Annotation: The article tells about the artistic interpretation in Odil Yakubov's novel "The Old World" of the life and work of three historical figures who have left an indelible mark on world history - Abu Raikhan Beruniy, Mahmud Ghaznaviy and Abu Ali ibn Sino. Youth, the Middle Ages, the experiences of that time, depicted in the novel, the analysis of the image, his whole life, are reflected in the memoirs of the main characters, as if evenly distributed in the novel on 375 pages. The author of the article focuses on the fact that the novel consists of twenty-nine chapters, of which fourteen are devoted to comprehending the life and work of Abu Raikhan Beruniy, contradictions in the social and political life of the time of the great genius. It is noted that the writer, who allocated almost ten chapters to each main character of the work, moves the image of Beruniy into fourteen chapters of the work, in the events of three, four chapters the images of Beruniy, Ghaznaviy and Ibn Sino are presented in a "mixed" interpretation. There are other historical figures in the novel. Facts and textures are conveyed to the reader through the well-thought out ways of the creative laboratory of the People's Writer of Uzbekistan

В статье рассказывается о художественном толковании в романе Одила Якубова «Старый мир» жизни и творчества трех исторических личностей, оставивших неизгладимый след в мировой истории, - Абу Райхана Беруни, Махмуда Газнави и Абу Али ибн Сино. Молодость, средние века, переживания того времени, изображенные в романе, анализ образа, вся его жизнь, отражены в воспоминаниях главных героев, как бы равномерно распределены в романе на 375 страницах. Автор статьи акцентирует внимание на том, что роман состоит из двадцати девяти глав, из которых четырнадцать посвящены осмыслению жизни и деятельности Абу Райхана Беруни, противоречиям в общественно-политической жизни времени великого гения. Отмечается, что писатель, выделивший каждому главному герою произведения почти десять глав, перемещает образ Беруни в четырнадцать глав произведения, в событиях трех, четырех глав образы Беруни, Газнави и Ибн Сино представлены в «смешанном» осмыслении. В романе есть и другие исторические личности. Факты и текстуры передаются читателю через хорошо продуманные способы творческой лаборатории народного писателя Узбекистана.

Калит сўзлар: образ, ижодий лаборатория, услубий ўзига хослик, тарихий сиймо, талқин, роман таҳлили, бадият, маҳорат

Одил Ёқубов «Кўҳна дунё» романида мозийда ўчмас из қолдирган учта тарихий шахс умр шомининг тасвири акслантирилган. Булар Абу Райҳон Беруний, cултон Маҳмуд Ғазнавий ва Абу Али ибн Синодир. Бош қаҳрамонларнинг хотиралари ёрдамида акс эттирилган ёшлик даври, ўрта ёш пайтлари, романда тасвирланаётган замондаги ўй кечинмалари, тасвиру таҳлиллар, умуман олганда, бутун ҳаёти ўртача катталикдаги, яъни 375 бет ҳажмда ёзилган бу асарда тенг тақсимлангандай. Роман йигирма тўққиз бобдан иборат, шундан ўн тўрт бобида Абу Райҳон Беруний ҳаёти, фаолияти, ижтимоий ҳаётдаги зиддиятлари талқин қилинган. Асарнинг ҳар бир бош қаҳрамони учун деярли ўн бобдан ажратган ёзувчи Беруний образини асарнинг ўн тўрт бобида ҳаракатлантиради, уч, тўрт боб воқеаларида Беруний, Ғазнавий ва ибн Сино тўқнашади ва уларнинг қоришиқ тасвирлари намоён бўлади. Асарда тарихий шахслар бор бўй басти, бутун салобати, салоҳияти билан кўрсатишга уринилган. Шу билан бирга тўқима образлар ҳам фаол иштирок этган. Факт ва тўқималарга ижодкор лабораториясида яхшигина ишлов берилган ҳолда ўқувчига ҳавола этилган. «Агар ижодкор маълум тарихий давр ҳақида чуқур билимга эга бўлсагина, уни чуқур ҳис қила олсагина, тарихий шахс ҳаёти ва фаолияти ҳақида жиддий ва маъноли асар яратиши мумкин. Тарихий биографик жанрдаги бадиий асар ижодкорнинг тасвирланмиш давр бағрига дадил кириб бориш жараёнида тарихий факт ва бадиий тўқиманинг ижодий устахонасида яратилиши мумкин. Факт ва тўқиманинг уйғунлиги тарихий асар муаллифи учун беқиёс имкониятлар яратади», - деб ёзади олим Ҳ. Каримов.

