В статье описывается значение архивов в жизни общества и актуальность вопроса описания архивных материалов в проведении научных исследований. Отдельное внимание уделяется раскрытию сущности и специфики деятельности государственных архивов республики по описанию и созданию системы научно-справочного аппарата архивных документов. В частности, анализируется взаимосвязь описания архивных документов на уровне архивного фонда, единицы хранения (дела), а также отдельного архивного документа с публикационной деятельностью архивов.

 Архивлар юртимизнинг маданий, маърифий, маънавий бойлиги ҳисобланиб, уларда ягона нусхада яратилган, йўқотилган тақдирда ўзининг аҳамияти нуқтаи назаридан ўрнини тўлдириб бўлмайдиган, ўчмас, тарихий-маданий ва илмий қимматга, жамият ҳамда давлат учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлар сақланади. Айнан шунинг учун ҳам, архивлар ҳар қандай давлатнинг тарихий ўтмиши кўзгуси бўлибгина қолмай, балки жамиятни келажак-истиқболидаги муҳим ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-маънавий ривожланиш йўналишини тўғри белгилаб олишга хизмат қилувчи давлат муассасаларидан бири саналади.

Маълумки, тарихий тадқиқотлар олиб боришда турли хил манбаларни ўрганишнинг аҳамияти беқиёсдир. Замонавий архившуносликда архив ҳужжатлари хусусияти, уларни таҳлил этиш усуллари ва илмий муомалага киритиш масалалари алоҳида аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикаси «Архив иши тўғрисида»ги Қонунида: «архив ҳужжатлари – фуқаролар, жамият ва давлат учун аҳамия-ти боис сақланиши лозим бўлган матнли, қўлёзма ва машинада ўқиладиган ҳужжатлар, овозли ёзувлар, видео ёзувлар, киноленталар, фотосуратлар, фотография плёнкалари, чизмалар, схемалар, хариталар, шунинг-дек, бошқа моддий жисмлардаги ёзувлар», – деб таъриф берилган.

Архивлар ўзига хос ахборот манбаларидир. Архив ҳужжатларининг бошқа ахборот манбаларидан фарқи шуки, оммавий ахборот воситалари кундалик янгиликлар ҳақида хабар берса, архив ҳужжатларида ўтмиш ҳақидаги маълумотлар жамланган. Бунда яна бир жиҳат борки, архив ҳужжатларидаги ахборотдан ҳамма ҳам фойдалана олмайди. Ар-хив ҳужжатлари махсус тадқиқотларни талаб қилади ва улар мутахассислар ва илмий ходимлар томонидан ўрганилиб, таҳлил қилиниб, турли фанлар нуқтаи назаридан хулосалар чиқариш учун доимий сақланади. Архивларнинг асосий фаолияти давлат аҳамиятига эга бўлган, ҳар томонлама тўла ахборотга эга бўлган, қимматбаҳо тарихий ҳужжатларни сақлаш ва улардан самарали фойдаланишга қаратилган. Шу ўринда давлат архивларининг архив ҳужжатларининг хатловини такомиллаштиришга йўналтирилган фаолиятини ўрганиш ва унинг истиқболларини ёритиш ҳамда архив ишига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш масаласини тадқиқ этиш муҳим аҳамиятга эга. Шу боисдан давлат архивларида сақланиб келинаётган ҳужжатлар тўғрисида маълумот берувчи илмий-оммабоп нашрлар тайёрлаш, архив манбаларининг мазмуни ва аҳамиятини ёритувчи тадқиқотлар олиб бориш долзарб масалалардан бири саналади.

Мазкур вазифаларни амалга ошириш учун республикамиз ҳукумати томонидан архив ҳужжатлари хатловини ташкил этиш ва уни янада такомиллаштириш ва сифатини ошириш борасида бир қатор ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган. Уларда архив иши аҳволини таҳлил қилиш, унинг ривожланиш тенденциялари ва хусусиятларини ўрганиш орқали аниқ концепция ва стратегиясини белгилаш, архившунослик, ҳужжатшунослик, археография соҳасига доир илмий ва услубий ишларни ташкил этиш ва мувофиқлаштириб бориш, илмий тадқиқотлар ва фан-техника ютуқларини республика архив муассасалари иш фаолияти ҳамда амалиётига жорий этиш каби масалаларга алоҳида урғу берилган.

