Аннотация. Ушбу мақолада Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кутубхонаси ва архив ҳужжатлари бўлимининг фаолияти, кутубхона фондидаги мавжуд қадимий қўлёзма, тошбосма, замонавий босма нашрларни ва электрон ресурсларни етарли шарт-шароитларда сақлаш ҳамда уларни бир ерга тўплаш ва Марказ кутубхона фондини бойитиб бориш ҳақида сўз боради.
Калит сўзлар: кутубхона фонди, электрон ресурс, ноёб ва бебаҳо адабиётлар, архив ҳужжат, маълумотлар базаси.
Аннотация. В данной статье говориться о деятельности Центра Исламской Цивилизации в Узбекистане отдела Библиотечно-архивного фонда. Речь идет о сохранении в надлежащих условиях имеющихся в библиотечном фонде старинных рукописей, литографий, современных печатных изданий и электронных ресурсов, сборе и собирании их воедино, а также обогащении фонда библиотеки.
Ключевые слова: библиотечный фонд, электронный ресурс, редкая и бесценная литература, архивный документ, база данных.
Annotation. The given article provides an insight into the operations of the Center of Islamic Civilization in Uzbekistan in the department of library and archive funds. The emphasis is being put on preserving and improving the conditions of the ancient manuscripts, lithographs, modern printed publications, electronic resources which are available in the library funds section.
Key words: library fund, electronic resource, rare and priceless literature, archival document, database
Kутубхоналар қадим замонларданоқ жамият ҳаётининг ажралмас қисми ҳисобланган. Фақат кутубхоналар туфайлигина қадимги қўл-ёзмалар, босма китоблар, тарихий шахслар ҳақидаги манбалар бизгача етиб келган. Бунинг ёрқин мисоли сифатида буюк муҳаддис олим, ислом оламининг йирик уламоси Имом ал-Бухорийнинг ўн икки аср илгари «Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай» деган ўгитларини келтиришимиз мақсадга мувофиқ.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарорига асосан 2017 йил Марказий Осиёда ягона Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига асос солинди. Марказ дастлаб дунё юзини кўриши биланоқ унинг қалби бўлган, инсонларга илм нурини сочадиган кутубхона ташкил этилди.

2017–2023 йиллар мобайнида Марказ кутубхона фондини 537 минг 883 та турли мавзудаги замонавий нашр, қўлёзма, тошбосма асар, рисола, мақола ва архив ҳужжатлари ташкил этди.
Миллат тараққиёти, мамлакат ривожи, илм-фан ривожланиши, кадрлар салоҳиятини оширишда зиё тарқатувчи маскан – кутубхоналарнинг ўрни беқиёсдир.
Ислом цивилизацияси маркази Кутубхона ва архив ҳужжатлари бўлимининг асосий мақсади ва вазифаси, ахборот, маънавий-ахлоқий, маданият ва таълим олиш орқали шахс ва жамиятнинг эҳтиёжларини ўрганувчи ва хизмат кўрсатувчи бўлимдир. Кутубхона фойдаланувчиларга тўлиқ хизмат кўрсатмаса-да, бу бўлим ўтмишнинг бой тарихий-маданий меросини, ахлоқий ғояларга тўла асарларни ўрганишга ёрдам бериш ва уларни жамлаш, кутубхона фондидаги мавжуд қадимий қўлёзма, тошбосма, замонавий босма нашрларни ва электрон ресурсларни етарли шарт-шароитларда сақлашни таъминлаш ва уларни асраб-авайлаш учун хизмат қилиб келмоқда.
