В статье рассказывается, что в городе Хюэ (Вьетнам) с 18 по 21 мая 2016 года прошла 7-я пленарная сессия программы ЮНЕСКО «Память мира» комитета по Азиатско-Тихоокеанскому региону (АТР). Там обсуждался вопрос о признании «Туркестанского сборника», хранящегося в фонде «Рукописей, уникальных и особо ценных изданий» Национальной библиотеки Узбекистана имени Алишера Навои программой ЮНЕСКО «Память мира» и о награждении специальным сертификатом.
Шу йилнинг 18–21 май кунлари Вьетнамнинг Хюэ шаҳрида ЮНЕСКО «Жаҳон хотираси» дастурининг Осиё ва Тинч Океани минтақаси бўйича қўмитанинг 7 ялпи йиғилиши бўлиб ўтди.«Жаҳон хотираси» дастурининг Осиё ва Тинч Океани минтақаси бўйича қўмитанинг бу каби ялпи йиғилиши ҳар икки йилда бир марта ўтказиб келинади. Бундан олдинги йиғилишлар Пекинда (Хитой, ноябрь 1998 й.), иккинчиси Манилада (Филиппинлар, ноябрь 2005 й.), учинчиси Канберрада (Австралия, февраль 2008 й.), тўртинчиси Макаода (Хитой, март 2010 й.), бешинчиси Бангкокда (Та-иланд, май 2012 й.) ва олтинчиси Пекинда (май 2014 й.) ўтказилган.
«Жаҳон хотираси» атамасига таъриф берадиган бўлсак, бу – ЮНЕСКО ташкилотининг дастури бўлиб, ёзма ҳужжатли мерос, яъни дунё халқларининг умумий ҳужжатли хотираси ёки мероси тушунилади. Унинг ишфаолияти билан инсоният томонидан эришилган ютуқ ва кашфиётларни кузатиш мумкин. Ҳозирги вақтда «Жаҳон хотираси» манбаалари кўпгина кутубхона, архив, музей ва бошқа жойларда сақланиб келинмоқда. Инсоният тарихида қанчадан-қанча ҳужжатли мерослар турли сабабларга кўра йўқ бўлиб кетгани, замонавий даврга келиб ҳам бундай таҳдидлар давом этаётгани, у табиий ёки инсоний таҳдидлар бўладими жаҳон тарихи учун муҳим бўлган ҳужжатларга турли хавф-хатарлардан сақлаш олдини олиш мақсадида ЮНЕСКО ташкилоти томонидан 1992 йил «Жаҳон хотираси» дастури ташкил этилди.
Жаҳон хотираси дастури қуйидаги уч асосий мақсад орқали фаолият олиб боради:
Биринчиси, бутунжаҳон ноёб ҳужжатли меросни белгиланган усулларга мувофиқ асрашга ҳамкорлик қилиш. Ушбу чоралар тўғридан-тўғри амалий ёрдамлар бериш, ахборот ва маслаҳатлашувлар, кадрлар малакасини ошириш, ҳомийлар орқали долзарб ва муҳим лойиҳаларни жалб этиш орқали амалга оширилади;
Иккинчиси, ноёб ҳужжатли меросга оммавий тарзда фойдаланиш учун кўмак бериш. Ушбу фаолият Интернетга рақамли нусхалар ва каталогларни жойлаштириш, манбаларни нашр этиш ва тарғиб қилиш, уларнинг электрон кўринишини кенг миқёсда тарқатишда ҳамкорлик қилишни кўзда тутади.
Учинчиси, ноёб ҳужжатли мероснинг маъно-мазмуни ва мавжудлиги ҳақидаги маълумотни бутунжаҳон даражасида тарғиб қилиш. Ушбу фаолиятнинг мақсади «Жаҳон хотираси» реестрини қайта ишлаб чиқиш, ОАВларини жалб этиш, оммабоп ахборот материалларни нашр этишдан иборатдир. Асл манбанинг камроқ ишлатилиши учун унинг ишчи нусхаларини (электрон ва нашр кўринишида) ишлаб чиқишда ёрдам бериш мақсади белгиланган.
