В статье рассматриваются исторические тенденции и социокультурные особенности эволюции книжной культуры в Узбекистане в средние века. В ходе культурно-исторической эволюции в VIII–XII вв в самостоятельную профессиональную деятельность выделяется ремесло переписки и размножения рукописных книг, возникают профессии каллиграфа-переписчика рукописей, переплётчика, книготорговца. С ростом производства рукописных книг расширялись масштабы книжной торговли, появлялись новые библиотеки, библиографические труды, складывалось многообразие книжного репертуара. Одной из важнейших особенностей явилось параллельное развитие и сосуществование в книжной культуре тюркоязычной, персоязычной и арабоязычной книги. В основе данного феномена лежал синтетичный, трёхкорневой характер самой средневековой культуры народов Узбекистана.
Туркистонда VI–VIII асрларда юзага келган янги ишлаб чиқариш усули ва ишлаб чиқариш муносабатлари, улар билан боғлиқ ижтимоий онг шакллари ва социал институтлар IX – XVII асрлардаги ривожланиш ва баркамолликдан XVIII – XIX асрлардаги турғунлик ва таназзулгача бўлган барча эволюция босқичларини босиб ўтди. Жамиятда хукм сурган моддий неъматлар ишлаб чиқариш ва тақсимлаш усули ҳамда маданият типи қўлёзма китобларни ишлаб чиқариш, кўпайтириш, тарқатиш ва кутубхоналарда сақлаш, каталоглаштириш ва библиографиялаштириш шаклларининг хусусиятини, китоблар ва кутубхоналарнинг типлари, турлари, хиллари ва тоифаларини белгилаб берди.
Туркистон миллий маданиятининг илмий негизи
Турон-Туркистоннинг Араб халифалиги томонидан босиб олиниши дастлабки босқичда маҳаллий моддий ва китобат маданиятига катта зарар етказиш билан бирга, туб халқлар турмушининг барча соҳаларида тарихий ўзгаришларга асос солди. Араб халифалиги VIII – XI асрларда иқтисод ва маданиятнинг жадал ривожланишига туртки берган янги ижтимоий-иқтисодий тузумнинг қарор топиш жараёнини бошдан кечирар эди. Қулдорлик тузумидагига нисбатан янги прогрессив ишлаб чиқариш муносабатлари ва мулкчилик шаклларига ўтилиши, ривожланиб бораётган зироатчилик, ҳунармандчилик, халқаро алоқалар ва савдо-сотиқнинг амалий эҳтиёжлари, шаҳарларнинг ривожланиши ва шаҳар аҳолиси саводхонлигининг ортиши инсоннинг турли билим соҳаларини ривожлантиришни шарт қилиб қўйди. Халифалик пойтахти бўлган Бағдод бу даврда Яқин ва Ўрта Шарқнинг йирик сиёсий, маданий ва илмий марказига айланди. VIII асрнинг охири халифа Хорун ар-Рашид (786 – 809) ҳукмронлиги даврида бу ерда ўзига хос Фанлар академияси вазифасини бажарган «Донишмандлик уйи» («Байт ул-Ҳикма») ташкил қилинди. Унда расадхона ҳамда дунё халқларининг турли тилларидаги қадимги қўлёзмалар коллекциясига эга бўлган, янги қўлёзмалар билан узлуксиз тўлдириб турилган бой кутубхона фаолият кўрсатди. Бағдодда қоғоз ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши энг аҳамиятли қўлёзма китобларни қайта кўчириш ва кўпайтириш ишини анча такомиллаштириш ва жадаллаштириш имконини берди. Бу билан кутубхона қошидаги махсус ҳаттотлар гуруҳи шуғулланарди. IX аср бошларида халифа ал-Маъмун даврида «Донишмандлик уйи» да катта миқёсда илмий ва таржимонлик фаолияти йўлга қўйилди. Олимлар ва таржимонлар оригинал китоблар яратиш, қадимги давр олимларининг асарларини юнон, сурия, санскрит, набатий, ўрта форс тилларидан араб тилига таржима қилиш, қадимги трактатларга шарҳлар ёзиш билан шуғулландилар. Арабшунос олим А.Б.Халидовнинг ёзишича: «...ҳаммаси бўлиб VIII – X асрлардаги элликтача таржимоннинг номи маълум. Улар ўнлаб муаллифларнинг юзлаб ном ва жилддаги асарларини таржима қилганлар».
