Annotation: In this article, the author dwells at the work on the organization of an electronic archive, problems and plans for the future done in Uzbekistan. As a result of research, the author reflected his scientific approach. Important regulatory documents available for the introduction of electronic archives in Uzbekistan over the years of independence and adopted in this regard are analyzed. When studying the issue of creating electronic archives, the author took into account the existing material, technical and personnel capabilities of archives. The article indicates that the organization of electronic archives will create modern opportunities for the collection, accounting, storage and use of archival documents.

Keywords: Document, electronic document, electronic copy of documents, document storage, processes and technologies for working with documents, archive, electronic archive, online archival services.

Аннотация: В данной статье автор останавливается на проделанной за годы независимости в Узбекистане работе по организации электронного архива, проблемах и планах на будущее. В результате исследований автор отразил свой научный подход. Анализируются важные нормативно-правовые документы, имеющиеся для внедрения электронных архивов в Узбекистане за годы независимости и принятые в этой связи. При изучении вопроса создания электронных архивов автор учел существующие материально-технические и кадровые возможности архивов. В статье указывается, что организация электронных архивов создаст современные возможности для сбора, учета, хранения и использования архивных документов.

Ключевые слова: Документ, электронный документ, электронная копия документов, хранение документов, процессы и технологии работы с документами, архив, электронный архив, онлайн архивные услуги.

Аннотация: Мазкур мақолада муаллиф Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда электрон архивларни ташкил этиш бўйича амалга оширилган ишлар, муаммоларга тўхталган. Ўзининг тадқиқий изланишлари натижасида хорижий тажрибани ўрганган ҳолда муаллиф илмий ёндашувини акс эттирган. Ўзбекистондаги электрон архивларни жорий этиш учун мавжуд бўлган ва кейинги бу борада қабул қилинган муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таҳлил қилинган. Муаллиф электрон архивларни ташкил этиш масаласини тадқиқ этар экан, бунинг учун архивлардаги мавжуд моддий-техник имкониятларини ҳам алоҳида ҳисобга олган. Электрон архивларни ташкил этиш архив ҳужжатлари жамлаш, ҳисобга олиш, сақловини таъминлаш ва улардан фойдаланишни амалга оширишнинг замонавий имкониятларини яратиб бериши ҳақида сўз боради.

Калит сўзлар: Ҳужжат, электрон ҳужжат, ҳужжатнинг электрон нусхаси, ҳужжатларни сақлаш, ҳужжатлар билан ишлаш жараёнлари ва технологиялари, архив, электрон архив,  онлайн хизматлар

Cўнги йилларда архив тизимини янгилаш ва ривожлантириш даври бошланди. Архив ишини юритиш соҳасида зарур инфратузилма яратилиб, ҳужжатларни жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишда ижобий натижаларга эришилиб, муайян интеллектуал ва технологик салоҳият шакллантирилмоқда.

Бутун дунёда архивлар олдида турган энг катта муаммо бу архив ҳужжатларини сақлаш, ва мунтазам келиб тушадиган архив ҳужжатларини жамлаш учун бинолар билан таъминлаш масаласидир Бунда энг аввало, эскирган, талабга жавоб бермайдиган биноларни янгилаш, капитал таъмирлаш масалаларига эътибор қаратилмоқда.

«Ўзархив» агентлиги тизимида 3 та Ўзбекистон миллий архивлари, 14 та ҳудудий бошқарма ва улар тасарруфидаги вилоят, шаҳар, туманга қарашли 101 та давлат архивлари ҳамда 122 та шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архивлари фаолият юритмоқда.

