Целю данной статьи является раскрытие вопросов, касающихся популяризации чтения среди учащейся молодежи, его роли в их жизни и его приоритеты. Одним из главнейших социальных институтов, способным решать эти сложнейшие задачи, являются библиотеки, где по-прежнему на принципах бесплатности обеспечивается доступ населения к информации и культурным ценностям. Библиотеки должны реализовывать различные интересные проекты, отражающие различные аспекты, формы и методы продвижения чтения и популяризации лучших образцов отечественной и зарубежной литературы, проводить беседы и обсуждения о прочитанных книгах, предлагать различные интерактивные услуги, такие как театрализованные представления, «художественные гостиные», путем электронных презентаций, библиотек Non Stop, тренингов и др.

Жамият ҳаётига янги ахборот технологияларининг кенг кўламда кириб келишига қарамай, олимларнинг фикрича, китоб ҳозиргача ва бундан кейин ҳам мустақил билим олишнинг асосий ва тенгсиз омили бўлиб қолади. Мустақилликка эришилган дастлабки кундан буён педагогик адабиётларда ўсиб келаётган авлоднинг тарбиясида китобнинг тутган ўрнига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ахборот-ресурс марказлари хизматидан фойдаланувчиларнинг кутубхона ва ахборот-библиографик хизмат кўрсатишни такомиллаштириш орқали таълим олиши, уларни маънавий-аҳлоқий жиҳатдан тарбиялаш, ўзбек халқининг бой маданияти, диний қадриятлари, санъати, миллий урф-одатлари, анъаналари ёрдамида ўзлигини англаш орқали миллий туйғусини шакллантириш, комил инсон бўлиб етишишида кўмаклашишдир.

Фойдаланувчилар, айниқса, ўқувчи-ёшларда ахборот олиш маданиятини шакллантириш – АРМларда яратилган замон талаблари даражасидаги шарт-шароитлардан бевосита фойдаланган ҳолда, кутубхонанинг ўзида мустақил билим олиш, ўз билимларини доимий равишда мулоқот орқали бошқа ўқувчилар билан ўртоқлашиш, ижодкорликка интилиш бўйича намуна бўла олиш қобилиятини шакллантиришдир.

Ушбу мақсад йўлида китобхон ўқишига раҳбарлик қилиш катта аҳамият касб этади.

Ўқишга раҳбарлик қилиш – кутубхона фаолиятининг турли шакл ва услубларидан фойдаланган ҳолда, китобхон ўқиши мазмуни ҳамда характерига мақсадли равишда таъсир этишдир. Шунингдек, маълумот-библиография аппарати (МБА), тавсия библиография қўлланмалари тизими, адабиётларнинг кўргазмали тарғиботи тизими, очиқ фонддан бемалол фойдаланиш имконини яратиш, оммавий ахборот воситалари ва, албатта, нис-батан тайёргарликка эга бўлган китобхонлар ўқиши йўлбошчилари ёрдамида амалга оширилади.

Ўқишга раҳбарлик қилиш:

- китобхонга босма нашрлар ва бошқа ахборотларни танлашда, ўз талаб-эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, адабиётлар ҳақида ахборот олиш;

- китобхон сўрови асосида ахборот манбаларини танлаш ва тавсия этиш; уларда янгидан-янги қизиқиш ва талабларни шакллантиришга таъсир кўрсатиш;

- китобхонга зарур маълумотларни мустақил равишда танлашда ёрдам бериш;

- ўқиган китоби ҳақида суҳбат, китоб ҳақидаги фикрларини таҳлил этиш, тадбирларда чиқишларини кузатиш, китобхонни тартибли равишда ўқиш услубларига ўргатиш орқали китобхонга, яъни ўқиш маданиятини шакллантириш кабиларни ўз ичига олади.

Китобхон билан якка тартибда ишлаш – алоҳида китобхон билан ўқиш маданиятини тарбиялаш, қизиқишини аниқлаш ва ривожлантириш, босма нашрлар ёки бошқа ҳужжатларга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадларида иш олиб бориш.

Китобхон билан якка тартибда ишлаш жараёнида кутубхоначи китобхон қизиқишини ўрганади, унга мутолаа учун китобларни тавсия этади, китоб билан ишлаш масалаларида маслаҳат ва йўл йўриқлар кўрсатади, кутубхона томонидан кўрсатиладиган хизмат турлари ҳақида ахборот беради.

