This article covers the issues of training specialists for information and library institutions, the existing problems and challenges in the Republic of Uzbekistan. It also presents the reforms, historical facts and digital data on the training of librarians with higher and secondary special education in our country.
Special attention was paid to the topical issues of management of information and library institutions, staffing requirements, the introduction of innovative methods in the educational process. Also, the requirements for the bachelor's and master's degree programs in the training of information and library specialists with higher education, the views on the individual approach.
Калит сўзлар: Ўрта Осиё, тафаккур, техникум, кутубхоначилик, муҳандис-техник, кўчма кутубхоналар, библиограф, архившунос, китобхонлик маданиятини, маориф, ахборотлаштириш ва кутубхонашунослик.
Мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар миллий давлатчилик ва суверенитетни мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни, жамиятда қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини таъминлаш учун муҳим пойдевор бўлди, халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, жаҳон талаблари даражасида таълим олиши ва касб эгаллаши, фуқароларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратди. Янги шароитлардан келиб чиқиб, «Таълим тўғрисида”ги ва “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига, 2017-2021- йилларга мўлжалланган “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси”, 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3931-сонли Қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Педагог кадрларни тайёрлаш, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, таълим босқичларининг узлуксизлиги ва изчиллигини таъминлаш, таълимнинг замонавий методологиясини яратиш, давлат таълим стандартларини компетенциявий ёндашув асосида такомиллаштириш, ўқув-методик мажмуаларнинг янги авлодини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш ҳамда педагог ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тақозо этади. Шу билан бир қаторида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги ПҚ-3271-сонли қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, Ахборот-ресурс марказ (кутубхона)лар фаолияти давр талабларига мувофиқ такомиллаштирилиб борилмоқда. Ахборот-ресурс маркази (кутубхона) ишини ташкил этиш ва бошқариш учун тайинланган раҳбар кадр эса эндиликда бошқаришнинг янги усулларидан фойдаланган ҳолда, фаолиятини самарали ташкил этиш даражасини оширишига зарурат пайдо бўлди.

Шу ўринда, Ахборот-ресурс маркази (кутубхона)лар учун зарур бўлган олий маълумотли кутубхонашунос кадрлар етиштириш масаласига тўхталиб ўтишдан аввал, соҳа ходимларини тайёрлаш босқичи тарихига назар солсак.
1924 йилда собиқ ҳукумат қарори билан Ўрта Осиёни чегаралаб бўлиш, миллий-ҳудудий чегаралаш ва республикалар тузиш режаси амалга оширилганидан сўнг мамлакатимизда катта сиёсий-ғоявий ўзгаришлар рўй бера бошлади. Халқнинг онги ва тафаккурига ўзгариш олиб киришда энг яқин воситачи кутубхоналар ва китоблар деб ҳисобланган ҳукумат раҳбарлари кутубхоналар сонини кўпайтириш устида саъй-ҳаракатларни бошлади. Табиийки, бунда кутубхона ходимларини тайёрлаш масаласи долзарб бўлиб қолди. 1927 йили 1 февралда Тошкентда кутубхона ходимларини тайёрлаш бўйича олти ойлик курслар ташкил қилинди. 1934 йилнинг январида Республика Фан қўмитаси кутубхоналар учун раҳбар ва уларнинг ёрдамчи кадрларини тайёрлаш масаласини кўтарди. Кутубхона ходимларининг ўрта бўғинлари вакилларини қайта тайёрлаш учун саккиз ойлик курслар ташкил қилинди. Унда ходимлар ишдан ажралмаган ҳолда таҳсил олар эдилар. Таълим дастури 600 соатга мўлжалланган бўлиб, шундан 100 соати умумий таълим фанларига ажратилган эди. Шу йили кутубхона кадрларига ьўлган кучли эҳтиёжни таъминлаш учун, уч ойлик курслар очиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Республика маориф халқ комиссарлиги Тошкентда кутубхона ходимларини 1 йилдан 3 йил муддатгача мажбурий тартибда ўқитиш ҳамда кутубхона бўлимлари ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилди.