Мақоламиз давомида Одил Ёқубов «Кўҳна дунё» романида Беруний образини нечоғлик талқин қилганлигини имконимиз қадар таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз. Асарда Абу Райҳон Беруний образи Маҳмуд Ғазнавий ва Абу Али ибн Сино каби бош қаҳрамонларнинг бири сифатида берилган бўлса ҳам, ўқувчида алломанинг турли хил зиддиятларга бой ҳаёт йўли ҳақида муайян тасаввур ҳосил қилиш учун юқорида номи зикр этилган икки қаҳрамонга бадиий юк юкланганини сезамиз. Романда ибн Сино ва Ғазнавий персонажларини бир-бирига боғловчи восита Беруний образидир. Романдаги айрим бобларда Беруний ва султон Маҳмуд образи тўқнашса, айрим бобларда Беруний билан ибн Сино образлари ҳаракатланади. Асар, қолган икки бош қаҳрамондан фарқли ўлароқ, дастлабки боблариданоқ Беруний образи тасвири билан бошланади. Ёзувчи якундаги бобларда ҳам, кульминацион нуқтада ҳам образни эътибордан четта қолдирмаган ҳолда унга мурожаат қилади. Романда ёш Абу Райҳоннинг болалиги келажакдаги серқирра фаолият эгасига монанд бўлиши учун дебоча тарзида қуйидагича тасвирланади: «Кичкина Абу Райҳон эсини танибдики, кундуз кунлари гузар дўконларининг хизматини қилади. Уларга қудуқдан сув ташийди, дўконларини супуради, ҳолвафурушларнинг ўчоғига ўт ёқади, сомсапазларнинг сомсаларини сотиб беради, кулолларнинг дастгоҳини айлантиради, темирчиларнинг босқонини босади. Қўл-оёғи чаққон бу озғин, қорамтир болакайни ҳамма яхши кўради, чунки у араблар растасида юриб, араб тилини, ҳиндлар растасида ҳинд тилини, ҳатто бидир-бидир сўзларини ҳеч ким уқолмайдиган чин савдогарларининг тилини ҳам тез билиб олади ва бепул, беғалва тилмочлик қилади» . Асарда Берунийнинг болалиги ғайратли ҳамда чаққон тарзда тасвирланса, устозлик мақомида эса меҳрибон ва ғамхўр сифати билан тасвирланади. Буни биз асарнинг иккинчи боб ўттиз олти-ўттиз еттинчи саҳифаларида берилган Лоҳур кўчаларидан топиб олган етим бола Сабҳу мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Ҳ. Каримов фикрига кўра, «тарихнинг реал манзарасини яратиш учун тарихнинг аниқ фактлари билан бадиий тўқиманинг органик уйғунлашуви керак бўлади. Тарихий асар муаллифи ўз хаёлининг маҳсулларидан, тўқима образ ва воқеалардан, - агар улар тадқиқодга, тарихий жараённинг ёритилишига, тарихий шахснинг чинакам характер қиррасини очишга, умуман, тарихий ҳақиқатни англашга ёрдам берса, – кенг миқёсда фойдаланиш ҳуқуқига эга».

Иқтибосда келтирилганидек, адиб тарихий факт ва тўқимани органик уйғунлаштириш мақсадида асарга бир нечта тўқима образлар сингари етим бола Сабҳу образини ҳам олиб киради. Адиб буюк аждодимизнинг миллатлар ва турли халқларга юксак эҳтиромини ҳар хил кўринишларда тасвирлайди. Шулардан бири сифатида Ҳиндистонда учратиб қолган етим бола Сабҳуни ўз тарбиясига олиб, хат-савод ўргатганлиги орқали ҳам кўрсатиб беради. Тўғри, бу шунчаки бадиий тўқима, лекин китобхонда илм-фанда ҳам, меҳр-шафқатда ҳам аждодларга муносиб авлод бўлиш ҳиссини уйғотишга хизмат қилувчи воситадир.

Ўрганишларимиз натижасида Одил Ёқубов «Кўҳна дунё»сини ёзишда анча мунча материаллар тўплаганини кўришимиз мумкин. Бу манбалар ичида алломанинг қаламига мансуб асарлар ҳам борлиги тайин. Айниқса «Таҳқиқ мо лил Ҳинд мин маъқула фи-л-ақл ав марзула», яъни «Ҳиндларнинг ақилга сиғадиган ва сиғмайдиган таълимотларини аниқлаш китоби», қисқача «Ҳиндистон» ва «Китоб ал-жамоҳир фи-маърифат ал-жавоҳир», яъни «Қимматбаҳо жавоҳирлар ҳақида билимлар китоби», янада қисқа қилиб айтганда, «Минералогия» асарларидан унумли фойдалангани роман воқелар ривожида қабариб кўринади. Асарга тўқима персонаж сифатида киритилган Пири Букрий билан Берунийнинг икки даъфа кескин тўқнашуви жараёнида Абу Райҳоннинг олимлик ва чин инсонийлик қиёфаси юксак ҳамда ёрқин кўриниш касб этади. Букрининг устози вафот топган куни кечаси унинг қизи Райҳонабонуга тажовузи вақтида Беруний билан қаттиқ тўқнашувидан қарийб қирқ йил ўтиб, яна айнан шу каби масалада юзмаюз келади. Букрий бу сафар Берунийнинг Садафбиби исмли жорияси (қули)га «ишқибоз», унга эгалик қилиш мақсадида алдаш, авраш, сотиб олиш усулларидан фойдаланишга уринади. Ёзувчи тўқима персонажларни ҳаракатга келтирар экан, тарихий шахс образининг мукаммал қиёфасини беришга хизмат қилдиради. Бу каби персонажлардан бири юқорида сўз юритганимиз Сабҳу бўлса, иккинчиси Пири Букрийдир. Алломанинг «Минералогия» асарида қуйидаги фикрлар келтирилган: «Оллоҳ таоло ҳамма одамларга ўтмишдан келажак учун фойдали хулосалар қилмоқ, бу ҳақда фикрламоқ қобилятини берсин! Уларни доимий оғирчиликлардан чидам билан озига қаноат қилмоқ орқали сақлай берсин! Уларга шавқат ва карам кўрсатиб, алдамчилар ва ёвузлардан бехавф этсин». Беруний бобонинг бундай хулосага келишига ҳаётда пири Букрийга ўхшаганлардан чеккан азиятлари, кўрган истамлари туфайли бўлиши мумкин. Ижодкор аллома шахсининг нафс қули эмаслигини, ҳар қандай молу дунё, ҳар қандай бойлик инсон қадр-қиммати, шаъни, орномусига тенглашолмайди деган қараш эгаси сифатида тасвирлайди. Буни Букрийнинг қиймати ярим Ғазнани сотиб олишга етадиган жавоҳирни Садафбиби учун Берунийга таклиф қилган пайтда унинг кескин эътирозига учрашида кўришимиз мумкин. Бундай суҳбат ва ҳатто тасодифий учрашувлардан ҳам қочишга интиладиган Берунийни олимлиги, илмга ҳирс қўйганлигидан фойдаланмоқчи бўлиб, бир пайтлар Хорун ар-Рашид хазинаси безаган қимматбаҳо тош баҳосини билиш баҳонаси билан муддаосини илгари сураётган Букрийнинг характери ғоят мураккаб тасвирланганки, унга нисбатан гоҳ ачиниш, гоҳ нафрат туйғуси кўнгилдан кечади. Ўқувчи кўнглида шу ачиниш ва нафрат орасида Беруний шахсига нисбатан меҳр, ҳурмат туйғулари мавжланади.