Қадимги халқлар фан ва маданияти анъаналари, ижтимоий ва аниқ фанлар соҳасидаги билиш методларини ижодий ўзлаштириш ва янада ривожлантириш Ўрта асрларда Яқин ва Ўрта Шарқда ривожланган араб тилли ижтимоий-фалсафий, табиий-илмий тафаккур ва прогрессив маданиятнинг илмий негизини ташкил қилди. Уни шакллантириш ва ривожлантиришда олимларнинг қатор авлодлари, ҳам араб ва араблашган мамлакатларнинг вакиллари, ҳам араблар томонидан истило қилинган Турон, Эрон, Кавказорти, Шимолий Ҳиндистон, Шимолий Африка, Испаниядаги турли халқларнинг вакиллари бевосита қатнашди. Уларнинг асарлари араб ёзуви қўлланган мамлакатларда кенг тарқалди. Уларнинг ҳаммаси бутун мусулмон маданий дунёсида умумий қабул қилинган дин тили ва илмий тил, араб тилида ижод қилди ва ҳар бири ўзининг билим соҳасида Араб халифалигида кўплаб халқларнинг маданиятини синтез қилиш ва ўзаро бойитиш жараёнида юзага келган (шартли равишда «арабгўй», «араб тилли» деб аталган), халифалик парчаланиб, унинг улкан ҳудудида алоҳида давлатлар ташкил топганидан кейин эса мустақил равишда ривожлана бошлаган фан ва маданиятнинг равнақ топишига маълум ҳиссасини қўшди.
Туркистон миллий маданиятининг уч ўзак негизи
Араб халифалигининг емирилиши IX аср-нинг ўрталарида бошланди. Бирин-кетин ундан истило қилинган барча халқлар ва мамлакатлар ажралиб чиқди. Халифаликнинг қатор мустақил давлатларга бўлиниши улар ўртасидаги маънавий алоқаларга барҳам бермади, фақат қисқартирди, холос. Маданиятларнинг бир-бирига ўзаро таъсир қилиш жараёни кейинги асрларда ягона диний дунёқараш ва илмий тил асосида, вақт ўтиши билан жиддий заифлашиб, хусусиятини ўзгартириб ва янги шаклларга кириб давом этди.
Араб халифалиги таркибидаги тарихий даврда Турон-Туркистонда ислом динига ўтилиши, тил, фан ва адабиётда араблашиш тенденциясининг кучайишини қайд этиш мумкин. Араб ҳукмдорлари билан имкон қадар яқинлашишга интилган туркистонлик аристократия ва дин пешволари муҳитида араб тилини эгаллашга қизиқиш кучайиб борди. Кейинчалик бу таомил интеллектуал меҳнат, илмий ва бадиий ижод билан шуғулланувчи кишилар муҳитида араб, форс ва туркий тилларни билимли шахснинг зарур хосликлари сифатида билиш анънасига айланди. Бу анъана Туркистонда XX асрнинг ўрталаригача сақланиб келди. Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари шоирларининг ижодида кўп тиллилик ҳолатларини қайд этар экан, машҳур шарқшунос олим Е.Э.Бертельс жумладан шундай дейди: «...Мусулмон дунёсининг деярли ҳар бир йирик шоири ўзининг она тилидан ташқари одатда бошқа бир тилда ҳам ижод қилган. Бунда маълум таомилни ҳам қайд этиш мумкин. Чунончи, туркийлар, туркийдан ташқари, кўпинча форс ва араб тилларини, форслар, форс тилидан ташқари, одатда араб тилини қўллаганлар... Агар бу ҳолатни Ғарбий Европада адабиётнинг ривожланишига солиштирсак, кўп тиллилик Шарқ шоирларининг ижодида анча кенг тарқалганлигининг гувоҳи бўламиз».
