосланган. Шунингдек, Ўзбекистондаги IB муассасалари тармоғи, жумладан, “Oxbridge International School” тажрибасига алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу таълим мажмуаси мисолида давлат таълим стандартлари ва халқаро дастурларни уйғунлаштиришнинг самараси очиб берилган бўлиб, бу маҳаллий ёшларнинг глобал илмий-таълим маконига муваффақиятли интеграциялашувига хизмат қилади.
Калит сўзлар: Халқаро Бакалавриат (IB), Diploma Programme, глобал таълим, таълим трансформацияси, танқидий фикрлаш, академик ўзлаштириш, “Oxbridge International School”, инсон капитали.
Бугунги шиддат билан ривожланаётган юқори технологиялар ва рақамли трансформация эҳтиёжга айланган XXI асрда таълим тизимини модернизация қилиш дунёнинг ҳар бир давлати учун стратегик аҳамиятга эга бўлган устувор вазифадир [1]. Замонавий жамият биздан таълимнинг мазмун-моҳиятини тубдан ўзгартиришни, ёшларни мустақил, танқидий ва креатив фикрлай оладиган, шароитларга мослашувчан глобал фуқаролар бўлиб етишишларини талаб этмоқда [2]. Дунё миқёсида мана шундай юқори трансформация талабларига тўлиқ жавоб берадиган ва мустаҳкам методологик пойдеворга эга бўлган таълим моделларидан бири, шубҳасиз, Халқаро Бакалавриат (International Baccalaureate – IB) тизимидир [3].
Ушбу маърузада Халқаро Бакалавриат тизимининг жадал ривожланиш тамойилларини, унинг академик тузилишини, сўнгги ўн йиллик давомида ўтказилган илмий тадқиқотлар натижаларини ҳамда ушбу халқаро моделнинг Ўзбекистон таълим маконига интеграциялашуви хусусиятларини атрофлича ва комплекс тарзда таҳлил қиламиз [8].
Халқаро Бакалавриат (IB) тизимининг яратилиш тарихи, фалсафаси ва концептуал асослари. Халқаро Бакалавриат таълим тизими 1960-йилларнинг охири ва 1970-йилларнинг бошида Швейцариянинг Женева шаҳрида, ЮНЕСКО ва “International Baccalaureate Organization” (IBO) нотижорат жамғармасининг бевосита саъй-ҳаракатлари билан вужудга келган [3]. Тизимни яратишдан кўзланган бирламчи мақсад – дунёнинг исталган мамлакатидаги университетлар томонидан бир овоздан тан олинадиган ягона, юқори стандартли, универсал мактаб ўқув дастурини шакллантириш бўлган. Вақт ўтиши билан бу лойиҳа глобал миқёсда дунёни яхшилашга ҳисса қўшадиган эрудицияли, изланувчан ва инсонпарвар ёшларни тарбияловчи йирик педагогик ҳаракатга айланди [1].
1968 йилда бор-йўғи 7 та мактаб билан тажриба тариқасида бошланган ушбу тизим, 2026 йилги расмий маълумотларга кўра, дунёнинг 150 дан ортиқ давлатида 5 500 дан зиёд нуфузли таълим муассасаларини қамраб олган [7]. Илмий кузатишлар шуни кўрсатадики, IB дастури бўйича ўқитиш сифати ва талаблари кўплаб ривожланган давлатларнинг миллий таълим стандартларидан сезиларли даражада устун туради [4]. Дастур инглиз, француз ва испан тилларида расмий равишда олиб борилади [3].
IB тизимининг фалсафий асоси инсон капиталини босқичма-босқич ва изчил ривожлантириш концепциясига қурилган бўлиб, у 4 та асосий таълим дастурини таклиф этади [8]:
• Primary Years Programme (PYP): 3 ёшдан 12 ёшгача бўлган болалар учун мўлжалланган бошланғич дастур [8].
• Middle Years Programme (MYP): 11 ёшдан 16 ёшгача бўлган ўсмирлар учун ўрта синф дастури [8].
• Diploma Programme (DP): 16 ёшдан 19 ёшгача бўлган юқори синф ўқувчиларини дунёнинг энг нуфузли университетларига киришга тайёрлайдиган диплом дастуридир [3].