Асарда Берунийнинг Ҳиндистон билан боғлиқ бўлган ўринлари, қисқа-қисқа берилишига қарамасдан, анчагина. Лекин бироз эътирозли жиҳатлар ҳам учрайди, масалан, романнинг 241-242-бетларида Абу Райҳон Беруний ҳинд диёриниг Нанда шаҳрида эканлигида, Ер шаклининг қандайлиги ҳақидаги хаёллари мукаммал бир шаклга келган эди, деб берилади. Аслида Беруний Ҳиндистонга бормасидан анча аввал, 21 ёшида Кот шаҳридалигида диаметри 6 фудли (5 метрлик) ернинг шаклу шамоилини, яъни глобусни ясаб бўлганлиги ҳақида тўхталиб ўтмайди. Тўғри, адабиётда бадиий тўқима, ижодий фантазия тушунчалари мавжуд. Юқоридаги ҳолатни биз тўлалигича тўқима ҳам дея олмаймиз, негаки адибнинг тарихда маълум бир замон ва маконда содир бўлган воқеликни ўз асарида бошқа бир замон ва маконга кўчириб кўрсатиши, деб изоҳлашимиз мумкин. Бу ерда «…гап мавжуд тарихий фактни «бадиият қозони»да қайнатиш, реал воқеа замирида яширинган ҳақиқатдан бугунги кун учун зарур, нурли, оптимистик ғоялар чиқариб олиш мақсадида тарихий фактга ижодий талқин бера билиш маҳорати ҳақида кетяпти» . Маълум бир пайтда содир бўлган тарихий воқеликни ижодий талқин қилиш йўли билан бошқа бир вақтга кўчирган адиб Абу Райҳон Беруний образини ҳар қандай вазиятда ҳам илм-фанга садоқат билан хизмат қилган шахс ўлароқ тасвирлаган. Султон Маҳмуд Ғазнавий фармони билан зиндонга банди қилинган аллома у ердалигида ҳам илм, маърифат, ижод ва тадқиқотлари билан шуғулланишни орзулайди ва имкон қадар бу ишлар билан шуғулланади ҳам. Одил Ёқубов даҳо зотнинг кузатувчанлигини, тасодифий ҳолатлардан ҳам илмий хулосалар чиқаришга, шу вазият сабаб бўлган омилни тушунишга, илғашга бўлган интилишларини асарнинг ўнлаб ўринларида бериб кетади. Шулардан бирини қуйидаги парчада кўришимиз мумкин: «Аммо… туйнукдан ногаҳон узилиб тушган бу тош! Қумғон жумрагидан оқиб тушган бу бир неча томчи сув! Ажабо, жуда оддийгина бу ҳодиса Беруний миясида кўпдан бери айланиб юрган мураккаб бир муаммога кутилмаган бир тиниқлик киритди!» Кўпдан бери жавоҳирлар ҳақида китоб ёзишни ўйлаб юрган аллома учун бу тасодиф маъданлар оғирлигини ўлчаш учун тарозу ясаш борасидаги хаёлларининг бир тўхтамга келишига туртки бўлади. «Бу тарозу шундай нозик ва «сезгир» бўлсинки, бир мисқолнинг ўндан бирини ҳам аниқлай олсин!» Ёзувчи Беруний образини, аллома зот Абу Райҳон Беруний шахси каби тарихшунос, ҳиндшунос, диншунос, тилшунос, маъданшунос, астроном, таржимон сифатида тарсвирлайди. Умуман олганда, қомусий олимнинг заҳматлар ичра кечган ҳаётини ҳаққоний кўрсатиб беришга ҳаракат қилади. Романни бошдан охири қадар диққат билан ўқиш жараёнида олимнинг серқирра фаолияти воқеалар занжирига моҳирона уланганини кўриб, академик Й.Крачковскийнинг сўзлари ёдимизга келади: «Беруний... қизиққан соҳаларни санаб чиқишдан кўра, қизиқмаган соҳаларини санаб чиқиш осонроқ» . Сўзимиз орасида алломанинг серқирра фаолияти воқеалар занжирига моҳирона уланганлиги ҳақида айтдик. Бу уламлар орқали ёзувчи Беруний даҳосига бўлган ҳурматини, унинг изланишлар жараёнидаги матонатини, сабрини, вақт аталмиш неъмат унинг учун нақадар қадрли эканлигини муаллиф тили орқали ўзгача эҳтиром билан қисқақисқа шаклда бериб кетади. Қуйидаги мисоллар сўзимиз далили бўлади: «Беруний сўнгги йилларда, ёшлик давридан ўтиб, кексалик манзилига қадам қўйганидан бери, фурсат деб аталмиш неъматнинг қадрини жуда юксак баҳолайдиган бўлди. Беҳуда ўтган ҳар бир дақиқа уни қаттиқ изтиробга солар, ҳатто ҳордиқ онлари ҳам ҳузур ўрнига кўнгилни ғаш қиларди». Ёзувчи Берунийнинг нисбатан кексалик даврларида вақтни ўта даражада қадрлайдиган инсон бўлган деган тасаввур ҳосил қиладиган жумлаларни келтирган шу ўринда. Аслида бизгача етиб келган аниқ манбалар ва турли хил ҳикояту ривоятларда таъкидланишича, Беруний шахси бутун умри давомида меҳнат қилишдан ҳеч ҳам тўхтамаган, вақтни юксак даражада қадрлаган, ҳар бир лаҳзадан унумли фойдаланишга тиришадиган инсон бўлган. Фикримизни Ёқут ал-Ҳамавийнинг «Муъжам ал-убадо» асари олтинчи жилдида Беруний ҳақидаги ёзганларидан келтирган ҳолда далилламоқчимиз: «Худо раҳмат қилгур, анча кексайганлиги ва умуман мункайиб қолганига қарамай, турли-туман илмлар таҳсилига муккасидан кетган, китоблар таснифига шўнғиган экан. У (доимо) илмлар эшикларини очар, унинг йўлларини, узоқ ва яқинларини қамраб олар экан. Унинг қўли қаламдан, кўзи (китобга) қарашдан, кўнгли фикрлашдан сира бўшамаган. Фақат йилига икки бор наврўз ва меҳржон кунларигина тирикчилиги учун етарли овқат ва бир оз кийим-кечак тайёрлаб олиш учун бўшар экан, йилнинг бошқа кунларида уларга қарамас экан» .

