Автор статьи пишет, что 25 октября 2017 года между Национальной библиотекой Турции и Национальной библиотекой Узбекистана был подписан меморандум о взаимном сотрудничестве в области информационно-библиотечной деятельности. На основании этого соглашения ведущие специалисты информационно-библиотечных учреждений Республики посетили с стажировкой с 7 по 11 мая 2018 года  Национальную библиотеку Турции. Целью поездки явилось ознакомление с инновационными технологиями в области ИБУ, изучение возможностей обслуживания читателей, а также знакомство с дистанционным обслуживанием читателей.  Кроме этого специалисты Узбекистана посетили отдел реставрации и консервации НБТ и им были проведены семинары и мастер классы.

Туркия Миллий кутубхонаси ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум 2017 йил 25 октябрь куни имзоланди. Унга асосан 10 нафардан иборат ҳам-касбларимиз билан 7–11 май кунлари Туркия пойтахти Анқара шаҳридаги кутубхоналар фаолияти билан танишиш, соҳа бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар, ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишдаги янгиликлар, фойдаланувчилар ва ходимларга яратилган имкониятлар, ахборот-кутубхоналар жамғармасини меъёрий талаблар асосида сақлаш, рақамлаштириш, масофадан туриб хизмат кўрсатиш борасидаги илғор иш тажрибалари билан танишиб, бу борада ўз билим ва малакаларни оширишга муяссар бўлдик.

Туркияда Миллий кутубхона ва халқ кутубхоналари Маданият Вазирлиги тасарруфида фаолият юритади. Анқарадаги 1 200 та кутубхонада 22 минг мутахассис ишлайди. Хизмат сафари давомида Анқарада Туркия Миллий кутубхонаси, Билкент университети кутубхонаси, Халқ кутубхонаси, Мехмет Акиф Эрсой номидаги бадиий адабиёт музейи кутубхоналари фаолияти билан яқиндан танишдик.

Туркия Миллий кутубхонаси Аднан Отукен томонидан 1946 йилда 2 донагина китоб билан ташкил этилган. Ҳозирга келиб унинг коллекцияси 4 миллионга яқин. Кутубхона жамғармасида 30 мингдан зиёд ноёб, асориатиқа қўлёзмалар сақланади. Уларнинг 20 мингдан ортиғи Усмонийлар давлатининг босма китоблари. Энг ноёб китоблар музейларга экспозиция учун топширилган. Миллий кутубхона Турк миллий маданий меросини сақловчи деган мақомни олган. Бу кутубхона дунёдаги ривожланган кутубхоналар ўнталигидан жой олган.

Кутубхонада бир кунда 3 000 тагача китобхонларга хизмат кўрсатилади. Бир вақтнинг ўзида 1 200 нафар китобхон фойдаланиши мумкин. Кутубхона ҳафтада етти кун, соат 900 дан 2400 га қадар ишлайди. Кутубхонанинг умумий майдони 39 минг м2, ташкил этиб, биноси 3 та блокдан иборат. Унда ўқув заллари, ахборотларга ишлов бериш заллари, архив, рақамлаштириш бўлимлари, овоз ёзиш студиялари, тадқиқотлар зали, кўргазмалар зали, кўп мақсадли конференц заллари, хайрихоҳлар томонидан кўзи ожиз китобхонлар учун «овозли ўқиш» хоналари, тўлиқ жиҳозланган нашриёт, микрофильм бўлимлари ва галерея заллари жойлашган.

Миллий кутубхона имконияти чекланган китобхонлар учун mkutup.gov.tr интернет сайтида 5 мингдан ортиқ бадиий адабиётлар, шеърий ва имтиҳонларга тайёргарлик кўриш учун дарслик ва қўлланмалардан ташкил топган аудио ресурсларни жойлаштирган. Бу лойиҳада 100 дан ортиқ хайрихоҳлар аудио китобларни тайёрлашда иштирок этган.

Миллий кутубхонанинг ахборот технологиялар бўлимида биз «Kasif» автоматлаштирилган дастурий таъминот билан танишдик. Дастур ёрдамида кутубхонадаги асосий жараёнлар: маълумотларни йиғиш, сақлаш MARC форматлар асосида каталоглаштириш, адабиётларни қидириш, буюртмалар бериш ва узатиш, кутубхона статистикасини юритишни автоматлаштирилган ҳолда бажарилиши ҳамда халқаро талабларга мос равишда электрон библиографик ёзувлар яратиш технологиялари билан танишдик.

