Аннотация: Ушбу мақолада Хитой Халқ Республикасига амалга оширилган хизмат сафари доирасида Нанкин оммавий кутубхоналари фаолияти билан танишиш жараёни, шунингдек, «Кутубхоналарнинг маданий мероси ва барқарор ривожланиши» мавзусидаги Ипак йўли халқаро кутубхоналар альянси конференциясида иштирок натижалари таҳлил қилинган. Маданий меросни асраб-авайлаш, реставрация ва рақамлаштириш, сунъий интеллект асосида замонавий кутубхона хизматларини ташкил этиш борасидаги илғор тажрибалар ўрганилди ва уларни Ўзбекистон тажрибаси билан таққослаш орқали амалиётга жорий этиш тавсиялари ишлаб чиқилди.

 

Калит сўзлар: Сунъий интеллект, Хитой, маданий мерос, рақамлаштириш, консервация, реставрация, Ипак йўли альянси.

 

Аннотация: в данной статье проанализированы итоги ознакомительной поездки в Китайскую Народную Республику, в рамках которой состоялось изучение деятельности публичных библиотек Нанкина, а также участие в конференции Международного альянса библиотек Шёлкового пути на тему «Культурное наследие библиотек и устойчивое развитие». Изучен передовой опыт по сохранению культурного наследия, реставрации и цифровизации, организации современных библиотечных услуг на основе искусственного интеллекта, а также разработаны рекомендации по внедрению этих наработок в практику библиотечного дела Узбекистана через сопоставление с местным опытом.

 

Ключевые слова: Искусственного интеллекта, Китай, культурное наследие, цифровизация, консервация, реставрация, альянс Шёлкового пути.

 

Abstract: This article analyzes the outcomes of a study visit to the People’s Republic of China, which included familiarization with the activities of public libraries in Nanjing and participation in the Silk Road International Library Alliance Conference on the theme «Cultural Heritage of Libraries and Sustainable Development.» The study explored advanced practices in the preservation, restoration, and digitization of cultural heritage, as well as the organization of modern library services based on artificial intelligence. Recommendations have been developed for applying these experiences to library practice in Uzbekistan by comparing them with local practices.

 

Keywords: National Library, China, cultural heritage, digitization, conservation, restoration, Silk Road Alliance, official visit.

 

Бугунги кунда жаҳоннинг ривожланган мамлакатларида маданий меросни сақлаш, уни илмий тадқиқ қилиш ва оммалаштириш, жумладан, кутубхона салоҳиятини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, китоб ва кутубхоналар фақат ахборот манбаи бўлиб қолмасдан, жамият маънавий салоҳиятини ошириш, ёш авлод тарбияси ва замонавий билимларнинг тарқалишида муҳим ўрин тутади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ходимлари учун халқаро тажрибани ўрганиш ва маданий меросни сақлаш соҳасидаги илғор амалиёт билан танишиш муҳим аҳамиятга эга.

Яқинда амалга оширилган хизмат сафаримиз давомида Хитой Халқ Республикасининг Нанкин шаҳри оммавий кутубхоналари фаолияти ўрганилди. Ушбу сафар давомида китоб ва кутубхона инсоният тамаддунини сақлаш, жамият маънавий салоҳиятини бойитишда беқиёс аҳамиятга эга эканлиги яна бир бор тасдиқланди.

Хитойда «Цивилизацияни сақлаш – жамиятга хизмат қилиш» тамойили асосида кутубхона ва таълим муассасалари XX аср бошлариданоқ миллий маданият ва илғор фан-теxнологияларни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган. Бугунги кунда мамлакатдаги кутубхоналар нафақат ахборот хизматлари, балки миллий меросни асраб-
авайлаш ва уни рақамлаштириш борасида ҳам фаолият юритмоқда.