Тинчлик ҳамма замонларда ҳам бебаҳо қадрият бўлиб ҳисобланган. Айниқса ўз ҳудудини кенгайтириш, бойлик орттириш, бутун дунёга ҳукмронлик қилиш орзусида бўлган тожу тахт эгалари даврида яшаган оддий халқ вакиллари учун тинч ва фаровон яшаш, душман хавфидан, бостириб келиши мумкин бўлган ёғий қўшинидан омонда бўлиш азалий орзу бўлган десак, янгилишмаймиз. Беруний оддий инсон сифатида беҳуда қон тўкилишини, турли хил талон-тарожликларни ёқламаган ва қаттиқ қоралаган ҳам. Султон Маҳмуд Ғазнавий Ҳиндистон юришлари чоғида Абу Райҳон Берунийни тилмоч сифатида ҳамроҳ қилиб олиб юрган. Лекин романда бундай тафсилотлар батафсил ёритилмайди, қаҳрамонлар хотиралари орқали эсланади. Султон ва ҳиндлар ўртасида таржимонлик қилган Беруний кўпинча руҳий жиҳатдан қийналади: «Ўлимга маҳкум этилган эллик минг маҳбуснинг баробар тиз чўкиб айтган ва гўё мунгли қўшиқдай янграган бу ибодати ҳануз қулоғи остида турибди, эсласа, ҳануз ларзага солади уни, гўё бу бешавқат қирғин султон Маҳмуд Ғазнавийнинг амри билан эмас, унинг амри билан бўлгандай аъзойи бадани қақшаб кетади. Уни Ҳиндистонда қолишга даъват қилган нарса ҳам мана шу гуноҳкорлик туйғуси бўлди. Ҳиндлар юртига жиндак хизмат қилиб бўлса ҳам, кўнглидаги бу ғуборни ювиш бўлди». Адиб бу парча орқали Беруний образининг адолатсизликка бўлган ички исёнини намоён қилмоқда. Виждони олдида ҳисоб берадиган, ҳисоб берганда ҳам, ҳиндлар диёрида қолиб, шу юрт учун қандайдир бир йўл билан хизмат қилиш шаклида бермоқда. Бундан ташқари, Абу Райҳон Берунийни Ҳинд диёри бошқа халқларга ўхшамайдиган, улардан тубдан фарқ қиладиган ўзига хослиги билан ҳам жалб қилиб турган. Тарихдан маълумки, Беруний ўн уч йил мобайнида Ҳиндистонда бўлган ҳинд халқининг тилини, адабиётини, маданиятини, тарихини, урф-одатларини, этнографиясини, динини мукаммал ўрганган. Қисқа вақт ичида санскрит тилини ҳам ўрганиб олган. «Берунийни Ҳиндистон маданияти қизиқтирарди. Беруний учун тамоман янги ҳисобланган бу соҳани билиш ўз даври ижтимоий масалаларини тушуниб етишни англатар эди. Шунинг учун ундан санскрит тилида ёзилган ҳинд файласуфлари ва олимларининг асарлари устида узлуксиз ишлаш ва мутолаа қилиш оғир меҳнатни талаб этган. Санскрит тилидаги асосий манбалар «Маҳабҳарата», «Бҳагаватҳита», Капиланинг «Санкҳья», Патанжаланинг «Йогасутра» асари ва бошқаларни чуқур ўрганган», - деб ёзади тадқиқотчи У.Қурбонбоева. 1030 йилда Беруний ҳинд диёри билан боғлиқ бўлган «Ҳиндистон» асарини ёзиб тугатади. Ёзувчи маҳоратини шу жойда алоҳида эътироф этиш ўринлидек, бизнингча, негаки бугунги кун ҳиндлари ўз тарихи, урф-одатлари, келиб чиқиши, ота-боболарининг турмуш тарзи, диний эътиқодлари, маросим, тадбир ва тантаналарининг ўтказилиш тартибларини бизнинг бобомиз ёзиб қолдирган «Ҳиндистон» орқали талқин қилади. Адиб романида келтирилишича, «шаҳарма-шаҳар, қишлоқма-қишлоқ яёв юриб, авваламбор бу халқнинг