Юқоридаги фикрлардан келиб чиққан ҳолда, мазкур мақолада архив ҳужжатлари хатловини ташкил этиш билан боғлиқ айрим масалаларни таҳлил этишга ҳаракат қиламиз. Архив ҳужжатлари хатлови – бу архив ҳужжатлари ичидаги бирламчи ахборотни таҳлилий-синтетик қайта ишлаш йўли билан иккиламчи ҳужжатли ахборот барпо этиш, архивнинг ҳисоб ва бошқа ҳужжатларидан ҳужжатлар ҳақида бундан буён уларни ахтариш ва фойдаланиш мақсадида ахборот барпо этиш демакдир.

Хатлаш деганда ҳужжатларнинг таркиби ва мазмуни, уларнинг ҳолати ҳақидаги маълумотлар, уларга рухсат бериш шартлари ва шу кабилар ҳақидаги иккиламчи ҳужжатли ахборот тушунилади. Ҳужжатларни хатлаш уч босқичда: 1) фонд, 2) сақлов бирлиги ва 3) ҳужжатни хатлаш даражасида амалга оширилади.

Ўз навбатида, архив ҳужжатлари хатловини ташкил этиш жараёни бир қатор назарий ва услубий (методик) масалаларни қамраб олади. Ҳужжатлар хатлови методикасида манбаларнинг умумий хусусиятларини изоҳлаш билан боғлиқ ҳолда, уларнинг мазмуни ва даври, турларига қараб ажратиб олиш, яъни туркумлаштириш талаб этилади. Бундай туркумлаш ҳужжатларнинг келиб чиқиши, яратилиш даври, таркиби, расмийлаштириш хусусиятлари, унинг мазмуни ва яратилиш мақсадини аниқлаш орқали амалга оширилади.

Архивларни рўйхатга олиш, энг аввало, ҳужжат яратувчилар, яъни фонд ташкил этувчи ташкилот, муассаса, корхона ёки жисмоний шахс ҳақида, архив ҳужжатларини шаклланиши ва сақланишининг тарихий шароитлари тўғрисидаги ахборотларни тайёрлашни билдиради.

Ҳужжатларни нашр этишда қўлланилувчи барча усуллар илмий тамойилларга асосланган тайёргарлик орқали, нашр мақсадидан келиб чиққан ҳолда, мавзуга доир ҳужжатларни танлаш ва аниқлаш ишлари билан чамбарчас боғлиқ равишда олиб борилади.

Илмий мақсадда тайёрланган нашрлар мутахассислар учун мўлжалланганлигини ҳисобга олиб, ҳужжатларни эълон қилишда тў-лақонли илмий ёндашув билан тарихий ҳужжатларни яхлитлигича ёки айрим қисмларини эълон қилишда археографик талабларга қатъий риоя этиш талаб этилади. Амалиётда илмий нашрларни икки турга ажратиш мумкин: а) академик нашрлар; б) кўп жилдли нашрлар.

Илмий-оммабоп турдаги нашрлар рукнида ҳужжатлар эълон қилинаётганда тарихий маълумотларнинг маданий-маърифий мазмунларига ҳамда уларнинг тарғибот-ташвиқот мақсадларида фойдаланилишини кўзда тутган ҳолда танлаб олиш зарур. Бунда тарихни ўрганиш билан қизиқувчи ўқувчиларнинг ёши ва малака даражаларини ҳисобга олган ҳолда мавзу танлаш, шунингдек, ҳужжатларни нашр этишнинг содда тамойилларига асосланиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Ўқув-услубий қўлланмаларнинг таълим жараёнида қўлланилишини назарда тутиб, ҳужжатлар ўқув дарсликлари мавзуларига мос равишда танлаб олинади. Бундай нашрлар турига адабиёт ёки тарих фани бўйича хрестоматияларни мисол келтириш мумкин.

Археография фанининг асосий вазифасини ҳужжатларни нашр этиш услубияти ва назариясини ишлаб чиқиш билан чегаралаш нотўғрироқ бўларди. Археографик тадқиқотларни амалга оширишда бир қатор фанлар назарияси ва қоидаларидан ҳам фойдаланилади. Шунинг учун археографдан умумий тарих, ватан тарихи, иш юритиш ва архившунослик, тилшунослик, тарихшунослик, информатика каби фанларни яхши билиши талаб этилади.

Хусусан, археографиянинг ҳужжатшунослик, иш юритиш фанлари билан ўзаро алоқадорлиги орқали архив ҳужжатларини нашр этиш ва эълон қилишда ҳужжат тури, мазмуни, яратилган вақти, мақсади, расмийлашти-рилиш хусусиятларини ўрганиш, уларнинг аҳамиятини очишда ёрдам беради.

