Аннотация. Ушбу мақолада XIX асрнинг иккинчи ярми ХХ аср бошларида Туркистонда яшаган Татар фуқароларининг тарихи ва уларнинг фаолиятига оид маълумотларнинг адабиётлар ва манбаларда ёритилишига алоҳида эътибор берилган. Манба ва адабиётларда Туркистон, хусусан, Бухоро, Самарқанд ва Фарғона минтақасида яшаган татар миллатига мансуб бўлган фуқаролар тарихига оид бўлган маълумотларни бир-бири билан солиштириб таҳлил қилишга ҳаракат қилинган. Шунингдек, уларнинг минтақадаги иқтисодий, ижтимоий ва маданий фаолияти, яшаш тарзи, уларнинг Империя ва Туркистон ҳукумати билан муносабатларини ўрганишга ҳаракат қилинган.
Калит сўзлар: Шигабиддинов, Бурнашев, татар жамоаси, «Нўғай», Шубай Арсланов, М. Юсупов, Маҳмуд Ахтамов, Ашказарского, Зоҳид Нажимов.
Аннотация. В данной стате особое внимание уделяется освещэнию истории и сведений о деятелности татарских граждан, проживавших в Туркестане во второй половине ХИХ – начале ХХ веков, в литературе и источниках. Предпринята попытка сопоставит и проанализироват сведения об истории татарских граждан, проживавших в Туркестане, особенно в Бухарской, Самаркандской и Ферганской областях, в источниках и литературе. Также предпринята попытка изучит их экономическую, социалную и културную деятелност в регионе, их быт, отношения с Империей и правителством Туркестана.
Ключевые слова: Шигабиддинов, Бурнашев, татарская община, «Нугай», Шубай Арсланов, М. Юсупов, Махмуд Ахтамов, Ашказарского, Зохид Наджимов.
Annotation. This article pays special attention to the coverage of the history and information about the activitiyes of Tatar citizens who lived in Turkestan in the second half of the 19th – early 20th centuriyes, in literature and sources. An attempt was made to compare and analyze information about the history of Tatar citizens who lived in Turkestan, especially in the Bukhara, Samarkand and Fergana regions, in sources and literature. An attempt was also made to study their economic, social and cultural activitiyes in the region, their way of life, relations with the Empire and the government of Turkestan.
Key words: Shigabiddinov, Burnashev, Tatar community, «Nugai», Shubay Arslanov, M. Yusupov, Makhmud Akhtamov, Ashkazarsky, Zohid Nadzhimov.
Ўрта Осиё қадим маданият ўчоғи сифатида кўплаб халқлар маданий, сиёсий, иқтисодий соҳаларда фаолият олиб борган ҳудуд ҳисобланади. Тарихшунослик-манбашунослик илмий изланишлар доирасида Туркистонда хориж фуқоролари тарихини ўрганиш қизиқарли илмий тадқиқот соҳалардан ҳисобланади. Шу сабабли Туркистонда яшаган хориж фуқаролари тарихи, уларнинг яшаш шароитлари, уларга маҳаллий ва Рус ҳукуматининг муносабатлари тарихига оид алоҳида тадқиқот олиб бориш долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Ушбу тадқиқотда юқоридаги манбалар ва тарихшуносликда яратилган айрим адабиётларга таянган ҳолда Туркистонда яшаган татар фуқаролари тарихига оид адабиётлар ва манбаларни таҳлил қилишга ҳаракат қилинди. Ўрта Осиёда татар фуқаролари тарихи, уларнинг ҳудудга кириб келишига оид маълумотлар жуда кўп бўлмаса-да, бугунги кунгача сақланиб қолган маълумотлар мавжуд.
Ўрта Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳудудидаги татарлар тарихи бўйича энг кўп ишлаган олимлардан бири Р.Н.Шигабиддинов ҳисобланади. Тарихчи архив маълумотлари ва совет даври адабиётлари асосида Ўрта Осиё татарлари ҳақида батафсил маълумот беришга ҳаракат қилган, хусусан, 2002 йил нашрдан чиққан этник атласда Р Шигабиддинов ва Л. Жуковаларнинг татарлар номли мақоласи эълон қилинган. Тарихчи маълумотларида татар этнонимининг келиб чиқишини 6-9 асрларда Байкал кули атрофида пайдо бўлганлиги Туркистон умуман ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидаги татарларнинг пайдо бўлиши XIV асрда юз берганлигини ёзади[3.202].
