Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари вазифасида фаолият олиб борган, бугунги кунда Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори лавозимида раҳбарлик қилаётган, филология фанлари номзоди, доцент Гулчеҳра Шавкатовна Рихсиева билан халқимизнинг, хусусан, ёшларимизнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш борасида олдимизда турган вазифалар, ахборот технологиялари тобора ривожланиб бораётган даврда мамлакатимиз тараққиётининг муҳим омилларидан бири бўлган – китобхонлик маданиятини шакллантиришга қаратилаётган эътибор каби долзарб масалаларда суҳбатлашдик.

Бугун жамиятимиз маънавий ҳаётининг юксалишида китобнинг ўрни, китобхонликнинг аҳамияти ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.

–Тафаккур инсоннинг бошқа мавжудотлардан фарқланиб туришини намоён этувчи буюк неъмат бўлса, китоб айнан мана шу неъматни инсонда сақлаб келувчи тенги йўқ воситадир. Инсоният пайдо бўлибдики, қайси жамиятда яшашидан қатъий назар, билимга эҳтиёж сезган, яралмишдан берилган тафаккур шуни тақозо этган. Бу тақозо, бу эҳтиёж китобни одамзоднинг доимий ҳамроҳига айлантирган. Инсониятнинг асрлар оша босиб ўтган йўлини синчиклаб кузатадиган бўлсак, энг қадимги даврлардан бошлаб у ўз ҳаётини ўзгартиришга, ривожланишга, бунинг учун воситаю робиталарнинг турли-туман шаклларини истифода этишга ҳаракат қилган. Бугунги кунгача бу интилиш инсонни ҳаракатда ушлаб туради. Аммо бу воситалар ичида китоб деб аталмиш бебаҳо хазинанинг тенги йўқ.

Бугунги кунда бутун дунёда глобаллашув жараёнларининг таъсири ҳеч бир халққа, миллатга таъсир этмай қолмаяпти. Ўзини ҳурмат қилган, миллатини, ўзлиги сақлаб қолишга интилган халқлар ёшларда маънавиятни тарбиялаш орқали бу хавфли кучга қарши бор имкониятини ишга солмоқда. Албатта, шарқда миллий анъаналарни сақлаб қолиш, маънавий дунёнинг сирларини ёшларга англатишга уриниш кўпроқ сезилади. Бу ишда катта авлод вакилларининг насиҳатлари, йўл-йўриқлари бир томон бўлса, тарих зарварақлари акс этган китоб иккинчи бир катта куч бўлиши аниқ. Айнан бу ҳолатда китобсиз тараққиётни тасаввур этиб бўлмайди. Тўғри, китоб ҳам ҳар хил бўлади, илмий, маърифий, бадиий ва ҳоказо. Унинг шакли-шамойили ҳам турли-туман. Аммо у бор ва у жамиятда доим ўрнига эга.

Бугунги кунда айнан Ўзбекистон мисолида айтадиган бўлсак, давлат миқёсида, биринчи раҳбаримиз томонидан ҳам маънавий юксалиш масаласи энг устувор масалалардан бири сифатида белгиланиб, бунга эришишнинг энг катта қуроли китоб эканлиги қайта-қайта таъкидланмоқда. Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббусдан бири ҳам айнан китобхонликни тарғиб этиш билан боғлиқ бўлса, яқиндагина она шаҳримиз марказида бунёд этилган «Адиблар хиёбони» ҳам адабиётга, китобга меҳр уйғотиш, буюк алломаларимиз меросини халқимиз, ёшларимиз юрагига жо этишдек эзгу мақсад билан йўғрилган. Бу мақсадга эришиш йўлида узлуксиз таълим тизимида, оилада, жамоаларда китобхонликни тарғиб этишга қаратилган ишларнинг тобора кенгайиб бораётганидан бир ўзбек зиёлиларининг вакили сифатида хурсанд бўламан. Чунки, бугун белгилаб берилган юксак марраларга китобсиз етиб бўлмайди. Китобсиз тараққиёт йўқ, китобсиз янги ҳаёт йўқ.

– Болалик, ўсмирлик даврингизда қайси китобларни ўқигансиз. Улар Сизда қандай таассуротлар уйғотган?