Миллий кутубхонада 2005 йилдан бошлаб адабиётларни рақамлаштириш бошланган бўлиб, ҳозирда тизимга 206 600 дан зиёд адабиётлар ва 10 мингдан ортиқ юқори сифатли ҳужжатлар жойлаштирилган.  Рўйхатдан ўтган китобхонлар, Туркия фуқаролари нодир нашрларнинг электрон шаклидаги тўлиқ матнини тизимдан 100% кўчириб олишлари мумкин. Тизимга библиографик маълумотлар 2016 йилда киритилган. Ҳозирда унга 1 500 та илмий мақолалар жойлаштирилган.

Миллий кутубхонада турли давлатларнинг 20 та лицензияли электрон маълумотлар базасидан фойдаланиш имконияти яратилган. 2017 йилда фақат электрон маълумотлар базалари учун 2 млн. доллар ажратилган. Барча сотиб олинган электрон базалардаги маълумотлар архивланади.

Бутлаш хизмати Давлатнинг 5632-сонли қонунига асосан иш олиб боради. Бу хизмат ҳам «Kasif» дастурида ишлайди. Бир йилда жамғармага 65-70 минг нусхада китоб олинади. Ундан 10-15 минг нусхаси ҳомийлик асосида, қолгани сотиб олиш йўли билан амалга оширилади. Кутубхонада 2017 йилда  8 млрд. лирага китоб сотиб олинган.

Давлат томонидан кутубхоналарга эътибор жуда катта бўлиб, йилдан-йилга ажратиладиган маблағлар ортиб бормоқда. Кутубхонага бошқа давлатлардан 17 номдаги вақтли матбуот нашрлари сотиб олинади.

Китобларни ажратиш хизмати кутубхонада янги ташкил қилинган. Фойдаланувчилар бу хизмат туридан кутубхона ишламаган кунлари ҳам фойдаланиши мумкин. Бу бўлимда, асосан, жамғармага олинган нашрлар турига, форматига, соҳасига, тилига қараб ажратилади ва тизимга киритилиб, электрон нусхаси яратилади. Жамғарма сотиб олиш мажбурий нусхаларни олиш билан, овоз ёзиш студиясида хайрихоҳлар томонидан ўқиб берилган китобларни ёзиб олиш ва аудио китобларни тайёрлаш орқали тўлдирилади. Барча нашрларнинг электрон нусхалари яратилгандан сўнг Миллий кутубхона серверига ва «Kasif» дастурида ўз аксини топади. Дастурда 5 000 пластинкаларнинг электрон шакли мавжуд бўлиб, уларнинг энг қадимийси 1928 йилларда ёзилган пластинкалардир. Нашрларни рақамлаштириш учун 15 та тезкор сканер мавжуд.

Қўлёзма ва нодир асарлар бўлимида жами 118 738 та коллекция сақланади. Улардан 27 796 жилди ноёб қўлёзмалар бўлиб, уларнинг 70 фоизи араб тилида, 20 фоизи турк тилида, 10 фоизи форс, арман, грек тилларидаги адабиётлардир. 89 485 нусхадаги нашрлар 1928 йилга қадар нашр қилинган араб алифбосидаги нашрлардир.

Қадимий қўлёзмалар, тошбосмалар ва бошқа нодир адабиётлар махсус кислотасиз картондан тайёрланган қутиларда сақланади. Коллекциялардаги айрим ноёб адабиётлар:

- 1428 йилда ёзилган Усмонийлар давлатининг илк энциклопедик асари Бедри Дилшад қаламига мансуб «Муроднома» асари;

- Удийнинг XVI асрда ёзган «Массера – ил Мах» асари;

- Мулло Муҳаммед Кевад Фазл Али қаламига мансуб «Қуръони карим» кумуш муқовага устига араб тилида оят ёзилган санаси аниқ бўлмаган, варақлари ипак қоғоздан қилинган ўртасига қуръон оятлар чеккаларига форс тилида изоҳ берилган;

- ҳайвон терисига ёзилган 4 дона «Евангел инжили» ҳам минг йиллик тарихга эга. Булар дунёда ягона нусхадаги қўлёзмалар ҳисобланади. Ундан ташқари:

- 1272 йилда ёзилган энг қадимий китоб Имом Ғаззолийнинг «Кимёвий саодат» асари;

- 1313 йилда самарқандлик ҳаттот Фузулий Муҳаммаднинг Боғдодда ёзган 23 жуздан иборат Қуръон китоби.