Шигабиддиновнинг Ўрта Осиё ҳудудидаги татарларнинг фаолиятига тегишли маълумотларида улар асосан савдо карвонлари ва Россия империяси элчихоналарида таржимон сифатида ишлаганликлари келтирилади[3.202].
XIX асрда Россия империяси томонидан Ўрта Осиёни босиб олиниши ва бу жараёнда маҳаллий аҳоли билан муносабат ўрнатишда дин, маданият ва тил жиҳатдан маҳаллий аҳолига жуда яқин ҳисобланган татарлар муносиб номзод бўлган. Шу сабабли руслар Россия империяси Ўрта Осийини босиб олиш жараёнида татарлардан таржимон сифатида фойдаланган. Бу эса айнан XIX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб ҳудудда татар диаспорасини кўпайишига сабаб бўлди. XVII асрга келганда Бухоро, Самарқанд, Қарши ва минтақанинг бошқа ҳудудларида ҳам татарлар мавжуд бўлган. Шигабиддинов XVIII асрдан бошлаб Россия Ўрта Осиё савдосида ҳам татарларнинг фаоллиги ошганлигини қайд этади. 1740 йил Оренбургдан Тошкентга келган савдо карвонига ҳам ушбу миллатига мансуб Шубай Арсланов ва М. Юсупов бошчилик қилганлиги қайд этилган. Шунингдек, 1794 йил Қозон татарларининг 8 нафар савдогарни 80 туядан иборат карвон билан Бухоро орқали Тошкентга келганлиги, қизиқ томони мана шу карвон таркибида асли татар миллатига мансуб тоғ-кон муҳандислик мутахассиси Бурнашев ҳам бўлганлигини Шигабиддинов томонидан қайд этилган[3.203].
Тарихчи Шигабиддинов татарлар Туркистон ва ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида XVIII аср охири XIX аср бошларида доимий яшайдиган аҳоли сифатида пайдо бўла бошлаганини ёзган. 1829 йилда татар савдогарлари Б. Шафев, Т. Смагилов, Г. Зубариевлар Қуқонга савдо қилиш учун келган.
Ўрта Осиё ҳудудидаги татар жамоаси XIX аср бошларида Тошкент ҳудудидаги Нўғайқурғон шаҳрида (ҳозирги Сергили тумани) Мулла Губейтулл томонидан ташкил қилинган. Бу шахс ўз пулига ҳудуддан катта ер сотиб олиб қариндошларига бўлиб сотган. Натижада 40 та хонадондан иборат биринчи татар қишлоғи пайдо бўлган[3.203].
Ҳудудда жойлашган татарларнинг барчасига маҳаллий аҳоли томонидан «Нўғай» атамаси ишлатилган. Уларнинг қишлоқларига шу сабабли Нўғай қишлоқ атамаси қўшиб ишлатилган. Бундай қишлоқларни Ўрта Осиёнинг бошқа ҳудудларида ҳам учратиш мумкин. Туркистонга келган татарларнинг аксарияти Чор қўшинлари билан бирга аскар ва зобит бўлиб келган ва кейинчалик аскарликдан бўшагач таржимон бўлиб хизматга кирган. 1880 йилга келганда Тошкентда 100 дан ортиқ татарлар келиб жойлашган эди. XIX асрга келиб татарлар Тошкентда ва минтақанинг бошқа ҳудудларида ўз масжид ва мадрасаларига эга бўлган. Татарларнинг ўлкада таълим жараёнларини мактаблари, масжид мадрасалари ҳақида Ўзбекистон Республикаси Миллий архивида ҳам батафсил маълумот келтирилган. Хусусан, Миллий архивнинг И-47 фондида 1874 йил 24 августда Сирдарё вилояти ҳукуматидан Шарафбой, М. Шарипов, М. Яшев, С.