Аввало, мана шундай улуғ, азиз, мўътабар юртда туғилганимизга, яшаётганимизга минг бор шукрона айтсак арзийди. Бу юрт улуғлар, азиз зотлар, уламолар юрти. Мана шу муқаддас, она юртимиз ўтган асрда мустамлака зулмидан азият чекди. Буюк боболарнинг авлодлари яшаётган мамлакат турли синовли кунларни бошдан кечирди. Худога шукурлар бўлсинки, ҳурриятга, покизалик, мустақиллик кунларига ҳам етиб келдик. Ўтган йигирма олти йилда юртимизда кўплаб эзгу ишлар амалга оширилди. Мўътабар қадамжоларимиз тикланиб, улуғларимиз номи абадийлаштирилди. Бу ишлар бардавом бўлсин!
Кейинги йилларда халқимиз китобхонликдан узоқлашиб қолгани айни ҳақиқат эди. Тирикчилик деб, қорин ғами деб китобни эсдан чиқариш катта маънавий жудоликларни олиб келиши мумкин. Кўпчилик ёшлар техник-ахборот воситаларига керагидан ортиқ берилиб, муте бўлиб қоляпти. Лекин ҳеч қандай ахборот воситалари, менимча, китобларнинг ўрнини боса олмайди. Мен бугунги кунда озми-кўпми ҳурмат қозонган бўлсам, китоб мутолааси, китоб ўқиш, китобларга бўлган қизиқишим туфайли, деб биламан.
Ота-онам саводсиз, аммо китобга, илмга меҳр-муҳаббати жуда юқори одамлар эди. Улар менинг бошимдан силаб, бағрига олиб: «Ўқинглар, ўқинглар, бизга ўхшаб очиқ кўр бўлиб қолмаганлар» – дер эди. Отам қаерга бормасинлар, китобсиз уйга келмасдилар. Саводим чиққач эса, ота-онамга китоб ўқиб берадиган бўлдим. Халқ достонларини маза қилиб, завқ билан тингларди. Кўзлари ёшланиб, севинарди. «Гўрўғли», «Равшан», «Авазхон» достонларини қайта-қайта ўқиб берардим. Достонлар охирига етиб: «Шундай қилиб, улар мурод-мақсадларига етибди», деб тугатишим билан кўзим, менга ёшли кўзлари билан термулиб турган ота-онамга тушарди. Кейин бирин-кетин дуо қилишарди. Мен ота-онамнинг дуосини олган фарзандман.
Ҳали мактабга бормасдан туриб саводим чиққан. Тоғам бизнинг уйда туриб мактабга қатнарди. Тоғамнинг китоб ўқишига, дафтарнинг оппоқ қоғозига бир нималар ёзишига ҳавасим келарди. Ўзимча машқ қилиб, тоғамга ўхшатиб ёзаверардим. Ҳарфларнинг бири тепага, бир пастга қараб ёзилишига ҳавасим келарди. Уни менга ҳам ёзишни ўргатинг, деб қўймасдим. Лекин менга энг катта мададни ота-онам берган. Уларнинг ўзлари ўқиш-ёзишни билмасалар ҳам, мени ўқишга ундар, ҳар куни дарс қилдингизми, нега бирдан бўлдингиз, қани, алдаманг, бошқатдан китобни олиб дарс қилинг, деб мени кўпроқ билим олишга ундарди. Мен ҳам дарсларимни тайёрлаб бўлган бўлсам ҳам, ота-онам хафа бўлмасин, деб дафтаримни олиб, бошқа нарсаларни кўчириб ўтирардим. Уларни хафа қилгим келмасди.
Бир куни шунчалик китоб ўқишга қизиқиб кетибманки, алламаҳал бўлиб кетганини ҳам унутиб қўйибман. Шунда дадам хавотирланиб чиқдилар, менга ухла энди, деб чироқни ўчириб қўйдилар. Лекин хаёлим ўша китобдалиги учун ухлолмадим. Ахири, фонарни олиб, кўрпанинг остида китобни ўқиб тугатганман.
Ҳуснихатим аъло бўлишига сабаб, ёзувим чиройли чиқмагунча қайта-қайта ёзаверишимдан, ўқитувчим доскага ёзиб, танаффусга чиқиб кетса, мен устозимнинг ёзганларини худди ўзидай кўчиришга ҳаракат қилишим туфайли деб биламан. Шу туфайли адабиётга ҳам меҳр қўйганман. Тўртинчи ё бешинчи синфда ўқирдим. Алишер Навоийнинг ижодига қизиқишим баланд эди. Бунга адабиёт фани устозимнинг таъсири катта бўлган. У киши Навоийни шунчалик меҳр билан, самимийлик билан тушунтирардики, устоз Навоий дейишлари билан кўзларимга ёш келарди.