 - «Гўрўғли» нинг 367 та жўнг китоблари;

- Мавлоно Румийнинг (XVIII аср) «Маънавий маснавий» асари устида Ҳазрати Мавлоно Тақризийнинг миниатюраси жойлаштирилган 6 жилдли китоби;

- Машраб Девони қўлёзмаси.

Ҳижрий 1257 йилда Болгарияда отнинг ёли билан ёзилган Қуръон китоби каби ноёб асарлар Туркия Миллий кутубхонасининг олтин фондидан жой олган қўлёзмалар сақланмоқда. Барча қўлёзмаларнинг электрон нусхалари яратилган. Улардан Туркия фуқаролари бепул, чет эл фуқаролари учун 1 варағи 1 лира қилиб Вазирлик томонидан нарх белгиланган.

Сақлаш бўлимида кутубхонанинг барча ахборот-ресурслари белгиланган талаб ва меъёрлар асосида жойлаштирилиб сақланади. Сақлаш бўлими ҳужжатнинг турига қараб, уларни сақлаш учун махсус замонавий темир ва ёғочдан ясалган шкафлар, махсус қурилмалар ва жиҳозлар билан таъминланган.

Карта, атлас, афишалар махсус пакетларга жойлаштирилиб, шкафларга букламасдан ёйилган ҳолда қўйилади. Брошюралар соҳаси бўйича ажратилиб алоҳида файл папкаларда, қоғоз пуллар, тангалар, конвертлар, маркалар ламинация қилиниб альбом шаклида сақланади.

Сақлаш бўлимида малакали тасвирчи Алиф Арчининг «Буюк ипак йўли» деб номланган 120х80 ҳажмдаги 90 та расмлар коллекцияси сақланар экан. Бу коллекцияда Ўзбекистоннинг Буюк Ипак йўли ўтган вилоятларида олинган расмлар ҳам борлиги бизни қувонтирди.

Кутубхонанинг «Овоз ёзиш студияси»да аудио китобларни тайёрлаш учун махсус комиссия тузилган бўлиб, барча овозли китобларни яратишда иштирок этувчи волонтёрлар комиссия текширувидан ўтади. Комиссия уларнинг нутқи, овози, талаффузи ва бошқа йўналишлар бўйича баҳолаб, сўнг энг мақбулларини саралаб олади. Тайёр бўлган аудио китоблар дискларга кўчирилади, кутубхона серверига ва сайтга жойлаштирилади.

Ташқи алоқалар хизматида 2 та бўлим: ташқи алоқа ишлари ва маданий ишлар бўлими фаолият олиб боради. Ташқи алоқалар бўлими Миллий кутубхонанинг хорижий давлатларнинг ривожланган кутубхоналари билан ҳамкорлигини ривожлантиради ва Миллий кутубхонага алоқадор халқаро ёзув ишларини олиб боради. Маданий ишлар бўлими эса, чет эл фуқароларини кутубхонага аъзо бўлишига ёрдам беради ва ахборот-кутубхона ресурларидан фойдаланишлари учун шароит яратади, Миллий кутубхонада бу бўлимнинг 3 та катта безатилган заллари мавжуд бўлиб, бу залларда чет эл делегациялари билан ҳамкорликда ўтказиладиган тадбирлар, халқаро конференциялар, анжуманлар, тасвирчи, рассомларнинг кўргазмалари, концертлар ва бошқа маданий тадбирлар ўтказилади. Залларни бошқа ташкилотларга ижарага бериш ҳам йўлга қўйилган. Ташқи алоқа бўлими дунёнинг 33 та давлатлари билан ҳамкорликни йўлга қўйишга муваффақ бўлган. Ҳозирда улар билан ўзаро ҳамкорлик шартномаси асосида ишлайди.

Реставрация бўлимида, асосан, ноёб китоблар, газеталар ва ҳужжатлари таъмирланади.Таъмирланиши керак бўлган ҳужжатлар, авваламбор, шикастланиш даражасига қараб ажратилади. Сўнгра мутахассис томонидан уларнинг ҳолати бўйича сифатлари, сувга, спиртга чидамлилиги аниқланади ва фойдаланишга тўлиқ яроқли ҳолга келтириш учун қандай таъмирлаш ишлари олиб борилиши ёзилади.