Абдуллин, М. Баталовларнинг ташкилоти Тошкентдан 975 рублга 360 квадрат метр жой сотиб олиниб татар мактаби ташкил этилганлиги қайд этилган[6.71]. Кейинчалик 1884 йил мана шу татар фуқаролари ўзларининг номларидаги ерларни масжид фойдасига вақф қилиб берган. Ҳатто 1886 йил татар масжидида уларнинг махсус маросимлари ҳақида маълумотлар тўпланган[6.71]. Бундан ташқари Ўзбекистон Миллий архивининг 5 та папкасида Тошкент шаҳар татар сабор масжиди ҳақида маълумотлар жамланган. Биринчи папка И-1049, Иш-1, Д-253, В-176 бўлиб унда 1904–1918 йилларда татарлар тегишли маълумотлар; Иккинчи папкада И-1049, Иш-1, Д-254, В-136 1896-1916 йиллар; Учинчи папка И-1049, Иш-1, Д-255, В-79, 1887-1900 йилларга; Туртинчи папкада И-1049, Иш-1, Д-256, В-125 йиллар; Бешинчи папка И-1049, иш-1, Д-257, В-72 Миллий архивнинг мана шу папкаларида Тошкент шаҳрида мазкур даврда яшаган татарларнинг масжидлари, таълим тизими диниий эътиқодлари ҳақида маълумотларни учратиш мумкинлиги 2021 йилда Қозон шаҳрида ҳам муаллифлар томонидан нашр қилинган Татарскоэ Население Ташкента в контсе XIX начале ХХ века номли китобда келтрилган[1.7].
Ўзбекистон миллий архиви фонд материалларида масжидда маросимларни ўтказиладиган вақти, руйхатга олинган шахслар ҳақидаги маълумотлар уларнинг ёши, миллати ва бошқа маълумотлари келтирилган.
Тошкентдаги татар масжиди имоми Маҳмуд Ахтамов ҳақида ҳам миллий архив фонд материалларида маълумотлар мавжуд. Унга кўра Ахтамов Кроснога Острова Петрянской волости Курмашевского уездидан эканлиги ва 1896 йил 26 августдаги 16748-сон қарори билан ловозимга тайинланганлиги келтирилган. Ахтамов 1861 йил туғилган. У дастлаб Кросно-Остров Петроповловский, кейинчалик Бухорода ўқиган. 1912 йил 12 августдаги 40-20-сонли мусулмон ҳаракати тўғрисидаги ҳисоботга кўра тошкентлик мулла Ахтамова, қўқонлик татар савдогорларидан Санкт-петербургга борадиган мусулмонлар бериш учун пул йиғишини сўрайди. Бунинг эвазига Петербургга бориб ҳукуматдан татарларга ер сотиб олиш учун рухсат бериши ва айрим чекловларни олиб ташлашини сўрашини айтганлиги Ўзбекистон Миллий архивининг И-461 фонди материалларида келтирилган[7.11]. Нафақат Тошкентдаги, балки Туркистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам татар мактаблари очилганлигини Шигабиддинов ёзиб қолдирган. Унга кўра 1902 йил Бухорода биринчи татар мактаби очилган. Бу мак-
табга мулла Нур Воҳидов номи берилган. 1904 йил эса Соҳиб Енкейив томонидан биринчи театр очилган. Шигибиддиновга кўра Қўқон хонлигини қўшиб олиниши ўлкага келадиган татарлар сонини янада ошишгига сабаб бўлган. Натижада Қозон, Оренбургдан кўплаб татарлар кўчиб келган.
Бундан ташқари, 2019 йилда Татаристон Республикаси фанлар академияси тил адабиёт ва тарих институти олимлари томонидан ўтказилган Ўзбекистон Татаристон қўшма илмий экспедецияси маълумотларига кўра 1887–1910 йилларда Тошкентдаги татарлар ҳақида асосан туғилиш, никоҳ, ўлим ҳолатларини акс эттирувчи 651 та маълумот келтирилган[1.7].