Ўқилган китоб ҳақидаги суҳбат кутубхоначига китобхон томонидан ўқилган китоб мазмунини қабул қилиш, тушуниш даражасини аниқлаш, қизиқиш ва эҳтиёжи қондирилиши даражасини билишга ёрдам беради. Бу маълумотлар кутубхоначига китобхон ўқишига раҳбарлик қилиш жараёнига аниқлик киритишига, яъни китобхоннинг қабул қилиш даражасини эътиборга олган ҳолда, ўқиш доирасини кенгайтириш, китобхонга нисбатан оддий ёки мураккаброқ адабиётларни тавсия этиш, аввалги китоб тавсиясида йўл қўйилган хатоларнинг олдини олиш ва бошқаларда ёрдам беради.

Шундай суҳбатларнинг услубларидан бири – агар китобхон китобни кутубхоначининг тавсияси билан олган бўлса, кутубхоначи ўз тавсияси нақадар муваффақиятли бўлганини, китобхон айнан шу китобдан қандай фойдали нарса олгани, уни қандай баҳолагани, ундан олинган билимдан амалда фойдаландими ёки нега тавсия этилган адабиёт китобхонни қониқтирмаганлигини ва бошқа шу кабиларни аниқлашдир.

Маслаҳатлар ҳам китобхонни кутубхона, унинг фонди, маълумот-библиография аппарати билан таништиради ва уларда ўқиш маданиятини тарбиялаш, кутубхона-библиографик саводхонлик кўникмаларини шакллантиришга қаратилади.

Ўқиш маданиятини шакллантиришда китоб билан ишлаш, мавзу матнини ўрганишни турли таҳлиллар асосида ташкил этиш, шарҳли ўқиш; ўқувчиларнинг ёзма ва оғзаки мустақил ишлари ижодий ўйинлардан фойдаланиш, савол ва топшириқларга кенг ўрин бериш каби усуллар маънавий манба яратилган давр муҳити, унда кўтарилган асосий ғоя ва қўшимча ғоялар ҳақида ўқувчининг ҳар томонлама маълумот олишида ижобий таъсир этиши тажриба-синов жараёнида аниқланади.

Ўқиш маданиятини тарбиялаш фанларнинг ўрганиш объекти, ички моҳияти ва хусусиятларига кўра, турли йўналишларга бўлиб ўрганиш афзаллигини ифода этади. Ўқув фанлари, табиий, ижтимоий фанлар тарзида туркумлаштирилган. Ҳар бир ўқув фани унинг «ядро» – «ўзаги» саналувчи маълумот (ахборот)ларга эга бўлиб, ушбу маълумотлар шахс томонидан фанлар асосларининг ўрганилиши аниқ мутахассислик бўйича мустақил билим олиш, уни гуруҳлаштириб ва кенгайтириб бориш учун таянч тушунчалар бўлиб хизмат қилади.

Кутубхонада ўқиш маданиятини тарбиялашда ўспиринлар учун жонли мулоқот алоҳида аҳамиятга эгадир. Жонли мулоқот тарбия-вий тадбирнинг мазмуни ва моҳиятини ўқувчига табиий равишда етказади. Тадбирнинг, бошқарувчининг жозибадорлиги, билим савияси, дунёқараш доираси, маънавий маданият даражаси шу тадбирнинг муваффақиятини таъминловчи омиллар ҳисобланади. Жонли мулоқот модератор билан тадбир қаҳрамони ёки қатнашчилари ўртасида вужудга келади.

Таълим муассасалари, маънавий-маърифий масканларда мунтазам ва мустақил таълим олишига кўмаклашиш, миллий-маънавий қадриятларни кенг тарғиб этиш, электрон маълумотлар базалари, Интернет ресурслари асосида ахборот хизмати кўрсатишда замонавий ахборот ресурларининг ўрни беқиёсдир.

Таълим муассасасининг АРМ ўз ахборот имкониятлари орқали таълим тизимини ташкил этиши ва боришига тўлиқ хизмат қилиши лозим. Бунинг учун, биринчи навбатда, ўз фондини таълим жараёни, ўқув юрти тайёрлайдиган мутахассисликлар йўналишларига оид анъанавий китоблар, даврий ва давомли нашрлар, бошқа босма турдаги ҳужжатлар билан бирга, ўзи яратган ва бошқа АРМнинг электрон дарсликлари, ўқув қўлланма, мультимедияли нашрлар ва бошқа ресурслар билан мунтазам тўлдириб боришлари, улардан кенг фойдаланишини таъминлашлари зарур.