Жорий йил 25-30 май кунлари Нанкин шаҳрида Хитой Миллий кутубхонаси ташаббуси билан «Кутубхоналарнинг маданий мероси ва барқарор ривожланиши» мавзусидаги Ипак йўли халқаро кутубхоналар иттифоқи (SRILA) конференцияси ташкил этилди. Конференцияда Бангладеш, Вьетнам, Лаос, Эрон, Малайзия, Хитой, Монголия, Мьянма, Россия, Сингапур, Таиланд, Ямайка, Тринидад ва Тобаго каби мамлакатлардан 24 та хорижий ва 41 та маҳаллий кутубхона раҳбарлари иштирок этди. Анжуманнинг асосий мавзуси кутубхоналарда сақланаётган маданий меросни асраш, реставрация ва рақамлаштириш, сунъий интеллект орқали китобхонларга замонавий ва сифатли хизмат кўрсатиш имкониятлари муҳокама қилилинди.

Маълумот учун, Ипак йўли халқаро кутубхоналар иттифоқи 2018 йил 28 май куни Хитой Миллий кутубхонаси ташаббуси ва Хитой Халқ Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги кўмагида ташкил этилган бўлиб, ҳозирда унга 49 та давлат аъзо ҳисобланади.

Конференцияда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси вакиллари ҳам иштирок этиб, «Ўзбекистоннинг ёзма мероси: манбаларни сақлаш ва оммалаштириш сари» мавзусида тақдимот билан чиқиш қилди. Тақдимот доирасида Ўзбекистон Миллий кутубхонасида сақланаётган ёзма маданий мерос, ЮНЕСКОнинг Жаҳон хотираси дастурига киритилган манбалар, кутубхонадаги нодир нашрларни сақлаш, консервация ва реставрация ишлари, шунингдек, ушбу бойликларни кенг омма орасида тарғиб қилиш ҳамда уларни сақлаш ҳақида батафсил маълумот берилди. Мазкур чиқиш халқаро иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди ва жаҳон тажрибаси билан таққослаб муҳокама қилинди.

Конференция давомида иштирокчиларга Хитой кутубхоналари билан танишиш мақсадида ташрифлар ташкил этилди. Хитой Халқ Республикасидаги энг йирик кутубхоналардан бири – Нанкин оммавий кутубхонаси 1907 йили бунёд этилган бўлиб, бугунги кунда мамлакат ахборот-матбуот тизимида ўзига хос ўринга эга. Унинг фонди 12,4 миллион нусхани ташкил этиб, Шанхай кутубхонаси ва Хитой Миллий кутубхонасидан кейинги ўринни эгаллайди.

 Айниқса, кутубхона фондида сақланаётган 1,6 миллион нодир манбалар – қўлёзмалар, тошбосма асарлар, архив ҳужжатлари, тарихий ёзувлар алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, Тан, Ляо, Сун, Юань, Мин ва Цин сулолалари даврига оид гравюралар, шунингдек, Хитой халқ Республикаси тарихи билан боғлиқ 700 000 дан зиёд ҳужжатлар миллий илмий-тарихий мероснинг муҳим қисмидир.

Айни пайтда, Нанкин оммавий кутубхонаси ўзининг «ақлли кутубхона» концепцияси асосида фаолият юритиб, замонавий ахборот технологиялари ва техник жиҳозланиш даражаси билан ҳам эътиборга молик. Бино 10 қаватдан иборат бўлиб, экскурсия учун ажратилган 60 дақиқа муддат кутубхона имкониятлари билан тўлиқ танишиш учун етарли эмаслигини кўрсатди. Чунки бу ерда китобхонлар сони анча кўп бўлиб, замонавий хизматлар билан бирга, анъанавий хизмат турлари ҳам сақлаб қолинган.

Болаларга кутубхона хизмати кўрсатишда қулай имкониятлар яратилган бўлиб, бу муҳим ўрин эгаллайди. Кутубхонада икки тоифада 0-6 ёшли ва 6-12 ёшли болалар учун хизмат ташкил этилган. Ҳар бир тоифа учун алоҳида тайёрланган ҳудудлар, махсус адабиёт фондлари ва хизмат турлари мавжуд.