Бу маълумотларнинг аксарияти эски татар тилидаги араб ёзувида ёзилган бўлиб бугунги кунда бу маълумотлар ўрганилиб, янги татар ёзувига мослаштириш устида иш олиб борилмоқда. Мазкур маълумотлар Туркистон, айнан Тошкент ҳудудидаги татар миллатининг ижтимоий аҳволи, тиббий ва демографик ҳолатларини аниқлаштиришни осонлаштиради. Татарларнинг аксарияти Қозон, Оренбург, Пенза, Рязан вилоятларидан келганлиги ва гувоҳномасида миллати Нўғай деб ёзилган.
Мавжуд ҳужжат маълумотларига асосланиб XIX аср бошларига келиб, Тошкентдаги татар аҳолисининг таркибида сезиларли даражада камайиш кузатилди. Бунга сабаб сифатида ҳудуддаги санитария ва тиббий ёрдам ҳолатининг ёмонлигини кўрсатиш мумкин. Масалан, Тошкентдаги татарларда 1901 йил 50 та туғилиш ва 61 та ўлим ҳолати қайд этилган. Ўлим ҳолатининг аксарияти, асосан, чақалоқлар орасида юз берган. Ўлим, асосан, ёшлар орасида ошқозон касаллиги, катталар орасида ўпка ва ўсма касалликларидан келиб чиққан[1.8]. Буларнинг натижасида Тошкентдаги татарларнинг кўпчилиги ҳатто бошқа ҳудудларга кўчиб ўта бошлаган натижада ҳудуддаги татарлар сонида камайиш содир бўлган.
Ҳужжатларда татар аҳолисининг оила ва никоҳ муносабатлари ҳақида ҳам қизиқарли маълумотларни учратиш мумкин. Бир маълумотда Тошкент татарлари орасида йилига 20 та никоҳ тузилганлиги ва улар маҳрни пул, ер участкалари, ёғоч уйлар, гиламлар, сандиқ ёки идиш-товоқлар билан берганлиги келтирилган[1.8].
Дастлабки вақтда татарлар ўлкада руслар билан бир хил имтиёзда минтақада ер ва кўчмас мулк сотиб олиши мумкин бўлган бўлса-да, кейинчалик, хусусан, 1886 йил Туркистон вилоятининг бошқариш тўғрисидаги низомнинг 262-моддасига асосланиб татарларга Туркистондан ер ва кўчмас мулк сотиб олишни тақиқлаб қўйди. Айниқса, миссионерлик фаолияти билан шуғулланган татарлар устидан қаттиқ назорат ўрнатилган. Татарлар бу чекловларни четлаб ўтиб бошқа шахс номига уй ва ер сотиб олиб йирик корхоналар қурган.
XIX аср охири ХХ аср бошларида татарлар Туркистонда маҳаллий аҳоли тилида таълим-тарбия ишларини йўлга қўядилар, газета журналлар очиб, ҳудудда маориф, адабиёт, санъат, театрларни ривожланишига ижобий таъсир кўрсатган. 1911 йил Тошкентда Ашказарского бошчилигида биринчи татар театри ва 1912 йил Ф. Қориев бошчилигида биринчи театр труппаси очилган. 1913 йилга келиб ҳудудда доимий фаолиоят олиб борувчи татар миллий театр труппаси тузилган.
ХХ асрнинг 20 йилларида ҳам татарлар Ўрта Осиё минтақаси маданиятида сезиларли таъсир ўтказган, газета, журналлар чиқарган, театрлар очган, мактаблар очиб, маорифни ривожлантирган. 1929 йилда Тошкентда татар колхозлари ташкил қилиниб, қишлоқ хужалигини ривожлантиришга ҳам ўз ҳиссаларини қўшган. 1930 йилларга келиб Ўрта Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳудудида татарларнинг ишлаб чиқаришдаги улуши 1060 нафар билан, кам сонли халқлар орасида биринчи ўринни эгаллади[3.205].
Совет даври Туркистон минтақаси халқларининг ижтимоий, иқтисодий ва яшаш шароитлари бўйича кенг қамровли тадқиқотлар олиб борган олимлардан яна бири О.Сухорева ҳисобланади. Унинг тадқиқотларида ҳам минтақада яшаган татарлар ҳақида маълумотларни учратиш мумкин.
