Annotation: This article provides a systematic study of the process of forming a reading culture, analyzing the current situation and prospects for its development, considering the possibilities of applying foreign experience and taking into account national characteristics, peculiarities of forming a reading culture among adolescents, problems and ways to solve them, activating reading processes, evaluating it as an integral part of the concept of general cultural development, an approach considering reading processes as the most important link in the education of young people within the framework of the national idea, Information is given on the relevance of the formation of ways to improve them systematically and on the work that should be carried out in this direction.

 

Keywords: reading culture, spiritual need, family reading, analysis of a work of art, cultural speech, text composition, information environment.

 

Аннотация: Ушбу мақолада  мутолаа маданиятини шакллантириш жараёнини тизимли ўрганиш, мавжуд ҳолатни ва унинг ривожланиш истиқболларини таҳлил қилиш, хорижий
тажрибаларни қўллаш имкониятларини кўриб чиқиш ва бунда миллий ўзига хосликларни  эътиборга олиш, мутолаа маданиятининг ўсмир-ёшларда шаклланишининг ўзига хосликлари, муаммолари ва ечими, мутолаа жараёнларини фаоллаштириш, уни умуммаданий тараққиёт концепциясининг узвий қисми сифатида баҳолаш, ёндашиш, мутолаа жараёнларига миллий ғоя доирасида ёшларни тарбиялашнинг муҳим бўғини сифатида қараб, уларни тизимли равишда такомиллаштириш йўлларини шакллантиришнинг долзарблиги ва бу борада амалга оширилиши керак бўлган ишлар ҳақида маълумотлар берилган.

 

Калит сўзлар: китобхонлик маданияти, маънавий эҳтиёж, оилавий мутолаа, бадиий асар таҳлили, маданий нутқ, матн композицияси, ахборот муҳити.

 

Аннотация: В данной статье проводится систематическое изучение процесса формирования культуры чтения, анализ сложившейся ситуации и перспектив ее развития, рассмотрение возможностей применения зарубежного опыта и учет при этом национальных, особенностей формирования культуры чтения у подростков, проблем и путей их решения, активизация процессов чтения, оценка ее как неотъемлемой части концепции общекультурного развития, подход, рассматривающий читательские процессы как важнейшее звено воспитания молодежи в рамках национальной идеи, дана информация об актуальности формирования путей их системного совершенствования и о работе, которая должна быть проведена в этом направлении.

 

Ключевые слова: культура чтения, духовная потребность, семейное чтение, анализ художественного произведения, культурная речь, композиция текста, информационная среда.

 

 

Инсоннинг маънавий камолотини таъминлашда китоб сингари кучли қудратга эга восита йўқ. Шу

боис азал-азалдан маърифат пешволари, аҳли донишлар бутун инсониятни китоб ўқишга, ундан илму одоб сирларини ўрганишга чорлаб келишган. Китоб мутолааси эса кишида шундай чин инсоний фазилатларни шакллантириб, уни ҳаётда ўз ўрнини топишга, жамиятнинг чинакам аъзосига айланишида, дунёқарашини кенгайтиришда беқиёс аҳамиятга эга. Зеро, буюк бобокалонимиз, сўз мулкининг султони Алишер Навоий ҳазратлари таъкидлаганларидек, китоб беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаидир.

Китобхонлик, унинг афзалликлари, оилада мутолаа маданиятини юксалтириш масалалари улуғ мутафаккирларимиз Абу Наср Форобий, ибн Сино, Юсуф Хос Ҳожиб, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдурауф Фитрат, Абдулла Авлоний ва бошқаларнинг асарларида ёритилган. Хусусан, ХХ аср бошларида яшаб ижод этган маърифатпарвар зиёли Абдулла Авлоний, «…ёшликдан бошлаб зеҳн ва идрокимизни қувватландурмак учун азиз умримизни
ўйин-кулги, сафсата, молояъни (маъносиз) каби беҳуда сўзлар билан ўткармай, ҳар хил китоб, ғазита ва журналларни ўқуб, фикримизни очмоқ, зеҳнимизни қувватландурмак лозимдур» дейди.[1]

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида яратилган ўрта махсус таълим тизимининг муҳим жиҳатларидан бири шуки, бу муассасаларда асосан ўсмирлар таълим оладилар. Ўсмирлик даври эса «инсон ҳаётининг муҳим даври бўлиб, ушбу даврда шахснинг ижтимоийлашув жараёни билан боғлиқ жараёнлар, келгусидаги унинг ҳаёт йўлини белгилаб беради».[2] Хусусан, унинг касб танлаши, инсонлар билан мустақил шахс сифатида мулоқотга кириша бошлаши ва бошқа шу каби ҳолатлар айнан ўсмир ёшида юз беради.