Архившуносликнинг назарий масалаларини билиш орқали нашр учун ҳужжатларни тўғри танлаш, архивлар илмий-маълумотнома тизимидан фойдаланган ҳолда, маълумотларни тез ва сифатли қидириб топиш имконини беради.

Архив ҳужжатлари археограф томонидан ўрганилаётганда ундан, энг аввало, манбашунослик усуллари ва қоидаларини билиш талаб этилади. Маълумки, ҳужжат устида ишлаш жараёнида бир қатор масалаларнинг ечимини топиш керак бўлади, хусусан, ҳужжат тузилиши, жойи, санаси, таркиби, муаллифи, матн мазмуни ва бошқалар.  

Тарихий тадқиқотлар асосини ташкил этувчи турли хил манбаларнинг танқидий таҳлилини ўтказишда ҳужжатдаги воқеаларни акс эттириш, уни яратиш ва қалбакилаштириш, яъни муаллифнинг воқеаларни ёритишда ўз қарашлари билан субъектив таъсир ўтказа олиши мумкинлигини инобатга олиш талаб этилади.

Маълумки, назарий манбашуносликда тарихий ҳужжатлар икки хил танқид усулида таҳлил этилади: а) аналитик танқид; б) синтетик танқид.

Аналитик танқид жараёнида тадқиқотчи ўрганилаётган манбанинг объектив илмий қимматини аниқлашга ҳаракат қилади. Бироқ ҳужжат яратилаётганда ҳар бир муаллиф реал борлиқни акс эттириш билан бирга, ўзининг бўлиб ўтган воқеаларга нисбатан субъектив фикр ва қарашларини ҳам киритади. Тарихчи олдида турган энг муҳим вазифа таҳлил этилаётган ўтмишнинг объектив томонларини муаллифнинг субъектив талқинидан ажратиб олишдан иборат. Бунинг учун тадқиқ этилаётган фактнинг манбада акс этишини бошқа турдаги манбаларда ёритилиши билан таққослаш зарур.

Синтетик танқид босқичида тарихчи таҳлил этилаётган воқеа бўйича турли хил манбаларни ўрганиб, илмий фактлар мажмуасини шакллантиради, манбалар ўртасидаги боғлиқликни кузатади ҳамда уларнинг комплексини яратади. Шу йўл орқали тадқиқот олиб борилаётган мавзу бўйича кенг доирадаги асосли билимларга эга бўлади.

Юқорида келтириб ўтилган фикрлар барча турдаги манбалар таҳлилига тааллуқлидир. Бироқ турли хил манбалар таҳлили жараёнида бир қатор уларни бир-биридан ажратиб турувчи хусусиятлари мавжудлигини ҳам кўрсатиб туради.

Манбаларнинг таҳлил этиш усуллари хусусиятларини аниқлашда турли хил махсус туркумларни (классификация) тузиш ёрдам беради. Масалан, фотоҳужжатларнинг тарихий воқеаларни олиш ва акс эттириш техникаси бўйича негатив ва позитивларга (оқ-қора, рангли суратлар) ажратиб ўрганиш мумкин. Уларни бир-бири билан солиштириш орқали суратнинг асл (оригинал) ёки кўчирма нусха эканлигини ва фотомонтаж ёрдамида киритилган ўзгаришларни аниқлаш мумкин.

Манбашуносликда ҳужжатлар муаллифини аниқлаш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Маълумки, тарихий манбаларнинг табиати иккиламчи бўлиб, бир томондан, у инсон онгига боғлиқ бўлмаган равишда манбада реал борлиқнинг акс этишида намоён бўлади. Иккинчи томондан, у манба муаллифининг ушбу воқеликнинг субъектив тасаввурини акс эттиради. Бунда тарихий воқеаларнинг ёритилиши ҳужжат муаллифи онги, унинг мафкураси, аниқ тарихий шароит, жамоа муносабатлари даражаси ва унинг синфий қарашлари билан белгиланади.

Юқорида санаб ўтилган ҳужжатларнинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда шуни айтиш мумкинки, у ёки бу ҳужжатда акс этган воқеанинг ҳаққонийлигини аниқлашда ушбу воқеа баён этилган ёки тасвирланган бошқа турдаги манбаларни чуқур таҳлил этиш орқали ҳужжатлар хатловини ташкил этиш талаб этилади.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, архив ҳужжатлари хатловини амалга оширишда махсус тарих фанларини ҳам ўрганиш ва тарихий манбаларни нашр этиш борасида тадқиқотлар олиб борилиши республика архив ишини ривожлантиришда ҳамда тарихимизни ёритувчи манбалар тўғрисида кенгроқ маълумот беради.