Барча мусулмон мамлакатларида универсал илмий тил ва ҳукмрон дин тили сифатида қабул қилинган араб тили (Ўрта асрларда Ғарбий Европада фан ва дин лотин тилида ривожлангани сингари) ўзаро маданий алоқаларнинг ўрнатилишида ҳал қилувчи ўрин тутди. Дин ва мусулмон мафкураси соҳаси ҳамда фан соҳаси араб тилида эди. Ўрта асрларда Турон-Туркистонда жуда кўп илмий билимлар араб тилида ривожланди ва уларни ифодаловчи китоблар яратилди. Араб тили воситасида кенг халқаро маданий алоқалар субъектига айланган Турон-Tуркистон халқлари фақат Ўрта асрларда Яқин ва Ўрта Шарқда кечган кенг қамровли маданий синтез жараёнига қўшилибгина қолмай, балки мусулмон цивилизацияси маданиятини ривожлантиришда ҳам бевосита иштирок этди.
Жамиятда рўй берган туб ўзгаришлар, табиий-илмий, ижтимоий ва диний тафаккурининг эволюцияси, жамиятда илмий билимлар ва бадиий адабиётга қизиқишнинг кучайиши ўша даврнинг ягона ва ноёб универсал ёзма ахборот тарқатувчиси саналган қўлёзма китобларга бўлган эҳтиёж ва талабни кучайтирди. Китобнинг жамият ижтимоий-маданий ва интеллектуал ривожланишидаги тутган ўрни ҳам ўзгариб борди. Асосан диний ибодат мақсадларига хизмат қилган қадимги ва илк Ўрта асрлар китоби (фақат ибодатхоналардагина сақланган ва тор доирада фойдаланилган Авесто, буддизм адабиёти мажмуалари, монийчиларнинг етти муқаддас китоби) дан фарқли ўлароқ, бу даврда китобнинг ижтимоий мулоқот усули ва оммавий алоқа, оммавий коммуникация воситаси сифатидаги аҳамияти ортиб борди.
Халифаликдан мустақил бўлган дастлабки Турон-Туркистон давлатлари – пойтахти Бухорода бўлган Тоҳирий, Сафарий ва Сомоний давлатлари, Хоразмда Хоразмшоҳлар давлати, пойтахти Самарқандда ва қисман Ўзганда бўлган Қорахонийлар давлати қарор топганидан кейин, аввал араб тилини ўрганиш ва қўлланилишига ўз мавқеини мустаҳкамлаш воситаларидан бири сифатида қараган ҳукмрон табақалар кенг халқ оммасининг тиллари – форсий, дорий, тожик ва туркий тилларни рад эта олмай қолди. Сомонийлар давлатида (X аср) форсий-дорий тили асосан давлат тили сифатида қабул қилиниб, расмий ёзишмалар шу тилда олиб борила бошланди. Рудакий, Дақиқий, Фирдавсий сингари буюк шоирлар ва бошқа юзлаб ижодкорлар айнан шу тилда ўзларининг ажойиб асарларини яратдилар. «Дорий тилидаги адабиётнинг равнақи натижасида бу тил адабий тил сифатида кенг тарқалди, – деб ёзади ўзининг «Форс-тожик адабиёти тарихи» асарида проф.Е.Э.Бертельс. – Дорий тили қўшни вилоятларнинг тиллари билан турдошлиги ва лексикасининг кўп жиҳатдан умумийлиги бу тилнинг тарқалишини осонлаштирди. Бунинг натижасида у Эронда тарқалди ва адабиётдан ўрта форс (паҳлавий) тилини сиқиб чиқарди. Адабий тил сифатида дорий бир неча аср ҳукм сурди ва охир натижада Ўрта Осиёда адабий тожик тилига, Эронда эса – форс тилига ўрин бўшатди».