Миллий архив фонди Ўзбекистон халқининг моддий ва маънавий ҳаётини акс эттирган, тарихий, илмий ва маданий аҳамиятга эга бўлган тарихий ҳужжатлар билан бойитилди. Ҳар йили ўртача 200 минг сақлов бирлигидан зиёд ҳужжатлар давлат архивларига келиб тушади. Ҳозирги кунда республикамиз архивларида жами 16,4 млн. сақлов бирлигидаги ҳужжатлар мавжуд бўлиб, шулардан 8,4 млн. бошқарув (миллий архив фонди), 6,8 млн. шахсий таркиб ва 1,3 млн. вақтинча сақловдаги ҳужжатлар сақланиб келинмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 20 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5834-сон Фармони ҳамда «Ўзбекистон Республикаси «Ўзархив» агентлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги ПҚ-4463-сон қарори билан «Ўзархив» агентлигининг марказий аппарати тузилмаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар архив иши ҳудудий бошқармалари намунавий тузилмалари тубдан қайта кўриб чиқилди ва тасдиқланди.

Соҳани ҳукумат томонидан қўллаб-қувватлашнинг кенг кўламли аниқ чора-тадбири сифатида 2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритишни янада ривожлантириш Давлат дастури ижрога йўналтирилди. Унга кўра, архив тизими ва иш юритишнинг норматив, услубий базасини такомиллаштириш, ҳужжатларни махфийликдан чиқариш жараёнини фаоллаштириш орқали зарурий ахборотдан фойдаланувчилар сонини кенгайтириш назарда тутилган.

Архив идораларида сақланаётган тарихий давр (1917 йилгача) ҳужжатларини ўрнатилган тартибда махфийликдан чиқариш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Бу жараёнда тарихчи ва ҳуқуқшунослардан иборат экспертлар гуруҳи тузилиб, ҳар бир ҳужжат атрофлича ўрганилади ҳамда тегишли даражада очиқланади.

2020-2025 йилларда давлат архивлари учун 2 та янги бино ва 12 та архив сақловхонасини қуриш, 2023-2025 йиллар орасида белгиланган 7 та бинони реконструкция қилиш режалаштирилган бўлиб, мазкур дастурни ижросини таъминлаш бўйича ўрнатилган тартибда ишлар олиб борилмоқда.

Охирги ўн йилликда ахборот-коммуникация технологиялари  жамиятни ривожланишида муҳим омил бўлиб, инсон фаолиятининг барча соҳаларида ахборотлаштиришни жорий этилиши энг устувор йўналишлардан ҳисобланмоқда. Жамиятни кенг ахборотлаштириш жараёнлари мазкур ўзгаришлар ва техник ислоҳотларнинг асосий ёндошуви бўлиб ҳисобланади. Замон талабига кўра бугун Ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида тезкор архив хизматларини тақдим этиш «Ўзархив» агентлиги олдида турган усутвор вазифа ҳисобланади.

Бу вазифалар қуйидагилардан иборат:

фойдаланувчиларга давлат архивларига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш учун имконият бериш;

ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги бошқа лойиҳалар билан интеграциялаш;

фойдаланувчиларнинг давлат архивлари билан ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш;

давлат архивларига мурожаат қилинганда фойдаланувчилар учун бюрократик тўсиқларни қисқартириш ва уларни бартараф этиш;

«Электрон ҳукумат» тизимида фаол иштирок этиш, тизимларни янада ривожлантириш ва бошқа давлат органларига  кўмаклашиш.

2020 йилдан бошлаб фуқароларга архив соҳасида кўрсатилаётган хизматлар онлайн электрон тарзда Давлат хизматлари марказлари (ДХМ) ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали амалга оширилиши йўлга қўйиб борилмоқда.