– Болалик давримда китоб энг яқин дўстим бўлган. Ҳамма тенгдошларим қатори китобларни қўлма-қўл қилиб ўқиганман. Мактаб кутубхонасида навбатда туриб китобларни галма-гал олиб ўқиган кезларимиз ҳамон эсимда. Ота-онам ҳар сафар маош олганларида уйга албатта китоб олиб келишлари, бу эса бизнинг келажагимиз учун қанчалик муҳим бўлганини бугун янада теран ҳис қиламан. (Бу одат талабалик йилларимизда яқин дугоналарим билан ҳар стипендия олган кунимиз биринчи бўлиб китоб дўконига боришимизга ва янги китоблардан сотиб олиб, ўқиш мусобақасини қилишимизга таъсир этган деб ўйлайман.) Болалигимда ўзбек, рус, афғон халқ эртаклари каби китобларни севиб ўқиганим, укаларимга қайта-қайта ўқиб берганимдан ёд бўлиб кетганини эслайман. Х.Тўхтабоевнинг «Беш болали йигитча» асарини мазза қилиб, таъсирланиб ўқиганман. Бизни китобга ошно бўлишимизда, мактабда Она тили ва адабиёт фани ўқитувчимиз Матлуба опа Нурматованинг ўринлари беъқиёсдир. Ўсмирлигимдан бошлаб адабиётга, шеъриятга қизиқишимни орттирган, ҳатто шеъриятда ва насрда ҳам ҳаваскор тарзда ижод билан шуғулланишимга сабаб бўлган инсон. Ўзим шифокорлар оиласида туғилиб ўсиб, дастлаб доктор бўлишни ўйлаган бўлсам, ҳаётда касбим филолог бўлишига сабабчи бўлган ҳам Устозим Матлуба опа бўладилар. 7-синфдан бошлаб газеталарда кичик мақолаларим, шеърларим, айрим ҳикояларим чоп этила бошлаган. Битирувчи синфларда Она тили ва адабиёт фанидан республика миқёсидаги фан олимпиаларида юқори ўринларни эгаллаганман. Бу жараёнларда энг кўп китоб ўқиган ўқувчи бўлишим зарур эди. Албатта, ўзбек, рус, жаҳон адабиётининг нодир асарларидан анчагинасини ўқиб, улардан парчалар ҳам ёд олган эдим, ўша пайтларда. Навоий, Бобур, Огаҳий, Фурқат, Увайсий, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов шеърлари тилимиз гўзалликларини англашга ўргатган бўлса, А.Қодирий, Чўлпон, А.Қаҳҳор, Ў.Хошимов, Ў.Умарбеков, Ч.Айтматов, А.Чехов, А.Пушкин асарлари инсон ва ҳаёт фалсафасини англашга ёрдам берган. Ёшлигимда кўп китоб ўқиганлигим ҳаётим давомида доим менга ёрдам берган. Шу пайтгача ҳар қандай вазиятда айнан китобдан олган билимларим орқали тўғри йўл топиб чиқиб кета олганман. Бунинг учун китобга меҳр уйғотган ва тўғри йўналтирган ота-онамдан ва уни тушунишга ўргатган устозларимдан миннатдорман.

– Ёшларимизга қайси ўзбек ёки жаҳон адибларининг асарларини ўқишларини тавсия қиласиз?

– Китобнинг яхши ёмони бўлмайди аслида. Инсонда тафаккур кенглиги китобни саралайди. Ҳар қандай китобни ўқиб кўриш керак, у инсонда хулосаларни чархлайди. Албатта, яхши китоб инсонни янада маънан юксалтиради. Ёшларимизга ўзбек тили ва адабиёти мутахассиси сифатида қайсидар китобни ажратиб айтишим ҳам мушкул. Аммо Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг шеърларидан бир қатра бўлса ҳам ёд билмаслик яхши эмас деб ўйлайман. Албатта ўқиб чиқиш керак бўлган китоблар қаторида Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» романи, Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз» романи, Абдулла Қаҳҳор ҳикоялари, Ўткир Ҳошимовнинг «Дунёнинг ишлари» қиссаси ва «Икки эшик ораси» романи, Саид Аҳмаднинг «Жимжитлик» романи, Мурод Муҳаммад Дўстнинг «Лолазор» романи, Тоғай Муроднинг «Отамдан қолган далалар» романи, Улуғбек Ҳамдамнинг «Мувозанат» романи тавсия қиламан. Токи ёшларимиз ўзбек халқи қандай тараққиёт йўлларни босиб ўтгани, қандай қийинчиликларни бошидан кечирганини ўқиб, ҳис қилишлари мумкин. Ўзликни англаш, ҳаётнинг қадрига етишни ўрганиш ҳам айнан китоблар орқали бўлади.