Ёшларнинг тарбияли, эстетик нутқ маданиятига эга бўлиши, дунёқарашининг кенгайиши, ҳар томонлама шаклланиши АРМ ларда ўтказилаётган турли кўрик-танловлар, анжуманлар, ёзувчи ва шоирлар, ижодкор зиёли-лар иштирокидаги мулоқотлар, давра суҳбатлари, учрашувлар ва бошқа тадбирларга боғлиқдир.

Ахборот-кутубхона муассасалари мутолаа маданиятини шакллантириш ҳамда ахборот оқимлари шиддат билан ўсиб бораётган глобаллашув жараёнида энг муқобил, зарур маълумотлардан фойдаланиш йўл-йўриқларини ўргатувчи илм ҳамда билим масканидир.

Ахборот-кутубхона муассасалари ўқиш маданиятини шакллантириш борасида қуйидаги вазифаларни бажариши лозим:

- ёшлар ўртасида адабиётлар тарғиботини олиб бориш, унга мўлжалланган библиографик ресурслардан тез ҳамда осон фойдаланиш имкониятини яратиш;

- тавсия библиографияси орқали кенг китобхонлар оммасига, ёшларга китобни, ўқиш маданиятини тарғиб ва талқин қилиш;

- турли жанр, шакл ва мазмундаги, манбалар йиғилган ахборот-кутубхона муассасалари, китоб дўконлари ва бошқа ижтимоий институтлар фаолиятини оммавий реклама тарғиботини амалга ошириш;

- китобхонларни ўқишга жалб қилиш мақсадида, кичик жанрдаги рисолалар, тавсия кўрсаткичлар, библиографиянинг кичик шакллари (ўқиш режалари, тавсия рўйхатлар, ўқиш режалари, эсдаликлар, электрон йўл кўрсаткичлар, энциклопедиялар, фотоаль-бомлар) ни яратиш ва уларнинг рекламасини, оммавий тарғиботини ташкил этиш;

- янги электрон маълумотлар базалари, компакт дисклар, компьютер ва замонавий коммуникация технологиялари мавзусидаги китоблар ва даврий нашрлар ҳақида фойдаланувчиларни якка тартибда, оммавий ва гуруҳли шаклда ахборот билан таъминлаш;

- амалиётга интерфаол иш шаклларини тадбиқ этиш ва бошқалар.

Ахборот-технологияларининг ҳаётимизга кенг равишда кириб келиши ва тезкорликда ривожланиши замонавий инсонлар дунёқараши ҳамда маданиятини шиддат билан ўзгаришига олиб келмоқда. Олимларнинг илмий изланишлари натижаси шуни кўрсатмоқдаки, кўпчилик учун асосий оммавий ахборот воситаси телевидение, радио ва Интернет бўлиб қолган. Асосан, босма нашрлар билан ишловчи кутубхоналар бу вазиятни ҳисобга олишлари, анъанавий воситалар билан бирга мультимедия маҳсулотларидан ҳам мақсадли ва самарали ҳолда фойдаланишни ривожлантириши лозим.

Бугунги кунда замон билан ҳамқадам бўлиш учун қуйидаги ҳаётий саволларга жавоб топиш лозим: Ёшлар билан ишлаш тизимини қандай ташкил этиш керак? Қандай қилиб ривожланишни боши берк кўчага кириб қолишнинг олдини олиш керак ва қайси йўналишда ҳаракат қилиш лозим? Фойдали ҳаракатда фаолиятнинг қандай интерфаол шакллари нисбатан юқори коэффицент беради?

Ўз ҳудудида услубий марказ ролини бажараётган вилоят, шаҳар ва туман ахборот-ресурс марказлари айнан шу саволларга жавоб топишлари лозим.

