The article introduces the history of the origin of publishing and printing activities in the Turkestan Territory. It is preceded by information that before the formation of the first printing houses on the territory of the region, books were mainly distributed by calligraphers through rewriting. And since this work was of a long-term nature, accordingly the prices for the books were considerable.Comparing with the beginning of the introduction of the first technical means, the author notes that publishing and printing activities in the region began to gradually develop in the 60s of the XIX century. Until that time, books printed in lithographic format were mainly imported. The first printing house during the period of the Russian Empire opened in 1723 in Astrakhan. But in Tashkent only by the beginning of the XX century. there were 5 printing houses in the new part and two lithographs in the old town part.

Калит сўзлар: Туркистон босмахоналари, матбаа, тошбосма, литография, хаттот

Туркистонда босмахоналар вужудга келгунга қадар китоблар ҳаттотлар томонидан кўчирилган. Бу иш эса кўп вақтни талаб қилган, китоблар йиллаб кўчирилганлиги боиси нархи ҳам жуда қиммат бўлган.

Туркистонда XIX асрнинг 60-йилларида китоб нашр қилиш ишлари йўлга қўйила бошлаган. Бу давргача ўлкага асосан четдан тошбосма китоблар олиб келинган. Умуман Россия империясида 1723 йилда Астраханда араб имлосидаги биринчи босмахона ташкил этилган, кейинчалик бундай босмахоналар Петербург, Москва, Қозон, Қрим, Кавказ каби жойларда ҳам очилган1.

Туркистон ўлкасида 1868 йилда ташкил этилган биринчи босмахонада дастлаб рус тилидаги китоблар нашр этилган. Жумладан, И.А.Северцовнинг «Чу ва Норин тоғ районлари ҳамда улардан Хитой Туркистонига йўл ҳақида хабарлар» номли китоби чоп этилган2. XIX асрнинг 70-йилларидан бошлаб ўзбек тилида китоблар нашр этила бошланди. Улардан дастлабкиси 1872 йилда 500 нусхада чоп этилган Шоҳимардон Иброҳимовнинг «Календарь» китоби эди. Нашр ишларининг авж олиши босмахона ва литография тармоқлари кенгайишига олиб келди. Хусусан, 1872 йилда Туркистон генерал-губернаторлиги девонхонасида босмахона очилди.

Ўрта Осиёда биринчи миллий матбаа эса Хива хони, шоир Муҳаммад Раҳимхон II (Феруз) ташаббуси билан 1874 йилда ташкил этилган3. Эрондан литография асбоб-ускуналари олиб келинган ҳамда матбаачи мутахассис Иброҳим Султон ташриф буюрган. Бу мутахассисга Отажон Абдалов фаол ёрдам берган. Иброҳим Султонхон, зиммасидаги топшириғни бажаргач, юртига жўнаб кетади ва босма ишлари билан Отажон Абдалов шуғулланади. 1876 йилда Абдуносир Фароҳийнинг «Нисобус-Сибён» китоби литография усулда чоп этилади. 1876-1910 йилларда Хива матбаасида ўндан ортиқ китоб нашрдан чиқади4.

1870-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб, ўлкада хусусий босмахоналар ташкил этила бошлайди. Жумладан, 1877 йилда Тошкентда С.И.Лахтиннинг биринчи хусусий босмахонаси вужудга келди. Бу босмахона дастлаб кичик бир босмахона бўлган, 1883 йилда Туркистон генерал-губернаторлиги девонхонаси босмахонаси сотиб олиниши натижасида катта бир типографияга айланган. Аммо 1893 йилда қарз ҳисобига савдогарлар ака-ука Каменскийлар қўлига ўтиб кетган. 1899 йилда В.М. Ильин сотиб олган. Бу типографияда 4 типография ва 2 та литография машинаси бўлиб, 50 киши хизмат қилган5. «Туркестанские ведомости» газетасида ёзилганидек, Тошкентда узоқ йиллар фаолият юритган С.И.Лахтин типолитографияси Москвадаги Ўрта Осиё кўргазмасида Москва шаҳри типографиялари иши билан бир қаторга қўйилиб, биринчи даражали олтин медаль билан тақдирланган6.

