Annotation: This article is devoted to the history of the creation of books, the stages of development of the field of librarianship and its current level. Important information and news about the importance of books, including fiction, in the life of young people will also be mentioned. In addition, relevant ideas about the possibilities of using new information technologies were revealed, which serve to further improve the activities of information and library institutions. Improvement of the activities of libraries using Internet resources, development of innovative forms of service, and increasing the interest of young people in reading books and fiction literature were discussed.
Key words: literary, ancient, understanding, generalization, development path, legitimacy, propaganda, artistic thinking, imagination, formation, rare works, culture of reading.
Аннотация: Данная статья посвящена истории создания книг, этапам развития области библиотечного дела и его современному уровню. Также будет упомянута важная информация и новости о значении книг, в том числе художественных, в жизни молодежи. Кроме того, были выявлены и актуальные представления о возможностях использования новых информационных технологий, которые служат дальнейшему совершенствованию деятельности информационно-библиотечных учреждений. Обсуждались совершенствование деятельности библиотек с использованием интернет-ресурсов, развитие инновационных форм обслуживания, повышение интереса молодежи к чтению книг и художественной литературы.
Ключевые слова. литературный, древний, понимание, обобщение, путь развития, легитимность, пропаганда, художественное мышление, воображение, формирование, редкие произведения, культура чтения.
Аннотация: Ушбу мақолада китобларнинг яратилиши тарихи, кутубхонашунослик соҳасининг ривожланиш босқичлари ҳамда ҳозирги кундаги даражаси ҳақида тўхталиб ўтилади. Шунингдек, китоблар, жумладан, бадиий адабиётларнинг ёшлар ҳаётида тутган аҳамияти хусусида муҳим маълумотлар ва янгиликлар айтиб ўтилади. Қолаверса, ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилаётган янги ахборот-технологияларидан фойдаланиш имкониятлари борасида ҳам долзарб фикрлар ўртага ташланган. Кутубхоналар фаолиятини интернет-ресурслардан фойдаланган ҳолда такомиллаштириш, хизмат кўрсатишни инновацион шаклларини ривожлантириш натижасида ёшларнинг китоб ўқишга ва бадиий адабиётларни мутолаа қилишига бўлган қизиқишларини ошириш масалаларига тўхталиб ўтилган.
Калит сўзлар: адиб, қадимий, англаш, умумлаштириш, тараққиёт йўли, қонуният, тарғибот, бадиий тафаккур, тасаввур, шаклланиш, нодир асарлар, китобхонлик маданияти.
Барчамизга маълумки, мамлакатимиз ёшлари келажакка ишонч билан қарайдиган, улкан чўққиларни эгаллашга ҳаракат қиладиган, ватан равнақи учун ҳисса қўшишга тайёр ҳолатда камолга етиши лозим. Шу боис, юртимизда ёшлар сиёсатига1 алоҳида аҳамият қаратилиб, ёшларни илм-фанга кенг жалб қилиш, улар илгари сурадиган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш механизмини жорий этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори қабул қилинган2.
Президентимиз томонидан таъкидланганидек: Биз Абдулла Авлонийнинг «Тарбия биз учун-ё ҳаёт ё мамот, ё нажот-ё ҳалокат, ё саодат-ё фалокат масаласидир» деган сўзларини кўп бора эсга оламиз. Бироқ унга эътибор қилиш у ёқда турсин, кўп ҳолларда бу даъватнинг моҳияти ва аҳамиятини тушунтириб ҳам беролмаймиз. Бошқача айтганда, ушбу тизимнинг сифати бугунги ва эртанги ҳаётимиз даражасини белгилаши керак. Бу борада миллий таълим-тарбия тизимини шакллантиришда бир омил борки, уни рўёбга чиқариш учун фақат истак, маблағ, вақтнинг ўзи кифоя эмас3. Шу ўринда ёшларимиз орасида китоб ўқишга бўлган қизиқиш ва интилишни камайиб бораётганини ҳам қайд этиш жоиздир. Бунинг сабабини эса XXI аср компьютер технологиялари асри бўлгани учун ёшларимиз кўпинча интернет ва бошқа ижтимоий тармоқлар билан оввора бўлиб қолаётгани билан ҳам изоҳлаш мумкин. Ёшларимизни бадиий адабиётга бўлган қизиқишини кучайтириш орқали уларни мана шундай ўргимчак тўридан қутқаришга эришилиши мумкинлиги ҳам айни ҳақиқатдир. Китобхонлик маданиятини юксалтириш мақсадида муҳтарам юртбошимиз Ш.Мирзиёев илгари сурган беш ташаббуснинг аҳамияти ҳақида айтиш жуда ўринли бўлади. Мазкур беш ташаббуснинг тўртинчиси ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилгандир. Айниқса, турли зиддиятлар кучайиб бораётган бугунги дунё манзараларида ёшларимизнинг маънавий иммунитетини кучайтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, ҳар қачонгидан ҳам долзарброқ эканини замоннинг ўзи кўрсатиб турибди. Президентимиз ўз сўзларида шундай дейди: «Ўз уйингизни, ўз болангизни ўзингиз асранг» Бу шиор, бу даъват ҳеч қачон кун тартибидан тушмаслиги керак4.