Йиртилган, кир бўлган, муқовасидан чиқиб кетган китобларни таъмирлашдан олдин тозаланади, зарур ҳолларда махсус идишларда ювилади, қуритилади. Сўнгра китобларни реставрация қилиш жараёнлари босқичма-босқич амалга оширилади. Биз таъмирлаш учун ишлатиладиган асбоб-анжомлар ва материаллар, турли елим маҳсулотлари ва қоғозлар, тери маҳсулотлари, турли қалинликдаги япон қоғозлари билан танишдик ва намуналар олдик. 

Ноёб адабиётларни иложи борича ноёб ва нодирлигини ва асл кўринишини сақлаб қолишга ҳаракат қилинади. Бунинг иложи бўлмаган тақдирда муқовани сканер қилиб ўзига ўхшаш, лекин бошқа қоғозда принтердан чиқариб ёпиштирилади.

Коллекцияларни йиғиш ва жамлаш хизматига каталоглар бўлимидан китоблар бўлимга келтирилади. «Kasif» дастурида китобхон онлайн, телефонда, электрон почта орқали ҳам буюртма бериши мумкин. Ундан ташқари, кутубхонага келган китобхон махсус буюртма учун тайёрланган рангли карточкага ёзиб ҳам буюртма бериши мумкин. Буюртма карточкалар китобхоннинг турига қараб 3 хил: оқ, кўк ва сариқ рангларда. Оқ ранг – директор учун, кўк ранг – ходимлар учун, сариқ ранг – китобхонлар учун. Барча буюртмалар Банк хизматига олиб чиқиб берилади ва китобхон ўша ердан буюртмасини олиши мумкин. Нашрлар фақатгина ўқув залларида фойдаланиш учун берилади. Миллий кутубхонада 460, 425, 150, 88 ўринли умумий ўқув заллари ва 86, 63, 65, 50 ўринли махсус ва соҳаларга оид ўқув заллари мавжуд. Барча заллар китобхонлар билан тўла.

Умуман Туркия халқи китобга улкан муҳаббат қўйганлигининг гувоҳи бўлдик. Нафақат кутубхоналарда, балки китоб дўконлари ҳам гавжум. Китоб дўконларида фақатгина турк адабиёти эмас, балки жаҳон адабиётининг турк тилига таржима қилинган энг сара асарлари билан тўла. Уларга бўлган талаб ҳам юқори. Дўконга кирган ҳеч бир одам китобсиз чиқиб кетмас экан.

Анқара шаҳрининг қоқ марказида, кутубхонага яқин жойда китобга аталган ёдгорлик ҳайкали ўрнатилган. Унинг олдида расмга тушаётган одамларни кўриб китобга бўлган ҳурмат ва эътибор, китобхонлик маданияти ри-вожланганлигига яна бир бор амин бўлдик.

Хизмат сафари давомида олган тажрибаларимизни юртимиздаги ахборот-кутубхона йўналишидаги ишларда татбиқ қилишда янада ижобий натижаларга эришиш учун биз қуйидагиларга эътибор қаратишимиз лозим деб биламиз:

- барча тизим кутубхоналарини мукаммал ишланган ягона дастурий таъминот билан таъминлаш;

- фондларни китобхонларнинг талаб ва эҳтиёжларини ҳисобга олиб мақсадли равишда шакллантириш;

- кирилл ва лотин алифбосидаги фан соҳаларига оид ва бадиий адабиётларни етарли сотиб олиш учун республика бюджетидан ажратилган маблағлар миқдорини кўпайтириш;

- нашрлар сифатини ошириш;

- кутубхонашунослик, библиография, ахборот хавфсизлиги, рақамлаштириш, консервация ва реставрация бўйича олий таълим базасида кадрларни тайёрлаш;

- кутубхона фондларини сақлашнинг меъёрий шароитларини яратиш;

- рақамлаштириш, реставрация ва аудио китобларни яратиш учун керакли қурилма ҳамда  жиҳозлар  билан  таъминлаш.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, Туркия Миллий кутубхонасида жамғармани тўлдириш, рақамлаштириш, сақлаш, таъмирлаш, китобхонларга масофадан хизмат кўрсатиш бўйича олиб борилаётган ишлар эътиборга лойиқ. Хизмат сафари давомида ўрганган тажрибаларимиз АКМдаги ва вилоятимиздаги ҳамкасбларимизни касбий кўникмалари ва малакаларини оширишга, бебаҳо ва маънавий бойликларимизни меъёр талаблар асосида сақлаш, рақамлаштириш, хизмат кўрсатишнинг янги инновацион усулларини фаолиятимизга татбиқ этишга ёрдам беради.