Иккинчи хусусий типография О.А.Порцев томонидан 1888 йилда очилган, бу ерда ҳам тўртта типография ва иккита литография машиналари мавжуд бўлиб, 70 нафар киши хизмат қилган7. XX аср бошларида ўлкада хусусий типографиялар кўпайиб борган. Жумладан, И. И. Гейер типографияси 1903 йилдан 1910 йилгача фаолият юритган, асосан шу ерда чоп эттирилган газеталар чиқарилган. А. С.Берсон ва А.Л.Кирснер томонидан 1904 йилда тўртта типографияси эга ташкил этилган хусусий босмахонада 35 нафар киши хизмат қилган. П.Д. Нимтинов типографияси 1902-1911 йилларда фаолият юритган, унинг биттагина машинаси бор эди.

Бундан ташқари, 1910 йилларнинг бошида Тошкентнинг «янги шаҳар» қисмида яна 5 та типография фаолият олиб борган, «эски шаҳар» қисмида бу даврда иккита литография ишлаб турган. 1906 йилда Тошкентнинг «эски» шаҳар қисмида Кўкчадаги Чақичмон маҳалласида Fулом Ҳасан Орифжонов литография очган ва халқ орасида тезда обрў қозонган. Ушбу литография совет ҳокимияти ўрнатилган давргача фаолият юритган8. Бу ерда янги усул мактаблари учун дарсликлар ҳам чоп этилган. Жумладан, Абдулла Авлонийнинг «Иккинчи муаллим» китоби 1912 йилда айнан шу литографияда нашр қилинган9. 1908 йилда шаҳарнинг шу қисмида вужудга келган иккинчи литография эгаси Г. Я. Яковлев бўлган. 1911 йилда типографияга айлантирилган. Ўша даврда Тошкент шаҳрида фаолият юритган бу босмахоналарнинг пул айланмаси йилига 400 минг рублга тенг эди10.

Аста-секин ўлканинг бошқа шаҳарларида ҳам босмахоналар очилган. Жумладан, 1880 йилда Фарғона вилоятининг Янги Марғилон шаҳрида биринчи типография очилиб, унга 5000 рубль ажратилган11. Бу босмахонани Кувшинов номидаги Москва типографияси фирмаси қоғоз билан таъминлаб турган. Босмахоналар шунингдек 1882 йилда Наманганда, 1887 йилда Қўқонда12, 1894 йилда Самарқандда13 иш бошлаган. Чунончи, Самарқандда литография усули билан китоблар Г.И. Демуров литографиясида 1900-1907 йилларда чоп этилган, 1911 йилдан эса Газаров ва Слиянов босмахонасида бу усулда китоб чиқарилган14.

 1905 йилда босмахоналар Андижонда очилган. Бундан ташқари, Фарғона вилоятида хусусий типографиялар ҳам фаолият юрита бошлаган, уларнинг хўжайинлари асосан русийзабон савдогарларидан иборат эди, лекин улар ичида маҳаллий миллат вакиллари ҳам бўлган. Масалан, Ҳусайн Макаев ташаббуси билан Наманганда литография, Эски Марғилонда Ҳожи Муҳаммад Азимжон Марғилоний томонидан типография ташкил этилган15. Диний асарлар билан бир қаторда бу босмахоналарда турли мавзудаги бошқа китоблар ҳам чоп этила бошлади. 1889-1890 йилларда Ҳожи Муҳаммад Азимжон Марғилоний босмахонасида Фариддин Атторнинг «Мантиқ ут-тайр», «Таъбирноман Хорунар-рашид», «Фиқҳ Кайдони» асарлари нашр этилди.

Маҳаллий миллат вакиллари томонидан очилган босмахоналар ичида тараққийпарвар Исҳоқхон Ибратнинг 1908 йилда ташкил этган литография алоҳида ўрин тутади. Исҳоқхон Ибрат 1908 йилда Уфа ва Оренбург шаҳарларида бўлиб, оренбурглик бир матбаачидан пулини ўн йил мобайнида тўлаш шарти билан 1901 йилда ишлаб чиқарилган литографик машина сотиб олади. У литография анжомларини катта қийинчиликлар билан Оренбургдан Қўқонга поездда, Қўқондан Тўрақўрғонгача туяларда олиб келади16.

