Рассказывается о деятельности Центра института Востоковедения при АН РУз, организованного в 1943 г. на базе отдела восточных рукописей Государственной библиотеки РУз (ныне Национальная библиотека Узбекистана). На сегодняшний день в Центре хранится рукописное книжное наследие, составляющее около 26 000 наименований. В 2000 г. коллекция была признана международной организацией ЮНЕСКО по программе «Память мира», как культурное наследие, ставшее неотъемлемой частью мировой культуры. Самыми древними рукописными книгами в коллекции являются экземпляры, датируемые X в., написанные не только Мовароуннахре, но и в Иране и Индии. Тщательно изучено физическое состояние рукописных источников и разработан специальный проект по их реставрации на высоком профессиональном уровне.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти сифатида фаолият олиб бораётган бу даргоҳнинг асосий, дублет ва Ҳамид Сулайманов фондларида 26 000 жилддан зиёд қўлёзма асарлар ва Ҳужжатлар фондида эса 5 000 дан зиёд манбалар сақланмоқда.
Ўтган давр давомида Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти соҳага оид илмий изланишлари ва бой коллекцияси билан дунё илм оммаси орасида танилди. Умумжаҳон маданий меросининг ажралмас қисмига айланган ушбу коллекциянинг қиймати унда сақланаётган асарларнинг кенг даврий (энг қадимий асар нусхаси Х асрга тегишли бўлса, баъзи ҳужжат ва асарлар ХХ асрнинг ўрталарида ёзилган) ва географик қамрови (қўлёзмалар Мовароуннаҳр, Ҳиндистон, Эрон ва бошқа ҳудудларда кўчирилган), уларда баён қилинган мавзуларнинг хилма-хиллиги (асарлар фаннинг турли тармоқларига, яъни тарих, адабиёт, фалсафа, ҳуқуқ, ислом, фалакиёт, кимё, табобат, жўғрофия ва бошқаларга оид), илмий-тарихий аҳамияти, уларнинг юксак бадиий-эстетик жиҳатлари билан белгиланади. Ушбу артефактлар ўз даврида маълум бир шахс, миллат, этник гуруҳ ёки ижтимоий тузумнинг салоҳияти, иқтидори, қудратининг кўрсаткичи сифатида намоён бўлган. Бугунги кунга келиб, йиллар, асрлар, турли бўҳрон ва тузумларнинг чиғириғидан омон қолган бу осори атиқалар бутун инсониятнинг меросига айланиб улгурган. Ушбу эътирофнинг расмий тасдиғи сифатида бу фонд 2000 йилда ЮНЕСКОнинг «Жаҳон хотираси» рўйхатига киритилди.
Марказ фондлари орасида асосий фонд ўзининг бойлиги ва таркибидаги қўлёзма асарларнинг нисбатан кўпроқ тадқиқ қилинганлиги билан бошқа фондлардан ажралиб туради. Бу фондда сақланаётган қўлёзмаларнинг жисмоний аҳволи ҳам бошқаларига нисбатан кўпроқ таҳлил қилинган. Гарчи институт ташкил қилинган даврдан бошлаб муттасил суратда фондни сақлаш, қўлёзмалар умрини узайтириш, уларни реставрация қилишга қаратилган ҳаракатлар, нисбатан, муваффақиятли амалга ошириб келинган бўлса-да, фонднинг ҳозирги кундаги реал ҳолатини тўлақонли акс эттиришга йўналтирилган кенг кўламли тадқиқотлар ўтказилмаган. Бу ҳаракат фақатгина 2009 – 2011 йиллар давомида Саудия Арабистонининг Малик Файсал маркази томонидан молиялаштирилган ЮНЕСКО ташкилотининг гранти доирасида қисман амалга оширилди.