Тарихчининг маълумотларига кўра татарлар сунний мусулмонларининг туркийзабон диндошлари ҳисобланиб, савдо-сотиқ қилиш ёки таржимонлик қилиш учун Ўрта Осиёга келган. Сухорева Ўрта Осиё, хусусан, Бухоро татарлари тарихига алоҳида тўхталиб Бухорода уларнинг сони 23 минг атрофида деб маълумот беради[5.179].
Тарихчи Бухородаги татарларнинг сонини келтиришда янада аниқлаштириб, Мейиндорф маълумотларига таянганлиги, Бухорода 2-3 минг татарларнинг 2 минга яқини Бухорога қочиб ўтганлиги, кейинчалик уларнинг аксарияти ватанларига кетганлиги, мингга яқини Бухорода қолганлигини таъкидлайди. Шунингдек, Сухорева ушбу маълумотлар Виткейивичнинг ҳисоботларида ҳам келтирилганлигини қайд этган[5.179]. Бундан ташқари тарихчи татарларнинг айримлари маҳаллий аҳоли билан аралашиб кетганлиги шу сабабли уларнинг сонини аниқлаш бироз қийинроқ эканлигини таъкидлайди.
Сухоревадан ташқари тарихчи М. Соловев ҳам Виткейивич ҳисоботларига таяниб, татар карвонсаройлари ҳақида маълумот берган. Унга кўра Бухородаги татарлар яшайдиган карвонсаройлар биноси жуда хароб аҳволда яшашга яроқсиз эканлиги ёзилади. 1000 га яқин қочқин татарлар битта хонада 6-8 киши бўлиб яшаганлиги ва улар асосан пойабзалчилик ва тикувчилик билан шуғулланганлиги Соловев тадқиқотларида келтирилган[4.82].
Татарларнинг умумий гуруҳига, яъни Қозон татарларининг Туркистондаги тарихи тўғрисида маълумотлар келтирилган бўлса, минтақадаги татарларнинг бошқа бир гуруҳи (яшаш ҳудудига нисбатан қўлланилган бўлиши керак). Қрим татарлари ҳақида ҳам маълумотларни учратиш мумкин. Улар Олтой тиллар оиласининг шимолий қипчоқ гуруҳига мансуб халқ ҳисобланади.
Қрим татарларнинг ўзини 3 та этник гуруҳга 1) Жанубий қирғоқ татарлари; 2) тоғ этаклари татарлари; 3) Дашт тоғлари татарлари билан аралашиб кетган нўғайларга бўлиш мумкин. Қрим татарлари вакиллари орасида энг машҳури Исмоил Гаспирали бўлиб, у Туркистондаги илм-фан, маданиятнинг ривожланишига катта ҳисса қўшган. 1893–1907 йиллар Бухоро амири ва зиёлилари билан учрашган. Қрим татарларнинг Ўрта Осиёдаги XIX асрнинг охири ХХ аср бошлари тарихига оид жуда кўп маълумотлар топиш қийин, сабаби татарларнинг бу гуруҳини ўлкамизга оммавий келиши Иккинчи жаҳон уруши йилларида баъзи бир халқларнинг мажбурий депортация қилиниши орқасидан юз берган.
Татарлар Ўрта Осиёнинг Бухоро, Тошкент, Самарқанд ва бошқа ҳудудларидан ташқари Фарғона водийсида ҳам яшашган ва фаолият олиб боришган. Фарғона водийсида яшаб фаолият олиб борган татарлар ҳақида қимматли маълумотлар С.С. Губаеванинг «Население Ферганской долини в контсе XIX – начале ХХ в.» номли монографиясида келтирилган.
Тарихчи ушбу монографиясида ҳудуддаги бошқа кам сонли миллатлар қатори татарларнинг Фарғона водийсига кириб келиши, уларнинг минтақадаги фаолияти, машғулотлари ҳамда касблари, шунингдек, татарларнинг ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақида маълумотлар келтирган.