Жаҳон адабиётидан Пушкин, Чехов ва Есенин асарларини, Альбер Камю, Александр Дюма, Азиз Несин, Оноре де Бальзак асарларини ўқишни тавсия қиламан.

– Мумкин бўлса, ўзингиз кейинги пайтда қандай китоблар ўқиётганингиз ҳақида билмоқчи эдик.

– Яқинда Абу Ҳомид Ғаззолийнинг «Кимёи саодат» асарини ўқиб чиқдим. «Икки дунё саодатига элтувчи билим» деб номланган ушбу китоб инсоний фазилатлар, ибодатдан тортиб, турмуш одоби, кўнгилни ёмон хулқлардан поклашу, яхши хулқлар билан безаш ҳақидаги саҳифаларини ўқиб, орадан қанча асрлар ўтган бўлишига қарамай бу фикрларнинг ҳануз эскирмаганига шоҳид бўлдим. Одамзоднинг тарбияси учун азалдан китобнинг ўрни буюк бўлганига яна бир бор инондим.

Бугунги кунда талабалик йилларимда ўқиганим – менинг севимли китобларимдан бири Оноре де Бальзакнинг «Сағри тери тилсими» асарининг рус тилида таржимаси «Шагреневая кожа» романини ўқияпман.

– Китоб эзгуликлар эшигини очади, барча ёвузликларга қалқон бўла олади, деган тушунчани қандай изоҳлайсиз?

– Албатта китоб ҳақида халқ мақоллари, ҳикматли сўзлар, афоризмлар ниҳоятда кўп. Барчасининг моҳияти китоб инсоннинг қалб кўзини очиши, яхшини ёмондан фарқлаши, ҳаёти давомида эзгулик қилишга ундаши, ёвузликларни енгиши учун муҳим қурол бўлиши каби мазмун билан боғлиқ. Китоб ўқиган одамнинг билими кенг бўлиб, бундай инсонда турли қийинчиликларга дуч келган пайтда ҳам тўғри ечим топиш имкони ҳам кенг бўлади. Инсоният тарихида турли талотўплару урушлар кечган замонларда ҳам билим, китоб йўл кўрсатган, мафкуравий курашлар бўлган жараёнларда ҳам айнан китоб асосий қурол бўлган, тарихни билиш ҳам китоб орқалидир. Ҳозирги техника ва технологиялар ривожланган кунда ҳам ёшларнинг интернет тармоғи орқали ахборот оқимига шўнғиб кетаётганлиги кўпчилик ҳолатларда ёвузлик акс этган фильмларни кўришга қизиқиб қолаётганлари ачинарли ҳол. Нималарни кўриш ва ўқиш бўйича чегара қўйиб бўлмайди бугунги ахборот маконида... Бу ҳолатдан чиқиш учун ёшларда маънавий иммунитетни шакллантириш ва тарбиялаш, кўпроқ интернет тармоқларида ҳам китобларнинг замонавий шаклларини жойлаштириш, уларни ўқишга тарғиб этувчи рекламаларни кўпроқ жойлаштириш керак деб ўйлайман.

– Бугун Сиз рахбарлик қилаётган олий таълим даргоҳида ёшларимизнинг китобга бўлган муҳаббатларини ошириш борасида қандай тадбирлар амалга ошириляпти?

– Ҳамма олий таълим муассасалари қаторида бизнинг университетимизда ҳам бу борада турли йўналишларда тадбирлар ташкил этилмоқда. Китобхонлик танловлари, ғазалхонлик, шеърхонлик танловлари, ўтказилмоқда. Китобларни ўқиш ва таҳлил қилиш бўйича турли викториналар ташкил этилмоқда. Айниқса, пандемия шароитида ёшларнинг уйда қолиб алоҳида иқтидорлари ҳам намоён бўлгани, китобхонликка тарғиботларимиз самарасида онлайн танловларда ҳам фаол иштирок этганларини кўриб қувондим. Бугунги кунда Адиблар хиёбонида Президентимиз билан бўлиб ўтган суҳбатда университетимизга Муҳаммад Ризо Огаҳий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш вазифаси белгилаб берилганидан сўнг кенг қамровли ишлар бошлаб юборилди. Адиб, шоир ва таржимон Огаҳийнинг салмоқли меросини ўрганиш бўйича ҳар ҳафта унинг ҳайкали пойида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. Унинг шеърларини ўқиб, таҳлил қилишдан ташқари, талабаларимиз япон, корейс, хитой, араб, форс, ҳинд, урду тилларига таржима қилишга ҳам киришиб кетганлари ўзбек адабиётимизни хорижда ҳам тарғиб этиш йўлидаги муҳим қадамлар бўлади деб ўйлайман.