0-6 ёшли болалар учун мўлжалланган бўлимда расмли китоблар ва аудио китоблар жамланган. Бундан ташқари, болалар учун интерактив сенсор панеллар, мультфильм ва эртаклар учун ақлли дисплейлар, шунингдек, AR (Augmented Reality) технологияси асосида реал вақтда китоб саҳифасини жонлантириш имконини берадиган жиҳозлар ўрнатилган.

Ушбу бўлимда болалар психологияси бўйича мутахассислар, тарбиячилар ва кутубхона педагоглари фаолият юритади. Улар томонидан турли психологик ўйинлар, қисқа ҳикоя айтиш машғулотлари, қоғоздан буюмлар тайёрлаш, расм чизиш каби креатив маҳорат дарслари, болалар театри ва мавзули тадбирлар ташкил этилади.

Кутубхонада имконияти чекланган болалар учун эса, Брайл алифбосида китоблар, овозли ўқиш қурилмалари, аравачадаги болалар учун қулай кириш йўллари ва махсус жиҳозланган ўқув хоналари мавжуд.

6-12 ёшли болалар бўлимида янги ва мумтоз болалар адабиёти, илмий-оммабоп китоблар, комикслар ва журналлар жамланган. Бундан ташқари, болалар учун компьютер зоналари, ўқув-ўйин дастурлари, виртуал реаллик (VR) лабораторияси, тарихий саёҳатлар ва фанга оид тажрибалар, 3D принтерлар орқали оддий 3D дизайн машғулотлари ташкил этилган.

Болалар ахборот-коммуникация технологиялари бўйича мутахассислар раҳбарлигида STEM дастурлари асосида таълим олади. Китобхонлик клублари, турли тўгараклар ва махсус психолог-педагоглар томонидан болаларнинг қизиқиши ва қобилиятини инобатга олган ҳолда якка ва гуруҳли машғулотлар ташкил этилади. Шунингдек, тафаккурни ривожлантиришга қаратилган психологик ўйинлар, жамоавий иш ва ижодий топшириқлар мунтазам ўтказиб борилади.

Хулоса қилиб айтганда, Нанкин оммавий кутубхонасида болаларга кутубхона хизмати кўрсатиш нафақат замонавий ахборот технологиялари, балки методик, психологик ва ижтимоий ёндашувлар орқали самарали ташкил этилган. Болаларнинг ёш хусусияти, қобилияти ва имкониятларини ҳисобга олган ҳолда мослаштирилган хизмат турлари, имконияти чекланган болалар учун эса барча зарур шарт-шароитлар яратилгани бу кутубхонани илғор модель сифатида намоён қилади.

Кутубхона таркибидаги замонавий жиҳозланган реставрация лабораторияси эса, Хитойдаги энг юқори малакали 10 нафар мутахассис фаолият олиб борадиган нуфузли маскан ҳисобланади. Бу лабораторияда қимматли қўлёзмалар, тарихий ҳужжатлар, анъанавий қоғоз асарлар ва китобларни сақлаш ва қайта тиклаш ишлари амалга оширилади. Ушбу жараёнда Хитой анъанавий қоғоз ишлаб чиқариш ва реставрация қилиш усуллари, замонавий юқори аниқликдаги жиҳозлар, махсус намлик ва ҳарорат мослаштирувчи мосламалардан фойдаланилади. Реставрация ишлари бир нечта босқичда олиб борилади: дастлаб асар ҳолати махсус ускуналар ёрдамида таҳлил қилинади, сўнг тозалаш ишлари амалга оширилади, кейин эса асарнинг йиртилиб кетган ёки тузатишни талаб қилувчи қисмлари анъанавий Хитой қоғози орқали мустаҳкамланади. Якунда, махсус антиқоғоз ва иқлим-контрол сақлаш қутилари тайёрланади.