Губаева Фарғона вилоятида яшаётган татарлар сонини аниқ айтиш қийинлиги, лекин Қўқон хонлиги Россия империяси томонидан босиб олингандан сўнг уларнинг сони аста-секинлик билан кўпайиб борганлигини таъкидлайди. Бунга мисол сифатида 1882 йил Фарғона вилоятида 37 нафар татар рўйхатга олинган, 1907 йилда 1333 нафар, 1913 йилда эса 1907 йилдагидан икки баробор кўпайганлигини мисол қилиб кўрсатишимиз мумкин[2.111].
Татарларнинг Фарғона ҳудудига дастлабки кириб келиши XIX асрнинг бошлари, балки ундан ҳам олдинроқ юз берган. Уларнинг асосий қисми қадимдан диниий таълим маркази бўлган. Бухоро, Самарқанд ҳудудларига талаб сифатида келган бўлса, яна бир қисми рус қўшинлари билан биргаликда айримлари аскар ва офицер, яна айримлари таржимон ва бошқа касб эгалари сифатида Қозон, Уфа, Томск ва шу каби бошқа ҳудудлардан кириб келган. Масалан, 1870 йилда Шарафиддин Жалолиддинов чор қўшинининг аскарлари сифатида Андижонга келган. Хизматни тугатиб Миркомилбойга қарашли пахта заводида ишчи бўлиб хизмат қилади. Кейинчалик Шарафиддин Жалолиддинов асли Қозон татарлик файтон (от-арава билан кира қилувчи) эгаси бўлган татар кишининг таклифи билан файтон ҳайдашга ишга кириб, унга куёв бўлади. Шу тариқа Шарафиддин Жалолиддинов от-арава билан одам ташиш хизматини йўлга қўяди. Бундан ташқари татарлар бир қанча соҳаларда, жумладан, нефть конларида ҳам ишлаганлигини кўриш мумкин. 1907 йилда туғилган Абдураҳмон Қодиралиевнинг гувоҳлик беришича, унинг қайнотаси 1910 йилда Фарғонадаги Чимён нефть конига ишга кирганлигини ёзади. Ана шу татарлардан бири Лутфулло Мазитович Сафиулов (1885 йил туғилган) ҳам ёшлик вақтидан бошлаб шу заводда ишлаган [2.111].
Татарларнинг катта қисми шаҳарларда яшаган, қисман қишлоқларда пахта сотиб оладига жойларда ва нефть конлари мавжуд ҳудудларда истиқомат қилган. 1907 йилги маълумотларга кўра 1056 нафар татар Фарғона ҳудудининг шаҳар жойларида яшаган [2.111].
Губаева тадқиқотларида Россия империяси Туркистонни мустамлака қилишининг дастлабки даврида татарларга яхши муносабатда бўлгани келтирилган. Чунки улар татарлар тил, дин ва маданият жиҳатдан маҳаллий аҳоли билан яқинлиги ва маҳаллий аҳали билан муносабат ўрнатишда татарлардан фойдаланиш учун уларга шундай муносабатда бўлишга ҳаракат қилган. Аммо вақт ўтиши билан татарларга бўлган муносабат ўзгара бошлаган. 1887 Туркистонни бошқариш ҳақидаги низомда Туркистонда яшавчи барча кам сонли миллатлар чет эл фуқаролари сифатида қаралиб, уларга минтақада кўчмас мулк ва ер сотиб олиш тақиқланди. Яҳудий ва бошқа кам сонли миллатлар қатори татарларга ҳам бу чеклов жорий қилинди. Ҳатто Россия империяси бостириб келганга қадар бу ҳудудга жойлашиб олган татарлар ҳам бу чекловга бўйсунишга мажбур этилди. Татарларнинг Самарқанд, Бухоро, Фарғона, Сирдарё вилоятлардаги жамиятлари вакиллари Россия империяси ҳарбий вазирига бир неча бор минтақани босиб олиш ва империя манфаатлари учун хизмат қилганларга мавжуд вазиятни юмшатиш учун бир неча бор сўров юборган, лекин доимо рад этилган [2.112].