– Китобхонлар ўқиши учун қайси китобларни тавсия этасиз?

– Куни кеча бир дарслигимни чоп этиш мақсадида «Академнашр» нашриётига бордим. Нашриёт раҳбари Санжар Назаров билан китоб ва китобхонлик ҳақида узоқ суҳбатлашдик. Адабиётни, китобни севадиган ва қадрлайдиган бу инсонни жуда ҳурмат қиламан. (У билан филология факультетида кетма-кет ўқиганмиз, Санжар ҳам адабиётга меҳри сабаб ҳаётида китоб билан боғлиқ шу йўлни танлаган) Доимгидек янги нашрларни завқланиб таърифлаб, менга кўрсатиб чиқди ва албатта бир қучоқ китоб билан кузатди. Улар орасида янгидан янги китоблар, мен билмаган, эшитмаган муаллифлар ҳам талайгина... Санжарнинг мунтазам ўз устида ишлаши, янги таржималарни қидириб топиши ва китобнинг замонавий дизайнига бўлган интилишлари ҳам мени жуда қувонтиради... Катта бойлик билан ишхонамга қайтдим... Иш столим устига қўйган янги китобларни хонамга кирган ходимларимнинг «Вой, янги китоблар олиб келдингизми...» деб, қизиқиб варақлаб, «Менга ҳам бунисини бериб туринг» деган гапларини эшитиб, қувондим: китобни яхши кўрадиган инсонлар кўп атрофимда... Демак, биз албатта тўғри йўлдамиз... ривожланиш йўлида...

Айтмоқчи, янги олиб келган китобларим орасидан испан тилидан таржима қилинган Хорхе Луис Борхеснинг «Ал-муҳтасимга яқинлашув» китобини танлаб ўқий бошладим...

– Ўзбекистон Миллий кутубхонасига кўп бора ташриф буюргансиз, шунингдек, жаҳонннинг энг нуфузли кутубхоналарида китобхонларга яратилган имкониятлардан ҳам яхши хабардорсиз, шулардан келиб чиқиб кутубхонамизда яна қандай шароитларни яратишимиз керак деб ўйлайсиз?

– Ҳа албатта, Миллий кутубхонамиз бугунги кунда замоанвий талаблар асосида кенгайиб, унинг фонди ҳам бойиб бормоқда. Китобхонлар учун яратилган шароитлардан талабаларимиз, хусусан ёшларимиз самарали фойдаланишлари зарур. Биз талаба бўлган пайтда бу каби қулай кутубхонада эмас, балки кунлаб, соатлаб буюртмамизни кутадиган, шароитлар етарли бўлмаган хоналарда, каталогларнинг орасида қанчадан қанча вақт кетказиб ишлар эдик. Қидирган китобимизни анча заҳмат билан қўлга киритар эдик, кўзга суртиб, тушликка ҳам вақт қизғаниб, сумкамизга солиб олган бир бурда нон билан ўқув залида китоб устида кун ўтказардик. Шундай бўлса ҳам, илмий китоблар билан дўстлашиб кун ўтказган ўша пайтлар мен учун ҳаётимнинг энг қадрли дамлари бўлиб қолади... Ҳозирги шароитлар, айниқса, дунёнинг нуфузли университетлари кутубхоналаридаги каби электрон каталогларнинг мавжудлиги, илмий ресурслар базаларидан бемалол фойдаланиш имкониятлари ёшларимизга жуда кўп қулайликларни бермоқда. Улар фақат ва фақат изланиши, ўқишлари керак. Кутубхоналарнинг узлуксиз ишлаши, кеч соатларда ҳам очиқ бўлиши ҳозирги кунда хорижий тажрибада мавжуд. Бизнинг кутубхоналарда ҳам шундай имкониятларни яратиш зарур деб ўйлайман.

– Самимий суҳбат учун раҳмат!

Суҳбатдош Даврон Мансуров