Болаликдан назм ва навога ўзгача  меҳр қўйдим. Бу сеҳрли санъат кучи билан улғайдим, дунёни танидим, оламни ҳис қилдим. Отам маърифатли, бир сўзли, аждодлар хотирасига юксак ҳурмат билан боқувчи инсон эди. Маърифатли, олим инсонларни қадрлар, уларни кўплаб суҳбатга чорларди. Шунинг учун уйимизга тез-тез улуғ инсонлар келиб туришар, ширин суҳбатлар уюштириб, меҳмондорчиликни маърифат кечасига айлантиришарди. Бу йиғинларнинг бир чеккасидан мен ҳам жой олиб, қимтинибгина ўтирар, уларни жон қулоғим билан тинглар, ўзимча мулоҳаза юритардим. Улар орасида кўплаб уламолар, шоирлар, ёзувчилар, ҳофизлар бўларди. Суҳбат бир-биридан қизиқ, ибратли воқеаларга тўла эди. Бу ўзлигимни танишда мактабдан олдинги мактаб бўлган.

    Ёшликда табиий равишда барча нарсага қизиқасиз, дунёни англашга уринасиз. Ҳамма нарса сизга осон, эришса бўладиган туйилади. Ширин орзулар сурасиз. Мен болаликдан барча фанларга қизиқар, аъло ўқишга ҳаракат қилардим. Дадам олиб келган эртак китоблар, достонлар, қиссаларни ўқишдан бўшаганимда ашула айтар ва навонинг мўъжизали сеҳрига бойланардим. Ўша пайтларда, айниқса, Маъмуржон Узоқовнинг қўшиқларини айтишга ҳаракат қилардим. Комилжон Отаниёзовнинг қўшиқларини айтиб, тингловчиларни хушнуд қилардим. Бундан ташқари, уйга келган меҳмонларга чиройли, ширин тилда шеър, ҳикоялар ўқиб берардим. Мен бундай равон ўқишни радиони кўп эшитиш орқали ўргандим. Кейинчалик шуни тушуниб етдимки, истеъдодли инсон қай соҳага киришмасин, чин дилдан меҳнат қилса катта марраларга эришар экан.

Отам китоб, адабиёт, санъатга муҳаббат қўйишимга сабабчи бўлди. Бизга китоб ўқитар, ўзи кузатиб, тинглаб турарди. Сўз бойлиги ошсин, тили равон бўлсин, китоб ўқишга ўргансин деган мақсадда уйга кўплаб китоблар олиб келарди. Китоб ўқишда менинг нутқим дадамга маъқул келиб, мукофот учун ширинлик ёки у-бу нарса олишим учун чақа тангалар берарди. Бу бизнинг китобга қизиқишимизнинг ортишига хизмат қиларди.

Машраб ака деган қўшнимиз бўларди. Ашулани жуда чиройли айтарди. Биз у киши билан тунлари машқ қилиб, қўшиқ айтишни ўрганар, мириқиб тонггача ашула айтиб чиқардик. Бир куни шундай машқларимизни кўриб турган отам қўшиқларимизни эшитиб туриб, кўзимга тикилиб турди-да: «Болам, бизнинг уруғдан ашулачи чиқмаган, мен сени олим бўлади, уламо бўлади деб, юрибман, ақлингни йиғ» – дедилар. Мен хўп, дедим. Аммо ёлғиз қолган пайтларим беихтиёр қўшиқ айтиб юравердим. Кейин менда ўсмирлик пайти, ўша пайтга хос овоз ўзгариши юз берди. Авваллари бемалол чиқадиган қўшиқ авжига чиқолмай қолдим. Шунда мендан қўшиқчи чиқмасаканда, деб умидсизландим. Спорт билан шуғуллана бошладим. Ҳам бокс, ҳам велоспортга борадиган бўлдим. Икковидан ҳам муваффақиятга эришдим. Спорт устаси даражасига эга бўлдим. Шунинг учун ўқишни Жисмоний тарбия институтида давом эттирмоқчи бўлдим. Вақт ўтиб овозим ҳам очила бошлади. Шундай кунларнинг бирида қишлоқ клубига бориб қолдим. Клуб раҳбари Маъмур ака менга қўшиқ айттирмоқчи бўлди. Мен унга Маъмуржон Узоқовнинг қўшиқларини айтиб бермоқчи бўлдим. «Қани айт» – деди. Созандалар баланд торлардан чалиб берди ва мен қўшиқ ўртасига борганда авжига чиқолмай тўхтаб қолдим. Шунда ёдимдан чиқмайдиган бир воқеа юз берди. Маъмур ака шартта мени тўхтатдида, кўзларимга қараб: «Бўлди, йиғиштир, сендан ҳеч қачон ашулачи чиқмайди, одам бўлмайсан» – деди. Бу гап менга қандай кучли таъсир қилганини билмайсиз. Мен клубдан чиқиб кетар эканман, осмонда юлдузлар порлар, ичимда бир олов тўлғанди. Мен ўз-ўзимга ҳеч кимникига ўхшамайдиган қўшиқларим бўлади, катта ашулачи бўламан деб сўз бердим.