Ёшлар ўртасида китобхонлик ва мутолаа маданиятини ривожлантиришда оиланинг, ота-онанинг ўрни беқиёс эканлигини буюк алломаларимиздан бошлаб то бугунги тадқиқотчиларимизгача – барчаси исботлаб берган.

Масалан, олима Б.И.Ганиева болада ўқиш маданиятини тарбиялашда оиланинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат, деб кўрсатади:

1. Ўз фарзандларида барча ахборот манбаларига бўлган қизиқишни уйғотиш.

2. Мавзу жиҳатидан ранг-баранг, турли-туман манбаларга бой бўлган шахсий оилавий кутубхона ташкил этиш.

3. Оила аъзоларининг ёшига, қизиқишларига, интеллектуал салоҳиятига мос адабиётни танлаб ўқишни ўргатиш.

4. Ўз фарзандларини китоблардан фойдаланиш қоидалари билан таништириб бориш ва бу орқали болалар ўқишини тўғри ташкил этиш, уларнинг бўш вақтларини тақсимлашда фаолликларини ошириш.[3]

Ҳар бир ота-она фарзандининг нафақат жисмоний, балки ҳам ақлий, ҳам руҳий, ҳам маънавий тарбиясига алоҳида эътибор қаратиши, ёшига мос бадиий китоблар билан таъминлаб туриши, ўқиган китоблари юзасидан улар билан фикр алмашиши, болани рағбатлантириб бориши лозим. Ҳозирги кунда ўқувчилар асосан илмий адабиётлар, дарслик ва қўлланмалардан фойдаланаётганлари боис бадиий асарлар мутолаасига вақт ажратишга имкониятлари чекланяпти. Ўқувчи фақат адабиёт дарсида ўқитувчи берган вазифани бажариш учунгина бадиий асарларни қўлга оляпти. Натижада эса маълум: мутолаа жараёни севимли машғулот эмас, мажбуриятга айланиб қолади. Китоб мутолаасига ҳавас болаликдан пайдо бўлмаган ўқувчи кейинчалик берилган катта ҳажмли асарларни ўқишга куч тополмайди, иштиёқ сезмайди, хоҳиш билдирмайди, фақат дарсликда берилган қисқартирилган парча билангина танишади ва ёзувчининг бутун асар мазмунига сингдириб юборган  ғоявий-бадиий мақсадини тўла англолмайди, бадиий асарларнинг ҳақиқий завқидан бебаҳра қолади, адабиётнинг ҳақиқий кучини, қудратини ҳис қилмайди, натижада китоб ўқишга меҳр қўймайди. Бундай муаммоларни бартараф етиш учун фарзандларимизга ҳар ҳафта битта маълум номдаги бадиий асарни ўқишни топшириқ сифатида беришимиз ва белгиланган муддат ўтгач ўша асарнинг ғоявий-бадиий жиҳатларини оила даврасида муҳокама қилишимиз лозим.

Оиланинг бола тарбиясидаги ўрнининг ниҳоятда муҳим эканлигини ҳисобга олсак, ҳар бир оилада шахсий кутубхонанинг бўлиши мақсадга мувофиқдир. Зеро, ўсмир болаликдан оилада китоб ўқишни билган тақдирдагина яхши китобхон бўла олади. Адабиётшунос олим Сафо Матжон «Китоб ўқишни биласизми?» деган асарида шу масалада мулоҳаза юритади. У китобхонлик кўп жиҳатдан адабиёт ва жамият тараққиётига боғлиқ деб кўрсатади ва китобхонликни ижодий меҳнат сифатида таъриф этиб, китобхонлик меҳнатининг шакли, даражаси, танланган асарнинг турига қараб ўзгариб боради, дейди олим.[4]

Мутолаа маданиятини таркиб топтириш жараёнини тизимли таҳлил қиладиган бўлсак, мазкур ҳодисанинг бир қанча тизим ясовчи элементлари мавжуд эканлигини кўрамиз. Улар қуйидагилардир:

Маълумки, ўсмирлик даврининг муҳим жиҳатларидан бири – бу ёшда шахс оиласидан ва яқинларидан мустақил бўлиб шакллана боради ва жамиятнинг кенгроқ қатламлари, жараёнлари таъсирига туша бошлайди. Болалар мутолаасидан фарқли равишда, ўсмирлар мутолаасида ижтимоий муҳит, хусусан аҳолининг умумий мутолаа маданияти, давлат ва жамиятнинг мутолаа жараёнига муносабат йўналиши ва даражалари каби ҳолатлар ҳам таъсир қилади. Шу боисдан, ўсмир-ёшлар мутолааси ҳақида гап кетганда, ушбу жараёнга давлат ва жамиятнинг эътибори, ҳуқуқий асосларнинг яратилганлиги, махсус мутолаа хизматининг ташкил этилганлиги ва бу субъект манфаатлари ва қизиқишларини қондира олаётганлиги билан боғлиқ ҳолатлар муҳим аҳамиятга эга бўлади. (1-расм)

Ўсмирларнинг мутолаа маданиятини
шакллантириш учун қулай шарт-шароитларни яратар эканмиз, мутолаа педагогикаси ҳақида ўйламай иложимиз йўқ. Ю.М.Тугов ўзининг монографик тадқиқотида «китобхонни тарбиялаш» тушунчасини таҳлил қилар экан, унинг иккита муҳим жиҳати ҳақида гапиради:

- кенг ижтимоий маънода – бутун атроф-муҳитнинг китобхонга, унинг дидларига ва истакларига тарбиявий таъсир кўрсатиши айтилса;

- педагогик маънода – жамият томонидан махсус тайёрланган одамлар раҳбарлигида амалга ошириладиган мақсадли тарбия жараёни назарда тутилади.[5]

Ёш авлодни теран билимли ва етук мутахассис булиб етишишларида малакали ўқитувчилар билан биргаликда, китобнинг, том маънода ахборот манбаи бўлган ахборот-кутубхона муассасаларининг ўрни беқиёсдир. Чунки бугунги кун замонавий таълим-тарбия тизимида ўқув ишларни ахборот-кутубхона муассасаларисиз тасаввур қилиш мумкин эмас.[6]

М.Ю.Сумина ва В.К.Кузнецовлар ўзларининг «Болалар кутубхоналарида ахборот муҳити» асарида «ахборот муҳити» тушунчаси кутубхоналарни янги сифат даражасига кўтариш, шунингдек, кутубхоначининг ўқувчида ахборот маданиятини шакллантиришга йўналтирилган хатти-ҳаракатларининг самарадорлигини ошириш ҳисси пайдо бўлганда, уларнинг амалий фаолиятлари натижаси сифатида пайдо бўлган. Ахборот муҳити китобхонга тушунарли, тез, очиқ тарзда турли-туман ахборот манбаларига эга бўлиши, эркин мулоқот қила олишини таъминлашдир. Ахборот муҳитининг ҳар бир таркибий қисми навбатдаги омил бўлиб, улар ёрдамида китобхоннинг ахборот маданияти шакллантирилади:

- кутубхонанинг қулай ташкиллаштирилган китоб фонди;

- ўқувчиларнинг мутолаа эҳтиёжларига мос равишда ташкиллаштирилган, қизиқарли китоблар ва бошқа нашр маҳсулотлари билан китобхонни ўзига жалб қилувчи китоб кўргазмалари тизими;

- деворий маълумотлар, яъни элементлар ва тушунчалар тизими;

- китоб ҳақида маълумот берувчи каталоглар ва картотекалар (электрон ёки анъанавий бўлиши мумкин), улар ёрдамида китобхон ўзига керакли маълумотни мустақил равишда топа олади;

- библиографик мўлжал (АРМларда визуал муҳитни ташкил қилиш усулларидан бири) учун шакллантирилган белги-рамзлар тас-
вирланган плакатлар тизими;

- ўқиш учун энг яхши китобларга тавсияномалар яратиш;

- ўсмирларда китоб ўқишга бўлган қизиқишни оширувчи техник воситалар.

Ахборот муҳити ўз қонуниятлари асосида фаолият юритиб, китобхонларни ўзига жалб қилиши лозим.