• Career-related Programme (CP): 16 ёшдан 19 ёшгача бўлган ўқувчиларга амалий ва касбий йўналишдаги таълимни таъминлайди [7].
Академик дастурнинг мазмуни ва фанлар блокининг тизимли тақсимоти
Халқаро Бакалавриатнинг Диплом дастури (DP) қатъий белгиланган ва мувозанатлашган ўқув режасига эга. Унга кўра, ҳар бир ўқувчи махсус таснифланган 6 та асосий академик гуруҳдан 6 та фанни танлаб ўрганиши шарт [8]. Бу фанларнинг 3 таси чуқурлаштирилган даражада (HL – Higher Level, камида 240 ўқув соати) ва қолган 3 таси стандарт даражада (SL – Standard Level, камида 150 ўқув соати) ўзлаштирилади [3]. Фанлар гуруҳи академик йўналишлар бўйича қуйидагича тақсимланган [3]:
1-гуруҳ: А1 тиллари. Бу гуруҳда талабанинг она тили ва адабиёти ўрганилади (танлов учун 80 га яқин миллий тил мавжуд).
2-гуруҳ: Иккинчи тил. Хорижий тил сифатида ўрганилади ва даражасига кўра 3 тоифага бўлинади: А2, B ва ab initio (нолдан бошлаб ўрганилаётган янги тил).
3-гуруҳ: Инсон ва жамият. Гуманитар фанлар: фалсафа, иқтисодиёт, бизнес ва бошқарув, психология, жаҳон тарихи ва география.
4-гуруҳ: Экспериментал фанлар. Табиий фанлар: физика, кимё, биология ва экология тизимлар.
5-гуруҳ: Математика. Стандарт математика, амалий математика ва юқори қийинчиликдаги таҳлилий математика курслари. Компьютер технологиялари ва дастурлаш фанлари бу гуруҳда фақат қўшимча олтинчи фан сифатида танланиши мумкин.
6-гуруҳ: Ижодкорлик ва санъат. Рангтас-вир, мусиқа назарияси, хореография ва драма [3]. Талаба ушбу 6-гуруҳ ўрнига бошқа гуруҳлардан ўзи учун муҳим бўлган иккинчи қўшимча фанни танлаш ҳуқуқига эга.
Дастурнинг мажбурий марказий блоклари (Core Components) ва баҳолаш тизими. IB Дипломини олиш учун талаба нафақат 6 та фандан имтиҳон топшириши, балки қуйидаги учта марказий блокни тўлиқ бажариши шарт [8]:
Билиш назарияси (Theory of Knowledge - TOK): Бу фан ўқув режасида камида 100 академик соатни ташкил этади. У ўқувчиларда мантиқий ва танқидий фикрлашни шакллантиради. Курс якунида ҳар бир талаба 1200–1600 сўздан иборат таҳлилий эссе ёзади ва оммавий тақдимот қилади.
CAS (Creativity, Activity, Service - Ижодкорлик, Ҳаракат, Кўмак): Икки йиллик таълим давомида ҳар бир ўқувчи камида 150 соат вақтини мажбурий равишда ижтимоий, хайрия, спорт ва волонтёрлик лойиҳаларига ажратилиши шарт. Бу соатлар расмий равишда қайд этилиб, IB Бош офисига юборилади [3].
Диплом иши (Extended Essay): Ўқувчи ўзи танлаган фанлардан бири бўйича илмий раҳбар назорати остида ҳажми 4 000 сўздан иборат бўлган мустақил тадқиқот ишини ёзади [8].
Баҳолаш тизими: Танланган 6 та фаннинг ҳар бири энг юқори 7 баллик тизимда баҳоланади (максимал 42 балл). TOK ва диплом иши натижаларига кўра, ўқувчига қўшимча яна 3 бонус балл тақдим этилиши мумкин. Шундай қилиб, максимал натижа 45 баллни ташкил этади. Дипломни қўлга киритиш учун камида 24 балл тўплаш зарур. Талаблар бажарилмаса, диплом ўрнига фақат сертификат берилади [3].