Босмахона «Матбаи Исҳоқия» номи билан 1908 йил апрелида ишга туширилиб, турли китоблар, савод чиқаришга оид рисолалар, дарсликлар, плакат ва откриткалар мунтазам равишда нашр қилинган. Уларни тайёрлаш бўйича буюртмалар босмахонани молиявий жиҳатдан таъминлашга хизмат қилган. Буюртмалар қабул қилиш тўғрисидаги эълонлар нашр этилган асарларнинг охирига жойлаштирилиб борилган. Босмахона талабларига бўлган эҳтиёжнинг кенгайиши натижасида литография 1910 йилда Наманган шаҳрига кўчирилади ва типографияга айлантирилади. Исҳоқхон Ибрат босмахонани кенгайтириш учун доимий ҳаракатда бўлган. «Матбаи Исҳоқхон»да катта ҳажмдаги асарлар ҳам нашр қилина бошланади. Жумладан, 1908 йилда чоп этилган «Санъати Ибрат, қалами Мирражаб Бандий» асари савод чиқаришда аҳамияти катта бўлган. Октябрь тўнтариши туфайли бу босмахона совет ҳокимияти томонидан мусодара қилинади.

Туркистон жадидларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий ўз ноширлик фаолиятида китоб, газета («Самарқанд»), журнал («Ойина») ва хариталарни чоп этиб, тарқатган. Ўзининг кўпгина китобларидан ташқари, Абдурауф Фитратнинг «Сайёҳи ҳинди» китобининг ўзбек ва рус нусхаларига ноширлик қилган.

Миллат фидойилари 1914 йил 19 сентябрда «Нашриёт» ширкатини таъсис этишади. Унинг мақсадлари сифатида 28 бандли шартномасида «Туркистон ўлкасидаги мусулмон аҳолиси ўртасида умумевропа маданияти ва маърифатини газеталар, журналлар, китоблар ва уларнинг савдолари орқали ёйиш» кўрсатилган эди17.

Ўлка аҳолисининг нашрларга бўлган эҳтиёжи натижасида босмахоналар йилдан йилга кўпайиб борган. Масалан, 1915 йилга келиб фақат Сирдарё вилоятида ташкил этилган 15 та босмахонанинг 11 таси типография, иккитадан типолитография ва литография бўлган18. Шулардан ўнтаси Тошкентнинг «янги шаҳар» қисмида, учтаси «эски шаҳар»да, қолганлари Қазоли уезди ва Амударё бўлимида жойлашган. Босмахоналардан иккитаси маҳаллий миллат вакилларига тегишли ҳисобланган.

Умуман олганда, 1868-1917 йилларда Туркистон ўлкасида турли даврларда 50 дан ортиқ типография фаолият юритган бўлса, улардан 13 таси типолитография, 8 та литография ва 1 та хромолитография бўлган19. 1899 йилда Самарқандда очилган хромолитографияда чойни қадоқлаш фабрикаси учун рангли этикеткалар ҳам тайёрланган.

Шуни таъкидлаш жоизки, 1901 йилгача босмахоналар очиш учун рухсат тўсиқларсиз берилган. 1901 йилдан 1906 йилгача «босмахоналар кераклигидан ортиқ» эканлиги сабабли типография ва типолитография очиш тўғрисидаги 12 та илтимоснома рад этилган.

Литография усули билан китоб чиқариш анча тежамкор бўлган. Бу усулнинг иқтисодий устунликларини 1896 йилда «Окраина» газетаси ҳам таъкидлаган20. «Туркестанский курьер» газетаси хабар беришича, 112 бетлик китобни чоп этиш учун ношир ўртача ҳисобда 115 рубль сарфлаган, китоб катта нусхада бўлгани боис 30-45 копейкага сотилса ҳам, кўп фойда кўрилган21. 20-50 бетлик китоб 6-15 копейкага, 60-100 бетлиги 10-25 копейкага бахоланган.

Маҳаллий тилларда чоп этилган китобларнинг асосий қисмини диний китоблар ташкил этган. Масалан, 1912-1913 йилларда Туркистонда чоп этилган 33 та китобдан 17 таси диний, 6 таси дарслик, шеър ва эртак китоблар, биттадан хуснихат ва драматик асар ташкил этган22. Шундан 22 таси F.Ҳ. Орифжонов, тўрттаси Яковлев, биттадан Исҳоқхон Ибрат ва Қўқон литографияларида чоп этилган.

1910 йилда «На рубеже» газетаси хабар беришича, 1909 йилда Ўрта Осиёда 7 хил номда 4360 та китоб чоп этилган. Газетада таққослаш учун бу даврда Кавказда нашр этилган китоблар сони ҳам кўрсатилган - 200 хил номдаги 739 584 та китоб23. Ўша даврда Ўрта Осиё китоб чоп этиш бўйича Россия империясининг барча губерниялари ва вилоятларидан орқада бўлган.