Ҳозирги кунда кутубхоналар китобхонларга хизмат кўрсатибгина қолмай, балки кутубхонада турли тадбирлар ва байрамлар ўтказиш доимий анаънага айланиб бормоқда. Кутубхоналарда китобни тарғиб этиш борасида кутубхона ходимлари турли усуллардан фойдаланадилар. Масалан, китоб кўргазмаси, китобхонлар анжуманлари, турли китобхонлик кунлари шулар жамласидандир.

Кутубхоналар ижтимоий жиҳатдан муҳим маскан бўлиб, улар жамиятдаги барча катта-ю кичик аҳолига хизмат қилади, китобхонларнинг талаб ва эҳтиёжлари бўйича иш олиб боради. Бундан кўзланган мақсад республикамиз китобхонларининг, биринчи навбатда, ёшларимизнинг мутолаа маданиятини кўтариш, китоб тарғиботини жонлантириш, аҳолининг кенг қатламларини ахборот олишнинг янгича технологиялари билан таништиришдан иборат.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, ахборот-ресурс марказлари тармоғини такомиллаштириш, ходимларининг замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш бўйича билим ва малакаларини ошириш, уларни янги электрон дарсликлар, ўқув қўлланмалари, шунингдек, ўсмир-ёшларнинг дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қиладиган анъанавий ва замонавий манбалар билан таъминлашни йўлга қўйиш даркор. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фойдаланувчиларига лицензияли ахборот ресурсларидан фақат кутубхона ўқув залларидан кириш имкони мавжуд. Кутубхонага келиб фойдаланиш имкони бўлмаган, чекка ҳудудларда яшовчи фойдаланувчилар, олис вилоятларда илмий иш қилмоқчи бўлган илмий ходимлар учун интернет орқали ҳавола яратиб, фойдаланувчиларга ўқиш, юклаш, нусха олиш, тарқатиш ва чоп этиш, қидириш ва иқтибос келтириш, индекслаш, маълумотларни узатиш ёки бошқа мақсадларда фойдаланишга муаллифлар ҳуқуқи ва фаолият бутунлигини сақлаган ҳолда маълум миқдордаги тўлов асосида рухсат берилиши лозим. Бугунги кунда Ўзбекистонда 70 мингдан ортиқ кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар бўлиб, улар ҳар куни ахборотдан фойдаланиш ва махсус технологияларнинг етишмаслиги билан боғлиқ муаммоларга дуч келишади. “Гапирувчи” китоблар кўзи ожиз ва заиф кўрувчи инсонлар ҳаётида алоҳида аҳамиятга эга. Ўзбекистонда аудиокитоблар бозори босқичма-босқич ривожлана бошлаганига ва аудиокитобларни тинглаш учун турли мобил иловалар ишлаб чиқилаётганига қарамай, мавжуд аудиокитоб платформалари қимматлиги ва кўзи ожизлар эҳтиёжларига мослаштирилмаганлиги сабабли кўриш бў-

йича ногиронлиги бор кўплаб инсонлар учун улардан фойдаланишда турли хил тўсиқлар учрамоқда. Бу муаммоларни бартараф этиш ва ногиронлиги бор шахслар ўртасида ҳам китобхонликни тарғиб қилиш учун аудиокитобларни очиқ ва қулай форматлaрда бирлаштирган онлайн платформа яратиш ҳамда кутубхоналарда кўзи ожиз ва заиф кўрувчилар учун алоҳида ўқув заллар фаолиятини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқдир.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Авлоний, Абдулла. Туркий гулистон ёхуд ахлоқ. – Т.: Ўқитувчи, 1992. – 31-бет.

2. Юнусов А.Б. Ўсмир меъёрни бузса… – Т.: А.Қодирий номидаги ТДМИ, 2008 й. 18-бет

3. Ганиева Б.И. Кутубхоналарда болалар ўқиш маданиятини тарбиялашнинг педагогик имкониятлари. Педагогика фанлари номзоди. ...дисс. – Тошкент, 2008. – 160 б.

4. Матжон Сафо. Китоб ўқишни биласизми?. – Т.: Ўқитувчи, 1993. – 25–26- бетлар

5. Тугов Ю.М. Об исходном пункте теоретического воспроизведения библиографии // Там же. – 1977. – № 1. – С. 50–67;

6. Тешабоева У. Замонавий таълим муваффақиятлар калитидир // INFOLIB. - №3. – б. 4-7.

7. https://www.natlib.uz/