Шу баробарида архив фонди ташкил этилган, мазкур фонднинг бошқа ташкилот архивларидан асосий фарқи шундаки, Марказимиз архив фондида тарихий ҳужжатлар нафақат сақланади, балки улар ёш олимларимиз томонидан ўрганилади ва тадқиқ этилади. Архив фондимиз ҳозирги кунда 13 мингга яқин материални ўз ичига олади. Шулардан 3 мингтаси Марказимиз фондига тўлиқ расмийлаштирилган. Фондимизда турли хилдаги мавзуларга оид тарихий ҳужжатлар мавжуд. Улар орасида Муҳаммад с.а.в. пайғамбаримиздан бошланган 300 та авлод шажаралари, Макка-Мадина муқаддас жойлари чизмаси, XV асрга тааллуқли ноёб вақф ҳужжатлари, зодагон аёллар ўзлари таъсис қилган йирик вақф хайрияларини тасдиқловчи ҳужжатлар, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси мажлисларига оид ёзишмалар, қул олди-сотдиси, ер савдосига алоқадор, шариатдаги хулу масаласи юзасидан мажлисга оид, Хива, Қўқон хонлиги ва Бухоро амирлигига оид ҳужжатлар, мамлакатимиз ҳамда хориждаги мадрасалар, ислом оламига оид тарихий фото-ҳужжатлар, буюк алломаларимиз фаолиятига ва ислом цивилизациясига доир видео-ҳужжатлар аҳамиятга моликдир.
Кутубхонамиз юртимиздаги машҳур, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Мотурудий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти кутубхонаси ҳамда Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона билан ҳамкорликни йўлга қўйган.
Халқаро кутубхоналар ассоциациялари ва муассасалари федерацияси расмий аъзоси бўлган кутубхонамиз «IFLA journal» контенентидан фойдаланиш кутубхона ишини стратегик ривожлантириб, 1975 йил март ойидан 2022 йил март ойи оралиғидаги мавжуд бўлган, 3038 та электрон мақолалар юклаб олинди ва уларнинг рўйхати шакллантирилиб, католагизация қилиш йўлга қўйилди.
Қатар миллий кутубхонаси билан ҳамкорлик доирасида у ерда сақланаётган қўлёзмаларнинг каталоглари ва электрон нусхаларидан фойдаланиш имкониятидан фойдаланган ҳолда, 626 дона қўлёзма, 535 та фотоҳужжат, 500 та архив ҳужжатлари, 200 та харита, марказнинг электрон ресурслар фондига юклаб олинди.
Шунингдек, Туркия Республикаси олимларининг шахсий қўлёзмалар коллекцияси жамланган جامع المخطوطات «Жомеъ-ул-махтутот» номли маълумотлар базаси 214 мингдан зиёд электрон ҳамда нодир адабиётлар нусхаларини ўз ичига олади. Бугунги кунда Марказимиз электрон кутубхона фондига PDF ва ZIP файллар шаклидаги 61 мингдан ортиқ электрон ресурслар юклаб олинди. Ҳар бир файл инвентар рақамига эга ва бунда ресурснинг асл сақланиш жойи кўрсатилган. Юклаб олинаётган қўлёзма, тошбосма ва тарихий ҳужжатлар ҳамда фото-ҳужжатларнинг рўйхатини шакллантириш жараёни бугунги кунда ҳам давом этмоқда
Бу жараёнларнинг барчаси электрон адабиётлар фондини бойитишда муҳим роль ўйнамоқда.
Ислом цивилизацияси марказининг ривожи бугунги кунда нафақат республикамизда, балки хорижий давлатлардаги нуфузли ташкилотларни ҳам ўзига жалб қила олмоқда. Улар Марказий Осиёда «Учинчи ренессанс – янги Ўзбекистон» ғоясини кенг тарғиб қилувчи марказ фаолиятига қизиқиш билдирмоқдалар.
Алоҳида фахр билан шуни айтиб ўтиш лозимки, нафақат республикамиз нашриётларидан, балки хориждан ҳам ноёб ва бебаҳо адабиётлар келтирилмоқда.
Хорижий элчихоналар билан ҳам маънавий, маданий ва маърифий алоқалар ўрнатилган бўлиб, улар томонидан адабиётлар тақдим этиб келинмоқда. Масалан, Лондондаги машҳур «Ал-Фурқон» Ислом мероси фондидан тадқиқотчилар, қўлёзмалар билан иш олиб бораётган мутахассислар учун қулай ва шу билан бирга мукаммал ёзилган 200 га яқин қўлёзмалар каталоги ҳадя қилинган.