Глобал тадқиқотлар натижалари ва академик самарадорлик таҳлили: IB Тадқиқотлар департаменти ва мустақил ташкилотлар томонидан олиб борилган кенг қамровли тадқиқотлар натижалари IB дастурининг юқори самарадорлигини статистик фактлар асосида исботлаб берди [5]. (Жадвал 1)
Дунёнинг етакчи илмий марказлари олиб борган педагогик кузатишлар натижасида қуйидаги устуворликлар аниқланди:
Глобал фикрлаш: Буюк Британияда ўтказилган тадқиқотлар [6] шуни кўрсатдики, IB ўқувчиларида фанлараро боғланиш ва муаммоларга глобал миқёсда ёндашиш қобилиятлари анча кучли шаклланади.
Академик ишонч: Илмий изланишларга кўра, IB битирувчилари олий таълим муассасаларида мустақил тадқиқот олиб бориш кўникмаларини анъанавий дастур вакилларига қараганда анча юқори намойиш этадилар. АҚШ ва Канада олимлари эса IB дастури талабалари билимни шунчаки ёдлаш эмас, балки мустақил изланиш орқали олинишини исботлашди.
Халқаро эътироф этилиш: Осиё минтақасида олиб борилган тадқиқотлар натижасига мувофиқ, Диплом дастури битирувчиларининг 71,6 фоизи дунёнинг энг нуфузли TOP-500 талик рўйхатига кирувчи университетларига муваффақиятли жойлашган.[5]
Ижтимоий масъулият: Шимолий ва Жанубий Америкадаги таҳлиллар CAS блоки талабаларни ички маънавий эҳтиёж ва инсонпарварлик йўлида волонтёрлик билан шуғулланишни ҳаётий одатга айлантиришига ёрдам беришини кўрсатди. [7]
Ўзбекистон таълим тизимида Халқаро Бакалавриат (IB) моделининг шаклланиши. Миллий таълим стандартларини жаҳон талабларига мослаштириш доирасида юртимиз таълим маконига IB тизими муваффақиятли интеграция қилинмоқда [1]. 2026 йилги расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда қуйидаги мактаблар расмий равишда “IB World School” мақомига эга [8]:

Tashkent International School (TIS): Юртимиздаги энг биринчи халқаро мактаб бўлиб, у IB тизимининг учта асосий босқичини (PYP, MYP ва DP) тўлиқ қамраб олган [2].
British School of Tashkent (BST): Юқори синф ўқувчилари учун элитар IB Диплом дастурини (DP) таклиф этади.
Invento Uzbekistan Халқаро мактаби: Юқори технологияларга асосланган инфратузилмаси шарофати билан 2024 йилнинг апрель ойида расмий равишда IB мақомини қўлга киритди.
Oxbridge International School: Давлат таълим стандартлари ва Халқаро Бакалавриат тизимини мукаммал уйғунлаштира олган етакчи хусусий таълим комплексидир.
Oxbridge International School: Миллий ва халқаро дастурлар.
2018 йилда Тошкент шаҳрида ташкил этилган “Oxbridge International School” таълим мажмуаси қисқа муддат ичида Ўзбекистоннинг илғор хусусий таълим муассасаларидан бирига айланди. Ушбу мактабнинг концептуал асоси Ўзбекистон Республикаси Давлат таълим стандартлари ва Халқаро Бакалавриат (IB) тизимининг ўзаро уйғунлигига қурилган бўлиб, битирувчиларга ҳам миллий аттестат, ҳам дунё миқёсида тан олинадиган IB дипломини олиш имкониятини беради.
Мактабда учта асосий мустақил йўналиш таълим занжирини ташкил этади: замонавий мактабгача таълим ташкилоти (Боғча), миллий дастур асосидаги Рус мактаби ҳамда таълим тўлиқ инглиз тилида олиб бориладиган халқаро IB мактаби.
Муассасанинг умумий майдони 1 гектардан ортиқ бўлган замонавий кампуси ўқувчиларнинг ҳам интеллектуал, ҳам жисмоний ривожланишини таъминлашга хизмат қилади:
• Кампус ҳудудида энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланган иккита йирик ўқув корпуси барпо этилган.
• Табиий ва аниқ фанларни амалий ўрганиш учун замонавий, илмий лабораториялар ҳамда ахборот технологиялари (IT) ва робототехника синфлари мавжуд.
• Ўқувчиларнинг мустақил изланишлари ва мутолаа маданиятини юксалтириш мақсадида бой кутубхона тизими йўлга қўйилган.