Туркистон ўлкасида нашриёт ишлари билан бирга китоб савдоси ҳам анча ривожланган. Китоблар асосан бозорларда махсус дўконларда сотилган. Масалан, Тошкент шаҳрининг «эски шаҳар» қисмида фақат китоб расталаридан иборат «Сахоб бозори» бўлиб, дўконлар ҳажм жиҳатидан кичик, икки квадрат аршинни ташкил этган. Бу бозорда саккиз нафар савдогар улгуржи савдо билан шуғулланган, 30 нафари чакана савдо қилган24.

1890 йилдан бошлаб Сирдарё вилоятида китоб савдоси билан шуғулланиш истагини билдирган кишилар учун ҳарбий губернатор рухсати ҳақида қарор қабул қилинган. Бунинг натижаси ўлароқ китобфурушлар сони аниқланган. Китобфурушларнинг деярли аксарияти муқовасозлик билан ҳам шуғулланган, бундан ташқари, дўконларидан ёзув-чизув асбобларини ҳам сотиб олиш мумкин бўлган.

Махсус китоб савдоси билан шуғулланувчилардан ташқари, темир маҳсулотлари, газмол ва атторлик савдоси билан банд кишилар ҳам китоб сотган. Чунки Россия империяси ички ҳудудларида яшовчи савдогарлар, хусусан, татарлар буюртмаларга қўшимча равишда маълум миқдорда «Қуръони Карим» ва «Ҳафтияк» ҳам қўшиб жўнатган25.

1915 йилга келиб Тошкент шаҳрида 47 та китоб дўкони бўлиб, 27 таси «эски шаҳар» қисмида жойлашган эди26. Баъзи дўконларда сотилган китоблар рўйхати ҳам ўша давр матбуотида эълон қилиб борилган. Жумладан, Тошкент шаҳридаги Азизбоев дўконида сотилган китоблар «Туркистон вилоятининг газети»да бериб борилган27.

Туркистон ўлкасининг бошқа жойларида ҳам матбаа маҳсулоти ошиб бориши билан китоб дўконлари ва бозорлар кўпайиб борган. Жумладан, 1910 йилдан бошлаб Наманган шаҳрида 13 та, Чуст ва Попда иккитадан, Янгиқўрғон ва Тўрақўрғонда биттадан китоб дўкони очилган. Бу дўконларда асосан «Матбаи Исҳоқий»да нашр қилинган китоблар жуда арзон нархларда сотилган28. Ўлканинг катта бўлмаган шаҳарларида ҳам ўнга яқин махсус дўконлар, қишлоқларда дўкончалар очилган29.

1909 йилдан бозорда жойлашган китоб дўконларидан ташқари, Фарғона водийси шаҳарларида, хусусан, Қўқонда махсус китоб магазинлари очила бошлаган. Қўқондаги «Кашшофия» 1-китоб магазини Орск шаҳридан келган И.К. Шариповга тегишли бўлган. Дарвоқе, ушбу номда китоб дўкони очиш учун Исҳоқ Шарипов 1909 йил 18 августда вилоят ҳарбий губернатори номига илтимоснома ёзади. Илтимосномада ёзилишича, дўконда, китоблардаш ташқари, кундалик газеталар сотилиши ҳам кўзда тутилган. Ношир 1895 йилдан буён Қўқонда яшаётгани, беш йил ҳарбий хизматни ўтаб келганлиги ҳам қайд этилган. Фарғона вилояти ҳарбий губернатори, ўз навбатида, Қўқон уезди бошлиғидан И. Шарипов шахси ҳақида маълумот сўраган. Жавобда унинг «ўта панисломист» эканлигини, дўкон очишдан мақсад эса диний ақидапарастлик руҳидаги китоблар савдосини йўлга қўйиш хавфи борлигини маълум қилган30. Шундай булсада, И.Шарипов дўкон очишга муваффақ бўлади. Дўкон 1917 йилгача иш олиб борган31.