тилини, сўнг ёзувини, кейин кўҳна ибодатхоналари каби кўҳна тарихини ўрганди. Бозорларда, ибодатхоналар бўсағасида ўтириб олиб, кекса ведачи коҳинлардан қадим афсоналар ва ривоятларни эшитди, илми риёзат ва ҳандаса ҳақида китоблар ва тақвимлар билан танишди, «Маҳабҳарата» ва «Рамаяна» каби достонлари, эртаклари, ҳикоялари, қўшиқлари, ҳайитлари, улуғ айёмлари, ой ва йиллари ҳақидаги тушунчалари, ҳатто кўҳна вайроналарга битилган кўҳна ёзувларгача ёд олди. Сўнгги бир неча йилни расадхоналарда ўтказиб, ҳинд алломаларининг фалакиёт бобидаги тасаввурларини, сайёралар ҳаракати тўғрисида тузилган жадвалларни тўплаб ва илмга бирлаштириб, «Китобу фи таҳқиқи мо лил ҳинд мин маъқулатин мақбулатин фил ақли ав марзулатин», яъниким «Ҳиндларнинг ақлга сиғадиган ва сиғмайдиган таълимотларини аниқлаш китоби» деган улкан асар ёзди. Ўзича уни қисқача қилиб, «Ҳиндистон» деб атайди». Бироз салмоқлироқ бўлган шу иқтибосдан ҳам англаниладики, ёзувчи Беруний образини бутунича очиб бериш мақсадида аллома асарлари мутолаасига ҳам киришган. Буюк аждодимиз томонидан яратилган бундай муҳташам асар бутун дунё олимлари томонидан эътироф этилган. Хусусан, П.Г.Булгаков шундай таъкидлайди: «Мингйиллик тараққиёт бизни Берунийдан ажратиб турсада, биздан улуғликни талаб қилмайди, балки, бутун ўрта аср мусулмон адабиётидаги ўхшаши бўлмаган асари билан унинг улуғворлиги ошади». Бу асар саксон бобдан иборат. 1965 йилда ўзбек тилида нашр этилган. Одил Ёқубов тарихан аниқ манбаларни ўз асарига моҳирона татбиқ қиладики, факт материаллар ёзувчи лабораториясида бадиийлашади. Маҳмуд Ғазнавий Ҳиндистонни нечоғлик таҳқирлаган бўлса, нечоғлик топтаган бўлса, энг ёвуз ва қабиҳ ишларини шу халқ вакилларига қўллаган бўлса, аллома Абу Райҳон Беруний ҳинд халқининг юксак маданиятини, бой адабиётини, узоқ тарихини, тилини, санъатини, урф-одатини тадқиқ қилди. Беруний шу орқали золим султонга ўз эътирозини, ўз исёнини билдирди. Юқоридаги ҳолат орқали ёзувчи бобокалонимиз Абу Райҳон Беруний образига ижобий хислатларни ясама тарзда ёпиштирмайди, аксинча, тарихий ҳақиқатни ҳинднинг улуғ фарзанди Жавоҳарлал Неру сўзи билан исботлайди: «Мен сенга султон Маҳмуд Ғазнавий юришлари тўғрисида гапирган эдим. Бироқ мен Маҳмуд даврининг бошқа бир буюк вакили тўғрисида ҳали гапирмадим. Бу – ал-Берунийдир. Чексиз қирғинбарот ва шавқатсизликлар даврида у ҳаётга чуқур разм солиб, ҳақиқатнинг тагига етишга интилган улуғ олим сифатида ажралиб туради...» Тарихдан маълумкин, султон Маҳмуд Ғазнавий 1030 йилда дунёдан ўтади. Аллома «Ҳиндистон» асарини ҳам 1030 йилда ёзиб тугатади. Ёзувчи айнан 1030 йилда содир бўлган бу икки воқеликни ўз асарида бир нуқтада туташтира олди. Шогирд Сабҳу устозининг қарийб ўн йилдан бери ёзаётган асари «Ҳиндистон»ни тугатганини билиб, уни хаттотларга бериб, кўп нусхада кўчирмоқ даркорлигини айтади. Романда бу қуйидагича берилган:

- Ҳозир бу китобни хаттотларга топшириб, алломаларга тарқариб бўлмас, ўғлим.

- Сабаб, устод?

- Сабаби … камина уни авваламбор султон Маҳмуд Ғазнавийга тортиқ қилмоғим лозим!

- Тортиқ қилинг! Кўп инъомлар оласиз, устод!

Беруний шогирдининг ҳайрат билан порлаган кўзларига тикилиб, мийиғида бир кулиб қўйди: «Йўқ, илмда зукко бу йигит бу дунё юмушлари бобида ҳануз гўдак, она сути оғзидан кетмаган маъсум гўдак!»

           - О, болам! Кўп инъомлар олмоқ учун бу китобда ул амиралмўъмининга ҳамду санолар ўқимоғим, сенинг юртингда қилган қатлу қирғинларни мадҳламоғим даркор эмасму, оғим?»

Олинган парчадан англаниладики, «Ҳиндистон»ни ёзиб тугатган Беруний уни султонга тортиқ қилишга шошилмаяпти. Негаки Маҳмуд Ғазнавий бу асардан ўзининг музаффарияти, ғайридинлар устидан қозонилган ғалабалари, исломни тарғиб қилган инсон сифатидаги тасвирини кутар эди. Лекин ўз эътиқодига, виждонига хилоф иш қилишни эп билмаган аллома «Ҳиндистон»ни ўзи хоҳлагандек ёзган. «Беруний шоҳлар даврасида яшаган. Шунинг учун подшоҳ ҳокимияти ҳақида билганлари, шоҳларнинг расм-русуми, асл-насаби тўғрисида гапирганда, уларнинг ғазабини қўзғатадиган манфаатларига зид келадиган сўзлардан ўзини сақлар эди. Аммо ҳақгўй олим амалий фаолиятида ҳам, илмий тадқиқодларида ҳам ҳақиқатдан ҳеч қачон чекинган эмас. У ҳамиша ростгўйлик билан иш тутган, чин фикрларни изҳор этган». Аслида аллома асарини султоннинг вафотидан сўнг тугатган бўлиши ҳам мумкин. Бу воқелик бизга қоронғу. Лекин адиб бу жараёндан моҳирона фойдаланиб, ўзи гавдалантираётган образнинг атворини очиб беришга татбиқ қилади ва бу татбиқ ўзини оқлаган деб бемалол айтишимиз мумкин.