 «Ўзархив» агентлиги тизимидаги давлат архивлари томонидан бугунги кунда қуйидаги хизматлар:

- иш ҳақи (20 иш куни) ва иш стажини (5 иш куни) тасдиқлаш ҳақида архив маълумотномасини бериш (2020 йилда – 57 830 та; 2021 йилда – 405 494 та; 2022 йил 6 ойда – 120 191 та);

- олий ва ўрта махсус таълим муассасасида ўқиганликни (5 иш куни) тасдиқлаш ҳақидаги архив маълумотномасини бериш (2021 йилда – 45 225 та;

2022 йил 6 ойда – 9 762 та);

- яроқсиз ҳолатга келган ёки йўқотилган меҳнат дафтарчасидаги ёзувларни (20 иш куни) тасдиқлаш (2022 йил 6 ойда – 10 469 та);

- мавзули сўровларни (20 иш куни) ижро этиш (2020 йилда – 64 912 та;

2021 йилда – 143 338 та; 2022 йил 6 ойда – 39 864 та);

- давлат архивлари ўқув залларида архив ҳужжатларидан фойдаланишга рухсатнома (1 иш куни) бериш (2020 йилда – 2 159 та; 2021 йилда – 4 868 та;

2022 йил 6 ойда – 3 212 та) хизматлари онлайн тарзда кўрсатиб келинмоқда.

2022 йил 1 ярим йилликда Республика архивларига 39 864 та мавзули (2021 йил I ярим йиллигида 72 438 та, 55%), 219,5 мингта ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги (2021 йил 1 ярим йилликка нисбатан 42 %, яъни камайганини кузатиш мумкин) сўровлар келиб тушган, Жумладан, Давлат хизматлари марказлари (ДХМ) ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали 140,4 мингта, почта ва электрон почта орқали 30,6 мингта ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги сўровлар келиб тушган, 48,5 минг нафар фуқаро бевосита архивга мурожаат этган. Архив ҳужжатлари асосида 168,2 мингта сўровлар ижроси бажарилиб, улардан 156,9 мингтаси ижобий ҳал этилган, 11,2 мингтаси бўйича эса тегишли кўрсатма ва тушунтиришлар берилган. Шунингдек, ташкилот ҳужжатлари архив сақловига келиб тушмаган ва тааллуқлилиги бўйича тегишли ташкилотларга юборилган сўровлар сони 40,2 мингтани ташкил этган.

Жисмоний ва юридик шахсларга қулайлик яратиш мақсадида сўровларни онлайн қабул қилиш имкониятини берувчи «Архив иши» (my.archive.uz) ахборот тизими 2020 йилда яратилди ва амалиётда қўлланилиб, ҳозирда фойдаланиб келинмоқда.

Дунёда ахборот технологияларини ривожланиши натижасида қоғоз ҳужжатлар салмоғи камайиб электрон ҳужжатлар миқдори кўпайишига олиб келмоқда. Ўз навбатида архив муассасалари учун электрон ҳужжатларни сақловга қабул қилиш, сақловини таъминлаш ва улардан фойдаланишни ташкил этиш вазифалари пайдо бўлди.

Хорижий тажрибалар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, электрон ҳужжатларни сақловга қабул қилиш турли ташувчиларда эмас балки ахборот тизимлари орқали амалга оширилиши ўз самарасини бермоқда.

Бугунги кунда электрон архивларни ташкил этиш бўйича дунё бўйича йирик лойиҳалар қуйидагилар ҳисобланади:

1. Америка қўшма штатлари давлат электрон архиви

Қуйидаги вазифалар ўз ечимини топган: ҳужжатларни сақлаш муддатини электрон келишиш, архивга топширишни автоматлаштириш, ҳужжатларни доимий сақланишини таъминлаш, ҳужжатлардан фойдаланиш учун оператив рухсат бериш тизими;

2. Австралиянинг Виктория штати электрон архиви

Қуйидаги вазифалар ўз ечимини топган: давлат органларидаги электрон ҳужжат айланиш тизимини электрон архивга улаш, ҳужжатларни сақлашда электрон рақамли имзодан фойдаланиш, контейнер форматидан фойдаланиш;

3. АҚШнинг Вашингтон штати электрон архиви

Қуйидаги вазифалар ўз ечимини топган: электрон ҳужжатларнинг маълум миқдорларидан интернет орқали фойдаланиш (жами 92 млн. ҳужжат, шундан 28 млн. онлайн;