Бугун фойдаланувчиларни АРМга жалб қилишнинг қандай интерфаол шакллари мавжуд? Энг аввало, интерфаол хизмат нима, деган саволга жавоб қидирамиз. Интерфаол хизмат бу техник воситалар, компьютер, махсус компьютер дастурлари ва бошқа замонавий техник воситалар, имкониятларидан фойдаланган ҳолда, кутубхона билан унинг хизматидан фойдаланувчилар ўртасидаги муносабатни ташкил этишдир. Ҳозирда интерактив фаолиятнинг театрлаштирилган намойишлари, электрон тақдимотлар ёрдамида ташкил этиладиган адабий меҳмонхоналар, баҳс-мунозаралар, веб-сайтлар, ўйинлар, викториналар, уч авлод учрашувлари, тренинглар, танловлар ва бошқа шакллари мавжуд.

Қардош халқларда бир нақл бор: «Янгилик, бу – унутилган эскиликдир», яъни бир пайтлар илғор шакллар бугунга келиб унутилган ва ҳозирда янгиликдай қайта эъзозланади. Кутубхона ишининг худди шундай шаклларидан бири – ҳозирда жуда кам қўлланилаётган шакли бўлган баҳс мунозарани алоҳида таъкидлаш мумкин.

Баҳс-мунозара маълум бир масала, мавзу бўйича махсус ташкил этилган намойиш бўлиб, унда шу масала бўйича мустақил фикрлар тўқнашуви рўй беради. Ҳақиқатан ҳам, баҳс-мунозараларда қатнашиш ўқувчиларда билимдонлик, мустақил фикрлаш, ўз фикрини ишонч билан ифода эта олиш ҳамда нотиқлик, билимга чанқоқлик, ўзгаларни эшита олиш, танқидни тўғри қабул қилиш, «рақибга» ҳурматда бўлиш ва шу каби қатор ижобий ҳислатларни шакллантиради.

Россиялик педагог Г. Плоткин баҳс-мунозара иштирокчиларига мактаб ўқувчилари билан биргаликда ишлаб чиқилган қуйидаги қоидаларни тавсия этади:

- ҳар бир иштирокчи ўз фикрини айта олиш ҳуқуқига эга;

- агар сенда тингловчиларга айтадиган нарса бўлса, улар уни билишсин;

- ўйлаганингни айт, айтганингни ўйла! Аниқ ва ҳаётий сўзла! Ўзинг охиригача англаб етмаган нарсани таъкидлама;

- ўз қарашингни ишончли равишда ифода эт, исботланган фактларга таян;

- сенгача айтилганларни такрорлама;

- бошқалар фикрига ҳурматда бўл, уни тушунишга ҳаракат қил, ўзинг қўшилмайдиган фикрни ҳам тинглашни бил, сабрли бўл, сўзлаётганнинг сўзини бўлма, шахсий баҳо берма, ҳақлигингни таъкидлайверма;

- агар қарашларингни хатолиги исботланса, ҳақсизлигингни мардларча тан ола бил;

- баҳснинг асосий якуни сенинг хақиқатга интилишдаги машаққатли йўлинг бўла қолсин.

Баҳс тортишув руҳида бўлади, айрим ҳолатларда эса қарама-қарши фикрларнинг тўғридан-тўғри тўқнашуви рўй беради. Чунки ёшларни ўзаро муносабатлар, бахт, севги, ота-она ва бола муносабати муаммолари, ҳу-қуқ ва мажбурият, ҳуқуқий-демократик дав-лат тузуми ва шу каби кўплаб бошқа масалалар қизиқтиради, ҳаяжонлантиради.

Бироқ баҳсга муносиб тайёргарлик кўрилгандагина тарбиявий натижа беради. Бунинг учун аввало, баҳс мавзусини тўғри танлаш зарур. У долзарб бўлиши ва шундай тузилишга эга бўлиш керакки, мавзу сарлавҳасининг ўзи иштирок этишни ҳоҳловчиларда фикрларини билдириш истагини уйғотсин. Мавзу катталар, яъни етакчи, синф раҳбари томонидан мажбурий танланмаслиги лозим, чунки, бу ўқувчилар норозилигига олиб келади ёки уларда фаол иштирок этиш истагини сўндиради. Мавзу танлашнинг самарали йўли ўқувчилар ўртасида сўров (сени қандай масалалар кўпроқ қизиқтиради?) ўтказишдир. Сўровга берилган жавоблар таҳлили иштирок этмоқчи бўлганларни ҳаяжонлантираётган нарсани аниқлаш имконини беради.