Кутубхонада Навоийнинг китоблари кўп эди. Китобларнинг аксариятидаги бошланғич боблари, диний мотивда бўлгани учун олиб ташланар, китобларда очиқча еттинчи бобдан бошланганлиги ҳам ёзиб қўйиларди. Лекин олиб ташланганидан қолган қисми ҳам улкан уммон, жуда катта ижод маҳсули эди.
Навоий асарларида арабча ва форсча сўзлар ҳам учрагани ҳамда ўша пайтларда бу тилларни билмаганим учун, «Хамса»ни унча тушунмасам ҳам, ҳаммасини ўқиб чиқдим. Кейин ўша пайтларда «Муҳокамат ул-луғатайн» асари қўлимга тушди. Бу китоб орқали форс тилига, унинг жарангига қизиқиб кетдим. Ўша китобнинг ортида изоҳ учун кирилл алифбосига ҳамоҳанг араб алифбосини келтиришган экан. Қизиқишим баландлигидан араб алифбосини шу китобнинг ўзидан ўрганиб олдим. Шунда билганманки, иштиёқ, интилиш, қизиқиш бўлса, инсон кўп нарсани ўрганиши мумкин экан. Бир нарсага меҳр қўйиб интилсангиз, зеҳнингизни Ўзи очиб қўяркан. Мана ўз тажрибамдан яна бир мисол. Мен ўнинчи синфгача форс тилини мукаммал ўргандим. Қандай қилиб?! Ўша пайтларда «Қизил Ўзбекистон» газетаси, шу навбатда, тожик тилида «Ўзбекистони сурҳ» деган газета чиқарди. Мақолалари бир хил, мен уларни таққослаб ўқиб, сўзларни ёдлаб, тожик-форс тилини ўрганиб олганман. Ҳозир форс тилини она тилим каби биламан. Тожик тили форс тили билан фақат оҳангдагина фарқ қилади. Эронликлар оҳанг билан гапиради, тожиклар эса сўзларни тез-тез талаффуз қилади. Бу тилларни ўрганишимда менга Навоий асарлари илҳом берган.
Мен радио туфайли араб тилини ҳам ўрганганман. Бунга ишониш қийиндир, лекин интилишим, қизиқишим бунга сабаб бўлган. Мен радиодан сухандонлардай тиниқ араб тилида сўзлашга ҳаракат қилардим. Мустақилликдан сўнг араб мамлакатларидан бирига қилган сафаримиз давомида қоҳиралик биродарлар билан танишиб қолдик. Улар менинг арабча гапиришимни эшитиб: «Сиз Қоҳирада туғилганмисиз? Соф ва аниқ бизнинг шевада гаплашяпсиз» – дейишган.
Мустабид даврда биз бирор асарни чоп эттиришдан олдин, уни рус тилига таржима қилардик. Кейин уларга маъқул келса, ўзбек тилида чоп эттирардик. Шунинг учун рус тилини ҳам яхши ўрганганман. Бунинг қачон фойдаси тегаркан, деб юрардим, яқинда муқад-дас «Қуръон» китобимизнинг тафсирини рус тилига таржима қилиш таклифини олдим. Бу ишни бажариш учун Россия мамлакатидан бирор одам топишолмапти. Мен рус тилини яхши ўрганганим учун, бу тилда ҳам хато қилмасликка ҳаракат қилганим учун масъулиятни елкамга олдим. Кўпчилик эшитиб ҳайрон қолади:«Абдулазиз ака рус тилини ҳам билармикан?» – дейишади.
Мен доим истеъдодли кишиларга ҳавас қилиб, уларга чин дилдан интилганман. Қалб покиза, ният тоза бўлса, сиз етмаган марралар қолмайди. Фақат вақтдан унумли фойдаланмоқ керак. Маълумки, мустабид даврда қанчадан-қанча китоблар юртимиздан олиб чиқиб кетилган. Ҳозирги кунда ўша китоблар чет элликлар томонидан турли сайтларга жойланмоқда. Бемалол уларни ўқиш, тадқиқ қилиш, фойдаланиш мумкин. Мен ёшларга эртадан-кечгача телефондан ўйин ўйнаш эмас, китоб ўқиш, тил ўрганиб фойдаланишга ундаган бўлардим.
Фарзандларимиз буюк аждодларимизга муносиб авлод бўлсин. Мустақиллигимиз абадий, иймонимиз бут бўлсин!
Жавлон Жовлиев ёзиб олди