Йиғилиш дастури бўйича 18 май куни расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Вьетнам Маданият, спорт ва туризм вазири ўрин-босари Данг Тхи Бить Лиен хоним ва Хюэ шаҳри ҳокимияти вакили Нгуен Ван Као, Вьетнамнинг ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси раиси, элчи Фам Шань Тяу ҳамда «Жаҳон хотираси» дастурининг Осиё ва Тинч Океани минтақаси бўйича қўмита экспертлари сўзга чиқиб, қўмита томонидан охирги икки йилда бажарилган ишлар ҳамда режалари ҳақида тўхталдилар. Шу куни тушдан сўнг барча қатнашувчи давлатлар вакиллари томонидан ўз Миллий қўмиталари фаолиятлари, режалари ҳақида маърузалари тингланди ҳамда номинациялар бўйича тақдимотлар уюштирилди. Эртаси 19 май куни номзодларга овоз бериш ишлари олиб борилди. Мазкур йиғилишда 11 давлатдан 16 мав-зудаги номзодлик: Хитойдан – 2 та, Хитойнинг махсус маъмурий ҳудуди Макао/Аомин-дан – 2 та, Шимолий Кореядан – 1 та, Эрондан – 1 та, Япониядан – 1 та, Малайзиядан – 2 та, Мўғилистондан – 1 та, Бирмадан – 1 та, Жанубий Кореядан – 1 та, Сингапурдан – 1та, Ўзбекистондан – 1 та, Вьетнамдан – 2 та тақдим этилди. Шундан Малайзиянинг бир дона ва Сингапур номзодлари қайта кўриб чиқиш учун қайтарилди. Қолган 14 та номзодномаларга ўрнатилган тартибда, тантанавор равишда ҳар бир давлат вакилларига сертификатлар топширилди.
Йиғилишнинг учинчи 20 май куни «Меросий ҳужжатларни сақлаш, фойдаланиш ҳамда унинг рақамлаштирилган шаклидан ҳам қўлланилишига тавсиялар» мавзусида конференция бўлиб ўтди.
Ушбу йиғилишда «Туркистон тўплами»нинг Осиё ва Тинч Океани минтақаси даражасида тан олиниши Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси тарихида муҳим воқеага айланди. «Жаҳон хотираси»нинг Осиё ва Тинч Океани минтақаси бўйича экспертлари «Туркистон тўпламини» юксак баҳолаб, у дунёда ягона ҳужжатли мерос эканлиги ва ўзида Марказий Осиё ва унинг атрофидаги минтақалар бўйича XIX аср охири – XX аср бошларидаги тарихий воқеаларни қамраши билан ягоналиги ва умуминсоний қадриятларга эга эканлигини алоҳида таъкидладилар. Шунингдек, ушбу тўпламни экспертлар «Жаҳон хотираси»нинг халқаро даражасига топшириш мақсадга мувофиқ эканлигини ҳамда уни қабул қилишда қўллаб-қувватлашларини билдириб, «Туркистон тўплами»га ЮНЕСКО «Жаҳон хотираси» дастури томонидан минтақавий даражадаги махсус сертификати топширилди.
Хулоса ўрнида, Ўзбекистон қадимий ёзма ҳужжатларга бой ҳамда умумжаҳон маданий меросига таъсир қилган асарлари бўйича минтақа, ҳатто жаҳон миқёсида муҳим ўрин эгаллайди. Бундай сертификатларни кўпайтириш мақсадида олимлар ва мутахассислар учун қилинадиган ишлар кўлами кўплиги, жадал ва фаол ишлар олиб борилиши зарур эканлиги яққол намоён бўлиб турибди. Бу борада тизимли иш олиб бориш зарур. Масалан, «Жаҳон хотираси» Миллий қўмита тизимини кўпгина соҳаларни қамраган ҳолда пухта ишлаб чиқиш, жамоатчилик асосида масъул мутахассисларни белгилаш ҳамда ушбу масалани ҳар бир мутахассиснинг хизмат вазифаларига алоҳида киритиб қўйиш зарур. «Жаҳон хотираси» дастури асосида республика, ҳатто ҳар бир вилоят ахборот-кутубхона марказлари, ахборот-ресурс марказлари, музейлар, архивлар билан ҳамкорликда иш олиб бориш ҳамда улардаги барча меросий ҳужжатлар ҳақида алоҳида маълумотларга эга бўлишни тақазо этмоқда.
