В данной статье уделяется внимание совершенствованию нормативно-правовой базы архивов, развитию материально-технической базы, подготовке кадров и повышению квалификации, а также перспективам развития архивного дела в архивных учреждениях Республики Узбекистан. Представлена информация по фонду архивных документов агентства «Узархив», содержащего более 2,5 млн единиц хранения документов из них 70 процентов особо важных документов, проведено в электронную форму.

       Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида архив ишини ривожлантириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳага замонавий ахборот коммуникация технологияларини кенг татбиқ этишга катта эътибор қаратилмоқда. Шу каби саъй-ҳаракатлар архив ҳужжатларини рўйхатдан ўтказиш, жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш, улардан фойдаланиш борасида юқори натижаларга эришилмоқда.

Ўзбекистонда архив ишини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режаларни уч йўналишда тадқиқ этиш мумкин:

Архивларнинг норматив-ҳуқуқий базасини ривожлантириш йўналиши

Илк бора 1999 йил 15 апрелда Ўзбекистон Республикасининг «Архивлар тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди. Шунингдек, ушбу қонунни замон билан ҳамнафас бўлишини таъминлаш, эскирган нормаларини янада такомиллаштириш, жаҳонда соҳа бўйича олиб борилаётган замонавий тенденцияларни инобатга олиб, 2010 йил 15 июнда «Архив иши тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди.

Моддий-техник базани ривожлантириш йўналиши

«Ўзархив» агентлиги тизимидаги давлат архивларида хизмат кўрсатиш сифатини такомиллаштириш, моддий-техник базани янгилаш ва мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Инвестиция дастури доирасида 2009 – 2016 йилларда республикамизнинг барча ҳудудларида 22 та янги, замонавий типдаги давлат архиви бинолари қуриб, фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, 5 та давлат архиви биноси тўлиқ реконструкциядан чиқарилди. Натижада, архивлар балансида бўлган бинолар 2016 йилда қарийб 98 фоизга етди. Энг муҳими, улар замонавийлиги ва ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланганлиги билан ажралиб туради. Амалиётга изчиллик билан татбиқ этилаётган шу каби саъй-ҳаракатлар туфайли давлат архивларининг сиғимдорлиги 2,5 миллион сақлов бирлигига ортди. Уларга қўшимча равишда 1,1 миллион сақлов бирлигида ҳужжатлар қабул қилишга эришилди. Шунингдек, хорижий мамлакатлардан тарихимизга оид 3,7 мингдан ортиқ тарихий, сиёсий, маданий ҳужжатларнинг нусхалари олиб келинди.

Соҳада ахборот-коммуникация технологияларини кенг жалб қилиш ишларига жиддий эътибор қаратилган бўлиб, архив идоралари ўртасида электрон ахборот алмашинуви йўлга қўйилган. Шунингдек, тадқиқотчи ва фойдаланувчиларга ҳужжатларнинг электрон нусхалари билан ишлаш имконияти ҳам яратилмоқда. Бугунги кунга қадар давлат архивларида сақланаётган алоҳида қимматли ҳужжатларнинг 70 фоизини электрон нусхаси яратилган.

2017 йилда Кинофотофоно ҳужжатлари марказий давлат архиви ва Илмий-техникавий ва тиббиёт ҳужжатлари марказий давлат архивининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, аудиовизуал ва фоно ҳужжатларни қайта ишлаш ва сақлаш учун янада қулай шароитлар яратиш мақсадида Хитой Халқ Республикаси ҳукумати томонидан 3,5 млн. долларлик грант маблағи ажратилиши режалаштирилган.

Кадрлар малакасини ошириш йўналиши

Замонавий фикрлайдиган, интеллектуал жиҳатдан ривожланган кадрларни тайёрлаш, барча давлат ташкилотлари қатори, «Ўзархив» агентлигининг ҳам устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.

Рақамларга эътибор берилса, 103 та давлат, маҳаллий ҳокимликлар ҳузурида 107 та идоралараро шахсий таркиб архивлари ҳамда 9 000 дан ортиқ идоравий архивлар фаолият кўрсатиб келмоқда.

Архив муассасаларида жами 1 400 нафар ходимлар фаолият юритади. Ҳозирда давлат архивларида фаолият юритаётган кадрларнинг 31 фоизи 30 ёшгача, 38 фоизи 50 ёш ва ундан ошганлар, 6 фоизи 60 ёшдан ошганлар бўлиб, барча ходимларнинг 25 фоизи олий маълумотлилар, 53 фоизи ўрта-махсус маълумотга эга. Барча ходимларнинг 5 фоизи соҳа бўйича олий маълумотга эга кадрлардир.

Агентлик томонидан архив муассасаларини билимли ва малакали кадрлар билан тўлдириш, соҳа бўйича лавозимларини ошириб боришни таъминлаш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш ҳамда кадрлар қўнимсизлиги олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар мунтазам равишда амалга ошириб келинмоқда.

Архив муассасалари ҳамда архив иши ва иш юритиш йўналишида кадрлар тайёрловчи 28 та ўрта-махсус ва касб-ҳунар коллежлари, 4 та олий ўқув юртлари билан узвий ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, бу борада ишлар янада фаоллаштирилмоқда.

Архив иши ва иш юритиш соҳаси мутахас-сисларининг соҳага оид билимларини ошириш мақсадида 2006 йилдан буён марказий давлат архивлари қошида «Ижро назорати ва иш юритиш маҳорати» ҳамда «Идоравий архивлар фаолиятини ташкил этиш асослари» ўқув курслари фаолият юритмоқда ва уларнинг базасида бугунги кунга қадар 3 000 дан ортиқ ташкилотларнинг архив ва иш юритувчи ходимлари малакаларини оширдилар.

Шунингдек,    Ўзбекистон Республикаси Кинофотофоно ҳужжатлари марказий давлат архиви томонидан республикадаги архивчи ва иш юритувчиларни масофавий тарзда малакасини ошириш мақсадида масофавий ўқитиш портали жорий қилинди. Фойдаланувчилар учун расмий веб-сайт очилиб, масофавий таълим портали www.sdo.archive.uz манзилига жойлаштирилди. Архив ишининг тўртта йўналиши «Архив ҳужжатларини жамлаш», «Архив ҳужжатларини ҳисобга олиш», «Архив ҳужжатларини сақлаш», «Архив ҳужжатларидан фойдаланиш» бўйича ҳар бир йўналишга алоқадор ўқув материаллари мазкур порталга жойлаштирилган.

«Ўзархив» агентлиги ва Корея Республикасининг Миллий архивлари ўртасида архив иши соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Мазкур меморандум доирасида ҳар йили Ўзбекистон архив ходимлари Кореяда электрон архивларни жорий қилиш ва архив ҳужжатларини рақамлаштириш бўйича малака ошириб келадиган бўлдилар.

Мухтасар қилиб айтганда, мамлакатимизда архив ишини янада ривожлантириш, истиқболдаги режаларни амалга оширишга ҳукумат томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, архивларнинг норматив-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, моддий-техник базасини янада ривожлантириш ҳамда кадрлар малакасини оширишда бевосита молиявий маблағлар ажратиш ва инвестиция жалб қилишда кенг имкониятлар яратиб берилмоқда.