1934 йилнинг сентябрида Москва ва Ленинграддаги кутубхоначилик олий ўқув юртларига Ўзбекистондан 5 киши ўқишга юборилди. Шу йили Самарқанд шаҳридаги клуб ва кутубхона ходимларининг бир йиллик курсларини 82 нафар битирувчи тамомлаб, республикамизнинг барча ҳудудларидаги кутубхоналар учун кадр сифатида тақсимланди. Бундан ташқари, Тошкентда кутубхоначилик бўлимларининг инструктор-ташкилотчиларини тайёрлайдиган олти ойлик курслар, кутубхона ходимларини қайта тайёрлаш бўйича икки ойлик курслар очилди. Таълим жараёни махсус тузилган дастур бўйича ташкил қилинган эди. Мазкур курсларга ўқишга кирувчилар етти йиллик мактаб ҳажмида маълумотга ва кутубхоналарда камида бир йиллик иш стажига эга бўлиши лозим эди. 1935 йили курслар тизими орқали кутубхона ходимларини қисқа муддатда тайёрлаш ва қайта тайёрлаш соҳасида катта ислоҳат бўлди. Шу йили Тошкент, Самарқанд ва Хивадаги қисқа муддатли курсларни 270 киши тамомлади.
1937 йили Тошкент кутубхоначилик техникуми очилди. Шу йили Тошкендаги бир йиллик кутубхоначилар тайёрлаш курсини 120 мутахассис, мактаб кутубхоналари ходимларини тайёрлаш бир йиллик курсини, 140 мутахассис тамомлади. Шундай курслар Хивада ва республиканинг бошқа шаҳарларда ҳам иш олиб борди. 1937 йилнинг кузидан жойларда кутубхоналар ходимларининг билимларини текшириш учун малакавий комиссияларнинг тузилиши жиддий янгилик бўлди. Кутубхона ходимларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга кейинги йилларджа ҳам катта эътибор берилди. 1938-1939 йилларда бир йиллик курсларда 694 нафар, қисқа муддатли курсларда эса, 145 нафар кутубхоначи тайёрланди. Кутубхоначилик техникумини шу йиллар давомида 58 киши тамомлади.1 Ўзбекистонда мавжуд барча кутубхоналар учун кадрлар тайёрлаш тизими шу тарзда амалга оширилиб келинди.

Кейинчалик, II-иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳам кутубхоначи кадрларга эҳтиёж сезиларли даражада ортди. Уларнинг таркибида илмий ва муҳандис-техник ходимлар сони кўпайди. Масалан, 1940 йили Ўзбекистон Давлат кутубхонаси (ҳозирги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси) да улар 17,3% ни ташкил этган бўлса, 1945 йилда бу кўрсаткич 47%га етди. Уруш йилларида кутубхоначи кадрлар фронт ва фронт ортида кўчма кутубхоналар ташкил этиш ишларига жалб қилинди. Айниқса бу йилларда кутубхоналарда хизмат кўрсатиш учун кўнгиллилар гуруҳлари ташкил этиладиган бўлди.
Урушдан кейинги йилларда аҳоли турмуш тарзи, фан, маданият, таълим ва бошқа соҳаларда кадрлар етиштириш тизими тубдан қайта кўриб чиқила бошланди. Маълум бир йиллар давомида кутубхоналар учун мутахассислар Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида, кейинчалик эса Абдулла Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институтида бакалавр ва магистр даражасида олий маълумотли кутубхоначи, библиограф, архившунос, китоб савдоси мутахассислари тайёрланиб борди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 4 июндаги
ПҚ-1771 сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 27 июндаги йиғилиш баённомаси асосида Тошкент давлат маданият институти “Ахборотлаштириш ва кутубхонашунослик” таълим йўналиши 2012-2013 ўқув йилидан бошлаб, Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида фаолият олиб борди.
Бугунги кунда Ахборот-ресурс маркази (кутубхона) учун олий маълумотли кадрлар Тошкент давлат санъат ва маданият институти ҳамда Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида таълим йўналишлари бўйича тайёрланиб бормоқда. Мутахассисларни тайёрлашда таълим жараёни замонавий ёндашувлар ва инновациялардан фойдаланган ҳолда, назарий, амалий ва кўчма машғулотлар шаклида олиб борилмоқда. Бунда айниқса, келгусида Ахборот-ресурс марказлари фаолиятини бошқариш вазифасини бажарувчи раҳбар кадрларни ўқитишда таълим жараёнига инновацион методларни жорий этган ҳолда, ходимлар билан ишлай олиш, иш вазифаларни ва йўналишларни тўғри танлай олиш ва тақсимлаш, кутубхона фондини тўғри шакллантириш тўғрисида билимларини янада чуқурроқ бериб бориш зарур. Бу жараён эса Ахборот-ресурс маркази (кутубхона) учун олий маълумотли кадрларни тайёрлаб бораётган таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларидан талаб этиладиган юксак профессионализмни қуйидагича гуруҳлаш мумкин.