Ўзбекистон делегацияси Эрон Ислом Республикасига хизмат сафари чоғида, Эрон миллий кутубхонаси томонидан марказ кутубхонасига 45 томдан иборат ноёб бўлган қўлёзмалар каталоги ҳадя қилинди. Бу қўлёзмалар каталогининг ноёблиги шундаки, бу каталог нафақат Ўзбекистонда балки, Ўрта Осиёда ягона ва фақат бизнинг Марказ кутубхонасида фойдаланиш имконияти бор. Бу 45 томлик қўлёзмалар каталогга Эрондаги барча мавжуд бўлган қўлёзмаларнинг рўйхати киритилган ва шу билан бирга бизнинг алломаларимиз ва буюк аждодларимиз ёзиб қолдирган қўлёзмаларнинг номлари ҳам рўйхатдан ўрин олган.
Китобларимиз орасида, имконияти чекланган қатлам учун ҳам Озарбайжон Республикаси маданият маркази томонидан брайл ёзувидаги 7 жуздан иборат бўлган Қуръони карим алоҳида ўрин тутади.


Бундан ташқари Саудия Арабистони Подшоҳлиги, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Омон султонлиги, Миср, АҚШ элчихонаси, Франция, Германия ва бошқа бир қанча мамлакатлардан келтирилган турли хил мавзудаги ва асосан ислом дини ва тарихи, санъати, археологияси, исломдаги хаттотлик санъати, меъморчилик ҳақидаги китоблар, манбалар ва журналлар тақдим этилган.
Марказ кутубхона фонди бойитилишининг яна бир мисоли Марказимиз раҳбарининг шахсан ўзлари томонидан амалга оширилган. Улар ўзларининг шахсий кутубхоналаридан 6000 дан зиёд турли хил мавзудаги адабиётларни ҳадя сифатида тақдим этдилар. Уларнинг бу ташаббуслари биз Марказ ходимларига ҳам намуна бўлди, десак муболаға қилмаган бўламиз. Китобхон саводхонлигини ошириш ва аҳоли билан ишлаш борасидаги тадқиқотларимиздан яна бири юртимизнинг турли шаҳар ва ҳудудлари аҳолиси шахсий кутубхонасидан беғараз тақдим этаётган китоблар қабул қилинмоқда.
2022 йилнинг 7 апрель куни Марказимиз ташаббуси билан Ҳазрати Имом мажмуаси майдонида очиқ осмон остида биринчи бор ўтказилган «Китоб – камолот калити» номли илмий-маърифий китоблар кўргазмаси ва савдоси китобхонларни юртимиздаги нашриётлар, босмахоналар ва китоб дўконларидаги турли мавзудаги бадиий, диний-маърифий, илмий-оммабоп, тарбиявий, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Рамазон муносабати билан Ҳазрати Имом мажмуасида ўтказилган ушбу маърифий тадбир доирасида китоблар тақдимоти, таниқли шахслар иштирокида ёшларни илм-маърифатга даъват этадиган суҳбатлар, шунингдек китобхонлар ўртасида совринли танловлар ўтказилди. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Марказ кутубхонаси ҳам ўз фондидаги 100 дан ортиқ нодир адабиётлар жумладан, Қуръон коллекцияси, электрон нусхадан кўчирма муляжлари ҳамда Ислом цивилизацияси маркази томонидан нашр этилган адабиётлар билан кенг жамоатчиликни таништирди.
Марказ ташкил этилганга оз фурсат бўлса-да, ходимларимиз томонидан турли мавзудаги бир қанча адабиётлар нашр этилди.