Туркистонда барча татарлар яҳудийлар ёки бошқа кам сонли миллатлар каби доимий назоратда бўлган. Фарғона татарлари орасида улома, таржимон, масжид хизматчилари, котиблар, дўкондорлар, савдогарлар, сайёр савдогарлар, темирчилар, дурадгорлар, заргарлар, новвойлар, ўтинчилар ва бошқа касб эгаларини учратиш мумкин эди. Ҳатто улар орасида солиқчилар ва черков бошлиқлари ҳам бўлган. Ҳудуддаги ярим кўчманчи ва водийнинг ўтроқ аҳолиси ўртасида савдо алоқаларини мустаҳкамлашда ҳам татарлар катта роль ўйнаган. Шунингдек, татарлар орасида ўқитувчилар ҳам кўпчиликни ташкил этиб, мактаб ва матбуот ривожи, кадрлар тайёрлашда татар зиёлийларини ўрни катта[2.112]. Бунга мисол сифатида асли Қримда пайдо бўлган кейинчалик бошқа ҳудудлар қатори Ўрта Осиёда ҳам кенг тарқалган жадидчилик оқимини ўлка илм-фани тараққиётига қанчалик таъсир ўтгазганлигини изоҳлаш шарт эмас. Жумладан, Туркистоннинг барча ҳудудлари Самарқанд, Бухоро, Тошкент ва бошқа минтақаларида очилган янги усул мактабларига ҳам Россиянинг ички ҳудудларидан келган татарлар асос солганликларини қайд этиш жоиз.
Фарғона вилоятида ҳам XIX аср охирларига келиб янги усул мактаблари пайдо бўла бошлаган. 1908 йилда бу ерда 1306 нафар ўқувчини ўқитишга мулжалланган 30 та шундай мактаб руйхатга олинган. Аслида бундай мактаблар сони кўрсатилганидан ҳам кўп бўлган бўлиши керак. Андижоннинг ўзида 18 та янги усул мактаблари бўлганлиги ва уларда татар эркак ва аёл ўқитувчилари дарс берганлиги манбаларда келтирилган [2.114].
Шундай мактаблардан бири Наманганда Тўрақўрғон туманининг Қатоғон қишлоғида жойлашган. Мактабда 60 нафар ўғил бола ўқиган ва у ерда татар ўқитувчилари Зоҳид Нажимов она тили, арифметика ва Қуръон ўқишдан дарс берган. Бундан ташқари Зоҳид Нажимов маҳаллий аҳоли ўртасида таълим-тарбиянинг аҳамияти ҳақида тарғибот олиб борган. Бу жараённи Зоҳид Нажимов турли усулларда амалга оширди, яъни байрамлар ва тўйларда ўқитувчи ўз шогирдлари ва йиғилганларга болаларни тарбиялаш зарурлиги ҳақида маърузалар қилганлигини тарихчи Губаева ўзининг монографиясида келтиради[2.114]. Губаева ушбу маълумотларини жараённи ўз кўзи билан кўрган ва иштирокчиси бўлган 90 ёшли одам билан гаплашиб ёзиб олганлигини таъкидлайди.
Татарларнинг минтақада олиб борган таълим соҳасидаги фаолияти кўп йилларда рус маъмуриятига маъқул бўлмаган. Шу сабабли руслар қандайдир йўл билан татарларнинг минтақадаги таъсирини камайтиришга ҳаракат қилган. 1912 йил 1 июлдан бошлаб Туркистонда мактабларда ўқитувчи ўқувчилар билан бир миллатга мансуб бўлиш керак деган низом киритилгани татарларни ўзбек-сарт ва қирғиз тилларида дарс бера олмаслигини англатади[2.114].
Россия Туркистони мусулмон аҳолисини уйғонишида татар зиёлийларидан ташқари Оренбург ва Қозондан олиб келинган татар матбуатининг ҳам ўрни беқиёс. Тошкент, Фарғона ва бошқа шаҳарлардаги матбуотнинг аксарият қисми татарлар қўлида эканлигини Бартольд ҳам таъкидлайди. Татарларнинг матбуот соҳасидаги бу хизматлари маҳаллий аҳолида Европа маданиятига иштиёқ ва европача эркин фикрлашнинг пайдо бўлишига, миллий озодлик ғояларини ривожланишига хизмат қилган. Бунинг исботи сифатида Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ўзининг таржимайи ҳолида 1905 йилги Наманган инқилоби ҳақида ғояни босмахонада кичик рисола ва варақлар чоп этган ёш татардан олганини ёзади. Бунинг ортидан чор маъмурияти хавотирланиб татарларни номақбул хавфли унсур деб ҳисоблай бошлаган.