• Жисмоний тарбия ва соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш учун кенг қамровли очиқ ва ёпиқ спорт майдонлари ҳамда йил давомида узлуксиз фаолият юритадиган 2 та ёпиқ сузиш ҳавзаси ўқувчилар ихтиёрига берилган.
Халқаро педагоглар таркиби ва тил муҳити. Мактабда таълим сифатини юқори даражада ушлаб туриш ва ҳақиқий халқаро муҳитни яратиш мақсадида кучли инсон капитали шакллантирилган. Жумладан, мактабда АҚШ, Буюк Британия, Канада ва бошқа инглиз тилида сўзлашувчи давлатлардан таклиф этилган 20 дан ортиқ хорижлик малакали мутахассислар, экспертлар ва ўқитувчилар фаолият олиб бормоқда. Бу эса ўқувчиларга фанларни тўғридан тўғри хорижлик мутахассислардан ўрганиш ва инглиз тилини мукаммал ўзлаштириш имконини тақдим этади.
Глобал академик ва дипломатик платформалардаги муваффақиятлар
“Oxbridge International School” ўқувчилари глобал миқёсда дунёқарашни кенгайтириш, дебат ва етакчилик (leadership) кўникмаларини ривожлантириш йўлида дунёнинг энг нуфузли халқаро платформаларида мунтазам равишда иштирок этиб келмоқдалар:
Harvard Model Congress Asia (Сеул, Жанубий Корея): Мактаб жамоаси ушбу нуфузли халқаро анжуманда дунё сиёсати ва дипломатияси масалалари бўйича дебатларда қатнашиб, юқори нутқ маданиятини намойиш этдилар.
IB мактабида кутубхона фаолияти: “Oxbridge International School” Халқаро Бакалавриат (IB) тизимида кутубхона шунчаки китоб бериладиган жой эмас, балки бутун мактабнинг интеллектуал ва академик юрагидир (Media Center / Hub).
Бошқа анъанавий таълим тизимларидан фарқли ўлароқ, IB методологияси ўқувчилардан тайёр билимни ёдлашни эмас, балки мустақил ва чуқур изланишни талаб қилади. Бу жараёнда кутубхоначи асосий таълим координаторларидан бирига айланади.
Кутубхона IB дастурининг энг муҳим мажбурий компонентларини амалга оширишда бевосита пойдевор вазифасини ўтайди:
Диплом иши (Extended Essay - 4000 сўз): Юқори синф ўқувчилари ўз илмий ишларини ёзишда энг биринчи бўлиб кутубхоначига ва кутубхонага мурожаат қиладилар. Кутубхоначи шу ўринда ўқувчиларга мавзуга оид манбаларни топиш, уларни саралаш ва тизимлаштиришда бош устоз (mentor) бўлади.
Билиш назарияси (TOK): Ушбу фан доирасида билимнинг манбалари, ҳаққонийлиги ва турли соҳалардаги исботлари ўрганилади. Кутубхона эса фанлараро боғлиқликни таъминловчи энг бой ресурс маркази ҳисобланади.
Ахборот саводхонлиги:
Замонавий IB кутубхонаси нафақат босма китоблар, балки улкан глобал рақамли базалар марказидир. Кутубхона ходими ўқувчиларга ижтимоий тармоқдаги сон-саноқсиз маълумотлар ичидан керакли ва ишончли ахборотни саралаб олишда ёрдам беради. Мактаб кутубхонаси орқали ўқувчилар дунёнинг энг нуфузли илмий базаларига ва бошқа рақамли кутубхоналарга бевосита кириш имкониятига эга бўладилар. Хусусан, Raz-Kids – бу бутун дунёда, айниқса, Халқаро Бакалавриат (IB) ва инглиз тили чуқурлаштирилган мактабларда бошланғич синф ўқувчилари учун кенг қўлланиладиган энг машҳур халқаро рақамли кутубхона ва ўқиш платформасидир. Ушбу сайт боланинг инглиз тилида ўқиш, тинглаш ва тушуниш кўникмаларини босқичма-босқич ривожлантирувчи катта тизимдир.