- Ахборот-ресурс маркази (кутубхона) ишининг замонавий йўналишларига оид назарий билимлар, етакчи концепциялар;
- Ахборот-ресурс маркази (кутубхона) ишининг асосий тараққиёт йўналишлари;
- Ахборот-ресурс маркази (кутубхона) ишини режалаштириш;
- Ахборот-ресурс маркази (кутубхона) ишини бошқариш инновaциялари тўғрисида билимлар;
- Ахборот-ресурс маркази (кутубхона) фаолиятида инновaциялардан фойдаланиш;
- Ахборот-ресурс маркази (кутубхона) фойдаланувчиларнинг фаоллигини оширишга хизмат қиладиган интерфаол таълим шакллари, методлари ва воситаларидан самарали фойдаланиш;
- Ахборот-ресурс маркази (кутубхона) бошқаришида ривожланган мамлакатлардаги илғор тажрибалардан фойдаланиш;
- фойдаланувчиларда мустақил равишда билимларни янада орттириб боришга бўлган эҳтиёжни шакллантириш,
- мустақил иш вазифаларини табақалаштириш, уларга раҳбарлик қилиш кўникмалари ва бошқалар.
Бугун ахборот-ресурс марказидан фойдаланувчининг маданий ва фуқаролик ўз-ўзини англашини тарбиялашга, уларнинг ижодий имкониятларини ривожлантиришга қаратилган фаолият шакл ва методлари долзарб масалага айланган. Ахборот-ресурс маркази (кутубхона)ларда ташкил этилаётган оммавий тадбирлар шахснинг умумий ахборот ва китобхонлик маданиятини ривожлантиришга мўлжалланган бўлиши, фикрлашини ўстиришга, медиямаконни кенгайтириш, кутубхоначилик хизматлари ассортиментини, амалий фаолиятининг оптимал иш шакллари ва методларини белгилаш, иш режасини пухта яратиш ва уни амалга оширилишини назорат қилиш ва баҳолаш раҳбар мутахассисдан ташкилий-тактик маҳоратни талаб қилади. Юқорида санаб ўтилган кадрларни тайёрлаш тизимидаги вазифаларнинг “ташкилий – бошқарув тактик” услубларини магистратура босқичида таҳсил олувчи талабаларга кўпроқ таҳсил бериш мақсадга мувофиқдир. Ахборот-ресурс маркази (кутубхона)да ташкилий тузилмани тўғри шакллантириш ва уни амалиётда қай тарзда самара беришини кузатиш аслида кенг тарқалган тажриба натижалари ҳисобланади. Аввало бошқарув жараёнида ходимнинг шахсиятига йўналтирилганликнинг турланишини инобатга олиш муҳим ҳисобланади. Маълум бир ходимнинг индивудал касбий маҳорати ва раҳбарлик қобилиятининг илк кўникмалари айнан таълимнинг магистратура босқичида шакллантирилиши лозим бўлган вазифа саналади. Юқорида келтирилган олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида Ахборот-ресурс маркази (кутубхона)лар учун раҳбар кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Фойдаланилган адабиётлар
1. Охунжонов Э. Ватан кутубхоначилиги тарихи. 2-қисм. – T.: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти. – 2008. – 306 б.
2. Axunjanov E. Kutubxonashunoslik, arxivshunoslik, kitobshunoslik: nazariya va tarixi: o’quv qo’llanma. – Т.: Tafakkur bo’stoni, 2011. – 520 b.
3. Хидиров Б. Кадрлар тайёрлаш миллий модели ва шахс камолоти: монография . – Т.:2011. – 82 б.
4. Юсубов Ж.Қ. Ўзбекистонда давлат хизмати соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш: сиёсий фан. фалсафа доктори диссертация автореферати. – Т., 2018. - 40 б.
5. URL: https://www.lex.uz
6. URL: https://www.ferlibrary.uz
1 Охунжонов Э. Ватан кутубхоначилиги тарихи. 2-қисм. – T.: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти. – 2008. – Б. 126.