Лойиҳа марказ қўлёзмалар фондининг сақланиш шароитини яхшилаш ва реставрация лабораторияси фаолиятини такомиллаштиришга йўналтирилган эди. Лойиҳага раҳбарлик қилган ЮНЕСКО нинг халқаро эксперти Антонио Мирабиле 2010 йилда фонднинг техник ҳолати, қўлёзмаларни сақлаш шароитлари ва амалга оширилаётган реставрация ишларининг сифатига баҳо берди. У Карл Дротт жадвали ёрдамида ишлаб чиқилган статистик шаблондан фойдаланган ҳолда, жами 1 067 та қўлёзмани кўздан кечириб, натижаларни эълон қилди. Унга кўра қўлёзмаларнинг 27 фоизининг ҳолати яхши, 50 фоизи ўрта, 17 фоизи ёмон ва 6 фоизи жуда ёмон аҳволда.
Бу маълумотлар тахминий ва нисбий бўлса-да, бажарилажак ишларни режалаштириш ва стратегик йўналишларни белгилаб олишда катта аҳамиятга эга. Натижалардан кўриниб турибдики, институт фондларида алоҳида парваришга ва реставрацияга муҳтож қўлёзмаларнинг сони анчагина.
Юқорида кўрсатилганидек, қўлёзма китобларнинг аҳволи нисбатан таҳлил қилинган, аммо манбалар хазинасининг ажралмас таркибий қисми бўлган тарихий ҳужжатлар аҳволи мониторинг қилинмаган эди. Ҳужжатлар фондини ташкил қилувчи 5 000 дан ортиқ ноёб тарихий ҳужжатлар турли даврларда Ўзбекистон ва унга ҳамҳудуд минтақаларда форс, ўзбек ва қисман араб тилларида битилган. Ҳужжатларнинг мазмунига кўра уларни қозихона ҳужжатлари, ёрлиқлар, вақфномалар, ёзишмалар тўпламлари каби тематик бўлимларга ажратсак бўлади. Уларни илмий муомалага киритиш, авваламбор, уларнинг ҳолатини яхшилашни талаб этади. Мана шу камчиликни бартараф этиш ниятида 2014 йилдан бошлаб марказ фолиятида илк бора «Тошкент давлат шарқшунослик институти ҳузуридаги Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари марказида сақланаётган тарихий ҳужжатлар ҳолатининг таҳлили ва уларни сақлаш шароитларини яхшилашнинг илмий асослари ва амалиёти» номли лойиҳа амалга оширила бошлади. Лойиҳани амалга ошириш жараёнида қуйидаги вазифаларни ҳал қилиш мақсад қилиб қўйилган:
- тарихий ҳужжатларнинг асл нусхаларидан фойдаланиш жараёнида табиий равишда ҳужжатга зарар етказилади. Бу жараён ҳужжатларни сақлаш хоналаридан олиниб, ўқув залларига олиб бориш, тадқиқотчи томонидан беихтиёр зарар етказиб қўйиш, йиртилиш ёки йўқолиш ҳолатлари билан боғлиқ. Мазкур муаммони ҳал этиш мақсадида, лойиҳа давомида тарихий ҳужжатларнинг электрон шакли яратилади. Натижада, бир ҳуж-жатнинг электрон нусхасидан бир вақтнинг ўзида бир неча тадқиқотчилар фойдаланишлари учун кенг имкониятлар яратилади. Бу билан, ўз-ўзидан оригинал ҳужжат зарарланишининг ҳам олди олинади;
- юқорида қайд этилганидек, тарихий ҳужжатларни тўлиқ таъмирлаш ишлари шу кунга қадар амалга оширилмаган. Шу сабабли, уларнинг реал аҳволи ҳақида батафсил маълумот мавжуд эмас. Лойиҳа давомида барча тарихий ҳужжатларнинг ҳолати ҳақида батафсил маълумот ягона жадвал асосида тузилади. Мазкур жадвал ҳужжатлар коллек-циясининг реал ҳолатини ўзида акс эттиради. Шу асосда шикастланган ҳужжатлар таъмирланиб, енгил зарарланган ҳужжатларга нисбатан эса, аввалдан консервациялаш амалиётлари бажарилади;