Беруний ва Ғазнавий муносабатлари ҳақида тугал тасаввур ҳосил қилишимиз амри маҳол. Негаки даҳо зот замони ва бизнинг давримиз ўртасидаги минг йилдан ошиқроқ вақт бунга монелик қилади. Шу монеликка қарамасдан, узуқ-юлуқ тарзда етиб келган ишончли, ишончсиз манбаларга асосланиб, ўзининг ижодий салоҳиятини ҳам ишга солиб, Одил Ёқубов ўз асарида ғазналик султон ва олимлар султони муносабатини ёритишда бир нечта жузъий характердаги Беруний Ҳазратларининг ўлчовига тўғри келмайдиган «тўн кийгизади». Асарда султон хасталиги чоғида Берунийга зойича - юлдузлар тақвимини тузиб беришини буюради. Шу ўринда муаллиф тилидан қуйидаги гап келтирилади: «Султоннинг кўзларидаги бу тизгинсиз мунг сабаб Беруний, гарчи умрида ҳеч қачон илми нужум билан шуғулланмаса ҳам, султоннинг илтимосини қайтармади». Гапдаги «илми нужум» сўзини муаллиф иқтибос тарзида беради ва изоҳда бу сўзни астрология деб келтиради. Ваҳоланки алломанинг бу соҳага айнан бағишланган асари ҳам мавжуд эди. «Мунажжимлик санъатидан бошланғич тушунчалар» асари 1029 йилда Ғазнада ёзилган бўлиб, унда астрологияга оид асосий тушунчалар содда изоҳлаб берилган». Биз кузатган «Ўзбекистон – буюк алломалар юрти» номли китобнинг бир эмас, бир нечта ўринларида Беруний бобомизнинг астрология соҳасига салмоқли ҳисса қўшганлиги ҳақида гап боради: «1017 йилдан то 1030 йилгача Беруний Ғазнавий қўл остида таҳликали ҳаёт кечирган. Маҳмуд доимо ўзининг барча юришларида, жумладан, Ҳиндистонни забт этишида мунажжим (ва таржимон - А.А.) сифатида Берунийни бирга олиб юрган». Алломанинг яшаб ўтган замонига нисбатан яқин даврда яшаган тарихчилар унинг туғилган жойи, вақти, исм-шарифи ҳақида сўзлаётиб, мунажжимлигига ҳам урғу бериб ўтган ўринлар мавжуд. «Абу Саъд Абдулкарим ас-Самъоний (ваф.1165) «Насаблар китобида» шундай ёзади: «Беруний деган нисба Хоразм (яъни унинг пойтахти Кот шаҳри)нинг ташқари қисмига оиддир. Кимки шаҳардан ташқарида туғилган бўлса, бундай одамни «фалончи беруний» дейдилар. Мунажжим Абу Райҳон шундай нисба билан машҳурдир». Келтирилган биргина ҳолатга бир неча ҳаволалар билан муносабат билдираётганлигимизнинг боиси асарнинг бир нечта ўрнида Ҳазрат Беруний зойича тузишда ўйланганлиги, иккиланганлиги берилган. Аллома ҳақиқатан ҳам у шоҳ бўладими, гадо бўладими, унинг тақдири, келажаги ҳақида нимадир дейишни хушламаган бўлиши мумкин. Лекин уни «бу соҳада умрида ҳеч шуғулланмаган» дейиш ўзини оқламайди. Ислом дини нуқтаи назаридан қаралганда, инсоннинг келажагини башорат қилиш, унинг тақдирини олдиндан айтиб бериш, у билан боғлиқ қандайдир таҳминларни илгари суриш қаттиқ қораланади ҳамда бу иш гуноҳи кабиралардан деб қаралади. Абу Райҳон Берунийнинг оддий инсон сифатидаги кечинмаларига назар соладиган бўлсак, бу каби ишлардан оғринишини, эътиқоди, иймони, виждони, қалби билан бу ишга қаршилигини тушуниш қийин эмас. Зойича тузиш билан боғлиқ ўрин роман аввалида султоннинг буйруғи асосида олиб кирилган бўлса, якунида Ибн Сино билан видолашув олдидан Беруний дўстига зойича тузиши унга қилган бир хизмати, яхшилиги ўлароқ берилади. Тадқиқотчи З. Раҳимов шарҳига кўра, «бу ерда биз аллома Беруний билан оддий инсон Беруний ўртасидаги қарама-қаршиликларни кўрамиз. Ёзувчи алломалар ҳам оддий инсон бўлиб хатоликларга йўл қўйишини ва бу хатоликларни тушуниб етганлигини кўрсатади. Демак, буюк аллома ҳам инсон ва барчага хос қусурлардан ҳоли эмас. Бу хусусиятни кўрсатиш образни ҳаётийроқ қилади». Тарихий манбаларни, тарихий илмий асарларни асосан хос одамлар ўқийди, ўрганади, тадқиқ қилади. Оддий инсонлар эса тарихий илмий манбаларга нисбатан бадиий асарларни кўпроқ ўқийди. Шунга асосланган ҳолда, айниқса тарихий асар битувчи, тарихий шахс ҳақида ёзишни мақсад қилган ижодкор тарихий ҳақиқат чизиғини ёқалаб юрмоғи лозим. Унинг битганлари туфайли кўп минг сонли ўқувчи тарих ҳақида, тарихий сиймолар ҳақида нотўғри маълумотга, нотўғри тушунчага бориб қолмаслиги керак.

Асарда бола Беруний ва унинг онаси билан кечган суҳбати қуйидагича берилади:

- Сиз Абу Саҳл Масиҳийни айтасиз! Улуғ аллома ул, момжон!

- Моможон деган тилингдан момонг айлансин, тойчоғим! Насроний динидан бўлса ҳам, яхши одам экан ул Абу Саҳл Масиҳий, этагидан маҳкам ушла унинг, тойчоғим!

Суҳбат асносида берилаётган маълумотлардан келиб чиққан ҳолда, ёшгина Берунийнинг илк устози насроний динига мансуб Абу Саҳл Масиҳий экан деб ўйлаймиз. Манбалар эса бу ҳолатни бироз бошқачороқ тарзда маълумлаяпти. Аслан олиб қарайдиган бўлсак, даракларда келтирилишича, Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Берунийнинг илк устози Абу Наср Мансур ибн Ироқдир. Берунийга Масиҳий ҳам устозлик қилган, лекин у билан аллома мингинчи йилдан кейин танишади. Бу пайтда Ҳазрат Беруний ўттиз ёшда бўлган. Юқорида Берунийнинг Ер шакли борасидаги тасаввурлар ҳақидаги ҳолати келтирилганди. Буни ижодкор воқеликнинг замони ва маконини алмаштириши деб изоҳлаган эдик. Асли бу ҳолатда тарихий ҳақиқатга ҳийла путур етган. Шоирлиги олимлиги даражасида бўлмаса ҳам, шеърлар битиб турган аллома ҳақида Ҳамавий қуйидагича ёзади: «У шеър ҳам айтган (ёзган - А.А) экан. Гарчи унинг бу шеърлари юксак даражада айтилган (ёзилган - А.А) бўлмаса ҳам, Абу Райҳон кабиларда содир бўлиши таҳсинга сазовордир». Абу Райҳон Беруний қаламига мансуб қуйидаги ўттиз тўрт сатрдан иборат шеърнинг дастлабки тўрт қаторидан ҳам маълумки, алломанинг илк устози Абу Мансур Наср ибн Ироқ:

Минбарларга чиқиб, ошиб мартабам,
Ўтди неъмат соясида кўп оним.
Боқди Ироқ оиласи сут билан,
Мен – ниҳолга Мансур бўлди дармоним.