1911 йилда Қўқоннинг русийзабон аҳолиси яшайдиган қисмидаги «Парус» магазинини ҳам сотиб олади. 1914 йилда Наманганда китоб киоскини очади. Ўша йили «Fайрат» жамияти томонидан ҳам китоб магазини очилиб, ишга туширилди. 1909 йил маълумотларига кўра, Чустда 2 та, Андижонда 18 та, Наманганда 20 та, Қўқонда 32, яьни биргина Фарғона вилоятидаги 72 та дўкон орқали Бомбей, Истанбул, Қозон, Тошкент ва Қўқонда нашр этилган 100 дан ортиқ номдаги китоблар сотилган32.

Ушбу даврда Туркистонда китоб чоп этилиши ва сотилиши билан бирга ўлкага хорижий мамлакатлардан, хусусан, Ҳиндистон, Эрон ва Туркиядан ҳам китоблар ва даврий нашрлар келтирилган. Туркияда чоп этилган даврий нашр ва китоблар Россиядан олиб келинадиган китобларга қараганда кўпроқни ташкил этган33. Фақат 1905 йилда Эски Марғилон шаҳридаги бир савдогар Туркиядан 55 та почта жўнатмаси қабул қилган34. Умуман, XIX аср охири – XX аср бошларида Туркистонга олиб келинадиган китобларнинг асосий қисми диний йўналишда бўлган. Бу ҳақда, ўз навбатида, ўша давр матбуоти, хусусан «Туркестанские ведомости» газетасида ҳам ёзилиб, 1882 йил 7 декабрь сонида китоблар рўйхати ҳам берилган35.

Шундай қилиб, XIX асрнинг иккинчи ярмида ўлкада нашр ишлари йўлга қўйила бошланган. Миллий китоблар Туркистон ҳудудида кенг тарқалишида литографиянинг ўрни беқиёс. Ўша даврда дастлаб Тошкентда, кейинчалик бошқа шаҳарларда литография, типографиялар ташкил этилди. Китоблар, газета ва журналлар, дарсликлар, хариталар ва откриткалар босилди. Лекин ноширчилик ишлари аксарият ҳолларда русийзабон аҳоли қўлида эди. Ўлкадаги нашриёт ишлари Россиянинг бошқа жойларига нисбатан анча орқада бўлган ва ўша давр талабига жавоб бермаган. Шундай бўлсада, миллий тараққийпарвар кучлар миллий ноширчиликни йўлга қўйишда фидокорона меҳнат қилгани муҳим аҳамият касб этади.     

Таъкидлаш жоизки, XIX аср охирига нисбатан XX аср бошларида ўлкада нашр ишлари нисбатан яхшилангани сабаб китоб дўконлари ҳам ошиб борган. Расталар орқали нафақат ўлкада, балки хорижий давлатлардан келтирилган китоблар савдоси ҳам йўлга қўйилганди.

              Фойдаланилган адабиётлар:

1. Абдулла Авлоний. Танланган асарлар. – Тошкент: Маънавият, 2006. – Б. 20, 21.

2. Андреев Гр. Сартовская литература // Туркестанский курьер. – 1908. – № 38, 40, 42. Андреев Гр. Сартовская литература…

3. Бетгер Е.К. Из истории книжного дела в Узбекистане // Известия АН УзССР. – Т., 1951. – № 2. – С.25.

4. Добросмыслов А.И. Ташкент в прошлом и настоящем. – Т., 1912. – С.297. С. 299. Добросмыслов… ЎзМА, И.1-фонд, 5-рўйхат, 105-иш, 6-варақ.

5. Исҳоқхон Тўра Ибрат. Танланган асарлар. – Т.: Маънавият, 2005. – Б.36. Исҳоқхон Тўра Ибрат… Б. 39.

6. Лыкошин Н. Еще о книгах для туземцев // Туркестанские ведомости. – 1901. – №13. Лыкошин Н.С. Полжизни в Туркестане. – Пг., 1916. – С.241.

7. Мухбир. – 1982. – № 11. – Б.46-47.

8. На рубеже. – 1910. – №86.

9. Пидаев Т. Матбуот – миллат чироғи. – Т., 1999. – Б.48, 49.

10. Погибающее производство // Окраина. – 1896. – № 73.

11. Туркестанские ведомости. – 1892. – № 9. Книжная торговля на базарах и мусульманская литература в медресе Ферганы // Туркестанские ведомости. – 1882. – № 48.

12. Туркистон вилоятининг газети. – 1900. – № 19.