Дарҳақиқат, маданиятли кишини тарбиялашда санъат ва адабиётнинг аҳамияти анча юксак эканлигини эътироф этишимиз даркор. Китобхонлик маданиятини юксалтиришнинг асосий мақсади ҳам маданиятли кишини тарбиялашга қаратилганлиги билан изоҳланади. Биламизки, бадиий адабиёт жуда бой ва қадимий тарихга эга ҳисобланади. Унинг ўзига хос шаклланиш ва тараққиёт йўли, ривожланиш қонуниятлари бор. Буларни ҳис этиш, англаш ҳамда тарғиботини тўғри йўлга қўйиш учун унинг тарихини пухта ўрганиш зарур. «Китоб-маданий ва илмий-техникавий тараққиётнинг қудратли воситаси, билим ва маърифатнинг бой манбаи. Инсон тафаккурининг энг катта ютуқлари, доҳиёна илмий ғоялар, ажойиб технологик кашфиётлар китоб орқали ёруғлик юзини кўрган. Китоб ёрдамида инсоният ўз серқирра фаолиятининг барча жабҳаларида тажриба тўплаган, ўз билимини келажак авлодларга қолдирган, тараққиёт йўлидан олға силжиган. Одамлар китобнинг беқиёс маданий, илмий, маърифий ва тарбиявий ролини муносиб баҳолаганлар»5.
Бадиий адабиётни идрок этиш китобхоннинг тасаввур қилиш қобилияти билан боғлиқ. Бу хусусият ўқувчида қувонч ҳиссини шакллантиради. Бундан роҳатланиш қанчалик юқори бўлса, бадиий асарда тасвирланган воқелик, руҳуй ва ижтимоий муаммолар ўқувчиларнинг ақлий ва ҳиссий дунёсини ривожлантиради. Шунингдек, нутқ маданиятини шакллантиради ва оширади ҳамда ижодий фикрлаш қобилиятини ўстиради. Бадиий адабиётнинг тарбиявий аҳамияти китобхоннинг маънавиятини, эстетик дидини, бадиий адабиётга тўғри муносабатини тарбиялаш, асар ҳақида мустақил фикр юритишни шакллантириш, китобхонда оғзаки ва ёзма нутқини тарбиялашда намоён бўлади. Китобда акс этган асар воқеликни ҳаққоний ёрқин образлар мисолида характерларни очиб бериши билан китобхонда энг яхши инсоний, ҳаққоний ва ахлоқий фазилатлатларни тарбиялайди. Энг муҳими, ҳаёт гўзаллигини идрок этишга ўргатади.
Афсуски, кўпчилик ёшлар китоб ўқишни билмайди, аксинча, китоб мутолааси билан банд бўлганларнинг ҳам аксарияти китобни нима учун ўқиётганини тузукроқ тушуниб етмайди. Шу боис, ахборот-кутубхона муассасалари олдига ҳам шахсга, хусусан, ёшларга эътиборни кучайтириш, уларнинг умуммаданий даражасини ошириш, маънавиятини юксалтириш, одоб-ахлоқ жиҳатдан тарбиялаш каби вазифалар қўйилмоқда. Бу эса, аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатишнинг сифат жиҳатдан янги тизимини яратиш, кутубхоналарда сақланаётган миллий маданий меросни асраб-авайлаш ва бойитиш, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ҳисобига ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш каби вазифаларни бажаришни тақозо этади. Китобхонлик маданиятини ва бадиий адабиёт тарғиботини юксалтиришда ахборот -кутубхона муассасалари муҳим ўринга эга. «Кутубхонашунослик - босма нашрлардан жамоатчиликнинг фойдаланиш мақсадлари, тамойиллари, мазмуни, тизими ва шаклларини ўрганадиган фан тармоғи ҳисобланади. Кутубхонашуносликнинг вазифаси кутубхоначилик иши назариясини ривожлантириш, уни ижтимоий ҳодиса сифатида ривожланиш қонунларини таҳлил қилиш, кутубхоналарни ижтимоий, иқтисодий ва маданий тараққиётдаги ўрнини ўрганишдан иборат»6. Шу ўринда, яна бир аҳамиятга молик жиҳат хусусида тўхталиб ўтишни жоиз билдик. Агар инсоният томонидан яратилган ёзувлар, китоблар бўлмаганида одамлар ўзининг ўтмишини, билим, донолик ва ҳикматларидан бехабар, илм-фан ҳам бу даражада тараққий этмаган бўлар эди, назаримизда. Ҳозирги замон китоблари туфайли қадим даврлардаги кутубхоналар, уларнинг фондидаги асарларнинг мазмунидан бохабар бўлмоқдамиз. Шунингдек, каталог ва картотекалар тизими, кутубхона хизмати кўрсатишнинг сифати ҳақидаги маълумотларни ўрганмоқдамиз.