4. Tessella фирмасининг махсус дастурий таъминоти асосида Буюк Британия, Австрия, Швейцария, Финляндия, Эстония давлатларида ташкил этилган электрон архивлар

Қуйидаги вазифалар ўз ечимини топган: электрон ҳужжатларни узоқ муддат сақланишини таъминлаш бўйича ишлар автоматлаштирилган, яъни эскирган форматли файлларни автоматик аниқлаш ҳамда файллар формати реестрини шакллантириш. (1-жадвал)

Юқоридагилардан кўриниб турибдики электрон архивлар бўйича амалга оширган лойиҳалар турли давлатларда турлича амалга оширилган. Бу ўз навбатида давлатнинг ҳужжатлар билан ишлаш бўйича тизимидан ва молиявий имкониятдан келиб чиқиб белгиланади.

Электрон архивни ташкил этиш лойиҳаларининг имкониятлари ва вазифалари турлича бўлишига қарамасдан барча лойиҳалар ягона моделга асосланган. Шу кунга қадар яратилган электрон архив ахборот тизимлари OAIS ахборот пакетлари функционал моделлардан ташкил топган.

Ўзбекистон Республикасида электрон архив тизимини ташкил этиш бугунги кунда соҳа олдида турган энг катта вазифалардан бири ҳисобланади. Бу борада илк қадамлар 2020 йилдан ташланган.

Ҳозирга келиб архивларни ҳизмат кўрсатиш фукциялари тўлиқ автоматлашган бўлиб, архив маълумотномалари тўлиқ рақамлаштирилган.

Республикадаги архив муассасалар олдидаги муаммолардан бири архивларда рақамлаштирилаётган ҳужжатларнинг сақлови учун шароит талаб даражасида эмаслигида эди. Мазкур муаммони бартараф этиш мақсадида «Ўзархив» агентлиги ва «Ахборот технологиялари ва ахборот ресурсларини ривожлантириш маркази» ДУК билан ҳамкорликда «Давлат архивларида рақамлаштирилаётган ҳужжатларни ягона сақловини та’минлаш ҳамда улардан фойдаланиш» ахборот тизимини ишлаб чиқилиб, давлат архивларида жорий қилинди.

2022 йил 1 июль ҳолатига кўра Ўзбекистон миллий архивлари ва давлат архивлари томонидан мазкур «Тизим»да жами 44580 та фонд, 30924 та рўйхат (бириктирилган рўйхатлар сони 9420 та), 31183 сақлов бирлиги ва 1225 та ҳужжат яратилган ва 7785 та кадр бириктирилган.

Мазкур ахборот тизими жорий қилиниши орқали қуйидаги натижаларга эришилди:

Миллий архив фондига (МАФ) киритилган архив ҳужжатларининг марказлашган сақловини ташкил қилиш;

Тизимга киритилган архив ҳужжатларни онлайн равишда фойдаланиш (қидириш, фойдаланиш);

фонд, рўйҳат,сақлов бирлиги, архив ҳужжат бўйича онлайн қидириш;

Ноёб ва алоҳида қимматли ҳужжатлар реестрини ташкил қилиш;

Давлат архивлари томонидан топшириладиган Давлат каталогига оид маълумотларни онлайн қабул қилиш;

Тизимга киритилган архив ҳужжатларини электрон нусхасини сифатини назорат қилиш;

Киритилган маълумотларнинг сатитстик маълумотларни онлайн мониторинг қилиш;

Ҳар бир архив ходимини KPI бўйича баҳолаш ва рағбатлантириш.

Ҳозирда аҳоли фойдаланиши учун махсус қидирув сервиси (doc.archive.uz) ишлаб чиқилиб, «Давлат архивларида рақамлаштирилаётган ҳужжатларни ягона сақловини таъминлаш ҳамда улардан фойдаланиш» ахборот тизими билан интеграция қилинди.