- марказимиз қўлёзма манбалар хазинасида мавжуд ҳолатни умумий ўрганиш борасидаги олиб борилган инвентаризация натижасида тарихий ҳужжатлар коллекциясидаги ноёб ҳужжатларнинг сақланиши жаҳон стандартларига мувофиқ келмаслиги, ҳозирда жаҳонда сақлашнинг янгича шароитлари ва ёндашувлари жорий этилганлиги таъкидланди. Бу эса сақлашнинг эскича услубларидан воз кечиб, замонавий стандартлар асосида ҳужжатларнинг сақлаш шароитларини яхшилашни талаб этмоқда. Жумладан, бир қанча ноёб тарихий ҳужжатлар йиғма жилдларда сақланади. Уларда сақланган ҳужжат қоғозлари зарарланишга мойиллиги сабабли, уларни махсус картон қоғозларидан ясалган қутиларда, алоҳида-алоҳида ажратилиб, белгиланган ҳарорат ва намлик даражаси таъминланган тарзда сақлаш жаҳон тажрибасида амалиётга татбиқ этилган. Лойиҳа натижасида коллекциядаги ҳужжатларни сақлашнинг юқори сифат даражасига олиб чиқиш кўзда тутилган;
- республикамизнинг Мустақиллик даврига қадар кўплаб ёзма мерос хазиналаридаги манбалар, хусусан, тарихий ҳужжатларни сақлаш ёки уларни таъмирлаш деярли бир хил ҳолатда эди. Кейинги даврларда мазкур соҳанинг тез суръатларда ривожланишига тўсқинлик қилаётган муаммолардан бири, мазкур соҳадаги етук кадрларнинг танқислиги ва ўқув-услубий қўлланмаларнинг деярли мавжуд эмаслигидадир. Мазкур муаммога ечим сифатида, лойиҳа давомида олиб борилган амалиёт методлари, чиқарилган хулосалар ва тавсиялар асосида ноёб тарихий ҳужжатлар консервация ва реставрациясига бағишланган ўқув ва услубий қўлланма яратиш режалаштирилган. Бу эса мазкур соҳага илк қадам қўяётган ёш илмий тадқиқотчилар ва талабалар учун таянч манбалардан бири бўлади.
Лойиҳа ўз ниҳоясига етиб бормоқда. Дастлабки маълумотлар жамланган ва улар таҳлил қилиниб, қўлимизда ҳужжатларнинг реал аҳволини ўзида тўлақонли акс эттирган маълумотлар базаси жамланди, натижалар қуйидагича:
Жами 5 422 та ҳужжатдан 2 130 таси яхши; 1 971 таси ўрта; 1 067 таси ёмон ва 254 таси жуда ёмон аҳволда. Бироқ бу билан ҳужжатларга нисбатан амалга ошириладиган тадбирлар ниҳояланди, деб айта олмаймиз. Аксинча, мазкур лойиҳа келажакда амалга оширилиши мўлжалланган янада жиддий ва кенг кўламли ишларнинг дебочаси, деб баҳоланмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида йиғилган маълумотлар ҳужжатлар коллекциясининг аҳволи, унинг ҳолатини ўнглаш учун амалга оширилиши керак бўлган тадбирлар, зарур бўлган материал ва инсоний ресурслар ҳақида тўла тасаввур олишимизга имконият беради. Юқоридаги маълумотлар кейинги лойиҳалар учун материаллар сотиб олиш, мутахассисларни жалб қилиш ва тўла ҳажмда молиялаштириш учун зарур бўлади. Бевосита реставрация жараёнига киришишдан олдин юқорида санаб ўтилган маълумотларга эга бўлишимиз консервация жараёнини ташкил этишда жуда зарур омил ҳисобланиб, амалга ошириладиган хатти-ҳаракатлар алгоритмининг биринчи мантиқий босқичидир.