Хусусан, эрамиздан аввалги асрларда кутубхоналарнинг сопол тахтачаларда битилган қўлёзма бойликлари Оссурия-Бобил маданиятини тушунишга йўл очган. Ўша давр кишиларининг қизиқишлари, интилишлари, ҳаёт даражаси ҳақидаги маълумотни билмоқдамиз. Бизгача етиб келган жуда кўп турк, форс, араб тилларидаги қўлёзма китоб-
лар, тарихий шахслар ҳақидаги адабий манбалар орқали Марказий Осиёнинг қадимги сулолавий китоб фондлари, кутубхоналари, шахсий китоб тўпламлари бўлганлигидан хабардормиз. «Ўзбекистонда «Кутубхонашунослик» фанининг шаклланиши ва ривожланиши Евгений Карлович Бетгер номи билан боғлиқ. Е.К.Бетгер 1887-йил 30-июнда Тошкент шаҳрида туғилиб, 1905-йили Тошкент эркаклар гимназиясини, кейин Москва, Генделберг, Киев университетларини тугатган. 1920-1924-йиллари Ўрта Осиё давлат университетининг шарқ факультетини тугатади ва шарқ тиллари бўйича етук мутахассис бўлиб етишади»7.
Дарқақиқат, шуни ҳам айтиш лозимки, кутубхоналарда инсоният эришган барча илмлар, турли фан соҳалари бўйича шаклидан, хилидан, туридан, тилидан қатъи назар, адабиётлар тўпланган. «Кутубхона – ахборот, маълумот, билимга нисбатан ижтимоий эҳтиёжларнинг индивидуал ва оммавий тарзда муайян фонд орқали қондирилишини таъминловчи махсус муссасадир»8 Кутубхоналар кишилар қалбида эзгулик, яхшилик, саховат, садоқат, меҳр-муҳаббат, оқибат сингдиришга хизмат қилган. Зулматга, нодонликка, жаҳолатга қарши курашга ундаган. Манбаларда Сомонийлар, Хоразмшоҳлар, Қорахонийлар ва Мўғулларнинг Марказий Осиёга бостириб кирган даврида салжуқийлар давлатидаги жуда бой китоб хазиналари, Шаҳрисабз, Самарқанд ва Ҳиротдаги Темур ва темурийлар кутубхонаси, Бухорода Шайбонийлар ва Аштархонийлар кутубхонаси, Қўқон, Хива ва Бухоро хонликлари кутубхоналари машҳур бўлганлиги қайд этилади. Жами ихтиролар, кашфиётлар, тараққиёт даражаси ҳам китоблар туфайлидир. «Китоб ҳар қандай билимнинг жони ва юраги, ҳар қандай фаннинг ибтидосидир», деган эди немис ёзувчиси С.Цвейг. Китоблар барча замонлар учун энг зарур нарса, қалблар малҳами, билимлар хазинаси, донишмандлик чашмаси бўлган ва бўлиб қолаверади. «Кутубхонанинг мавжудлиги, яъни кутубхона хизматлари ва маҳсулотларини яратиш фаолияти ягона жараён бўлиб, асосий, ёрдамчи (таъминотчи) ва бош-
қарув фаолиятини ўз ичига олади. Кутубхонанининг асосий фаолияти-бу ўзаро ахборот таъсири ўтказиш жараёнидир. Кутубхонада кутубхоначи, фойдаланувчи ва ҳужжат ўртасида муайян муносабатлар тизими шаклланади».9
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, китоблар кишилик жамияти тарихи йиғиндиси сифатида инсоният бутун борлиғининг буюк ҳужжатлашган гувоҳи бўлиб яшаб келмоқда. Ўз навбатида, замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан фойдаланган ҳолда жамият аъзоларини, айниқса, ёш авлодни асрлар давомида яратилган бадиий адабиёт намуналари билан кенг таништириш ва уларга бўлган қизиқишни шакллантириш ҳамда ушбу асарларни тарғиб қилиш, бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. Ҳар бир киши бемалол фойдалана олиши учун кутубхоналар ҳаммабоп бўлиши керак. Шунингдек, бугунги кутубхоначи дунё миқёсида кутубхоналар фаолиятида амалга оширилаётган энг сўнгги янгилик ва ютуқлардан бохабар бўлиши даркор. Қолаверса, муштарийлар сўраган китобни шунчаки, жавондан олиб бериш билан чекланмасдан, замон ҳамда ёшларнинг талабини тезда англаши, уларга тўғри маслаҳат ёки таклифини берадиган даражада заковатли шахс бўлиши, ижтимоий медиа воситаларидан кенг миқёсда ва ўринли фойдаланишни билиши керак. Интернетда кутубхоналар хизматлари, ресурслар ва дастурларни самарали тарғибини йўлга қўйилиши ёшларни китобларга бўлган қизиқишини оширади. Кутубхона мутахассислари томонидан ижтимоий тармоқларда, кутубхоналар ҳаёти ҳамда китоблар ҳақида сўзловчи кўплаб жонли ҳикояларни жойлаштириб борилса, у ҳам кутулган натижаларини намоён этади. Кутубхоначилар ва фойдаланувчиларнинг интерактив мулоқоти давомида туғилган ғоялар, таклифлар кутубхона-ахборот амалиётида, албатта, қўлланилиши даркор.