Лаборатория таркибида артефактларни рақамлаш ва сақлаш бўйича алоҳида гуруҳ ҳам мавжуд бўлиб, улар ҳар бир реставрация қилинган асарни юқори аниқликда сканерлаш, рақамли базага жойлаш ва маълумотлар билан таъминлаш ишларини амалга оширадилар. Ушбу бўлимда фаолият юритадиган мутахассислар эса нафақат реставраторлар, балки тарихчи-архившунослар, қоғозшунослар, санъатшунослар ва кутубхонашунослик соҳасидаги илмий ходимлардан иборат.

Кутубхонада хавфсизлик тизими юқори даражада ташкил этилган. Киришда қўриқлаш хизмати ходимлари ва ҳар қаватда хавфсизликка масъул шахслар доимий назорат олиб боради. Бу фойдаланувчилар учун қулай ва хавфсиз ахборот муҳитини таъминлайди. Шу билан бирга, барча фаолият анъанавий ва электрон шаклда олиб борилишига қарамай, китобхонларнинг шахсан кутубхонага ташриф буюриш ва аъзо бўлишга қизиқиши юқори. Бунинг тасдиғи сифатида, рўйхатга олиш хонасида тўрт нафар ходим бир вақтнинг ўзида фаолият олиб боришидан билиш мумкин.

Кутубхонада китобхонлар кўп бўлишига қарамай жуда сокин муҳит ҳукм сурганига гувоҳ бўлиш мумкин. Бундай муҳит китобхоннинг маънавий хотиржамлигини таъминлаш, диққатни бир жойга жамлаш ва самарали ўқиш имкониятини яратади. Кутубхона ходимлари асосан маслаҳатчи ва йўл кўрсатувчи вазифасини бажаради. Бу ерда китоб танлаш, қидириш ва олиш жараёнининг 70-80 фоизи бевосита китобхоннинг ўзи томонидан амалга оширилиши катта аҳамиятга эга.

Кутубхона хизматлари соҳасида ўзига ўзи хизмат кўрсатиш маданияти шаклланган. Яъни, китобхонлар ахборотни топиш, танлаш ва фойдаланиш жараёнида мустақил ҳаракат қилади. Унга кутубхонада ўрнатилган замонавий ахборот-қидирув тизимлари катта ёрдам беради.

Кутубхонада ақлли автоматлаштирилган ахборот қидирув терминаллари ўрнатилган бўлиб, китобхон ISBN рақами, муаллиф исми, китоб номи ёки мавзуси орқали керакли адабиётни топиши мумкин. Терминалларда кўп функцияли сенсор дисплейлар, электрон каталоглар, QR-код орқали китобни топиш ва жойлашувини аниқлаш имконияти мавжуд. Қидирув тизими реал вақтда кутубхона фондидаги мавжуд китоблар, унинг жойлашган ўқув зали, фонд ёки жовонини аниқ кўрсатиб беради. Шунингдек, QR-код орқали электрон китоблардан бевосита ўз смартфони орқали фойдаланиш имкони ҳам яратилган.

Кутубхонадаги китоб излаш жараёнида китобхонлар китобни излаш, танлаш ва брон қилишни мустақил амалга оширади. Агар китоб жавонда мавжуд бўлмаса ёки махсус фондда сақланса, китобхон махсус автоматлаштирилган брон тизими орқали буюртма беради ва тайёр бўлгани ҳақида SMS ёки мобил иловада хабар олади. Электрон ахборот киосклари керакли китобнинг жойлашуви акс этган харита-схемани ҳам тақдим этади.