Юртбошимиз ташаббуси билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кутубхонаси фондида ватандошимиз Алишер Усмонов ҳадя этган, Европада китобатчилик пайдо бўлишидан ХХ асрга қадар Шарқ ва Ғарб илмий-маданий муносабатларга оид энг нодир ва муҳим 5000 га яқин асарлар жамланмаси сақланмоқда. Марказ таржимонлар гуруҳи томонидан ана шу асарларнинг илмий фиҳристи, яъни «Шарқ ва Ғарб нодир асарлар жамланмаси фиҳристи» I-жилди, «Шарқ ва Ғарб нодир асарлар жамланмаси фиҳристи» II-жилди, «Шарқ ва Ғарб нодир асарлар жамланмаси фиҳристи» III-жилди ва «Шарқ ва Ғарб нодир асарлар жамланмаси фиҳристи» IV-жилди нашр этилиб, кутубхона фондига тақдим этилди. Фиҳристининг биринчи жилдига келсак у ўзбек, инглиз, рус, француз, араб тилларида чоп этилди. Мазкур каталогда Қуръони каримнинг лотин, француз тилига ўгирилган матни, дунёда ягона ҳисобланмиш ибн Сино бобомизнинг «Тиб қонунлари» асарининг лотин тилига таржимаси, арабча-лотинча илк луғатлар, қадимги хариталар, саёҳатномалар, машҳур тарихшунос сайёҳ Клавихо томонидан ёзилган Амир Темур саройи ва унинг элчиларга бўлган муносабати тўғрисидаги таржима китоблари ва бошқа ноёб манбаларни ўз ичига олган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. М. Мирзиёевнинг 2022 йил 8 апрель куни Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида олиб борилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш жараёнида берилган топшириқлари видиоселектор йиғилишининг 29-сонли баёнининг 7-банди ижросини таъминлаш бўйича «Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг кутубхонаси қисми» бўйича қурилиш ва жиҳозланишга оид барча талабларини кўриб чиқиб тегишли таклифлар бўйича тузилган ишчи гуруҳ, кутубхона ва архив ҳужжатлари бўлими ходимлари ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ходимлари билан ҳамкорликда иш олиб борилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги алоҳида муҳим ижтимоий, маданий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш дирекцияси ходимлари ҳамда АЖ «Ўзоғирсаноатлойиҳа» ходимлари билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар, «Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази» объектини жиҳозлаш ҳамда фойдаланишга топшириш юзасидан Ишчи гуруҳлар ҳисоботи бўйича йиғилишда Марказ кутубхонасининг, 0-, 1- ва 2-қаватдаги хоналарни (ажратилган майдонга) мувофиқ жиҳозлаш юзасидан тақдимоти (презентация) бўлиб ўтди.
Келажакда Марказ кутубхонаси илмий ва адабий жиҳатдан бой бўлган ноёб ва нодир асарларни келажак авлод учун муносиб асрашда, уларни тадқиқ қилувчи бўлажак олимлар учун шарт-шароит яратиш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлашни, кутубхона жараёнини автоматлаштиришни, илмий-тадқиқот ва ташкилий-услубий фаолиятни, кадрлар малакасини ошириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва кенг китобхон аудиториясига хизмат кўрсатишни ўз олдига мақсад қилиб олган.
Ҳозирги кунда Республикамиздаги давлат ва хусусий нашриётлар, босмахоналар, хориждаги нуфузли ташкилотлар, олий таълим муассасалари ва маҳаллий ташкилотлар томонидан тақдим қилинган ёки харид этилган қўлёзма, тошбосма асарлар ҳамда замонавий адабиётлар, тарихий манбалар ва даврий нашрлар билан кутубхона фонди бойитиб борилмоқда.
Фойланилган адабиётлар рўйхати:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» ги 16.07.2021 йилдаги ПҚ-5186-сонли қарори.
«Шарқ ва Ғарб нодир асарлар жамланмаси фиҳристи» I-жилд. «Zilol buloq nashriyoti», 2021 й.
«Шарқ ва Ғарб нодир асарлар жамланмаси фиҳристи» II-жилд. «Zilol buloq nashriyoti», 2021 й.
«Шарқ ва Ғарб нодир асарлар жамланмаси фиҳристи» III-жилди. «Zilol buloq nashriyoti», 2022 й.
«Шарқ ва Ғарб нодир асарлар жамланмаси фиҳристи» IV-жилди. «Zilol buloq nashriyoti», 2022 й.
«Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази» маънавий-маърифий, илмий-адабиёт журнали 1-сон. 3-6 бет. 2019 йил.