Шундан кейин мустақил қўшиқлар қила бошладим. Мактабни тугатаётиб синфдошларимни ўз қўшиғим билан сел қилиб йиғлатдим. Шу-шу, мақсадим учун ҳаёт кураши бошланди.

Ўқиш учун Тошкентга кетадиган бўлдим. Онам Тошкентга бирор марта бормагансан деб, бошида унамадилар. Лекин мен Тошкентга кетаман деб, туриб олдим. Ўша пайтларда пойтахтда яшаган, авваллари эса бизга қўшни бўлган оиланикига бордим. Улар мени очиқ чеҳра билан кутиб олишди. Эртасига мен улардан Жисмоний тарбия институтига қандай боришни сўрадим. Улар менга йўлни тушунтиришди. Ўша институтни кетаётиб, тасодифан бир тахта эшикка рубоб билан доиранинг расми ёпиштириб қўйилганлигини кўрдим ва қизиқсиниб ичкарига кирдим.  Ичкарида кенг зал ва хоналар бор экан. Ичкари хоналарнинг бирида ўзига оро бериб ки-йинган, сочлари намланиб, бир томонга ҳафсала билан таралган, узун туфлиси ялтиллаб турган калтагина бир йигитча кутиб олди. У мени кўриб: «Сен ҳам қўшиқ айтгани келдингми?» – деди. Унинг мендан бўйи калта бўла туриб, сенлаб гапирганини ҳазм қилолмадим. Шунда отамдан эшитган бир «Аччиққа сабр» деган ҳикоя ёдимга тушиб қолди. Унда аччиққа сабр қилган одамнинг кўп нарсага эришгани ҳақида  гап кетарди. Ўша бир-икки сонияларда онгимда икки хил фикр курашмоқда эди. Мен аччиққа сабр қилиб унга «ҳа» дейишни маъқул кўрдим. Шунда у менга яна бепарво қараб: «Овозингни эшитиб кўрайликчи» – деди. Ичимда яна ғалаён пайдо бўлди. Бирига чидадим, қани иккинчисига ҳам чидайчи, дедим. Шунда у мени ёнига чақириб, овозимни текшириб кўрди. Биринчи октава, иккинчи октава... бемалол овозим чиқаяпти. У овозимни мақтаб ва мени уйига олиб кетди. Кейин билсам, адашиб кирган жойим Маданият билим юрт экан. Шу ерда ўқий бошладим.

Кунларнинг бирида Маданият билим юртига Театр ва рассомчилик институтидан вакиллар келиб қолишди. Ўқишга олиш учун ҳаммани гапиртириб, сўзлар талаффуз қилишини синаб кўра бошлади. Шунда уларга чиройли овозда бир-икки оғиз сўзлашим билан катта-катта устозлар «Оҳ, сени оламиз. Гап тамом-вассалом» – дейишди. Институтга имтиҳонсиз кирганман. Шундай қилиб тақдирнинг тақозоси билан санъатдай улуғ даргоҳга қадам қўйдим. Халққа танилдим, халқнинг меҳри, кучини ҳис қилдим.

Устозларим ўзимнинг йўлим ва овозим бўлиши учун қўлидан келган меҳнатларини аямаган. Мен ҳам устозлар ишончини оқлаш учун туну кун меҳнат қилдим, овозим устида ишладим, бўш қолдим дегунча китоб ўқидим, ғазал ёд олдим. Бу таълим ва меҳнатлар эвазига санъаткор бўлиб етишдим деб айта оламан.

Энг кўп ўқийдиган китобларим Ҳазрат Алишер Навоийнинг асарлари. Навоий китоблари маънолар хазинаси, умр маҳзани. Унинг замирида ётган инсонпарварлик ғояларини дунё англаб етганда эди, манаман деган файласуфлар Навоий даҳоси олдида ҳеч нимага арзимас эканлигини тушуниб етган бўларди.

Ҳар куни Навоийни ўқишга ҳаракат қиламан. Маъносини чақолмаган байтларнинг изоҳини адабиётшунослардан сўраб, уларнида қўймай, тушуниб олишга, ҳаракат қиламан. Навоий ижодининг сеҳрини англаган ўқувчи бутун умр унга маҳлиё бўлиб қолади. Шунинг учун, гўдакликдан Навоийни ўқитиш, керак бўлса, буни боғчадан бошлаш керак. Болалар тушунадиган тилда, турли безакли расмлар, ўйинлар билан Ҳазратнинг зиё оламига болаларимизни бошлашимиз ҳам қарз, ҳам фарздир.

Мен Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасини Ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг Ўзбекистондаги уйи деб биламан. Навоийнинг уйидан юртимизга доим зиё, маърифат нурлари таралиб турсин.

Жавлон Жовлиев ёзиб олди