Халқаро китоб алмашуви ва араб тили туфайли бутун мусулмон маданий дунёсида муомалада бўлган Турон-Туркистон тупроғида туғилган араб тилидаги табиий-илмий, ижтимоий ва адабий-бадиий китобдан фарқли ўлароқ, форсий-дорий тилидаги китоб бу тил Турон-Туркистон, Эрон, Афғонистон, Озарбайжон ва ёндош вилоятларда тарқалгани туфайли, асосан Ўрта Шарқда муомалада бўлди. Бу ерда мустақил давлатлар ташкил топганидан кейин, қадимги мусулмон давригача бўлган маданий анъаналар ва халқ урф-одатларининг тикланиши шароитларида янги ёзма адабиётнинг ривожланиши учун қулай шарт-шароит юзага келди. Форсийзабон халқлар ёзма маданиятининг қарийб ўн беш асрлик тарихи мобайнида тўпланган улкан маданий-тарихий материал, халқ оғзаки ижодининг бой хазинаси, араб тилидаги бой адабиётни ўрганиш, эрон тилли ўз миллий поэтика тамойилларини ижодий ривожлантириш ва ривожланган араб поэтикасини ўзлаштириш – буларнинг барчаси вақти келиб маълум шаклда ўз ифодасини топмаслиги мумкин эмас эди. X асрда рўй берган мумтоз форс-тожик адабиётининг равнақи айнан миллий маданият тарихини бадиий ва илмий тушуниб етиш, халқ оммаси томонидан ишлаб чиқилган кучли маънавий салоҳиятни умумлаштириш ва ундан фойдаланишнинг натижаси бўлди. IX асрнинг охири – X асрнинг бошидан эътиборан форсий-дорий ва тожик тилларидаги адабий-бадиий китоб, у билан бирга илмий китоб ҳам, Турон-Туркистон китоб репертуарида асосий ўринлардан бирини мустаҳкам эгаллади.
Форс тилидаги адабиёт ва фаннинг ривожланиши билан бир вақтда Турон-Туркистондаги туркийгўй аҳолининг маданияти, фани ва адабиётида ҳам туб ўзгаришлар рўй берди. Туркий халқларнинг умумий маданий-тарихий жараён эволюцияси таъсирининг кучайишига X аср охиридан бошлаб Ғазнавийлар, Қорахонийлар ва Салжуқийлар туркий сулолалари ҳукми остидаги йирик марказлашган давлатларнинг юзага келиши имкон яратди. Масалан, Қорахонийлар давлатининг асосий ҳудуди, яъни Самарқанд ва Тошкент воҳалари, Фарғона водийси, Еттисув ва Қошғарда XI–XIV асрлар мобайнида туркий тил умумий истеъмолда бўлган, ягона ёзув маданиятли этник ва маданий бирлик қарор топди.
Туркий ижтимоий-фалсафий тафаккур даражаси нечоғли баланд бўлганлигини бизгача етиб келган ахлоқий-маънавий ва дидактик мазмундаги икки адабий асар яққол намоён этади. Бу туркий дунёвий адабиётнинг энг йирик ёдгорликлари – Аҳмад Юг-накийнинг «Ҳибатул ҳақойиқ» (VIII – IX асрлар чегараси) ва Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билик» (1069) асарларидир.
XI асрда яшаган буюк олим Маҳмуд Қошғарий томонидан 1073 йилда яратилган «Девони луғатит турк» асари туркий тилларда маданият, адабиёт, табиий-илмий ва ижтимоий тафаккурни ривожлантириш учун улкан ижодий салоҳият ва имкониятлар мавжудлигининг ёрқин далили бўлди. Бу асарда фақат бой лексикографик ва лингвистик материалгина эмас, балки туркий халқлар тарихий демографияси, этнографияси, турмуш тарзи, халқ оғзаки ижоди, яшаш ареали ва географиясига доир бебаҳо маълумотлар ҳам мавжуд эди.