IB кутубхоначиси учун аҳамияти:
IB тизимидаги мактабларда (масалан, PYP бошланғич дастурида) Raz-Kids рақамли кутубхона сифатида болаларнинг мус-тақил тадқиқотчилик (Inquiry) кўникмаларини ривожлантириш ва инглиз тилидаги сўз бойлигини мактабдан ташқарида, уйда ҳам мароқли тарзда ошириш учун энг севимли ва самарали воситалардан бири ҳисобланади.
Изланувчанлик (Inquirers): Кутубхона ўқувчида саволлар бериш ва уларга мустақил жавоб излаш иштиёқини уйғотади.
Мулоҳаза юритиш (Reflective): Шинам ва тинч кутубхона муҳити ўқувчиларга олган билимлари устида чуқур фикр юритиш, хулоса қилиш имконини беради.
Кўп тиллилик: IB дастури глобал фуқароларни тарбиялашни мақсад қилганлиги сабабли, кутубхона фонди ранг-баранг бўлиши шарт. Кутубхонада нафақат инглиз тилидаги, балки ўқувчиларнинг она тили (ўзбек, рус тиллари) ва бошқа хорижий тиллардаги бадиий ҳамда илмий адабиётлар кенг ўрин олади. Бу ўқувчиларда ҳам миллий ўзликни, ҳам умуминсоний қадриятларни бирдек ҳурмат қилишни шакллантиради.
Олий таълимга йўналтириш ва грантлар. Мактабда ўқувчиларни кичик ёшдан бошлаб мақсадли равишда халқаро IELTS ва SAT имтиҳонларига тайёрлаш тизими йўлга қўйилган. Бунинг натижасида мактаб битирувчилари дунёнинг энг нуфузли, жаҳон рейтингида TOP-100 ва TOP-500 таликка кирувчи олий таълим муассасаларига, жумладан, Буюк Британиянинг элитар университетлари ҳисобланган University of Edinburgh, King’s College London ва University of Glasgow каби олийгоҳларга тўлиқ ва қисман грантлар асосида қабул қилинмоқдалар. Бу эса муассасада берилаётган халқаро IB таълим дастурининг Ўзбекистон ёшлари учун глобал келажак эшикларини очишда нақадар юқори самарадорликка эга эканлигини яққол тасдиқлайди [8].
Хулоса қилиб айтганда, IB дастури билим бериш баробарида, ўқувчининг интеллектуал, эмоционал ва ижтимоий қиёфасини бир бутунликда ривожлантирувчи (холистик) ноёб педагогик тизимдир [4]. Юртимизда олиб борилаётган таълим ислоҳотлари даврида ушбу илғор халқаро методикаларни миллий стандартлар билан уйғунлаштириш (интеграция қилиш) стратегик заруратдир. Бу интеграция ёшларимизни нафақат билимли шахс, балки глобал фан-таълим маконида мустақил фикрлай оладиган, дунё билан беллашишга қодир ва янгилик ярата оладиган рақобатбардош етакчилар сифатида тарбиялашнинг мустаҳкам кафолати бўлиб хизмат қилади [8].
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
1. Smart School Узбекистан – Программа Международного Бакалавриата (IB): https://smartschool.uz/programma-ib/
2. World Schools – Best International Schools in Tashkent (Рейтинг и обзор): https://world-schools.comhttps://theboardingschools.ru/blog/vse-chto-nuzhno-znat-o-programme-international-baccalaureate-ib//ru/best-international-schools-in-tashkent/#q1
3. Global Dialog – Что такое программа Международного бакалавриата (IB): https://www.globaldialog.ru/articles/chto-takoe-ib/
4. Tutela Prep – Global Impact of IB Education and Research Findings: https://www.tutelaprep.com/blog/global-impact-of-ib-education/
5. International Baccalaureate Organization (Off icial Facebook Video) – Global research findings on the Diploma Programme statistics: https://www.facebook.com/IBO.org/videos/global-research-findings-on-the-diploma-programme/2553165398032855/
6. IBO Off icial Research PDF – Key findings from global research on the impact of IB programmes: https://ibo.org/globalassets/new-structure/research/pdfs/research-iba-key-findings-en.pdf
7. The Boarding Schools – Все, что нужно знать о программе International Baccalaureate:
8. Oxbridge International School (Off icial IB Website) – Международный бакалавриат в Ташкенте (Официальный сайт): https://ib.oxbridgeschool.uz/ru/