Шогирдини ўз фарзандидек кўрган устоз ибн Ироқ асарларидан нақд ўн иккитасини Абу Райҳон Берунийга бағишлайди. Бу асарлар бизга устоз-шогирд муносабатларининг теранлигини далолатлайди. Ўзбек адабиётида Берунийга бағишланган бошқа бадиий асарларда ҳам алломанинг илк устози сифатида ибн Ироқ келтирилади. Хусусан, Миркарим Осимнинг «Жайҳун устида булутлар» қиссасида илк қаторлариёқ ибн Ироқ тасвири ва бўлғуси олим билан танишуви талқин қилинган. Пирмат Шермуҳамедов «Даҳонинг туғилиши, ёхуд Абу Райҳон Беруний қисмати» қиссасида бадиий бўёқдорлик билан даҳонинг илк устози ибн Ироқ ва шогирд муносабатларига кенг ўрин ажратади, уларнинг ёзишмалари, бирга олиб борган тадқиқотлари ҳақида тўхталади. Тарихий фактларга таянилиб, тўқима ва муболағалардан имкон қадар қочган ҳолда битилган Мунаввара Қурбонбоеванинг «Дунёларни уйғотган даҳо» достонида ҳам олимнинг илк устози сифатида ибн Ироқ келтирилади. Санаганларимиз бадиий асарлар, лекин устоз-шогирдликнинг илк босқичи тарихий ҳақиқат асосида талқин қилинган асарлардир.

Асарни диққат билан аввалидан охири қадар ўқишга тутинар экансиз, персонажлар қувончига шерик, қайғусига ҳамдард бўласиз. Образларга чуқур разм солсак, таҳлика ва шиддатлар ичида кечган ҳаёт йўллари ибрат, уларнинг ҳар бир сўзи ва ҳаракатлари ҳикмат эканлигини англаймиз. Асар хотимасида Султон Маҳмуд Ғазнавий вафот этади. Абу Али ибн Сино Ғазнадан кетишни, Абу Райҳон Беруний қолишни ихтиёр қилади. Тадқиқотчи А. Расулов бу борада ўз изоҳини қуйидагича ифодалайди: «Дарҳақиқат, ҳақиқий асар ўқувчини воқеалар иштирокчисига айлантиради. Китобхон асар қаҳрамони сингари фикрлайди. Санъаткор айрим воқеалар ечимини, қаҳрамонларнинг баъзи ҳаракатларини ўқувчининг ўзига ҳавола қилади». Ҳар бир ўқувчи икки даҳонинг кейинги тақдири ҳақида ўзига яраша хулоса чиқаради, ўзига яраша якун ясайди. Умуман олганда, адиб Беруний образи орқали ўз китобхонига аждодларга муносиб авлод бўлишни, уларнинг серқирра фаолиятини боболарга муносиб ворис ўлароқ давом эттириш кераклигини, ҳар қандай шароитда излаган кишига, изланган кишига имкон борлигини, улардаги жидду жаҳт, шижоат, сабр ва матонат ҳамиша ибрат эканлигини кўрсатиб беришга интилган. Бу интилиш натижаси ўлароқ Одил Ёқубов наздида Абу Райҳон Берунийнинг маълум бир қиёфаси шаклланди. Ёзувчининг «Кўҳна дунё»си Абу Райҳон Беруний образи талқин қилинган илк роман сифатида ўзбек адабиёти тарихида қолди.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Абу Райҳон Беруний. Минералогия. Т.: «Ўзбекистон Миллий энциклопедияси» давлат илмий нашриёти, 2017.

2. Абу Райҳон Беруний. 100 ҳикмат». Нашрга тайёрловчи А.Ирисов Т.: Фан , 1993.

3. Абу Райҳон Беруний туғилган кунининг 1000 йиллигига бағишланган тўплам. Т.: «Фан», 1973.

4. Булгаков П.Г. Жизнь и труды Беруни. Т., Фан, 1972,. С. 206.

5. Ёқубов О. Кўҳна дунё. Т.: «Шарқ»  НМАК бош таҳририяти, 2018.

6. Йўлдошев С. Аждодларимиз мероси – мафкурамиз гавҳари. Т.: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2001.

7. Каримов Ҳ.Ў. Тарихий шахс ва бадиий образ. ф.ф.н илмий даражасини олиш учун тақдим этилган диссертация, илмий раҳбар С.Мамажонов, Т., 1999.

8. Каттабеков А. Адабиёт ва санъат. Адабий-танқидий мақолалар. Т.: Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 1988.

9. Раҳимов З.А. Одил Ёқубовнинг «Кўҳна дунё» романи поэтикаси, ф.ф.н илмий даражасини олиш учун тақдим этилган диссертация. Фарғона, 2000.

10. Расулов А. Янги замон – янги қаҳрамон. Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1978.

11. Қаюмов А. Беруний ва адабиёт. Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1974.

12. Қурбонбоева У. Абу Райҳон Беруний асарларида Ҳиндистон тасвири // «Тамаддун нури» журнали, 2018. №5, 21-бет.

13. Ўзбекистон – буюк алломалар юрти. Т.: Маънавият, Мовароуннаҳр, 2010.