Турон-Туркистон китобат маданиятида араб, форс ва туркий тиллардаги қўлёзма китобларнинг параллел ривожланиши ва муомалада бўлиши унинг Ўрта асрлардаги тарихий эволюциясининг муҳим ўзига хосликларидан бири бўлди. Тубан назарий жиҳатдан бунинг негизида ўрта аср туркистон маданиятининг уч ўзаклиги ётади. Биринчи ва иккинчи ўзак форсий ва туркий – асоси зардуштийлик диний ва умуман авесто ва туркий маданий дунёсида қабул этилган турмуш тарзи принциплари асорати, учинчи ўзак арабий – асоси мусулмончилик диний ва маданий принциплари ва турмуш тарзи одатлари. Аммо бу уч ўзак туркистон маданиятида диалектик бирликни ташкил этади. Араб, форс, туркий китобат маданияти элементларининг китобат иши ривожланиши мобайнида интеграциялашиш (яхлитланиш) жараёнлари X–XI асрлардаёқ уларнинг маълум синкретизмига, синтезига ва умумий Туркистон китобат маданияти тизимини ҳосил қилувчи элементларга айланишига олиб келди. Туркистон китобат маданияти интеграциялашиш (бирлашиш) ва дифференциациялашиш (бўлиниш) жараёнларининг бу ички бирлиги, бир томондан, Турон-Туркистон элатлари бирлашиш ва фарқланиш эволюциясининг ички бирлигини ифода этса, иккинчи томондан – интеграциялашиш жараёнлари уларнинг ижтимоий-тарихий ва маданий ривожланишидаги ички бирлигини акс эттиради.
Турон-Туркистон форсийзабон ва туркий-гўй аҳолисининг маданий эволюцияси ёндош халқлар маданияти билан қалин ўзаро боғлиқликда, ҳам қадимги туркий, ўрта форс, форсий-дорий, тожик, янги туркий, араб тилларидаги, ҳам араб тили орқали санскрит, қадимги юнон, сурия тилларидаги илмий тафаккур, ҳунармандчилик, адабиёт ва санъат ютуқларини жалб қилиш йўли билан амалга ошди. Бундай бир-бирига ўтиш ва бир-бирини бойитиш натижасида маданий, илмий ва адабий анъаналарнинг ҳамда улкан минтақада яшовчи, араб ёзувини қўлловчи, янги эрон, пушту, форсий, дорий, тожик ва янги туркий тилларда сўзлашувчи ва ёзувчи халқларнинг лисоний ва жуғрофий яқинлиги, ўрта асрлар давридаги тарихий тақдирининг ўхшашлиги, диний дунёқараши ва араб алифбосига асосланган ёзувининг умумийлиги билан изоҳланувчи китоб кўчириш ва кўпайтириш, уни безаш ва тўплаш анъаналарининг маълум бирлиги ҳам ривожланиб борди. Қайд этиб ўтилган анъаналарнинг бирлиги фақат Турон-Туркистон, Эрон, Озарбайжон ва Афғонистон билан чегараланмайди. Маълум даражада у мазкур интеграциялашиш жараёни доирасидаги аниқ миллий ва лисоний дифференциациялашишга эга бутун мусулмон маданий дунёсини қамраб олади.
Маданий анъаналарнинг айнан шу бирлиги фан, маориф, адабиёт соҳаларидаги эркин ва тўсиқсиз ўзаро алмашувга, ўз мамлакатларининг қадимдан Ўрта асрларга ўтишининг янги тарихий шароитларида ҳар хил адабиёт турлари, янги поэтик шакл ва жанрлар, масалан, ривожланган араб поэтикасининг форсийзабон ва туркийгўй халқлар томонидан ёки юнон ва ҳинд илмий анъаналари, ижтимоий ва табиий фанлар соҳаларидаги билиш методларининг мусулмон маданий дунёси халқлари томонидан қабул қилиниши ва ижодий ўзлаштирилишига имконият яратди. Бундай жараёнлар, энг аввало, китобда: адабий-бадиий материални қўлёзма китобга айлантиришнинг ҳар хил шакллари, китобнинг ҳар хил турлари, типлари, тоифаларининг юзага келишида ўз аксини топди.