Демак, кутубхоналар фаолиятини интернет-ресурслардан фойдаланган ҳолда такомиллаштириш, кутубхона кадрларининг малакасини мунтазам ошириш, хизмат кўрсатишни инновацион шаклларини ривожлантириш натижасида ёшларнинг китоб ўқишга ва бадиий адабиётларни мутолаа қилишига бўлган қизиқишини оширилишига эришилади.
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Ўзбекистон Республикасининг «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Қонуни. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016- й., 37-сон, 426-модда; 2017-й., 24-сон, 487-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.07.2018 й, 03/18/486/1559-сон. URL: https://www.lex.uz/docs/3026246.
2. Ёшларни илм-фан соҳасига жалб этиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида. Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарори. Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.08.2019 й, 07/19/4433/3673-сон. URL: https://lex.uz/docs/4494504.
3. Мирзиёев Ш. Миллий тикланишдан-миллий юксалиш сари. «Мактаб таълимни ривожлантириш биз учун умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айланиши зарур». – Тошкент: Ўзбекистон НМИУ, 2020.
4. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. Биринчи жилд. Тошкент: 2000.
5. Ахунжанов Э. Кутубхонашунослик, архившунослик, китобшунослик: назрияси ва тарихи. –Тошкент: «Тафаккур бўстони», 2011.
6. Бердиева З. «Кутубхонашунослик». –Тошкент: «Илм зиё», 2014.
7. Давлатов С., ва бошқ. «Кутубхонашунослик»: Ўқув қўлланма. –Тошкент: 2021.
___________
1 Ўзбекистон Республикасининг «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Қонуни. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016-й., 37-сон, 426-модда; 2017 й., 24-сон, 487-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.07.2018-й., 03/18/486/1559-сон. УРЛ: ҳттп://www.лех.уз/доcс/3026246.
2 Ёшларни илм-фан соҳасига жалб этиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида. Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарори. Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.08.2019-й., 07/19/4433/3673-сон. УРЛ: ҳттп://лех.уз/доcс/4494504.
3 Ш.Мирзиёев. Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари. «Мактаб таълимни ривожлантириш биз учун умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айланиши зарур». Ўзбекистон. НМИУ, 2020-йил. –Б.148.
4 Ш.Мирзиёев. Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари. «Мактаб таълимни ривожлантириш биз учун умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айланиши зарур». Ўзбекистон. НМИУ, 2020-йил. –Б.141.
5 Э.Ахунжанов. Кутубхонашунослик, архившунослик, китобшунослик: назрияси ва тарихи. Т.: «Тафаккур бўстони», 2011. -Б. 520.
6 Ўзбекистон миллий энциклопедияси. Биринчи жилд. Тошкент: 2000-йил.
7 З.Бердиева «Кутубхонашунослик». Тошкент: «Илм зиё», 2014-йил.
8 С.Давлатов ва бошқ.Кутубхонашунослик. (ўқув қўлланма). Тошкент: 2021 йил. 36-б.
9 С.Давлатов ва бошқ.Кутубхонашунослик. (ўқув қўлланма). Тошкент: 2021-йил. 72-б.