Мазкур қидирув сервис орқали фойдаланувчилар Ўзбекистон миллий архивлари ва республика давлат архивлари сақланаётган ва «Давлат архивларида рақамлаштирилаётган ҳужжатларни ягона сақловини таъминлаш ҳамда улардан фойдаланиш» ахборот тизимига киритилган архив ҳужжатлари бўйича керакли маълумотлар топишлари мумкин.

Маълумот учун айтиб ўтиш зарурки, рақамлаштириш ишлари бошлангандан буён, Ўзбекистон миллий архивлари ва республика давлат архивлари томонидан умумий ҳисобда деярли 780 минг с.б.даги 47,3 млн. кадр рақамлаштирилган.

Ҳозирги кунда электрон ҳужжатларни давлат сақловига қабул қилиш бўйича Жанубий Корея давлатининг тажрибаси асосида электрон архиви моделини яратиш ва у асосида зарур ахборот тизимини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Бу тизим давлат архивлари ва идоравий архивлар ўртасидаги муносабатларни тўлиқ рақамлаштирилишига асос бўлиб, барча жараёнларни қамраб олиши лозим бўлади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки тобора аxборотлашиб бораётган жамиятда коғоз ҳужжатлари ҳажмининг тўxтовсиз ортиб бориши барча корxона, ташкилот  ва муассасалар учун бугунги кун муаммоси саналади. Шу сабабли, замонавий теxнологиялардан фойдаланган холда арxив ишини автоматлаштириш, тизимларни, жараёнларни рақамлаштириш долзарб вазифа ҳисобланади. Электрон арxивларни яратиш - ҳужжатли аxборотлардан фойдаланишнинг янги даражасидир.

Унинг тадбиқи ўларок, давлат бошкаруви органлари, вазирликлар ва идоралар, банклар, саноат корxоналари ва корпорациялари, катта савдо фирмалари, таълим, фан ва маданият муассасалари фаолиятига юксак туртки бўлади. Мамлакатамизда электрон арxив яратишга чет эл илғор ташкилот ва муассасалари тажрибаларини чукур ўрганган холда ёндашиш, мавжуд стандарт ва ҳужжатларнинг хар бир жихатларини синчковлик билан тадқиқ этиш максадга эришишни таъминлайди.

Электрон арxив ҳужжатларни анъанавий усулларга караганда анча тез кидириб топиш ва фойдаланувчиларга кулай, яъни исталган вактда тақдим этиш имкониятини яратади. Шу билан бирга, электрон арxивда ҳужжатларни узоқ муддатли саклаш ва уларнинг xавфсизлигини самарали таъминлаш мумкин. Ушбу омилларни ва ҳужжатларни кимматлилигини кўзда тутган холда электрон арxивларни ташкилий ва хукукий асосларини ишлаб чикиш вазифаси ўзига xос долзарб ахамиятга эга.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Ўзбекистон Республикаси «Архив иши тўғрисида»ги Қонуни,  №ЎРҚ-252 15.06.2010 [Электрон ресурс]. URL: https://lex.uz/docs/1645540 

2. Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони «Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»№5834, 20.09.2019 [Электрон ресурс]. URL: https://lex.uz/docs/4523373

3. Ўзбекистон Республикаси Президенти «Ўзбекистон Республикаси «Ўзарxив» агентлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги №4463, 20.09.2019 [Электрон ресурс]. URL: https://lex.uz/ru/docs/4523179

4. У.Юсупов, А.Алиев «Ўзбекистон архивлари» Тошкент.2021 йил

5. А. А. Бакшаев, Архивное дело в странах Европы и США в конце ХХ — начале ХХI в., учебное пособие, Екатеринбург, 2020

6. Н. Храмцовская, Разработка концепции электронного архива, Делопроизводство и документооборот на предприятии, № 4’ 2012

7. А.В. Соловьев, Электронные архивы: разработка математической модели электронного документа при долговременном хранении, информационные технологии и вычислительные системы 1/2017

8. Reference model for an open archival information system (oais), magenta book, 2012