Бундан ташқари, китобхонлар кутубхона фондига онлайн кириб, ўқиш залида электрон китобни ўқиш ёки ўз смартфони орқали QR-кодни сканерлаб фойдаланиш имкониятига эга. Бу тизим нафақат китоб излаш жараёнини енгиллаштиради, балки китобхоннинг ахборот излаш маданияти, мустақил ўрганиш ва танлаш кўникмасини ривожлантиради. Нанкин оммавий кутубхонасида 70-80% китобхонлар ахборот излаш жараёнини мустақил амалга ошириш имкониятига эга бўлиб, кутубхона ходимлари эса, фақат маслаҳатчи, ахборот бериш ва йўл-йўриқ кўрсатиш вазифасини бажаради. Бу ахборот хизмати соҳасида ахборот-коммуникация технологиялари асосида ўзига ўзи хизмат кўрсатиш маданияти шаклланганининг яққол далилидир. Барча хизматлар бепул амалга оширилиши эса аҳолининг барча қатлами учун тенг ахборот олиш имкониятини яратади. Нанкин оммавий кутубхонаси фаолиятининг яна бир муҳим жиҳати – мамлакат тарихи ва маданий меросига бўлган ҳурмат юқори даражада намоён бўлган. Кутубхона ҳудудида ташкил этилган кўргазмалар, экспозициялар ва мавзули тадбирлар бунинг ёрқин далилидир.

Хулоса: Хизмат сафари давомида ўрганилган тажриба шуни кўрсатадики, замонавий кутубхоналар фаолияти фақат анъанавий китоб сақлаш ва ахборот хизматлари билан чекланиб қолмасдан, маданий меросни асраш, рақамлаштириш ва кенг жамоатчиликка етказишнинг янги механизмларини жорий қилиш орқали жамият маънавий салоҳиятини оширишда муҳим ўрин тутади. Хусусан, Хитой кутубхоналарида маданий меросни сақлаш борасидаги илғор тажриба, рақамлаштириш технологиялари, сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланаётганидан келиб чиқиб, мамлакатимизда ҳам кутубхона соҳасини янада ривожлантириш учун қуйидаги таклиф ва йўналишларни амалга тадбиқ этишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

Жумладан:

1. Кутубхона архитектураси ва инфратузилмаси.

Нанкин оммавий кутубхоналаридаги очиқ атриум, кенг ва ёруғ ўқув заллари, дам олиш ва кўнгилочар ҳудудларнинг мавжудлиги китобхонлар фаолиятини жонлантиришга хизмат қилмоқда. Шу муносабат билан, Ўзбекистонда қурилаётган янги кутубхоналар ва ҳудудий ахборот-кутубхона марказларида ҳам марказлаштирилган, кўп функцияли, очиқ маконли ўқув залларини ташкил этиш лозим.

2. Маданий-маърифий тадбирлар ва кўргазмаларни фаоллаштириш.

Нанкин кутубхонасида мунтазам равишда қадимий китоблар, тарихий ҳужжатлар ва миллий меросга бағишланган кўргазмалар ташкил этилади. Ўзбекистонда ҳам ўзбек адабиёти, тарихий шахсиятларимиз ҳаёти ва фаолияти, қадимий қўлёзмаларга бағишланган доимий ва сайёр кўргазмалар ташкил этиш, шунингдек, халқаро кўргазма лойиҳаларида фаол иштирок этиш муҳим саналади. Шу билан бирга, Пекинда «Ўзбекистон адабиёти» бурчагини ташкил этиш ва Хитой кутубхона фондларини ўзбек адабиёти намуналари билан бойитиш юзасидан амалий қадамлар қўйилиши мақсадга мувофиқ.

3. Кутубхоначиларнинг малакасини ошириш.

Нанкин кутубхоналарида ходимлар учун мунтазам равишда малака ошириш курслари ва янги технологиялар бўйича семинарлар ташкил этилади. Ўзбекистон кутубхоначиларини замонавий ахборот технологиялари, рақамли хизматлар, каталоглаш ва менеж-
мент соҳасида халқаро онлайн курслар ва малака ошириш курслартга жалб этиш зарур ҳисобланади.

Нанкин кутубхоналарида босма ва электрон китоблар фонди фойдаланувчилар эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда тизимли равишда бойитилмоқда. Ўзбекистонда ҳам электрон китоблар, мультимедиа ресурслар ва ўзбек тилидаги рақамли контент турларини кўпайтириш ҳамда уларни яратиш бўйича махсус дастурларни йўлга қўйиш тавсия этилади.