Ўрта Осиё халқларининг моддий маданиятига татарлар катта таъсир кўрсатганлиги XIX асрнинг охири ХХ аср бошларида аёл ва эркакларнинг кийиниш маданиятига ҳам таъсир кўрсатганлигини Губаева таъкидлайди [2.116].
Тарихчининг ёзишича, кийимларни нақшли қилиб тикиш, юбкали кўйлак, уларни калта бўйинтируқли қилиб тикиш, эгилган ёқали ва узун енгли либослар татарлардан ўзлаштирилган[2.117].
Шунингдек, Қозон татарлари маданиятига хос эркак ва аёл камзули, махсус усулдаги чарм галашлар ҳам маҳаллий аҳолига мода бўлган. Тикувчиликдаги Нўғай бичим, татар кесими, татар ёқаси каби услублар пайдо бўла бошлаган. Тарихчи Губаева маълумотларида татарлар руслар келишидан анча олдин Ўрта Осиё халқларига картошка экишни ўргатган. Бу жараённи академик Бартольд «Европа маданияти таъсирининг энг муҳим белгиларидан бири» деб ҳисоблаганлигини Губаева тадқиқотларида келтирган [2.117].
Тарихчи ўлкада татарларнинг яшаш шароити ҳақида ҳам тўхталиб уларнинг уйлари маҳаллий аҳолиникидан фарқ қилмаслиги ва таомлари ҳам ўхшаш эканлигини ёзади. Тарихчи 17 ёшда ўлкага келган Ҳасан Энгалиевга ўзбек миллий таомлари жуда ёққанлигини ёзади.
Губаева татар ва маҳаллий ўзбек яқинлашувига бир қанча омилларни келтиради. Жумладан, тилларини яқинлиги, диннинг умумийлиги. Шу сабабли Ўзбек ва татар бир-бирларини оилавий байрамлари, дафн маросимлари, хотира маросимларида бирга бўлган. Бир сўз билан айтганда улар яхши қўшничилик муносабатларини ўрната олган. Шу сабабли улар орасида аралаш никоҳ муносабатлари ҳам мавжуд бўлган. Масалан, юқорида номи тилга олинган Алия ака, андижонлик Хамирахон исмли аёл билан, Али Алимов ва Синяков исмли татар эркаклари ҳам ўзбек аёллари билан оила қўрган [2.118].
Татар ва ўзбек ўртасидаги никоҳ муносабатларига оид 1891 йил Н.Василевнинг тадқиқотлари асосан Тошкент татарларига оид бўлса-да, бутун Туркистон татарларига тўғри келади. Унга кўра никоҳлар асосан татар эркаклари ва ўзбек аёллари ўртасида бўлган. Татар аёл ва ўзбек эркаклари орасида камдан-кам ҳолда никоҳ муносабатлари кузатилган.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
1. Гарипова. Л.Ш, Файзуллина. Ф.Г, Кадирова. Э.Х., Усманов. В.М. Татарское население Ташента в консе XIX – начале ХХ века. По материалам метрических книг. . – Казан: ИЯЛИ, 2021. – с.7.
2. Губаева С.С. Население Ферганской долины в консе XIX – начале ХХ в. – Ташкент: Издателство «ФАН» Узбекской ССР. 1991. c.111.
3. Этнический атлас Узбекистана – Ташкент: Савместноэ издание ”ИООФС-Узбекистан” и ЛИА « Р. Элина», 2002, стр. 202.
4. Соловев М. Экспедеция в Бухору в 1841-1842 при участии нотуралист лемана. с.82.
5. Сухарева О.А. Бухара XIX – начало ХХ в. – Москва: 1966. с.179.
6. ЎзМА. И-47. иш-1. Д-637. в.71.
7. ЎзМА. И-461. иш-1. Д-2114. в.11.