13. Чабров И.Н. Из истории полиграфии и издательства литературы на местных языках в дореволюционном Туркестане (1868-1917) // Труды Ср. Аг. гос. ун-та. История. – Т.: Изд. САГУ, 1954. – С. 80, 82, 89, 92, 93

14. Чабров Г.Н. Опыт разработки хронологии культурной жизни дореволюционного Туркестана / Материалы по истории Средней Азии. – Т.: Наука, 1966. – С. 50.

15. ЎзМА, И.19-фонд, 1-рўйхат, 15466-иш, 12-варақ. ЎзМА, И. 1-фонд, 31-рўйхат, 540-иш, 180-181 варақлар. ЎзМА, И.1-фонд, 4-рўйхат, 1740-иш, 300-варақ. ЎзМА, И.1-фонд, 4-рўйхат, 1740-иш, 302-варақ. ЎзМА, И.19-фонд, 1-рўйхат, 28921-иш, 21-22 варақлар

16. Эрназаров Т.Э., Акбаров А.И. История печати Туркестана. – Т., 1979. – С.10.


1 Эрназаров Т.Э., Акбаров А.И. История печати Туркестана. – Т., 1979. – С.10.

2 Бетгер Е.К. Из истории книжного дела в Узбекистане // Известия АН УзССР. – Т., 1951. – № 2. – С.25.

3Пидаев Т. Матбуот – миллат чироғи. – Т., 1999. – Б.48.

4Пидаев Т. Матбуот – миллат чироғи. – Т., 1999. – Б. 49.

5Добросмыслов А.И. Ташкент в прошлом и настоящем. – Т., 1912. – С.297.

6Туркестанские ведомости. – 1892. – № 9.

7Ўша жойда.

8Чабров И.Н. Из истории полиграфии и издательства литературы на местных языках в дореволюционном Туркестане (1868-1917) // Труды Ср. Аг. Гос. Ун-та. История. – Т.: Изд. САГУ, 1954. – С. 80.

9Абдулла Авлоний. Танланган асарлар. – Тошкент: Маънавият, 2006. – Б.21.

10Добросмыслов… С. 299.

11ЎзМА, И.1-фонд, 5-рўйхат, 105-иш, 6-варақ.

12ЎзМА, И.19-фонд, 1-рўйхат, 15466-иш, 12-варақ.

13Чабров Г.Н. Опыт разработки хронологии культурной жизни дореволюционного Туркестана / Материалы по истории Средней Азии. – Т.: Наука, 1966. – С. 50.

14Ўша жойда.

15Мухбир. – 1982. – № 11. – Б.46-47.

16 Исҳоқхон Тўра Ибрат. Танланган асарлар. – Т.: Маънавият, 2005. – Б.36.

17Абдулла Авлоний. Танланган асарлар. – Тошкент: Маънавият, 2006. – Б.20.

18 ЎзМА, И.1-фонд, 4-рўйхат, 1740-иш, 300-варақ.

19Чабров И.Н. Из истории полиграфии и издательства литературы на местных языках…. С. 82.

20 Погибающее производство // Окраина. – 1896. – №73.

21Андреев Гр. Сартовская литература // Туркестанский курьер. – 1908. – № 38, 40, 42.

22 Чабров И.Н. Из истории полиграфии и издательства литературы на местных языках… С. 89.

23На рубеже. – 1910. – №86.

24 Лыкошин Н.С. Полжизни в Туркестане. – Пг., 1916. – С.241.

25 Лыкошин Н.С. Полжизни в Туркестане. – Пг., 1916. – С. 241.

26 ЎзМА, И.1-фонд, 4-рўйхат, 1740-иш, 302-варақ.

27 Туркистон вилоятининг газети. – 1900. – №19.

28 Исҳоқхон Тўра Ибрат… Б. 39.

29 Андреев Гр. Сартовская литература…

30 ЎзМА, И.19-фонд, 1-рўйхат, 28921-иш, 21-22 варақлар

31 Чабров И.Н. Из истории полиграфии и издательства литературы на местных языках… С. 92.

32 ЎзМА, И.1-фонд, 31-рўйхат, 540-иш, 180-181 варақлар.

33 Лыкошин Н. Еще о книгах для туземцев // Туркестанские ведомости. – 1901. – № 13.

34 Чабров И.Н. Из истории полиграфии и издательства литературы на местных языках… С. 93.

35 Книжная торговля на базарах и мусульманская литература в медресе Ферганы // Туркестанские ведомости. – 1882. – № 48.